-
Бугун машҳур адиб Жеймс Жойс туғилган кун
Бундан роппа-роса 131 йил аввал – 1882 йил 2 февралида Ирландия пойтахти Дублин шаҳрида машҳур адиб Жеймс Жойс дунёга келган ва 91 йил аввал — 1922 йилнинг 2 февралида адибнинг энг таниқли асари – «Улисс» романи 1000 нусхада босмадан чиққан эди.
Жеймс Жойс (1882-1941) адабиёт майдонига янгича поэтик услуб кашфиётчиси сифатида пайдо бўлди. «Ушбу услубда бадиий шакл ўзида ғоявий, психологик ва бошқа жиҳатларни мужассам этиб, мазмун ўрнини боса оладиган даражада намоён бўлди. Адибнинг “Дублинликлар” (1914) номли ҳикоялар тўплами, “Мусаввирнинг ёшликдаги портрети” (1917), Улисс” (1921), “Финнеган жанозаси” (1939) асарларининг мазмунини батафсил ҳикоя қилиб беришнинг имкони йўқ, уларни изоҳлаш ҳам катта қийинчилик туғдиради, негаки уларда мураккаб “онг оқими” бадиий услуби ҳамма нарсани бошқаради, мазмунда ҳал этувчи омилга айланади» (Муҳаммаджон Холбековнинг «Етакчи жанрнинг тадрижий тамойиллари» мақоласидан).
Романнинг илк нашридан 86 йил ўтиб дунёнинг юзлаб тилларига таржима қилинган,«Модерн адабиётнинг бош китоби бўлмиш «Улисс» (ўзбекчада «Улисснинг саргузаштлари») романи журнал вариантида («Жаҳон адабиёти» 2008. №4–9) ўзбек тилида ҳам нашр этилди. »Кўлами ва салмоғи жиҳатидан ХХ асрнинг энг йирик ва энг шов-шувли асари ҳисобланган, бутун Ғарб маданиятини ларзага келтирган «Улисс» дунёнинг қайси тилига таржима қилинмасин, ўзига хос миллий ҳодиса сифатида эътироф этиладиган асарлар сирасига киради. Бу асар таржимаси ҳар қандай тилни синовдан ўтказади, унинг қудратини кўрсатади, имкониятларини кенгайтиради. Таржима учун таниқли таржимон Иброҳим Ғафуровнинг жасоратига алоҳида тасанно айтиш керак. Чунки «Улисс» ҳар ким ҳам таржима қиладиган ёки таржима қилишга жазм этадиган асар эмас. Бу асарни машҳур Виржиния Вульф «роман-энциклопедия» деган бўлса, бошқа бир тадиқиқотчи ундаги мавзулар ва шарҳлар қамровини бутун бошли илмий текшириш институтига тенглаштирганди» (Назар Эшонқулнинг «Жеймс Жойс» мақоласидан).
Асар таржимони қайд этганидек, «Улисс» каби романларни оммавий суратда қабул қилиш қийин. Бу асар оммага мўлжалланмаган ва унга қаратилмаган. Жеймс Жойс бу асарини Европа ва Америка интеллектуаллари, ақлий, илмий ўсишларида анча илгарилаб кетган Фрейд, Юнг, Эзра Пауид, Эллиот сингари ўзига тенг даражада турган замондошларини мўлжаллаб ёзган, уларнинг тушунишлари, акс-садо беришлари, баҳс-мунозараларини назарда тутган. ХХ асрнинг йигирманчи йиллари бошланишидаёқ журналда босилиб чиқа бошлаган бу асарни тушуниш қийин деб бутун дунёда тан олинган. Лекин бу асарни тушуниб бўлмайди дегани эмас, асло. Фақат «Минг бир кеча»ни ўқиш билан «Улисс»ни ўқишнинг фарқи бор. «Улисс»ни ўқиш бу қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Узлуксиз бош қотиришга, бутун диққат-эътиборни шу асарга қаратишга, унинг ранг-баранг оламлари ичида яшашга тўғри келади. Унинг ичига чуқурроқ кириб борганингиз сари адабиётимиз билан ўхшаш томонларни ҳис қилиб бораверасиз…»
Бугун сизга Жеймс Жойс ва унинг романи ҳақида Иброҳим Ғофуров билан Йўлдош Солижонов суҳбатида («Шарқ юлдузи» журнали,2010.№ 1), Комилжон Жўраев,Муҳайё Аҳмедованинг «Жойс сийратига чизгилар» («Жаҳон адабиёти» 2012. № 11) мақоласида акс этган фикр-мулоҳазаларини тақдим этамиз.
****
Иброҳим Ғафуров, Йўлдош Солижонов
«УЛИСС» ДУНЁСИДАГИ ЭВРИЛИШЛАР
Суҳбат
Йўлдош Солижонов: Иброҳим ака! Келинг, фикримни суҳбатимиз асоси бўлган Жеймс Жойснинг «Улисс» романини мутолаа қилиш асносида дилимда туғилган бир савол билан бошласам. Очиғини айтсам, аввало, романни ўқиш, ўқиганда ҳам уни тушуниш ниҳоятда қийин. Сабаби, бу асар бизнинг ўқувчилар ўрганиб қолган батартиб воқеалар тизимидан иборат эмас. Сиз «Воқеа» деб таржима қилган ҳар бир эпизодда шу қадар телба-тескари, бири боғдан, бошқаси тоғдан олинган гаплар, фактлар, исмлар, саналар қалашиб, аралашиб кетадики, уларни идрок этгунча ўқувчининг энка-тинкаси қурийди. Тўғриси, ўзим ҳам ўтган асрнинг саксонинчи йилларида касбим тақозосига кўра, «Улисс»нинг рус тилидаги китобини ўқишга киришгандим. Бироқ, ҳеч нарса тушунмаганлигимдан, қийналиб кетганимдан ярмидаёқ ўқишдан воз кечгандим.
Мана, орадан кўп йиллар ўтиб, сизнинг машаққатли меҳнатингиз эвазига бу роман ўзбек тилида дунё юзини кўрди. Айтинг-чи, ҳозирги ўқувчилар «Улисс саргузаштлари» романини оммавий равишда қабул қиладилар, уни севиб ўқийдилар, идрок қила оладилар, деб ишонасизми? Ахир, ўзингиз қайд этганингиздек, ҳатто «буюк психиатр, психолог олим Карл Юнгни уч йилдан ортиқ ўйга толдир»ган бу асар ўзбек китобхонига тушунарли бўлармикан?
Иброҳим Ғафуров: Чиндан ҳам «Улисс» каби романларни оммавий суратда қабул қилиш қийин. Бу асар оммага мўлжалланмаган ва унга қаратилмаган. Жеймс Жойс бу асарини Европа ва Америка интеллектуаллари, ақлий, илмий ўсишларида анча илгарилаб кетган Фрейд, Юнг, Эзра Пауид, Эллиот сингари ўзига тенг даражада турган замондошларини мўлжаллаб ёзган, уларнинг тушунишлари, акс-садо беришлари, баҳс-мунозараларини назарда тутган. ХХ асрнинг йигирманчи йиллари бошланишидаёқ журналда босилиб чиқа бошлаган бу асарни тушуниш қийин деб бутун дунёда тан олинган. Лекин бу асарни тушуниб бўлмайди дегани эмас, асло. Фақат «Минг бир кеча»ни ўқиш билан «Улисс»ни ўқишнинг фарқи бор. «Улисс»ни ўқиш бу қаттиқ меҳнатни талаб қилади. Узлуксиз бош қотиришга, бутун диққат-эътиборни шу асарга қаратишга, унинг ранг-баранг оламлари ичида яшашга тўғри келади. Унинг ичига чуқурроқ кириб борганингиз сари адабиётимиз билан ўхшаш томонларни ҳис қилиб бораверасиз.
«Улисс»ни ўқиш том маънода осон эмас. Лекин ичига кирган, мағзини чаққан ўқувчига у туганмас гўзал онларни бахш этади. Инсон майллари, эҳтирослари, кайфиятлари, қарашлари, кечинмаларининг чексиз ранг-барангликларига, онг ва ҳиссиёт оқимлари ичида ҳар қадамда инсонни – унинг миллати, мамлакати, диний эьтиқодидан қатъий назар, илгари ҳеч қачон кўрилмаган, англанмаган, ўйланмаган беҳад оригинал бир нуқтадан кашф этгандай бўлади. Шунинг баробарида, Жойсни ўқиш кишига чексиз бир мароқ бағишлайди. Жойсни мутолаа қилишга киришган китобхон аҳдида қаттиқ туриб, китобни охиригача ўқиши керак. Агар асарнинг асосий қаҳрамонларидан бири Леополд Блумнинг хотини – қўшиқчи аёл Моллининг оз эмас-кўп эмас, росмана қирқ саҳифадан иборат биронта нуқта, биронта вергул ёки бошқа тиниш белгилари қўйилмаган Турон даштидай бир текис ички монологини зерикмай ўқий олса, у албатта, ададсиз ҳиссиётлар, турли фикрлар дарёсига ғарқ бўлади. Дастлаб тушунолмай қийналишнинг охири ҳайрат билан тугайди. Бу таьбир жойиз бўлса, насрдаги чексиз маҳорат, чексиз кашфиётлар водийсининг ҳайратларидир. Аммо ўқиб бўлгач китобхон бармоқ тишлабгина қолмайди: ўйлайди, ўйлайди, ўйлайверади… энди ўйлаш мудоваматини ҳосил қилади.
Ахир, ўзбек китобхони ўз тилида Жойс билан яқин-яқинлардан бери таниша бошлади-да. Адибнинг бир қанча ҳикоялари ҳамда «Санъаткорнинг ёшликдаги сийрати» номли романи (Аҳмад Отабоев таржимаси) босилиб чиқди. Ўқувчилар бу асарларни яхши қабул қилдилар. Шуни назарда тутиб, Жойс билан танишувни чуқурлаштириш, кенгайтириш мақсадида «Улисс» романи таржимасига журъат қилинди. Унутилмас Озод Шарафиддинов ўзбек китобхони Жойсни ўқишини орзулаган ва Нитше, Маркес ва Жойсни («Зардўшт таваллоси», «Бузрукнинг кузи», «Улисс») таржима қилишни бизнинг зиммамизга юклаган эди. Ўйлайманки, закийтабиат ўқувчиларимиз ушбу мураккаб асарни қизиқиш билан ўқийдилар ва уқиб оладилар.
Йўлдош Солижонов: Атоқли рус санъаткори Алексей Толстой ёш ижодкорлар билан ўтказган суҳбатларининг бирида ёзувчи бир пайтнинг ўзида ҳам адиб, ҳам файласуф, ҳам кўп қиррали олим бўлиши керак деган экан. Мен романни ўқиш жараёнида Жеймс Жойсни айнан ана шундай аллома – ҳам тарихчи, ҳам файласуф, ҳам иқтисодчи, ҳам сиёсатшунос, адабиётшунос, табиб, дин аҳкомлари ва шариат қоидаларини яхши билган руҳоний эканлигига иқрор бўлдим. Масалан, қаҳрамонлари чўмилишаётганида денгиз сувининг шифобахш фойдаси ҳақида гап кетади, овқатланишаётганида қайси таомларнинг қандай дардга даволиги тўғрисида маълумот берилади. Кўчада кетишаётганда ҳиди чиқаётган газнинг кўк йўталга дори эканлигини, сил билан оғриганда янги иссиқ қон ичиш наф беришини ёзади. Айниқса, Жойс адабиётшунос сифатида Европа адабиёти, ўнлаб таниқли адиблар (хусусан, Шекспир) ижоди тўғрисида шу қадар кўп ва қизиқарли маълумотлар берадики, ҳайратга тушамиз. Ўқувчики, асарни ўқиш давомида шунча кўп маълумот олар экан, сиз таржимон ва адабиётшунос сифатида Жойснинг яна қандай қирраларини кашф этдингиз?
Иброҳим Ғафуров: «Улисс» жаҳон адабиётида кутилмаган воқеа бўлди. Шу пайтгача бундай фавқулодда бадиий кашфиётлар билан тўлиб-тошган, дунёга янги бадиий тасвир тизимлари ҳамда воситалари, усуллари, техникасини таклиф қилган асар ёзилмаган эди. «Улисс» романи билан бирга модерн адабиётининг қуёши чиқди. У тасвирда «онг оқими» деган янги бир ажойиб ҳодисани яратди. Дунё ва инсонни универсум каби – ягона ва яхлит тасвирлаш ҳамда тасаввур қилишнинг бадиий, фалсафий имкониятини очди. «Улисс»гача дунё адабиётида фақат Ҳомернинг «Одиссея» ҳамда «Илиада» достонлари, «Инжил», «Таврот», «Янги аҳд», «Қуръон» сингари китоблар универсум – барча учун ягона ва баробар қимматга эга бўлган китоблар деб қабул қилинарди. Жеймс Жойс «Одиссея» ва унинг қаҳрамонларини, воқеалари ва ғояларини ўзи учун, ижодий нияти учун универсум – яъни, универсал модел деб қабул қилди.
Ёзувчи ўз олдига ХХ аср Одиссейи ва унинг ҳозирги замондаги саргузаштларини ёритишни мақсад қилиб қўйди. Ўз монументал асарининг ўн саккиз бобини «Одиссея»нинг ўн саккиз қўшиғига ажиб бир тарзда уйғунлаштирди, мувофиқлаштирди. «Одиссея»га ҳар жиҳатдан муқобил бир асар яратди. Лотин халқлари Одиссейни Улисс дейишади. Жойс шундан келиб чиқиб романига «Улисс» деб ном берди. Бу бизнинг тилимизда Алпомиш деган маънони англатади. Адиб романининг асосий икки қаҳрамони – Блум ва Стивен худди Одиссей ва унинг ўғли Телемак каби саргашта, олам кезувчи қаҳрамонлардир. Блумнинг хотини қўшиқчи аёл бўлса, бамисли Одиссейнинг уйида интизор кутиб қолган ва куёвлар таъмаларидан безор бўлган хотини Пенелопа кабидир. Стивен эса ота дийдорини излаган, ота марҳаматидан баҳрадор бўлишни истаган, ота соғинчи ичида изтиробли ўйларни бошидан кечирган ёш Телемак мисолидир.
Одиссей ва унинг атрофидаги шериклари, ҳамроҳлари Блум ва Стивен теварагини қуршаб олган ранг-баранг жамоа кишиларини эслатади. Жойс дастлаб асарининг бобларини ҳам «Одиссея» қаҳрамонлари ва ҳодисотлари номи билан атаган эди. Лекин кейинги таҳрирда у ушбу номларни олиб ташлади ва номлар асарнинг дастлабки чизгилари ва режаларидагина қолди. Аммо Жойснинг дунёдаги сон-саноқсиз тадқиқотчилари ҳанузгача асарнинг бобларини муаллифнинг илк чизгилари бўйича аташни одат қилиб келадилар. «Одиссея»га ўхшатма «Улисс»нинг фақат техник қурилишидаги кашфиётдир. Бу техник кашфиётни тақлид деб атаб бўлмайди.
Асарнинг асл воқеаси тамомила янги ва оригиналдир. Унинг марказига Ирландиянинг пойтахти Дублин шаҳри қўйилган. Асар 1904 йилнинг 16 июнида бир кун мобайнида Дублинда рўй берган воқеаларни соатма-соат, дақиқама-дақиқа ўз сюжет чизиқларига эга ҳолда қамраб олади. Дублин шаҳри, унинг манзаралари, кўчалари, саройлари, каналлари, трамвайлари, кеблари, уйлари, дўконлари, қовоқхоналари, емакхоналари, черковлари, мозорлари, қабрлари, бозори – бари ўта аниқ, маҳаллалари, одамлари, уларнинг касб-корлари ҳам шу қадар аниқ; яъни, ҳаммаси ёш санъаткор Жойс кўрган пайтларида қандай бўлса, баайни ва худди шундай тасвирланган. Жойс ўзи аниқ билган, аниқ кўрган, аниқ эшитган, аниқ бошидан кечирганларини жуда батафсил аниқлик билан тасвирга киритади. Қаҳрамонлари, воқеалари худди ҳаётдаги одамларнинг айни ўзлари бўлган бундай асар дунё адабиётларида камдан-кам топилади. Ундаги барча персонажларнинг прототиплари мавжуд. Стивен ва Блум эса муаллифнинг баайни ўзидир.
Менга қолса, «Улисс» Ўзбекистонга, ўзбекларга жуда яқин асар деган бўлардим. Ҳатто жуда қадрдон асар дейишим ҳам мумкин. Нега шундай деяпман? Бу фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Албатта, юзаки бир қарашда Жеймс Жойснинг «Улисс» романи Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳаётига, тарихига, дунёни қабул қилиши, унга муносабати, англаши, тушуниши, тутими ҳамда мезонларига, тасаввурлар дунёсига бегона бир асар бўлиб туйилиши ҳам мумкин. Номаълум ва нотаниш воқелик, номаълум ва нотаниш коллизиялар, ўлчовлар ва ҳоказолар… Асарнинг ёзилиш йўллари (усули) ҳам тамомила бошқача. Ёзувчиларимизнинг хаёлига ҳеч қачон келмаган ёзувлар, хатлар, усуллар. Биз бунақа нарсаларга яқин йўламаганмиз. «Улисс» романи ХХ асрнинг ўнинчи йилларида ёзилиб, йигирманчи йилларга келиб юзага чиқа бошлаган пайтда дунё тарихи ҳаракати ва табиатининг ажиб бир ўхшашликлари туфайли Ўзбекистонда, Тошкентда Абдулла Қодирий деган худди Жойс каби ёш, ўт-олов йигит юртнинг, халқнинг яқин ва узоқ тарихига қизиқиб, жон-дили билан ўрганишга киришган, отаси ва бобосидан эшитган қизиқ-қизиқ тарихий воқеалар унга қаттиқ таъсир қилган, томирларида оққан ижодий кучларни жўш урдирган, ғарб романлари йўналишида миллий роман ёзиш орзусига тушган эди.
«Ўткан кунлар»нинг нияти худди «Улисс»нинг нияти каби туғилган ва ёш адибни тамомила уйқудан маҳрум этганди. Ирландияда ХVIII асрдан то ХХ аср бошларигача бўлиб ўтган озодлик учун курашлар, тинимсиз ғалаёнлар, миллий буржуазиянинг уйғониши, озодлик курашининг олдинги сафларига чиқиши ва уни турли йўллар билан бошқариши, ўртадаги Англия-Ирландия муносабатларида тинимсиз тўкилган қонлар, алам-умидсизликлар, хиёнатлар, қатллар, миллатнинг озодлик ҳамда бирлашиш тарафдорларига ажралиб кетишлари, булар ўртасидаги турли низолар, ихтилофлар – ҳамма-ҳаммаси Жойсдан олдинги авлод бошидан қандай ўтган бўлса, Жойс авлоди бошидан ҳам шундай оғриқ, азоб-уқубатлар, умидсизлик, тушкунликлар, ватанни тарк этиб кетишлар, ҳижрон, айрилиқ кечинмалари тинимсиз ўтиб турган замон эди.
Тасодифни қарангки, ХIХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ аср бошларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳам ана шундай миллий озодликка интилиш, курашга отланиш, қўзғолонлар бир зум бўлсин тинмаган эди. Беҳбудий, Қодирий, Чўлпонлар авлоди худди Жойс авлоди каби озодлик ва маърифат курашига белни маҳкам боғлаб чиқди. Ирландиядаги кураш тажрибалари ва тарихи Ўзбекистондаги кураш тажрибалари ва тарихи ҳамда йўналишига жуда яқин эди. «Улисс» «Ўткан кунлар» билан бир давр, бир пайтда оқ саҳифага тушди. Икки халқнинг кураши ўхшаш манзараларга, ўхшаш йўналишларга эга эди. Фақат ирландлар Европа ва Америка таъсирида бу масалаларда анча илгарилаб кетгандилар. Хонликларнинг таназзуллари Ирландиядаги таназзулга ғоятда ўхшаб кетарди. Миллий озодлик ғояси, ўз-ўзини бошқариш орзуси Жойсларга қанча яқин бўлса, Қодирийлар, Отабекларга ҳам шунчалар яқин эди. Зиёлиларимиз ўхшаш ғоялар қуршовида ўртанардилар. Шунинг учун ҳам «Улисс»даги озодлик интилишлари бизга яқин ва қадрдон, энг муҳими, тушунарлидир. Қодирий ўарб адабиёти руҳидаги миллий роман ёзишни орзулаб, кўзини Гюго, Вальтер Скотт, Жўржи Зайдон, Рабиндранат Тагор кабиларга тиккан бўлса, Жойс романини ёзаркан, бутун Европа мамлакатларини кезиб, бу ердаги энг илғор илмий-фалсафий ғояларни дунёқарашига сингдирар, Гомер, Аристотель, Платон, Сократ, Рабле ва Дантедан тортиб, Нитше, Толстой, Достоевский, Фрейдгача тафаккур оламларини онгига сингдирар, улардан улги олиб илҳомланарди.
Шунинг учун Қодирий, Чўлпонни ўзига яқин кўрган киши ҳеч қачон Жойсга бегона деб қараши мумкин эмас. Ўлай агар, шоир, адиб, файласуф ва муаллим Стивен Қодирийга жуда ўхшаб кетади. Жойс бу қаҳрамонини Қодирий ёки Беҳбудийдан олиб чизмаганмикан деб ўйлаб қоламан. Одам асли шу Стивендай, Блумдай бениҳоя мураккаб. Беҳбудий, Қодирийлар ҳам мана шундай ўта мураккаб феьл-атвор ва қараш-интилишлар эгаси бўлишган. Лекин Жойс Фрейднинг кўзойнагидан қараб кўриб илғаган, тасвирлаган ҳодисаларни Қодирийлар ҳали кўрмаган ва тажрибаларидан ўтказмаган эдилар.
Йўлдош Солижонов: Жеймс Жойсни диндан юз ўгирган, ватани Ирландиядан воз кечган деб «айблашади». Аммо унинг асарларини ўқиб бунга ишонмадим. Биргина «Улисс саргузаштлари»нинг ўзида динлар ҳақида шу қадар билимдонлик билан фикр юритадики, шу билан бирга «Инжил», «Таврот», «Қуръон» каби муқаддас китоблардан кўплаб оятлар, қоидалар келтиради. Масалан, бир жойда мистер Блум нуқтаи назари орқали «Муҳаммад алайҳиссалом мушукнинг фароғатини бузмаслик учун тўнининг этагини қирқиб қўйганлар», дейди. Менинг фикримча, у диндан воз кечган шаккок, кофир эмас, балки уни чуқур билган, билганлиги учун ҳам унинг айрим чекловчи ақидаларига қарши исён кўтарган (худди биздаги Мансур Халлож, Машраб сингари) бўлса керак.
Жойсшунос олим Тилаволди Жўраев «Модерн бизга бегона эмас» номли суҳбатида («ЎзАС» 17.08.09) айтишича, ёзувчи ўз ижодини эпифаниялар ёзишдан бошлаган. Бу сўз ўзбек тилида «Тангрининг юз кўрсатиши, тангрига етишув», деган маънони англатар экан. Ахир, бу биздаги тасаввуф таълимотига тўғри келади-ку! Энди, инсоф билан айтганда, шундай одамни динсиз, кофир деб бўлармикан?
Иброҳим Ғафуров: Бу масалада мулоҳаза тарзида фикр юритган маъқул. Айримлар ўйлаб-ўйламай, Жойсни яхши билмай, унинг қалбига қулоқ солмай кескин хулосалар чиқарадилар. Аслида, Жойс кўп билимдон файласуф бўлган. Жеймс Жойс ўзининг исёнкорона фикр-қарашлари билан ХХ аср бошидаги Ирландиянинг ўта мураккаб сиёсий-ижтимоий, маданий ва диний муҳитига сиғмай қолди. 1904 йилдан у Ирландиядан Европага чиқиб кетди, тинимсиз Европа мамлакатларини кезди, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотди. Турли миллат халқларининг ҳаётини ўрганди. Яқинлашиб келаётган биринчи жаҳон урушининг алангалари, инсон ҳаёти, руҳи – ички дунёсининг таназзуллари унинг ёзаётган асарларига ўз фожиали, аламли, аччиқ шуълаларини тўхтовсиз ташлаб турди.
Адабиётдан маълумот олиш ва оқибатда маълумотли одам деб ном қозониш, албатта, яхши нарса. Аммо кўп ва ранг-баранг маълумот олишни истаган киши энциклопедияларга мурожаат қилса кифоя. Роман эса энциклопедия эмас. Лекин «Улисс»нинг энциклопедияга ўхшаб кетадиган томонлари йўқ эмас-да! Нега уни Дублин ҳаётининг ёки Ирландия озодлик ҳаракатининг энциклопедияси дейиш мумкин эмас? Дублин ер юзидан йўқолиб кетса, менинг романимдан Дублинни яна аниқ тиклаш мумкин, дейди Жойс. У ёзаётганида доим Дублиннинг энг аниқ харитасини кўз ўнгида сақлар ва ҳар доим қаҳрамонлари юриб бораётган кўчалар, йўллар, муюлишлар, жойлар, биноларни кузатиб турар, маконни аниқ тасвирлар экан. Бундан ташқари ҳозиргача «Улисс»га ёзилган изоҳлар, маълумотномалар романнинг ўзидан юз баробардан каттароқдир. Дунё адабиётида Жойс тадқиқотчилари лашкари мавжуд. Уларнинг синчков назари доим адиб асарларида. Жойс универсуми мудом фикр қўзғатади. Ақл муҳокамаларига тўхтовсиз озуқа беради. Унда аллақандай фикр оҳанграбоси, фикр жозибаси тинимсиз ўзига тортиб туради. «Улисс» фавқулодда фикр қайновлари, гирдоблари, пўртаналари ичида дунёга келган асар бўлгани боис, ҳар қандай ўқувчига ҳам шу қайновларни юқтира олади, ўз фикр гирдоби ва пўртаналари ичига тортиб кетади. Унда бутун Европа адабиётидан жамланган ва одамнинг онги ҳамда юрагига йўналтирилган қандайдир мислсиз сеҳрлагувчи фокус борга ўхшаб кўринади.
Бу фазилатлар Жойснинг юртини ташлаб кетган ношукур киши эмас, балки унинг дарди билан яшаган, тақдири учун курашган ватанпарвар шахс бўлганлигидан далолат бермайдими?
Йўлдош Солижонов: Жойснинг «Улисс»и роман жанри имкониятларининг нақадар кенглигини кўрсатувчи ажойиб намунадир. Унда ҳаётнинг ҳамма соҳалари, инсон турмушига хос барча икир-чикирлар жуда кенг ва ранг-баранг тарзда берилган. Уни ўқиб, ўтган аср бошидаги Ирландиянинг сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий турмуши манзараларини тўла тасаввур этиш мумкин. Янаям тўғрироғи, «Улисс» мамлакат ҳаётининг бадиий қомуси, ирланд халқининг руҳияти, ахлоқи, маданий сажиясини акс эттирувчи миллий кўзгудир. Биргина мисол: Дублиндаги «Қирол канали» ҳақида гап кетганда, муаллиф бу каналнинг қурилиш тарихи, аталиши тўғрисида тўхталиб ўтирмайди-да, тўғридан-тўғри «бутун Ирландияни босиб ўтадиган» бу каналнинг нақадар ифлосланиб кетганлигига эътиборни тортади. Каналда биқинига «Бугабу» деб ёзиб қўйилган солга биргина одам ахлат, чиринди, балчиқларни юклайди. Юзлаб одамлар эса унинг ёнидан бепарво ўтадилар, тамошабин сифатида четдан кузатадилар, холос. Бу тасвир менга таназзулга юз тутган мамлакатнинг рамзий манзараси бўлиб кўринди. Умуман, романда рамзий тимсоллар жуда кўп берилган. Шу маънода уни «панорама роман» деб атаса бўлади. Сиз ўзингиз романни таржима қилиш жараёнида унинг яна қандай янги хусусиятларини кашф этдингиз?
Иброҳим Ғафуров: Романда ХХ аср бошидаги Ирландия ва унинг пойтахти Дублин ҳаётининг кенг қамровли манзаралари акс эттирилади. Романдан ўрин олган ўн саккиз эпизоднинг ҳар бири (биз уларни ўзбекча таржимада «Воқеа» деб бердик) инсон организмининг бирон аъзосини рамзий тарзда ифодалайди. Бутун ҳолида эса роман инсон вужудини инъикос этади. Шулар билан боғлиқ ҳолда Жойс ҳар бир эпизоднинг ўзига хос санъати, ўзига хос қурилиши, архитектураси, ўзига хос такрорланмас услубини яратади. Шундай ажойиб-ғаройиб санъатлар, бадиий кашфиётлар (чунончи, ҳар бир эпизоднинг ўз ранг-бўйи бор) воситасида Жойс ўқувчини қаҳрамонларнинг ғоят мураккаб ҳамда мафтункор руҳий-ақлий-тафаккурий оламлари ичига олиб киради. Жойс ҳар бир эпизод воқеаларини вақт оқими билан ҳам чамбарчас боғлайди ва ҳар бир эпизодда янги ривоят, янги таҳлил усулларини очади.
Ота ҳамда она мавзуси Стивенни ҳар қандай ҳолатда ҳам тарк этмайди. Бу мавзулар ёзувчи-муаллифнинг баёни ёки тасвири орқали берилмайди. У Стивеннинг эмранган кечинмалари, турли сирли ишоралар, нозик эсланишлар орқали ёритилади. Худди шунингдек, Блумнинг хаёл оламини аждодлар юрти ва унинг руҳонияти мавзуси ҳам қайта-қайта ишғол қилади. Блум ўзи асли яҳудий. У доим Шарқни, Исроил, Фаластин, Миср, Нил бўйларини ёдидан ўтказади. Аждодлар юрти соғинчи Блумнинг эмранишларига айланган. Бу унинг образига жуда юксак бир шоирона тўлқин ҳамда фазилат бағишлайди. Стивен билан Блум ўй ва кечинмалар гирдобидаги одамлардир. Уларнинг кечинмалари ва буюк оқим тусини олган ўйлари, хаёлларида оҳанграбо ҳоким. Шу оҳанграбо қайта-қайта Блум ва Стивеннинг ўйларига ошно бўлишга, уларнинг теран маъноларига етишга чорлайди.
Булар беҳад нозик хаёл ўйинлари…
Асар қаҳрамони Стивен ўзининг ўлаётган, ўлим тўшагида ётган онасини нақадар севмасин унинг ҳузурида тиз чўкиб дуо ўқишдан бош тортади. Жойснинг ўзи онаси ўлганда худди шундай воқеани бошидан кечирган эди. Мана шу воқеа доим Стивеннинг хаёлида айланади. Уни чексиз изтиробларга солади. У ўзининг дуоси онасини қутқариб қололмаслигини билгани учун сохтакорлик ва, қолаверса, мунофиқлик қилишни истамади. Кейин унга онанг тарракдек қотиб ўлаётганида дуо қилишни истамадинг деб таъна-дашном қилдилар. Буни у юрагига ниҳоятда оғир олди. Бу гапни айтган дўстидан тамомила юз ўгириб кетди. Лекин шу азоб Стивенни романнинг бошидан охиригача тарк этмайди. Азоб унга ҳар томондан келади, ҳар турли ҳолатларда тинчлик бермайди. Унинг мана шу азобларни бошидан кечириши, ғам-ситам дарёсига чўмишида бир-бирини такрорламайдиган фикр дунёлари намоён бўлади. Бу худди Ҳамлетнинг отаси ҳақидаги изтиробларига ўхшайди. У юраги тубига жуда чуқур чўккан мунг орқали дунё ишларига боқади ва уларга ўз баҳосини беради.
Шунга ўхшаш эпизод Блумнинг ҳаётига, толеига беҳад чуқур из солиб ўтган. Блумнинг Руди деган ўғли сабийликда қазо қилган. Блум қайда бўлмасин, қандай юмуш билан банд бўлмасин, атрофидагилар унга нечоғлик мазах ва таҳқир назари билан қарамасин, қандайдир бир тарзда маъсум ўғилча ёди сизиб чиқаверади. Блумнинг ўзи ғоятда маъюс, ҳузн-кадарга ботган одам, Рудининг шарпаси уни янада бепоён кадарга солади. Бу туйғулар умуман олам, умуман одам ва умуман инсон ер юзига келибдики, айрилмас ғуссага айлангани сезилади.
Йўлдош Солижонов: «Улисс» ўқувчини тил хазинасининг том маънодаги «очил дастурхон»ига таклиф қилади. Аввало, ёзувчининг ўзи инглиз тилидан ташқари француз, лотин, немис тилларини жуда яхши билганлиги аён бўлади. Асарнинг ўзбекча таржимаси ҳам она тилимизнинг нақадар бойлиги, имкониятларининг кенглигини амалда исботлай олган. Жойснинг алмойи-ажмойи сўзлайдиган персонажлари ўзбек тилида шу қадар батартиб, тушунарли, нафосат билан гапирадиларки, ўқувчи суҳбатдошининг нима демоқчи эканлигини англаб туради. Чунки роман нутқидаги бу тартибсизлик таржимада кўзга кўринмас тафаккур ришталари билан боғланган. Бундан ташқари сиз таржимада шундай сўзларни қўллагансизки, уларнинг жуда кўпини 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан ҳам топиб бўлмади (масалан, «уфунат», «олифтавор», «ўртук», «жайноқлаган», «Қуддасимон бош», «шодлангил ожиза», «улвий ожиза», «вирди забон қилмоқ», «харосон кўнгил», «йилтир кўз» ва ҳакозо). Бунга қандай эришдингиз? Яна бир савол: сиз жаҳон адабиётининг ўнлаб шоҳ асарларини таржима қилгансиз. «Улисс»ни таржима қилишда ўзингизни қандай сездингиз?
Иброҳим Ғафуров: Романда ҳар бир эпизоднинг ўз ҳайратлар олами бор. Кашфиётлар киши билмас ҳолда юзага чиқаверади.
Жойснинг роман қаҳрамонлари фикри ва муносабати орқали образ яратиш маҳорати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Мисол учун Ирландия озодлигининг миллий қаҳрамони, халқ йўлбошчиси Чарлз Стюарт Парнелл сиймоси роман персонажларининг фикрлашлари, кечинмалари, баҳолашлари, муносабатлари воситасида гавдалантирилади. Ота, Она, Ўғил, Йўлбошчи, Севгили, Маъшуқа образлари шунчаки баён, тасвир орқали эмас, балки лейтмотив бўлиб ўтади.
Романнинг ҳайратомуз томонларидан яна бири шуки, ундаги биронта сўз бирон ерда бекор ётмайди, битта сўз ҳам унутиб қолдирилмайди. Ҳар бир сўз, ҳар битта ҳаракат, фаолиятнинг мантиқи бошқа боблар, бошқа муносабатлар ичида чақилади, мағзи очилади, олдингидан бошқачароқ қирралари ва хусусиятларини кўрсатади. Сўз Жойс матнида доим ва ҳар қайда, ҳар қачон намоён бўлиш фазилатига эга эканлиги билан ўқувчини ҳайратга солади. Жойс ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам ҳеч нарсани эсдан чиқармайдилар. Сўзлар воситасида ифодаланган ажабтовур тагмаьнолар эса контекст ичига шимилиб боради. Сўзлар ҳеч вазифасиз турмайди. Доим бир ёки бир неча нарсалар, ҳодисаларга ишора қилади, рамз тусини олади.
Жойснинг синчков ва ишончли тадқиқотчиларидан бири, қадрдон дўсти Бадженнинг гувоҳлик беришича, бир куни Жойсдан «Иш давом этяптими?» деб сўрабди. Жойс: «Бугун кун бўйи қаттиқ ишладим», дебди. «Нималар қилдингиз?» «Иккита жумла туздим». «Аниқ сўз қидириб қийналгандирсиз?». «Менинг доим аниқ сўзларим бор. Лекин мен қидирган нарса жумлада сўзларнинг энг етук тартибини топиш. Ҳар бир ҳолатда қандайдир аниқ бир тартиб мавжуд. Ўйлайманки, мен уни топишга қодирман». Жойс бу хаос олам ичидан энг юксак тартиб қидиради ва уни топади. Шунинг учун у ҳар қандай адабий усулда энг юксак маҳорат билан ёза олади.
Адиб ўзигача бўлган барча адабий усулларни ўхшата олган, усулларнинг ҳайратомуз ўхшатмаларини яратган. «Улисс»нинг «Тебранган қоялар» деган эпизодида Дублин кўчаларидан ўтиб бораётган вице-қирол карвони ўн саккиз ерда ўн саккиз нуқтаи назардан тасвирдан ўтади. Ўн саккиз турли макон ва ҳолат яратилади. Дунёнинг янги манзаралари ва янги айланалари, янги маъно йўналишлари чизилади. Жойс ўз эпизодларининг тасвирларида тинимсиз айланиб турган олам ҳаракатига тақлид қилаётганга, унга эргашаётганга, ўз бадиий оламининг универсумини бино қилаётганга ўхшайди. У ўз асарларининг фойдали маънодорлигига қаттиқ ишонарди. Бир куни унга: «Польшани босиб олишибди», деб хабар беришади. У эса: «Айтинглар, «Финнеган ёди»ни эсдан чиқаришмасин», деган экан.
Таржима менга лабиринтлар (қадимги Греция ёки Мисрда қурилган кўп хонали ва эгри-бугри чалкаш йўлаклари бўлган катта қаср; киши кирса адашиб қоладиган кўп хонали катта бино) ичида юришга ўхшаган бир машғулот бўлиб кўринади. Албатта, сўз, жумла ва образлар лабиринтлари ичида юргандек бўлади одам. Бу юришда ҳар бир сўз сари йўл топиш керак. Ҳар битта жумланинг қалбига кириш керак. Жумлалар қалбига кириш учун эса уни юрагингизга тегирмонга дон солгандай солиб, тинимсиз айлантирасиз, ўнгдан, сўлдан қарайсиз, кир жойини, шираси яширинган ерини топишга уринасиз. Таржимонлик – бошдан-оёқ топқирлик. Топқирликка эса минг турли тусмоллар билан борасиз, аниқ бир сўз, аниқ бир жумла излайсиз. Жойснинг лабиринтларини-ку, асло, қўяверасиз! Ёзувчи матнининг бутун маъно йўналишлари, маъно қаватлари (маънолар эса унинг асарларида худди тош каваклари орасидаги қимматбаҳо антрацит каби) қаттиқ зичланиб, зўр қаватлар, қатламлар ҳосил қилиб ётади.
Жойсни таржима қилишдан кўра уни ўқиш, тинмай, қайта-қайта ўқиш одамга мислсиз роҳат бағишлайди. «Улисс»нинг ўзбекча таржимасини такрор-такрор ўқиб ўтираман. Бошқа иши йўқ деб ўйлайсизми? Лекин унинг қандайдир оҳанграбоси, жозибаси ўзига тортаверади. Жойс «Улисс»дан кўра бир неча бараварроқ юксак экспериментал руҳда яратилган «Финнеган ёди» романини йигирманчи йиллар бошида ёзишга киришган пайтида дўстига йўллаган хатида шундай деган экан: «Бу янги асар худди катта тоққа ўхшайди, мен унинг ичига бирданига ҳамма томондан ўпириб кирмоқчи бўламан-у, лекин унинг бағридан нимани топаман, билмайман». У романида Лиффи дарёсининг ўртасида ётган қаҳрамонининг кўраётган тушлари ва бу тушларида бутун Ирландиянинг тарихи ҳамда тақдирини акс эттириш, уларда оламнинг қайта-қайта айланиб келаверадиган ҳаводисларини – одамнинг фантазияси ҳам етолмайдиган эврилишлар – метаморфозаларни мажоз ва рамз воситасида гавдалантирмоқни мақсад қилиб қўяди. Тилни, сўзларни янги мақомга кўтаради. «Улисс»да Ирландиянинг бир кунини тасвирладим, «Финнеган ёди»да Ирландиянинг бир кечасини ёритаман. Бунинг учун менга одатдаги сўзлар эмас, одатдан ташқари сўзлар керак бўлади», дейди ва шундай ноодатий сўзлар, ифодаларни топишга уринади. Баъзан юз ҳарфдан иборат сўзлар топади, гоҳида бошқа тиллардаги сўзлардан тузилган ибораларни қўллайди. Уларнинг бирида ҳатто ўзбекча «индамай» сўзини ҳам қўшиб юборади.
Жойснинг бундай экспериментлари шунчаки техник шаклий бир нарсалар эмас. Асло! Жойс жумбоқларининг тагига етсангиз, у кашф қилган хазиналар эшигини очишга муяссар бўлсангиз, дунё ва инсон ҳаёти, толейининг беҳад мағиздор, бағирдор қатламларига дуч келасиз. Жойснинг ўзи менинг бу асарим одамларга, ер юзига юз йилдан сўнг тушунарли бўлади, дер экан.
Ҳар ҳолда, Жойс асарлари дунё модерн адабиёти ва санъати карвонларини инсониятнинг келажак замонларига етаклаб кетаётир. «Минг бир кеча»нинг ёнгинасида «Улисс» борлиги инсоният саргузаштлари савдоси ҳеч қачон тугамайдиган маънолар ва мундарижага эга эканлигини кўрсатади.
****
Комилжон Жўраев, Муҳайё Аҳмедова
ЖОЙС СИЙРАТИГА ЧИЗГИЛАР
Жеймс Жойс 1882 йил 2 февралда Ирландия пойтахти Дублин шаҳрининг жанубидаги Ратгар даҳасида ўзига тўқ Жон Станистас Жойс ва Мэри Жейн Марри оиласида таваллуд топди. Отаси, асар қаҳрамони Стивен таъбирича, дастлаб талаба-шифокор, эшкакчи, ажойиб овоз соҳиби, ҳаваскор актёр, зийрак, ақл-заковатли, иқтидорли мусиқачи, солиқ йиғувчи, вино заводи ходими вазифаларида ишлаган. Жеймс отасидан кўп нарса ўрганди. Унинг панд-насиҳатлари, ўгитлари Жойснинг ўзлигини англашга, мустақил фикрлай олишга ўргатди. “Сен вояга етиб, одамлар қаторига қўшилганингда, Стивен, – дейди ота ўғлига, – мен шундай бўлишига жудаям ишонаман, бир нарсани унутма: қандай ишнинг бошини ушлашингдан қатъи назар, доим интизомли, инсофли одамлар билан бир бўл. Ёшлик пайтимда мен, сенга очиғини айтиб қўя қолай, давримни сурганман, дўстларим ҳам ҳалол, олийжаноб йигитлар эди. Ҳар қайсимиз қайсидир томондан устун эдик. Бировининг овози зўр бўлса, бошқа бировида санъаткорлик қобилияти бор эди, кимдир бир банд шеърни қойил қилиб айтолса, кимдир эшкак эшишда тенги йўқ ёки теннис кортида биринчи эди, бошқаси латифани сув қилиб ичарди. Биз ҳамма нарсага қизиқардик, ҳаётдан кўнглимиз тусаган, қўлимиз етган ҳамма нарсани олардик, хуллас, ўз шавқу шаробимизда яшаганмиз, бироқ бундан бирор-бир инсоннинг кўнглига зиғирча оғирлик ботмаган. Чунки ҳаммамиз бирдай тартибли-интизомли йигитлар эдик, ҳалол ирландлар эдик, Стивен. Сен ҳам шундай – ҳалол, олийжаноб йигитлар билан улфат бўлишингни хоҳлайман, ўғлим. Кўриб турибсан, мен сен билан худди дўстим билан гаплашгандай гаплашаман. Стивен, чунки ўғил бола ҳеч қачон отасидан ҳайиқиб, ўзини олиб қочиб юрмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Шунинг учун бобонг раҳматли сенинг ёшингда менга қандай муомала қилган бўлса, мен ҳам сенга шундай муомала қиламан. Бобонг билан икковимиз ота-боладан кўпроқ ака-укага ўхшардик. Мен биринчи марта оғзимда трубка билан қўлга тушганим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Кечагидай эсимда, Сайт-террасда ўзим тенги мишиқилар билан ғўддайишиб турибмиз, димоғимиз чоғ, ҳаммамизнинг оғзимизда трубка. Бир пайт, бундоқ қарасам, ёнгинамдан отам ўтиб боряпти. Бир оғиз гапирмади, тўхтамади ҳам ҳатто. Эртаси куни якшанба эди, иккаламиз бирга айлангани чиқдик, бир пайт, уйга қайтаётганимизда, у чўнтагидан папирос қутисини чиқариб, нима дейди дегин: “Ҳа, айтганча, Саймон, мен сенинг чекишингни билмас эканман”, дейди. Мен нимадир деган бўлиб минғирладим чоғи, у қутини менга чўзиб: “Яхши тамакига тобинг қалай, қани буниям синаб кўр-чи. Менга буни кеча кечқурун Куинстаунда америкалик бир капитан совға қилди”, дейди… Шу ерда унинг товуши йиғидан бўғилиб қолди…”
Жеймс улғайгач, яхшигина билим олди. Унинг ҳаёти ва фаолияти адибнинг иккита романидаги Стивен Дедалус образида акс этган. Олти ёшида уни аввал Клэйндаги Клонгоуз диний коллежга, ундан кейин Дублиндаги Бельведер коллежига ўқишга беришади. Коллеждалигида уқувли, қувваи ҳофизаси кучли ва истеъдодли Жеймс диний мадҳиялар ёзади, машҳур дин арбобларининг асарлари ва илоҳиётни астойдил ва чуқур ўрганди. Кўпчилик ёшлар учун тақиқланган Мередит, Томас Харди, Бернард Шоу асарлари унинг диний эътиқодини ўзгартиришга катта таъсир қилди. Тўққиз ёшида Ирланд ватанпарварларининг доҳийси, ёшлар ифтихори, инглиз мустамлакачиларига қарши кураш қаҳрамони Чарлз Стюарт Парнеллага бағишланган романтик жиҳатдан кўтаринки руҳдаги “Ҳили, сен ҳамми?” (Et Tu, Healey) шеърини ёзди. Шеър миллий мустақиллик ва озодлик учун кураш қаҳрамони Парнеллани инглиз мустамлакачиларига сотган дўсти ва сафдоши Тим Ҳилига аталган бўлиб, унда ёш шоир, бўлажак даҳонинг Юлий Цезарга ишораси, Цезарнинг сотқин дўстига қарата “Брут, сен ҳамми?” деган гаплари ёдига келади. “Ҳили, сен ҳамми?” Жойснинг биринчи асари эди. Бўлажак адиб талабалик йиллари Дублин ва Америка матбуотида адабиёт мавзуларида мақола, эссе, лирик шеърлари билан қатнашиб турди.
Ёзувчи 1898 йили Дублин университетига ўқишга киради. Данте, Ибсен, Метерлинк, Гауптман, д’Аннурцио асарларини берилиб ўқийди. Адабий анжуманлар, илмий мунозаралар, бадиий жараён унинг ақл-заковатини янада оширди. Университетни тугатиб, мустақил ҳаётни қўмсайди ва Парижга йўл олади. У ҳам молиявий аҳволини тузатиш илинжида отаси каби кўп марта касбини ўзгартирди. Асосан газета-журналларда банкда клерк, руҳоний амалларини бажарди, ўқитувчилик қилиб, инглиз тилидан дарс бериб юрди. Ўн олти ёшида учта хорижий тилни ўрганган бўлса, кейинчалик яна ўн тўққизта тилни мукаммал эгаллади.
Биринчи жаҳон уруши арафасида Жеймс Жойс оиласи билан Швейцарияга, Цюрихга кўчиб кетади ва ўша ерда “Навқирон санъаткорнинг сийрати” романини, кейинроқ “Улисс”ни ёза бошлади. Шу даврларда инглиз-америка альманахларида тушкунлик кайфиятидаги шеърлари, асосан қофиясиз, аммо ритмга эга бўлган сарбастларини эълон қилиб турди. Унинг “Улисс” романи 1922 йили ўз она ватанида эмас, Францияда Сильвия Бич хоним ҳомийлигида 1000 нусхада босмадан чиқди. 600 саҳифадан иборат бу катта романда учта дублинлик ҳамшаҳарлар: “Сийрат”даги бош қаҳрамон, эндиликда ёши улғайган Стивен Дедалус, реклама агенти Леопольд Блум ва унинг хотини, арзон ресторан қўшиқчиси Мэрионларнинг узун бир куни – 1904 йил 16 июнь воқеалари ҳикоя қилинади (рус адабиётида А.Солженициннинг 100 саҳифалик “Иван Денисовичнинг бир куни” ҳикояси композиция жиҳатидан унга аналог бўла олади.) Жойснинг фикрича, агар Дублин вайрон этилган чоғда ҳам романни ўқиб туриб, бу шаҳарни бемалол тиклаш мумкин. Бунда романнинг ҳар бир бобини тавсифловчи ҳақиқий топографик харитаси ёрдам беради. Жойснинг дунёдаги барча мухлислари 16 июнни Блумсдэй (Bloomsday – Блум Куни) куни деб нишонлайилар. Худди шу кун – 1904 йил 16 июнь – Жойс ҳаётида ҳам унутилмас из қолдирди: у бўлажак умр йўлдоши Нора Барнаклни учратди.
Парижда Жеймс Жойс катта ҳажмдаги ўта мураккаб, ХХ аср мифологик санъатининг йирик ёдгорлиги, адабиёт оламидаги ғоят қизиқ “Финнеган маъракаси” романини ёза бошлади. Асар 1939 йили тугалланиб, ўша йилдаёқ чоп этилди. Аммо у кўпчилик китобхонларда унчалик қизиқиш уйғотмади. Ҳозиргача роман тор доирадаги мутахассислар китоби бўлиб қоляпти. Бунинг акси ўлароқ, “Дублинликлар” деб номланган китобига кирган ижтимоий-танқидий ва психологик руҳдаги ҳикоялари ва унинг биринчи “Навқирон санъаткорнинг сийрати” романи бутун дунёда машҳур.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Франциянинг бир қисми босқинчилар томонидан эгаллаб олингач, Жойс ва Цюрихга қайтади. У ўн икки марта операция қилдирганига қарамай, кўзлари ҳиралашиб борар, касаллик тобора зўрайиб, охир-оқибат адиб бутунлай кўрмай қолди ва 1941 йил 13 январда вафот этди.
“Навқирон санъаткорнинг сийрати” – “Қаҳрамон Стивен” номли автобиографик романининг қайта ишланган шакли. Жеймс Жойс уни 1912 йили чоп этмоқчи бўлганда, “Дублинликлар” ҳикоялар тўплами атрофида бўлган нохуш можаро сабаб кайфи бузилиб, романни ёқиб юбормоқчи бўлади аммо унинг рафиқаси Нора қўлёзмани қутқариб қолишга эришади. “Дублинликлар” билан боғлиқ можаро шундай эди: 1909 йили Дублиндаги “Моnсеl and Ко” нашриётининг бошлиғи, Ж.Жойснинг яқин дўсти Жорж Робертс “Дублинликлар” ҳикоялар тўпламини чоп этиш учун адиб билан шартнома тузади. Аммо ношир ҳикояларни яна бир карра диққат билан ўқиб чиқиб, ҳамшаҳарлари асар қаҳрамонларида ўзларини кўришлари муқаррар эканлигини англаб, улар ноширни дефамация – ўзларининг обрў ва иззат- нафси топталишида айблаб, уни судга беришлари аниқлигини сезади. Шундай бўлишига қарамай, Робертс таваккал қилади: матнни босмахонада тердиради. Асар терилди-ю, у ёғига иш яна чаппасига айланди: босмахона ҳарф терувчиси Жон Фолконер Ирландияни таҳқирловчи бунақа китобни чиқармайман, деб хиралик қилди. Робертс қўрққанидан 1912 йил сентябрида уч йил босмахонада турган тайёр гранкаларни ёқиб юборади.
Мана шундай мафкуравий тўқнашувлар юз бераётган, азалий анъаналар топталаётган бир муҳитда ижодкорларнинг шиддатли ҳаракати майдонга келди. Модернизм раҳнамоси, америкалик буюк шоир Эзра Паунднинг “Дунёни янгилайлик!” деган даъватига “лаббай” деб жавоб берган ижодкорлар сафида Ж.Жойс ҳам салмоқли ўрин тутади. Э.Паунд маслакдошини яхши қадрлай олди. “Сийрат”нинг тақризчиси Эдвард Гарнет эса Жойс ижодига қанчалик хайрихоҳ бўлмасин, романни анъанавий услубда ёзилмаган, асар ғоясини янада аниқлаштириш лозим, деб қўлёзмани қайтариб беради. Шунда Эзра Паунд Гарнетни янгиликдан, ноанъанавийликдан қўрқишда, тор фикрлашда айблайди. У Жойс асарини, хамиртуруш каби, кўпчитиш, маромига етказиш, пишитишга хизмат қилувчи қандайдир ачитқи фермент, пайсалга солмай, уни дарҳол адабий жараёнга татбиқ этиш зарур, деган фикрда 1914 йили романни “Egoist” журналида чоп этишга тавсия қилади ва асар ёзувчининг туғилган куни – 2 февралдан эътиборан бобма-боб чиқа бошлади. “Сийрат” атрофидаги бундай чигал мунозараларда Герберт Уэллс холис ҳакам вазифасини бажарди. Ҳатто асар босмадан чиққанидан кейин матбуотда у ҳақда катта ижобий мақола эълон қилди. Роман 1916 йили АҚШда, 1917 йили Англияда Харриет Шоу Уивер нашриётида биринчи марта китоб ҳолида чоп этилди.
Оммавий китобхон осон қабул қилавермайдиган, “мураккаб” ижодкор деб тан олинган Ж.Жойснинг бу йирик асари рус тилига М.П. Богословская- Боброва томонидан таржима қилинган. “Аср санъати” деб баҳоланган романнинг таржима қўлёзмаси 1936 йили тайёр бўлган бўлса ҳам, у нашр этилгунча орадан қирқ йил вақт ўтди. Бу ерда ҳам М.П. Богословская- Боброва ва Ж.Жойс аслият ва таржима қисматида маълум ўхшашлик, тушунмовчиликлар бўлгандай кўринади. Бунда кўпроқ мустабид тизим даврида ҳукм сурган хориж маданиятини тан олмаслик, маданий яккаланиш ва темир панжара сиёсатининг салбий таъсирини кўриш мумкин. Асар 1976 йили Чингиз Айтматов муҳаррирлик қилган “Иностранная литература” журналида эълон қилинди.
“Навқирон санъаткорнинг сийрати” романининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирганда, асар бош қаҳрамони Стивен Дедалуснинг болалиги, унинг диний коллежлардаги ўқиши, оилавий муносабатлар, диний ибодат, ноҳақ жазолаш, тавба, университетдаги таҳсил, диндан қайтиш ва эътиқодини ўзгартириши, ватандан йироқдаги саргузаштлар, қаҳрамоннинг ўз мавқеини, ўз йўлини ўзи белгилай олиши жараёнидаги саъй-ҳаракатлари кўрсатилганлигини эътироф этиш лозим. Ижодкор услубининг ўзига хослиги шундаки, бу асардаги воқеа изчиллик билан, аста-секин, бир маромда, батартиб ривожланмайди, улар ҳақида ҳикоя қилинмайди. Хотирага келган нарса эслатиб ўтилаверади, умр, макон ва замон маълум хронологияга асосланмайди. Шу тариқа ўқувчи ҳам воқеа-ҳодисалар ичида ёзувчининг “мен”и сезилмайди. У матн ичига сингиб кетган. Асардаги ички монолог, диалоглар, қаҳрамонлар руҳиятини ифодалаш санъати, уларнинг ҳис-туйғулари, кечинмаларини холисона кўрсатиб бериш орқали романнинг эстетик самарадорлиги ортиб боради. Ўқувчи ғайришуурий тарзда асардаги воқеа-ҳодисалар иштирокчисига айланади. Қаҳрамон билан бирга ҳаяжонланади, бирга ўйга ботади, бирга ибодатга боради, тавба жараёнида унинг ёнида, гуноҳдан фориғ бўлишга интилади, жазвал зарбию дўзах азобини ҳис этиб туради, талабалар билан бирга гўзаллик, ҳақиқат, эстетика ҳақида мунозараларда қатнашади.
Энди “Навқирон санъаткорнинг сийрати” романининг таржимаси ҳақида фикрлашсак. Романни истеъдодли таржимон Аҳмад Отабой ўзбек тилига ўгирган.
Қиёсий адабиётшунослик назариясида иккиламчи ёки иккинчи қўл таржимаси деган атама бор. Диониз Дюришин “Сиёсий адабиётшунослик назарияси” китобида ва Антон Попович “Бадиий таржима масалалари” ўқув қўлланмасида таржиманинг бу турини иккиламчи, “иккинчи тил таржимаси”, компилятив таржима деб юритади. Бу аслият тилини билмайдиган таржимон учун воситачи тил ёки медиум вазифасини бажаради. Буни таржимадан таржима деб ҳам аташади. Алоҳида адабиётлараро муштараклик шароитида кўпроқ қўлланиладиган бундай таржима кенг табақаланган ва ёш адабиётлар ўртасида, бирининг иккинчисига нисбатан воситачилик вазифасини бажарадиган ҳолатларда юзага келади. Бу ерда тил эмас, адабий ва бадиий усуллар воситачилик килади. Адабий алоқанинг ғоят қизиқ ва нозик бу соҳаси адабий жараённи ва унинг серқирра қонуниятларини ўрганишга кўмаклашади. Бу усулнинг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Ижобий жиҳати шундаки, бунда таржимон тўғридан-тўғри аслий матн устида ишлайди. Бевосита таржима жараёнида мутаржимнинг аслият тилини билгувчи, зуллисонайн бўлиши талаб қилинади.
Ҳозирги тараққиёт босқичида турган халқларнинг сўз усталари Шекспир асарларининг восита тиллар орқали таржима қилинишини ўзлари учун эп кўрмайдилар. Шу туфайли доимо буюк адибни бевосита инглиз тилидан таржима қилиш учун курашдилар. Ҳозир руслар, украинлар, грузинлар, арманлар, Болтиқ бўйидаги халқлар драматург асарларини инглиз тилидан таржима қилиб келмоқдалар. М. Лозинский, Б. Пастернак, С. Маршак Шекспир асарларини тўғридан-тўғри XVII аср инглиз тилидан, С.Н. Иванов Алишер Навоий асарларини XV аср қадимги ўзбек тилидан ўгирган.
Бу аслият тилини билмайдиган таржимон учун медиум – воситачи тил, адабий ва бадиий усуллар вазифасини бажаради. Одатда, мустамлакачилик шароитида метрополияларнинг тили ва адабиёти ҳам шу вазифани бажаради. Яқин кунларгача ўзбек тилига русча таржималардан ўгириларди. В. Шекспирнинг “Ҳамлет” фожиасини М. Шайхзода Б. Пастернакнинг русча ва Жаъфар Жабборлининг озарбайжонча таржимасидан, Чўлпон – П.Каншин таржимасидан ўгирганидек, Э. Воҳидов “Фауст”ни Б. Пастернак, Н. Холодковский ва бошқаларнинг немис тилидан қилинган таржималари, Муҳаммад Али Р. Бёрнс шеъриятини С. Маршак томонидан инглиз тилидан қилинган таржималари асосида ўгиришган. Ян Коморовский словак тилига ўгирган “Алпомиш” достонининг таржимасига Лев Пеньковскийнинг
русча матни аслият вазифасини бажарганлигини айтади. Бу таржиманинг нозик томони шундаки, воситачи ўрнида келаётган асардаги камчиликлар, кўпинча, аслият муаллифлариники деб қабул қилинади ва ўзгаришсиз янги матнга кўчиш ҳоллари учраб туради. Масалан, Жойснинг “Навқирон санъаткорнинг сийрати” асарида келтирилган мана бу жумлаларга эътибор қаратсак.
He told Stephan that his name was Athy…(Он сказал Стивену, что его фамилия Этти)…
– У тебя странная фамилия – Дедал, и у меня тоже странная – Этти. Моя фамилия – это название города, а твоя похожа на латынь гапларида Athy – биринчисида антропоним – Этти фамилияси, иккинчисида топоним
– Килдэр графлигидаги Атай шаҳри номи. Бу ерда иккала тушунча ифодаси ва талаффузидаги интерференция – фамилиянинг бир хил, шаҳар номининг бошқача айтилиши таржимонларнинг хатосидай кўринади. Рус тилига Этти деб тўғри транслитерация қилинган, ўзбек тилига эса инглиз ва рус тилларидаги талаффуз меъёридан четлашиб, Эдди тарзида ўгирилган. Бу билан таржимон, биринчидан, инглизча антропонимлар Эдвард, Тедди, Дедал, Дэнти… кабиларнинг кичрайтириб Эдди, Тэд… каби талаффуз қилинишини назарда тутган бўлса, иккинчидан, You have a queer name, Dedalus, and I have a queer name too, Athy. My name is the name of a town. Your name is like Latin (Потому что и там и тут “эти”. Понятно? Этти
– город в графстве Килдер, а в грамматике местоимение – эти.) гапидаги сўз ўйинини бошқа грамматик унсурлар ёрдамида ўзбек тилига моҳирона таржима қилган:
– Чунки унда ҳам, бунда ҳам “Эди” бор. Тушунарлими? Эдди – Килдэр графлигидан шаҳар номи, эди – грамматикада феъл.
Воситали таржимада хатога йўл қўймаслик учун аслият тилидан ўгириш яхши самара беради. Бизда йирик асарларни бевосита ғарбий Европа тилларидан таржима қилиш иши энди тажриба тариқасида йўлга қўйилмоқда. Ж.Камол (Шекспирдан), Я.Эгамова, С.Салимов, П.Усмон ўғли (Гётедан), Б. Холбекова (Р.Бёрнс ва Ж.Жойсдан), А.Файзулла, У.Қўчқор, Б.М.Шариф, Т.Қаҳҳор, М.Акбаров каби зуллисонайн адибларнинг бевосита таржималари таҳсинларга лойиқ тажрибадир. Бевосита таржима энг муҳим сифат мезони ҳисобланади. Жаҳон адабиётида бунга мисол кўп. 1997 йилдан буён республикамизда чиқа бошлаган “Жаҳон адабиёти” журнали бу соҳанинг асл ва холис жарчиси вазифасини бажаряпти.
Аҳмад Отабоев бу журналнинг 2007 йилнинг 3-4-сонларида эълон қилинган таржимасида ўзини нафақат моҳир таржимон, балки нозиктаъб услубшунос ҳам эканлигини намойиш эта олди. Шахсият ва характер қанчалик бетакрор бўлса (ҳатто ўта ўхшаш эгизаклар ҳам ўзига хосликларга эга), услуб ҳам шундай ўзгача. Асардаги барча унсурлар, айниқса унинг тили, сюжети, композицияси, шакли, фикрни ифодалаш, портрет, образ яратиш, табиатни тасвирлаш, қаҳрамоннинг нутқи, зиддиятларни мантиқан тўғри кўрсата олиш, муаллифнинг ғоявий нияти, унинг дунёқараши, тафаккур олами, ижодий маҳорати, матн устида узлуксиз ишлаши ва тинмай таҳрир қилиб бориши – барча шу хусусиятлар Ж.Жойсга хос. Асарни ўқиш жараёнида хусусиятлар унинг таржимони Аҳмад Отабойга ҳам ижобий таъсир кўрсатган.
Аҳмад Отабойнинг таржимадан таржимасини ўқиганимизда унинг нафақат медиумга, балки аслиятга ҳам анча уйғун келганини сезишимиз мумкин. Бу рус тилига қилинган таржиманинг аъло даражадалигидан ва ўзбек таржимонининг синчковлиги, гап тагидаги гапни уқа олганлиги, қўшимча адабиётлар, изоҳлар билан яхши танишлиги ва ниҳоят юксак таржима маҳорати сирларидан воқифлигидан дарак беради.
Китобнинг аслини нашр этиш муносабати билан боғлиқ мунозараларда тақризчи Гернет ҳам, Герберт Уэллс ҳам муаллифга норозилик билдириб, ёзувчи китобхон юзига ҳадеб ножоиз сўз ва ибораларни суркайверади, дейишган эди. Улар қанчалик танқид қилишмасин, Жойс ўзининг ижодий принципларидан келиб чиқиб, бундай сўз ва ибораларни олиб ташламади. Лекин таржиманинг ҳам ўз йўриқлари бор. Л.Пеньковский “Алпомиш”нинг таржимасида шундай йўл тутган. Кайқубод Алпомиш ясаган чанговузларни Товка ойимга олиб бораётиб, девордан ошиб тушади. Оёғи лат еб, оғриққа чидамай, бечора Кайқубод жуда келиштириб сўкинади. Шу ерда рус таржимони “эстетика, одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан сўкишларни ўгирмадим”, дейди. Жойснинг романида ҳам Герберт Уэллс айтган ана шундай “цензурабоп” бўлмаган беадаб, қўпол сўкинишлар, хунук иборалар борки, уларнинг истифода этилиши асар услуби, хаёлга келган фикрни қайтармаслик, онг оқими таъсири, муаллиф ижодининг ўзига хослиги билан изоҳлаш мумкин. Кўриниб турганидек, аслият ва унинг русча таржимасида инглизча сленг ва бошқа, жеймсчасига айтсак, “сассиқ” иборалар шунча мўл ва бадбўйки, китобни ёпиб, ҳавони алмаштиргинг келиб кетади. Лекин таржимон Аҳмад Отабой ўз миллий менталитети ва эстетик нуқтаи назаридан келиб чиқиб ва таржимашунослик қонун-қоидалари доирасида уларнинг услубий сиржило ва рангдор қиёфасига сайқал берган, аслий матндаги ўта таъсирчанлик тўғри маънода, ўзбек китобхонининг иззат- нафсига тегмайдиган даражада сусайтирилган ёки аслиятда бир неча марта ишлатилган бўлса, таржимон матнда бу ибораларни кейин қайтармаган.
Ҳозирги замон таржима назарияси ва амалиётидаги мураккаб саналаётган муаммо – бу болаларнинг ўзига хос “яширин” тилини бошқа тилга ўгириш. Бу ерда таржимоннинг ҳамма вақт ҳақиқатни сўзлагувчи болакайга айланиб, унинг болалик оламида сайр қилишига тўғри келади ва шу йўсинда у яшаётган муҳитни тўлақонли равишда акс эттиради. Асарда диний коллеж ўқувчиси Стивеннинг кичкина укалари парвойи фалак: ота-оналарининг муаммолари, ўзларининг бошпанаси йўқлигидан доим ижара уй қидиришга мажбур бўлишларидан болалар бехабар. Бундай ҳолатда таржимон бадиий воқеликни тасвирлаётган ёзувчи ортидан бориб, болалар олами, уларнинг тафаккур тарзини чуқур ҳис эта олиши зарур. Биз кўриб турган вазиятда ота-оналарининг ташвишлари болаларни қизиқтирмаётгандай туюлади. Аслида эса нажотсизлик, рўшнолиги йўқ ҳаётдан тўйганликларини сезмай бўлмайди. Ҳатто кап-катта Стивен ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрмай туриб, ундан чарчаган укаларининг беғубор, маъсум ва жарангдор товушларида ҳам ҳорғинлик сезгандай бўлади. Акаси ота- онасининг қаердалигини сўраганида болалар тўғридан-тўғри жавоб бермай, социолингвистикада тарабар тили деб аталган яширин тилда:
– Goneboro toboro lookboro atboro aboro houseboro, – деб жавоб қайтаришади.
Бундай сунъий тил ҳодисалари дунёнинг барча тилларида бор. Болалар ва ёш йигит-қизлар ўзаро суҳбатларида атрофдагилар уларнинг гапларини уқиб қолмасликлари учун шундай сунъий тилда гаплашадилар. Бу тилнинг хусусияти шундайки, ҳар бир сўз, бўғин ёки ҳарфдан кейин мулоқот қилувчилар ўзаро ихтиёрий равишда келишиб олинган ҳарф ёки бўғинни қўшиб айтадилар. Бундай сўзларни ҳеч қандай луғатда учратиб бўлмайди. Стивеннинг укалари Gone, to, loo, at, a house сўзларига бемаъно boro ҳарф бирикмаларини қўшиб, яширин тилда сўйлашади.
Рус таржимони М.П. Богословская-Боброва ҳам ёзувчи усулидан фойдаланиб, сирли нутқ яратмоқчи бўлган ва:
– Пошлико домко смокотретько…– Потомуко, чтоко наско выставляетко хозяинко, – деб таржима қилган. Кўриб турганимиздек, таржимада нутқнинг сирлилиги унчалик сезилмайди. Болалар нутқининг самарадорлигини кучайтириш керак бўлса, нафақат сўзларнинг охирида, ҳатто ичига ҳам турлича бўғин шаклларини қўшиш ёки ундош ҳарфларни маълум тартибда алмаштириш ҳам мумкин (масалан, бвгджзклмн ундошларини щшчцхфтсрп ҳарфлари билан алмаштириб, айтайлик, смотреть сўзини лрокмекль деб бериш ҳам мумкин эди). Масалан, тара, бара, мара, кара, пара, зара ёки уларнинг бирор қисмини унли товушлардан кейин ёки бўғинлар ўртасига қўйиб, сирли нутқ ҳосил қилиш мумкин. (Бундай ҳолат рус шеъриятида, масалан, В.Хлебниковнинг “Зангези” достонида ҳам учрайди: Мара-рома / Биба-буль!/ Укс, кукс, эль!/ Редэдиди дидиди!/ Пири-пэпи, па-па-пи!/ Чоги гуна, гени-ган! / Аль, Эль, Иль! / Али, Эли, Или! / Эк, ак, ук! / Гамчь, гэмчь, ио!//.
Айтайлик, русча “пойдем гулять” демоқчи бўлса, уни “тарапойбарадем тарагубаралять”, ёки ўзбекча “юр, айланиб келамиз”ни “юбир абайлабанибиб кебелабамибиз”, ёки яна бошқачароқ “юзир азайлзаназиб кезеланазимиз” тарзида ифодалаш мумкин. Фақат шу ерда ўзбек таржимонида бироз топқирлик етишмай қолган чоғи. (Бизнинг назаримизда нуқсондай кўринган бу ҳолатлар, балки таржиманинг китоб нусхасида бартараф этилар). Аҳмад Отабой юқоридаги жумлани болаларга хос ширин тил ва лаҳжада:
– Ула уййи кўйгани кеттила… – Хўжайин биззи уйидан ҳайдаяпти, – дея қолган. Шундай ҳолатларда О.Сафаровнинг “Болаларнинг яширин тиллари” мақоласида ҳам билдирилган маълумотлар ва рус тилидаги интернет сайтлари таржимонга қўл келиши мумкин.
Услуб – бу ўзига хослик. Баъзилар услуб – бу инсон деса, бошқалар услуб – бу бурун: дунёда бир хил бурун асло учрамайди (Б. Шоу) дейишади. В.Г. Белинскийнинг фикрича, услуб – бу истеъдод, фикрнинг бўртиб чиқиши ва аниқлиги. Услуб ҳамма вақт шахс каби, характер каби бетакрор аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳар бир улуғ ёзувчининг ўз услуби бўлади. Айтайлик, услуб, кенг маънода олсак, бу – ёзувчининг шахси ҳам. Унинг асарларидаги ҳар бир унсурни – тил, сюжет, композиция, шакл, ифода усули, детал, образлар, табиат манзараларининг тасвирланиш йўсини, персонажлар нутқи, портрет чизиш усули, зиддийлик, муаллифнинг ғоявий нуқтаи назари, дунёқараши, тафаккур доираси, маҳорати, асарни қайта-қайта ишлаш жараёни (нашриётлар шошириб турганида ҳам Жойс, шошилмай, асарларини тинмай ўзи таҳрир қилаверганини эслаймиз) ва бошқалар ёзувчи услуби табиатини белгилайди.Комилжон ЖЎРАЕВ, филология фанлари доктори, Андижон давлат университети фалсафа кафедраси профессори
Муҳайё АҲМЕДОВА, Андижон давлат университети инглиз тили ва адабиёти кафедраси ассистентиhttp://kh-davron.uz
Published on februari 2, 2013 · Filed under: Жаҳон адабиёти;
Охирги изоҳлар