ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

januari 2013
M T O T F L S
« Dec   feb »
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  

  • Жанжалдан фойдаланиш “санъат”и

    sox tumaniМухтор Алиев

    Сўхда бўлган Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара бўйича зиддиятлар бугунги кунда Марказий Осиёда яшаётган халқларнинг диққат марказида турибди. Бу зиддиятнинг ўзига хос томони шундаки, халқаро қоидаларни биринчи Қирғизистон расмийлари бузишган ва уни ўзбекистонлик фуқаролар давом эттирган. Ҳеч кимдан сўрамасдан ва чегарадош томонни огоҳлантирмасдан ҳали делимитация қилинмаган территория орқали электр линияси қурилишини бошлаган қирғизистонлик чегарачилар ўзбекистонлик фуқаролар қаршилигига учрайдилар ва ўртада зиддият келиб чиқади. Бу тўғрида матбуотда ҳам, интернетда ҳам кўп ва хўп ёзишди.

    Масаланинг қизиғи кейин чиқди. Бундай вазиятдан фойдаланишни хоҳлаган мухолафатчилар ўз фаоллигини бошладилар. Мухолафатдаги кучларнинг тазйиқи билан Чегара қўшинлари қўмондони З. Тиленов ишдан олинди. Унинг ўрнига А. Атамбаев бошчилигидаги апрель тўнтаришига қаршилигини ҳеч қачон яширмаган, ашаддий миллатчи Т. Мамитов тайинланди.

    Мухолафатдагилар сиёсий технологларнинг ёрдамида Жогорку Кенешда вазиятни янада чигаллаштириш ва шу йўл билан А. Атамбаев бошида турган ҳокимиятни ағдариб ташлаш мақсадини кўзламоқдалар.

    Ўтган ҳафтанинг охирида бўлган Жогорку Кенеш сессиясида Сўхдаги чегара жанжали муҳокама қилинди. Қандай сўзлар айтилмади, дейсиз? Жогорку Кенешдаги депутатларнинг сўзларини таҳлил қиларкансиз, улар ҳали ҳам 2010 йилда Қирғизистондаги ўзбекларни қириб, мақсадларига етгандан кейинги эйфория ҳолатида эканлигини сезасиз. Депутатларнинг нутқларидан гўёки, эртагаёқ Қирғизистон Ўзбекистонни бир ҳамла билан босиб оладигандек тасаввур ҳосил бўлади. Гап шу ердаки, депутатларнинг деярли кўпчилик қисми Ўзбекистонга ҳасад қилишади. Улардаги ривожланиш, юргизилаётган сиёсат, табиий бойликлардан унумли фойдаланиш ҳолатлари қирғиз сиёсатчиларининг ғашини келтиради. Шунинг учун ҳам улар ўзбеклар ҳақида турли хил бўлар-бўлмас гапларни тарқатадилар. Айрим сиёсатчилар ва уларга эргашганларнинг ўзбекларни миллат сифатида тан олмаслиги ва уларга паст назар билан қарашлиги 2010 йил июнь воқеаларидан кейин очиққа чиққан эди. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам давом этаётганлигини Сўхдаги чегара жанжали бўйича масала қаралган сессия материалларидан ҳам кўриш мумкин.

    Ўзбекистон тараф бу чегара жанжалини биринчи кунданоқ маҳаллий аҳамиятга молик жанжал сифатида баҳолаган. Уни, иложи борича, тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини изламоқда. Қирғизистон амалдорлари жанжални кучайтиришга интилаётган бир пайтда Ўзбекистон расмийлари бўлиб ўтган жанжалдан зарар кўрган оилаларга компенсация тўлаб беришни, бошқача айтганда, ёрдам беришни бошладилар. Бугунги кунда Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон Фавқулодда ҳодисалар вазирлиги вертолётларининг Ўзбекистон ҳаво чегараларини бузиб, ташқи дунёдан алоқаси узилиб қолган Сўхнинг ёнидаги Божой қишлоғига боришига ҳам қаршилик кўрсатмаяптилар. Бошқа ташкилий ишлар ҳам қилинаётганини ҳамма кўриб турибди. Шунга қарамасдан, Қирғизистон Жогорку Кенеши ўзининг ёпиқ ўтказган сессиясида бу жанжални давлат миқёсига чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб, расмий Тошкентни Қирғизистон олдида кечирим сўрашни талаб қилган қарор қабул қилди. Кейин яна қандайдир бир сабаб билан қабул қилинган қарор йўққа чиқарилди.

    Бу ҳам бошқа томондан олиб қараганда, бир сиёсий ўйин. Аслида, Жогорку Кенешдаги мамлакатда тартибсизликлар бўлишини мўлжаллаган асосий кучларнинг ҳақиқий нияти шу ҳаракат билан очиққа чиқди ва улар қайсидир бир сиёсий кучнинг топшириғини бажарди, десак хато бўлмайди. Сабаби, Қирғизистон мустақилликка эришгандан буён айрим миллатчи-сиёсатчилар Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига эгалик қилишни орзу қиладилар. У ерлар бизники эди, уни ўша пайтдаги Қирғизистоннинг раҳбари А. Орозбеков Ўзбекистоннинг раҳбари Й. Охунбобоев билан яхши муносабатда бўлганлиги учун бериб юборган, деган асоссиз гапни такрорлашдан чарчамайдилар. Бу туҳмат гап шундай болалаганки, ҳатто Қирғизистоннинг чекка айилларида яшовчи фуқароларга ҳам етиб борган. Тарих бўйича примитив билимга ҳам эга бўлмаган бир тўп одамлар оғиз кўпиртириб бу ҳақда тинмай жар соладилар. Ана шунинг учун ҳам Мурат Жураев сингари экс депутатлар Ўзбекистонда етти ярим миллион қирғиз яшайди, деб муттаҳамчилик қилиб, қасам ичади. Фарғона водийсидаги Сўх, Ворух, Шоҳимардон қишлоқлари Ўзбекистонга бериб юборилган, деб ёзаётган Т. Какчакеевга ўхшаган туппа-тузук сиёсий шарҳловчилар энди Андижон, Наманган ва Марғилон каби шаҳарлар ҳам аслида Қирғизистонники эди, деб жар солишни бошладилар. Бу ишлар Марказий Осиёда тинчлик ва осудаликни бузишга хизмат қилишини Т. Какчакеев ёки бошқа сиёсатчилар тушунмайди, дейсизми? Тушунади. Лекин еган оғиз уялади-да.

    Жогорку Кенешдаги мухолафатчиларга Сўхдаги вазиятнинг яхшиланиши унчалик шарт эмас. Улар бу воқеадан иложи борича каттароқ жанжал чиқариш пайида. Сабаби, мамлакатнинг ички аҳволи ёмон. Уни ўнглашга ҳеч ким ҳаракат ҳам қилмаяпти. Ҳамма бошлиқлар лавозим талашиш билан овора. Бюджет эса ўлда-жўлда. Ҳокимият идораларида таназзул юз бермоқда. Депутатлар ўз сайловчиларига берган сайловолди ваъдаларини бир фоизини ҳам бажарганлари йўқ. Тескарисича, депутатлар халққа эмас, балки ўзларининг манфаатлари учун хизмат қилаётганликлари ҳаммага аён бўлмоқда. Натижада, сайловчилар Жогорку Кенешнинг тарқатилишини талаб қилишмоқда. Депутатлар эса Сўхдаги жанжални кучайтириш билан фуқароларнинг диққат-эътиборини бошқа томонга буришмоқчи.

    Юқорида айтилган фикрларнинг исботи ўлароқ, Қирғизистондаги сиёсий кучлар Ўзбекистон билан ҳар қандай алоқани яхши бўлишини мутлақо хоҳламайдилар. Бу масалада турли хил қарашдаги сиёсатчилар ҳам бирлашадилар. Бу ҳолатни Марказий Осиёга кўз тиккан ғарбдаги сиёсатчилар ҳам жуда яхши ўрганган. Сўхдаги жанжал юз бергандан кейин АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Блейкнинг Бишкекка келиши ҳам бежиз эмас. Блейк билан учрашгандан кейин АҚШнинг “Ганси” ҳарбий базаси 2014 йилда Бишкекдан чиқиб кетиши ҳақидаги қарорни А. Атамбаев томонидан қайта таъкидланиши ҳам мухолафатдагиларнинг фаоллигини оширди. Шу пайтда Россия билан Қирғизистон ўртасидаги ГЭСлар қурилиши ҳақидаги шартноманинг Жогорку Кенешда ратификация қилинишига қаршилик ҳам мухолафатни ғарбдаги сиёсий кучлар бошқараётганлигига далил сифатида қаралиши мумкин. Қолаверса, бугунги кунда Қирғизистонга жойлашиб олган турли хил ғарб нашрларининг журналистлари томонидан оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонга нисбатан турли хил туҳмат тошларини отиш авж олди. Буларнинг ҳаммаси Марказий Осиёда тартибсизликларни келтириб чиқаришга бўлган ҳаракат, бошқача айтганда, “Араб баҳори”ни Марказий Осиёга кўчиришга бўлган интилишдир. Бу сиёсатга Қирғизистондаги миллатчи депутатлар олаётган катта пул маблағлари ҳамда ваъда қилинаётган лавозимлар эвазига қўшилмоқдалар ва қўлламоқдалар. Уларга Қирғизистоннинг оддий фуқаролари қандай аҳволда яшаётганликларигина эмас, балки Қирғизистоннинг келажаги нима бўлишининг ҳам қизиғи йўқ.


    Мухтор Алиев, эркин журналист

    www.yangidunyo.org

    Published on januari 24, 2013 · Filed under: Ўш қирғини;
    Kommentarer inaktiverade för Жанжалдан фойдаланиш “санъат”и

Comments are closed.