-
Кўнгилни йиғлатгувчи ҳикоя
August 18th, 2008
Юсуф Расул
Дабдурустдан кутилмаган бирор воқеа устидан чиқиб қолсангиз анча вақтгача ўзингизга келолмай юрасиз. Ёки бирор яхши ҳикоя ўқисангиз ҳам шундай бўлади… Қаерда бўлманг ўша бетакрор манзара кўз ўнгингизда гавдаланаверади.
“Бирдамлик” интернет саҳифасида эълон қилинган Тўрабек Санонинг “Ватангадо” ҳикоясига олдинига эътибор бермай келаётган эдим. Кеча негадир шу ҳикояни ўқигим келди… Ўқидиму тошдек қотиб қолдим… Наҳотки Тўрабек шундай ажойиб ҳикоя ёза олган бўлса! Ахир бу ўзбек адабиётида янгилик-ку!Бу ҳикоя булутли осмонни ёритган чақин мисоли анча вақтгача хаёлимдан нари кетмади.
Ҳикояда Ўзбекистондан қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориб мардикорлик қилаётган бир ўзбек йигити бошидан кечирган воқеалар маҳорат билан очиб берилган эди. Қаҳрамоннинг ички кечинмаларини ифодалашдаги бадиий маҳорат, воқеаларни баён этишда қўллаган содда услуб, бадиий топилмалар ва тасвир… Анча вақтдан буён бу қадар кўнгилга яқин ҳикояни ўқимаган эдим. Шу сабабли “Ватангадо”ни ўзим раҳбарлик қилаётган “Янги Дунё” саҳифасига кўчириб қўйдим… Бу менинг ҳикояга ва муаллиф Тўрабек Санога эҳтиромим намунаси эди…
Ҳикояни эълон қилган куним кўпчилик танишларим ва адабиёт ихлосмандлари менга қўнғироқ қилиб, “Ватангадо” ва унинг муаллифи –Тўрабек Сано ҳақида сўрай бошлашди. Уларнинг саволларига тузук- қуруқ жавоб бера олмасдим. Чунки, мен Тўрабек билан бир – икки марта суҳбатлашган ва интернет орқали ёзишган бўлсамда, унинг кимлиги, қаерда яшаётгани ҳақида яхши билмасдим…
Мана, Канадада яшаётган журналист Исмат Хушевнинг ҳикоя ва унинг муаллифи ҳақида менга ёзган самимий мисралари:
“Ассалому алайкум Юсуфжон!
Бугун кечқурун Тўрабек Санонинг “Ватангадо” номли ҳикоясини ўқиб чиқдим. Рости, анчадан буён бунақа яхши ва таъсирли нарса ўқимаган эдим. Мен бу йигитнинг турли – туман кишилар билан қилган суҳбатларини ўқиб, шундан бошқа нарса қўлидан келмаса керак деб юрардим. Хато қилар эканман. У яхши нарсаларни ҳам ёза оларкан. Агар шу кетишда давом этаверса яхши ёзувчи бўлишига ишонгим келяпти. Сиз уни танийсизми, нега мен уни олдин эшитмаган эканман. Қаранг, оддий бир мардикорлик воқеаси асосида нақадар катта ҳаётий фожеани тасвирлаб бера олибди. Ҳамюртларимизнинг худбин ва хоинлиги жуда табиий ва ишонарли тасвирланган. Қирғизистондаги иш излаб юрган шўрлик ўзбекларнинг хор зорликлари ниҳоятда маҳорат билан чизиб берилган. Менга энг таъсир қилган жойи, ўзбеклар тортиб олган 150 сўм пулни рус кампири чоли орқали унга қайтариб беради… Бу шафқатсиз ҳаётимизнинг бир парчаси! Тўрабек Абдулла Қаҳҳор домламиз айтганларидек, ҳаётнинг ана шу реал парчасини шундоқ юлиб олиб, китобхонга маҳорат билан кўрсата олган. Бу йигит баъзи бир ёзувчи акаларимизга ўхшаб мақтовлардан боши айланиб кетмаса, ҳали кўп яхши нарсалар ёзишига ишонгим келяпти. Уни доим қўллаб қувватлаб туринг, илтимос Сиздан. Сизга ҳурмат билан Исмат Хушев”.Исмат аканинг бу хатларидан кейин хорижда, мусофирчиликда кечган ва кечаётган ҳаётим ва бошқа минглаб миллатдошларимиз тақдири ҳақида ўйладим. Ахир собиқ иттифоқ қулаб, Ўзбекистон мустақил бўлгач, неча минглаб юртдошларимиз мардикорлик қилиб кун кўра бошлашди. Имкони етганлар хорижий мамлакатларга, Россияга ва бошқа ўлкаларга йўл олишди. Имкони камлар қўшни мамлакатларга, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Тожикистонга бориб қора меҳнат қилиб кун кўриб келишмоқда. Минглаб миллатдошларимизни ўзга мамлакатларда қул қилиб ишлатилаётгани, таҳқирланаётгани ва ҳатто ўлдирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Энг қизиқ томони ва ажабланарлиси, ўзбекнинг душмани кўпинча ўзбеклар бўлиб чиқади. Россияда ишлаб келган бир танишим поезд, аэропорт ва автобусларда ўзбеклар ўзбеклар томонидан калтакланаётгани, пуллари тортиб олинаётгани ва таҳқирланиши ҳақида гапириб берганида, у қадар ишонмаган эдим.
Баъзи қинғир қўлли ўзбеклар ўз миллатдошини бўш – баёвлиги ва соддалигидан ўз чиркин мақсадлари йўлида фойдаланаётгани чиндан ҳам нафратга сазовордир. Тўрабек ҳикоя қилган ўзбеклар ана шундай кимсаларнинг типик нусхаси бўлса ажаб эмас.
Қирғиз халқи Андижонлик қочқинларга ўз бағридан жой берди. Қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар амалга оширган савоб ишларга шахсан менинг ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Хусусан, ҳикояда тилга олинган “Аделат” хуқуқий клиникаси фаолиятидан яхши хабардорман. Бу каби ғамхўрликни минглаб ўзбек қочқинлари унутмаса керак.
Қирғизистонда қочқинликда юрганимизда баъзи маҳаллий ўзбекларни қочқинларга нисбатан қилган адолатсизликлари ҳақида эшитиб даҳшатга тушгандим. Баъзи такси ҳайдовчилари ва қўли эгри кишилар ўзбек қочқинларини милицияга топшириб юбориш таҳдиди билан пулларини тортиб олишаётган ва уларга маҳаллий миршаблар ҳомийлик қилишаётган эди. Нақадар пасткашлик бу! Ўзи ўзбек бўлатуриб ўз миллатдоши ғаму кулфатига шерик бўлиш ўрнига, уни таҳқирласа! Шу ҳам одамгарчиликданми!? Шу ҳам ўзбекчилик бўлдими?!
“Мен ҳали Ватанни тарк этмаган пайтларимда, нега ўзбек халқи бунчалик хор-у зор, дея ўйлардим. Кечаги кун воқеаларини эслаб, бунга жавоб топгандек бўлдим. Миллатдошларимнинг иноқ эмаслиги, шу хору- зорликнинг битта сабаби, деб ўйладим”, дея хаёлга толади ўзбеклар томонидан калтаклаб кетилган ҳикоя қаҳрамони. Ва бу фикрлари билан у ҳақ. Ўзбекнинг фожеаси иноқ эмаслигида. Ўзбекнинг фожеаси ҳар қандай қора кунда бирлаша олмаслигида!
Шу фикрларни ёзар эканман, ичимдаги бир одам “Ҳеч ким бутун халқ ҳақида хулоса чиқаришга ҳақли эмас” дегандек бўлади. “Бутун халқ ҳақида бундай хулоса чиқариш яхши эмас. Ўзбекларнинг барчаси ёмон, ёки барчаси яхши деб айта олмаймизку! Ўзбеклар ичида яхши одамлар кўп, ёмон феълли кишилар ҳам йўқ эмас.”
Тўрабекнинг ҳикояси эса бизга бир аччиқ ҳақиқат ҳақида бонг уриб тургандек бўлади. Ўзбекистонлик ўзбек йигити қўшни мамлакатга келгач нега бу қадар таҳқирларга дучор бўлди? Нега уни ўз миллатдошлари “Ватангадо” дея ҳақорат қилишди? Нега Ўзбекистонлик ўзбеклар бошқа мамлакатлардаги ўз миллатдошлари олдида хомуш, забун ва хор?
Бу саволларга жавоб излар экансиз, беихтиёр ҳикоя қаҳрамонининг қуйидаги сўзлари қулоғингиз остида жаранглагандек бўлади: “ Халқимнинг афтода аҳволи, минталитетидаги қусурлар ҳақида ўйлар, буларнинг боисини ўзимча топар, лекин, уларнинг сабаби барибир узоқ тарих билан боғлиқлигига ақлим етарди”.Кунлар тез ўтади. Мана, “Янги Дунё” саҳифаси ташкил этилганига ҳам бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Шу вақт ичида кўплаб муаллифлар асарлари саҳифада баҳоли қудрат ёритиб борилди. Баъзан қўлим ишга бормай, ҳамма нарсадан безиб, турмуш ташвишларидан чарчаган вақтимда, “Янги Дунё” саҳифаси менга нима керак, шунча вақтим зое кетмоқда, ўрнига бошқа фойда келтирадиган иш қилсам бўлмайдими, шусиз ҳам ташвишим етарли”, деган хаёлга бораман. Лекин, олдинига “Исёнкор” кейин эса “Янги Дунё” орқали кўплаб ижодкорларни танилишига ҳисса қўшганим, таниқли журналист ва илму урфон вакилларига ўз асарларини эълон қилишлари учун имкон яратилганини ўйлаб ўз ишимдан қониқиш ҳосил қилгандек бўламан.
Бугунги кунда хориждаги ўзбеклар адабиёти боғида янги ниҳоллар кўкармоқда. Янгидан янги номлар пайдо бўлмоқда. Тўрабек Сано улар ичида энг умидли ижодкорларимиздан биридир.
Адабиётимиз боғида ана шундай янги овозлар пайдо бўлар экан, кўнгил дунёси ўлмайди.
Адабиёт яшайди…****
Яқинда Тўрабек Сано Швецияга ташриф буюриб, кўнглига яқин инсонлар қатори мен билан ҳам учрашди. Учрашув давомида мен Тўрабекни қайтадан кашф этдим. У ҳақиқатдан дунёқараши кенг, илмли, тафаккурли йигит экан. Унинг фикрлаш тарзи нимаси биландир сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга ўхшаб кетарди. Камолиддин хам Францияда яшайди, Тўрабек ҳам. Уларни инсоният тараққиёти бешиги ҳисобланган бу улуғ мамлакатда яшаб қолишларида балки ўзига хос ҳикмат бордир.
Нима бўлганда ҳам миллатдошларимиз орасидан шундай умидли ёшлар чиқканидан мамнунман. Улар албатта ўз билим – тафаккурларини халқимиз келажаги йўлида сарфлайдилар.
Миллатимиз ёшлари орасида Камолиддин ва Тўрабеклар кўпаяди деб умид қиламан.
www.yangidunyo.org
Published on januari 12, 2013 · Filed under: Юсуф Расул;
2 Responses to “Кўнгилни йиғлатгувчи ҳикоя”
-
Абдулҳалим said on januari 20th, 2013 at 8:22 f m
Юсуф Расул бу ҳикоянинг нимасига бундай юқори баҳо берипти, мен тушунмадим. Ҳикоянинг на сюжет қурилишида тартиб бор, ва на баён-ифодада равонлик бор.
Бори йўғи, иккита пасткаш мардикор билан ишлаб, пулимни ололмадим деган гап учун уйдирма сюжет, чек-адоғи йўқ чўмилиш саҳнаси, яна узундан-узоқ калтакланиш саҳнаси, ва тундан ҳам узун, қаро тундан ҳам қоронғи тун манзараси…Мен Ўшликман. Ўзбекман. Лекин ўшликлар, айниқса том маънода ҳақиқий пешона тери билан пул топаётган ўзбек, ўзига ўхшаб оғир меҳнат қилаётган бировнинг ҳақига кўз олайтирмайди. Яна ўша меҳнатда шерик бўлса…
Ўшлик, Ўзгандлик ўзбеклар, аксарият, балки ағлабият ўзбеклар аҳли салаҳа, олийжаноб, бундай пасткашликлардан анча юқорида, ҳудожўй одамлар келишади.
Кейин ҳикоянавис ифода қилган бағрикенг рус қариялари аллақачон, иззатларининг борида Россияда ”юмшоқ” жойларини топиб олишган. Ўшда, ё ”экстримни суйган авантюрист ёшлар”, ёки Россияга кета олмаган қўли қисқа, нотавон руслар қолган бўлиши мумкин.
Кейин яна, бизда ёзда ҳечам балиқ овланмайди. Айниқса, балиқ овининг ашаддий ишқибозлари, билгичлари бўлган рус чолининг, туннинг қайсидир бўлагида, агар ҳикоядаги дарё Оқбура бўлса, дарёнинг қайсидир бўйида тентираб юриши ҳеч ақлга сиғмайди. Яна қармоқ кўтариб-а…
Ҳикоянинг мана шу жойлари одамнинг энсасини қотиради.Юсуфжон! Сизнинг назм насрда ҳассосликдан бўлмаса, журналистга хос синчковлигингиз қаёққа кетди?!!
-
men said on januari 20th, 2013 at 7:27 e m
Бу ерда Юсуф акада айб йук, ахир Ушда булган эмас. Айб муаллифда, борган жойни тузини ичиб яна … . Шу гапни айтгим келмаяпти узи, тукимага зеб берганлиги аник-ку !
Бор йуги хаммасига сабаб ВВС дан иш топиш умидида булган нотавон кунгилнинг хархашасига ухшайди…
Охирги изоҳлар