ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – МХХнинг яширин лойиҳаси

    ”Янги Дунё” архивидан.

    Ўтган ҳафта “13 май Иттифоқи” Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига айлантирилгани ва Каримов режимига қарши бўйсунмаслик ҳаракатини бошлагани эълон қилинди. “Эрк” демократик партияси, “Андижон -Адолат ва Тараққиёт” ташкилоти ҳамда “Таянч” гуруҳи бирлашган бу янги ҳаракат фаолияти ҳақида ўзбек мухолифати фаоллари муносабати билан қизиқдик. Бизнинг дастлабки суҳбатдошимиз таниқли кинорежиссёр, ўзбек мухолифати фаоли Абдулазиз Маҳмудов.

    Юсуф Расул: -Ўзбекистон Халқ Ҳаракати илгари сураётган мақсад ва вазифалар ҳақида қандай фикрдасиз?

    Абдулазиз Маҳмудов: -Мен бу ҳаракатни жиддийлигига ишонмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон Халк Ҳаракатини орқасида ва бугунги мухолифатнинг умумий ҳаракатларини орқасида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) нинг ҳиди сезиляпти. Ҳозирги жараёнда ҳукуматга асосий мухолиф куч – бу МХХ. Ўзларини мухолифат деганлар эса МХХ нинг қўғирчоқлари холос. Шуларни ичида сиз ҳам, мен ҳам қўғирчоқлармиз. Барчамиз сиёсий сахнада ўзимиз танлаган ролларни ўйнаймиз ва ушбу ролларни МХХ назоратида ижро этамиз. Бизни фаолиятимиз бу Ўзбекистон рахбарияти олдида МХХ ни зарурлигини исботловчи далил.

    Ю.Р.- Муҳаммад Солиҳ ҳам МХХ қўғирчоғими?

    А.М.- Ҳа, Мухаммад Солиҳ акамиз ҳам…Илгаридан «миллатчи», «исломчи» «олабўжи» ролини уйнаяпти. Негадир уни сиёсий «рақиби» ва доим фош этувчи «демократ» Абдурахим Пўлатов акамиздан ҳали бери дарак йуқ. Ҳозирги МХХ ни ҳаракатларидан юқори табақаларнинг Каримовдан норозилиги яққол кўриниб қолди.Лекин…МХХ кўчаларга оммани чиқариб, томоша қилиб ўтирса натижа чиқмайди. Шунинг учун сиёсий мухолифатни ўйинга солади ва вақтинча қўллайди…


    Ю.Р.- МХХ ҳам Каримовдан қутулмоқчими?

    А.М.:- Ҳа, мени тахминим бўича юқори табақали амалдорлар Каримовни кетказмоқчи шекилли…Ёки бу МХХ ўйинлари (аборт қилиш сингари) инқилобни олдини олишга ўхшаяпти. Ҳатто улар Ўзбекистонда инқилобий муҳит мавжуд эмаслигини яхши билишса ҳам… Бир илмий тажриба сифатида ўтказиладиган сиёсий лаборатория изланиши бу.
    Мухолифат лидерларини ҳозирги чақириқларидан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан одам. Қандайдир мухолиф куч бор эмиш, лекин ҳеч ким уларни билмасмиш. Улар ўзларини мавжудлигини сир сақлашаётган эмиш… Ҳаммаси ўзбекона ҳаракатлар… Ўқ отадигон бўлса ҳам панада ўтириб, милтиғини сал окопдан кўрсатиб, ғанимга эмас осмонга ўқ узиш билан баробар бир нарса. 20 йил давомида 100 та муҳожир мухолифат намоёндаларини бир умумий ғоя атрофида бирлаштираолмаган шахслар 27 миллионлик Ўзбекистон ахолисини интернет давъати билан кучага чикарармиш. Во Ал – ҳазар!

    Халқни кўчага олиб чиқиш учун бизга интернет эмас АЛ ЖАЗИРА керак. АЛ ЖАЗИРАНИНГ Марказий Осиё нусхаси. Лекин, бу яқин орада амалга ошмайдигон нарса. Ўзбекистонни Шимолий Африка билан солиштириб бўлмайди. Шимолий Африка тараққиёт йўлларига яқин ҳудуд ва тарихан Ўрта Ер денгизи атрофида жойлашган умуминсоний тараққиётнинг бешикларидан биридир… Ҳозирги Ўзбекистон эса тараққиёт йўлларидан анча йироқда , халқни тафаккури 19 аср даражасида қотиб қолган, амалдорлари эса ўта худбинлик ва коррупция билан машҳур қолоқ давлат.

    Ўзбекистонда оламонни бошқарадиган лидернинг ўзи йўқ. Буни ҳам МХХ яхши билади. Бу ҳаракатлар хориждаги сиёсий динозаврларни ўзларини борликларини кўрсатиб қўйиш учун ҳам керак бўлгандир. Кўрамиз…Балки оламон кўчаларга чиқар… Лекин бунга ишониш жуда қийин. Кенг оммани кўчага чиқиши учун халқни ичида яхши танилган харизматик ва ишончли лидерлари бўлиши керак.Атрофида уларни хурмат киладигон ва кўллайдигон, катта бир тоифа хам бўлиши керак.

    Хуллас калом, янги тузилган Ўзбекистон Халк Харакатини чақириклари 1905 йилни 9 январ куни Санкт Петербургда содир бўлган поп Гаппонни чақириқларига ўхшайди. Яна бир бор такрорлаб айтмоқчиман, Ўзбекистонда инқилобий муҳитни курмаяпман. Буларни ҳаммаси МХХ нинг ўйинларига ухшайди. Яна ким билсин? Балким биз ёшлар йўқ, ёшлар кўринмаяпти деган фикрларимиз ноўриндир… Балким биз билмаган, танимаган кучлар 20 йил давомида махфий етиб чиқишгандур. Бу саволларга жавобни бир ойдан сўнг кўрамиз.
    Бу ғалаёнлардан натижа қандай бўлишидан қатъий назар фақат МХХ ютади. Бордию оламон кўчаларга чиқиб, намойишлар уюштириб, бирон бир жиддий талаблар қўйилса МХХ ўзини одамларини ҳукумат тепасига олиб келади. Бордию оломонни кучи бўлмаса МХХ ҳамма ўзгача фикрлайдиган одамларни қора рўйхатини тузади ва жазолайди. Ва бу иши билан араб мамлакатлари таъсирида энди шаклланаётган оммавий сиёсий норозиликлар уриғи абортини амалга оширади. Ва энг муҳими «исломчи» Муҳаммад Солиҳ «олабўжини» «халифа тузиш жирканч ниятларини» бутун дунёга яна бир бор фош этади. Ва занг босган давлат механизми гайкаларини янада қаттиқроқ қотириб қўяди.

    Ю.Р.: – Сизни бу фикрларингиз ажабланарли. Наҳотки ўзини ўзбек мухолифатиман деб юрганлар ўзларини МХХнинг қўғирчоғи эканликларини билмайдилар?

    А.М.: – Шунга ўхшайди. Илгари ҳам қайта қуриш даврида СССР НОРАСМИЙЛАР ҳаракати орқасида КГБ турган. Улар хитойча хунвейбинлар сингари ўрта буғиндаги коррупциялашиб қотиб колган бюрократияга карши ташкил этилганди. Ва пировардида МХХ таъсиридан чиқиб кетиб миллий озодлик ҳаракатларига айланишди.

    Ю.Р.:- Мен “Бирлик” партияси лидери Абдураҳим Пўлат ва унинг ўринбосари Пўлат Охунни МХХнинг чизган чизиғидан чиқмаслигини аниқ биламан. Лекин Муҳаммад Солиҳни ўзи билмаган ҳолда МХХ хизматини қилиб юрганига кўпчилик ишонмайди…

    А.М.:- Биз улар билан ҳамкорлик қилишимиз шарт эмас. Лекин ўз фаолиятимизда уларни ҳидини вақти вақтида сезишимиз мумкин… Баъзи пайтларда МХХ билан бизни ниятларимиз яқин ҳам бўлиши мумкин. Бунга яққол далил сифатида ўзимни фильмларимни келтираман. Улар сизни сайтингизда чиқа бошлади… МХХ ҳаммасини кузатиб турибди. Лекин ҳалигача менга тазйиқ ўтказгани йўқ…

    Ю.Р.: -Демак, МХХ бу филмларни намойиш этилишидан манфаатдор бўлиши мумкин, шундайми?

    А.М.:- Ҳа, фильмларни сайтга чиқиши уларга ҳам керак. Қирғизистондаги қирғинга расмий зарба бўлмагандан сўнг, ҳеч бўлмаса мухолифат номидан қирғиз хукуматини фош этувчи бирор бир материаллар чиқиши керак-ку! Бу уларга жуда маъкул келди менимча. Фурсатдан фойдаланиб амалдорларга бўлган « 20 йиллик мухаббатимни» чуқурроқ изҳор қилиш учун бошқа хужжатли фильмларимни ҳам сайтингизга қўяман.

    Ўзбек дипломатиясини ва ҳукуматининг Ўш фожиасидан сўнгги ҳаракатсизлиги, буларни нафақат ички сиёсатда ва иқтисодда, хатто ташқи дипломатияда ҳам ожизлигини кўрсатди. Улар давр талабидан анча орқада қолганлиги яққол кўриниб қолди. Шуни учун буларнинг бошқарувида Ўзбекистоннинг келажаги йўқ.

    Ю.Р.:- Аслида мухолифат ҳукуматнинг кўзгуси бўлиши керак эди. Ҳозир эса ҳукумат ўз афти – ангорини таний олмайдиган даражага келган. Бу ҳукуматни танқид қиладиган мухолифат йўқ. Ўз хатоларини кўра олмайдиган ҳукумат ана шундай вазиятда қовун тушуриб, ўзини сиёсий ноқобиллигини кўрсатиб қўяди…

    А.М.:- Албатта…Лекин мухолифатни тан олиш, унга йул бериш учун юқори табақали давлат раҳбарларини сиёсий маданияти бўлиши керак. Улар давлат микёсида фикрлашни ўрганишлари керак…20 йил давомида булар оддий, ҳар бир тараққий этган давлатларга хос замонавий удимни ўрганишмади. Ва мухолифатни шакллантириш соҳасида бирон бир жиддий иш қилишмади. Фуқаролик жамияти тузиш муаммоси ҳам ўз ўрнидан силжигани йўқ. МХХ эса 20 йил давлат хавфсизлигини рукач қилиб асосан мухолифатчиларни ва оддий фуқароларни қириб, юқори табақадаги уюшган жиноий гуруҳларни ҳимоя қилиб келди. Энди 20 йилни беҳуда бой берганларга ёппасидан исён керак бўлиб қолибди. Лекин ҳали хам кеч эмас… Агар МХХ ва уларни орқасида турган тўраларни Ўзбекистонни сиёсий, иқтисодий ва маънавий ботқоқдан чиқариш ниятлари самимий булса. оломонни исёнга чақирмасдан, мухолифатни авф этиб, қамоқлардан чиқариб, ватанга қайтариб, партияларини рўйхатдан ўтказиб, мамлакатда мавжуд сиёсий жараёнларга қўшиб ислоҳотлар ўтказиш керак. Бу амаллар халкимиз ишончини қозонади ва жамиатни жиддий ўзгаришларга олиб келади.Чунки, сиёсий мухолифатни мавжудлиги бу давлатни соппа- соғлигининг далолати. Мухолифат – давлатчиликни касалликлардан асрайдиган иммунитет каби зарур нарса. Ҳақиқий мухолифат бу ҳукуматни башарисини ўз-ўзига намойиш этадиган ойна . Ойнасиз ҳукуммат пардоз – андозни, иссиқ сувни ва совунни билмаган ваҳший махлук. Ва энг муҳими, ҳақиқий мухолифат юртни мустақиллигини, тараққиётини, осойишталигини кафолоти.

    Энди яна бир МХХ га таклиф… Менимча ҳозирги Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини чақириқларини самарали амалга ошириш учун бир ой ичида Ўзбекистон ҳудудида бирон бир кўзга кўринган мухолифатчини йўқотиш, ёки бир нечасини қамаш лозим. Шунда – ПИАР АКЦИЯЛАР КЕСКИНЛАШАДИ… Оломон оммавий норозиликлар уюштириб кўчаларга чиқади. МХХ кучлари эса юқори табақали амалдорлар билан тезроқ Каримовни ишдан четлатишга муяссар бўлади ва ўрнига
    Каримовни дублёрини келтиради.

    Қани энди биз умид қилгандай Каримов тинч йўл билан президентликдан кетса, уни ўрнига демократик сайловлар билан маърифатли, маънавиятли шахс сайланса.. Лекин бу хом хаёл. Кўп мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқсак, фукаролик жамияти йўқ, қолоқ давлатларда оломон фақат гўшт вазифасини бажаради. Тахт ва уни атрофига – мавжуд тузумни иккинчи, учинчи эшелон амалдорлари келади. Исёнда қатнашган айрим қурбонларга эса янги ҳукумат «Халқ Қахрамони» ордени беради.

    Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади. Вақти вақтида МХХ сценарийсидан чиқиб кетишни ҳам ўрганишимиз керак. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини чақириқларини МХХ ўйинлари деб гумон қилиб, сабр билан июнь ойини кутайлик. Эшмат ўғрини ўрнига Тошмат ўғри келиши учун халқимиз ўзини ўзи қурбон қилиши керак эмас. Агар бордию мавжуд тузум амалдорлари ичидан мард бир гуруҳ чиқиб президентлик лавозими учун ошкор курашмоқчи бўлса уларни ташқи ва ички мухолифат албатта қўллаши лозим. Сўзимни охирида мухолифатчи биродарларимдан узр сўраб, бу сўзларим арзимаган тахмин ва гумон сифатида “Янги Дунё” саҳифасида қолишини истардим.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 11, 2012 · Filed under: Абдулазиз Маҳмудов, Юсуф Расул;
    3 Comments

3 Responses to “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – МХХнинг яширин лойиҳаси”

  1. )))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))))

  2. Mustaqil kuzatuvchi said on

    Po’latov, Rasulov, Choriev ham hukumatni qo’g’irchoq o’yinchilari. Faqat JM mustaqil haqiqatdan ham halqni yashashini va demokratiya (haqiqat) bo’lishi uchun kurashib kelmoqda.MS esa bazida MXX ni oyinini qiladi bazida yoq. Karimovning ishlaridan MXX lar charchagan ko’rinadi. Ishoninglar uzbeklar demkratiyadan boshqa yol yoq, hatto bu sistemani ham kamchiliklari bolsayam.Dunyodagi eng mukammal davlat sistemasi shu. Shuni ornatsak, hech birimiz bir birimizga shubha bilan qarashimiz qolmaydi. MXX, hamma hamma yaxshi hatoy kechira boshlaydi.

  3. Mustaqil kuzatuvchi said on

    Umrimni 10 yilini Ingliz tili va dunyoviy bilimlarni organishga sarfladim. Kop siyosatchilikka davogar qilayotganlar chetda yashashsada Ingliz tilini yaxshi bilishmaydi, ichkaridagilar eskicha (sovetcha)fikrlaydi. Shunga bizni jamiyatda ozgarish qiyin bolmoqda. Bizda yangicha fikr yuritadiganlar etishmayabdi. Yangi fikrlarni etkazib beradigan ham.Agar Obamani nutqlarini va halqni ishontira olganini eshitganlar bolsa demikratiyaga yana bir karra ishonishadi. Men har kuni kamida 10 minut vaqtimni Uzbekistondagi yangiklarga saqflayman.Chunki shaxsiy hayotim bilan kop bandman.Bu hukumat bizni shunday qorqitib yuborganki hatta web sahifalarga komentariya qoygani odam qorqadi.Oz fikrini bildirish faqat oddiy inson huquqlariga kirsa ham.