ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
« okt   Dec »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  

  • Инқилобим менинг

    Дадахон Ҳасан

    (1970-2000 йиллар ижоди)

    ТАНТИЛИК

    Кўклам бошланмай, ҳали келмасдан ҳамал,
    Гуллаб қўйди ёлғиз бир бодом бемаҳал.

    Уч-тўрт кунлик қуёшнинг илиқ тафтидан,
    Баҳра олиб, алданиб қолди афтидан.

    ”Тўқсон” чиқиш олдидан изғирин эса,
    Ғунчаларни қақшатиб кетди бир кеча.

    Гуллагач олма, ўрик, шафтоли, гилос,
    Ўз заволин кўриб у ўкинди бироз.

    Нетсин жамолин тезроқ кўз-кўз этай деб,
    Элга ҳаммадан аввал мева тутай деб.

    Самимий бир тантилик қилмоқчи эди,
    Аттанг, бу тантиликни изғирин еди.

    1970 й.

     

    Ўғлим Шокиржонга

    Сенинг ёшингда ўғлим, мен отамдан айрилдим,
    Тиним билмас, полопон қанот эдим, қайрилдим.

    Фашист деган одамхўр менга найза чоғлади,
    Юлиб олди рухимни, мурғак қалбим доғлади.

    Бироқ сен-чи, тойчоғим, уруш доғин кўрмайсан.
    Отангни кутиб йўлга қараб хаёл сурмайсан,

    Чунки, энди кўкларда дайдимайди ўқ-тутун,
    Ўғлим, уруш бўлмайди! Уруш бўлмас сен учун.

    Аммо адо бўлмади уруш ҳали мен учун…

    1971 й.

     

    АЙИҚ

    Тутиб олиб ўрмондан олиб кетдилар,
    Хуллас, она макондан жудо этдилар…

    Ўргатмоқчи бўлдилар ўйнаб-кулишни,
    Тамошо ва қарсакдан завққа тўлишни.

    Айиқ эса алдовларга сира кўнмади,
    Таъқиб ила тазйиққа бўйин сунмади.

    Оч қўйдилар сўнг уни, сувсиз неча кун,
    Қафас ичинда қолди чорасиз маҳзун…

    Ва ниҳоят очликдан силласи қуриб,
    Овоз қилди бир кун у ўрнидан туриб:

    – Мени энди кечиринг, ёшлик қилибман,
    Мен ўзимни ўрмонда, дея билибман…

    1972 й.

     

    БИР СИҚИМ ТУПРОҚ

    Ўттиз йил бошимдан учиб эсу хуш,
    Отам деб дунёни кездим-сўзладим.

    Туни кун мен сени қарғаб бўзладим,
    Сенга лаънатларим бўлсин, эй уруш.

    Топай деб отамнинг бир сиқим хокин,
    Ярим Россияни кездим дарбадар.

    Кўнглим чеккаймиди дунё фироқин,
    Элга эл, юртга юрт ёв бўлмаса гар.

    Ўттиз йил ўртаниб, талпиниб, чопиб,
    Англар, англамасга дардимни айтдим.

    Ниҳоят бир сиқим тупроқни топиб,
    Отажон дедим-у, юртимга қайтдим.

    Мана шу бир сиқим тупроқ – отамдир,
    Отам кафтимдадир, тани, онажон.

    Кафтимда тупроғ-у, дилда аламдир,
    Сенга топшираман уни, онажон.

    1974 й.

     

    НОВГОРОД

    Уруш оловидан куйган бу замин,
    Қошу қабоғини уйган бу замин.

    Бурро майсаларга бурканмиш қаранг,
    Ловиллаб турибди мисли лоларанг.

    Бунда бойқушларнинг чуғури хам кам,
    Авайлаб босади тупроқни одам.

    Шаҳидлар руҳига бўлиб вобаста,
    Азим дарёлар ҳам оқмоқда аста.

    Мен совуқ тошларга бош қўйдим шу дам,
    Дилимни ўртади ғам-ғусса, алам.

    Начора, тошларга айтдим зоримни,
    Куйлатмоқ истадим юрак торимни.

    Фарёдлар айладим:
    Бунда нетайлик?
    Дада, туринг энди юртга кетайлик!…

    1974 йил. Русия, Шотова қишлоғи.

     

     

    ЛОВОТ ДАРЁСИ БИЛАН СУҲБАТ

    – Сўйла, дарё, эй дарё, сувинг нечун қорадир?
    Қайғулисан, мунглисан, дардингга не чорадир?

    – Сохилимда қоракўз, қорақошлар жанг қилди,
    Ватан деган валламат, жўмард ёшлар жанг қилди.

    Она! – дея ҳайқириб йиқилдилар бағримга,
    Қип-қизил қонлар ила дард қўшдилар дардимга.

    Нажот излаб, оҳ уриб, булутларга боқдилар,
    Қучоғимда бир нафас фарёд қилиб оқдилар.

    Мавжларимда уларнинг жавлон урган жони бор,
    Алами бор, доғи бор, шарафи бор, шони бор.

    Шу боисдан то абад сувим менинг қорадир,
    Шоир бўлсанг жавоб бер, дардимга не чорадир?

    1975 й. Русия, Шотова қишлоғи.

     

    КУНГАБОҚАР

    Фақат кўкка қараб қилади ханда,
    Яйқалиб кетар кун чарақлаганда,

    Унинг чун дунёда қуёш бўлса бас,
    Эгилиб-букилиб яшайди хуллас,

    Унинг бу қилмиши дилни ғашлайди,
    Эл унинг мағзин еб, пуфлаб ташлайди,

    Кунгабоқар бўлса ким бу замонда,
    Охир-оқибати ёмон экан-да…

    1975 й.

     

    ХЎРОЗ ҲАҚИДА РИВОЯТ

    Жуда қадим замонда
    Қуёшистон томонда
    Сайраб юрарди бир қуш,
    Боғ-чаманда мастона.
    Учиб қўниб шохларда яшар эди шохона.
    Жаранг бериб боғларга у куйлаган оханглар,
    Ошна эди қушчага сокин чоғлар, оқ тонглар.

    Не бўлди-ю, бир “баттол” билиб қолиб қаёқдан,
    Тузоқ қўйиб қушчага, тутиб олибди боғдан.

    Қафас ичра неча кун пинхон сақлабди уни,
    Емиш-ичишлардан хабар олиб хар куни,

    Бироқ бечора қушча қафасга тушган чоқдан,
    Сайролмабди зорланиб тутқинликдан, фироқдан.

    Хўжайин кўп ўйлабди, қушча ғамини ебди,
    “Озодлик берсам зора, яйраб сайраса”, дебди.

    Аммо шўрлик қушчанинг тож патларин юлибди,
    Боққа қўйиб юбориб, гўё кўнгли тўлибди.

    Бироқ парвоз этолмай, эртанги кун ўша қуш,
    Оху фиғони билан хўроз бўлиб қолганмиш.

    Ўша-ўша хар тонг у учмоққа интилармиш.
    Учолмай қичқирармиш, тонгдан нажот тилармиш.

    Ҳисса шулки, хаётни мен хам имтихон қилдим.
    Қафасга ўрганган қуш учолмас экан, билдим.

    1975 й.

     

    ТУРКИСТОН

    Онажоним, айтгин, тошданми бошим,
    Сенинг дардинг билан тинмасми ёшим.

    Кўзимда ёшиму бағримда тошим,
    Онажоним, мен ғам фарзанд бўлдимми?

    Нечун кўзларимга жахон кўринмас,
    Хинду Чин, Эрону Турон кўринмас.

    Ору номус, дину имон кўринмас,
    Онажоним, мен ғам фарзанд бўлдимми?

    Фарзандлар бор чиндан фарзанд бўлади,
    Она қучоғинда ўйнаб кулади,

    Мехрлар кўргизиб кўнгли тўлади,
    Онажоним, мен ғам фарзанд бўлдимми?

    Ўгай фарзанд бўлиб яшаб юрдим мен,
    Забонсиз тошларга бошим урдим мен.

    Қаро қонга ботган кунлар кўрдим мен,
    Онажоним, мен ғам фарзанд бўлдимми?

    Мағлуб фарзандингман маломат айла,
    Сочларингни юлиб қиёмат айла,

    Ғолиб ўғонлардан башорат айла,
    Онажоним, мен ғам фарзанд бўлдимми?

    1976 й.

     

    УРУШ ЙИЛЛАРИ ХОТИРАСИ

    Мени яралашди аср жаллодлари,
    Мурғак юрагимда ўқ изи қолди.
    Ситилди кўнглимнинг нозик қатлари,
    Болалик бедарак кетди, йўқолди.

    Шодон хисларимни топтаган ўша –
    Машъум қора кунни қандай унутай?
    Шўхлик, эркалигим топиб бер, дея,
    Бугун қай номарднинг ёқасин тутай?!

    1975 й.

     

    ЧИРОҚ

    Ногох чироқ ўчиб диллар бўлди ғаш,
    Гўё зулмат ичра қолдик бир нафас.

    Начора, тополмай на нур, на оташ,
    Бу дунё кўзларга кўринди қафас.

    Хайрият шам топдик, бахш этди зиё,
    Мўъжаз шуъласида дилхушлик этдик.

    Басавлат қандиллар ёнгунича то,
    Қоронғу кечани бироз ёритдик.

    Неки қадимийдир босамар экан,
    Бир кун у албатта асқотар экан…

    1975 й.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 25, 2012 · Filed under: Дадахон Ҳасан;
    Kommentarer inaktiverade för Инқилобим менинг

Comments are closed.