ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Алишер Соипов: «20 минутдан кейин кўришамиз»

    Uznews.net – «20 минутдан кейин кўришамиз», – деди Алишер дўстларига ишонч билан, 2007 йилнинг 24 октябрида офисни тарк этар экан. Атрофдаги муҳит шодон эди – улар аллақайси таниқли ўзбек гангстерининг таваллуд тантанасига бағишланган DVDни кўриб, унинг бойлиги кўпу диди пастлигидан кулиб, бир бирига ҳазил қилишди.

    Шоҳида Ёқуб – мустақил журналист

    Алишер Соиповнинг Ўшдаги офиси бешта компютер ва бир қанча эски телефонлар билан ижарага олинган бир хонали квартирадан иборат эди.

    Бир уюм газета, овоз ёзиш ускуналари, минидисклар оромгоҳларнинг буклетлари, кофе ва чой ичилган ва ювилмаган сопол идишлар хонага ижодий ташаббус, бетакаллуфлик ва ёшларга хос идеализм руҳини берар эди.

    Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг батафсил харитаси, шунингдек, хонадаги умумий тартибсизликка мос бўлмаган, каттагина қандил уйнинг рангсиз деворларига тириклик рухини бағишларди.

    Келувчиларни олқишлаши лозим бўлган Қирғизистон Республикасининг улкан байроғи, сигарет тутуни остида деярли кўринмай қолар эди. Расман бу, янги бироқ аллақачон оммалашган “Сиёсат” газетасининг офиси. Амалда эса бўлғуси Ўзбек инқилобининг штаб квартираси эди.

    Қувноқ дўстлар ва хамкасбларнинг бир қисми автомобилда ўзбек қирғиз чегараси яқинидаги оилавий ресторанга нонушта қилишга кетишди. Улар ўз дўсти ва “Сиёсат” газетасининг 26 ёшли бош муҳаррири Алишер Соиповни эса ортда қолдиришди.

    Уларни ҳам ошга таклиф қилишганди. Аслида бундай байрамга муҳим сабаб хам йўқ эди. Бироқ Марказий Осиёда қувониб яйраш учун бирор сабаб керак бўлмайди, шу пайтгача айни кун ҳам бундан истисно эмасди. Ҳаммаси ўша куни муқаддас Сулаймон тоғи остидаги чиройли бир жойда, ўчоқда анъанавий ўзбек паловини тайёрлашдан бошланди.

    Алишер ва Сурайё (исм ўзгартирилган), уларнинг иккаласи ҳам журналист ва 2007 йилнинг декабрида президентлик сайловлари ўтиши олдидан Ўзбекистонда инқилоб қилишни режалаган асосий фигураларга айланишган эди.

    Улар чегаранинг нариги томонидан келган меҳмон амаки билан учрашишди, у тинимсиз гапириши билан одамнинг ғашини келтирар, тинимсиз ҳаётдан, пул йўқлигидан ва мамлакатдаги диктатурадан нолинарди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам хушёр, бироқ унга ҳеч бир шубҳа билдиришмади. Улар уни узоқ вақтдан бери яхши билишар. У икки марта турмада ўтириб чиққан, ҳар иккаласида ҳам сиёсий сабабга кўра қамалганди, шунинг унинг лақаби “Зек” эди.

    «Алишер, сиз эплайман деб ўйлайсизми?» – дея сўради у асабий.

    «Ҳеч ким якка ҳолда амалга оширолмайди буни, аммо биргаликда уддасидан чиқамиз», – унинг бунга ишончи комил, жуда бўлмаса шундай туюларди. Бироқ тўғрисини айтганда, у жудаям бунга ишонмасди ҳам. Бунинг кўп сабаблари, тўсиқлари бор эди. Ҳар иккала инқилобчи, ортиқча таваккал қилишаётганини билишар, қайсидир сабабга кўра режалари амалга ошишидан умидвор эдилар. Улар душманларини енгамиз дея ўйлашарди.

    «Сурайё, сен аниқ ишонасанми, пул бўлишига? – дея давом эттирди зэк.

    «Агар биз мақсадларимизнинг жиддийлигини исботлай олсак, пул бўлади», – дея жавоб берди у. Тағин таваккал жавоб. Ахир у, бор пуллар унинг британия телеканаллари учун тайёрлаган бир қанча репортажларидан тушган ва тежаб йиққан ўзининг пуллари эканлигини қандай қилиб айтсин. Уч минг доллар, унинг бор йўқ нақд пули шу эди. Бироқ, бу ишни бошлаш учун етарли эди, катта пуллар кейин тушади.

    «Ака, бизга мамлакат ичидан ёшлар керак. Ишониш мумкин бўлган, ишга тайёр одамлар керак. Сизнинг вазифангиз уларни топиш ва текшириш. Бу ишни қила оласизми?» – дея сўради охири Алишер ўз меҳмонидан.

    «Ғам ема, менинг кўз остимга олиб қўйган ўз одамларим бор. Менга ишонавер», – деди у.

    Уларга одамлар етишмасди, ва шунчаки одамларгина эмас, балки ишончли, уддабуррон одамлар етишмасди. Инқилоб режасини ишлаб чиқиш ва замин ҳозирлаш учун икки одам етарли, бироқ инқилоб гулхани аланга олиши учун бу етарли эмас. Буни улар жуда яхши билишарди.

    Тармоқ яратиш учун керак эди бу одамлар¸ бироқ Ўзбекистонга кириш имкони бўлмагани учун, уларга шу зэкка ўхшаган одамларга орқа қилишга тўғри келарди. Бу зек ҳукуматнинг айғоқчиси бўлиши мумкин деган фикр эса уларнинг калласига келгани йўқ.

    Алишер ўша куни ҳар қачонгидан тараддудли эди. У чиройли костюм кийиб олганди – фақат бир неча кун илгари у бундан буён костюм кийиб юришга аҳд қилган, шу тарзда одамлар унинг жиддийроқ қабул қилишидан умидвор эди. У аслида ҳаддан ташқари камтар, ўзига бино қўймаган йигит эди раҳматли.

    Унинг ёрқин, очиқ юзи, ақлли кўзлари, ёшлик шижоати билан у оммадан ажралиб турарди. Фикрчан, дипломат, амбицияли, хушхулқ ва тўғрисўз – бу сифатларнинг бари бир одамда мужассам эди. Унинг кўзидан заковат нури ëғилар эди. Сурайё ҳамиша уни ўз миллатининг энг яхши вакили дея таърифларди. Агар ўзбеклар шундай ўғил ўстиришаркан, демак уларнинг келажаги бор, дерди у.

    Улар биргаликжа режа тузишди, бунга кўра уларнинг фикрича, диктатура ағдарилиши лозим эди. Бу режа ҳеч қаерда ёзилмаган – бироқ улар бу режани каллаларида сақлашарди. Муҳим ёки уларни фош қилиши мумкин бўлган ҳеч бир нарса ёзилмаслиги керак, бу уларнинг қоидаси эди. Тинтув, ҳибсга олиш ёки ҳатто ўлим ҳолатида бундай ёзувлар қўлга тушмаслиги ва бутун тармоқни ҳатарга қўймаслиги керак эди.

    Улар буни амалга ошириш мумкинлигига астойдил ишонишарди. Диктатурани тугатиш керак! Етар шармандалик, ўзбек қизларининг Марказий Осиё ва араб мамлакатлари исловатхоналарида юришлари! Ота оналарнинг оила тирикчилиги учун ўз фарзандларини сексуал қулликка сотишлари етар!

    Ҳар ҳафта рус неонацистлари томонидан ўлдирилган ўзбек мигрантлари жасади солинган темир тобутларнинг келиши бас қилиниши керак. Етар! – бу шиор эди.

    Алишер қизи Зулайҳо билан

    Улар қоя устидаги бургутлар янглиғ ғазабнок ва мағрур эдилар.

    Улар ўз ҳаракатларида бирор фойда ёки манфаат кўзлашмади. Уларнинг мужодаласи миллат ва тарих учун эди.

    Ресторан гавжум эмасди, ўзбек ошхонасининг ноз неъматларидан столнинг бели қайишган эди.

    ”Алишерни кутамиз дейишди?” – кутишга қарор қилишди. Сурайё муттасил унинг номерини терди, бироқ ҳеч ким жавоб бермади. ”У аллақачон яқинлашиб қолган бўлса керак. Бошлаймиз, биз анча очқадик”. .. Сурайёнинг телефони жиринглади. …..

    Гавжум кўчадаги иккита қон доғи. Улар воқеа жойига етиб келишганида, у ерда Алишердан қолган нарса шу эди. Ёш журналист Алишер Соиповнинг отиб ўлдирилгани ҳақидаги ҳабар шубҳали даражада тез ёйилди, шунинг учун ресторанда йиғилган гуруҳ жиноят жойигача келгунларича, уларнинг дўстлари ўлдирилгани ҳақида аниқ билишар эди.

    Сурайё ўзига берган ягона савол – улар ресторанга кетган пайтларида Алишер билан офисда қолган йигитнинг қайга ғойиб бўлгани ҳақида эди?

    «Гувоҳлар борми?» – дея сўради, жавоб эшитишга унчалик қизиқишсиз маҳаллий полиция бўлими ходими.

    «Мен. Мен Алишерни тирик кўрган энг сўнгги одамларнинг бириман”, – деди Сурайё сабрсизлик билан ва полициячига қараб интилди.

    Бу ишни суриштириш топширилган бош терговчи, ёш ва қўпол қирғиз йигити эди, у кўпроқ журналистларга оид бўлмаган, қотиллик ва гиёҳвандфурушлар билан боғлиқ ишларни кўриб келган. Кўриниши хорғин ва асабий эди.

    – Жабрланувчи наркоман ёки гиёҳвандфуруш бўлганми?

    – На униси, на буниси.

    – Унинг кўп пули бўлганми?

    – Йўқ, унинг пули бўлмаган. У мендан бугун 200 доллар олиб турганди, унинг умуман пули йўқ эди.

    – Унинг душманлари бормиди?

    – Ха, Ўзбекистон хукумати. Текшириб кўринг, офицер, бу оддий жиноий иш эмас. Бу сиёсий қотиллик. У газета чиқарарди. У ўзбек ҳукуматининг душмани эди, ва агар сиз чиндан ҳам ҳақиқатни билишни истасангиз, қотилни чегаранинг нариги томонидан қидиришингиз керак.

    Сурайе таассуф билан, офицер унинг фаразларини эшитишни ҳам истамаётганини сезди. Тўғриси, озроқ билим ва мия бўлса бу йигитга зиён қилмасди, дея ўйларди.

    – Сиз уни қаердан биласиз?

    – Биз бирга ишлаганмиз. У менинг дўстим.

    У марҳум ҳақида хозирги замонда айтаётганини сезиб, такрорлади. У менинг дўстим эди. Йўқ, у ҳали охиригача, Алишернинг ортиқ тириклар орасида йўқлигини англаб етмаганди.

    – Сиз менга унинг қандай ўлдирилганини айта оласизми? – деди жавоб олишдан бирор бир умидсиз оҳангда.

    – Аввал унинг оёғига отишган, кейин икки бор бошига, – дея жавоб берди офицер, қандайдир формани тўлдираркан.

    У стол остидан муштларини тугиб, бор жаҳди билан йиғидан ўзини тийишга ҳаракат қиларди. Унинг бир сўзни айтиб қичқиргиси келарди: РАЗИЛЛАР, ҚАНЖИҚЛАР!

    Унинг телефони тинимсиз жирингларди. Дунё матбуоти воқеадан хабар топган, бунинг тафсилотларини билишни истарди. У шок холатида нималар деганини билмас. Мияси ишлашдан тўхтаган, шуури ихтиёридан ташқарида эди. Тили гапирар шуур эса караҳт.

    Уларнинг иккаласи хам бу полиция участкасини яхши билишарди. Бир ойча олдин Алишер бу ерга сўроқ беришга чақирилган эди. Сурайё бу ерда репортаж тасвирга олган ва катта бошлиқларнинг биридан минтақадаги ислом экстремизми ҳавфи ҳақида интервью ҳам олган эди.

    Бир ойча олдин Алишер қиз кўрганди. Азиз фарзандининг туғилганидан у бениҳоя бахтиёр эди! Яна икки кун аввал, у жажжи Зулайхонинг тунлари уйғониб кетиши, бағрига босиб, чайқаганларини айтиб берарди. Ўз жажжи қизи ҳақида гапирганида унинг чеҳраси очилиб кетарди. Энди унга нима бўлади?

    Бу буюртма қотиллар учун ëзилган қўлланмага кўра қилинган қотиллик эди. Биринчи ўқ оёғига отилган, кейин бошига, кейин эса, назорат тартибида – қурбоннинг ўлдирилганига ишонч хосил қилиш учун яна бир ўқ. Ўлди. Сурайё нима содир бўлганини хали ҳам англаб етмаганди. Унга бу гўё бир даҳшатли туш ёки буларнинг бари параллел реалликда содир бўлгандек, охир оқибат бу бир хатодек туюлаверди.

    Сурайë сигарет учун чиқди ва қотилликнинг ягона гувоҳига дуч келди. Нимага сен тириксан? Бу унга бергиси келган савол эди. У сўрамади. Йигит қалтирарди. У Алишер билан офисдан чиқишгани ва такси ушламоқчи бўлишганини гапириб берди. Алишер телефон орқали ҳайдовчилардан биттаси билан гаплашган. Шу пайт қотил келиб,курткасидан тўппонча олиб уни ота бошлаганди.

    – А сен нима қилдинг?

    – Мен уни тўхтатишга уриндим… мен бу қандайдир хато бўлиши керак дедим, бироқ у Алишернинг бошига ота бошлаганида, мен қочишга шошилдим…

    – Сен қотилнинг юзини кўрдингми?

    – Ҳа.

    Полициячилар уни ичкари хонага олиб кетишди. Сурайё унга ишонмади. У бу йигитни яхши биларди. У ҳеч қачон тўппонча кўтарган одамга ниманидир тушунтирмаган бўларди. Бундан ташқари, қочадиган ва яширинадиган жойнинг ўзи йўқ. Унинг кўпроқ нарса билгиси келарди. Бироқ бир неча ой ўтгач, у ўзининг полициядан ташқари гувоҳ билан гаплашган ягона одам эканлигини англади. Шундан кейин гувоҳни Ўш шаҳрида бошқа ҳеч ким кўрмади.

    Полиция офисда хукуматга қарши варақалар ва плакатлар, мухолифат газетасининг нусхаларини топишди. Сурайёнинг сумкаси варақалар билан тўла эди. Терговчилар билан суҳбат янада ёқимсиз тус ола бошлади. Уларнинг наздида энди улар ҳукуматга қарши бандитлар гуруҳи билан иш кўришаётганди.

    – Бу варақаларда нималар ёзилган? – сўради терговчи, унинг олдига варақани қўйиб.

    – Йўқолсин президент Каримов. Ўзбеклар, қаддингизни кўтаринг, – жавоб берди у ғурур билан.

    Алишер 26 ёшда; фото: Фергана.ру

    – Сиз бунинг исёнга ташвиқ эканлигини тушунасизми, сизга қарши конституцион тузумни куч билан ағдариш айби қўйилиши мумкин?

    – Биз сизнинг мамлакатингиз ҳақида гапираётганимиз йўқ. Бунга қўшимча мен британия фуқаросиман, шунинг учун мен сизнинг саволларингизга консулнинг иштирокисиз жавоб беришдан бош тортаман.

    – Fuck санларни консуллариннгга, бу ерда биз бормиз, ва биз сизни қамашимиз мумкин. Буни англайсизми?

    Буни у яхши тушунарди. Улар уни уйига, Ўзбекистонга қайтаришлари, у ерда эса уни ватанга хиёнат қилишда айблаб камида ўн беш йилга қамашлари мумкин. Бирдан, терговчининг кайфияти ўзгарди.

    – Аслида, менга барибир… Мен ҳаммасини ёзишим, ҳужжатлаштириб уларни ўзимизнинг КГБга топширишим керак, сизни ишонтириб айтаманки, ярим соат ичида улар ўзбек КГБсининг столида пайдо бўлади. Уларнинг биз билан ҳамкорлик битимлари бор.

    Сурайëниг америкалик эри, ҳайдовчи ва бир қанча дўстлари Алишернинг уйига боришганида соат эрталабки уч эди. Марҳум каровотда, оппоқ чойшабга ўралиб ётар, оқ латта билан ўралган бошидаги иккита қон доғи қандай воқеа юз берганидан далолат берарди. Майитнинг чеҳраси чиройли ва осуда эди.

    У туриб узоқ унга термулди, ва кутди, гўё у хозир ўрнидан туради, ўзига ҳос қув табассуми билан кулиб: «Эй, бу ҳазил эди, қаранглар – мен тирикман» деб айтади. У уни силкитиб, қичқиргиси келарди: «Тур, тур!»

    Бироқ унинг акаси тиловат қилаётган Қуръони шариф саси уни хушига келтирди. Фақат шундагина у кўзёшларига эрк берди. У ортиқ ўзини тутиб тура олмасди. Кўксида чидаб бўлмас оғриқ пайдо бўлди. Бу унинг унсиз йиғлаётган руҳи эди. У қайғу эзиб ташлаган онани кўрди ва уни бағрига босди. Улар бирор сўз айтишмади, узоқ ва маҳкам қучиш билан улар бутун дардларини айтишарди.

    Кейин унинг ўн саккиз ёш хотини келиб унга ёпишди: ”Опа, биз нима қиламиз энди?” Кўзёшлар тўхтади, бироқ руҳ Қуръонга ҳамоҳанг йиғларди.

    Сурайё тирик юрганидан уяларди. У бир ойдан сал илгари, Маккага ҳажга кетган, умумий дўстлари бўлмиш ёш имом автоҳалокатда вафот этганида, елкама елка туриб йиғлашган, бир бирини қўллаб, ўз курашларини давом эттиришга аҳд қилишганди . Улар учта эдилар, кейин иккита қолишди, энди у – ёлғиз.

    ”Мен видолашмасдан кетмайман. Мен дафн маросимида қоламан”, – деди Сурайë эрига қатъий. Эр эса хотини билан бахслашиш нималигини яхши биларди. Уйларига қандай қайтишганини у эслай олмайди, улар нарсаларини қандай йиғиштиришди, ухладими, ухламадими эслай олмайди.

    Унинг уйига улар дафн маросимида қолиш қарори билан келишди. У хонага кирганида, унинг дўстлари зудлик билан шаҳарни тарк этиши кераклигини маслаҳат беришди. Уни Ўзбекистонга топшириш ҳақида буйруқ келганди.

    Полициячилар уни алдашмаган эди – улар ахборот алмашишар ва ўта унумли ҳаракат қилишарди.

    У тинчгина тиловат қилди¸ унинг онасини қучди ва қайтди. «Қиёматда учрашамиз, укагинам, бироқ бу ҳаётимда мен курашимизни давом эттираман».

    Шоҳида Ёқуб – мустақил журналист Лондондан Uznews.net учун

    www.uznews.net

    Published on oktober 24, 2012 · Filed under: Алишер Соиповни хотирлаб;
    Kommentarer inaktiverade för Алишер Соипов: «20 минутдан кейин кўришамиз»

Comments are closed.