ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

oktober 2012
M T O T F L S
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  
  • Маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳақида

    Юсуф Расул

    Бу кундаликлар 2006 йилнинг сентябр ва октябр ойларида Швецияда яшай бошлаган илк даврларимизда ёзилган. Бугунги кунда кундаликдан ўрин олган баъзи воқеалар эскирган. Шунга қарамай маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳақидаги фикрлар ҳанузки долзарб эканлиги боис, уларни сиз азиз ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни мақсадга мувофиқ деб билдим.

    Муаллиф.

    ****
    Илк кечинмалар

    Мен шундай қилиб ўз иш фаолиятим ниҳоясига етаётганини ички бир ўкинч билан сизларга маълум қилмоқчиман. Аслида шундай бўлишини олдиндан билардим ва шу боис бу воқеага узоқ тайёргарлик кўрдим.

    Ақлли инсонлар доимо келажакни олдиндан кўра оладилар. Мен ҳам шундай одамманми?

    Йўқ, мен ўзимни ақлли деб билмайман. Лекин доимо қалбим очиқлиги ва руҳиятим софлиги билан ўзимдан мамнун бўлиб юрганман. Тарафкашликни ёқтирмаслигим ва доимо холис бўлишга интилганим кўп кишиларга ва айрим сиёсий гуруҳлар лидерларига ёқмаган бўлиши мумкин. Лекин мен доимо холисликка интилдим ва шу сабаб доимо бошим ғалва ичида қолаверди.

    Бугун барча умидларимга аза очмоқчи эдим. Кунглимга қил сиғмас, жуда ҳам тушкун ва ожиздек сезардим ўзимни. Ҳамма ўз иши билан банд, ҳеч ким сенга нима бўлди деб сўрамайди. Шундай пайтда кўнглингга яқин бир дилкаш инсон бўлса қанийди. Афсуски мени бу дунёда бирор яқин дўстим йўқ.

    Гўёки ҳамма мендан юз ўгиргандек. Бу ҳолатда узоқ яшаб бўлмайди, деб ўйлардим. Бироқ яшардим. Ҳақиқат ва адолат каби мен ишонган туйғулар рўёга айланган. Дунё зимистондек қоп қоронғу эди.

    Бекорчиликдан интернет ковлайман. Кўлимга тушган китобларни варақлайман.Ўзимни қўйишга жой тополмайман.
    Нега одам боласи бу қадар бадбахт?
    Нега биз ўзбеклар бунақамиз?

    Йўқ саволни бундай қўймаслик керак. Одам бахтсиз эмас. Ўзбекларни камситишга ҳаққим йўқ. Ахир мен Юсуф Жума эмасманку ўз миллатдошларимни камситиб роҳатлансам.

    Бу халқ жуда ҳам буюк халқ. Уни қайғулари, дардлари катта, азоблари улуғ. Шу сабаб суюкли…

    Балқи Юсуф Жума ҳам халқини севар. Севгани учун уни камчиликларини айтади. Бошқалар-чи? Нега бошқалар доимо мум тишлашади?

    Ўзбекистондан чиқиб кетганимга мана бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Бир йил ичида мухолифат фаоллари билан яқиндан танишдим. Бизни мухолифат жуда ҳам ўзига хос. Ўзбек мухолифатининг содда ва самимий ўзбекдан фарқли жойи йўқ эди…

    12 сентябр 2006 йил.

    ****

    Биз нега Ватанни тарк этган эдик?

    Кейинги бир йил ичида содир бўлган воқеалар кўпчилик ўзбеклар каби мени ҳаётимни ҳам алғов далғов қилиб юборди. 2005 йилнинг 12 ва 13 май кунлари Андижонда юз берган воқеалардан сўнг жуда кўплаб журналистлар ватанни тарк эта бошлашди. Уларнинг барчаси ўзларига ҳукумат томонидан босим ва тазйиқлар бўлаётганини айтишарди.

    Ҳамма қандайдир тазйиқ ва зўравонликлар ҳақида гапирарди. Мен ҳам шу журналистлар ичида юрганим боис бу ҳақда кўп эшитганман ва ич – ичимдан мени ҳам қандайдир ваҳималар чўлғаб оларди.

    Қўрқувнинг кўзлари катта бўлади деганлари бежиз эмас эканда.

    Аслида Андижонда нималар бўлагани ҳақида кўпчилик яхши билмасди. Тан олиш керак, мен ҳам аслида ўша куни нималар бўлганлигини аниқ билмайман. Билганим ҳукумат ”Акромийлар” дея атаган 23 нафар тадбиркорни суд қилингани ва уларни ҳимоясига чиқан юзлаб, балки минглаб кишиларни шаҳардаги марказий майдонни тўлдириб митинг ўтказишгани. Митинг куни майдонда тўпланган одамларга қарата ўқ отилгани ва юзлаб оддий одамлар қурбон бўлишган.

    Бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган саноқли хорижий журналистлар бор. Булар ўша пайтда Британиянинг ”Уруш ва Тинчликни ёритиш институти” IWPRнинг Тошкентдаги ваколатхонаси бошлиғи бўлиб ишловчи Галима Бухарбаева ва унинг турмуш ўртоғи, журналист Маркус Бенсман, ”Фарғона.ру” ахбарот агентлиги мухбири Алексей Волосеевич, ”Рейтер” агентлиги мухбири Шамил Байгин, ”Ассошейтед пресс” мухбири Багила Бухарбаевалар эди.

    Улар воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашишган ва ҳукумат аскарлари тинч намойишчиларга қарата ўқ отишганини ўз кўзлари билан кўришган. Бироқ Андижондаги турмани ишғол қилиб,маҳбусларни чиқариб юборган кишилар, вилоят ҳокимлигида маҳаллий ҳокимият вакилларини асир қилиб ушлаб турган одамлар кимлиги ҳақида аниқ маълумотлар беришмаган эди.

    Мен Андижон воқеаларини ёритиш учун ўша куни махсус сафарга жўнатилган Ўзбекистон радиосининг бир мухбири билан суҳбатлашиб қолдим.

    ”Нега сиз чет эл журналистлари воқеаларни қора рангга бўяб кўрсатасизлар? Андижонда ҳақиқатдан қуролли қўзғолон бўлганку! Бу ҳақда нега ёзмайсизлар?” деб қолди у.

    Мен ўзим ҳам кўп йиллар Ўзбекистондаги газеталарда ишлаганим боис маҳаллий журналистлар имкониятлари ҳақида яхши биламан. Уларни кўпчилиги эркин бўлишга интилади ва ғарб журналистларига ҳавас қилишади. Бироқ уларни олдида жуда кўп муаммолар борлиги сабаб, эркин бўлиш орзуси амалга ошмай қолиб кетаверади. Бу муаммоларнинг энг каттаси ўзбек матбуоти ва Оммавий Ахборот Воситаларини назорат қилинишидир. Ҳукумат доимо матбуотни назорат қилади ва журналистларга нималарни ёзиш ёки ёзмаслик ҳақида кўрсатмалар беради. Сабаби ҳукумат журналистларга ишонмайди. Бу ўзбек журналистикаси учун энг катта муаммодир.

    Бундан ташқари ўзбек журналистлари ҳали – ҳануз совет матбуоти таъсиридан қутилган эмаслар. Уларнинг онгидаги тўсиқлар, журналистикани тарғибот воситаси деб билишлари ҳам бир муаммодир. Кўп журналистлар ўзларини ўзлари назорат қиладилар, уларнинг онгу шуурини ҳукуматдан қўрқув туйғулари эгаллаб олган. Бундан ташқари қилинган меҳнат учун яхши ҳақ олмаслик, маошларнинг камлиги ҳам унданда катта муаммодир.

    Хуллас, ҳалиги журналист танишим мени ва бошқа хорижий журналистларни бир ёқламаликда айблаётган эди.

    Бу каби айбловлар биз хориж журналистлари шаънига жуда ҳам кўп айтилган. Ҳар гал ўзи холис ва эркин бўлмаган радио ёки телеведения, ёки қандайдир тарғибот воситаси хориж журналистларини нохолисликда айблай бошласа кулгум келарди. Чунки, бизни нохолис деб бонг ураётган матбуотнинг ўзи холис эмас эди.

    Шунга қарамай мен ҳалиги танишимга чет эл журналистлари учун Ўзбекистондаги расмий кишилардан ахборот олиш жуда қийинлиги ва шу сабабли расмий фикрлар аксар ҳолларда биз тайёрлайдиган мақолалардан жой олмаслигини, асосан мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячиларига таянишимизни тушунтирдим.

    У мени гапларимни эшитишни ҳам истамасди.

    ”Мана сиз ўзингиз Андижон воқеалари ҳақида қандай фикрдасиз? Андижонда аслида нималар бўлганди?” дея сўрадим ундан.

    У Андижон хунрезликлари куни махсус хизмат сафари билан воқеа содир бўлган жойга юборилгани, бироқ ҳеч қандай маълумот тўплай олмай бир чойхонада яшириниб ўтирганини эшитиб ҳайратдан донг қотиб қолдим.

    ”Мен ўша куни Андижонда эдим. Узоқдан ўқ овозлари эшитилиб турарди. Мен бир икки оғайниларим билан Андижондаги ”Чўнтак” чойхонасида ош қилиб, мазза қилиб ароқ ичиб ўтирдик. Менга берадиган 10 ёки 15 доллар ойлик маош ҳаётимни гаровга қўйишга арзимайди, бизда ҳам бола чақа бор”, деди у.

    Қорин солиб, семириб кетган, галстук таққанча керилиб юрадиган бу таниш журналист Андижонда аслида нималар бўлганлигини билмас эди. У бу воқеалар ҳақида фақат Ички Ишлар Вазирлиги матбуот хизмати хабарларини эфирга узатиб, хизмат сафари ҳақида ҳисобот топширган экан.

    Андижонда аслида нималар бўлгани ҳақида ”Акромийлар” ҳаракати дея айтиладиган ташкилот аъзолари, ҳукуматнинг махсус кучлари, ўша куни Бобир майдонида бўлган кишилар яхши билишади. Бироқ асл ҳақиқат узоқ вақт сир тутилди ва ҳозирги кунларда аста – секин ўртадаги қандайдир сирли нуқталар ошкор бўлмоқда.

    Андижон воқеалари Ўзбекистондаги Ислом Каримов режимини қай даражада зулмкор эканлигини бутун дунёга очиқ кўрсатгани ҳақида жуда кўплаб мақолалар эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати эса бор жаҳди билан бўлиб ўтган воқеаларни ”Акромийлар” уюштиргани ва бу ҳаракатлар замирида террорчилик ҳаракатлари ётганлиги ҳақида бонг урарди. Кўпчилик халқаро ташкилотлар эса бу гапларни тўғри ёки нотўғрилигига у қадар эътибор беришмасди.

    Бу воқеалар ҳақида халқаро ташкилотларга ва журналистларга ахборот берган бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинганди. Орадан кўп вақт ўтмай ”Бирлик” партияси аъзоларидан тўрт киши қамоқдан озод қилинди, бироқ кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозиргача қамоқда сақланмоқда.

    Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат мамлакатни ўзгача қарашдаги кишилардан тозалашга киришганди деб айта оламан.Сабаби жуда кўп одамлар ўзлари исташмасада қўрқувдан мамлакатдан чиқиб кетишди. Бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар европа ва ғарб давлатларидан бошпана олишди.

    Андижон воқеаларида бевосита иштирок этган 500 га яқин кишилар эса Қиризистонга қочиб ўтишганди. Орадан уч ойга яқин вақт ўтиб, улардан 439 нафари Руминиянинг Тимиошара шаҳрига кўчирилди.

    Андижонлик қочқинларга кейинчалик айрим Европа давлатлари, АҚШ ва Канада ҳукуматлари бошпана беришгани маълум бўлди.

    Минглаб қочоқларни ”учирма” қилган Ўзбекистон муаммолар гирдобида қолаверди. Президент Ислом Каримов гарчанд тезда Хитой ва Россия билан алқаларини боғлаб олган бўлсада барибир мамлакатнинг ва ҳукуматнинг халқаро нуфузи тушиб кетганди.

    Жуда ҳам таранг ва қийин сиёсий вазиятга тушиб қолган ҳукумат орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтгач ажабтовур режаларни амалга ошира бошлади.

    1 октябръ 2006 йил.

    ****

    Мустақил журналистларга ҳужум

    Сентябр ойининг ўрталарида мен яхши таниган Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида ишловчи икки журналист Улуғбек Ҳайдаров ва Жамшид Каримовлар билан боғлик воқеалар дунё матбуоти диққат марказида бўлди. Мен бу икки журналистни яқиндан таниганим ва бир идорада маълум вақт бирга ишлаганим учун жуда қаттиқ оғриндим.

    Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Жиззах вилоят ҳокимияти кейинги икки йилда журналистларга нисбатан жуда ҳам қаттиқ сиёсат олиб бораётган эди. Фақат мустақил журналистларгина мамлакатдаги муамоларни халқаро жамоатчиликка маълум қилиб келишган. Бу эса ҳукумат амалдорларига унчалик ёқмасди.

    Мени ўзим ҳам Жиззах вилоят ҳокимлиги тазйиқларига дучор бўлганман. Оҳ, у кунларни эсласам қалбимга оғриқ киради.

    Бир гал Жиззах вилоятидаги айрим фермерларга вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов қилган зўравонликлар ҳақида жабрланганлар билан суҳбатлашиб бир мақола тайёрламоқчи бўлдим.

    Сентябр ойи бошланиб қолган, пахта йиғим теримига тайёргарлик кетарди. Ҳокимият шу пайтда бир йиғилиш ўтказиб, Жиззахлик фермерларнинг кўпчилигидан ўз ерларини топширишни талаб қилган ва бир қанча фермерлар қўрққанларидан ариза ёзиб беришган экан.

    Баъзи фермерлар қаршилик кўрсатганлари учун Ички Ишлар бўлимларига олиб бориб қўрқитилган. Вилоят ҳокими ва айрим туман ҳокимлари эса жамоатчиликнинг кўз ўнгида баъзи фермерларни калтаклаб, тан жароҳати етказишган.

    Мен ўша куни бу ҳақдаги маълумотларни Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари Муҳиддин Қурбонов ва Мамиржон Азимовлар ҳамроҳлигида ёзиб олишга муваффақ бўлдим.

    Тошкентга етиб келгунча ДАН ходимлари икки марта мени машинамни тўхтатиб, ассоссиз равишда ушлаб туришди. Улар ўзларига юқоридан буйруқ берилганини,бизни шахсимизни аниқлашлари зарурлигини айтишарди.

    Мен билан бирга Тошкентга кетаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов ратсия орқали Зарбдор туман ИИБ бошлиғи Мухтор Мирзиёевни овозини эшитганлигини айтди.

    Мухтор Мирзиёев бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг укаси бўлиб, Жизахда ҳеч нарсадан тап тортмас экан. У ДАН ходимларига машинада кетаётганларни ҳужжатлаини олиб қўйиш, қандай бўлмасин улардан айб топиб қамаб қўйишни айтган экан.

    Муҳиддин ака машина эгаси хорижий журналист эканлигини, уларнинг бу ноқонуний ҳаракати катта халқаро жанжалга сабаб бўлишини тушунтиргач, бизни қўйиб юборишди.

    Эртаси куни Тошкентда кутилмаган воқеага дуч келдик. Енгил машинам орқасидан оқ рангли ”Жигули” машинаси давомсиз таъқиб қилиб юрарди. Олдинига машина ҳайдовчиси ва унда утирган икки йигитни олдига бориб уларни кимлигини билмоқчи бўлдим. Улар эса ўзларини ҳеч нарсани билмагандек тутишар эди.

    Қўшниларим мени орқамдан номаълум кишилар уйгача кузатиб келишганини ва негадир доимо тасвирга тушириб юришларини ваҳима билан ҳикоя қилиб беришди. Улар қандайдир диний гуруҳларга қўшилиб қолмадимикан, дея мендан шубҳалана бошлашганди.

    Таъқиблар эртаси куни ҳам давом этди. Мен қўл телефоним орқали бу ҳодиса ҳақида халқаро ташкилотларнинг Тошкентдаги ваколатхоналарига, Ички Ишлар вазирлига ва ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум қилдим. Бироқ ҳеч ким бизга ёрдам беришни истамасди.

    Куппа кундуз куни Тошкент шаҳар марказида бизни номаълум машиналарда орқамиздан кузатиб юришарди. Бир жойда ДАН ходимлари таъқиб қлиб юрган рақамсиз машиналарни тўхтатиб уларни ҳужжатларини кўргач, тезда хайр хушлашди. У вақтда эрталабдан мен билан машинада юрган Муҳиддин Қурбонов Жиззахга жўнаб кетган, уни ўрнига бошқа бир журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси ўтирганди. ДАН ходимлари бизни сўровимизга жавобан, таъқиб қилиб юрганлар ички ишлар ходимлари эканлигини айтишди.

    Кечга бориб. таъқибчилар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Маълум бўлишича, улар бизни кимлигимизни ҳам билишмас экан. Фақат Жиззах вилоят Ички Ишлар Бошқармаси сўровига асосан улар мени машинамга кузатув ўрнатишган экан.

    Улар Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов ортга қайтганини эшитгач, таъқиб қилишни тўхтатишди.

    Мана орадан икки йилга яқин вақт ўтди. Бугун журналист Улуғбек Ҳайдаров пора олганликда айбланиб, қамоққа олинди, Жамшид Каримов эса Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди.

    Бу икки журналист ҳақида хотираларимни ёзар эканман, Ўзбекистонда Демократия ва Сўз эркинлиги учун кураш олиб борган оловқалб ҳамкасбларим ёдимга тушади.

    Улар жуда ҳам кам.

    Паҳлавон Турғунов, Сирожиддин Толипов, Галима Бухарбаева, Шуҳрат Бобожонов, Хайрулла Убайдуллаев, Рустам Қобил, Багила Бухарбаева, Бахтиёр Имомов, Малик Мансур, Ҳусниддин Қутбиддинов, Наталя Бушуева,Қудрат Бобожонов, Тўлқин Қораев, Солеҳ Яҳёев, Комилжон Ашуров, Обид Шабанов, Гуласал Камолова, Гулчеҳра Нуруллаева Дилором Исҳоқова, Гулчеҳра Муродали, Абдувоҳид Ҳайит, Зокиржон Ибрагимов, Садриддин Ашуров, Раҳматжон Қўлдошев, Бобомурод Абдуллаев ва бошқа мен эслай олмаган журналистлар…

    Улар жуда қийин вазиятда ишлашди. Улар кейинги 16 йиллик мустқаллик даври муаммоларини, қийинчиликларини халқ билан бирга яшашди.

    Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда мустақил журналистман деган киши борки, кескин ва аёвсиз босимларга дучор этилди. ҳукумат тиш – тирноғи билан мустақил журналистлар фаолиятига қарши чиқди.

    Буни сабаблари нимада эди? Нега ҳукумат айнан мустақил журналистларга ҳужум қилмоқда?

    Ҳукумат ва хорижий журналистлар муносабатидаги кескинликлар кейинги ўн беш йил ичида тобора кучайиб борди. Президент Каримов совет даври тарғиботчиси бўлган барча маҳаллий газеталарни ўн беш йил ичида ўз тизгинига солиб олган ва улар фақат бир хил ашула айтишга маҳкум эдилар.

    Хорижий Оммавий Ахборот Воситалари эса ўз андозаларига кўра иш тутишар, асосан мамлакат ҳаётидаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар ҳақида материаллар тайёрлашарди. Ҳукумат улардан мамлакат ички ҳаётидаги ютуқлар ва ўзгаришлар ҳақида хабарлар беришларини ҳам истарди ва аккредитация олаётган журналистларга бу ҳақда астойдир ўқтириларди. Бироқ шунга қарамай хорижий журналистлар ўз услубларидан воз кеча олишмасди.

    Агар улар Ўзбекистон ҳукумати йўриғига юрсалар ишдан ажралиб қолишлари мумкин эди. Бундан ташқари ҳукумат вакиллари ва расмийлардан бирор муаммо юзасидан маълумот олиш жуда ҳам қийин эди.

    Расмийлар хориж мухбирларидан ажалдан қўрққандай қўрқишар, уларга юқори ташкилотлардан хорижга маълумот бериш таъқиқлаб қўйилганди.

    Мен бир гал Тошкент автокорхоналаридан бири бошлиғи билан Тожикистонга автобуслар қатнови тўхтатиб қўйилгани сабабини аниқлаш учун суҳбатлашганимда, у бу сирни ошкор қилиб қўйганди.

    Унинг сўзларидан ҳукумат ҳали – бери хорижий мухбирлар билан мулоқот қилишга тайёр эмаслигини англагандек бўлдим.

    Ҳукуматнинг чэт эл мухбирлари билан муносабатларини бу қадар ёмонлашишига бир қанча сабаблар бор эди.

    Буларнинг дастлабкиси, эндигина совет яккаҳокимлигидан қутилган раҳбарларнинг онги ва дунёқарашлари ҳали ўзгармаган эди. Улар хорижий мухбирларни чэт эл хавфсизлик идоралари айғоқчилари деб ўйлашар эди.

    Демократик давлатлар матбуотидаги хилма – хил фикрлар, эркинлик, холислик ва тезкорлик каби фазилатларни ўзбек расмийлари ҳали ҳазм қилиб улгурмаган эди.

    Шу сабабли хорижий мухбирлар расмийлар фикрларини олишга қийналишар, нуқул 90 йиллар бошида эндигина шаклланаётган мухолифатдаги ҳаракатларга қўшилиб қолган оддий кишилар ва етарли малака ҳамда тажрибага эга бўлмаган ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишарди.

    Кўп ҳолларда маълумот берувчилар бирёқлама, ассосиз ва аниқ далилларсиз интервю беришар, уларнинг фикрларини тасдиқловчи ёки инкор этувчи расмийлар муносабати эфирга берилмас эди. Бу эса ҳукуматни баттар жазавага солар, ҳукумат аламини журналистдан эмас, интервю берган мухолифат томондан оларди.

    Узоқ йиллар давомида ҳукумат ва хорижий мухбирлар ўртасидаги муносабат шу даражада таранглашдики, бир кун портлаш юз бериши аниқ эди.

    Андижон воқеалари эса ҳукуматни хорижий ва мустақил журналистлардан ўз қасдини олишига туртки бўлди.

    Бу воқеалардан кўп вақт ўтмай бир нечта мустақил журналистлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди, ”Озодлик”, ББС каби радиоларнинг Тошкентдаги ваколатхоналари ўз фаолиятини тўхтатди.

    Албатта, мамлакатни тарк этган журналистлар орасида ҳеч қандай босим ёки тазйиқларга учрамаганлари ҳам бор,бироқ улар учун мамлакат ичида ишлаш имконияти умуман йўқотилган эди.

    Кўпинча шулар ҳақида ўйласам мамлакатни тарк этган айрим журналистлар бирма – бир кўз ўнгимдан ўтади.

    Улар: Галима Бухарбаева, Матлуба Азаматова, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожонов, Зокиржон Ибрагимов, Шарифжон Аҳмедов, Ризо Обид, Ғофуржон Йўлдошев, Абдувоҳид Ҳайит, Садриддин Ашуров, Меҳрибон Бекиева, Холдор Вулқон…

    Бу рўйхат вақт ўтган сари узайиб бормоқда.

    Бугунги кунда фақат ”Америка овози” радиоси ўзбек хизмати мухбирларигина Ўзбекистон ичида туриб фаолият олиб боришмоқда. Бу жуда ҳам ҳайратланарли ва таҳсинга лойиқ ишдир.

    Ўзбекистонда яшаётган саноқли журналистлар ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлишди. Уларнинг айримлари эски қолипга қайтиб, маҳаллий матбуот билан ҳамкорлик қилмоқда. Улуғбек Ҳайдаров ва Жамшид Каримовга ўхшаб хорижий матбуот билан ҳамкорликни давом эттираётганлар эса кўриб турганимиздек ё қамоққа ташланади ёки руҳий касалликлар шифохонасига.

    3 октябр, 2006 йил.

    ****

    Маҳаллий журналистлар орзуси

    Ўзбекистонда журналист бўлиш осон эмас эди. Мен қарийб беш йилга яқин маҳаллий матбуотда ишладим. Тошкентдаги газеталар ва радиоэшиттириш компаниясида хизмат қилган пайтларимда матбуотни назорат қилиш журналистлар учун қанчалик аянчли оқибатларга олиб келганини англаб етгандим.

    90 йилларда ўзбек матбуоти ва оммавий ахбарот воситалари энди-энди эркинлик ҳавосидан нафас ола бошлаганди.

    Тан олиб айтиш керак, ўзбек матбуоти ва журналистлари ҳаётида ўша пайтда бироз эркин бўлган ва эркин фикрлар учун минбар берган ”Эрк” газетасининг ўрни катта бўлган.

    Биз ўша пайтдаги талабалар бу газетани ҳар бир сонини интизорлик билан кутардик.

    У пайтларда ”Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, ”Туркистон” ва ”Оила ва Жамият” газеталари ҳам анча мунча эркин эди.

    Орадан 15 йилдан ошиқ вақт ўтди. Шу йиллар ичида ўзбек журналистлари цензура исканжасидан халос бўла олишмади.

    Ўзбекистонда давлат назоратидаги газета ва журналлар, Оммавий Ахборот Воситалари у ёқда турсин, жамоат ташкилотлари нашрлари, ҳатто мустақил газеталар ҳам назорат остида фаолият кўрсатади.

    Мустақилликнинг 15 йиллиги ичида ўзбек матбуоти ҳукумат истаётган мустақилликни мустаҳкамлашга, ҳукумат сиёсатини тарғиб қилишга мажбуран сафарбар этилди.

    Ҳукумат барча соҳада кучли назорат, тартиб ўрнатишга муваффақ бўлди, бироқ биз истагандек матбуот эркин бўла олмади.

    Ҳукумат назарида матбуотга эркинлик берилиши жамият ва халқ ҳаётида бош – бошдоқликларни келтириб чиқариши мумкин эди.

    Журналистларнинг аксарияти ҳукуматнинг бу сиёсатига кўнган ва шунга розидек кўринишарди Улар зўр бериб Президент Маҳкамаси тавсиясига кўра материаллар тайёрлашар, белгилаб берилган чизиқдан чиқа олишмас эди.

    Деярли барча маҳаллий журналистлар 90 йилларнинг ўрталаридан ўрта тўлқин орқали эфирга узатиладиган ББС радиосини мунтазам тинглаб боришар, ББСга тақлидан хабарлар тайёрлашга ҳаракат қилишарди.

    Ўзбек журналистлари учун ББС радиоси бир қўлланма, мураббий ва аросатдаги қалблар учун олисдаги бир маёқ эди.

    Лекин жамият ва халқ ҳаётидаги муаммоларни муҳокама қилишга, аста – секин кучайиб бораётган норозиликларни ифода этишда бу қўлланма дастурул амал бўла олмади. Чунки, аксар раҳбарлар совет даври матбуотида ишлаган, улар янгиликни қабул қила олишмасди. Бир неча ўн йиллар давомида шаклланиб қолган қолипларни парчалаб ташлашга қодир, журъатли журналистлар ҳали етишиб чиқмаган, борлари ҳам аниқ қутбларини йўқотиб қўйган, аросатдаги одамларга ўхшаб, гангиб юришарди.

    Маҳаллий журналистлар қишлоқ хўжалиги, саноат ва маънавият соҳаларидаги ҳукумат амалга ошираётган ислоҳотларни ёритишни ўзларининг асосий вазифалари сифатида қабул қилиб бўлишган эди. Радио, телевидения ёки газета ва журналлар хабарлари Президент Каримовнинг учрашувларини, давлат ва жамиятни ислоҳ қилиш борасида амалга ошираётган тўрт принципини тарғиб қилишга қаратилган бўларди.

    Бутун ўзбек матбуоти аста – секин кўз ўнгимизда Президент Ислом Каримов ва ҳукуматнинг тарғибот машинасига айланиб борди.

    Матбуот ва ОАВ билан боғлиқ қабул қилинаётган қонун ва қарорлар қоғоздагина қолиб кетарди. Тўғриси, журналистлар қонунлар ҳақида етарли тасаввурга эга эмас эдилар.

    2003 йилнинг май ойига келиб Ўзбекистонда цензура расман бекор қилинди, бироқ цензура амалда бор эди.

    Ҳукумат Эркин Комилов сиймосидаги бир назоратчини хўжа кўрсинга ишдан олди, бироқ уни ўрнига бош муҳаррирларга цензурлик масъулиятини юклади.

    Бундан ташқари барча газеталарни фақат ”Шарқ” нашриёт матбаа бирлашмасига ипсиз боғлаб ташлади. Мустақил нашриётларга йўл берилмади.

    Бош муҳаррир, матбаа ходими ва журналистнинг ўзидаги ички цензура ўзаро мувофиқлашиб олганди.

    Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини журналистлар ва матбуотга эркинлик бермаётгани учун танқид қилишда давом этишади. Ҳукумат эса ҳар қандай ислоҳотларга босқичма – босқич ўтиш ниятида эканлигини такрорлашдан чарчамайди.

    Миллионлаб ўқувчилар ва телетомошабин ёки радио эшитувчилар нега ўзбек матбуоти аҳволи бунақа деб ўз – ўзларига савол берардилар.

    Маҳаллий ўзбек журналистларининг кўпчилиги эркин бўлишни орзу қилади ва қачон ўша кунлар келар экан, дея ширин хаёллар суришади. Бироқ ваъда қилинаётганидек матбуотга эркинлик берилмайди.

    Ҳукумат жамиятни демократлаштириш бўйича ислоҳотлар ўтказилаётганини айтсада, матбуот соҳасида ўзгаришлар ҳали бери кўзга ташланмади.

    Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан сўнг мустақил журналистлар ва чет эл оммавий ахборот воситаларига муқобил равишда бир қанча интернет нашрлар пайдо бўлди.

    Пресс.уз.инфо , газета.уз каби сайтлар шулар жумласидандир. Бироқ мамлакат ичидаги аҳолини очиқ ва холис ахборотга бўлган эҳтиёжини қодира оладиган матбуот деярли йўқ ҳисоби. Мамлакат ичкаридан иҳоталаб олинган.

    …Бугун мен ўзбек маҳаллий матбуоти ва журналистлар ҳақидаги хотираларимни ёзар эканман, нуқул цензура остидаги матбуотдан қониқмай халқаро ва чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келган ҳамкасбларим кўз олдимга келаверади.

    Ўзбек матбуоти ва журналистлар ҳаётида катта ўзгаришлар олиб кирган ”Озодлик”, ББС, ”Америка овози” каби халқаро радиолар, Британиянинг ”Уруш ва Тинчлик” институти, Рейтер, Асошейтед пресс ахборот агентликларининг жамиятимиз ҳаётига таъсирини ҳеч қандай мезонлар билан ўлчаб бўлмайди.

    Бундан ташқари ўзбек жамоатчилигини очиқ ва холис ахборотга бўлган эҳтиёжини оз бўлсада қондиришга ўз ҳиссасини қўшган Фарғона.ру, ЦентрАзия интернет нашрлари хизматлари ҳам алоҳида таҳсинга лойиқдир.

    Ўзбекистон ҳукумати тазйиқ ва босимларига дучор бўлган журналистлар ҳам айнан ана шу ахборот нашрлари билан ҳамкорлик қилганлар.

    Тўғри, юқорида санаб ўтилган радиолар ёки ахборот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида эҳтиёткорликни унутмаган, ўзини ҳаёти хавфсизлигини ўйлаган жуда ҳам кўп журналистлар бор эди. Улар қанчалик эҳтиёткор бўлмасинлар, барибир ҳукуматнинг қора рўйхатига тушишга улгурган эдилар.

    Британиянинг ”Уруш ва Тинчлик”ни ёритиш институти ҳукуматни ғазабига учраган энг кескин ахборот ташкилотидир.

    Бу ташкилот ваколатхонаси Андижон воқеаларидан кўп вақт ўтмай ўз иш фаолиятини тўхтатганди.

    Институт мухбирлари, нисбатан кескин журналистлар: Галима Бухарбаева, Қудрат Бобожон, Тўлқин Қораев, камина Юсуф Расул, Матлуба Азаматова, Зокиржон Ибрагимовлар Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлишган.

    Яқинда олти йилга озодликдан маҳрум этилган Улуғбек Ҳайдаров, руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган Жамшид Каримов ҳам шу институт билан ҳамкорлик қилишган эди.

    Айни пайтда қамоқда сақланаётган Саиджаҳон Зайнобиддинов, Муътабар Тожибоевалар ҳам ”Уруш ва Тинчлик” билан ҳамкорлик қилганликлари айтилади.

    Бу институтнинг Ўзбекистонда Солеҳ Яҳёев, Солижон Абдураҳмонов, Сид Янишев каби кам сонли, эҳтиёткор мухбирлари қолган, бироқ улар ўз фаолиятларини давом этиришаётгани йўқ.

    Ўзбекистонда шу кунларда ҳам ўз фаолиятини давом эттираётган Франц пресс, Ассошейтед пресс ва айрим Россия ахборот агентликлари мухбирларини жуда эҳтиёткор журналистлар тоифасига қўшиш мумкин.

    Бироқ кескин ва эҳтиёткор журналистлар, қанчалик бир – биридан фарқланмасин, улар ҳамшиша ҳукумат учун хавфли бўлиб қолаверади.

    Шу боис бу каби қаламкашлардан доимо эҳтиёт бўлиб юриш тавсия этилади.

    7 октябр, 2006 йил.

    РС. Бу хотиралар ёзилганига орадан олти йилга яқин вақт ўтди…

    www.yangidunyo.org

    Published on oktober 25, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
    1 Comment

One Response to “Маҳаллий ва хорижий журналистлар ҳақида”

  1. Zur. Gap yuoq. Zohidov M.