ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
    Nov »
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  

  • МХХнинг очиқ хат орқали провокацияси

    Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

    Нуфузли кишилар қонуни – саҳийлик қилиш ва жанжаллашмасликдир. [1]
    ЛАО-ЦЗИ (эрамизгача VI аср охири – V аср боши)


    МУНДАРИЖА

    Кириш сўзи.
    1. Сайт тарихи.
    2. Сайтдан 2011 йил 3-14 апрел мақолаларининг ўчирилиши.
    3. 2011 йил ноябрида сайтнинг гум қилиниши.
    4. Бошқа сайтларга киберҳужум.
    5.Сайтнинг 2012 йил 19 октябр куни гум қилиниши.
    6. Юсуф Расул хатоси.
    7. Фахриддин Худойқулов хатоси.
    8. Муҳаммад Солиҳ тахаллусига доир.
    9. Юсуф Расулнинг мардлиги.
    10. Мухолифат келишмовчилигининг хавфли томони.
    11. Сайтларни ҳимоя чоралари.
    12. Юсуф Расулга маслаҳатим.
    Фойдаланилган адабиётлар.

    КИРИШ СЎЗИ

    2012 йил 29 сентябр куни журналист Юсуф Расул мухаррирлигидаги www.yangidunyo.com сайтида Жўра Жовлиев тахаллусли кимсанинг “Салай Мадаминов – “Муҳаммад Солиҳ”га Очиқ хат” чоп этилди ([2]).

    Очиқ айтишим керак: ушбу Очиқ хатда Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов)га қарши тутуруқсиз гаплар, асоссиз айбловлар кўп.

    Мен ушбу мақоламда www.yangidunyo.com сайти тарихи, мухолиф сайтларнинг йўқотилишига доир фактлар, Очиқ хат орқали провокация уюштирганлар, сайт атрофидаги кейинги кўнгилсиз воқеалар ҳақида қисқача таҳлил ва айрим тавсиялар бермоқчиман. Сарлавҳадаги МХХ сўзини хоҳлаганлар Миллий хавфсизлик хизмати, хоҳлаганлар Махсус хизматлар хунасалари деб тушунишлари мумкин.

    1. САЙТ ТАРИХИ

    www.yangidunyo.com сайти тарихини Фахриддин Худойқулов ва Юсуф Расул мақолалари асосида бераман.

    Фахриддин Худойқулов фикри бундай.

    “Бу домен ўғирлангани йўқ, асл эгаси қайтиб олишга қарор берди ва қайтариб олди. Мен бу исмни 2007 йил февралида сотиб олганман ва Юсуфга сайт қуриб, боғлаб берганман. Доменни сотиб олиш учун ундан пул олганим йўқ, кейин эса фойдалангани ва веб-хостинг учун йилига жузъий 50 доллар атрофида пул тўлаб турган.

    Гапим қуруқ бўлмаслиги учун, Invoice расмини келтираман:

    ” [3]

    Юсуф Расул фикри эса бундай.

    “www.yangidunyo.com Канададаги журналист Фахриддин Худойқулов томонидан бизга сотиб олиб берилган эди. Домен учун пулни ҳар йили ўзим тўлаб турганман. Адашмасам охирги йилларда домен ва Фахриддин акага тегишли хостинг учун хизмат ҳаққини Канадада яшаб, ижод қилаётган таниқли журналист, ”Дунё Ўзбеклари” мустақил интернет газетаси муҳаррири Исмат Хушев тўлаб борган эдилар. (Исмат ака камтаринлик қилиб, бу ҳақда ўқувчиларга маълум қилишимга қаттиқ қаршилик қилганлар ўшанда).

    2007 йилда ташкил топган ”Янги Дунё” саҳифаси қарийб беш йилга яқин ўзбек мухолифати ва демократик жамоатчилик кўз ўнгида анча илғор саҳифага ўлароқ шаклланиб улгурди. Ўзбек мухолифати тарихидан ҳикоя қилувчи мақолалар, мухолифат ҳаракати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан уюштирилган суҳбатлар, АҚШда яшаб ўтган марҳум олим Хайрулла Исматуллаевнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган оригинал мақола, суҳбат ва илмий ишлари, хориждаги ижодкорларнинг шеър ва ҳикоялар тўпламлари ва бошқа кўплаб материаллар ”Янги Дунё”нинг Канададаги Фахриддин Худойқуловга тегишли хостинги архивидан жой олган эди” [4]


    2. САЙТДАН 2011 ЙИЛ 3-14 АПРЕЛ МАҚОЛАЛАРИНИНГ ЎЧИРИЛИШИ

    www.yangidunyo.com сайтида 2011 йил 3-14 апрел ўртасида (7-8 апрел бўлса керак) инглиз тилидан рус тилига таржима қилинган китобдан бир ёки икки параграфи чоп этилганди. Унда АҚШ махсус хизматларининг Лотин Америкасидаги фаолияти ва яширин ишлари ҳақида ёзилганди.

    Мен ўша пайтлар янги мобиль телефон олгандим ва ушбу параграфларни автобусда ўқигандим. Лекин флэшкамга кўчириб улгурмадим. Шу параграфлар чоп этилгандан 1-2 кун ўтгач 3-14 апрел мақолалари сайтдан йўқотилди.

    Ушбу 11 кунлик мақолалар сайтдан йўқ қилинишидан ким наф топди, деган саволга жавоб берсак, бу номаъқулчиликни амалга оширган махсус хизматлар аён бўлади. Менимча, бундай ўчириш операциясида Ўзбекистон ва АҚШ махсус хизматларнинг қизиқиши мос тушган.


    3. САЙТНИНГ 2011 ЙИЛ НОЯБРИДА ЙЎҚОТИЛИШИ

    www.yangidunyo.com сайтининг 2007-2012 йилдардаги фаолиятига доир Фахриддин Худойқулов ва Юсуф Расул фикр-мулоҳазаларини келтираман. Юсуф Расул фикри бундай.

    “Қариийб олти йилга яқин вақт давомида биз Фахриддин ака билан жуда яхши ҳамкорлик қилдик. Менга саҳифа билан боғлиқ муаммоларни ечишга доимо ёрдам бериб келдилар. Лекин, ҳамманинг ҳам кимгадир ёқмайдиган хунук томонлари бўлса керак, негадир ”Эрк” партияси ёки Муҳаммад Солиҳ жаноблари ҳақида сал танқидий фикрлар ёки изоҳлар камина томонидан эълон қилиб юборилса, саҳифа ўз – ўзидан ”ўчиб” қоладиган бўлди. Шундай ҳолларда дарров Фахриддин акани излаб қолардим. Орадан бир ёки икки кун ўтгач, сайтда қандайдир муаммолар борлиги айтилар ва ”Янги Дунё” яна ишлай бошларди. Айрим ҳолларда саҳифа ҳафталаб ишламай қолган пайтлар бўлган.

    Ўша пайтда ”Янги Дунё”нинг мухлислари жуда кўп эди. Ҳар куни беш мингдан етти минггача ўқувчилар саҳифа меҳмони бўлишарди. Сайтнинг дам ба дам ўчириб қўйилиши кўпчиликни биздан ихлосини қайтарди. Кўплаб дўстларимиз имкони борича тезроқ Фахриддин Худойқулов таъсиридан чиқиб кетиб, мустақил бўлишни маслаҳат беришарди. Чунки, Фахриддин ака баъзи давраларда ”Янги Дунё”ни калити ўз қўлида эканлигини, кўпинча атайин саҳифани ”ўчириб” қўяётганини айтган ва бу гап- сўзлар бизгача етиб келган эди. Шу боис, 2011 йилнинг бошларидан Швециядан алоҳида хостинг ва унга қўшиб www.yangidunyo.org доменини сотиб олдим. Фахриддин акадан www.yangidunyo.com доменини ҳам янги сотиб олинган хостингга ўтказиб беришларини илтимос қилдим. Ака бу илтимосимизни рад этмадилар, доменни кўчириб бердилар, лекин архивларни янги хостинг қабул қилмаганини маълум қилдилар.

    Биз ”Янги Дунё” архивини тўла ҳолда кўчириб олган эдик. Архив ҳозир ҳам каминада сақланади. Лекин барибир архивни янги хостингга боғланган ”Янги Дунё” саҳифасига кўчира олмадик. Шу боис, бўш вақтимизда архивдаги муҳим мақолаларни янги хостингга кўчирилган www.yangidunyo.com саҳифасига жойлаштира бошладик” [4]

    Фахриддин Худойқулов фикри эса бундай.

    “Сайтни қуриб бергандан кейин, ўнларча дафъа баъзан 2 соат, баъзан 10 соат, баъзан 2 кунлаб бу сайтни яхшилаш устида ўтирганман ва ҳеч нима таъма қилмаганман. Бизга ака деди, биз ҳам ука дедик, акалик қилдик, миллатимизга бераётган ёрдамимиз деб тушундик…

    Унинг “Фахриддин ака ўчириб қўярди” дегани нонкўрликдан бошқа нарса эмас. Виждонига ҳавола” [3]

    Мен www.yangidunyo.com сайтида 2008 йил 25 апрелда “Убийство журналиста Алишера Соипова: Кто заказчик? (Журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши: Буюртмачи ким?)” номли мақолам дастлабки таҳлилий мақолам чоп этилганди ([5]-га қаранг). 2011 йил ноябрига қадар 60 та мақолам чоп қилинди. Улардан кўпчилиги катта таҳлилий мақолалар эди.

    Лекин 2011 йил октябр охири- 2011 йил ноябр бошида www.yangidunyo.com сайти бирданига йўқ бўлди. Ким ва нима сабабдан йўқотганлиги ҳақида на Юсуф Расул, на Фахриддин Худойқулов ўз мақолаларида ёзмаган.

    Мен сайтнинг 2011 йилги гум қилиниши махсус хизматларнинг киберҳужуми натижаси, деб ҳисоблайман.

    4. БОШҚА САЙТЛАРГА КИБЕРҲУЖУМ

    Бу параграфда махсус хизматларнинг мухолифат сайтларига уюштираётган киберҳужумларига доир қўшимча фактлар келтирсам.

    4.1. 2011 йил декабрида таниқли шоир ва ёзувчи Холдор Вулқоннинг www.muvozanat.info сайтига киберҳужум уюштирилиб, сайт гум қилинди. Менинг ушбу сайтда 11 та мақолам бор эди. Сайтдаги юзлаб мақола ва шеърлар қаторида менинг 11 та мақоламни ҳам махсус хизматлар сайт билан бирга йўқ қилди.

    4.2. 2012 йил 28-29 феврал кунлари Галима Бухарбаева раҳбарлигидаги www.uznews.net сайтига махсус хизматлар бир неча давлат ҳудудидан киберҳужум уюштирганини эслатишим ўринлидир ([6]-га қаранг).


    5. САЙТНИНГ 2012 ЙИЛ 19 ОКТЯБР КУНИ ГУМ ҚИЛИНИШИ

    Юсуф Расул муҳаррирлигидаги www.yangidunyo.org сайтида олдинлари фақат рус тилидаги мақолалар чоп этилаётганди. Ушбу сайтда менинг ҳам 4 та рус тилидаги таҳлилий мақолам чоп этилганди.

    Фахриддин Худойқулов www.yangidunyo.com сайтини 2012 йил 4 октябрда гум қилгач, ўзбек тилидаги мақола ва шеърларни Юсуф Расул www.yangidunyo.org сайтида чоп эта бошлади.

    Лекин 2012 йил 18 дан 19 октябрга ўтар кечаси киберҳужум уюштирилиб, www.yangidunyo.org сайти яна бир карра гум қилинди. Менимча, буни махсус хизматлар уюштирди.

    Юсуф Расул бу ҳақда сайтда қуйидаги маълумотни чоп этди.

    “Куни кеча, 18 октябдан 19 октябрга ўтар кечаси “Янги Дунё”га ҳужум уюштирилди. Натижада икки ҳафтадан буён жойлаштирилган барча материаллар ўчиб кетди.

    Бу каби кибер ҳужумлар кимлар томонидан амалга оширилаётгани ҳозирча бизга маълум эмас.

    Тахминларимиз бор, холос.

    Таҳририят” [7]

    www.yangidunyo.org сайтидаги кўпгина мақола ва шеърлар қаторида менинг рус тилидаги 4 та таҳлилий мақоламни ҳам махсус хизматлар сайт билан бирга йўқ қилди. Юсуф Расул 2012 йил 19 октябрдан www.yangidunyo.org сайти фаолиятини яна нолдан давом эттирмоқда.

    6. ЮСУФ РАСУЛ ХАТОСИ

    Аввал Юсуф Расул ҳақида қисқача маълумот.

    “Юсуф Расул 1971 йилнинг 24-апрелида Тожикистоннинг Панжикент тумани, Сўжина қишлоғида туғилган.

    1993 йилда ТошДу журналистика факультетини тамомлаган.

    1997 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида ”Кўнгилдаги масофа” шеърлар тўплами нашр қилинган.

    Унинг шеърлари шунингдек рус, швед ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган.

    Бу даврда Ўзбекистондаги ”Хабар”, ”Ватанпарвар”, ”Эрудит” газеталарида ишлаган, Ўзбекистон давлат радиоси билан ҳамкорлик қилган.

    Бундан ташқари Юсуф Расул ўзбек халқ достончилик мактаби асосчиси – Пўлкан шоир сулоласининг адабий меъроси тарғиботи билан ҳам шуғулланади.

    Юсуф Расул ва рафиқаси, Пўлкан шоирнинг эвараси Саодат Пўлканова билан бирга Пўлкан шоирнинг веб саҳифаси ва фондини ташкил қилган.

    Айни пайтда Швецияда яшайди.

    Шу йил унинг шеърлари Британиянинг Оксфорд шаҳрида нашр этилган туркий халқлар адабиёти намуналари тўпламига киритилди.

    Юсуф Расул хориждаги ўзбеклар орасида анча танилиб қолган www.yangidunyo.com интернет нашри асосчиси ва муҳаррири ҳамдир.

    Икки ўғли бор: Ҳумоюн 18 ёшда ва Беҳруз 13 ёшда” [8]

    www.yangidunyo.com сайти муҳаррири Юсуф Расул электрон почтасига Жўра Жовлиев номли кимсадан 2012 йил сентябрида Очиқ хат келган. Ю.Расул уни ўз сайтида 2012 йил 29 сентябр куни чоп этди ([2]-га қаранг). Юсуф Расул хатосини бироз таҳлил этсам.

    Журналистика олтин қоидаларидан бири – қарши томон фикрини билишга ҳаракат қилишдир. Бирор шахсга қарши ёзилган хат, мақола, шеър ва ҳоказо материал электрон почтага келганида, уни чоп этишдан аввал шу шахсга, биз муҳокама қилаётган ҳолатда Жўра Жовлиев Очиқ хатини Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов)га жўнатиши керак эди.

    Юсуф Расулнинг шундай яхши одати бор. Масалан, 2009 йил сентябрда Тошкентда яшаётган “Озодлик” радиоси Тошкeнт бюросининг 2001-2005 йиллардаги собиқ раҳбари Раҳматжон Қўлдошeв “Шайтон одамга сажда қилмади…” номли мақола ёзиб, www.yangidunyo.com сайтига жўнатибди. Унда менга ва бошқаларга қарши кўпгина асоссиз, ҳатто туҳмат гаплар ёзилганди.

    Юсуф Расул ушбу мақолани чоп этишдан олдин қисқача хат билан менга жўнатди. Мен уни ўқиб кўриб: “Бу мақолада кўпгина туҳмат гаплар ёзибди. Сайтда чоп этайверинг. Унга жавоб мақоласини ёзаман” дедим.

    Р.Қўлдошeвнинг “Шайтон одамга сажда қилмади…” номли мақоласи сайтда 2009 йил 30 сентябр куни чоп этилди ([9]).

    Ўша пайтлар – 2009 йил октябрда www.yangidunyo.com сайти қандайдир сабаб, менимча киберҳужум натижасида, ишламай қолганди. Юсуф Расулнинг дастлабки сайти бўлмиш www.isyonkor.com сайти бор. Шу сабабли “Касал Р.Қўлдошев мақоласига жавоб” номли мақолам www.isyonkor.com сайтида 2009 йил 15 октябр куни чоп этилди ([10]).

    Юсуф Расул мана шу йўлни қўллаши, яъни ўша кимсанинг Очиқ хатини Муҳаммад Солиҳга жўнатиб фикрини сўраши керак эди.

    Мен шу масалада 2012 йил октябр бошида Вашингтондан Швецияга, Юсуф Расулга телефон қилиб бу маслада савол бердим. У: “Муҳаммад Солиҳга авваллари бир неча марта мурожаат қилгандим. Лекин у жавоб бермади. Шу сабабли бу сафар Очиқ хатни юбормадим” деди.

    Менимча, у барибир Очиқ хатни М.Солиҳга жўнатиб фикрини сўраши керак эди. М.Солиҳ ёзма жавоб берса, ўша кимсанинг Очиқ хати ва М.Солиҳнинг жавоби бир кунда чоп этилса яхши бўларди.

    Агар М.Солиҳ жавоб бермаса, унда чоп этиш-этмаслик масаласини Ю.Расул ўзи ҳал қилиши мумкин эди. Агар чоп этар бўлса, Очиқ хат боши ёки охирида хат М.Солиҳга жўнатилгани, лекин ундан ҳеч қандай жавоб келмагани ҳақида ёзса ўринли бўларди.


    7. ФАХРИДДИН ХУДОЙҚУЛОВ ХАТОСИ

    Аввал Фахриддин Худойқулов ҳақида қисқача маълумот.

    “Бугунги кунда Канадада истиқомат қиладиган Фахриддин Худойқулов 1962 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган.

    Тошкент Давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти бўлими, Тошкент Молия институтида таҳсил олган.

    Фахриддин Худойқулов ижодий фаолиятини 1983 йили ”Муштум” журналида адабий ходим сифатида бошлаган.

    Журналнинг Маданият бўлими бошлиғи сифатида 1990 йилгача ишлаган.

    Фахриддин Худойқулов 1987 йилда ўзининг ҳаммаслаклари – асосан Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба дўстлари билан бирга ”Эътиқод” деб номланган ташкилот тузади.

    Бу ташкилотни ”Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш ”Эътиқод” ташкилоти” деб аташган.

    1988 йилда Ташкилот номи Ташаббус Кенгашининг таклифи билан ”Бирлик” деб ўзгартирилади.
    Фахриддин Худойқулов 1990 йилда Марказий Осиёдаги илк мустақил ҳафталик – ”Муносабат” газетасига асос солган ва бутуниттифоқ газетаси сифатида 200 минг нусхада чоп этган.

    ”Муносабат” ҳафталигининг атиги уч сони дунё юзини кўрган.

    Рўзнома таҳририятининг Тошкент шаҳри ҳозирги Амир Темур хиёбони четидаги, машҳур Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига тегишли бинодаги мулки милиция томонидан мусодара қилиниб, ”Муносабат” фаолияти тўхтатилади.

    Кейинроқ Фахриддин Худойқулов munosabat.com интернет-нашрини ташкил этган.

    У 2005 йилдан буён Канадада яшайди.

    Фахриддин Худойқулов Канадада ”Туркистон” нотижорий-носиёсий Ўзбеклар юртдошлик уюшмасига асос солган.

    Ҳозир у ерда ”Туркистон” газетасини нашр этмоқда.

    Оилали, икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

    Шеърлар ёзади, таржима қилади” [11]

    Мен 2001 йилда Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати (БХҲ) тарихига бағишланган китоб ёзаётгандим. Фахриддин Худойқулов БХҲ асосчиларидан бири бўлганлиги сабабли у билан учрашиб суҳбатлашмоқчи бўлдим. Лекин у билан учрашиш иложи бўлмади. Унинг сабаби ҳақида [12]-китоб «Изоҳлар» қисмининг 5-бандида бундай ёзгандим (ушбу китоб 2-нашрини 2007 йилда ёзиб www.turonzamin.org сайтида чоп эттиргандим).

    «5. Мен 2001 йил октябрь ўрталарида журналист Фахриддин Худойқулов уйига телефон қилдим ва учрашмоқчи эканлигимни бидирдим. У ҳозирча иш билан жуда бандлигини айтиб, кейинроқ телефонлашишни илтимос қилди. У ишхона телефон рақамини ҳам айтди.

    Лекин мени Ўзбекистон кучишлатар органлари 2001 йил 30 октябридан 4 декабргача қамоқда тутганлиги сабабли (бу ҳақда ушбу китобнинг 1-иловасида ёзилган), Ф.Худойқулов уйига 2002 йил январида телефон қилдим. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Унинг ишхонасида эса ишдан бўшаб кетганлигини айтишди (у бизнес соҳасида ишларди) …

    Мен 2004 йил 28 апрель куни Тошкент шаҳар Манзил маълумотлари бериш хизматига бордим (ушбу ташкилот Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармаси 2006 йилгача фаолият олиб борган идора ҳовлисида жойлашган). У ерда Ф.Худойқуловнинг уй манзилини аниқлаштирдим (Тошкент шаҳар, Чилонзон-31 мавзеси, 12-уй, 50-хонадон).

    Ушбу манзилга борганимда уй ёпиқ эди ва хонадонга кўп вақтдан бери одам кириб-чиқмаганлиги эшик олдидаги чанг қатламидан кўриниб турарди. Мен қўшни хонадон эшик қўнғироғини босдим. Қўшни хонадондан чиққан ёш йигитдан Ф.Худойқулов ҳақида сўрадим. У Ф.Худойқулов оила аъзолари билан 2001 йилда Россияга кўчиб кетганлиги, ҳозир Россияда яшаётганлиги ва ҳар замонда телефон қилаётганлигини айтди.

    Бу айтилган гапдан кейин қуйидаги фикрга келдим: 2001 йил октябрида мен Ф.Худойқуловга «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида китоб ёзаётганлигим, шунга доир унга саволларим борлиги ва у билан учрашмоқчи эканлигимни телефонда айтгач, унга қарши баъзи бир тазйиқлар бошланган ва у Россияга кўчиб кетишга мажбур бўлган …

    Охирги маълумотларга кўра, у оиласи билан ҳозир Канадада яшамоқда (2007 йил, А.Ш.)» [12]

    Би-би-си журналисти [11]- мақолада таъкидлаганидек, Фахриддин Худойқулов www.munosabat.com интернет-нашри (сайти)ни ташкил этганди (менимча, 2011 йилда). Лекин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Фахриддиннинг жон жойидан ушладими, бу сайт ўз фаолиятини бошлар-бошламас тўхтатди ва шу кун – 2012 йил 21 октябрга қадар ишламаётир.

    Мен 1-параграфда таъкидлаганимдек, Фахриддин Худойқулов ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 2012 йил 4 октябр куни www.yangidunyo.com сайтини интернетдан олиб қўйди, яъни гум қилди.

    Фахриддин Худойқуловнинг хатоларини санаб ўтсам.

    1. Ф.Худойқулов журналист сифатида сайтни тўсатдан гум қилмай туриб, ўз фикрини Очиқ хат кўринишида ёзиши ва Жўра Жовлиевнинг [2]-мақоласи сайтдан олиб ташланишини талаб қилиши ўринли эди.

    2. Ф.Худойқулов сайтни гум қилиш орқали касбдоши Юсуф Расулнинг беш йиллик меҳнатига чанг солди ва йўқ қилди.

    3. Ф.Худойқулов ушбу сайтда мақолалар чоп этган муаллифлар бўлмиш миллатдошлари, ватандошларига нисбатан катта ҳурматсизлик қилди. Ахир миллатдошларимиз ҳар бир мақола, шеърни катта меҳнат билан ёзган, ўзи ва оила аъзоларини хавф остига қўйиб ушбу танқидий материалларни сайтда чоп эттирганди. 2012 йил 4 октябрда гум қилинган сайтда юзлаб мақола ва шеърлар бор эди. Улар орасида менинг ҳам 11 та катта таҳлилий мақолам бор эди.

    4. Ф.Худойқулов сайтни гум қилиш орқали унинг бугунги ва эртанги ўқувчиларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик ва фаросатсизлик қилди.

    3-параграфда ёзганимдек, 2011 йил ноябр бошида ҳам www.yangidunyo.com сайти гум қилинганди. Имкониятдан фойдаланиб Ф.Худойқуловга савол бермоқчиман: ўшанда сайт гум қилинишида сиз – Ф.Худойқуловнинг бирор алоқангиз, иштирокингиз борми? Ўшанда сайтда мингдан ортиқ мақола, ва шеър, жумладан менинг 60 (!) та мақолам гум қилинди.

    5. Ф.Худойқулов сайтни гум қилиш билан бирга “ўлганнинг устига тепган” қилиб, www.yangidunyo.com сайтини терганда www.uzxalqharakati.com сайтига кирадиган қилиб қўйгани ҳам хатодир. Буни ўзбек демократларининг ўзаро муносабатини бузиш ва бир-бирига душман қилишга ҳаракат, деб баҳолаш мумкин. Бугунги кунда – 2012 йил 21 октябрда www.yangidunyo.com сайти ўз манзилида очилмоқда ва унда бир нечта мақола, асосан Ф.Худойқулов муаллифлигидаги мақолалар чоп этилган.

    8. МУҲАММАД СОЛИҲ ТАХАЛЛУСИГА ДОИР

    Таниқли шоир ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг совет паспортида Салой Мадаминов деб ёзилган ([13]-га қаранг). Унга Муҳаммад Солиҳ исми туғилганида берилган, деган маълумот ҳам кейинги йилларда чоп этилди ([14]-га қаранг).

    Менимча, унинг совет паспортида ҳам, Тошкент университетини битиргани ҳақидаги дипломида ҳам ва бошқа кўпгина ҳужжатларида ҳам Салой Мадаминов деб ёзилган.

    Унинг таржимаи ҳоли катта ҳажмдадир. У ҳақда сайтларда кўпгина мақолалар чоп этилган. Мен унинг таржимаи ҳолига доир батафсил маълумотларни [15]-катта таҳлилий мақоламда келтирганман.

    Маълумки, Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) Ўзбекистонда 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган Президентлик сайловларида икки номзоддан бири эди. Ўшанда «Халқ сўзи» газетасининг 1991 йил 26 ноябрь сонида қуйидаги маълумотлар чоп этилганди.

    «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг қарори
    Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)ни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисида
    «Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
    1. Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг қарори билан кўрсатилган ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинсин.
    2. Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод гувоҳномаси берилсин.

    Марказий сайлов комиссиясининг раиси Қ. АҲМЕДОВ.
    Марказий сайлов комиссиясининг котиби М. МАМАТАЗИЗОВ.
    Тошкент шаҳри, 25 ноябрь 1991 й.» [16]

    «Муҳаммад СОЛИҲ (Салой Мадаминов)нинг таржимаи ҳоли

    Муҳаммад Солиҳ 1949 йил 20 декабрда Хоразм вилояти Янгибозор райони, Янгибозор қишлоғида туғилган.
    Ўрта мактабни битириб, 1968 йилдан 1970 йилгача Совет Армияси сафида хизмат қилди.
    1970-75 йиллари Тошкент дорилфунунининг журналистика факультетида таҳсил олди.
    1977-1979 йилларда Москвада олий адабий курсларда таҳсил олди.
    1988 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби бўлиб ишлади. Муҳаммад Солиҳ 1966 йилдан буён шеърий ижод билан шуғулланади. Шу кунгача (1991 йил декабригача, Ш.Ю.А.) унинг 12 шеърий ва насрий китоблари чоп этилди. Унинг асарлари араб, турк, инглиз, француз, испан ва дунёнинг бошқа тилларига таржима қилинган.
    1986 йилдан бошлаб ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнаша бошлади. Унинг миллий масалалар, тил, маданият, демография, экология ва бошқа долзарб мавзуларда ёзган мақолалари жумҳуриятда каби Иттифоқ нашрларида ҳам чоп этилди ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди.
    М.Солиҳ «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан биридир.
    1990 йилнинг апрель ойидан бошлаб у «Эрк» демократик партиясининг раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
    М.Солиҳ – Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.
    Уйланган, беш боланинг отаси.» [17]

    “Муҳаммад Солиҳ” тахаллусини муҳокама қилишдан олдин ҳақиқий тарихий шахс бўлмиш Муҳаммад Солиҳ ҳақида маълумотни келтириб ўтсам.

    “Муҳаммад Солиҳ (1455-1534) Ўзбек эпик шеърияти тараққиётида из қолдирган истеъдодли шоир, Шайбоний саройида “амирул-умаро”, “маликуш-шуаро” унвонларини олган.

    Муҳаммад Солиҳ 1455 йил Хоразм ҳокими Нурсаидбек оиласида туғилди. Илк таълимдан кейин Жомийдан таҳсил олади. Шайбонийлар саройига хизматга ўтади. Бухоро, кейинчалик Чоржўй ҳокими этиб тайинланади. 1534 йилда Бухорода вафот этади.

    Девон тузган, нусхалари сақланмаган. Шеърлари тазкира ва баёзларда учрайди. Бизгача “Шайбонийнома” достони (1506-1507) етиб келган, Қосим Али хаттот томонидан (1510) кўчирилдан қўлёзма Венада сақланади. Асар 76 боб, 8902 мисрадан ташкил топган.

    Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги маълумотлар Алишер Навоийнинг “Мажолисун-нафоис” асарида, Бобурнинг “Бобурнома”сида, Возифийнинг “Бадоэъул-вақоэ”, Хондамирнинг “Ҳабибус-сийар”ида, “Тарихи Рашидий”, “Музаккири аҳбоб” каби асарларда учрайди.

    XIX асрда ғарб шарқшунослари А.Вамбери (1885), Р.Мелиоранский (1904) томонидан нашр қилинган. Ўзбек адабиётшунослигида О.Шарафиддинов, А.Иброҳимов, Н.Маллаев, Насрулло Даврон, А.Акромовлар шоир ҳаёти, ижоди, асарлари тадқиқига бағишлаб асарлар яратишди.

    Нашр қилинган асарлари

    Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома. – Т.: 1961.
    Муҳаммад Солиҳ. Шайбонийнома (нашрга тайёрл. Э.Шодиев). – Т.: 1989.


    Илмий адабиёт

    Фитрат. Муҳаммад Солиҳ. Китобда: Фитрат. Танланган асарлар. Т.2. – Т.: Маънавият, 2000.
    А.Акромов. Муҳаммад Солиҳ. – Т.: 1965” [18]

    Салой Мадаминовнинг Муҳаммад Солиҳ тахаллусига доир турли танқидий фикрлар кўп йиллардан бери ёзилмоқда. Аввал айрим танқидий фикрлар ҳақида қисқача маълумот.

    1. Мен ҳам Салой Мадаминовни аввал Муҳаммад Солиҳ сифатида таниганман. Унинг асл исми шарифи ҳақида “Правда Востока” газетасида 1988 йил 15 февралда кимсалар Юрий Кружилин ҳамда … Хисомов чоп этган асоссиз “Двойной стандарт честного Мухаммада” (“Ростгўй Муҳаммаднинг икки томони (стандарти)”) мақоласида ўқиб билгандим ([19]). Ўша мақолада ҳам Муҳаммад Солиҳ тахаллусига нисбатан танқид бор эди. Бу улар мақоласининг сарлавҳасидан кўриниб турибди.

    2. Андижонда яшаётган Саиджаҳон Зайнобиддинов (Саиджаҳон Равоний) бир неча мақолаларида Муҳаммад Солиҳ – бу XV-XVI асрларда яшаган шоир, тарихчи, давлат арбоби эканлиги, ва Салай Мадаминов бу тахаллусни олгани нотўғри бўлгани ҳақида ёзганди. Ушбу фикрлар ёзилган мақолалар www.yangidunyo.com сайтида чоп этилганди. Улар сайт билан бирга 2012 йил 4 октябр куни гум қилинди. Шу сабабли ушбу мақолалардан иқтибос келтириш имкониятим йўқ.

    3. Юсуф Расул ҳам айрим мақоласида Салой Мадаминовнинг Муҳаммад Солиҳ тахаллусига доир ўз фикрини билдирганди. Унинг мақолаларини ҳам Фахриддин Худойқулов сайт билан бирга гум қилганлиги сабабли иқтибос келтира олмайман.

    Энди ўз фикримни айтсам.

    Умуман олганда, тарихий шахсларнинг исми шарифи ва тахаллусини олиш яхши эмас. Асл Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ва Туркистон тарихида қолган таниқли шоир ва тарихчидир.

    Бу фикримни сал бошқача тушунтирай. Эртами кечми Ўзбекистонда шафқатсиз қонли режим барҳам топиб, жамиятимиз демократик тузум томонга ҳаракат қила бошлайди. Демократик сайловларда халқ ёки парламент томонидан Салай Мадаминов бирорта давлат раҳбарлик органларига сайланади, Аллоҳ хоҳласа. Ўшанда уни бутун Ўзбекистон янада яхши таниб, кўпгина ёшлар ундан ўрнак ола бошлаши мумкин. Ўрнакни тахаллус олиш бобида ҳам қилишлари мумкин.

    Шу ҳолда ёш ўртамиёна шоирлар ўзларига Навоий, Гулханий, Лутфий, Муқимий ва ҳоказо тарихимизда яшаб ўтган таниқли шахсларнинг исми ёки тахаллусини ўзларига тахаллус қилиб олишлари мумкин.

    Лекин бугунги кунда Салай Мадаминов ўзининг Муҳаммад Солиҳ тахаллусидан воз кечиш пайти эмас. Ўзбекистондаги миллионлаб ватандошларимиз ва хориждаги сиёсатчилар ҳамда турли касб эгалари уни Муҳаммад Солиҳ сифатида танишади. У ўзбек мухолифати лидеридир.

    Ҳозир Муҳаммад Солиҳ тахаллусидан воз кечиши дарё кечувида отни алмаштириш билан баробар, деб ҳисоблайман.

    Ушбу муаммонинг икки ечими бор.

    1-вариант. Дунё давлатлари қонунларида айрим ҳолларда инсон ўз исмини, ҳатто фамилиясини ўзгартиришга имконият беради. Шундан келиб чиқиб, Салой исмини Муҳаммад Солиҳ исмига расман ўзгартириши ўринлидир. Шу ҳолда у барча асарларида тахаллус эмас, ўз исми билан имзолаган, деб тушунилади.

    2-вариант. Ўзбекистонда демократияга ўтиш бошланиб, давлат раҳбари даражасида ишлай бошлагач, унинг танланган асарлари чоп этилади. Шунда у танланган асарларига бошқа тахаллус билан имзо чекиб, унинг кириш сўзида Муҳаммад Солиҳ тахаллусини олиш тарихи ва энди янги тахаллусда ёза бошлагани ҳақида ёзса яхши бўларди.

    Унутмайлик, Алишер Навоийнинг ҳам бир нечта тахаллуси бўлган.

    Айрим сафдошларимизга илтимосим: Муҳаммад Солиҳ тахаллусига доир баҳсларни тўхтатиб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Миллий хавфсизлик хизмати бошқараётган қонли режимга қарши тинч йўллар билан кураш учун, мухолифат сафларини жипслаштириш учун ҳаракат қилайлик.

    Мабодо унга Муҳаммад Солиҳ исми туғилганида қўйилган бўлса, у қандайдир ҳужжатлар билан исботласа яхши бўларди.

    Давримиз Муҳаммад Солиҳи 1949 йил 20 декабрда туғилган. Яъни икки ойдан кейин у 63 га – Пайғамбар ёшига тўлади. Имкониятдан фойдаланиб, сал аввалроқ бўлсада, Муҳаммад Солиҳни Пайғамбар ёши билан қутлайман.


    9. ЮСУФ РАСУЛНИНГ МАРДЛИГИ

    Юсуф Расул ўз хатосини тушуниб, кечирим сўраш қудратига эга бўлган мард ўзбек зиёлисидир. У [20]-мақолада бундай ёзган.

    “Мен Фахриддин акани жуда ҳурмат қилиб келганман ва бундан кейин ҳам бу каби эҳтиромим сира пасаймайди, қайтанга яна кучаяди. Чунки, ”Бирлик” ҳалқ ҳаракати айнан шу инсон номи билан боғлиқ. Бу тарихий фактлардан ҳеч ким кўз юма олмайди. Балки, Исмат Хушев ёзганидек мени баъзи ҳатти- ҳаракатларим уларга ёқмаётгандир. Шу боис тўғри йўлга даъват қилиб, ўз биродарлик бурчларини бажаришаётгандир улар!?. Лекин нима бўлса ҳам мени қалбим, руҳиятим шу даврани қабул қилади. Бошқалари ўлик давралардир.

    Агар Солиҳ жаноблари мендан озгина ранжиган бўлсалар, ўзим билиб- билмай қандайдир хато ва камчиликларга йўл қўйган бўлсам, бу буюк инсондан кечирим сўрайман. Зеро, Тангри, меҳрибон ва раҳмлидир, кечиримли инсонларни севади.

    Солиҳ жаноблари олдинлари ҳам мени кўп марта кечирганлар, бундан кейин ҳам кечирадилар деган умиддаман” [20]

    Юсуф Расул мардлигини тан олганлардан бири фан доктори, ҳурматли Аҳмад ҳожи Хоразмий ҳам бор. У [20]-мақола постингида 2012 йил 9 октябр куни бундай ёзган.

    “Ҳа, сиз Солиҳ акани ҳақорат қилмагансиз. Лекин Жовлиев деган бир бенасаф тутуруқсиз нарса ёзибди. Ҳар қандай демократия ва фикр эркинлиги бўлсада бундай материални қўймаганингиз маъқул эди. Шундай ҳам Солиҳ акага отилаётган маломат тошлари оз эмас.

    Солиҳ акадан кечирим сўраб мардлик қилибсиз, шундай мардлигингиз учун ҳам ҳурмат қиламан сизни” [20]

    Юсуф Расул муҳаррирлигидаги www.yangidunyo.org сайтида олдинлари фақат рус тилидаги мақолалар чоп этилаётганди. Ушбу сайтда менинг ҳам 4 та рус тилидаги таҳлилий мақолам чоп этилганди.

    Фахриддин Худойқулов www.yangidunyo.com сайтини 2012 йил 4 октябрда гум қилгач, ўзбек тилидаги мақола ва шеърларни Юсуф Расул www.yangidunyo.org сайтида чоп этаётганди.

    Лекин 2012 йил 18 дан 19 октябрга ўтар кечаси киберҳужум уюштирилиб, www.yangidunyo.org сайти яна бир карра гум қилинди. Менимча, буни махсус хизматлар уюштирди. Юсуф Расул бу ҳақда маълумот чоп этиб, сайт фаолиятини яна нолдан давом эттираётгани ҳақида 5-параграфда ёзгандим. Ушбу сайтда у Жўра Жовлиев Очиқ хатини 2012 йил 19 октябр куни қайтадан чоп этди …

    10. МУХОЛИФАТ КЕЛИШМОВЧИЛИГИНИНГ ХАВФЛИ ТОМОНИ

    10.1. Кимса Жўра Жовлиевнинг асоссиз, провокацион Очиқ хати www.yangidunyo.com сайтида чоп этилиши ва Фахриддин Худойқулов шошма-шошарлик билан сайтни гум қилиши Ўзбекистонда демократияга ўтишдек муҳим мақсадимиз ва фаолиятимизга зарардир.

    10.2. Бу кўнгилсиз воқеа ва унинг давом этаётганлиги мухолифат обрўйини тушуради. Оддий конфликт, провокацияни тушунмай, бир-бирлари билан бундай қўпол услубдаги даҳанаки жанг Ўзбекистон ичкарисида ҳам, ташқарисидаги халқаро ташкилотларда ҳам ўзбек мухолифати обрўйини туширмоқда, уларга нисбатан ишончни камайтирмоқда.

    10.3. Жўра Жовлиевнинг асоссиз, тутуруқсиз танқидий Очиқ хати атрофида мулоҳазали, демократия тамойилларидан келиб чиқиб, келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал қилолмаган Фахриддин Худойқулов каби демократлар, эртага давлат тепасига келганда рақиб томони газета, журнал, радио ва телевидение орқали қилган танқидий чиқишига чидай олармикан, кучишлатар органларни қонуний-ноқонуний ишга солиб, муаллифини бир ёқлик қилиш йўлидан бормасмикан, деган саволлар туғилади.

    10.4. Маълум бир вақт ўтгач, Ўзбекистон МХХси бошқа махсус хизматлар билан ҳамкорликда Юсуф Расулга ҳам, Фахриддин Худойқуловга ҳам қарши ҳужум уюштириши, ҳатто суиқасд қилиши мумкин ва уни “Юсуф Расул билан жанжаллашганлар қилди” деган версияни тарқата бошлайди. Шундай версияни ҳозирдан тайёрлай бошлашди. Бунга мисол қилиб [21]-мақолани эслатишим мумкин. Тергов шу версияни таҳлил этиш билан банд бўлиб, боши берк кўчага киради.


    11. САЙТЛАРНИ ҲИМОЯ КИЛИШ ЧОРАЛАРИ

    Кўпгина давлатлар, жумладан Ўзбекистон махсус хизматлари 21-аср талаблари даражасида фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон кучишлатар органлари 1990-йиллар ўртадаридаёқ компютер билимдонлари ўртасида бир неча марта конкурс ўтказиб, энг кучли компютер мутахассисларини аниқлаштириб, МХХ, ИИВ ва бошқа кучишлатар органларга жалб қилди.

    11.1. Биз – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар, демократлар ва мухолифат фаоллари компютер, Интернет соҳасида ҳам 21-аср талаблари даражасида ишлашга ўтмоғимиз керак.

    11.2. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, сайтларни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш муаммосида ёрдам сўрамоқ ўринлидир.

    11.3. Сайтда чоп этилган барча материаллар – китоблар, мақолалар, шеърлар, фотосуратлар ва ҳоказолар дублини диск, катта ҳажмли маълумот банкида сақлашни ташкил этиш ўринлидир. Бундай қурилмаларни харид қилиш ва унинг ҳимоясини йўлга қўйишда халқаро ташкилотлардан илтимос қилиш лозим.

    11.4. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар ўз идорасида фақат ўз сайтини ҳимоя қилиш билан шуғулланмай, бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган турли даражадаги ташкилотлар ҳамда жамиятлар, шунингдек демократик мухолифат намоёндалари ташкил этган сайтларни киберҳужум ва бошқа провокациялардан ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган бўлимларни тузишлари мақсадга мувофиқдир.

    12. ЮСУФ РАСУЛГА МАСЛАХАТИМ

    12.1. Авваламбор бу кўнгилсиз воқеа ва провокациялардан кўнгил туширманг. Кўнгилсиз воқеалар иродани мустаҳкамлайди.

    12.2. Инсонларга баҳо бериб, ўз ишончингизни билдираётганда, унинг кўп йиллар олдин қилган хизматларигагина таяниб, ёки унча-бунча берган молиявий ёрдамига қараб хулоса чиқарманг. Унинг охирги бир неча йилда қилган ва қилаётган фаолиятига қараб баҳо беринг ҳамда муомала олиб боринг. Мендаги айрим маълумотларга кўра, кўп йил олдин мухолифат сафларида раҳбарлик даражасида ишлаганлардан айримлари бугунги кунда Ўзбекистон МХХсининг баъзи муҳим кўрсатмаларини сўзсиз бажармоқда.

    12.3. “Янги Дунё” (YangiDunyo) сўзини Ф.Худойқулов таклиф этганлиги ва бугунги кунда у сайтни www.yangidunyo.com сифатида давом эттираётганлигини ҳисобга олиб, бошқа қизиқарли ном остида янги сайт очсангиз яхши бўлади.

    12.4. Юсуф Расул www.yangidunyo.com сайтини 2007 йилда ташкил этганида бу сайтни хорижда яшаётган ўзбек зиёлиларининг сайти сифатида номлаганди. Бугунги кунда www.yangidunyo.org сайтини “Журналист Юсуф Расулнинг мустақил интернет журнали” деб номлаган. У бошқа номда янги сайт ташкил этганида олдинги мақсадига, яъни хорижда яшаётган ўзбек зиёлиларининг сайти сифатида ташкил этса ва шу йўналишда фаолиятини давом эттирса яхши бўларди.

    12.5. Янги сайтни Буюк Британия доменида очишни маслаҳат бераман. Чунки АҚШ ва кўпгина давлат махсус хизматлари Ўзбекистон МХХси билан яқин алоқаларда кўп йиллардан бери фаолият олиб бормоқда. Улар ўзаро ахборот алмаштириш, аниқроғи олди-сотди ишларини амалга оширмоқда.

    12.6. Бу борада Германияда фаолият олиб бораётган мард журналист ватандошимиз Галима Бухарбаевадан маслаҳат сўрасангиз бўлади. Унинг www.uznews.net сайтига Ўзбекистон МХХси буюртмаси асосида бир неча марта киберҳужум уюштирилди. Лекин у сайтни сақлаб қола билди ва бугунги кунда фаолиятни давом эттирмоқда. Ўзбек халқининг доно мақолларидан бирини эслайлик: «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим».

    ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

    1. Древнекитайские афоризмы (Қадимги Хитой афоризмлари). – http://www.massage.ru/forum/viewtopic.php?t=757 (www.massage.ru 27.07.2009).
    Лао-Цзи (эрамизгача VI аср охири – V аср боши) – қадимги Хитой фалсафачиси, Даосизм асосчиси.

    2. ЖОВЛИЕВ Ж. Салай Мадаминов – “Муҳаммад Солиҳ”га Очиқ хат. –
    www.yangidunyo.com , 2012.29.09;
    http://birdamlik.info/?p=24761#more-24761 (www.birdamlik.info 2012.09.10);
    http://yangidunyo.org/2012/10/19/%d1%81%d0%b0%d0%bb%d0%b0%d0%b9-%d0%bc%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%bc%d0%b8%d0%bd%d0%be%d0%b2-%d0%bc%d0%b0%d2%b3%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4-%d1%81%d0%be%d0%bb%d0%b8%d2%b3%d0%b3/ (www.yangidunyo.org , 2012.29.09).

    3. ХУДОЙҚУЛОВ Ф. Yangidunyo.com: Yangidunyo.com хусусида. – http://www.uzxalqharakati.com/archives/13766 (www.uzxalqharakati.com 2012.09.10).

    4. ЮСУФ РАСУЛ. “Янги Дунё”ни ким ўғирлаган бўлса қайтарсин! – http://yangidunyo.org/?p=892#more-892 (www.yangidunyo.org 2012.06.10);
    http://uz.hrsu.org/archives/4349 (www.uz.hrsu.org 2012.06.10);
    http://birdamlik.info/?p=24741 (www.birdamlik.info 2012.08.10).

    5. АХМАДЖОНОВ Ш. Убийство журналиста Алишера Соипова: Кто заказчик? (Журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши: Буюртмачи ким?) –
    http://yangidunyo.com/?p=1391 (www.yangidunyo.com 25.04.2008);
    http://yangidunyo.org/?p=638 (www.yangidunyo.com 09.06.2012).

    6. Uznews.net под DDoS-атакой (Uznews.net DDoS-ҳужуми остида). – http://www.uznews.net/news_single.php?lng=ru&sub=&cid=3&nid=19235 (www.uznews.net 02.03.2012).

    7. “Янги Дунё” яна ҳужумга учради. – http://yangidunyo.org/2012/10/19/%d1%8f%d0%bd%d0%b3%d0%b8-%d0%b4%d1%83%d0%bd%d1%91-%d1%8f%d0%bd%d0%b0-%d2%b3%d1%83%d0%b6%d1%83%d0%bc%d0%b3%d0%b0-%d1%83%d1%87%d1%80%d0%b0%d0%b4%d0%b8/#comments (www.yangidunyo.org 2012.19.10).

    8. Юсуф Расул: мухолифатнинг борлиги… фақат рамзий маънода яхши. – http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/08/120813_talkingpoint_yusuf_rasul.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 2012.16.08).

    9. ҚЎЛДОШEВ Р. Шайтон одамга сажда қилмади … – http://yangidunyo.com/wp-content/uploads/2009/09/ozodlikhaqida.pdf ( www.yangidunyo.com 2009.30.09).

    10. АҲМАДЖОНОВ Ш. Касал Р.Қўлдошев мақоласига жавоб. – http://isyonkor.ucoz.ru/SHAxmadjonovjavobi.pdf (www.isyonkor.ucoz.ru 2009.15.10).

    11. Би-би-си меҳмони – ’Бирлик’ ҳаракати асосчиларидан Фахриддин Худойқулов. – http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2010/10/101011_cy_talking_point_faxriddin_xudoyqul.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 16 октябр 2010 – 20:46 GMT).

    12. АҲМАДЖОНОВ Ш. «Бирлик»чилар, аскарлар тобутлари ва Орол денгизи муаммолари. – http://www.turonzamin.org/ddkitob/birlik.html (Китоб www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2007 йил сентябрида чоп этилганди. Бугунги кунда – 2012 йил 21 октябрида бу китоб сайтдан олиб ташланган.)

    13. САЛИХ Мухаммад. – http://www.centrasia.ru/person.php

    14. Мухаммад Салих. – http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9C%D1%83%D1%85%D0%B0%D0%BC%D0%BC%D0%B0%D0%B4_%D0%A1%D0%B0%D0%BB%D0%B8%D1%85 (www.ru.wikipedia.org/wiki/
    Материал из Википедии — свободной энциклопедии).

    15. АХМАДЖОНОВ Ш. Главная ошибка лидеров узбекской оппозиции (Ўзбек мухолифати лидерларининг асосий хатоси). –
    http://pravozashitnik.at.ua/news/2011-05-22-1950 (www.pravozashitnik.at.ua 22.05.2011, страница на русском языке);
    http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=1999:2011-05-22-19-20-03&catid=31:general&Itemid=18 ( www.muvozanat.info 22.05.2011);
    http://turonzamin.org/2011/05/24/oshibka/#more-15078 (www.turonzamin.org 24.05.2011);
    http://yangidunyo.com/?p=19378 (www.yangidunyo.com 25.05.2011).

    16. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг қарори. – “Халқ сўзи”, 1991 йил 26 ноябр.

    17. Муҳаммад СОЛИҲ (Салой Мадаминов)нинг таржимаи ҳоли. – “Халқ сўзи”, 1991 йил 26 ноябр.

    18. Muhammad Solih (shoir). – http://uz.wikipedia.org/wiki/Muhammad_Solih_(shoir) (www.uz.wikipedia.org/wiki/ “Vikipediya, ochiq ensiklopediya” sayti).

    19. МУҲАММАД СОЛИҲ. Йўлнома. – http://qulnoma.files.wordpress.com/2010/03/muhammad-solih-yolnoma2.pdf (www.qulnoma.files.wordpress.com 2010 yil mart, “1988 йил” параграфига қаранг).

    20. ЮСУФ РАСУЛ. Сайтимни ўғирлаганинглар учун мени кечиринглар! – http://yangidunyo.org/?p=958#more-958 (www.yangidunyo.org 2012.09.10).

    21. ҲУСАИНОВ С. Эҳтиёт бўлинг, сизга суиқасд қилишлари мумкин! – http://yangidunyo.org/2012/10/19/%d1%8d%d2%b3%d1%82%d0%b8%d1%91%d1%82-%d0%b1%d1%9e%d0%bb%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d1%81%d0%b8%d0%b7%d0%b3%d0%b0-%d1%81%d1%83%d0%b8%d2%9b%d0%b0%d1%81%d0%b4-%d2%9b%d0%b8%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%bb%d0%b0%d1%80/ (www.yangidunyo.org 2012.19.10).

    E-mail: jiz54@mail.ru , ergash1955@yahoo.com ,

    2012 йил 22 октябр.

    АҚШ, Вашингтон шаҳри.

    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 22, 2012 · Filed under: Шуҳрат Аҳмаджонов;
    2 Comments

2 Responses to “МХХнинг очиқ хат орқали провокацияси”

  1. Шавкат said on

    ”Ҳозир у ерда ”Туркистон” газетасини нашр этмоқда”.

    Бу газетани фақат битта сони 2 йил олдин чиққан холос.

    ”Муносабат.сом” аллақачон ёпилиб кетган.

    Шуҳрат АҲМАДЖОН бунака ёлгонларни таркатманг!

  2. Шуҳратжон Аҳмаджонов said on

    Ҳурматли Шавкатжон!

    Авваломбор мақоламдаги камчиликни кўрсатганингиз учун раҳмат.

    Мен бу маълумотни http://www.bbc.co.uk/uzbek/ сайтидан олганман. Бу фикрингизни шу сайт журналистларига ҳам ёзиб юборсангиз тўғрироқ бўларди. Мақола манзили:

    Би-би-си меҳмони – ‘Бирлик’ ҳаракати асосчиларидан Фахриддин Худойқулов. – http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2010/10/101011_cy_talking_point_faxriddin_xudoyqul.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 16 октябр 2010 – 20:46 GMT).

    Ҳурмат билан Шуҳратжон Аҳмаджонов.

    2013 йил 1 феврал.

    АҚШ, Вашингтон шаҳри.