ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
    Nov »
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  

  • Шоҳруҳ Соипов акаси Алишер ҳақида

    Юсуф Расул


    Алишер Соипов қотиллари топилишига ишонч йўқ

    ****

    2007 йилнинг 24 октябр куни Ўш шаҳрида содир бўлган машъум қотиллик дунёни ларзага келтиргандек бўлди. Дунё матбуоти бу қотилликни қаттиқ қоралади.

    Аввалига “Озодлик” радиоси билан ҳамкорликни бошлаган Ўш Давлат Университетининг Ўзбек филологияси факултети, журналистика бўлими талабаси бўлган  22 ёшлик Алишер Соипов кейинчалик “Америка овози” , “Машҳад овози” радиолари билан мунтазам ишлаб келаётган эди. У шунингдек Британиянинг “Уруш ва Тинчликни ёритиш” халқаро институти, “Фарғона .ру” ахборот маркази, журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари билан алоқада бўлиб, уларга минтақадаги вазият ҳақида муҳим хабарларни етказиб келган. Ёш бўлишига қарамай Қирғизистонда  биринчи мустақил ўзбекча газетани ташкил қилганди.

    Алишер тайёрлаган таҳлилий мақолалар,муҳим хабарлар халқаро ташкилотларда энг ишончли дея эътироф этиларди. Шу боис Қирғизистон жанубига ташриф буюрган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари аввало Алишер билан учрашиб, унинг минтақадаги вазият ҳақида фикрлари билан қизиқишарди.

    Қотиллик содир этилган кундан то ҳозиргача Алишерга ишонган, уни ҳурмат қилган ва севган барча инсонлар, жиноятчилар албатта ушланиб, одил маҳкама ҳукмига топширилишини кутишмоқда. Лекин аср қотиллигига айланиб қолган бу мудҳиш жиноят ҳозиргача очилмаган. Бу эса Алишер Соиповнинг ўлдирилиши  юқори доираларда олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкин, деган иштибоҳларни кучайтиради.

    ****

     

    Шоҳруҳ Соипов билан илк учрашув

     

    Варшавага икки ҳафталик лойиҳа бўйича ўқишга келган Шоҳруҳ Соипов билан интернет орқали боғланганимизда, у ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари бўш бўлишини, шу кунларда Швецияга бориб, акаси Алишерни яқиндан билган кишилар билан учрашишни режалаштирганини айтиб қолди. Бу биз учун ҳам айни муддао эди.

    Ниҳоят биз Шоҳруҳни Швециянинг Скавста тайёрагоҳида кутиб олдик. Варшавадан бир ярим соат нилий осмонда парвоз қилган учоқ кўп ўтмай ям – яшил ўрмонлар билан қоплаган, ёмғирдан намиққан бу тунд ўлкага келиб қўнган эди.

    Шоҳруҳни узоқдан кўргач дарров танидим. У акаси, раҳматли Алишерга жуда ўхшаш эди. Юриш – туриши, сўзларидаги оҳанглар, характеридаги ҳалимлиги, ҳамма – ҳаммаси Алишернинг худди ўзи эди.

    “Наҳотки одам ҳам шу қадар бир- бирига ўхшаса”, деб ўйлардим илк учрашувда.

    Шу пайтгача Шоҳруҳ билан фақат интернет орқали боғланган, тўғриси унинг журналистик фаолияти тўғрисида умуман хабарсиз эдим.

    Биз икки кун давомида бирга бўлдик. Шоҳруҳ акаси Алишер Соиповнинг болалик кунлари, олийгоҳдаги ўқиш даври, журналистик фаолияти, ажабтовур муҳаббати тарихи ҳақида мен билмаган жуда кўп воқеаларни сўзлаб берди.

    Бу тарихни албатта ўқувчилар ҳам билиши керак, деган фикр ҳанузки ҳаёлимда айланади.

    ****

    Алишернинг қотиллари топилгани йўқ

    Бундан беш йил муқаддам Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида отиб ўлдирилган журналист ва инсон ҳақлари курашчиси Алишер Соиповнинг қотиллари ҳанузки топилгани йўқ.

    Бу машъум воқеа содир бўлганидан кейин орадан бир йил ўтмай журналистнинг қотиллигига гумонланиб ҳибсга олинган Боткент вилояти Лайлак туманида яшаб келган Қирғизистон фуқароси Абдуфарид Расулов 20 йилга озодлик маҳрум этилган эди. Лекин марҳумнинг яқинлари ҳақиқий қотил бошқа киши деб ҳисоблашади.

    “Абдуфарид Расулов олдин ички ишлар бўлимида ишлаган, қирқ ёшлар атрофидаги тожик миллатига мансуб киши экан. Тергов хулосаларида айтилишича, унинг мошинаси тўхтатилиб текширилганда, ёнидан қорадори ва пистолет топилган. Биз у билан суд залида кўришдик. У судда ўзини айбсизлигини таъкидлаган эди. Биз ҳам уни қотилликкка алоқаси йўқ, деб ҳисоблаймиз. У сира қотилга ўхшамасди. Аҳвол руҳияти, ўзини тутиши уни қотил эмаслигига бўлган ишончимизни оширди. Лекин маҳкама унга узоқ йиллик қамоқ жазоси тайинлади”.

    Шоҳруҳнинг айтишича, Абдуфарид Расуловнинг қариндош – уруғлари яқинда Қирғизистон Маҳкамасига бир видео лавҳани тақдим этишган. Видео қотиллик куни олинган бўлиб, унда Абдуфарид Расуловни ўша куни Лайлак туманидаги бир тўйда иштирок этгани акс этган эди. Қирғизистон Олий суди бу далиллар қайта ўрганиб чиқилсин, деган қарорга келган. Ҳозир бу видеони Ўш шаҳар суди янги далил ўлароқ қайта кўриб чиқишни бошлаган.

    “Биз беш йил давомида Абдуфарид Расуловни қотил эмаслигига ишониб келгандик. Бу воқеа бизни ишончимизни янада оширди. Демак у қотил эмас. Қотил бошқа одам ”, дейди Шоҳруҳ.

    Хўш, унда Алишер Соиповнинг қотили ким? Нега жиноятчини топиш беш йилдирки пайсалга солиб келинмоқда?

    Алишер Соипов отиб кетилганидан бир ҳафта ўтиб, 2007 йилнинг 30 октябрь куни Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги дастлабки суруштирув натижалари  ҳақида маълумот тарқатган ва унда журналистнинг террорчи гуруҳлар билан яқин алоқада бўлиб келганлиги, бундан ташқари Ўзбекистон ҳукумати томонидан исталмаган шахс сифатида кўрилиши, шунингдек ўзбек мухолифати лидерлари, хусусан, “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ билан яқин алоқада эканлиги айтилган эди.

    Қирғиз терговчилари журналистнинг Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидери Тоҳир Йўлдош билан Эронда учрашгани, ундан молиявий мукофотлар олиб тургани, шунингдек мухолифатдаги “Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳ билан мунатазам алоқада эканлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор этишар экан, бу билан уни ўлимига Ўзбекистон ҳукуматининг қўли борлигига ишора қилишади.

    Наманган телевидениеси орқали Соипов фаолиятига қарши уюштирилган телекўрсатув, унда журналистни Ўзбекистон ички ишларига рахна солувчи мақолалари кескин танқид қилингани терговчилар эътиборидан четда қолмаган.

    Алишер Соиповни Қирғизистон жанубидаги “Ҳизбут Таҳрир” диний фирқаси раҳбарлари  билан жуда яхши муносабатда эканлиги, уни компютери ва офисидан бу партия фаолиятини тарғиб қилувчи турли китоблар ва варақалар топилгани ҳам пресс релизда айтиб ўтилган эди.

    Журналистнинг ҳаётига суиқасд қилингани дунё бўйлаб жуда катта акс – садо берган ўша кунларда, Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Боқиев бу иш назоратини ўз қўлига олганини маълум қилиб, норозиликлар тўлқини бироз бўлсада пасайишига эришган эди.

    Лекин, суруштирув, тергов ишлари ва суд жараёнлари тугагач, бу қотиллик оддий гиёҳванд томонидан содир этилгани “аниқланди”. Тожик миллатига мансуб бўлган Абдуфарид Расулов 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

    Суҳбатдошимиз Шоҳруҳ Соипов акаси Алишер қотиллиги билан боғлиқ суд ишидан қониқмаганликларини айтади.

    “Абдуфарид Расуловга нисбатан ўқилган суд ҳукмидан мақсад бизни оиламизни ва халкаро жамоатчиликни чалғитиш эканлиги очиқ кўриниб турибди. Қотиллик ортида катта давлат сиёсати турганлигини яшириш учун, омма фикрини чалғитиб, ишни тезрок ёпиш мақсадида қилинган эди бу суд.

    Биз бу қотиллик жуда юқори доираларда муҳокама қилингани ва бу қотиллик бошида жуда катта гуруҳлар турганига ишонамиз. Агар шундай бўлмаса қотиллик аллақачон очилар эди. Қирғизистонда сиёсий ўзгариш бўлмас экан, акамнинг қотиллари топилишига умид йўқ”, дейди Шоҳруҳ Соипов.

    Шоҳруҳ ушбу қотиллик Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган ҳолда Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилган деган ишончда қатъий.

    Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳозирги сиёсий режимлар ўзгарсагина Алишер Соиповга уюштирилган қотиллик ва уни ташкилотчилари топилиб, адолатли маҳкама ўтказилиши мумкин. Унгача, барча ҳаракатлар бесамар кетаверади.

    (Давоми бор)

    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 24, 2012 · Filed under: Алишер Соиповни хотирлаб, Юсуф Расул;
    Kommentarer inaktiverade för Шоҳруҳ Соипов акаси Алишер ҳақида

Comments are closed.