-
Ижод ва инқилоб (эссе)
ХХ аср инқилоби ва санъати муросасизликнинг асосий таянчи сифатида айнан бир хил қарама-қаршиликни бошдан кечирмоқда. Амалиётда яроқсизлиги тобора ойдин бўлиб бораётган таълимотдан ўзини халос қилишга уринаётган ҳар иккаласи ҳам бебошдоқлик ҳиссидан қутулишга уринаяпти. Кечаги куннинг зиддиятидан пайдо бўлган инқилоб бугунги кунда – янги аср арафасида ўз қиёфасини ўзгартиришга киришди. Охир-оқибатда мақсади ва ваъдалари бир нуқтада туташиб кетадиган капиталистик ва инқилобий жамиятларнинг интилишлари фақат ягона саноат ишлаб чиқариши ақидасига амал қилгандагина бир бутунлик тусини олади.
Бироқ биринчиси қўллаётган воситаларига зид равишда ҳаётни тўлиқ қамраб олишга қодир бўлмаган, қотиб қолган ақидаларга таяниб ваъда бераётган бўлса, иккинчиси пировардида фақат таназзулга олиб борадиган воқеликка таянган қарашларига ёпишиб олган. Ишлаб чиқарувчилар жамиятининг қўлидан фақат ишлаб чиқариш келади, ижод қилиш эмас.
Муросасизликка муккасидан кетган замонавий санъат ҳам шаклпарастлик ва моддиятпарастлик ўртасида сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Дарвоқе, моддиятпарастлик буржуа жамиятида бўлгани каби социализмда ҳам ўзини замонасозлик ортига яширади. Худди шунингдек, шаклпарастлик ҳам эски жамиятда қандай сафсатабоз бўлса, янги жамиятда ҳам шундай ташвиқот либосини кияди. Ақлга зид инкорга берилган бадиий тил қай тарзда алмойи-алжойиликка айланса, ақлга зид эътирофга берилган бадиий тил ҳам шу тарздаёқ мутелик воситасига айланади. Ҳақиқий санъат ана шу икки қутб орасига манзил қуради. Мабодо, исёнкор хомхаёлга, ҳам моддият хукмронлигига шайдо бўлишдан қочаётган экан, унда санъаткор ҳам пуч шаклбозлигу эстетик мустабидликдан ўзини ҳимоя қилиши шарт.
Бугунги дунё, шак-шубхасиз бир бутунликка, бироқ нигилизм билан йўғрилган бир бутунликка интилаяпти. Тараққиёт эса ақидапарастликка айланган нигилизм билан бир қаторда ақидасиз нигилизмдан ҳам воз кечсагина, ижодий фаолият билан уйғунлашиши мумкин. Ваҳоланки, санъат соҳасида ҳам охири йўқ шарҳбозлигу-вайсақиликнинг куни битиб, у ҳақиқий ижодга яқинлашаяпти.
Аммо бунинг учун санъат ва жамият, ижод ва инқилоб, инкор билан эътироф, хусусий билан умумий, шахс билан тарих мураккаб тарзда мувозанатга киришган исённинг асл моҳиятига қайтиши зарур бўлади. Исён – тараққиётнинг даракчисидир. Биз ҳозир кириб қолган боши берк кўчадан, худди Ничше “ҳакамлар ва ёзилувчилар ўрнини ижодкорлик эгаллайди” деб эътироф этганидек, фақат угина бошлаб чиқа олади ва келажакка илинж уйғотади. Бироқ бундан санъаткор шоҳ бўлган шаҳар ҳақидаги хомхаёл чўпчакни оқлаяпти, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Пешона тери билан битилган асарлар ижодкор қобилиятини йўқотиб, тўлиқ ишлаб чиқаришга бўйсунган давримизнинг фожеасини яққолроқ англатади, холос.
Индустриал жамият мехнатга ва унинг маҳсулотига ижодкорлик бағишламай, меҳнаткашларнинг ижодий салоҳиятига йўл очмай туриб, тараққиёт сари интилаяпти. Аслида эса бизга зарур тараққиёт бадиий ижодни шакл ва мазмундан, руҳни танадан ажратиб, тасаввур қилиб бўлмагани каби мехнаткашларни ҳам хоҳ синф, хоҳ инсон сифатида ҳақиқий ижодкорлик руҳидан маҳрум қилмаслиги керак. Исён ўзи даъват қилаётган тараққиётни ана шундай тасаввур қилади. Шекспир, этикдўзлар жамиятни бошқаради, деган фикрга қарши турганлиги нафақат адолатсизлик, балки мутаассибликдан бошқа нарса эмас эди, бироқ Шекспирни мутлақо инкор қилган этикдўзлар жамияти бундан ҳам даҳшатлироқ мутаассибдир. Этикдўзни инкор қилган Шекспир мустабидликнинг қуролига, Шекспирни инкор қилган этикдўз мустабидликнинг қулига айланади. Ҳар қандай ижодкорлик моҳият-эътиборига кўра соҳиблик ва қулликни инкор қилади. Биз бугунги кунда яшаётган мустабидлик ва қуллик фақат бутун жамиятда ижодий руҳ ҳукмрон бўлгандагина мутлақ барҳам топади.
Ижодийлик зарур деган гапдан ижодкорлик осон иш экан деган фикр келиб чиқмайди. Санъатдаги ижодкорлик рухи шаклсиз воқеликка қатъий муносабатдан туғилган услубнинг мукаммаллилигига суянади. У ўз даври эҳтиросларини шаклга солган сайин ўзи ҳам шаклланиб боради. Бошқа томондан эса биз ошиқ-маъшуқликнинг жўшқин эҳтиросларидан узоқлашар эканмиз, бугунги санъаткордан де Лафажет хоним бўлиш талаб этилмайди. Шахсий ғам-ҳасратлар оммавий эҳтирослар тагида кўринмай қолган бугунги кунда санъат фақат ошиқ-маъшуқларнинг жўн эҳтирослари билан шуғулланолмайди. У янги тарихий курашлар жараёнида оммавий эҳтиросларни ўрганиши зарур бўлади.
Эҳтирослар ақлга бўйсунган, дунё қиёфаси мавҳумлашган айни пайтда санъат учун ўзини тақдир қўлига топширишдан бошқа чора қолмади; шундай бўлса-да, у ҳамон мустабидликка қарши бирликка даъват қилаяпти. Худди шу даъвати билан ўзини-ўзи хавф остига ташлаяпти.
Бугун ижод қилиш – ўлим билан ёнма-ён яшашга ўхшаб қолди. Оммага хос эҳтиросни ифода этмоқ учун ҳеч қурса уни ўз жисмида синаб, бошидан кечириб кўриш керак. Бироқ бу эҳтиросларни бошидан кечирмоқчи бўлган санъаткорга унинг ичида йўқолиб кетиш хавфи ҳам мавжуд, зеро замонамиз санъат асаридан кўра кундалик матбуот олди-қочдилари изидан қувиб юради. Матбуот бизга вақтимизни беҳуда сарфлашга ўргатмоқда. Пировардида муҳаббат ва романтик хаёлпарастлик даврининг акси ўлароқ бу эҳтирослар билан ўзини муолақ қилишга интилиш – касалликни қўзғатиб юбориш билан баробардир, негаки, оммавий эҳтиросларга маҳлиё бўлиш фақат уни деб, фақат унинг учун ўзини қурбон қилишни талаб қилади. Бугун санъатни яна ҳам юксакликка кўтариш имконияти қанчалик мавжуд бўлса, унинг таназзул хавфи ҳам шунчалик кўпдир. Ижод қирғин ва қатли ом билан бир жойда яшай олмас экан, тез орада ижодкорлар анқонинг уруғига айланади, чунки бугун ер юзи қирғ‘ин ва қатли ом бошпанасидир. Қоп-қора булут бўрон даракчиси бўлган каби ишлаб чиқаришни беадад кенгайтириш ҳам қирғин ва уруш даракчисидир. Уруш Пеги* (*Шарл Пеги(1873-1914) француз шоири ва публицисти. Биринчи жаҳон урушида харбийга кўнгилли бўлиб кетган ва Марна ёнидаги жангда ҳалок бўлган) каби шоирларнинг ёнини олиб, Ғарбни кундан-кун файзсиз қилиб бормоқда. Устига-устак вайроналарини тугатиб улгурмай туриб, буржуа олабўжиси ўзига қараб келаётган инқилоб олабўжисини кўриб қолди. Энди Пеги қайта туғилмайди ва яна даҳшатлиси шундаки, уруш таҳдиди Пеги бўлишни истаётганлардан ҳам шафқатсиз қасос олади. Бундан буён ижодий давомийлик мабодо ўзини ақалли битта намоянда қиёфасида тиклай олса ҳам, бундай намояндани юзага чиқариш учун бутун бир авлоднинг умри сарф бўлади…
Айни пайтда эса нигилизм кўзларини сўқир қилиб қўйган музаффар инқилоб дунёда бутунлик ва ижодийлик мувозанатини зўрға сақлаб турганларга ҳам таҳдид қилаяпти. Бугунги, демакким, эртанги тарих қиёфаси ижодкорлар билан янги мустабидлар, инқилобга ижод сифатида қаровчилар билан инқилобни нигилизм деб тушунганлар ўртасидаги курашга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Бу курашнинг хулосалари ҳақида ҳозир баҳслашиш нодонлик, бироқ бир нарса аниқ: бу курашни давом эттириш керак.
Замонавий мустабидлар зулм ва зўрликни қойиллатишади, бироқ ижод қилиш қўлларидан келмайди. Сан’аткор эса ижод қила олиши мумкин, бироқ ўлдириш қўлидан келмайди. Уларнинг орасидан жаллодлар чиқиши даргумон. Шу нарса аниқки, инқилобий жамиятда санъат ҳалокатга маҳкумдир. Бироқ бундан инқилоб ҳеч нарса ютмайди. Ижодкор одамни ўлдириш билан бирга жамият ижодкор қиёфасидаги ўз куч-қувватини ҳам ўлдиради: санъат билан бирга ўз танасидаги қувватни ҳам сўриб чиқаради. Охир-оқибат мустабидлар ўз ниятларига мутлақ эришган тақдирда ҳам бу билан ер юзини жаннатга эмас, нақ жаҳаннамнинг ўзига айлантирган бўлур эдилар. Ва лекин ҳатто жаҳаннамда ҳам санъатга ўрин топилади: у абадий таназзул чўккан беадад ўлик кунлар ичра сўниб ётган умидга йилт этган илинж – тириклик бағишлаш билан ғалабаси муқаррар исён – ижодни бошлаб беради.
Ўзининг “Сибир кундаликларида” Эрнст Двингер узоқ йиллар концлагерда хўрликда яшаган бир немис лейтенанти ҳақида ҳикоя қилади: у узун тахтачада овозсиз фортепаянога ўхшайдиган соз ясаб олади ва фақат ўзигагина эшитиладиган, уни маҳбусликнинг уқубатли ва зулмкор дунёсидан узиб олиб, олисларга ва ҳурликка етаклайдиган ғалати, сассиз мусиқалар чалади. Ва ҳатто дўзахда ҳам – асрлар оша инсон қудратини кўз-кўз қилган сирли оҳанглар, хўрлик ва ҳақоратдан юксалган гўзаллик ҳамда исён билан уйғунлашган наволар бизни зулм ва нодонликка қасдма-қасд улуғворликка чорлаб туради.
Бироқ дўзахий таназзул ҳам абадий эмас, вақти келиб ижодкор ҳаёт яна қаддини тиклай бошлайди. Балки, инсоният умрининг ҳудуди бордир, бироқ бизнинг вазифамиз интиҳога эмас, балки янги ҳаёт, янги ижодий имкониятдан дарак берувчи ибтидога интилишдир. Санъат бизга инсон тарих қутбларига сиғмаслигини кўрсатади ва унинг табиат устидан ҳукмронлиги ҳам мана шу жиҳати билан боғлиядир. Улуғ Пан унинг учун ўлгани йўқ*. (* Улуғ Пан – грек мифологиясидаги ҳайвонлар, ўрмон, дала, табиатнинг стихияли кучлари маъбуди. Плутархда келтирилишича, орол ёнидан ўтиб кетаётган денгизчилар “Улуғ маъбуд Пан ўлди” деган фарёдни эшитадилар. Бу антик дунё маъбудлари таназзулининг рамзидир).
Ўзининг исёнга бўлган ботиний эҳтиёжини қондириш учун у талаб қилаётган бирдан-бир нарса – барча зарурий нарсалар билан бирга пировардида гўзалликка ва тенгликка олиб борадиган турмуш асосларини бунёд қилишдир. Ҳар қандай тарихни инкор қилиш мумкин, бироқ барибир ўша инкор қилинган жойда ўзимиз яшашимизга тўғри келади. Бизга меҳнат – фаровон турмушнинг асосий гарови деб тушунтираётган, табиат ва гўзалликдан бебаҳра яшаса ҳам бўлади деб ҳисоблаётган инқилобчилар шу қарашлари биланоқ ўзларини-ўзлари тарих саҳнасидан ҳозирданоқ ҳайдаб чиқармоқдалар. Барча улуғ ислоҳотчилар Шекспир, Сервантес, Молер, Толстойлар яратган ижод намуналарини ўрганиш орқали тарих саҳнасига чиқишга уринганлар. Дунё ҳар бир одам қалбидан жой олган озодлик ва мавжудликка интилиш ташналигини фақат ўз воситалари билан қондиришга қодир эмас.
Ўз-ўзидан ойдинки, гўзаллик инқилоб билан мукаммаллашмайди, бироқ шундай кун келадики, инқилобнинг ўзи унга эҳтиёж сезади. Унинг воқеликни қамраб олиши ва бир бутунликка интилиш учун исён қонунига – ижодийлик қонунига бўйсуниши шарт бўлади. Инсон табиатини ва дунёнинг гўзаллигини мадҳ этиш билан адолатсизликни бутунлай йўқ қилиш мумкинми? Биз, мумкин, деб жавоб берамиз. Фақат бўйсунмас ва толмас ахлоқгина бизга ҳақиқий ижодий инқилоб йўлини очади. Биз гўзаллик билан ёнма-ён туриб, тарихий жараёнларнинг кўпиги бўлган яроқсиз ақидаларга эмас, санъаткор яратган ижодий оламни ўзида мужассам этган, нафратимизга сазовор дунёга янги ном, янги моҳият бера оладиган ИЖОДКОРга суянгандан сўнггина бошланаяк улуғ уйғониш кунига замин ҳозирлаймиз.
Назар Эшонқул таржимаси.
www.ziyouz.com
Крилл имлосига ”Янги Дунё” таҳририяти ўгирган.
Published on oktober 29, 2012 · Filed under: Жаҳон адабиёти;
Охирги изоҳлар