ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Она изтироби

    Юсуф Расул

    Ҳикоя

    Мастура оқ ювиб оқ тараб катта қилган севимли қизининг жазавага тушиб бақиргани ва Китобни ерга отиб устидан тепганини кўргач, даҳшатдан қотиб қолди. Кутилмаганда катта темир гурзи бошига урилгандай карахт аҳволга тушганди. Тили айланмас, кўзлари тиниб, ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Остонадаги курсига оҳиста ўтирар экан, “Нима қилиб қўйдинг, қизим. Ахир, бу гуноҳ!” деб пичирлади.

    “Ая, нима дивоссиз, бу бор йўғи бир китоб. Ҳеч қанақа муқаддас эмас бу! Мана, холасам йиртиб ташлайман, холасам тепаман, қаранг”. Қизининг кўзлари қонга тўлгандек қизариб кетганди. У Китоб варақларини йиртар, оёғи остидаги қоғоз парчаларини аямай тепкилар эди.

    Мастура қизининг бу қилиғидан қўрқиб кетганди. “Фотима Китобни қанчалик муқаддаслигини тушуниб етмай, ёшлик қилди, қизиқ қонлик…”, дея ўз ўзига тасалли бермоқчи бўлди.

    “Қизим, бу Китоб жуда муқаддас, оддий китоб эмас. Уни ертма, топтама. Катта гуноҳ бўлади” дея пичирлади Мастура. Фотима эса онасининг ўтинчларини эшитмас ёда эшитгиси келмас, баттар жазавага тушарди.

    Кутилмаганда у бошига урилган қандайдир қаттиқ жисм зарбидан ерга ўтириб қолди. Онасининг қўлида “йилт” этиб кетган узунчоқ, япалоқ темирга кўзи тушиб, ҳаммасига тушинди. Мастура бурчакда илиб қўйилган туфли кийгич темир билан уни нақд бошига солган эди.

    Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Бошидан қон оқаётган Фотима бақирганича кўчага отилди. Қўни- қўшнилар йиғилди. Орадан кўп вақт ўтмай тез ёрдам машинасининг “вий вийлаган” товуши эшитилди. Қаёқдандир полиция пайдо бўлди.

    Мастура эса ҳануз бошина чангаллаганча остонадаги курсида ўтирарди.

    “Нима қилиб қўйди? Энди нима бўлади? Наҳотки уни қамаб қўйишса?…”

    Тошкентдан Европага келиб яшай бошлаганларига эндигина икки йил бўлаяпти. Маҳаллий аҳоли тилини ҳам тузук- қуруқ билмайди. Икки йил ичида қанча ғаму ғуссага ботганини ёлғиз ўзи билади. Ватан соғинчи бир томондан қалбини ўртаса, бегона шароитга кўникиш иккинчи катта муаммо.

    Мастура Афғонистон шимолида оддий деҳқон оиласида туғилиб, катта бўлганди. Ўзбекча мактаб бўлмагани сабабли қўшни Рисолат холадан аввалига “Муаллими Соний”дан кейин “Ҳафту як”дан сабоқ олиб, савод чиқарди. Унча- мунча китоб ўқишни ўрганди. Оз- моз Машрабдан, Бедилдан мутолаа қилган бўлди. Кейин ёши етиб- етмай, ота- онаси уни Мозори Шарифлик Фаррух исмли савдогар йигитга эрга беришди. Ўн саккизга тўлиб -тўлмай қиз кўришди. Исмини яхши ният билан Фотима дейишди.

    Аввалига тинчгина ўз рисқларини териб юришган эди. Қаердандир “Толибон” деган касофат пайдо бўлдию, оромлари йўқолди.
    Толиблар мўри малахдек шимолга ёпирилиб келаётган чоғлар эди. Мастура шимоллик ўзбеклар сафида зўравон толибларга қарши курашга отланган турмуш ўртоғи Фаррух тақдиридан қаттиқ хавотирга туша бошлади. Жоҳил муллаваччалар ҳеч нарсадан тап тортишмасди. Ўзларига қарши курашаётганларни ғайридинларга сотилганликда айблашарди.

    Шундай ола – тасирда куппа- кундуз куни Фаррух изсиз йўқолди. Сўраб -суриштиришлар бефойда кетди. Барибир топилмади. На ўлиги, на тиригидан хабар бор эди.

    Бу орада кўплаб ўзбеклар қатори Мастура ҳам қизчаси Фотима билан толиблар зулмидан қўрқиб қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтишга муяссар бўлди.

    У пайтда Фотима эндигина бир ёшни тўлдирган, атак – чечак қилиб юра бошлаган эди. Қочқинларга халқаро ташкилотлар ва ўзбек ҳукумати томонидан кўрсатиладиган беғараз ёрдам туфайли Мастура қизини етти ёшгача қийинчилик кўрмай ўстирди. Кейин мактабга берди.

    Фотима бошланғич синфни тугатиб, иккинчига, кейин учинчи синфга қадам қўйди. Тошкент шевасида гаплашадиган бийрон қизча бўлиб улғая бошлади. Ота меҳридан бенасиб ўсаётган Фотимага Мастура турмуш ўртоғи Фаррух ҳақида тўлқинланиб гапириб берарди. Албатта бир куни падари билан кўришиш насиб этишига қизчасини ишонтирган бўларди.

    Фотима эндигина тўртинчи синфга ўтганида барча Афғонистонлик қочқинларни учинчи давлатга кўчиришга қарор олинганини эшитди. Афғонистонлик ўзбек қочқинларига Европа ва Америка қитъасидан бошпана берилди. Мастуралар Европадаги олис шимол мамлакатига келиб ўрнашишди.

    Қочқинлик, муҳожирлик азоблари Тошкентда унча билинмаган эди. Ўзи каби ўзбек миллатдошлари орасида муҳтожлик кўрмади. Ватан фироқини сезмади.

    Шимолда эса у ўзини ҳеч кимга кераксиз, ташландиқ, бегона одамдек ҳис қиларди. Кўчага чиққанда ўзига умуман тушунарсиз тилда гаплашадиган одамларга дуч келади. Уй ичида ҳам шу аҳвол. Телевизорда, радиода ўша бегона тил. Ҳайрият, интернет бор экан, қизи Фотима компютерини ўзбекча филмларга улаб беради. Ўзбекча кино ва концертларни кўриб, бироз бўлсада зиқлиги ёзилади.

    Фотима олдинлари бунақа эмасди. Жуда одобли, меҳрибон эди онасига. Мактабга қатнай бошладию одатдаги намозини ўқимай қўйди. Эрталаблари онасини жеркиб, ибодат қилишдан бош торта бошлади. Рамазон кунлари эса умуман рўза тутишни истамасди. Нима дейди… Кун бўйи оч юриб , кечга бориб бир йўла кўп овқат ейиш ошқозонга зарар эмиш.

    Кейин эса дин ҳақида гапирганда онасини жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. Дин ожиз одамлар эрмаги, дин қамбағаллик , ночорлик белгиси эмиш.

    Мурғак гўдакнинг оғзидан чиқаётган бу каби гап- сўзлар Мастурани қаттиқ хавотирга сола бошлаганди. У бу чекка ўлкаларда ота- боболари тили ва динини сақлаб қолиш нақадар қийин бўлишини ўйлаб кўрмаган эди. Бундан ташқари мактабдаги муҳит, бу ўлкадаги қонун – қоидаларни Мастура умуман билмасди. “Булар ҳам биз қатори одамларда” деб юрарди.

    Йўқ, ундай эмас экан. Бу ерда тартиб- интизом бутунлай бошқача. Болаларга ҳаддан зиёд эркинлик бериб қўйилганини Мастура тушуна бошлади.

    Фотиманинг дунёқараши, ўзини тутиши, европага мослашиб бораётгани уни бирда қувонтирса, бирда ташвишга соларди.

    Вақт ўтган сари она ва бола ўртасидаги ўзаро самимий муносабатларга дарз кета бошлади. Ўртадаги ўзаро ҳурмат қандайдир кўринмас қўл томонидан юлиб олингандек эди. Вазият таранглашиб борарди.

    Мастура мактабда кизимни тарбиясини бузишмоқда деб ўйларди. Бориб ўқитувчилари билан гаплашаман, деса тил билмайди. Уйда эса қизига таъсирини ўтказиш осон эмас. Бир нарса десанг, Фотима дарров “полис чақираман”га тушади. Яна денг, ўқитувчисига телефон қилиб онаси ўзига нисбатан зўравонлик қилаётганини, бу уйда ортиқ яшай олмаслигини айтиб, йиғлай бошлайди.

    Ўқитувчилари бир неча марта Мастурани чақириб, таржимон орқали суҳбатлашишди. Афғонистондаги тартиб- қоидалар европага мос келмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Болаларни динга мажбурлаш, зўравонлик қилиш қатъиян тақиқланишини эшитганда Мастура хомуш тортиб қолганди. Шундан кейин бизни урф- одатларимиз бу ерга тўғри келмас экан. Майли, қизимни эркига қўяй деб, Фотимани унча қистовга олмайдиган бўлди.

    Бугун эса… Фотима ҳаддидан ошди. У онаси ўқиб ўтирган Қуръонни тортиб олиб, ертиб ташлади. Оёқлари остига олиб тепти, топтади.

    Мастура ҳеч қачон қизини қон чиқар даражасида урмаган эди. Муқаддас Китобни топтагани учун қўлига илинган темир парчаси билан қандай қилиб Фотимани бошига солганини билмай қолди. Тасодифан шундай қилди. Ўзи буни истамаганди. Истамасди ҳам…

    Уйга кириб келган чақирилмаган меҳмонлар – бўйи узун полиция ходимлари ундан уйда қизи билан нима юз берганини сўрай бошлашди.

    Улар икки киши эди. Бири аёл полис, иккинчиси эркак. Мастура эркак полисдан кўзларини олиб қочиб, аёлига жовдираб қаради.

    “Vad hände?. Kan du prata svenska?

    Аёл полис ундан бу ерда қандай воқеа содир бўлганини изоҳлаб беришини сўраётган эди.

    Мастура елка қисди. Тил билмаслигини уларга тушунтиришга урунди. Эркак полис ташқарига чиқиб кетиб, қаердандир ўзларига таниш таржимон аёл – бундан ўн йилча бурун Самарқанддан шимолий европага келиб қолган Зуҳрани бошлаб келди. Бу орада тез ёрдам машинасида Фотимани касалхонага олиб кетишган эди.

    Мастура таржимон аёл орқали полиция ходимларига бўлган воқеани тушунтира бошлади.

    “Мен уйда Қуръон ўқиб ўтирган эдим.

    Қизим мактабдан келиб, “бирор ейдиган овқат борми?” деб сўради. Мен, ҳа, ана қозонда турибди, деб имо қилдим. У қозонни очиб кўриб, бурнини жийирди. “Шу ҳам овқатми, мен ўзим бошқа овқат пишириб ейман” деди.

    Мен унга “Тайёр таомни исроф қилма қизим. Увол бўлади” деб насиҳат қилмоқчи эдим. У кечаги овқатни ейиш мумкин эмаслигини , вирус тушиши эҳтимоли борлигини айтиб, менга бақира бошлади.

    Қизим менга алмисоқдан қолган эски китобни ўқиб, вақт ўтказмасдан, Европа ҳаётига қўшилиш кераклигини, бўлмаса замондан орқада қолиб, жамиятда кераксиз одамга айланиб қолишим мумкинлигини тушинтирмоқчи бўлди. Мен эса унга ота- боболари одат- анъаналарини унитмаслик кераклигини, Қуръонда ҳамма нарса борлигини айтганимни биламан, қўлимдаги Китобга чанг солди. Китобни, муқаддас китобни ертди. Топтади…

    Мастура ҳикояси шу ерга етганида беихтиёр йиғлаб юборди. Кўзларидан оқаётган ёшларни яширмоқ учун юзини дераза томонга бурди. Чўнтагидан дастрўмолча чиқариб, юз- кўзларини артди. Кўнгли бузилди. Ич- ичидан мунгли бир йиғи тошиб келаётганини , индамаса оҳу фарёдлари оғзидан портлаб чиқиб кетишини сезиб, қўлидаги рўмолчаси билан оғзини маҳкам беркитди.

    “Ахир у Худонинг Китобини топтади. Йиртиб оёқлари остида эзғилади. Тушунаяпсизми, қизим катта гуноҳга ботди. Тавба қилдим. Ўзинг кечир ё Парвардигоро!”

    Таржимон аёл Мастура нима деса оқизмай- томизмай полиция ходимларига етказиб турди. Унинг кўз ёшларини, юрагининг туб -тубидан отилиб чиқаётган фарёдларини таржима қилолмай қийналди. Ўзинглар қаранглар, дегандек, сўзсиз, йиғлаётган аёлга имо қилди.

    Бўлиб ўтган воқеа сабабларини ўзларича тахмин қилган полиция ходимлари, тушунарли дегандек бир- бирларига қараб олдилар.

    “Бўпти, ҳаммаси тушунарли. Қизингиз бугундан бошлаб полиция назоратида бўлади. Сизни ишингизни маҳаллий маҳкамада муҳокама қилишади. Чақирув қоғози келганда борарсиз” дея аёл полиснинг сўзларини таржима қилди тилмоч.

    Шундан сўнг улар кетишди.

    Бўм- бўш уйда ёлғиз ўзи қолди. Ошхонага кириб аччиқ кўп чой дамлаб, бош оғриғини босмоқчи бўлди. Бўлмади. Катта уйга кирди. Телевизор кўриб, ўзи тушунмасада, қандайдир отлар пойгаси ҳақидаги кўрсатувни томоша қила бошлади. Кўзлари телевизорда, хаёли эса Фотимада.

    “Нима қилиб қўйдинг қизим? Қуръонни топтадинг-а!? Эҳ, қизим… Қизгинам… Сени шу ниятда катта қилганмидим. Нега сен Худонинг сўзи бўлган муқаддас китобни ертдинг? Ким сенга ҳуқуқ берди бунга? Ахир минг йиллардан буён ота- боболаримиз сиғиниб келган Худога қарши бординг-а? Энди нима бўлади?”

    Мастура кўп йиғлаганиданми, ёки эрталабдан буён туз тотмай, қизини кутиб ўтиргани боисми ўзини лоҳас ҳис қила бошлади. У руҳан толиққан, жисмонан эзилгандек эди.

    Ўзини ёлғиз, ғариб ва афтода эканлигини, ҳеч кимга кераксиз, бечора аёлга айланиб қолганини юрак- юрагидан сеза бошлади. Хўрлиги келди. Гўё қизининг бугун қилган оғир гуноҳи учун ўзи айбдордек. Қизи эмас, ўзи муқаддас китобни топтагандек…

    Юрагини қўрқув, ваҳималар ўрай бошлади. Лаблари унсиз пичирлаб, тазарру қилди. Яратгандан қизининг гуноҳларини кечиришини ялиниб сўради.

    Уй ичи қоронғу ғордек ваҳимали эди. Ичкарида ўзидан бошқа яна кимдир бордек . Мастурани ваҳима босди. У катта уйни, ётоқҳонасини, ошхонани чироқларини бирма -бир ёқиб чиқди. Атайин телевизор овозини сал баландлатиб қўйди.

    Орада нимадир бўлдию, негадир қизини ётоқхонасига мўралаб қарагиси келди. Эшикни очиб хона тўрида, оқ кийимда кимдир турганини кўриб, ваҳимадан қичқириб юборди.

    “Фотима, бу сенмисан? Фотима қизим, келдингми?”

    Эшикни катта очиб ичкарига талпинар экан, кўзига одамдек кўринган нарса аслида қизининг стули устига ташлаб қўйилган оқ халати эканлигини кўрди.

    Чироқни ёқиб, худди биринчи бор кўриб тургандек, қизининг хонасини кўздан кечира бошлади. Ана девор пештоқига Фотиманинг кўзлари кулиб турган сурати илиғлик турибди. Кўзлари кулсада, қизи нимадандир хафадек қовоқ уюб олган. Жуда ғамгин кўринарди.

    “Мени кечир қизим. Сени хафа қилиб қўйдим. Билмасдан қилдим. Бундай қилмоқчи эмас эдим. Сен Қуръонни йиртганинг учун мажбур бўлдим. Мажбур”

    Мастура кўз ёшларини артиб, Фотиманинг суратини силайман деб қўл чўзган эди, омонат турган сурат полга забт билан тушди. Сурат шиша ғилофга ўранган экан, зарбнинг зўридан чил- парчин бўлди.

    Мастура бошини қўллари билан чангаллаганча хонасига югурди. Краватга чўкка тушиб, анча вақтгача сассиз, садосиз ўтирди. Кейин бели увишиб, бироз мизғимоқчи бўлди. Уйқуси келмади. Боши карахт эди. Ўзини ёмон ҳис қила бошлаганди.

    Унга нима бўлаяпти. Худди ҳаётидаги сўнгги онларини яшаётгандек умидсиз аҳволда. Руҳи тушиб кетган…

    Ёрдам сўраб тез ёрдамга қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Лекин ўйланиб қолди. Телефон қилиб нима дейди. Тил билмаса. Ёки таржимон аёлдан ёрдам сўрасинми? Ахир, бирор кор – ҳол бўлса, бемалол қўнғироқ қилаверинг, дегандику. Шу бемаҳалда малол келмасмикан? Қўрқаяпман десинми? Ваҳима босиб, ухлолмай чиқаяпман десинми?

    Йўқ, Худога таваккал қилиб ухлайди. Эртага тонг отсин, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.. Ҳаммаси…

    Эртаси куни тушга яқин почталён унга хат ташлаб кетди. Хат маҳаллий ҳокимиятнинг оила ишлари билан шуғулланувчи бўлимидан келганлигини луғатга қараб билиб олди. Қизи Фотима ҳақида нимадир дейилган,уни қандайдир боқиб олувчи оилага вақтинча берилгани маълум қилинган эди.

    Кўп ўтмай суд бўлди. Судда Мастурани қизига зўравонлик қилгани ўз исботини топди. Шу боис уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишди.

    Қизи Фотимани эса бошқа шаҳардаги бир оилага топшириш ҳақида қарор чиқарилди.

    Мастура қалби ҳувиллаб уйига қайтар экан, судда бўлган гап сўзларни яна бир бор хаёлидан ўтказа бошлади.

    Фотимани судга олиб келишмаган экан. Суд залида Мастурани гапларини эшитган ҳакам, қораловчи ва оқловчи ҳам пинак бузмай совуқ қараш қилиб ўтиришди. Охирида суд раиси айтган бир гап уни хушёр торттирди. “Европада болаларга мажбурлаб дин ўқитиш таъқиқланади. Барча китобларни йиртиш, ёқиш, ахлатхонага ташлаш ҳар бир кишининг ўз эрки, ихтиёрига боғлиқ. Бунинг учун болага танбеҳ бериш мумкин, лекин асло уни ҳаётига тажовуз қилиш мумкин эмас. Бу жиноят..”

    Бу билан ҳакам европада муқаддас нарсалар йўқ демоқчи бўлдими? Уларнинг сиғинадиган Худоси йўқми? Улар яратувчига ишонишмайдими? Бу қандай жой ўзи?

    Мастура оғир зарбдан ўзини йўқотгандек карахт аҳволга тушганди. Бир томондан қизининг муқаддас китобга чанг солиб, уни топташи, иккинчи томондан адолатни қарор топтириши керак бўлган қозининг уялмай, нетмай айтган фикрлари уни гангитиб қўйганди.

    Уйга келиб бироз дам олмоқчи бўлди. Дунёдан умидини узиб бўлганди.

    Мизғиб қолган экан. Кутилмаганда устма- уст жиринглаган телефон қўнғироғидан ўзига келгандек бўлди. Тошкентдан тижоратчи қариндоши Ҳасан телефон қилаётган эди.

    “Опа, қандайсиз? Суюнчи беринг, Фаррух поччам топилди. Толиблар Кобулдаги бир омборда узоқ вақтдан буён қамаб, ишлатиб юришган экан. Амрико ташлаган бўмбалар омборни вайрон қилгач омонликка чиқибдилар. Лекин қулоқлари яхши эшитмайди. Кўзлари ҳам яхши кўрмай қолган. Чегара билмас шифокорлар уни Тошкентга олиб келишди. Сизларни излаяптилар. Тайёрага билет олиб берсам бир келиб кетасизларми Фотима билан?”

    Ҳасан гапирар экан, Мастуранинг кўзларидан дувиллаб ёш тўкилар эди.

    “Ҳа, албатта борамиз укажон! Фақат Фотима қизимнинг ўқишлари кўп, ўзим бора қоламан.”

    Мастура йиғлаб юбормаслик учун имкони борича тезроқ телефон дастагини жойига қўйишни истарди. Жуда эзилган эди.

    Орадан шунча йил ўтиб эри Фарруҳнинг топилгани ҳақидаги қувончли хабар, уни оғир ғамлардан озод эта олмади. Ягона қизини бағридан юлиб олиб, бегона оилага бериб юборишгани ёдига тушиб, қалбини чексин ғаму андуҳлар ўраб олди.

    Орадан икки кун ўтмасдан Ҳасан телефон қилиб, интернет орқали унга билет олганини маълум қилди. Билет кодларини айтди.

    Мастура узоқ йиллардан буён кўришмаган турмуш ўртоғи Фаррухни жуда соғинган эди. Тезроқ етиб боргиси, қалбини қийнаб, руҳига озор бераётган бегона ўлкалардан иложи борича тезроқ кетгиси келаётган эди. Барча дарду андуҳларини унутса, қайтиб бу ўлкаларни кўрмаса…

    Мана, белгиланган кун ҳам етиб келди. Мастурани тайёрагоҳгача Зуҳра кузатиб қўядиган бўлди. Яхшиямки у бор экан. Билетларини тайёрагоҳдаги компютердан чиқартириб берди. Юкларини топширишга кўмаклашди. Кейин самимий хайрлашиб, тез кунларда кўришиш умиди билан, қайтиб кетди.

    Мастура учиш олди залида бироз тургач, самолётга чиқиш эълон қилинди. Паспорт назоратидан ўтиб, узун зиналар бўйлаб юриб тепага кўтарилар экан, учоққа кириш жойида нимасинидир унутиб қолдирган одамдек бирдан тўхтаб қолди.

    “Мен қайга кетаяпман? Нега Фотимани ташлаб кетишим керак?” деган ўй яшин тезлигида онгу шуурини кесиб ўтгандек бўлди.

    Ахир, оқ ювиб, оқ тараб катта қилган ягона қизи Фотима бегона жойларда қолиб кетмоқдаку! Шундай, бир ўзи индамай кетаверадими? Турмуш ўртоғи Фаррухга нима дейди? Қизингни бегона оилага бериб келдим дейдими?

    Йўқ, бунақаси кетмайди! Албатта, у Фотимани ҳам олиб кетади. Бугун бўлмаса эртага. Балки Фотима отасининг топилганини эшитса бироз юмшаб қолар. У онасини, онаси уни кечирар. Ўз жигарбандини онаси кечирса, албатта Худо ҳам кечирадику!

    Мастура айни дақиқада жуда тез фикрлай бошлаган эди. Шу қисқа лаҳзада хаёлидан кўп нарсалар ўтганига ўзи ҳам ҳайрон бўлди.

    Вақт жуда тиғиз эди. Ҳадемай учоқ самога кўтарилиб, унинг учун жуда ҳам азиз, жуда ҳам севимли, азим Тошкент шаҳрига бориб қўнади. Мана у учоқдан тушаяпти. Бир ўзи. Ёлғиз, Фотимасиз…

    Мастура хаёл сурар эди. Гўёки вақт тўхтаб қолган, ёки вақтдан ташқаридаги нотаниш бир дунёга келиб қолгандек эди у.

    Вазият жуда нозик, шу билан бирга қалтис эди. Бир ҳаракат билан бир умр унитилмас хатога йўл қўйиши мумкинлигини сезиб турарди. Бир қадам қўйса бўлди, учоқнинг ичида бўлади, кейин қайтиб чиқолмайди.

    Йўқ, Мастура ундай қилмади. У сўнгги қарорга келгандек, ўзига ишонч билан, кескин равишда орқага бурилди.

    “Фотима қизим. Мен сени ташлаб кетмайман. Кетсак бирга кетамиз. Сен ёшлик қилиб қўйдинг. Ёшлик гуноҳлари кечирилади. Мени айтди дерсан…”

    Унинг қалбида уйғонган умид туйғулари кўзларида ҳам намоён бўла бошлаган эди…

    2012 йил, ноябрь. Швеция.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 26, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
    2 Comments

2 Responses to “Она изтироби”

  1. Яхши ҳикоя экан, бундайроқ бир романнинг кучи бор ҳикояда.
    Бардавом бўлинг Юсуфжон ака бу йўналишда.
    Худо қувват берсин

  2. Кўпчиликнинг қалбини ўртаётган аламли дард ҳақида ёзибсиз дўстим! Европада фарзанд тарбияси билан шугулланиш қийин экан. Менимча оиладаги зўравонлик болаларда фақат нафратни кучайтиради. Уларни ота-онага нисбатан меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш барчамиз учун долзарб вазифадир.
    Жудаям таъсирчан ёзилибди. Шу каби долзарб мавзуларда ёзилган ижод намуналарингиздан кутиб оламиз.

    Холмурод