ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

december 2012
M T O T F L S
« Nov   jan »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  

  • Аҳвол қалай мардикор?

    mardikorАЛЛОҲ БОШНИ НИМАГА БЕРГАН ЁКИ ДЕМОКРАТИЯ БОРАСИДАГИ ҲАНГОМАЛАР

    Ўзаро суҳбатлашиб турган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан “Аҳволлар қалай?” деб сўрадим. Улардан бири:

    – Демократия бўлгандан бери аҳволимиз ёмон, – деди. Суҳбатдошлар қаҳ -қаҳа отиб кулишди.

    Кулганлар орасида зиёлинамо кийинган, кўзойнакли йигит ҳам бор эди. У:

    – Демократия нима ўзи? – деб савол берди.

    – Билмасам, биз томондаги газеталарда “демократияни чуқурлаштириш” ҳақида кўп ёзишади. Чуқурлашмагани шу бўлса, чуқурлашгани қанақа бўларкин, деб хавотир олиб юраман. Хар ҳолда, ҳозир бизда ишсизлик, қимматчилик, мардикорлар кўпайган, ҳатто аёллардан ҳам мардикорлар бор…

    – Агар ишсизлик демократия бўлса, Ўзбекистон ва ундан кўра ҳам демократикроқ бўлган Россияда нега ишсизлик кам? – сўради кўзойнакли йигит.

    – Билмасам?..

    – Билмасангиз, билиб қўйинг, ишсизлик демократия маҳсули эмас, аксинча демократия йўқлигининг белгисидир. Демократия бўлса, ҳар бир шахс эркин бўлади, кишилар ўз соҳалари бўйича фирма ёки шунга ўхшаган идоралар очиб, ишсизликни камайтиришади, ҳатто тугатишади. Касбингиз нима?

    – Дурадгорман… Сиз айтгандай, фирма очиб, ишлашга мен ҳам ҳаракат илиб кўрдим. Аммо, иш бошлашим билан солиқ қўмитасидан бир киши келиб қоғозларимдан камчилик топа бошлади. Кейин билсам унга икки дона ром керак экан… Ундан бир амаллаб қутулган эдим, прократурадан бири келиб, ясаб қўйган эшигимни арзон – гаровга олиб кетди. Бу цех билан оиламни боқа олишимга кўзим етмагач, уни ёпиб, Қозоғистонга ишлашга келдим.

    – Демократия дегани эркин инсон ва эркин шароит дегани. — сўзини давом эттирди, кўзойнакли йигит, – Сизнинг эркингиз йўқлиги учун сиз солиқ қўмитаси ходими ромингизни олиб кетган, шу сабабли унинг ва прокурорнинг ноқонуний ишларига қарши туролмагансиз, оқибатда ишсиз қолгансиз.

    Гапга қорачадан келган 40 ёшлардаги киши аралашди.

    – Сизнинг гапларингиз балки назарий жиҳатдан тўғридир, аммо бизнинг шароитда гапларингизни амалга ошириш қийин.

    – Нега?

    – Мен ҳам фермер хўжалиги очиб ўн гектар ер олган эдим. хам меҳнат қилиб, ҳам қарз бўлдим…

    – Қанақасига қарз бўлдингиз?

    – Ерни олгандан кейин трактор ишлатдим. Тракторчига ва ёнилғига отнинг калласидай пул олишди. 6 гектар ерга пахта, 3 гектар ерга буғдой, қолганига сабзавот экасан, деб шартномага қўл қўйдиришди. Уруғликка, минерал ўғитларга, дорилашга пул олишди. Хаммаси улар айтган нархда. Бола – чақам, қариндош – уруғларим билан олти ой ишлаб ҳосил етиштирдим. Буғдойимни келиб комбайнда ўриб, 180 сўмдан нарх қўйиб олиб кетишди. Мен уларга, “биродарлар, бозорда буғдой 400 сўм, меникини ҳеч бўлмаса 300 га баҳоланглар,”, деб илтимос қилдим. Аммо гапимни бир тийинга олишмади: “нархни сен эмас, биз қўямиз, уруғликни, тракторни, минерал ўғитларни биз берганмиз”, дейишди. Мен уларга “текинга бермагансизлар, пулимга бергансизлар”, дея олмадим.

    – Судхўрлар экан-да, бошлиқларингиз. Судхўрлик динда гуноҳ саналади. Фермер дегани, акахон, давлат билан ҳеч қандай шартнома тузмайди. Ер солиғини тўлайди холос.

    – Шартнома тузмай ҳам кўрингчи, онангизни Учқўрғондан кўрарсиз, — деди собиқ фермер.

    – Биламан, аммо бор гапни айтяпман. Чет элларда фермерлар ерига нима экишни ҳам, олинган ҳосилни қаерга олиб бориб, қанчага сотишни ҳам ўзи ҳал қилади. Чет мамлакатларда ҳақ олишнинг 3 ёки 5 фоизи фермерлик билан шуғулланади, аммо ўз одамларини ҳам боқади, бошқа мамлакатларга ҳам маҳсулот экспорт қилади. Сизнинг ишларингизнинг юришмаганининг сабаби яна эркинлик йўқлигига бориб тақалади. Фермер ҳар бир фуқаро каби эркин ва озод бўлиши керак.

    – Бизда ҳозир эски колхознинг ерлари фермерларга бўлиб берилган. Фермерлар уюшмасининг раҳбари бошчилигида ишлашади.

    – Унда улар фермер эмас, колхоз эканда?

    – Колхоз бўлса қани эди, колхозда ҳеч бўлмаса икки ёки уч қоп унга етадиган маош беришарди, фермерда ишлайдиганлар пул нима эканлигини билишмайди.

    – Демак улар фермер бригадаси аъзолари эмас, қуллар эканда? Фақат қулларгина пул олмай ишлайди. Фермер ҳам, у ерда ишлайдиганлар ҳам озод ва эркин одамлар бўлишлари керак.

    – Умуман инсон озод бўлиши учун, сиз айтгандай юртимизда ҳақиқий демократия бўлиши учун нима қилишимиз керак? – асабий равишда савол берди дурадгор…

    – Бу борада шахсан менда тайёр рецепт йўқ , аммо велосипедни қайтадан ихтиро қилиб ўтирмай, бошқа демократик мамлакатлар илган ишларни амалга ошириш керак, тамом, вассалом!

    – Яъни?!

    – Менга қолса, ишни матбуотни эркинлаштиришдан бошлаш керак. Матбуот эркин бўлса, Сиз юқорида айтгандай, амалдорлар Сизга зулм ўтказа олмайди, пора ола олмайди, меҳнатингиз маҳсулини арзон гаровга ёки пул бермай қолишдан ҳайиқади, инсонни хўрлашдан, таҳқирлашдан қўрқишади. Эртасига қилмиш ва қидирмишларини ёзиб чиқишларини ким ҳам истайди?!

    – Яна?

    – Давлатга қарашли барча идора раҳбарларини, судларни, оқсоқоллар йиғини бошлиғини, туман ва вилоят ҳокимини ва ниҳоят Республика президентини ҳам қўнуний сайловлар асосида сайлаш керак. Хозир қуйи бўғиндан бошлаб вилоят ҳокимигача тайинланади. Тайинланган раҳбар халқ билан ҳисоблашиши қийин. Агар сайланса, халқ билан ҳисоблашади: “мени халқ сайлаган, эртага ҳисоб беришим керак, уларнинг кўнглидан чиқмасам, мени олиб ташлашади, эл олдида шарманда бўламан”, деб ўйлаб, тиришиб – тирмашиб ишлайди.

    – Идора бошлиқлари, суд, ҳокимларни халқ сайласа, номзодларни ким қў яди?

    – Идора бошлиларини шу корхонада ишлайдиганлар, Фуқаролар йиғини бошлиғи номзодини шу маҳалланинг одамлари, суд, туман ҳокими ёки вилоят окимининг номзодини туман ва вилоятда фаолият олиб бораётган ҳақиқий партияларнинг аъзолари қўйишади.

    – Партияларнинг ҳақиқийси билан сохтасини қандай ажратасиз?

    – Халқ ичидан етишиб чиққани ҳақиқий, юқоридан туриб тузилгани кўпинча сохта партиялар бўлади, бундай партияларни сиёсатда ” қўғирчоқ партиялар” дейишади. Хақиқий партиялар қуйидан туриб тузилган ва кўпчилик ҳолларда ҳукуматга мухолиф бўлган партиялардир. Улар ўз номзодларини ва бошқа жамоат ташкилотлари қўйган номзодларнинг сайланиш жараёнини ҳукумат мулозимлари, чет эллик кузатувчилар билан биргаликда назорат қилади.

    – Парламент сайловларида ҳамми?

    – Албатта, ҳамма сайлов ва референдумларда жамоат ташкилотлари, шу жумладан, партияларнинг вакиллари тенг ҳуқуқлилик асосида сайланиши, жамоат ташкилотлари бу сайловларни назорат қилиши керак.

    – Бизда бундай сайловлар бўлмас эканда, чунки халқ ичидан етишиб чиққан партиялар бизда йўқ. “Бирлик халқ ҳаракати партияси”, “Эрк” демократик партияси” фаолиятлари расман бўлмасада, амалда таъқиқланган.

    – Бу Сизларнинг қўрқоқлигингиз, ўзбекнинг менталитети билан боғлиқ , – деди кўзойнакли йигит.

    – Менталитет деганингизни тушунмадим – гапга аралашди яна фермер.

    – Менталитет халқнинг онгига сингиб кетган, у оғишмай амал қиладиган хусусият ёки иллатлар… Бу хусусият ва иллатлар унинг юриш-туришида, урф – одатларида, мақол ва маталларида акс этади. ўзбекнинг юриш-туришини кузатганмисиз? Агар ҳозир Сиз гаплашиб турган жойга ҳокимингиз келиб олса нима қиласиз?

    – Салом бераман.

    – Салом берибгина олмайсиз, икки букилиб таъзим ҳам қиласиз. Иложи бўлса, унга хушомад ҳам қилгингиз келади. Аммо ўрис ёки қозоқ ундай қилмайди.

    – Ўзбекнинг ҳам ҳаммаси ундай қилмайди, – дедим мен.

    – Хаммаси эмас, кўпчилиги шундай қилади. Ёки беш-олти лаганбардор қилган ишни бошқалар ҳам ё ошкора, ё яширин қўллаб – қувватлайди. Чунки ёшлигингизданоқ сизни каттани ҳурмат қил, хўжайинларга қарши гапирма, деб тарбиялашган. Сиз катта деганда улуғ- ёшли одамни эмас, раҳбарни тушунасиз, тўғрими?

    – Тўғри – деди дурадгор ноилож.

    – Ўзбекда “Эгилган бўйинни илич кесмайди”, “ўнг юзингга урсалар, чап юзингни тут”, “Қўл югуриги ошга, тил югуриги бошга”, деган мақоллар борми?

    – Бор.

    – Яна шоирларнинг шеърларида ҳам, “Тишингни авайла, узаяр ёшинг, тилинг- ни авайла, омондир бошинг” сингари мисралар кўпми?

    – Кўп, бироқ “Гар қилич келса, бошимга мен дегайман ростин ” (Муқимий) , “Эгилган бўйинни қилич кесмас, деб, Яшамоқ керакми бўйинни эгиб, Дўстларим, дўстларим, эгилмангиз еч, Бўйинлар тик бўлсин, кесса ҳам қилич”(Миразиз Аъзам) каби сатрлар ҳам бор, – дедим мен.

    – Борликка бор. Биро ўзбек қайсига кўпроқ амал қилади, биринчисигами ёки иккинчисигами?

    – Биринчисига.

    – Ана, тўғрисини айтдингиз. Аммо қозоқ ёки рус ундай қилмайди. Қозоқда “Бош кесиш бор, аммо тил кесиш йўқ “, “Одам адал (яъни адолатли)булмоги керак”, каби мақоллар бор. Рус ҳам “Честь сбереги смолоду”, деб туриб олади. Улар ҳақиқатни биздан кўра кўпроқ ёқтиришади. Урисларнинг Белинский деган олими ” ҳатто онанинг фарзандига муҳаббати ҳам ҳақиқатга асосланиши керак”, дейди.

    – Энди улар бошидан кечирган шароит билан ўзбек бошидан кечирган шароит бир хил эмасда!  Ўзбек Македониялик Искандар, кейинроқ араблар, кейинроқ чингизийлар, сўнг русларнинг босқинини… сўнг 37-йиллар қирғинини кўрди…

    – Сиз айтган босқин ва қийинчиликларни қозоқ , тожик, гуржи ҳатто рус ҳам кўрган. Бошқа халқларнинг бошидан ҳам шундай қийинчиликлар ўтган.

    – Унда гап нимада?

    – Гап биринчидан, ҳали айтганимдай, ўзбекнинг менталитетида, иккинчидан, раҳбариятларингиз яратган шароитда. Мен Сизларга бориб етсин, деб атай, дастлаб менталитет ҳақида гапирдим, аслида, Сизлардаги шароит Қозоғистон ёки Россияда бўлса, ўша ердаги аҳвол ҳам ўзбекистондагидай бўлиши мумин эди. Аммо бундай шароитнинг бўлишига қозоқ ёки қирғиз, рус ёки украин менталитети йўл қўйиб бермайди.

    – Тўғри, — тан олди, фемер. Табиатимиздаги ўта юмшоклик бошимизга бало булаётган экан. Демократия дегани унчалик қийин гап эмас эканку! Нега?

    – Гапимнинг давомини ҳам эшитинг, — деди кўзойнак таққан йигит. –Демократик жамиятда бир-бирига бўйсинмайдиган уч ҳокимият хам бўлади. Бу қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд окимиятидир. Улар бир-биридан мустақил равишда ишлашади. Шунда парламент аъзолари ҳам, ҳатто президент ҳам ижро этувчи ёки суд ҳокимиятининг ишларига аралаша олмайди.

    – Бизда ҳам демократия бўлиши учун нима қилишимиз керак?

    – Юқоридаги гаплардан маълум бўлмадими? Биринчидан, менталитетингиздаги салбий томонларни ўзгартириш керак. Иккинчидан, раҳбарларингиз демократия қиламиз, деяптими? – кулиб сўради, кўзойнакли йигит…

    – Деяпти.

    – Мен юқорида демократия нималигини содда қилиб тушунтирдим. (Эркин матбуот, эркин сайловлар, учта бир -бирига бўйсунмайдиган ҳукумат) Худди шуларни раҳбарларингиздан талаб қилишга Сизнинг ҳақингиз бор.

    – Қандай қилиб талаб қила оламан?!

    – Уни ўзингиз топинг, АЛЛОҲ бошни Сизга нимага берган?…

    Суҳбатни ёзиб олувчи: Б.Норбой.
    2008 йил.

    www.yangidunyo.org

     

     

    Published on december 21, 2012 · Filed under: Ботир Норбой;
    Kommentarer inaktiverade för Аҳвол қалай мардикор?

Comments are closed.