ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
« Okt   Dec »
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  

  • Ёшлар ва кексалар муаммоси

    Юсуф Расул

    Бу мақола бундан беш йил олдин ёзилган эди. Бугун баъзи фикрлар ўзимга ёқимсиз кўринсада, балки кимларгадир маъқул бўлар деган умидда қайта эълон қилишга жазм этдим.

    Бугунги воқеълик бизга нималарни эслатади?

    90 йиллар бошида жамиятда бошланган янгиланиш – миллий уйғоний, демократлаштириш, эркинликлар – жараёни биринчи навбатда ёшлар томонидан қабул қилинган ва ёшлар барча соҳадаги сиёсий курашларнинг биринчи сафларида боришганди. Масалан, бу ўринда мухолифатдаги ҳаракатлар ичида ёшларнинг ўрни алоҳида эътиборга сазовордир.

    Ўша пайтда ўрта ёшлардаги демократия ва эркинлик тарафдорлари ёшлардан дастак топишга эришган эдилар. Бутун Ўзбекистон бўйлаб Муҳаммад Солиҳга ва демократик ҳаракатларга хайрихоҳ ёшлар тўлқини вужудга келганди. Минглаб ёшлар Муҳаммад Солиҳ ҳаракатларини қўллаб қувватлашар, уни бир оғиз айтган гапи биз учун қонун эди. Бундан ташқари ёшлар “Эрк” газетасини севиб ўқишар, уларнинг дунёқарашларини шакллантиришда бу каби газета ва журналларнинг ўрни жуда катта эди.

    Камина 1988 йилда ТошДуни журналистика факультетига ўқишга кириб, уни 1993 йилда битирганман, шу боис ўша йиллардаги воқеаларга бевосита гувоҳман. 1989 йилда бошланган тил масаласидаги баҳсларда биз ҳам иштирок этганман. Ўша йилнинг кузида Сирдарё вилоятига пахта териш кампаниясига жалб этилган минглаб талабалардан атиги 12 киши ўзбек тилига давлат тили мақоми берилмас экан очлик эълон қилишимизни билдириб турли халқаро ташкилотларга мурожаатнома йўллаган эдик. Бу акциямиз катта шов-шувларга сабаб бўлди. Университет раҳбарияти, Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ва президент маҳкамасидан бир неча ходимлар келиб биз билан учрашишган ва тезда бизни пахта теримидан озод қилиб юборишган эди. Орадан бир ой вақт ўтиб Университетга қайтгач ўқишдан ҳайдалганимизни билдик. Лекин “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ аралашуви билан бизни ўқишга қайта тиклашди.

    Кейин орадан бир йил ўтиб Талабалар шаҳарчасида норозилик митинги ўтказган ёшларни ўққа тутилишига қарши ўша пайтдаги Ленин ҳайкали олдида пикет ўтказдик. Пикетда иштирок этган талабалар зўравонлик билан ИИВга олиб кетилди, қочиб қутилганларга қарши чора кўрилди. Пикет иштирокчилари яна ўқишдан ҳайдалди. Лекин яна халқаро ташкилотлар босими билан уларни қайта ўқишга тиклашди.

    Талабалар ҳаракатлари ўша йилларда ҳукуматни қаттиқ ташвиш ва талвасага солиб қўйганди. Ёшларни катта куч эканлигини билган ҳукумат уларга қарши бор кучи билан курашди. Ёшларни бирлашишларига тўсиқлар ўрнатилди- талабалар турли вилоятлар бўйлаб тарқатиб юборилди, шаҳарча атрофи эса темир панжаралар билан ўраб ташланди. Ўша вақтдан бошлаб уйғониб келаётган ёшлар ҳаракати парчалаб ташланди. Ёшларни ҳукумат хизматкорларига айлантириш мақсадида ташкил қилинган “Камолот” ва бошқа ҳаракатлар жамиятда ва ёшлар орасида янгилик сифатида қабул қилинмади, аксинча, комсомолнинг вориси деган ном олди.

    90 йилларда жамиятда бошланган янгиланишлар ва уйғониш мавсуми дастлаб ёшлар онгида тажаллий этганди десам янгилашмаган бўламан. Ўша вақтларда кўплаб кекса ёшдаги кишилар ўзгаришларни қабул қила олишмаган эди. Қабул қилишса ҳам уларни амалга оширишга чўчиб туришди. Улар онгидаги советча ва коммунистча ғоялар ўзгаришлар оқимига жой бўшатмасди. Жой бўшатса ҳам миниб олган мансаб отлари, давлат ва жамият ишларидаги ёғли жойларда ўрнашиб олган тенгдошларидан яккаланиб қолиш қўрқуви уларни янгиликларга кўз юмишга мажбур қилган. Охир оқибатда кекса ёшдаги кишиларнинг кўпчилиги, тахминан 80-90 фоиз катта ёшдаги кишилар коммунист раҳбар Ислом Каримов томонига ўтиб олишди ва уни сиёсатини кўр-кўрона қўллай бошлашди. Эндигина уйғониб келаётган ёшлар ва ўрта ёшдаги кишилар ҳаракатлари жамиятда озми кўпми ёйилиб улгурган бўлсада советча номенклатуранинг қаттиқ қаршилигига учради. Ўзбек халқи кейинги 18 йил ичида гарчанд номигагина мустақил деб аталсада, аслида советча дунёқарашдаги, советча яшаш тарзини қабул қилиб олган раҳбарлар зулми остида яшаб келди. Зўравонлик, яккаҳокимлик каби советча ёки коммунистча бошқарувни пухта эгаллаб олган Каримов ва уни атрофидаги Жўрабеков, Алимов, Мустафоев, Азизхўжаев, Тўлаганов, Мирзиёев каби юзлаб амалдорлар мамлакатни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий томондан жар ёқасига олиб келишди. Одамларни келажакка бўлган ишончлари сўнган, ёшлар умидсиз ва карахт ҳолатда қадам ташлайдилар. Ҳамманинг фикру хаёлида шундай пайтда нима қилмоқ керак , деган саволлар айланади.

    Бу муаммо ҳали бери тугамайди

    70 йилдан ортиқ совет тузумида яшаган ва шу тузум ғоялари билан озиқланган жамият бир ёки икки йилда янги, мутлоқа ўзга ижтимоий тузумни қабул қила олмас эди. Шу боис мустақилликдан кейин ҳам жамиятда ва одамлар онгида ўзгаришлар жуда секин, тошбақа юриш билан давом этди. Бунинг сабабини советча бошқарув тузуми асоратларидан, жорий бошқарув сиёсатининг ноқобиллигидан ва халқимиз менталитети (зеҳнияти)дан қидириш лозим. Агар бизда тараққиётга диний қарашлар ва ислом таъсири бор деб ўйлайдиган бўлсак бу нотўғри қараш. Чунки, совет даврида халқимизнинг минг йиллик анъаналари ва диний маҳдудлик тараққиётдан узоқ қишлоқ жойларда унча- мунча сақланиб келаётган бўлсада, улар одамлар ҳаётини ва турмуш тарзини батамом қамраб олмаган эди. Қайтанга Каримов ҳукумати динни жамият ҳаётига жадал кириб келишига қаттиқ қаршилик кўрсатди ва қандай қилиб бўлмасин дунёвий давлатни сақлаб қолиш учун кураш олиб борди. (Қўшни мамлакатларда ҳам диндорларни мамлакат тепасига келишига қаршилик кўрсатган Каримов ҳукумати балки Марказий Осиёда ҳам Саудия арабистони, Эрон каби исломий давлатлар юзага келишини олдини олгандир, бу эса алоҳида мавзу) Лекин шунга қарамай давлат бошқарувида ёшлар иштирокига йўл қўйилмади ёки ёшлардаги ташаббускорлик ва янгича қарашлар коммунистик дунёқараш эгалари томонидан бўғиб келинди.

    Бугун советча дунёқараш янги, замонавий иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий кўникмаларга жой бўшатмоқда. 90 йиллардаги одамларнинг дунёга қараши билан бугунги воқеъликка муносабат турли хилдир. Бугун ҳукуматнинг бошқарув сиёсати оз бўлсада янги замонга мослашаётган бўлсада, бироқ энг даҳшатлиси ҳамон тўла ўзгармасдан қолиб кетмоқда. Бугун халқимиз зеҳнияти ўзгаришлар бўсағасида турибди. Бугун жамоатчилик икки йўл: диний, исломий ҳаёт ва замонавий ғарбона ҳаёт йўлини танлаш босқичида турибди. Бу икки йўл келажакда халқимиз ва давлатимиз ҳаётини ва тараққиётини белгилаб берадиган муҳим омилдир. Ўзгаришлар оқими эса Ўзбекистон давлатчиликда ва жамият ҳаётида замонавий ғарбона йўлдан боришини кўрсатмоқда.

    Бу ўзгаришлар даврида ёшларнинг ўрни қандай бўлиши керак ва амалга оширилажак ислоҳотлар замонида ёшлар қандай йўл тутадилар?

    Бугунги давлат бошқаруви ёки ҳукуматга мухолифатда бўлган сиёсий ҳаракатлар лидерлигини қўлга оладиган ёшлар негадир кўзга ташланмаяпти. Бунинг сабаби ҳам юқорида келтирилган учта омилга чамбарчас боғлиқдир. Биринчидан, мустақиллик даврида туғилиб ўсган ёшлар ҳали ҳамон советча дунёқарашдаги кишилар таъсиридан чиқиб кета олишмаяпти. Иккинчидан, сиёсий бошқарувнинг ноқобиллиги ёшлардаги ташаббус ва лидерликка бўлган ҳавасни ўлдириб бормоқда. Учинчидан, халқимиз менталитетидаги баъзи одатлар бунга монеълик қилмоқда.

    Бу фикрларни бир мунча тафсилотлар билан баён этсак.

    Ҳар йили Ўзбекистондаги олийгоҳларни минглаб ёшлар битириб чиқмоқда. Улар бирор жойга иш излаб борганларида даставвал бюрократ, яккаҳоким, таниш-билишчилик ва пора эвазига мансабда ўтирган раҳбар билан юзма-юз келади. Бу раҳбар агар уни ишга олган тақдирда ҳам ўз ҳукмини ўтказишга, ёшлардаги ташаббускорликдан имкон қадар фойдаланмасликка ҳаракат қилади. Масалан, ижтимоий фанлар бўйича таълим олган ёш ходим ҳеч қачон давлат бошқарувини, диктатурага асосланган, коррупция ботқоғига ботган тузумга қарши кураша олмайди. Уни кураши ишдан кетиш, қамалиш ёки мамлакатни ташлаб кетиш билан тугалланади. Раҳбарлик лавозимида ўтирган эски номенклатура вакили эса ўлса ўладики ўз лавозимини ёшларга бўшатиб бериш ҳақида ўйламайди. Натижада ёшлар бу муҳитга кўникишга мажбур бўлишади. Камдан кам ҳолларда бу муҳитга қарши исён қилганлар тақдири фожеали якун топади.

    Сиёсий бошқарувнинг ноқобиллиги ёшлардаги ташабускорликка қарши ишлаётган энг ёмон омилдир. Жамиятда мухолифатдаги партияларнинг йўқлиги, сиёсий турли фикрлилик- плюрализмнинг йўқ қилингани, эркин оммавий ахборот воситаларига тўсиқлар ўрнатилгани ва ижтимоий-сиёсий маҳдудлик бугунги ёшлар дунёқараши ва онгига солинган энг катта кишан ёки қулфдир. Бундай вазиятда ёшлар ўз қутбларини йўқотиб қўйган, аросатга солинган махлуқлар каби иш қиладилар ёки ҳеч нарса қилмайдилар. Чунки, ёшларга сиёсий ва ижтимоий воқеъликка муносабат билдириш учун муқобил-алтернатив имконият йўқ. Ривожланган мамлакатларда ўқиб қайтган саноқли ёш мутахассислар ҳам коррупция ва таниш-билишчилик, порахўрлик ботқоғига ботган жамият қурбонига айланишади. Бошқарув тизими тубдан ислоҳ қилинмас экан, ёшлар ҳаётида ўзгаришлар бўлиши қийин кечиши аниқ.

    Энди халқимиз менталитети -зеҳниятидаги баъзи омилларнинг ёшлар фаолиятига таъсири ҳақида гаплашсак.

    Зеҳният халқимиз турмуш тарзи, одат-анъаналарини ўз ичига олади. Ўзбеклардаги катталар нима деса қулоқ солиш, маҳалла -куй, оқсоқоллар фикрга кўра яшаш, уларга бўйсуниш каби одатлар неча асрлардан буён миллий – исломий анъана сифатида жамият ичида яшаб келмоқда. Маҳалла ва халқимиз зеҳниятидаги бу каби одатлардан ҳукумат ўз мақсадларини амалга ошириш – халқни назоратда ушлаб туришда фойдаланаётгани таассуфга моликдир. Лекин, катталар нима деса ўшани қилиш керак, катталар чизиб берган чизиқдан чиқмаслик одатлари ёшлар учун қонунга айланиб қолгани турли баҳсларга сазовор бўладиган масаладир. Бу яхши одат бўлгани билан, тангани иккинчи томони ҳам борлигини эътибордан соқит қилмаслик керак. Бу фикрларни бир мисол билан тушунтирсам. Эндигина ТошДунинг филология факультетини битирган талаба қиз президент сайловида ёшларни Муҳаммад Солиҳни қўллаб овоз беришга чақирганда отаси ва қариндошлари унга қарши чиқишади. Улар агар қизлари Солиҳни қўллашса оила аъзоларига ва раҳбарлик лавозимидаги қариндошларига ёмон бўлишини айтишади. Қизлари ўжарлик билан уларга қарши боргиси келмайди ва тенгдошларини ҳам Каримовга овоз беришга кўндиради. Ёки, бир йигит бюрократ ва порахўр раҳбари устидан судга мурожаат қилиб ўз ҳақ ҳуқуқларини талаб қиламан деганда маҳалла- куй, қариндош -уруғлар унга розилик билдирмайдилар, натижада йигит ишсиз қолади.

    Катталар нима деса шунга кўникиш ҳосил қилиш ҳодисалари ҳар бир соҳада, ҳар бир ташкилот ва оилада кузатиладиган ҳолдир. Бир воқеа хаёлимдан сира нари кетмайди. “Уйғон Ўзбекистон” демократик ёшлар ташкилоти уставини муҳокама қилаётганимизда йиғилиш иштирокчиларидан бири, шоир Ёдгор Обид Уставда ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ёзилмайди, деган фикрни билдирдилар, мен эса бунга тескари фикрни, яъни уставда албатта ташкилотнинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилишини айтдим. . Йиғилишда иштирок этаётган кўпчилик кишилар Ёдгор аканинг ёшлари улуғлигини ҳисобга олибми у кишини фикрларини тасдиқлай бошлашди. Улардан бирининг “Ёдгор аканинг ёшлари улуғ, мен у кишини фикрларини қўллаб -қувватлайман”, деган гаплари менда катталар доимо ҳақ, деган фикрни эслатди. Лекин мени фикрларимни қўллаб -қувватлайдиганлар бўлди, шу сабабли ёшлар ҳаракатининг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб олиб, уларни уставга қўшиб қўйдик.

    Жамият доимо ҳаракатда экан, доимо янгилик ва эскилик ўртасида кураш кечиши табиий. Бу дунё, собиту сайёра ўз ўқи атрофида айланар экан, шиддат билан номаълум нуқтага қараб учиб кетмоқда. Одам ҳам, оила аъзолари ва жамият ҳам мутасил ҳаракатда ва ўзгаришда. Агар қотиб қолсангиз бу ўлганингиз. Фикрингиз, дунёқарашингиз, жисмингиз доимо ҳаракатда ва янгиланишда бўлмоғи керак. Одам организмига, дунёқарашига ва руҳиятига қаттиқ босим кўрсатиш билан уни маълум вақт ҳаракатсиз ушлаб туриш мумкин, лекин доимо буни уддасидан чиқиб бўлмайди. Бундай ҳаракатга қарши инсон исён кўтаради. Жамият ҳам шундай. Бугун Каримов режими кучли босим остида жамиятни ушлаб турган экан, бу умрбод давом этиши қийин. Чунки, ўзгаришлар даври бу босимларни чилпарчин қилади. Эркинликка, янгиликка, тўғриликка ва одилликка интилиш одам, жамият ва давлат ҳаётида муҳим ўзгаришлар ясайдиган эзгу омиллардир.

    Шу каби бугун ёшларга йўл беринг десангиз баъзи мухолифат лидерлари “Нега иддао қилаяпсан, ёшлар ўз йўлини ўзи топиб олади”, дея сизга эътироз билдиради. Бу фикрлар бир томондан тўғри. Чунки, вақт ўтган сари ҳамма нарса ўз йўлига тушиб кетади – қариялар ёшларга жой бўшатади, уларнинг йўлига тўсиқ бўла олмайдиган даражада жисмонан ва руҳан заиф бўлиб қолади. 90 йилларда совет тузуми даврида гуллаб яшнаган раҳбарлар тўдаси ва уларни тиш тирноғи билан ҳимоя қилган жамиятдаги ўрта ва кекса авлод орадан 20 йилга яқин вақт ўтиб жисмонан ва руҳан қариди. Улар бундан кейин ҳам давлат ва жамият ҳаётидаги устунлар бўла олмайди, бу устунларни ўз елкасига олиш навбати ёшларга келган.

    2007 йил.

    www.yangidunyo.org

     

    Published on november 25, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
    Kommentarer inaktiverade för Ёшлар ва кексалар муаммоси

Comments are closed.