-
Иноятулла Шаҳроний турк халқларининг бугуни, эртаси ва ягона Туркистон ғояси ҳақида
Рукнимизнинг бу галги меҳмони – америкалик машҳур Ўзбек тилшунoс oлими, педагогика фанлари доктори, профессор Иноятулла Шаҳроний:
Профессор Иноятулла Шаҳронийнинг асарлари Афғонистондан ташқари, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, АҚШ, Канада ва бoшқа мамлакатларда ҳам нашр этилган
Би-би-си: Домла, агар қарши бўлмасангиз, суҳбатимизни шахсан ўзингиз “Тиллар ҳамдўстлиги” китобингизда илгари сурган саволлар билан бошласак. Сиз унда ”Туркий халқлар нима учун бир-бирларидан айрича тирикчилик қилаяптилар? Булар ўртасидаги бирлик, биродарлик, ҳамдўстликка ким, кимлар раҳна солган, деб сўрагансиз. Шу ўринда ўзингиз бунинг сабабларини нимада кўрасиз?
Иноятулла Шаҳроний: Туркий миллатлар ҳаммаси бир бўлмасин деб, уларни қасддан турли миллатларга бўлиб юборишган. Шунинг учун ҳам мен ўз китобимда сизлар қачондир бир-бирларингиздан жудо этилган бўлсангиз ҳам, барчангизнинг қонингиз бир, тилингиз бир, деб эсларига солдимки, дарҳақиқат бир-бирларини танишса, деб. Ўзлигини унутган ҳар ким ўзининг кимлигини ҳам билмайди. Улар ўзларини алоҳида бир миллат деб ўйлашади. Билишмайдики, дунёдаги уч юз миллион инсон ҳаммасининг қони бир, бир миллат, бир халқ булар…
Би-би-си: Лекин домла, мана ҳозир биргина Марказий Осиё давлатларини олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг тутаётган ташқи сиёсатлари бирлашишларининг ўрнига бир-бирларидан анчайин узоқлашишларига хизмат қилаяпти. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?
Иноятулла Шаҳроний: Бу кўп ёмон ҳолат. Одам бир-биридан айри бўлса, заиф бўлиб қолади. Булар бирлашишлари керак. Менинг назарим шуки, агар имкони бўлса, туркий мамлакатлар ягона давлат остида бирлашишмаса ҳам, баъзи бир нарсаларни муштарак қилишса, масалан – пулни, иқтисодни, тижоратни, бориш-келишни,.. бундан ташқари, оммавий-ахборот воситалари орасида алоқаларни йўлга қўйсалар, уларнинг бир-бирлари билан яқинлашиш имкониятлари ошади, бу – ўзларининг кучайишларига ҳам хизмат қилади, алоқалари яхшиланади ва дўстликлари ҳам мустаҳкамланади.
Би-би-си: Нима учун у ҳолда Марказий Осиё давлатлари бунинг афзалликларини англаб етишмаяпти?
Иноятулла Шаҳроний: Бунинг сабаби шуки, уларнинг ҳар бири ўзларини яхши кўришади, ўз ҳукуматларини сақлашга уринишади, бошқаларни ўйлашмайди, фақат ўзим бўлай дейишади. Ҳамма муаммо сиёсатда. Ҳозир бошқа мамлакатлар уларнинг орқаларида туриб, бир-бирларидан айиришга ҳаракат қилишаяпти. Дейлик, Хитой уларнинг ягона Туркистон остида бирлашишларини умуман истамайди. Бундан ташқари, ўз мустақилликларини қўлга киритган айрим давлатлар ҳануз ўзларини таниганлари йўқ. Уларнинг бошларида ҳамон мустамлакага айланиб қолиш хавфи бор.
Би-би-си: Ўз ўрнида, ўқувчиларимиз ҳам сизга озмунча савол йўллашмаган ва улардан аксарияти Ўзбекистондан. Жумладан, Бўстон, “Ассалому алайкум домла. Туркий халқларни Туркия остида бирлаштириш стратегиясига қандай қарайсиз”, деб сўраяпти
Иноятулла Шаҳроний: Мен бир китобимда ҳамма турк олами араб алифбосида бўлиши лозимлиги ҳақида ёзганман. Яъни, араб алифбосида унлилар йўқ экани боис, барча лаҳжаларга мос келади. Агар лотин имлосига келсак, Туркияники бошқача, Ўзбекистонники ўзига хос, яна бириники эса, уларникидан ҳам фарқли. Мавжуд ҳолат уларнинг лаҳжаларида тафовут пайдо қилиб, аста-аста бир-бирларидан жудо қилдиради. Бошқа томондан, биз бир оралиқ турк тилини олишимиз керак. Масалан, мен ўзим ўзбекман. Менинг назаримда, ё уйғурча ва ё ўзбекча туркларнинг орасида байналмилалий тил бўлиши керак. Ҳамма нашрлар ана шу тилда чоп этилсин. Амалдаги алифболарнинг зарари катта бўлган. Турклар қадимларини танишмайди. Тарихларини билмайдилар, тилларини кесиб ташлагандек бир нарса бўлган.
Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад эса, “Ҳурматли домла. Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон қўшни давлатлардаги Ўзбек диаспорасининг ҳозирги аҳволини ўнглаш учун нималар қилиши ёки нималарга эришиши даркор”, деб савол юбориб, жавобингиз учун олдиндан раҳмат айтиб қолибди
Иноятулла Шаҳроний: Ўзбекистон бугун бир мустақил мамлакат. Бунинг жуда катта масъулияти бор. Чунки Ўзбекистон – бутун Туркистоннинг маркази саналади. Ўзбекистон энг аввало алифбосини ўзгартириши керак. Шундагина қолган турклар улар билан қўшила олишади. Нашрлари ҳам бошқа туркларнинг руҳиятига уйғун бўлса. Тилларини ҳам ривожлантириб, ёзсалар. Булар кўп маҳдудлар. Ўзбекистон кўп фаолият қилолгани йўқ. Кўпчилик бу борада танқидий фикрда. Масалан, мен афғонистонлик ўзбекман. Аммо ҳеч вақт Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон ҳаққига қилган фаолиятини кўрмаганман.
Би-би-си: Масалан, Афғонистондаги ўзбеклар Ўзбекистондан қандай ёрдам кутишади?Иноятулла Шаҳроний: Масалан, иқтисод ҳақида, мактаб ҳақида, ўқитувчилар масаласида, савдо, тужжорий алоқалар ҳақида, бориш-келиш,..мисол, бир ўзбек Ўзбекистонга бормоқчи бўлса, виза олиш учун бир ой югуради. Виза берса ҳам, 20 кундан зиёд қўймайди. Масалан, мен Америкадан туриб, Ўзбекистонга бормоқчи бўламан. Шунча қилсам ҳам, виза бермайди. Аммо Ўзбекистонга учаётган самолёт 300 ўринли бўлса, бор-йўғи 50 нафар йўловчиси бўлади. Агар 300 та одам борса, Ўзбекистонга 300.000 доллар олиб боради. Бу ердаги ўзбеклар Ўзбекистондаги яқинларини бориб кўриш, у ерни зиёрат қилишни исташади. Уларнинг Ўзбекистонга бориш, қавмларини кўриш, тижорат қилишларига ижозат берилса. Айтаман десангиз, гап кўп.
Би-би-си: Навбатдаги саволимиз ҳам Тошкентдан, Хуршиддан. Хуршид, “Ассалому алайкум, Шаҳроний жаноблари. Туркийлар ташқи кўриниши жиҳатидан баъзилари монголоид, бошқалари эса, оврўпоид, яъни форсийлар ёки жанубий оврўполикларга жуда ўхшашади. Бу эса, менда ҳозирги туркийларнинг тиллари бир бўлса-да, келиб чиқишлари бошқа-бошқа ирқлардан эмасмикан, деган саволни пайдо қилади. Бу ҳақда ДНК текширувлари ўтказилганми? Ташқи кўринишдаги фарқ тилдаги ўхшашликдан кўра жиддийроқ аҳамиятга моликдек, назаримда”, деб сўраяпти
Иноятулла Шаҳроний: Бунинг сабаби шуки, агар иккита оила ёки иккита биродар бўладиган бўлса, бирининг авлодлари ундай кўради, бошқасиники бундай. Чунки бир-бирларидан узоқда ҳаёт кечиришган. Об-ҳаво таъсир қилади, муҳит таъсир қилади, емак-ичмаклари таъсир қилади, бу гаплар бор. Бундан ташқари, бошқа давлатлар ва одамлар билан алоқалари ҳам таъсир қилади. Масалан, сиз қозоқ билан қирғиз фарқли дейсиз. Аммо мен бундай деб ўйламайман. Чунки қадим ўзбекларни кўрсангиз, ўшаларга ўхшашади. Туркиядаги турклар ҳам оврўполикларга ниҳоятда аралашиб кетишган. Лекин кечинмалари, қалблари, ҳаммаси турк. Аммо ташқи кўринишлари ўзгаришларга юз тутган.
Би-би-си: Буюк Британиядан Тимур эса, “Хорижий қўшинларнинг 2014 йилги сафарбарликлари ортидан, Жанубий Туркистон халқи яна Толибон каби паштун миллатчилиги қурбонига айланиши мумкинми”, деб сўраяпти
Иноятулла Шаҳроний: Ҳақиқати шуки, толиблар қачон ҳукуматни олишмасин, бошимизга паштун волий келтиришади. Паштун ҳукуматчиларининг ҳаммасини ўз қавмларидан ёки Покистондан олиб келадилар. Афғонистондаги оддий паштунлар яхшилар. Аммо юқорида тилга олиб ўтганларим, Туркистонни умуман қабул қилишмайди. Афғонистон тарихида бизнинг Туркистонимиз Туркистони Сағир, Ўзбекистон, бу ҳудудлар – Туркистони Кабир, деб аталган. Туркистони Сағирни улар расман тан олишмайди. Биз яшайдиган ҳудудларни Шимолий Афғонистон деб аташди. Ёдимда бор, болалик вақтимда бизларни туркистонлик, деб аташарди. Ҳукумат буни қасддан ўзгартирди. Устига устак шимол аҳолиси ҳам баҳамжиҳат эмас, қурол-аслаҳаси ёки қудрати ҳам йўқки, ўзларини ҳимоя этишса. 11 йил илгари янги афғон ҳукумати қудратга келгач, уларнинг қурол-яроғларини йиғиб олдилар. Генерал Абдулрашид Дўстум кўп яхши иш қилдики, туркларни дунёга танитди. Авваллари Афғонистонда турк бор-йўқлигини ҳеч ким билмасди. Мен “Афғонистондаги қавмлар тарихи”, деган бир китоб ёзганман. Ўшанга асосланиб айтадиган бўлсам, турклар Афғонистонда 3.500 йил ҳукмронлик қилишган.
Би-би-си: Тошкентдан Жасур эса, “Афғонистонда қанча ўзбеклар бор? Уларнинг Афғонистондаги мавқеълари қандай? У ердаги Бобур авлодлари ҳақида нима биласиз?” деб савол юборибди
Иноятулла Шаҳроний: Афғонистоннинг икки қавми кўп катта. Бири турки барҳол, иккинчиси ҳазора. Кўпи форсча гапиришса-да, биз ҳазораларни ҳам турк санаймиз. Бошқа бир ўзбеклари барҳол борки, нуфузлари камида етти-саккиз миллион атрофида, деб тахмин этилади. Улар туркчани билишади ва туркчада гапиришади. Қолган бир қисми форсийзабон бўлиб кетган бўлса, яна бир қисми паштунчада гапиради, бошқалари эса, ўзларининг турк эканликларини ҳам унутиб юборишган.
Би-би-си: Сиздаги рақамлар қайси манбаларга асосланган?
Иноятулла Шаҳроний: Афғонистонда ҳануз ҳеч нарса расман рўйхатга олинган эмас. Ҳеч ким аниқ билмайди. Фақат Ҳиротдан бошлайсиз токи қирғизлар яшовчи Помирнинг бошларигача…Миллион-миллион турклар бор. Бадахшоннинг 40 фоизи, Тахорнинг 75 фоизи, Қундузнинг 50-60 фоизи туркча гапиради, мана, Мозори Шарифни биласиз, Маймана, Самангон, буларнинг ҳаммаси турклар. Қандаҳорда туркларимиз бор, Ҳиротда турк –туркманларимиз бор, Кобулда, бошқа жойларда ҳам зиёд. Аммо баъзилари борган жойларидаги тилда сўзлашиб, ўзларининг турк эканликларини билишмайди, унутиб юборишган.
Би-би-си: Домла, Жасур яна, “Афғонистондаги Бобур авлодлари ҳақида нималар биласиз”, деб қизиққанИноятулла Шаҳроний: Мен ўзим Бобурни жуда яхши биламан. У ҳақда китоблар, мақолалар ҳам ёзаяпман. Бобурнинг авлодлари Афғонистонда топилмайди. Топилса ҳам, озлар. Агар топилса, мана шу бизлармизки, Андижондан, ўшанинг қавмлариданмиз. Амакиваччалар эдикки, ўша Шайбонийхондан қочиб келдик. Бадахшонларда қолдик. Дарҳақиқат, Кобул Бобурийлар маркази эди. Ўзларининг уйларидек билишган. Бобурнинг қабри ҳам Кобулда. Мен ўзим ҳам бор-бор уни зиёрат қилганман. Лекин бугунги ҳукумат уларни унча яхши дўст кўрмайди. Турк деб уларни у қадар ёқтиришмайди.
Би-би-си: Швециядан Фирдавс эса, бир эмас учта савол юборган. Фирдавс энг аввало ўзининг афғонистонлик ўзбеклардан экани ва туркий эканлигидан фахрланишини айтиб, Афғонистондаги ўзбекларнинг келиб чиқишлари ҳақида савол сўраган: “Яъни улар Амир Тимур салтанати парчалангандан кейин Афғонистон ҳудудида қолиб кетишганми ёки кейинчалик кўчиб келишганми ва ё бошқа сабаблар биланми?” деяпти
Иноятулла Шаҳроний: Укажон, Афғонистон Туркистоннинг энг қадимий марказларидан бири. У ерда турклар қадим-қадимлардан яшашади. Кейин кўчиб келганлар йўқ. Амир Тимур келган пайтда Афғонистонда турклар ва мўғуллар ҳукмронлик қилишарди. Амир Тимур 700-800 йил олдин эди, Афғонистонда икки минг йил олдин ҳам турклар ҳукмронлик қилишган. Кўшонийлар эдилар, Тегинлар эдилар, Кобул Шоҳлар эдилар, Ғурийлар эдилар, Ғазнавийлар эдилар,..Афғонистон турклар тамаддуни марказларидан бири бўлади. Амир Тимурнинг ҳам авлодлари бор. Ҳиротда. Чунки у ерда 100 йил ҳукмронлик қилишган, ўша ерда хешу қавмлари бор.
Би-би-си: Фирдавс яна, ”Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни бошқалар мўғул ва мўғуллар сулоласидан деб аташади. Бунга етарлича сабаблар борми? Мактаб ва институтда, китобларда ҳам Бобур мўғул эмас, ўзбек бўлган деб ёзилган-ку. Бошқалар уни нега мўғул деб аташади”, деб қизиққанИноятулла Шаҳроний: Мен буни комилан биламан. Ўзбекистонга ҳам, Ҳиндистонга ҳам борганимда, баёния бериб, буни рад қилдим. Бобур турк, Барлос қавмидан, Амир Тимур авлоди. Афғонистонда туркларнинг нуфусини пасайтириш учун атайдан уни мўғул, деб аташади. Бу ноҳақ. Бу гаплар нотўғри. Сўзсиз, мўғуллар билан қони қўшилган. Аммо отаси турк, ҳамма хешу қавмлари турк. Тоифаси турк. Амир Тимур ўзи турк.
Би-би-си: Фирдавс энг сўнггида, ”Ҳозирда Афғонистонда яшаётган ўзбекларнинг таълим олиш, сиёсатда тутган ўринлари, иқтисод ва бошқа соҳалардаги аҳволлари ҳақида нима биласиз? Уларнинг ҳозирги аҳволлари оддийгинами ёки қанчалик ёмон”, деб сўраган
Иноятулла Шаҳроний: Турклар қадим-қадимдан иқтисодда яхши бўлиб келишган. Заҳматкашлар. Гиламдўзликлари бор, қоракўл, зироатлари бор, булар яхши. Аммо ўтган икки асрдан буён ҳукумат томонидан ўзбекларга ҳеч бир ёрдам берилгани йўқ. Уларнинг таълим олишларига кўмак берилгани йўқ. Ўзбекларнинг орасида иқтисодчимиз йўқ, буюк, буюк олимларимиз йўқ, хорижда ўқийдиганлар жуда оз. Биз Афғонистонда кўп маҳрумиятлар кўрганмиз, лекин шунга қарамай, ҳаммамиз Афғонистонни яхши кўрамиз.
Би-би-си: Суҳбатимиз якунида яна Буюк Британиядан Тимурнинг саволларига қайтсак. У киши, менимча, федерализмга оид мақолангиздан келиб чиқиб, ”Афғонистон келажагида федерализм ёки парчаланишни кўрасизми”, деб сўраган
Би-би-си: Паштунлар етакчилик қилувчи ҳукумат қудратда экан, улар федерализм ғоясини қабул қилишмайди. Чунки Туркистон кўп бой мамлакат. Вилоятлари бор, ҳамма нарсаси бор. Вақтики федерализм бўлса, улар ўзларининг ҳуқуқларини ололадилар. Ва бошқалар очроқ қолишади. Аммо паштунларда сарзамин йўқки, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишса, тижорат қилишса, баъзи нарсалари йўқ…Икки ярим асрдан буён ҳокимият уларнинг қўлларида, уни осонлик билан бериб қўйишни исташмайди. Вақтики федерализм бўлса, тенглик бўлади, адолат бўлади ва шахсий манфаатлар ўртадан кетади. Шунинг учун ҳам улар федерализм ғоясини қабул қилишмайди.
Би-би-си: Аммо аҳолисининг миллий келиб чиқишига қараб, келажакда Афғонистоннинг парчаланиб кетиши эҳтимоли қанчалик?
Иноятулла Шаҳроний: Афғонистоннинг шимол ва жанубга ажралиб кетиши эҳтимоли бор. Агар паштунлар Покистонга қўшилишни исташса ёки мустақил бўлгудек бўлишса, шундай бўлиши мумкин. Аммо бунинг эҳтимоли жудаям кам. Афғонистон шу ҳолатда қолади. Вазият эса, аввалгисидан ҳам ёмонроқ бўлади, деб қўрқаман. Урушлар кўп бўлади. Ва ёрдам бериши учун дунёга ҳам имкон бермайди…
Би-би-си: Энг сўнггида мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат ва келажакдаги ижодий ишларингизга ҳам омадлар тилаб қоламиз.
Published on november 24, 2012 · Filed under: Хориждаги ўзбек адабиёти;
Охирги изоҳлар