ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

december 2012
M T O T F L S
« Nov   jan »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  

  • Ёдгор Обид ҳақида

    botir norboyБотир Норбоев

    Ёдгор Обидни тахминан 30 йилдан бери, у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ишлаган пайтларидан биламан.  Ўша пайтлари ҳам ҳозиргидай, камсуқум, камтар ва ҳокисор Инсон эди. Абдулла Орипов ўзининг “Ижроком уй бермиш,кўзларингда ёш”,деб бошланадиган шеърини Ёдгор Обидга бағишлагани бежиз эмас. Назаримда у уйланиб, бола чақали бўлганда ҳам ўз шахсий уйига эга эмасди. 70 йилларда у ўз уйига эга бўлди ва биринчи шеърий тўплами дунё юзини кўрди. Ўшанда “ҳа, энди, силлиққина ёзадиган, ижтимоий муаммоларни шеърга солмайдиган бир шоир эканда”,деб ўйлаганман. Аммо шу хил силлиқ шеърлардан ҳам шўро танқидчиси (Иброҳим Ғафуров) ҳар хил камчиликлар топгани ёдимда. Энди билсам, Ёдгор Обиднинг ҳамма дарди ичида экан, юрагини тўла ифода этолмай юрган экан…

    Ўзбекистонда Бирлик халқ ҳаракати тузилгандан сўнг,биз Ёдгор ака билан деярли ҳар куни кўришадиган,онда сонда гаплашиб турадиган бўлдик. Зеро,Ёдгор Обид энди оддий ижодкор эмас,Бирликчи шоир сифатида ҳам танила бошлаганди. У,Бирлик халқ ҳаракатининг,халқ тили билан айтганда,“ўти билан кириб,кули билан чиқар”,нима иш буюрилса шуларни бажариб тинмасди…

    Наманганда халқ исён қилганда у ерга бориб,халқ билан бир сафда турди. Кўчаларда милиция халққа қарши ўқ отаётганда  “Ота,от,итваччалар”,деб шеър ёзди:халқнинг одамкуш миршабларга нафратини ифода этди…

    Кейинроқ Тожикистонда мухолифат фаоллашиб,митинг қила бошлади. Ёдгор Обид фаоллар (Маъмура Усмонова) билан биргаликда Душанбега бориб,митингларда қатнашиб,Бирлик халқ ҳаракати номидан нутқлар ирод этди. Уларга тожик мухолифати,парчланган бир занжир беришди. Бу совғвда,Сизлар ҳам қуллик занжирларини узинглар,деган ишора бор эди. Улар “қўлда занжир билан Ўзбекистонга” келишди ва “Мустақил ҳафталик”ка шу номда мақола ёзиб беришди.
    Шу тариқа мавжуд ҳукуматга мухолифлик,туркий ва бошқа қардош миллатларга хайриҳоҳлик туйғулари теранлашди. Ўш-Ўзган фожиаси юз берганда,қардошлик ва дўстликнинг унутилгани ҳақида,бу туйғуларнинг қадрига етмаганлар тўғрисида истеҳзоли шеър ёзди:

    “Ўзбекмисан,қирғизмисан,ё қозоқ,
    Йиғла,ота маконингга мотам тут,
    Бир бирингни единг. Бўлиб қирпичоқ,
    Шаҳид кеган ёш жонингга мотам тут”,
    деб нола қилди.

    Истиқлол шабадаси эса бошлаши билан Арман ва Озарбайжон ўртасидаги азалий душманлик ошкора тус олди. Кўп ўтмай арманилар  туркий озарийларнинг Қорабоғ аталмиш ҳудудини босиб олиб,минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритишди. Арманиларга бошқа миллатдошлари ва диндошлари қаттиқ ёрдам бергани ҳолда,озарийларга ёрдам кам бўлди. Ҳатто туркия ҳам уларнинг ўз муаммоларини ўзлари ечишлари лозимлигини айтиб,баъзи кўмаклар билан чекланди. Тошкентдаги ўзбек зиёлиларининг ичини ит тирнади,ёрдам бериш иложи эса йўқ эди. Туркчи йигитлар йиғилиб,озарбайжонга ҳеч бўлмаса маънавий руҳий кўмак бериш масаласини муҳокама этдилар ва Қорабоғ аталмиш қўмита тузиш керак,деган қарорга келдилар. Ўша пайтда мухолифатнинг қароргоҳига айланган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида йиғилиш чақириб,“Қорабоғ” қўмитаси тузилди. Ўша мажлиснинг ҳайъатида Мамадали Маҳмуд,Тўра Мирзо,Ёдгор Обид ўтиргани эсимда бор. Худду шу куни бирликчи шоир Ёдгор Обид Қорабоғ қўмитасига раис қилиб сайланди…Қорабоққа ёрдам фонди ташкил этилди. Маблағ йиғила бошланди. Йигитлардан бири бу маблағга қурол сотиб олайлик, дея сўзлагани ва шундан кейин Бирлик штабида у кўринмай қолганини кўплар тасдиқлашади. Зеро,Бирлик штабидан Қорабоғ қўмитаси аъзоларининг рўйхати ҳам “йўқолиб” қолганди. Тез орада тазйиқлар бошланди.

    “Тўрт йилдан бери Озарбайжон жумҳуриятидаги Қорабоғ ўлкасида тинимсиз қон тўкилаётгани,жанглар давом этаётгани,бу фожиавий воқеаларнинг ҳануз сўнги кўринмаётгани жаҳон жамоатчилигини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Ҳозирнинг ўзида кўплаб мустақил мамлакатларда “Қорабоғ” қўмиталари тузилди ва иш бошлади”,деб ёзди шоир Ёдгор Обид ўзининг “Қорабоғ” қўмитаси кимларни чўчитиб юборди”,номли (“Мустақил ҳафталик”,мухолифат газетасининг1992 йил 9 сонида босилган) мақоласида. Сўнг бу ташкилот тузилганидан кейинги ҳукуматнинг толвасаларини баён қилди:“Қўмитанинг дастлабки йиғилиши(пайтида)ёқ юзлаб милиция кучлари ташланди. Ҳайъат аъзоларининг ҳаммаси,ҳатто йиғилишга тасодифан кириб қолганлар ҳам тазйиққа учради,кўплари ҳибсга олинди,жарима солинди”…Шундан сўнг шоир бу ҳолнинг сабабларини очиб ташлади,“Қорабоғ”нинг тузилишига қаршилик қилинганининг сабабини Тошкентда илдиз отган ва ҳукумат билан бирлашиб кетган арман мафияси билан боғлиқлигини уруғулади…

    Шу хил воқеалардан кейин Ёдгор Обиднинг ўзи ҳам,сўзи ҳам ўзбек ҳукуматига ёқмай бошлади.. Республика прократураси Қорабоғ қўмитасининг ҳар бир аъзосини чақириб сўроқ қилди…Ўзбекистон ички ишларининг мутасаддилари шоирни тинимсиз таъқиб этдилар. Аммо у ўзининг сисий фаолиятини ва ижодий ишларини тўхтатмади. Қардош озар халқининг фожиавий аҳволи ҳақида мунгли,аммо некбин шеърлар ёзди:

    Кўзингда ёш кўрдим,бузилди кўнглим,
    Ўнгингда ўлиму,сўлингда ўлим,
    Биламан,бағрингда ўксизлик,аммо,
    Турк ўғли йиғламас,йиғлама ўғлим…

    Дардингни дардим деб билурман бугун.
    Қўлимдан не келса,қилурман бугун,
    Сен учун ўз бағрим тилурман,бугун,
    Турк ўғли йиғламас,йиғлама ўғлим…

    Бу хил шеърлар ва амалий фаолиятлар ҳукумат расмийларини чўчитиб қўйди. Ёдгор Обидни бир неча бор турли муддатларга қамашди. Аммо у 15,20 суткалик қамоқлардан чиқиб ҳам фаолиятини ва ижодий ишларини давом эттираверди. Шоирнинг ҳар куни терговга чақирилиши,тинимсиз  қамоқлар,таъқиблар оқибати яхши бўлмаслигини сезган Бирлик халқ ҳаракати раҳбарлари уни вақтинчалик бўлса ҳам Озарбайжонга кетишга даъват этди ва у Бакуга борди. Озарбайжонда эканида у ердаги мухолифатчилар билан танишди,жабаҳаларда бўлди…
    Кўп ўтмай,Озарбайжон мухолифатининг ҳам аҳволи таранглашди ва Бирлик раҳбарияти уни Москвага даъват қилди. У Москвада эканида “Озодлик”нинг мухбири сифатида фаолият юритди…Москва газеталарида Ўзбекистон ҳақида чиқан мақолаларни шарҳлаб,шу йўл билан курашни давом эттирди…Аммо ўзбек милицияси ва шахсий ғанимлари уни Москвада ҳам тинч қўйишмади…

    Маломат эшитдик. Иғвога қолдик.
    Адолат изладик. Ёғилди таҳқир.
    Висолга талпиндик. Адашдик. Толдик.
    Лутф эҳсон этмади бешафқат тақдир.
    Умидга юзландик. Қорайди хаёл-
    Дунёнинг домидан бўлолмай халос.
    Армон –ҳамроҳ эди. Кўргилик –завол.
    Бағирда –оғриқ ва ёниқ эҳтирос,-

    дейди у ўзининг бир шеърида. Москвада ҳам,шоирни тинч қўйишмаганидан кейину узоқ хорижга кетди.

    2. Шоир узоқ хорижда…

    Ёдгор Обидни узоқ хорижда ҳам она ватан билан боғлиқ тааассуротлар “қўйиб юбормади”,ўзининг ва бошқа муҳожирларнинг кайфиятларини ифодаловчи шеърлар ёзди. Бу шеърларида Ватан ҳажрида ёниб юрган муҳожирларнинг рамзий  маънодаги маънавий руҳий холатини ифодалади. Шоир ўзи ва бошқа мухолифатчилар кайфиятини ифодаларкан,бир шеърида ажойиб бир шакл,янги оҳанглар топиб,шу куйга мос оҳорли фикрларни илгари сурди:

    Парво қилмай тузо-о-оқ,тузоқ- тузоқларга
    Чиқиб кетдик узо-о-оқ,узоқ-узоқларга.
    Юрабердик тоғлар ошиб,чўллар ошиб-
    Билмай ҳатто қаё-ё-оқ,қаёқ- қаёқларга…
    Гоҳи гуллар тердик. Терган гулларимиз-
    Тўлиб кетди қучо-о-оқ,қучоқ- қучоқларга.
    Йўллар оғир бўлди. Ҳатто мазоқ бўлдик-
    Гоҳи ўзи мазо-о-оқ,мазоқ- мазоқларга.

    Ватанда қолган баъзи зотлар,ҳатто мухолифат вакиллари ҳам хориждаги  қочоқ мақомини олиб яшаётган мухолифатчиларнинг аҳволи яхши,егани олдида,емагани ортида,бўлса керак,деб хато ўйлашади. Муҳожирликдаги киши турли жойларда,турли халқлар,қавмлар қуршовида яшайди:турли муаммоларга дуч келади,уларнинг бирини ечса,бирини ечаолмаган кунлари кўп бўлади. Ёдгор Обиднинг:“Йўллар оғир бўлди. ҳатто мазоқ бўлдик- гоҳи ўзи мазо-о-оқ,мазоқ- мазоқларга”,дейишининг сабабларидан бири ҳам шу! Ҳаммасидан ҳам муҳожирликдаги мухолифатнинг Ўзбекистон расмийлари томонидан Ватан хоини,деб мазах қилиниши ортиқчадир. Уларнинг энг виждонлилари миллатга ва Ватанга хиёнат қилмаганлар.

    Шеърдаги:“тузо-о-оқ,тузоқ- тузоқларга,узо-о-оқ,узоқ-узоқларга,қаё-ё-оқ,қаёқ- қаёқларга”…Ҳатто “мазоқ бўлдик,мазо-о-оқ,мазоқ- мазоқларга” сингари қўш ва учлик қофиялар шеърдаги мусиқийликни ошириш билан бирга хорижда юрган ватандошларнинг руҳий аҳволини теран ифодалашга ҳам ёрдам берган. Бу сатрлардаги сўзларнинг ўзаро уйғунлашиб келиши,мусиқийликни туғдирса,ҳар иккаласи туфайли ўқувчи шеърдаги руҳни чуқурроқ англаб етади,Шеърдаги маҳзун маъно киши руҳига чуқурроқ ўрнашади. Аммо шоир тушкун кайфиятга йўл бермасликка ҳаракат қилади:

    Мақсадимиз –эл учун эрк эди.
    Гарчи- Ўхшасак ҳам саё-ё-о-оқ,саёқ- саёқларга.
    Дасти узун ёв ҳам бизни тинч қўймади,
    Дучор қилиб таё-ё-о-оқ,таёқ- таёқларга.
    Умид –ҳамроҳ. Етажакмиз оҳир бир кун-
    Эрк аталмиш маё-ё-о-оқ,маёқ- маёқларга.

    Мухолифатнинг “Дасти узун ёв”и бугунги расмий ҳукуматдир. Расмий ҳукуматнинг Ёдгор Обид типидаги мўътадил мухолифатчиларни ҳам душман деб билиши сисий ахлоқсизликдир.

    Шоир хорижда бўлсада,руҳи ватанда. Тўғрироғи,у хорижда туриб Ватан учун ишламоқда. Шунинг учун шоирнинг кўзига ҳамма нарса Ватан тимсолида кўринади. Ватан соғинчи уни тинч қўймайди. Ватандаги оғир ҳодисалар,ўлимлар,қама-қамалар,хорлик ва муҳтожлик,миллатлараро мажоролар,ҳаммаси унинг дарднок кўнглига кириб келди,ва албатта маҳзун,аламли туйғулар қўзғади. У “Туркистон” шеърида ёзади:

    Етим йиғлар. Есир йиғлар. Хор йиғлар.
    Хорликларга дош беролмай зор йиғлар.
    Тақдир ҳукми шу бўлдими,Туркистон,
    Юрак- бағри ўртаб дўсту- ёр йиғлар.

    Дард устига дард ёғилди бошингга,
    Кимса боқмас кўздан оққан ёшингга,
    Ёвинг оғу қўшаётир ошингга…
    Кўриб жисми аро руҳи бор йиғлар.

    Юқоридаги мисралар маълум бир тарихий воқеларга,борингки,Андижон қирғинига ёки Ўш Жалолобод фожиаларига бағишланган,деб айтиш қийин. Шеър қадим Туркистон юртида,хусусан Ўзбекистонда шу бугунги фожиаларнинг акс садоси тарзида пайдо бўлган. Аммо шоирнинг кейинги сатрларида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган қирғинлар таъсири сезилади:

    Ўз фарзандинг бугун ғаним ўзингга,
    Қараб туриб чўп тиқади кўзингга,
    Парвоси йўқ ғарғарадек сўзингга…
    Оёқ ости бўлиб номус-ор йиғлар.

    Ҳа,туркийларнинг бир қавми бўлмиш ўзбек бугун оёқ ости бўлди,хор бўлди. Ҳаммамиз бу халқ учун қон йиғладик,юрак бағримизни тиғладик. Аммо бошқа илож қилолмадик! Шоирларимизнинг,оҳу нолалари ҳам худди шу хил иложсизликда!

    Бир сўз айтай дейман. Тополмайман сўз.
    Кўрганим- даҳшатдир. Титрайди вужуд.
    Кўриб-кўролмайман. Алам қотган кўз.
    Ваҳшийлик шунчалар билмасми ҳудуд…

    Бу Ёдгор Обиднинггина эмас,ҳаммамизнинг ноламиздир. Биз исён,армон туйғуларини бошдан кечирсакда шоирона ифодалайолмаймиз нозимлар эса бунинг уддасидан чиқади. Ўш ва Жалолободда ёш йигитлар отиб ва ёқиб ўлдирилганда,сингиллар,қизалоқлар хўрланганда ва зўрланганда биз ҳам ноиложликдан изтироб чекканмиз,қийналганмиз,шоир эса,худди бизнинг туйғуларимизни ифодалаётгандай.

    Қабрлар қошида эгилган бошим.
    Руҳингиз-руҳимда. Чекадир фарёд.
    Тасаввур қиламан. Етмас бардошим.
    Энди сиз- шаҳидсиз. Мен эса- ҳаёт…
    Асраб қололмадим,кечир,сингилжон,
    Кечиринг,оналар,болажонларим.
    Гуноҳкор- ўзимман. Юрак- бағир қон.
    Виждоним ўртаниб ўтар онларим…
    Асли ваҳшийликнинг бўлмас миллати,
    Ёвуз тўдаларга бордир интиқом.
    Сизни хўрлаганлар тортгай кулфатин,
    Ёдингиз унутсак – умрлар ҳаром.

    Бир хил ижодкорлар фожиали воқеалар ҳақида ёзганда,шу фожиаларнинг шеърий суратини бераётганидан ғурурлангандай сўзлайди. Ёдгор Обиднинг фожиалар акс садоси сифатида пайдо бўлган юқоридаги ва қуйидаги мисраларидан эса қон йиғлаган шоирнинг ноласи эшитилади,  “шу фожиалар бўлмаса эди”,деган маъно англашилади.

    Хаёл ичра боқсам гоҳи ортимга
    Дили ўксик она тушар ёдимга.
    Ўтлар тушсин шеърим-истеъдодимга…
    Шўрим қуриб бошим узра дор йиғлар.

    Ўксик дилинг ёритолмам сўз билан,
    Кўз ёшингни аритолмам сўз билан.
    Йўқни,ахир,бор қилолмам сўз билан…
    Зорлигингдан кўнгиллар зор-зор йиғлар.

    Қаддинг борку,кўтармайсан қаддингни,
    Ҳаддинг борку,кўрсатмайсан ҳаддингни,
    Туркистон,ҳей,ким тиклайди шахдингни…
    Кўзларимга дунё бўлиб тор йиғлар.

    (28 июл,2011 йил)

    Бугунги туркий ўзбекнинг шўри қуриган,яқин хориждаги ваҳший тўдалар уни ўлдириб,хону монига ўт қўяди,мамлакат ичкарисида эса,бош кўтарган йигитларнинг бошларини чўқмор билан ёрадилар,Инсонман,деганларни,мусулмонман деганларни қамоқларга ташлайдилар. Ватанда сўзи ва ўзи фаол бўлганларнинг анча мунчаси қамоқда.

    Ўзи ҳам қамоқ азобларини кўрган дгор Обид дўстлари тақдирига ачиниб бир қанча шеълар ёзди. Бир пайтлар муборак туманини бошқарган,у ерда биринчилардан бўлиб,компартияни тарқатиб,демокртатик йўлга ўтишни тарғиб қила бошлаган ўзбекнинг мард ўғлони Мурод Жўраев ҳам қамоқда. Ёдгор Обиднинг Мурод Жўра  номидан ёзилган бир шеърида қуйидаги сатрлар бор.

    Туркистон,Туркистон,буюк ҳибсхона,
    Ўз элин бағрида банд этган Ватан,
    Орзудан бегона. Руҳдан бегона….
    Мен-хаста жондирман. Сен-хаста бадан.
    Хаёлимни бўғар. Бўғзимни бўғар-
    Тиконли симларга айланган тақдир.
    Фарёдим бағрингга қандайин сиғар-
    Сенсиз- мен сағирман. Менсиз- сен сағир.
    Тонгги йўқ тун бўлмас. Ноумид- шайтон.
    Қалблар талпинади. Тепади юрак.
    Талпина- талпина ёғдулар томон-
    Нигоҳлар ханжарга айланса керак.

    Ёдгор Обид фақат Мурод Жўраевга эмас,Мамадали Маҳмудов,Дилмурод Сайид (ҳали ҳам зиндонла ётган),Юсуф Жума сингари (бугунги кунда озод этилган) маҳбуслар ҳақида шеърлар ёзди. Уларнинг ғам ҳасратларини куйлади,халқнинг уларга бўлган муҳаббатини иффодалади.

    Шоир “Туркистон,Туркистон,буюк ҳибсхона,Ўз элин бағрида банд этган Ватан”,деб ёзаркан,азоб чекаётганлар фақат қамоқларда эмас,ватаннинг ичкарисида ҳам тўлиб-тошиб ётганига ишора қилади. Ғўза икки қулоқ бўлгандан териб олингунча далада ишлатилаётган болалар ҳам шу хил азоб чекаётганлардандир. Шоир уларнинг аҳволини мунгли,мусиқий сатрларда баён этаркан,болалар тилидан шундай дейди:

    Ғўза бўйимдан баланд,
    Ҳечким кўрмас тутсам қад.
    Аммо қад ҳам тутолмам,
    Чайқалади ер ғалат…
    Пахта тўла этагим,
    Ёмон оғрир кўкрагим.
    Этакни ёстиқ қилиб-
    Ётсам тугар эртагим…

    Ўзбекнинг болалари 70 йиллик шўро даврида ҳам шундай афтодаҳол эди,ақли тўлишмасдан пахтага ҳайдаларди. Коммунистлар коммунистчасига бошқараётган Ўзбекистонда ҳали ҳам ғариб ва афтодаҳол! Конституцияда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди,деб ёзилганига қарамасдан ҳозир ҳам улар эксплуатация қилинади. Бўйи ғўза бўйига ҳам етмайдиган норасидаларни меҳнат ҳақи бермасдан ишлатишади. Уларнинг ишлаб топган пуллари фермерлардан тортиб,туман,вилоят…катталарининг чўнтакларига тушади. Шеърни ўқиркансиз,вақтида ўқийолмай,билимсиз қолаётган болаларнинг тақдирига ачинасиз. Ўзбекнинг итнинг охирги оёғига айланиб бораётгани,илмнинг қадри борган сари пастга тушиб бораётганинининг,фуқароларимиз чет элларда мардикор бўиб юрганининг сабаби ҳам худди шу хил билимсизликларнинг махсули эмасмикан,дея ўйлайсиз Ўйлар ўйларни судраб келади…Худди кимлардир,ўзбек хор бўлаверсин,итнинг охирги оёғи бўлиб юраверсин,деб ҳозирги тузимни яратгандай кўринади. Ёш,норасида болаларга зиғирча ачинмай,уларнинг нонини туя қилаётган “мустақил” элнинг мустақил раҳбарларига қойил қолмайсиз. Шоир болаларнинг бир кунлик меҳнатини сатрларга тизиб,жисмоний ва руҳий қийноқларни шеърга солади. Ўзининг ёшлиги ҳам пахтазорда ўтган Ёдгор Обид болаларнинг аҳвол руҳиясини яхши билади ва теран ифолалайди:

    Қоронғи тушиб қолди,
    Белим увушиб қолди.
    Ҳайҳотдек пахтазорда-
    Жинлар қувишиб қолди.
    Бақирсам йўқ товушим,
    Йиртиқ эски ковушим.
    Қўлим тутсам кўзёшга-
    Тўлиб кетар ҳовучим…

    Бу пахта қули бўлган болаларнинг жисмоний ва руҳий қийноқларининг ифодаси. Қоронғида бўйи ғўза бўйидан кичик болаларга ғўзалар ҳам хуник ва ёқимсиз кўринади:гўё эртаклардаги жинлар чиқиб келаётгандай,улар:“ҳаммаёқ ҳувиллайди,Бўрилар увиллайди. шитирлаган нарсадан- юрагим шувиллайди”,дейишади. Шеър қаҳрамони бўлмиш боланиинг киймилари,кўриниши ҳам руҳиятига мос:“Бақирса товуши чиқмайди,оёқ кийимлари йиртиқ. Яна:“Қўлим тутсам кўзёшга- Тўлиб кетар ҳовучим” дейиши кишини дод дейишга мажбур қилади.

    Ёдгор Обиднинг болалар меҳнати тасвирланган бошқа бир шеъри бунданда мунглироқ:

    Қора совуқ. Аччиқ шамол-
    … Зап ҳувиллар. Зап ҳувиллар.
    Этак тутиб борар беҳол-
    Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.
    Йиртиқ калиш. Энгил- юпун.
    Тезроққина чиқсайди кун…
    Титраб борар ўхтин- ўхтин-
    Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.
    Мурғак ўйлар. Ширин хаёл-
    Бари завол. Бари завол.
    Ўз элида ўзи увол…
    Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.
    Эгат-эгат. Этак- этак,
    Чаноқ тилган қонли билак,
    Мурғак умри- мудҳиш эртак…
    Жажжи қўллар. Жажжи қуллар.

    Беихтиёр,болаларни шу хил меҳнатга мажбур этган,катталарни шу хил маҳзун кайфиятга туширган замонга лаънатлар бўлсин,дегингиз келади. Ҳақиқий шеър шундай бўлади:ётган бўлсангиз туриб кетасиз,турган пайтингизда уни ўқисангиз,юриб кетасиз,яъни ҳаракатга тушасиз…
    Ёдгор Обид узоқ хорижда экан,турли мавзуларда шеърлар битиш билан бирга немис тилини ҳам ўрганди,ўз асарларини бу тилга таржима қилдириб,ўша жойдаги аҳоли билан бўлган ижодий учрашувларда ўқиб берди,Ўзбекистондаги мавжуд аҳвол билан уларни таништирди…
    Ёдгор ака менга ёзган хатида анча тушкун гапларни ёзган. Аслида тушкунликка тушишга ҳожат йўқ. Чунки келажак мухолифатники! Эртами,кечми Ўзбекистонда ҳақиқий маънодаги демократия ғалаба қилади. Ўшанда Ёдгор Обиднинг жилд-жилд китоблари чиқади,шоир ҳақида китоблар ёзилади. Ёдгор ака! Кайфиятни туширманг,келажак бизники!

    Ботир НОРБОЙ.
    Филология фанлари доктори.

    Ёдгор Обид ижодидан

    ***

    Ёлғон дунё ёлғонлиги ёлғондир,
    Билмам бу гап ким- кимлардан қолғондир.
    …”Бу дунёлик,у дунёлик сўранг”деб-
    Яратган зот Китобига солғондир.
    Руҳимизда икки дунё эшиги,
    Бу дунёдир у дунёнинг бешиги.
    Алдовларнинг бўлмас катта- кичиги…
    Тинглай- тинглай қулоқлар ҳам толғондир.
    Ҳарким гапни ўзига мос қурадир,
    Сизни тергаб,ўзи даврон сурадир.
    Тузоғига илинтириб юрадир…
    Кўплар ҳоли шундан хароб бўлғондир.
    Алдов сира динимизга хос эмас,
    Бало келса- бўйин эгмоқ рост эмас.
    Бу йўлларда адашганлар оз эмас…
    Хатолардан диллар қонға тўлғондир.
    Борлигимиз ёлғон эмас ё сароб,
    Ҳақиқат бор. Ва унга бор ихтилоф.
    Бул ҳаётни кимки қилмас эътироф-
    Ҳам ўзини,ҳам ўзгани чолғондир.
    Ёвга ёвлик- Бош Китобда ҳам ҳалол,
    Бўйин эгмоқ келтиради кўп завол.
    Эрк йўлида ханжар- тўғри сўз қурол…
    Мардлигини йўқотган эл- ўлғондир.
    ***

    Кел,дўстим,дардлашиб олайлик,
    Зора енгил тортсак…Ёзилса кўнгил.
    …Кетмайлик,шу ерда қолайлик.
    Дарё мудраябди. Уйқуда соҳил.
    Эркаланиб бораётир ой,
    Юлдузлар жим. Хаёлдек ҳашам.
    Бизга насиб этмиш бу чирой,
    Шукур қилгил шунисига ҳам.
    Юртинг қайда- айтмай қўяқол.
    Ҳаммамизнинг эрур бу дунё.
    Талашганлар келтирган завол-
    Ўртамизда тентироқ нидо…
    Ҳар ернинг бор гўзал ўлкаси,
    Ойи- ёруғ. Юлдузи- ёруғ…
    Аммо оғриқ соғинч кўлкасин-
    Кўтаролмай судралади руҳ.
    Кетма,кел,шу ерда қолайлик,
    Ҳадемай тонг отар ва чиқар қуёш.
    Ёрқин сукунатдан баҳра олайлик,
    Ёрқин ой,юлдузга бўлайлик сирдош.

    ***

    Умрим бўйи дунё сирин ўргандим,
    Пасту- баланд,ўру- қирин ўргандим.
    Ҳаёт- буюк,ҳеч туганмас китобдир,
    Озин кўрдим,бирин- бирин ўргандим.
    Биров- иймон,биров- шайтон йўлинда,
    Қонли ханжар- разолатнинг қўлинда.
    Бироқ кўрмас не бор ўнгу- сўлинда…
    Одамликнинг ҳарҳил турин ўргандим.
    Қўрққаним йўқ қаро туннинг ваҳмидан,
    Ҳатто ғаним бергани тиғ заҳмидан.
    Томса томчи бирор ғариб чашмидан-
    Ёвузликнинг зарбу- тирин ўргандим.
    Ҳайрон эдим,нега дунё бундайдир,
    Алам ютган кунлари ҳам тундайдир.
    Балки тақдир яратгандан шундайдир…
    Фикр қилдим,олам фикрин ўргандим.
    Ҳартомонга уриб кўрдим бошимни,
    Дўсту- ғаним кўп синади дошимни.
    Умрим бўйи оқизмай кўз ёшимни-
    Закийларнинг зако зикрин ўргандим.
    Хаёлларим- орзуларга қанотдир,
    Қанотланган орзули дил ободдир.
    Адолатнинг йўли- кураш,саботдир…
    Умид тўла кўзлар нурин ўргандим.”

    ***

    Манзара

    Бир зум…
    Фақат бир зум
    Кўзларингни юм-
    Ўзингни,дунёни
    Кўрмоқлик учун…
    Шунда-
    Фақат шунда,
    Афсонага
    Айланар ҳаёт.
    Шунда-
    Фақат шунда,
    Эртак бўлиб
    Кўринар тақдир.
    Энди-
    Тамом:
    Кўзларингни
    Очишинг мумкин-
    Гирдингни ўраган
    Қулоқсиз замон-
    Ҳам соқов тошларни
    Кўрмоқлик учун…
    Зиналар Оғир- оғир,
    Ҳарсиллайди зиналар.
    Тош бағрига
    Сингиб кетган,
    Армон тўла гиналар.
    Одим- одим
    Елка тутиб
    Энкиб элтар,
    Юқори
    Таъқиб этар
    Тош нигоҳлар
    Сақлаб
    Совуқ виқорин…”

    ***
    Жон сўниб бормоқда.Сўнмоқда ҳайрат.
    Ширин орзу эмас,армонга тўлдим.
    Не учун эзгулик ахтариб фақат-
    Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.
    Кўп эди қалбимда умид ва ҳавас,
    Энди ўз кўкрагим ўзимга қафас.
    Бу- дардлар тутқуни бераётган сас…
    ”Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.”
    Ҳақ дедим,ҳалқ дедим бўйнимда каманд,
    Келди қаллобликнинг қўллари баланд.
    Сўзлар- банд,хаёл- банд,фарёдларим- банд…
    Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.
    Руҳим зориллайди интиқиб ҳамон,
    Севгини билган дил соғинчи ёмон,
    Наҳот бундан ўзга йўқ энди имкон…
    Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.
    Ҳалоллик -харобдир,ёвузлик- устун,
    Эл- тутқун,Эр- тутқун,гўдаклар- тутқун,
    Бор сўзни,рост сўзни айтганим учун-
    Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.
    Ҳалқим кўз очгунча фарёд этарман,
    Не билай,у кунга қачон етарман,
    Тақдирим шу экан энди нетарман…
    Эй дунё,мен сенга бегона бўлдим.”

    Уйғонур

    Дардларим сочсам самога
    тўлғониб осмон уйғонур,
    Ҳасратим очсам мабодо
    … чўғланиб Чўлпон уйғонур.
    Ларзага келгай замин
    оқса кўзимдан томчи ёш-
    Тебраниб тоғлари ҳарён
    бағрида вулқон уйғонур.
    Шиддати оҳимни айтдим
    оламни айлаб бохабар,
    Топса гар бу ҳолдин хабар
    ошкор ё пинхон уйғонур.
    Англамас дил дардим фақат
    кимки жаҳолатга асир,
    Ул жаҳолат пажасинда
    зулму- бўҳтон уйғонур.
    Ҳолатим- ҳолати элдин,
    дардларим- дарди Ватан,
    Аслида шул ҳам сабаб дил-
    қаърида тўфон уйғонур.
    Рағбати эл иймон эрса
    бошқа йўлга чора йўқ,
    Хорлиги ҳаддан зиёда
    ҳар дилда исён уйғонур.
    Талпинур ул майдон талаб-
    олгай адолат ханжарин,
    Кўз очар,ғафлатда қолмас,
    Келганда имкон уйғонур.

    ***‎

    Ёдгор Обид ўлди денглар. Ўлгани рост.
    Аллақачон у дунёнинг нарёғида.
    Ҳайқириғи қотиб қолган томоғида.
    Руҳида йўқ на бир сезги,на эҳтирос.
    Ким истаса- иғво қилсин. Бермас жавоб.
    Гўлайганча тураберар. Кўзлар- сўнук.
    Ажин босган юзи совуқ.Шундай хунук.
    Ўтган аср увадаси. Холи хароб.
    Нега келди- нега кетди,билмас ўзи.
    На кимсанинг кўнглин олди бўлиб бедор.
    На ёвига ёвлик қилди… берди озор.
    Пайтавадек чувалашиб қолди сўзи.
    Жоҳил душман баланд келди. Келди ғолиб.
    Ёвузлигин қилаберди. Тинч қўймади.
    Бегуноҳлар қонин ичиб ҳеч тўймади.
    Эл ингранар дарди билан ёлғиз қолиб.
    Нурсиз умр. Рангсиз умр. Жангсиз умр.
    Енгил шамол эсган каби эсди- кетди.
    Мақсад шундай бўлса агар- шунга етди.
    Балки бу ҳам сизлар учун сабоқ эрур.
    Шахди ўлган элнинг руҳи сўнган ўғли-
    Ёдгор Обид ўлган денглар,
    Ёлғон эмас…

    Ғазаллар

    Дема менга,эй мунофиқ,жаннат йўли- қаноатдир.
    Қаноат қилмам Ватан то-банди зулми жаҳолатдир.
    Майли ёнсам,майли куйсам гар жаҳаннам оташинда,
    Бу эл тортган жабрлардин балки шул ҳам ҳаловатдир.
    Гарчи доим лоф урурсан тафти оташнинг ваҳмидан,
    Бори оташ кўксимдадир,тафти андин аломатдир.
    Қанча сўзлар сўзладинг сен гар элни бир нодон билиб,
    Аммо нодон эрмас бу эл,барча сўзинг маломатдир.
    Тўғри сўзга тоқатинг йўқ,чирпанурсан заҳринг сочиб,
    Заҳри қотилликлар билан неки қилдинг- залолатдир.
    Чиқмас залолатдан бошинг,ҳам руҳинг дарддин йироқ,
    Неки қилдинг- қилмадинг жаҳолатдин сафолатдир.
    Тўсма йўлимни,эй жоҳил,қаноатга тоқатим йўқ,
    Сенга- ором,менга- майдон,излаганим- адолатдир.
    2.
    Сенга зорим айтай дерман,андиша- орим кўндаланг,
    Сенга орим айтай дерман,ўртада зорим кўндаланг.
    Ер чизиб бармоқ билан гоҳ-ўлтирадурман мунғайиб,
    Сен ўтурсан соя ташлаб,нигоҳи хорим кўндаланг.
    Нигоҳи хорим талпиниб гар-эргашса соянг ортидан,
    Шум ғанимлар топса хабар-бош узра дорим кўндаланг.
    Майли дорга бош тутурман,сенсиз бу бошни не қилай,
    Дардли бошим дорга тутсам қўлимда торим кўндаланг.
    Торга жўр этсам сўзимни қилгай назар деб эҳтимол,
    Шул умидга ҳам бўлибдур тақдирда борим кўндаланг.
    Асли тақдир менга шафқат кўрсатмаган,кўрсатмагай,
    Дарди дил ҳам,дарди эл ҳам,дарди диёрим кўндаланг.
    Қанча зор қилган билан ҳам-тарки дил этмас дардларим,
    Тарки диллар йўлларинда ўлсам мозорим кўндаланг.

    Апрел,2011.

    www.yangidunyo.org

    Published on december 16, 2012 · Filed under: Ботир Норбой;
    Kommentarer inaktiverade för Ёдгор Обид ҳақида

Comments are closed.