-
Накрутлик шоир болани йўқлаб
Мен Азим Суюнга қандай устозлик қилганман?
Олтмишинчи йиллар… Мен Самарқанд вилоят “Ленин йўли” (Хозирги “Зарафшон”) газетасида ишлардим. Бир куни хар галгидек хатлар ва оммавий ишлар бўлими ходими бўлимимизга жамоатчи мухбирлардан келган хатларни бериб кетди. Шунда оддийгина ўқувчилар дафтарининг бир варағига ёзилган шеър диққатимни ўзига тортди. Конверт устига ёш боланинг қўли билан “Нурота райони, Киров номли совхоз, Накрут қишлоғи. Суюнов Азим”деб ёзилган эди.
Орадан кўп йиллар ўтиб кетганлиги учунми, шеърнинг сарлавҳаси ва мазмуни хотирамдан фаромуш бўлган. Кейинчалик эса ушбу шеърга боғлиқ воқеа хам хаёлимдан унут бўлиб кетганди. Орадан йиллар ўтиб Нуроталик Азим Суюн деган шоир номи тез-тез тилга туша бошлади. Энди унинг шеърлари республика нашрларида босиларди. Афтидан ўзи хам Тошкентда яшар, анча тўлишган шоир телевидение экранларида хам тез-тез кўриниб қоларди.1992 йиллар эди. Бу вақтда мен Самарқандни тарк этиб, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманига қарашли Бўстон шахарчасида яшаб, собиқ “Жиззахчўлқурилиш” худудий бошқармасининг кўп нусхали “Бўстон” газетасида ишлардим. Кунларнинг бирида уйда ўтирганимда умр йўлдошим, “сизни ташқарида бир киши сўраяпти, юзи танишга ўхшайди”-деди. Чиқсам, аллақачон бутун республикага машҳур бўлиб улгурган шоир Азим Суюн турибди. Ёнида, “ишонмагин молингга, бир кун қўлдан кетар-о”-деб Ахмад Яссавийнинг хикматларини хониш қилавериб донғи чиққан санъаткор Бахтиёр Холхўжаев.
Тушимми ё ўнгимми дея шоир билан кўришиш учун шоша-пиша қўл чўздим. Аммо у қучоғини кенг очиб, “Абулфайз ака, соғ-саломатмисиз, бормисиз-ей!-деб махкам қучди. Хаяжонланганимдан каловланиб, Бахтиёр Холхўжаев билан ҳам шоша-пиша сўрашган бўлдим-да, уларни уйга таклиф қилдим. Бу ёғи янада қизиқ бўлди. Эшик олдига келган шоир, “мен улуғ ва азиз устозимнинг хонадонига қадам босар экан, бир вақтлар бу инсоннинг “Азим, сен келажакда машҳур шоир бўласан, фақат шеъриятни тарк этма”-деган башоратига фаришталар омин деган экан. Мана мен шоир бўлдим. Бисмиллохир Рахмону Рахийм-деб кираяпман”, – деди. Барчамиз шоирнинг бу гапларидан таажубланганимизча ҳайрон бўлиб турардик.
Уйга кирган Азим эса бамайлихотир тўрга ўтирди-да, яна фотихага қўл очди. Омин қилиб бўлганидан кейин мен ва оилам билан қуюқдан-қуюқ сўраша кетди. Кейин, “сизни устоз деганимга хайрон бўлдингиз шекилли. Ўтган воқеалар хаёлингиздан фаромуш бўлибди-да”, – деди. Шундай деб у киши мен билан боғлиқ бўлган, аммо бир вақтлар ўтиши билан унут бўлиб кетган воқеани худди кечагидай қилиб гапириб берди.
… Ўқувчи Азимнинг вилоят газетасига жўнатган ўша биринчи шеъридаги айтилган гаплар менда катта таассурот қолдирган шекилли, илтимосимга биноан маданият бўлими мудири Суръат Орипов шеърнинг маъносига тегмаган холда озроқ таҳрир этиб, газетага тайёрлади. Энди менда яна бир ташвиш пайдо бўлганди. Газета Азимга етиб борармикан, шеърини ўқишга муяссар бўлармикин. Хаёлан Азимнинг шеърини ўқиб чунонам хурсанд бўлаётганлигини кўз олдимга келтирдим. Газетага ишга келганимга хали кўп вақт бўлгани йўқ. Нуротанинг Накрути қаерда эканлигини хам билмайман. Эртаси куниёқ бўлим мудиримиздан жавоб олиб, ўша томонларга жўнадим.
Аввал Пайариққа келдим. Ўша ердан йўловчи машинада бир амаллаб Киров номли совхознинг Тўсин қишлоғига етиб бордим. Ўша ердан ўнг томондаги тоғлар томон анча юрилгандан сўнг Накурт қишлоғига етиб боришим мумкин экан. Бахтимга ўша томонга кетаётган прицепли тракторга дуч келиб қолдим. Кабинадаги икки киши менинг меҳмон эканлигимни билиб, ёнларидан жой беришди. Уч киши кабинада сиқилишиб, кетиб бораяпмиз. Уларнинг гапига қараганда, тракторчининг ёнида ўтирган одам Накрутдаги савдо дўкони мудири экан. У Тўсин марказидаги туман матлубот жамиятига қарашли омборхонадан турли хил озиқ-овқат ва бошқа махсулотлар олиб келаётган экан. Уларнинг қаерга боряпсиз, мехмон деган саволларига, “мактабга бораяпман, ишим бор”-деб қисқагина жавоб бериб қўя қолдим. Улар хам бошқа гап сўраб ўтиришмади.
Табиат ғоят гўзал эди. Сой бўйлаб кетиб бораяпмиз. Сойда зилол сув ширқираб оқиб ётибди. Икки томонда кўкка бўй чўзган дарахтлар. Бир соатдан кўпроқ вақт юрганимиздан кейин Нукрут қишлоғига етиб бордик. Трактор дўкон олдида тўхтади. Тракторчи кабинадан ирғиб тушди-да, анча наридаги кўримсиз, бостирмали бинони кўрсатиб, “хов анаву бино мактаб бўлади, мехмон,-”деди. Мен аста-секин мактаб томон юрдим. Шунда орқамдан кимдир овоз берди. Қарасам, эшак етаклаган узун бўйли озғин одам мен томонга келаяпти.
-Манови эшакни миниб олинг, меҳмон, қийналиб қоласиз,-деди у менинг бир оёғим нобоплигига ишора қилиб.-Мен дўконда бўламан, қайтишингизда ташлаб кетарсиз.
Эшак билан бир зумда мактабга етиб бордим. У ердан қишлоқнинг хар ер, хар ерида тўп-тўп бўлиб жойлашган хонадонлари кафтдагидек кўриниб турарди. Эшакни боғлаб, коридорга қадам босдим. Биринчи учрашган кишим, шошиб кетаётган эски кийимдаги ўрта яшар хотин бўлди. Афтидан у фаррош бўлса керак. “Кечирасиз хола, Азим Суюнов деган ўқувчи керак эди?” – дедим. Хотин учинчи қатордаги синф эшигига кўзи билан имо қилиб, “ана ўша синфдан топасиз уни”-деди, чиқиб кетди.
Эшикни ўқитувчи бўлса керак, паст бўйли бир киши очди. У менинг гапларимни эшитиб, бурилиб синфхонага қаради-да, “Азим бу ёққа чиқ, сени бир киши сўраб келибди,”-деди.Тўладан келган бола синфдан чиқиб, мен билан саломлашди. У менга хайрон бўлиб қараб турарди. Мен индамай қўйин чўнтагимдан унинг шеъри босилган газетани олиб узатдим. У хамон хайрон эди.
– Газетада шеъринг чиқди, Азим –дедим мен. Шунинг учун газетани олиб келган эдим.
У газетанинг учинчи бетидаги “Адабиёт сахифасига” кўз югуртирди. Шеърига кўзи тушиб, юзлари яшнаб кетди.
– Азим, сен шеър ёзишни давом эттиргин, хўпми, – дедим унга. -Тўхтаб қолмагин. Сендан Абдулла Ориповдек зўр шоир чиқишини жуда-жуда хохлайман.
Биласизми, шу пайтда шу бола учун бир ният қилгим келиб кетди.
– Қани, Азимбой, қўлингни оч, – дедим унга. Кейин “омин” деб фотихага қўл очдим: – Келгусида шу укамиз довруқли шоир бўлсин. –Эй, яратган эгам, унинг орзулари рўёбга чиқишига ўзинг мададкор бўлгин.
– Тасаввур қиляпсизми? Коридорда бир узун, бири калта, бири катта, бири кичик, икки одам қиблага қараб қўл очиб, каттаси нималардир демоқда. Ўша пайтларда одамларнинг кўпчилиги худони тамоман унутаёзган, худо хақида сўз очилса, “худо қаерда экан-а”,-деб осмонга нари-бери қараб, ўзини ароқхонага урадиган пайтлар эди. Менинг отам диндор, замонасининг етук мулласи бўлгани учунми, ишқилиб, яратган эгам доимо қалбимда яшаб келди.
– Амаки қаердан келдингиз, отингиз нима,-деди Азимжон хайрлашаётганимизда тортинибгина.Исмимни, ишлаш жойимни айтдим-да, эшакни миниб дўконга етиб келдим. Эшак эгаси ичкаридан югуриб чиқди. Унга рахмат деб, қайтишим зарурлигини айтдим. Эшак эгаси бир пиёла чой ичиб кетинг,- деб ичкарига етаклади.
– Манови тракторчи олиб келган юкини хозиргина тушириб бўлди, – деди эшак эгаси. –Шу киши билан совхоз марказигача кетасиз. Барибир, бошқа транспорт бўлиши қийин.Дўкон мудири очиқ чехра билан бир пиёла чой узатди. Орқасидан ароқ шишаси очилди. Хангома қизиб кетди.
– Азим деган шоир болани қидириб келдим денг, – дейишди улар гапимни тинглаб. –Уни шеърлар ёзади деб эшитганмиз. Аммо лекин байрамларда унинг қойиллатиб шеър ўқиганлигини кўрганман, – деди дўкон мудири.Ўша куниёқ Самарқандга етиб келдим. Орадан йиллар ўтди. Энди унинг ижоди Тошкентда гуркирарди. Унинг Тошкент Давлат университетига журналистика факультетига ўқишга кирибди деб эшитдим. Кейин унинг бирин-кетин китоблари чиқди.
Бугун ардоқли шоиримиз Азим Суюн 60 ёшга тўлди. Кўп жойларда унинг юбилей тантаналари бўлиб ўтаяпти. Ана шундай учрашувлардан бири, 2008 йил 20 декабрда Самарқанд шаҳридаги Хамид Олимжон номли драма ва мусиқали театрда бўлиб ўтди. Мен Азим Суюннинг мухлислари нақадар кўплигига шу ерда гувох бўлдим. Театрнинг зали ва хатто ложаларигача одамлар билан тўлган. Жой топа олмай тик туриб қолганлар қанча.Учрашувга раислик қилаётган Самарқанд вилоят “Зарафшон” газетасининг бош мухаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон халқ шоири, “Ўзбекистон Қахрамони” Абдулла Орипов ва Самарқанд вилоят хокими Ўктам Барноевни минбарга таклиф этди. Вилоят хокими Азим Суюн юбилейини ўтказиш учун Абдулла Орипов бошлиқ бир гурух ёзувчи ва шоирларнинг Самарқандга ташрифини қизғин олқишлади. Шундан сўнг сўз олган Абдулла Орипов Азим Суюн хаёти ва ижоди хақида ажойиб гапларни айтди. Вилоят хокими Азим Суюнга оппоқ зар чопон кийдириб, унинг келгусидаги ижодига муваффақият тилаб, шундай чопонни Абдулла Ориповга хам кийдирди.Сахнада гўё осмондан оппоқ либосда учиб тушган иккита фаришта тургандек. Олқишдан зал ларзага келди.
Кейин минбарга бирин кетин Азим Суюннинг сафдошлари бўлган ёзувчи ва шоирлар кўтарилди. Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, , Махмуд Тоир сингари шоирлар ва бошқа кўплаб олиму-уламолар сўз олишиб, Азим Суюн хақида ўзларининг илиқ гапларини айтдилар.
Абдулла Орипов хам ёзувчилар уюшмаси номидан Азим Суюнга зар чопон кийдирди. Азим Суюн шеъри асосида тайёрланган шеърий композициялар янгради. Абдулла Орипов ва Азим Суюн тантана сўнгида шеърият танлови бўйича соврин олган бир гурух ёшларга “Фахрий ёрлиқ” ва қимматбахо эсдалик совғаларини топширдилар.
Мен хозир шу сатрларни ёзар эканман, қалбим жунбушга келиб, кўзларимга ёш тўлди. Азим Суюн Бўстондаги хонадонимга ташриф буюриб, ўтган воқеани айтиб берганидан сўнг, ўша воқеа ўтмиш қаъридан қалқиб чиқиб, бор бўй-басти билан кўз олдимда номоён бўлди. Хаёлимдан аллақачон фаромуш бўлиб кетган воқеалар жонлана бошлади. Ана шунда мен инсонга худо томонидан ато этилган меҳр-оқибат деган мўътабар туйғунинг нақадар қудратли эканлигига яна бир карра имон келтирдим.
Азим Суюн мени хеч қачон унутган эмас. Барча маъракаларига канда қилмай таклиф этган. Баъзан соғлиғим туфайли, баъзан имкониятим етмаганлиги сабабли у кишининг тантаналарида қатнаша олмаган вақтларим кўп бўлган. Лекин у бундан хафа бўлган эмас. Жиззахга ташриф буюрганида мен билан бир сухбат қилиб кетишга ҳаракат қилади. Шоирнинг бу эътибори унинг мехр-оқибатлигидан нишонаси эмасми. Парвардигорнинг иноятига қаранг? Шоирнинг оқибати ўзига минг чандон бўлиб қайтди. Азим Суюн мамлакатимизнинг хар бир вилоятида ўз мухлислари билан учрашади. Хозиргача бундай тантаналар кўп жойларда бўлиб ўтди .Мен довруқли бир шоир тан олган устоз сифатида хозир шулар хақида ўйлардим.
www.yangidunyo.org
Published on januari 12, 2013 · Filed under: Абулфайз Баротов;
Охирги изоҳлар