-
Янгиланаётган дунё
Илк тасаввурлар
Тасаввур қилинг, эрталаб уйқудан уйғондингиз, дастлаб мудроқ босган кўзларингизни уқалаганча нима ҳақда ўйлайсиз? Менимча ҳар бир киши тонг отиши билан рўзғори, оиласи ва муҳими ўзининг ижтимоий аҳволи ҳақида бош қотиради. Муҳими шу: ҳаёти фаровон бўлса, болаларининг қорни оч қолмаса, тирикчилиги бир амаллаб бўлсада ўтиб турса. Одам боласининг ҳаёти қўпол қилиб айтганда ошқозонига боғлаб ташланган. Бу муаммодан ҳеч ким қочиб қутила олмайди. Бу муаммо бироз бўлса-да ҳал бўлгач, у бошқа нарсалар ҳақида ўйлай бошлайди. Булар оддий одамларнинг кундалик машғулоти. Шундай дейману оддий ёки мураккаб одам бормикан бу дунёда деб ўйлаб қоламан. Кимдир мардикорчилик қилиб кун кўради, кимдир давлат ишларида ишлайди, кимдир врач, журналист, ёзувчи ёки олим. Уларнинг ҳаммаси оддий одамларку!
Мен баъзида ўзини осмондан олиб юрадиган “даҳоларни” халқимиз ҳақида гапирганда “қора халқ”, “авом” деган сўзларни ишлатишини ҳеч қачон ҳазм қила олмайман. Халқ, одамлар энг аввало умумий тушунча. Ҳаммамиз Аллоҳнинг яратган ожиз бандаларимиз, демакки халқмиз. Халқимизни “сиёсий кўр”, саводсиз”, “қўрқоқ” деб тинмай ёзаётган, гапираётган одамларнинг ўзи ким? Улар бизнинг халқимизга мансуб одамлар эмасми? Ахир халқни сўкаётган, ҳақорат қилаётган одамлар энг аввало ўзини, ота боболарини, қариндош уруғларини ҳақорат қилмаяптими?
Мен, менинг оилам, менинг қариндош уруғларим, қўшниларим, қишлоқдошларим, ҳамкасб дўстларим, миллатдошларим, халқим, юртим, она ватаним… Мен ўзимни англаб етсам, кимлигимни, қандай инсон эканлигимни тушунсам – ота онамни, дўстларимни, қариндошларимни, миллатдошларимни, демакки халқимни тушунаман. Мен ўзимни англамасам – ҳеч кимни англамайман.
Инсонга муносабатда, миллатга муносабатда ва халққа муносабатда ҳар бир одам ўзидан келиб чиқиши керак.
Бу фикрлар балки ёлғондир, бу фикрлар балки нотўғридир, лекин мен шундай қарашдаман.
Хўш, нега бу гапларни ёзаяпман? Бу гаплардан менга, сизга ёки бошқа одамларга бирор фойда борми? Мени англаган нарсаларимни бошқаларга қандай дахлдорлик жойи бўлиши мумкин? Бошқалар билган, тушунган нарсаларни мен билишим керакми?
Бу саволларга жавоб беришдан олдин эътиборингизни бошқа нарсага жалб қилмоқчиман.
Ўзбекистонда Ислом Каримов иқтидорга келгандан буён оддий одамлар ҳаётида, турмушида ва маънавий ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлганини биласизми? Одамларнинг ҳаёти 1990 йиллар бошига қиёслаганда неча баравар ёмонлашди? Халқимизнинг турмуш тарзи яхши томонга ўзгардими? Бизни, ота – оналаримиз, ака- укаларимиз, қариндош уруғларимиз, миллатдошларимизнинг маънавияти қай суръатда ўзгарди ёки янгиланди?
Бу ўзгаришларни ўлчайдиган аниқ мезонлар борми?
Биз ҳар куни Каримовни ва у яратган режимни лаънатлаймиз. Биз ҳар куни қаттол режим қўлида қурбон бўлаётган диндор биродарларимизни, сиёсий маҳбусларни, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистларни эслаймиз. Биз ҳар куни ватанимизда ҳам бирор ўзгаришлар бўлишини илҳақлик билан кутамиз. Ҳар куни ниманидир кутиб яшаймиз. Лекин ўша нимадир содир бўлмайди. Нега?
Келинг энди юқоридаги биринчи саволлар мажмуасига қайтайлик. Мени қалбимни қийнаётган саволларни, мен англаган ва тушуна бошлаган муаммоларни, мени ички дунём ва шууримдаги ғалаёнларни сизга даҳлдорлик томони борми? Халқимиз ҳаётида, жамиятимизда бир неча асрлардан буён қотиб қолган муаммолар ҳақида мен ўз фикрларимни ёзсам, сиз уларга ўз муносабатингизни билдира оласизми? Каримов яратган даҳшатли тузум илдизларини кавлаб кўрсак, халқимиз устига оғир кўрпадек ёпинган режимни сидириб ташлаш йўллари ҳақида гапирсак, сиз бу мунозарага қўшилишдан тортинмайсизми?
Мен, масалан ҳамма нарса ҳақида ёза олмайман. Чунки, ёзаётганда, фикр билдираётганда биринчи навбатда ўзимдан келиб чиқаман. Ҳамма одам ҳам шундай.
Мени бу фикрларни ёзишдан мақсадим “Янги дунё” ўқувчиларини НИМАЛАРНИДИР АНГЛАШГА даъват этишдир. Атрофимизда бўлаётган воқеа – ҳодисалар моҳиятини тушуниб етиш учун уларни АНГЛАШ керак. Англаш нимадан бошланади?
Мана мен сизларга ўз билганларимизни, англаган, тушуниб етган нарсаларимни ёзмоқчиман. Сиз мен англаган нарсаларни онгу шуурингиздан ўтказиб англашга ҳаракат қиласизми? Сиз мени қийнаган саволларни англасангиз мен сизни англайман. Биз бир – биримизни шундай тушунамиз.
Зотан, дунёдаги энг қийин муаммо – одамларнинг бир бирларини англашларидир. Бу дунё муносабатлар, мулоқотлар, тушуниш ва англаш учун қурилган кўркам бир иншоотдир. Сиз ўзингизни англар экансиз, бошқаларни англайсиз, бошқаларга ўзингиз ҳақингизда хабар берасиз. Сиз ўзингизни англар экансиз Яратгувчингизни англайсиз, Яратгувчига ўзингиз ҳақингизда белги берасиз…
Ўзликни англаш бу – Тангрини англашдир, тўғрироғи Ўзликни янглаш ҳақиқий ҳаётга ташланган дастлабки қадамдир.
Сиз Тангрини, ўзингизни ва атрофингиздаги одамларни, жамиятимиздаги муаммоларни англашга тайёрмисиз?
Булар мени қийнаётган саволлар эмас.
Мен кўпроқ умуман бошқа нарсалар ҳақида ўйлайман. Масалан, Европадаги кундалик ҳаётимни Ўзбекистондаги ҳаёт билан муқояса қиламан. Бу ердаги ҳаёт оддий ҳаётдек тассурот уйғотади. Ҳаёт, шу қадар оддий ҳаёт. Одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, ижтимоий – сиёсий ҳаёти жуда ҳам оддий. Бу ҳаётда муаммолар йўқдек. Ҳамма нарса етарли. Бу қадар тўкис ҳаётни уларнинг ўзлари яратишган. Бизнинг ватанимизда эса ҳаёт бошқача. Ер юзининг бир четида ҳаёт худди жаннатни эслатса, бизни ватанимиздаги ҳаёт дўзахтга ўхшайди. Майли бу ҳақда бошқа кишиларнинг фикрлари билан ўртоқлашганимиз маъқул. Чунки бир кишининг фикри бир кишининг фикри. Бир одамнинг фикри объектив бўла олмайди. Мени фикрим ҳам объектив эмас, балки субъективдир. Мен ўз шахсиятимдан, дунёқарашимдан келиб чиқиб фикр билдираман. Бошқалар ҳам ўз шахсиятларидан келиб чиқадилар. Фикрларда шахсиятлар ялтираб кўринади.
Нега Ғарб ва Европадаги ҳаёт мукаммалу биздаги ҳаёт тўкис эмас, балки ғурбат ва қийинчиликлар ичида? Бунинг сабаблари ҳақида биласизми?
Биз бу саволларга жавобни қайсидир китоблардан эмас балки Ўзимиздан, ўз ҳаётимиздан қидирамиз.
Яшар эканмиз бу саволларга жавоб топишга уринамиз.
Ҳар куни янгидан тонг отади. Ҳар куни ўтаётган кунларимизда нималар содир бўлаётган бўлса ва бу ҳодисалар бизнинг онгимиздан кечса, билингки биз ўзгаришлар дунёсида яшаяпмиз. Бу ўзгаришлар моҳиятини ёзиш ва бу ўзгаришлар нималардан иборат эканлигини англаш учун барчамиз мужодала бошлашимиз керак. Зеро ҳар бир инсоннинг бу дунёдаги энг катта мужодаласи ўзини англаш учун бўлиши керак. Ўзини англаган киши отасини , онасини, ўзини Яратган Зотни, Яратган Зот яратган махлуқотларни англайди. Англашлар ўзаро боғлиқ нарсалардир.
www.yangidunyo.org
Published on november 22, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
Охирги изоҳлар