ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

januari 2013
M T O T F L S
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  
  • Мазлумлар ватани, Серқуёш Ўзбекистон ва Эрксевар, ёмғирларга бой Ирландия

    salomatoy boymatovaСаломатой Бойматова

    2010 йилнинг 15 октябрида Ирландиянинг Дублин шаҳри аэропортига келиб тушдик. Ўзбекистондаги тирбанд, паспорт текширувидан ўтиш машаққатлари деган нарсалар умуман бегона тушунча экан бу ерда. Самолётдан тушганимиздан сўнг паспорт текширувидан ўтиш учун одамлар навбат турган бўлса биз ҳам турамиз деган ўйда атрофга қарадим. Лекин одамлар тирбанд, бир-бирини туртган манзара эмас, бутунлай мен учун кутилмаган ҳолатга дуч келдим. Паспорт текширувидан йўловчилар аллақачон ўтиб бўлишган, мен ва ўғлим иккаламиз қолган эдик.

    Навбат йўқлигини кўриб дарҳол ҳужжатларимизни кўрсатиш учун паспорт назорат қилув ойнасига яқинлашдик, паспортни назорат қилувчи аэропорт ходими бизни ҳужжатларимизни текшириб, шу кундан бошлаб 15 кун ичида Дублинда яшаш ҳукукини берувчи ҳужжатларни тўғрилаш учун борадиган жой адреси ёзилган варақни берди ва хушмуомалалик билан “Welcome to Dublin” яъни “Дублинга хуш келибсизлар!” деб бизни кузатиб қўйди. Ана энди юкларимизни олишга навбат етди, юкларни олиш жойига келиб юкларимизни олдик ва ташқарига йўналдик, бирор аэропорт ходими “сизлар кимсизлар, қаердан келиб,қаерга кетяпсизлар”,- деган савол билан мурожаат қилиб қолмасин деб хавотирланиб атрофга қарадим, лекин бизни тўхтатиш ва текшириш уларни хаёлига ҳам келмаган, ҳаммалари ўз ишлари билан банд эди. Ўзбекистонда бўлса паспорт текширувидан ташқари, юкларингизни ҳам битталаб текширишади, бу билан хавфсизликни таъминлаяпмиз дейишади, аслида эса мақсад бутунлай бошқа, сиздан бирон нарса ундириш.

    2010 йил 15 октябридан то шу кунгача Дублин шаҳрида ижарага олган уйимизда мен, турмуш ўртоғим ва ўғлим билан яшаяпмиз. Мана 2 йилдан ошди бирор полиция ходими ё бошқа ҳеч ким бизни безовта қилган эмас. Ҳа, яна бир муҳим нарса, мана шу икки йилдан ортиқ муддат шу адресда яшаётган бўлсак, ишонасизларми бир марта электр токи келмай қолди, бу қанақа бўлди десангиз, аниқ куни эсимда йўғу лекин бир куни эрталаб уйқудан уйғонсак чироқ йўқ, “вой энди нима қиламиз, Ирландия деган жойда хам электр ўчар эканда “, деган ўй-хаёллар билан турганимизда 5-10 минутлар оралиғида ҳамма чироқлар ярқ этиб ёниб қолди. Шу йиллар давомида бир марта чироқ ўчди бу ердаям.

    Уйни ижарага берувчи ташкилот билан шартнома тузганмиз ва ҳар ой ўз вақтида ижара ҳақларини ва электр энергияси учун тўловларни тўлаб борамиз бўлди бошқа муаммо йўқ.Ирландияда ва бошқа демократик давлатларда агар бирор шахснинг устидан кимдир шикоят ёзган бўлсагина полиция ходимлари бориб мана шу шикоят бўйича сизни текширишга келдик деб нима сабабдан ташриф буюрганларини тушунтиради. Ўзбекистонда эса бутунлай тескариси жимгина уйингизда ўтирган бўлсангиз, эшик қўнғироғини жиринглатиб, паспорт текшириб юрибмиз, байрам олди хавфсизликни таъминлаш учун деган ҳар хил баҳоналар билан безовта қилиб туради Ўзбекистонннинг Ички Ишлари ходимлари. Айниқса бунақа ҳолат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан жуда қаттик қўлланилади. Ўзим ҳам Ўзбекистонда пайтимда жуда кўп тўқнаш келганман бундай ҳолатлар билан.

    Ўзбекистонда Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянсида фаолият олиб борганман. Аниқ эсимда 2009 йилнинг 13 май куни 2005 йилнинг 13 майидаги Андижон қирғини қурбонларини хотирлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Жасорат ҳайкали пойига гуллар қўйиш, мана шу қирғинда қурбон бўлган болаларни хотирасига ўйинчоқлар қўйиб уларни хотирлаш учун Елена Урлаева билан бирга чиқиб кетаётганимизда Тошкентдаги уйимизнинг подъездидан чиққанимни биламан икки томонимдан иккита Ҳамза тумани Ички Ишлари ходимлари югуриб келиб, катта бир жиноятчини тутгандай машинага босиб, мени Ҳамза туман Ички Ишлар бўлимига олиб кетишган ва Елена Урлаевани эса Мирзо Улугбек тумани Ички Ишлар бўлимига олиб кетган, шу куни кечки 18-19 ларгача ноқонуний ушлаб ўтиришган эди. Бундай ҳолларни санайман десам жуда кўп, Ўзбекистонда қандайдир байрам бўладими ёки бирор бошқа тадбирлар бўладими мана шунақа кунлар асосан инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳибсда ёки уй қамоғида қолишимизга тўғри келарди.

    2010 йилнинг ноябрь ойида Дублин шаҳрида эркин фаолият олиб борадиган Front Line Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотга оила аъзоларим билан биргаликда учрашувга бордик, тўғрироғи улар бизни таклиф қилишди. Front Line Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилоти дунё мамлакатларидаги инсон ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳаётларига ўзи яшаб турган давлати томонидан хавф остида қолганда химоя килади.Ўшанда ҳайрон қолганман инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотнинг офиси, жиҳозлари ва у ердаги ходимларини кўриб. Front Line ташкилоти рўйхатдан ўтган, офисларига эга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эркин фаолият олиб боради. Ўзбекистонда эса вазият бутунлай бошқача. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳукумат томонидан рўйхатга олинмайди, ўз офисларига эга эмас, инсон ҳуқуқ ҳимоячилари доимий таъқиб-тайзиқлар остида.
    Яна Amnesty International, Spirasi ва бошқа шунга ўхшаган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи рўйхатдан ўтган ташкилотлар бор, улар бемалол, эркин фаолият олиб борадилар.
    Spirasi ташкилоти қийноқ қурбонлари, қочқинлар, бошпана изловчиларга ёрдам беради, яна инглиз тилини ўрганиб Ирландия ҳаётига мослашиб,ўз йулини топиб олишига ёрдам беради. Мен ҳам 1,5 йил Spirasiда инглиз тили, компьютер ўрганиш курсларида ўқидим.

    2012 йилнинг 24 ноябрида Ирландия пойтахти Дублин шаҳрида 10 минг кишилик намойиш бўлиб ўтди, шахсан ўзим ҳам шу намойишда қатнашдим, чунки мен учун қизиқ эди кўп кишилик намойишда қатнашиш. Намойиш давомида бир нарсани гувоҳи бўлдимки, намойишчилар ўзларини эркин тутишди, полиция (Garda-дейилади Ирландияда) ходимлари фақат намойишчиларнинг хавфсизлигини таъминлаб, кузатиб, биз билан ёнма-ён юриб борар эдилар, ҳеч кимга “нима учун намойишга келдинг, уйингда тинчгина ўтирсанг бўлмайдими”,-каби саволлар бериш уларнинг фикридан йироқ эди.

    Ўзбекистон республикаси конституциясининг 33-моддасида “Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга”,-деб ёзиб қўйилган, Ирландия конституциясида ҳам намойишлар эркинлиги тўғрисида ёзилган,Ўзбекистонда фақат қоғозда бўлса, Ирландияда ҳақиқий ҳаётда қўлланилишини гувоҳи бўлиб турибмиз.

    Лекин Ирландиянинг об-ҳавоси ҳаммага ҳам ёқавермайди, чунки намлик жуда юқори, ёмғирлар тез-тез ёғиб туради, шундай бўлса-да инсон ҳуқуқлари энг юқори даражада ҳимоя қилинади.

    Тўғри Ўзбекистонимиз серқуёш ўлка, меваларию қовун-тарвузларига ҳар қандай таъриф камлик қилади. Булардан ташқари Ўзбекистонда нефть, газ, уран,олтин каби бойликлари ҳам бор. Фақат мана шу бойликлардан тўғри фойдаланиб, фарзандларимизни ҳақиқий билим олишларига ҳаракат қилсак ва яна ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўргатсак яхши бўлади деб ҳисоблайман.

    3 январь, 2013 йил.
    Саломатой Бойматова
    Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.
    Дублин. Ирландия.

    www.yangidunyo.org

    Published on januari 3, 2013 · Filed under: Инсон ҳуқуқлари;
    Kommentarer inaktiverade för Мазлумлар ватани, Серқуёш Ўзбекистон ва Эрксевар, ёмғирларга бой Ирландия

Comments are closed.