ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
« okt   Dec »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  

  • Туркийларнинг яқинлашишига қарши туриш шовинизм белгисидир

    Туркчилик

    Биз туркий зиёлилар – оддий,адолатпарвар халқини,зиёлиларини,ҳуқуқ ҳимоячиларини,демократларини ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз. Айнан шу типдаги одамлар асрлар давомида Марказий Осиёда фан ва маданиятнинг юксалишига,демократик қарашларнинг ёйилишига ёрдам бериб келган. Аммо халқлар орасига низо уруғини экиш билан шуғулланадиган,элларнинг бирлашувига халақит берадиган,шубҳа ва гумон билан яшайдиган,фақат бизнинг халқимизга яхши бўлса бас,бошқаларга ёмон бўлаверсин,тарзида фикрлайдиган ва бу хил қарашларини омма онгига тиқиштирадиган шовинистик қарашдаги кишиларга,ултра миллатчиларга,улар қайси халққа тегишли бўлсаларда,қаршимиз.

    Марказий Осиё ҳудудида яшаётган халқларнинг,умуман туркийларнинг яқинлашуви ва бирлашуви ҳамиша шу хил шовинистларга ёқмаган. XIX аср ўрталаридан бошлаб Марказий Осиёни ўз колониясига айлантиришни кўзлаб келган Россия шовинистлари аср охирларига етмай ўз мақсадига эришдилар. Қозоғистон ҳудудигина эмас,Қўқон,Бухоро,Хива хонликларини босиб олишди. Бу давлатлар вассал ёки ярим вассал давлатларга айланишди.

    Совет ҳукумати раҳбарлари эса,шовинистларнинг бу бошқариш усулини давом эттиришди, халқларни эксплуатация қилишни қонунлаштиришди.

    Ўтган асрнинг биринчи чорагида туркий халқлар бирлашиши мумкин бўлган бир вазият юзага келганда ҳам болшевикларнинг бошлиқлари бирлашувга қарши туришди. Бу масала кун тартибига қўйилганда, Турккомиссиянинг раиси Ван Эрнстович Рудзутак Туркистон Коммунистик партияси марказий Қўмитасининг ҳал қилувчи мажлисида:“Мен турк жумҳуриятининг ташкил этилишига қаршиман. Ҳақиқатда бир турк миллати мавжуд эмас,лекин туркманлар,қозоқлар,қирғизлар ва ўзбеклар бор”. (Г.Ф. Дакшлейгер. Историография Советского Казахстана. Олма ота. 1969,20,21 бетлар) деди. Унинг гапи ҳал қилувчи аҳамият касб этди ва туркийлар бўлиниб яшашга маҳкум қилинди.

    Ван Эрнстович Рудзутак гапларидан юқорида номлари саналган халқлар туркий эмас,деган маънони келтириб чиқармоқчи бўлган. Биз,ўша пайтлардаги маҳаллий ҳукмдорларни колониал тузим амалдорларидан яхши эди,демаймиз:улар орасида ҳам фақат ўз оиласи ва яқинларини,ўз атрофидагиларнинг манфаатларинигина ўйлайдиганлар,демократик қарашда бўлганларни тазйиқ ва сиқув остига олиб,қатоғон қиладиганлар кўп бўлганини яхши биламиз…Айни замонда,бизнинг халқларимиз 1991 йил августидан бошлаб мустақил бўлганини шовинистлар тан олишга мажбурлар. Худди шу пайтдан бошлаб давлатларимиз ўз инон –ихтиёри билан иш юрита бошладилар.

    Мамлакатларимизда ҳамма нарса ҳам осон кечмаётганини,Марказий Осиёдаги айрим халқларнинг аҳволи XXI аср талаблари даражасида эмаслигини билган ҳолда,айтишимиз лозимки, Озарбайжон,Қозоғистон,Туркия давлатларининг ҳукуматлари, парламентлари нисбатан демократик платформада иш юритиб, мустақил сиёсат юргизаётганига гувоҳмиз. Умуман барча давлатлар ташқи сиёсатни,шу жумладан,туркий халқларнинг бирлашиши масаласини ўзлари ҳал этишга ҳақлидирлар. Шу маънода Қозоғистон президенти Н.А. Назарбоевнинг шу йил октябр ойида Истамбулда сўзлаган нутқидаги кўп фикрларни биз қўллаб қувватлаймиз.

    Афсуски,эндиликда Россияда туркий халқларнинг бирлашишини истамайдиган янги Рудзутаклар пайдо бўлмоқда. Виктор Шестаков шулардан бири сифатида намаён бўлиб турибди ва назаримизда у Кремлдаги шовинистик қарашдаги айрим чиновликларнинг фикрларини ҳам ифодаламоқда. Акс ҳолда у Қозоғистон президенти Н.А. Назарбоевнинг “Қозоқлар 150 йил давомида миллий анъаналардан,урф одатлардан,тилидан ва динидан ажралишига сал қолди”,деган,бутун дунё тан олган фикрига қарши чиқиб ўтирмаган бўларди. Туркийларнинг бирлашмаслигини истаган Рудзутаклар, Шестаковлар, бу иш имконсиз эканлигини тинимсиз айтиб келишади. В. Шестаков бирлашиш ғоясини бўлмайдиган, амалга ошмайдиган иш эканлигини асослаш учун Уго Чавеснинг инк ва ацтекларнинг бирлашуви ҳақидаги чақириғига ўхшатади. Аммо туркийлар бу халқларга мутлақо ўхшамайди. Туркийлар илгари бирлашиб яшашган,ақли ноқис ҳукмдорларнинг узоқни кўраолмаслиги туфайлигина ажралиб кетишган…

    В. Шестакович бутун дунёда глобаллашув,интеграция жараёнлари кетаётганини билгани ҳолда,айнан шовинистик қарашлардан келиб чиқиб,Назарбоевнинг:“Оқ денгиз ва Олтой оралиғида 200 миллион қардошларимиз яшашади. Агар биз бирлашсак,катта ва таъсирли давлатга айланган бўлардик”,сингари фикрларига қарши чиқади…Шестаковга Н.А. Назарбоевнинг Турк Кенгаши,Л. Г. Гумилев номидаги Евроазия университетига асос солгани ҳам,“Остонадаги Туркий Академия бу университет билан қўшни”лиги ҳам ёқмайди. Ажабо,Шестаков бунчалик безовта бўляпти! Бировнинг юртидаги ташкилотлар ҳақида гапирганда,сал истиҳола қилиш керакмасмиди?! Ахир туркийлар қайсидир давлатларга қарши бирлашишаётгани йўқку! Туркийлар славянларнинг ўзаро бирлашувига қарши чиқаётгани йўқку! В. Шестаковнинг мақоласидан буюкдавлатчилик шовинзмининг ҳиди анқиб турибди.

    Бирлашув туркий халқлар,ҳаттто туркийларга қўшни бўлган бошқа халқларнинг ўзаро дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги учун,Қирғизистон фожиасига ўхшаган қонли воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун ҳам керак эмасми!? И. Каримовнинг бир пайтлар айтган,аммо амал қилинмаган, “Туркка турк ёрдам беради”, деган гапи тўғри эди. Туркийлар бирлашмагани учун ҳам шу хил фожиалар келиб чиқди. Шестаков туркий бирлашувнинг маркази қаерда бўлиши мумкинлиги ҳақида гапира туриб, савол ташлайди: ”Турк бирлигининг асосий маркази қаерда бўлади? Остонадами? Бакудами? Бишкекдами? Истамбулдами?” Бу хил саволлар првакациядан бошқа нарса эмас. Марказ ташвиши аслида унинг ташвиши эмас. У бу гапни туркийлар ўртасида низо қўзғаш учун ўртага отмоқда.

    Биз эса унга:бирлашишни билганлар марказ қаерда бўлишини ҳам ўзлари ҳал этишади, деган бўлардик. Бу ерда Ислом экстремистик факторини, Ироқ, Эрон, Хитой давлатларининг бу ишга қарши туришларини иддио этиш ҳам ўринсиздир. Халқларимиз,давлатларимиз бу масалани Ироқ, Эрон, Хитой давлатлари билан Шестаковларнинг аралашувисиз ҳам келишиб олишади. В. Шестаков афтидан ҳали ҳам бизни колония деб ўйламоқда., Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлганига ишонмаётганга ўхшайди. Марказий Осиё халқлари Россия билан тенг қўшничилик, дўстлик асосида муомала қилаолади. Бизнингча,давлатларимиз қайсидир шовинистларнинг ўзларини қандай йўлдан боришини кўрсатиб туришига зор эмас!

    Туркийларнинг бирлашув йўлидаги ҳаракатларига АҚШ геополитик иш услубини, Назарбоевга маслаҳатчи бўлаётган Тони Блэрни аралаштириш ҳам шарт эмас. Булар ҳам давлатлар ва шахсларнинг ички ишлари.

    Ташқи ва ички сиёсатдаги нигилизм, шовинизм ёмон оқибатларга олиб келиши тарихдан аён. Виктор Шестаковнинг ўйича, Марказий Осиё давлатлари фақат Россия билан яхши бўлиши керак, халқларимизнинг Туркия, Хитой, АҚШ ва Европа давлатлари билан яхши бўлиши унга маъқул эмас. Акс ҳолда АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Ричарда Баучеранинг Казахстан ҳудудий инфраструктура проектларида ҳал этувчи рол ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги гапини тескари талқин қилишга ҳаракат қилмаган бўларди…

    Хуллас,туркийларнинг, умуман барча халқларнинг яхши ният йўлида бирлашувига қарши туриш шовинизмнинг яққол кўринишидир.

    Қозоқ ва ўзбек зиёлилари номидан:

     

    Дадахон Ҳасан – шоир ва ҳофиз.

    Ботир Норбой – филология фанлари доктори.

    Сейитбой Байдуллаев – “Түркістан таңі” газетаси бош муҳарири.

    Бахтиёр Исабеков – филология фанлари номзоди,доцент.

    Исроил Сапарбоев – қозоқ ёзувчиси ва таржимони.

    Гулчеҳра Нуруллаева – шоира.

    Дилором Исҳоқова – шоира.

    Абдулазиз Маҳмудов – кинорежиссёр.

    Усмон Ражабов – инженер.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 1, 2012 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
    Kommentarer inaktiverade för Туркийларнинг яқинлашишига қарши туриш шовинизм белгисидир

Comments are closed.