-
Яшаш учун кутиш
(Ҳикоя)
“Бизни халқимиз ҳам қачон Европаликларга ўхшаб тўкин сочинликда, озод ва эркин мамлакатда яшар экан? Нега биз улардай ҳаёт учун кураша олмаймиз? Нега бизни халқимиз бу қадар бўшанг ва қолоқ?” Бу саволлар Назарлига ҳеч қачон тинчлик бермасди. Европада яшаётганига кўп вақт бўлмаган эсада у нуқул ўз ватанидаги одамлар турмушини бу ердаги ҳаёт билан муқояса қилар, турли хил фикрлар, ечими йўқ муаммолар уни хаёлини банд этганди.
Шундай кунлардан бирида Назарли Йозеф исмли бир инглиз билан танишиб қолди. Йозеф эндигина 28 га кирган йигит бўлиб фикрлаши ва дунёқараши негадир бошқаларга ўхшамасди.
Назарлини фикри ёди ўз ватанида ҳам демократияни ўрнатишга кўмаклашиш, Европа тажрибаларини ўрганиб, ўз атрофида соғлом фикрли кишиларни тўплаш, ислоҳотчилар гуруҳини тузиш билан банд эди. Бир куни у Йозефга ўз режалари ҳақида батафсил гапириб берди.
“Эркинлик ва озодлик инсон табиатида бор, халқингиз барибир бир куни тўла мустақил бўлади ва демократия қуради, бунга шак шубҳа йўқ”, деди Йозеф нимагадир ишонгандек.
“Йўқ, мени халқим ҳали вери демократия қура олмайди. Чунки, юзлаб йиллар давомида хонликлар замонида яшаган, совет иттифоқи асоратларидан қутила олмаётган, қўрқоқ ва мутеъ халқ билан демокртия қуриб бўлмайди. Бизга ҳали эрта!”, деди руҳи тушиб Назарлини.
“Одам деган озроқ некбин бўлиши керак. Бугунги қиийинчиликлар халқингизни кўзини очмоқда. Бундан ташқари жуда кўп омиллар ва эҳтиёжлар демократик қадриятларни амалга ошишига ёрдам беради. Сиз буларни аста секин тушуниб борасиз”.
Назарли ижарадаги хонасига қайтар экан, Йозефнинг бу гапларини хаёлида бот бот такрорларди.”Сиз буларни аста секин тушуниб етасиз”, деганди Йозеф.
“Йўқ, булар тушуниб етиш қийин бўлган сўзлар эмас. Тушуниш осон…Тушунаман албатта …” дея ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлагандек бўларди у.
Хона эса бўм – бўш эди. Ўзбекистоннинг салқин ва сарин ҳавоси ўрнида қандайдир зах ва қўланса ҳаводан истар истамас нафас олар экан, ич- ичидан оғир хўрсиниш келди. Мана бир йилдирки, у оиласи, фарзандлари дийдоридан бенасиб яшаяти. Қувғинликдаги ҳаёт шу қадар зерикарли ва диққинафас эдики, юраги нақд ёрилиб кетай дерди.
Озроқ тамадди қилгач, ягона овунчоғи бўлган компютери қаршисида ўтирди.
“Биз ниманидир кутиб яшаётгандекмиз. Бироқ кутаётганимиз нима?” дея ўз ўзига савол бера бошлади у.
Назарли калаванинг учини топа олмаётган одамдек жонсарак аҳволда эди. Бир томондан фарзандлари ва ватан соғинчи азоб берса, иккинчи томондан ўз халқини ёруғликка олиб чиқиш истаги уни қийнарди.
Компютер столи ёнида эса ёлғиз ўзилчаси Сафарлининг сурати…. У гўёки “Сизни жуда соғиндим, дада!”, деяётгандек хомуш қараб турарди.
“Нимадир қилиш керак…Нимадир…” Назарли қалбини қийнаётган саволларни қайта хаёлида жонлантиришга харакат қилди, бироқ энди барча орзу хаёллар уни тарк этишган, кўз ўнгида ўғли Сафарлининг нигоҳлари қотиб қолган эди.
хххх
Назарли қалбини эзаётган тушунуксиз ҳисларни унутишга ҳаракат қилибми, ўғлига нимадир ёзиш, шу билан ўз қалбини бўшатиб олишни истарди. Аста секин дардлари ҳарфларга, жумлаларга айлана бошлади:
“Биламан, ўғлим, сен ҳали мурғак гўдаксан, эндигина саккиз ёшга қадам қўйдинг. Сенга мактуб деб ёзаётган бу фикрларимни тушуниб ҳам етмайсан, бироқ ёзишга мажбурман. Негаки шундай қилмасам бўлмайди, қалбимни кимгадир, нимагадир очишим керак…”
Назарли учун ўғли уни ёзаётганларини тушуниб етиши муҳим эмас эди. Муҳими ўзини қийнаётган муаммоларга шу йўл билан ечим излашдек бўлиб кўринарди.
“Ёдингдами ўғлим, сен олти ёшга қадам қўйганингда қўшнимиз Турдиқул амакинг вафот этганди. Шунда сен мендан одамлар нега ўлишлари, ўлгандан сўнг қаерга боришлари ҳақида сўрадинг. Мен эса сенга жавоб бера олмадим. Мурғак тасаввурларинг мендан жуда катта жумбоқли саволарга жавоб беришни талаб қиларди, мен эса бу саволларга жавоб топа олмасдим.
Мана бугун эса сенга оддий бир афсоналарни ёзиб юбораяпман. Бу афсоналарни катта бўлганингда ҳам эслаб юрарсан деган умиддаман.
Мен бугун сенга ўз ватанини мажбуран тарк этган ва абадий ватан соғинчи дардида яшаётган инсонлар қисмати ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Мен сенга ҳикоя қилмоқчи бўлган тирик инсонлар сен ва менга нотаниш Адома сайёрасида яшашар экан. Адомаликлар бутун дунёга ҳукмронлик қилишни орзу қилишар эди. Бироқ уларнинг орзулари амалга ошмабди, Адомаликларга қирғин келибди, деярли барча тирик инсонлар бирин кетин қирилиб, ҳалок бўлишибди. Улар ичидан фақат етти кишигина тирик қолган экан. Уларни фақат бир нарса қандай қилиб бўлса ҳам ўз наслларини сақлаб қолиш хаёли безовта қиларди.
Бир куни тирик инсонлар бир жойга тўпланиб ўзаро маслаҳат қилишди.
“Азизлар, қавмдошларимиз қирилиб кетишди”, деди тирик инсонлар оқсоқоли. “Яқин кунларда барчамиз нобуд бўламиз. Шу сабабли Адомани тезроқ тарк этмасак бўлмайди. Бироқ барчамизни омон қолишимиз имконсиз. .Ҳеч бўлмаганда наслимизни сақлаб қолишимиз керак. Бунинг учун бизда фақат бир йўл бор, яқинда кашф этганимиз Йер сайёрасига бисотимиздаги ягона йўлдош орқали фақат икки кишини учиришимиз мумкин. Йер юзида келажакда бизни авлодларимиз ҳукмрон бўлишади. Улар денгизлардаги балиқлар, жамики ҳайвонот ва наботот олами устидан ҳукмронлик қилишади.”, дебди оқсоқол.
Тирик инсонлар ўз авлодларини давом эттириш учун Ота исмли сарвқомат йигит ва Она исмли гўзал қизга ишонч билдиришибди ва уларни Йер сари йўллашибди.”
ххх
Эртаси куни Назарли Йозеф билан учрашганда ундан Европа халқлари қачондан бошлаб демократик жамият қура бошлаганликлари ҳақида сўради. Йозеф эса уни донг қолдириб ота боболари қадим замонлардан ҳокимиятни бошқариш учун халқ фикрига қулоқ солиб келганликлари ҳақида сўзлаб берди. Масалан қадимги Римда эрамиздан олдинги учинчи асрларда биринчи демократик жамият ўрнатилгани, халқдан сайланган вакиллар ҳокимиятни бошқарганликлари Назарлини ҳайрон қолдирди.
У “мени халқим фақат босқинлар ва қирғинлар ичида яшаган, эронийлар, Искандар Мақдуний, араблар ва мўғиллар босқини, сўнгра руслар истилоси бизни миллат сифатида йўқ қилиб бўлган. Бугунги мустабид раҳбарлар халқни баттар қонини ичмоқда”, дея ўйларди.
“Инсоният демократиядан яхшироқ тузумни ўйлаб топганича йўқ, шу боис барча халқлар аста секин демократик жамият йўлига ўтади”, дерди Йозеф.
“Аста секин…Қачон мени халқим ҳам эркин ва озод бўлади сизлар каби?” дея тоқатсизлик билан сўради Назарли.
Йозеф суҳбатдошига ҳайрат билан қаради:
“Аста секин деганим, юз ёки икки юз йил деганим. Чунки демократия сизлар учун ҳали очилмаган қўриқдек гап. Янгилик… Бизда эса қарийб икки юз йилдирки, демократия ўрнатилган”.
“Демократия қаердан келиб чиққан? Қандай шу даражага етишга улгурдинглар? Буни тайёр андозалари борми?”
Назарлининг саволлари жуда кўп эди, бироқ Йозефнинг бу саволларга жавоб беришга вақти бўлмади ва “Бунинг учун жуда кўп маънавий ва жисмоний меҳнат қилиш керак. Инсон қандайдир илоҳий кучларга эмас, ўз онги ва тафаккурига ишониши лозим”, деганча хайрлашди.
Назарли кечга томон уйга қайтар экан, Йозефнинг “Инсон қандайдир илоҳий кучларга эмас, ўз онги ва тафаккурига ишониши керак” деган сўзларини эсларди.
“Биз шарқ халқлари қандайдир илоҳий кучларга ишониб яшаймизми? Йўқ биз фақат Аллоҳнинг ўзига ишонамиз, Аллоҳнинг бирлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг сўнгги Пайғамбари эканлигига иймон келтирамиз. Аллоҳнинг тақдирига , қазову қадарга ишониб яшаймиз. Ҳамма нарса Аллоҳдан деймиз. Бизни шунга ўргатишган”, дея ўз ўзига таскин берарди Назарли.
Кечга томон севимли машғулоти компютери ёнига келар экан, “Ҳа, Европа биздан анча олислаб кетган, биз улардан ўрнак олишимиз керак. Бироқ қандай?” дея ўйлади у.
ххх
Назарли яна ўғлини маҳзун суратига тикилар экан, барча хаёллари, демократия ва тарих ҳақидаги мулоҳазалари ёдидан кўтарилганини сезмай қолди. Беихтиёр яна хаёлига келган фикрларни клавиатурани қитирлатганча ёза бошлади:
.
“Ўғлим, мен сенга кеча ёзган хатимда Ота ва Она исмли инсонларни ўз ватанларидан жудо бўлиб, Йер томон учишгани ҳақида гапириб бергандим. Энди ҳикоянинг давомини эшит.Ота билан Она руҳ шаклида Йер сайёрасига қадам қўйишган эди. Улар ўзларига нотаниш бўлган тупроқда абадий қолиш истагида мавжудлик либосини кийишди. Мавжудлик либоси ёки вужуд Ота билан Онани Йерга маҳкам боғлаб ташлаган эди. Улар қанчалик урунмасинлар вужуд исканжасидан халос бўла олишмади.
Орадан беш юз йилга яқин вақт ўтди. Ота билан Она жисмлари қариб қолгани боис, бу дунё билан хайрлашдилар, уларни тупроқ ўз бағрига олди. Бироқ улар ўз авлодларига Адома ва абадий ҳаёт ҳақидаги афсоналарни мерос қилиб қолдиришган эди.
Йиллар ўтар экан Ота ва Она авлодлари ўзларининг асл ватанлари ҳақида ўйлай бошлашди.
“Бизни асл ватанимиз шу ер, шу замин. Биз шу замин, Йер юзини эгаларимиз”, дейишарди баъзи Йерликлар.
“Йўқ, бизни бошқа ватанимиз бор, биз у ватанда абадий яшаймиз, бу Йер биз учун вақтинчали яшаш жойи”, дейишарди бошқалари.
Вақт ўтган сари Йер юзидаги Ота авлодлари тасаввурлари ўзгарди. Улар вужуд истакларини ҳамма нарсадан устун деб билишар эди. Ота макон ҳақидаги орзу ва истаклар тобора сўниб борди, бироқ уларнинг қалбида Отадан мерос бир руҳ сақланиб қолган эди.
Заминда яшашдан зериккан одамлар ўз қалбларига қулоқ тутишар ва асл ватанлари борлигини ҳис қилишар эди.”
хххНазарли ғалати туш кўрди. Тушида бутун дунёни сув босганмиш. Одамлар қиёмат қойим бошланди дея ҳар томонга жонсарк югуришар, аёлларнинг фарёди оламни тутганмиш.
Эртаси куни Йозеф билан учрашганларида ундан бу туш таъбири ҳақида сўради.
“Сув босиши қиёмат нишоналаридан биридир. Қиёмат келмасдан бурун одамлар эътиқодларидан чекинадилар, бузуқчиликлар кўпаяди, турли зилзилалар ва сув босишлар бўлади… Лекин бу кунни қачон келишини ёлғиз Тангри билади”, деди у.
“Бизнинг ҳар кунимиз қиёмат кунидир” деб ўйларди Назарли.
Унинг назарида қандайдир сирли куч бутун дунёни ўз измида ушлаб турар, одамлар қўғирчоқ мисол унга бўйсунишар эди.
“Ҳа биз одамлар илоҳий кучлар қўлида бор йўғи қўғирчоқлармиз, хоҳласалар ўйнатадилар, хоҳламасалар итқитиб ташлайдилар. Шунақа дўстим, балки бизни халқимиз ҳам шу кучлар таъсирида ортда қолиб кетишаётгандир? Халқни эзиб, қонини сўриб ётган мустабидлар ҳам балки ёвуз руҳлар хизматкоридир? Қайдам ким билади…” дея хаёлга толди Назарли.
Йозеф унинг хаёлчан кўзларига ҳайрат билан тикилиб турар эди.
“Нега Тангри бизни халқимизни ёрлақамаган? Нега бу қадар диний маҳдудлик, тушкунлик ўраб олиб яшагани қўймайди уларни? Нега ?” Назарлининг бу саволлари Йозефни ҳам таҳликага солиб қўйганди. У саволларни қаттиқ тошдек бошига ёғдираётган осиёлик бу одамни тушунишга ҳаракат қилар, кўп ҳолларда унга қандай маслаҳат беришни билмай каловланарди. Сабаби Йозеф Назарлининг қандай миллатга мансублиги ва унинг миллатдошлари зеҳнияти ҳамда турмуш тарзини яхши билмасди.
“Тангри барча инсонларга бирдек ақл тафаккур берган, ҳеч ким бир биридан кам эмас. Лекин одамлар ўзларича ҳар хил урф одатларни қабул қилиб олганлар. Уларнинг баъзи удум ва анъаналари жамиятлар тараққиётига тўсқинлик қилади. Бор йўғи шу”, деди Йозеф Назарлига жавобан.
“Ҳа барча халқларга бирдек ақл тафаккур берилган, бироқ нега биз бугун Европадан орқадамиз? Нега бу қадар муаммолар ва қийинчиликлар ичида қийналамиз?”
Назарлининг бу фикрини кўзларидан уққандан Йозеф сўзида давом этди.
“Инсон доимо бу дунёда ёлғиз яшайди. У ўз ҳаёти учун ўзи масъул эканлигини яхши билмайди. Масалан баъзи шарқ халқлари ҳамма нарсани Тангридан деб билишади, улар учун Тангри ҳамма нарсани муҳайё қилиб бериши керак эмиш. Лекин бу нотўғри қараш. Чунки, Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннатдан қувилган кунларидан бошлаб Тангри иродасидан ташқарига чиқиб қолганлар. Улар ўз ҳаётларини ўзлари қуришлари керак. Инсон бу дунёда унутилган мавжудот аслида. У ўзини излаб топиши ва қайдан келганини ва ким эканлигини англаб етиши лозим. Шундагина абадий ҳаёт ҳақиқатларини тушуниб етади. Одам болалари қачондир ўзларининг ҳақиқий ватанларини излаб топишлари керак.”
ххх
Назарли доимо ўзини кимдир ёки нимадир пинҳоний кузатиб юрганини ҳис қила бошлаганди. У ўғлига ёзган мактубини шундай бошлади:
“Биз доимо ниманидир кутиб яшаймиз. Лекин бугунги кунга келиб бир нарсага қаттиқ ишона бошладим, биз яшаш учун ниманидир кутаяпмиз. Бу кутиш эмас жаҳаннам азобидир. Олдинги хатларимда Ота ва Она авлодлари ҳақида ёзгандим. Бугунги кунга келиб одамлар қалбида ўрнашиб олган эзгулик ва ёвузликлар манбаъи нимада эканлигини билиб олишингни истардим. Эзгуликлар Ота авлодларининг қалбида муҳрланиб қолган. Бироқ улар яшаб турган замин ёвузликларга, адолатсизликларга тўлиб тошган. Одамлар ёвузликни бу дунёдан мерос қилиб олган бўлсалар, эзгуликни Ота макондан олиб келишган эди.
Бугун ҳам Ота ва Она авлодлари қалбида эзгулик ва ёвузлик ўртасида кураш кечмоқда. Бу кураш тугамасдир ўғлим. Бу кураш абадий…Ёвузлик измида яшаганлар бу дунёда абадий қолиб кетишади, эзгулик йўлида юрганлар эса бир кун келиб ўз асл ватанларига – Ота маконга парвоз қилишади.”
www.yangidunyo.org
Published on november 10, 2012 · Filed under: Юсуф Расул, Ҳикоялар;
One Response to “Яшаш учун кутиш”
-
marat said on november 13th, 2012 at 7:52 e m
Assalomu aleykum shumbola! qandai Siz? Yaqinda uchrashamiz. Sogindim. nima sizga olib kelai Marat aka.
Охирги изоҳлар