ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

januari 2013
M T O T F L S
« Dec   feb »
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  

  • Ер оҳанглари

    marina svetaevaМарина Цветаева

    Яхшики, мен сабаб ғамнок эмассиз,
    Яхшики, сиз сабаб эмасман ғамнок.
    Хайрият, ҳеч қачон шу ер курраси
    Бахтдан гир айланиб учмади бебок.

    Хурсандман, кулгуга қолсам-да ўзим –
    Бебошман – сўзлар-ла ўйнамам енгил,
    Ҳислар тўлқинидан қизармас юзим
    Енгингизга тегиб кетаркан енгим.

    Менга хуш ёқади: кўзим ўнгида
    Ўзгани қучасиз, бемалол, хурсанд.
    Ёнгин деб дўзахда, қилмассиз гина
    Мен ҳам бировга-да бўсалар берсам.

    Ва нозик исмимни на кундуз, кеча
    Ёдга олмагайсиз еру самода,
    Ибодатгоҳдаги сокинлик ичра
    Янграмас бош узра ҳамду санолар.

    Аҳён тўқнашардик шом тушар пайти,
    Шодман, сизсиз кечар тунларим узун.
    Яшайман бахтимга шукрона айтиб
    Мендек ”бегона”га севгингиз учун.

    Ойдинда яшадик сокин, висолсиз,
    Бошимизда кулмас на қуёш, афлок,
    Афсуски, мен сабаб ғамнок эмассиз,
    Афсуски, сиз сабаб эмасман ғамнок!..

    ЖАННАТДА

    Яна хотиралар елкамни эзар.
    Юргум жаннатда ҳам ерни соғиниб.
    Яширмасман қайта учрашсак агар
    Сўзлар доғини.

    Болалар қўшиғи, арфа, нилуфар,
    Бунда фаришталар учар тизилиб.
    Ҳамма нарса сокин, мен эса – мустар
    Нигоҳинг излаб.

    Ҳурлар даврасида кибр-ла, танҳо,
    Назарга илмасдан жаннат рангларин,
    Куйлайман – бегона – одамларга хос
    Ер оҳангларин!

    Елкамни эзади тинмай хотирот.
    Пайт келар яширмам ёшларимни ман,
    Энди кўришмасмиз ҳеч ерда, ҳайҳот!
    Висол-чун жаннатда уйғонмасмиз шан!

    * * *

    Чил-чил синди кўзгу. Парчалар
    Ичра боқар синиқ нигоҳлар.
    Маконига қайтмоқда чарчаб
    Оққушларим, дилдаги оҳлар.

    Юксак булут бағридир нотинч,
    Нақ кўксимга патлар санчилар.
    Тушларимда юбордим сочиб,
    Ҳовуч-ҳовуч кумуш парчалар.

    Жарангдордир кумуш саслари,
    Қўшиқларим кумушга монанд.
    Оққушгинам! Менинг асрандим,
    Парвозингда бормикан омад?!

    Қариндошлар, на мунис онам
    Билмас, кўнглим кимгадир шайдо,
    Черков ичра турганча хомуш
    Валилардан тиларман танҳо
    Мурғак оққуш ҳаққига дуо.

    * * *

    Борарсан. Мен каби ва зимдан
    Кўзларинг ер узра қадаб жим.
    Нигоҳим ер чизиб ўзим ҳам
    Яшадим. Тўхтагил, ўткинчи!

    Сўқирдек ўқигин аста сен
    Исмимнинг Марина бўлганин
    (Қўлингда қизғалдоқ дастаси)
    Ва ёшим нечага тўлганин.

    Бу ерда қабр деб сесканма,
    Пайдо ҳам бўлмасман чақиндай.
    Мен ўзим, билсанг гар, севганман
    Бемаврид кулмоқни, эҳ, қандай!

    Танамда гупирган қоним, ҳам
    Сочларим эдилар жингала …
    Бор эдим дунёда, оҳ, мен ҳам!
    Тўхтагин, ўтмагил жимгина!
    Ёввойи шохлардан узиб ол,

    Мевасин татиб кўр эринмай.
    Тенги йўқ бўлади шу мозор
    Бағрида етилган қулупнай.
    Ва фақат турмагил сен ғамгин

    Бошингни хам қилиб ушбу он.
    Мен ҳақда шунчаки ўйлагин,
    Ва мени унутгил сен осон.
    Сен нурдан қанчалар нурафшон!
    Зарларга ўраган бу шуъла…

    Қабрнинг қаъридан товушим
    Қалбингга солмагай ғулғула.

    АЛЬБОМГА ЁЗУВ

    Майли, альбомингда шеър бўлсам-да мен
    Ё бир булоқ бўлсам жим куйлаётган.
    (Кўҳна кулбам аро қалашиб ётган
    Мен учун энг ноёб китоб бўлдинг сен!)

    Майли, мен бир ниҳол, йўлингда турган
    Ўзинг шафқат айлаб бермаган озор.
    (Сен мен учун худди хазонсиз гулзор,
    Гулзорки, муаттар ҳидлар уфурган!)

    Майли, шундай. Ва лек энтикиш-ла сен
    Мўъжаз саҳфа узра беҳол эгилдинг …
    Барини эслайсан… ютиб фарёдинг …
    — Майли, альбомингда шеър
    бўлсам-да мен!

    * * *

    Қисматимнинг қўшиқларини
    Куйлайверинг такрор ва такрор.
    Қўлимдаги узукларимдан
    Бўса олинг сира қилмай ор.

    Қиш палласи кўриб аҳволим –
    Наъра тортди момогулдирак.
    Ҳатто йиртқич кўксида раҳм,
    Соқов сўзлаб юборди бешак.

    Тунда қуёш порлар мен учун!
    Ҳатто кундуз чақнар юлдузлар!
    Мени мутлақ кўмади тўлқин –
    Қисматимда ғамларим гўзал.

    Гўё марҳум тирилди яна!
    Жазо куни келди муқаррар!
    Қўнғироқлар бонг урар. Мени
    Малоиклар кундага элтар!

    * * *

    Шошилмагил ҳукм этарга:
    Дунёдаги жазо муваққат.
    Қанча оққа бўясанг қарға
    Кабутарга айланмас ҳеч вақт.

    Хоҳласанг шу – билмам, не учун
    Севибман ҳаммани мен нодон,
    Мумкин эрур ўшал қаро кун
    Уйғонурман – сендан покдомон!

    Гулбаҳор Саидғаниева таржимаси.

    Манба: www.facebook.com

    www.yangidunyo.org

    Published on januari 21, 2013 · Filed under: Жаҳон адабиёти;
    Kommentarer inaktiverade för Ер оҳанглари

Comments are closed.