-
Замонавий ҳангомалар
“Ойда-йилда бир бозор,
уни ҳам ёмғир бузар.”
Ҳалқ мақоли.ОДДИЙ ВОҚЕА ЁКИ “БЕЛИНГИЗНИ ҚИМИРЛАТИБ, КЎЗЛАРИМГА ТИКИЛИНГ”
Ўзбек кино ижодкорлари маҳсулоти – “Тоғлик куёв” бир неча йиллардан бери телеэкранларда қайта-қайта намойиш қилинган бўлсада, уни шу кунгача кўрмаган эканман. Яқинда фильм яна телеээкранларда пайдо бўлди. Тоғнинг куёвлари қанақа бўлар экан деб, ёнбошлаганимча иккала кўзимни телевизорга тикдим. Чунки каминаи камтарин ҳам тоғда ўсганларданмиз. Айрим урф-одатларимизда бошқа жойлардагидан бироз фарқимиз бўлмаса, бошқасининг бари рисоладагидек.
Кинода шаҳарда яшайдиган икки қадрдонлардан бири иккинчисиникига меҳмон бўлиб борганида уй эгасига шундай дейди: “бизда ўғил бор, сизда қиз бор экан, қуда-анда бўлсак, дўстлигимиз риштаси қариндошликка айланиб, муосабатимиз янада мустаҳкам бўларди” -деган гапни қилди. Бу гап мезбонга маъқул келиб, бўлғуси келинни кўришни ихтиёр этган меҳмоннинг талаби дарҳол қондирилди. Мезбон қизини чақирди. Сочларини жамалак қилиб олган бўлғуси келинга меҳмон,- деди:
-Қизим, сени келин қилмоқчиман, шунга нима дейсан?
Бўлғуси келин (эркароққа ўхшаб туюлди менга) “ии-е, би-е” дея уялган бўлдида, аниқ бир гап айтмай хонадан ўйноқлаб чиқиб кетди.
Қадрдонлар фарзандларимиз бир-бирлари билан учрашиб, танишсин деган хулосага келишди. Воқеа тоғли қишлоққа кўчди. Экранда икки елкасига йўғон таёқни кўндалангига қўйиб, 4-5 нафар болани ҳалганчиқ қилиб кўтариб келаётган алп қомат, мўйловли йигит намоён бўлди. Кейин невараси билан шаҳарга отланган буви пайдо бўлиб, улар катта йўл бўйлаб кетиб боришарди. Невара бошига катта тугун қўйиб олган. Шўх мусиқа янграйди. Буви бармоқларини қарсиллатиб ўйнаганича қўшиқ куйлаб юборди. Невара ҳам жим тургани йўқ. Бир қўли билан бошидаги тугунини маҳкам ушлаб, иккинчи қўлини юқорига тикка қилди. Аввал белидан пастини бироз қимирлатиб турди, сўнгра навбатни белидан юқорисига бериб, бувисига жўр бўлди. Бу манзарани кўриб ҳинд кинолари эсимга тушиб кетди.
Қўшик йўловчи автобус ичида ҳам давом этди. Бувининг қўшиқ айтаётгани автобус деразасидан кўриниб турарди. Буви билан набира ашула айтиб, рақсга тушиб шаҳари азимга ҳам етиб боришди. Ҳовли дарвозаси олдига келиб, овоз беришди.
-Ҳой, уйда ким бор?!
Ичкаридан пардоз-андози чала қолган хотин югуриб чиқди. Кела сола қайнонаси билан кўришиб, уларни ҳовлидаги чорпояга таклиф қилди. Қайнонаси билан қуюқ сўрашар экан, ғўддайиб турган неварага “яхшимисиз муллака” деб қўйди. Мен ўғлини танимаган хотиннинг бу қилиғидан бироз ҳайрон бўлиб, бошим қичимаса ҳам қашлаб қўйдим.
Ҳайтавур қайнона чидаб туролмади, “таниб қўй, бу сенинг ўғлинг бўлади, бир келиб кетсин деб хабар юборган экансизлар, мана келдик,” -деди. Хотин шошиб қолди, ҳовлиққанича “айланайин-ургилайин” қилиб ўғли билан кўришди. .Хотин дастурхон олиб келиш учун уйга кириб кетганида, невара бувисига, “эна қорним очди” деди.
Дастурхон ёзилди. Буви бутун бошли битта нонни икки буклаб, неварасига берди. Невара нонни косага (қаймоқ шеклли) ботириб оғзига тиқди. Шу пайт уй эгаси (бувининг ўғли) келиб қолди. Ўғил шаҳарча манзиратни роса жойига қўйди. Сўрига чиқа сола “онагинамлаб” онасини қучоқлаганича сўраша кетди. Она-боланинг сўрашиб бўлишини сабр-тоқат билан кутган хотин ўғли томонга ўгирилган эрига шоша-пиша деди:
-Дадаси, бу йигит ўғлимиз экан!
Бир зум серрайиб қолган ота яна дарров ўзини қўлга олди. Қулочини кенг ёзиб, ўғли томон қадам ташлади. Отанинг мулозаматларини келтириб ўтирмаймиз. Фақат, ўғлини танимай қоладиган ҳолатга келгунча қаерларда умргузаронлик қилиб юрган экан бу эр-хотинлар деган ўй ўтди кўнглимдан.
Ота-она, оқ яктаксифат кийимда келган ўғилни қаллиғи билан учрашувга тайёрлай бошлашди. Ота ўғлига, “келинга тоғда ўсганман, булоқ сувидан ичиб, тоғ чемпиони бўлганман дейсан,” -деган, гапларни ўргатди. Ота ҳам роса гавдали экан. Лекин боласи бу борада отасидан ошиб тушди. Сандиқдаги ҳали оҳори тўкилмаган яп-янги костюм-шим ўғлига кичиклик қилиб қолди. Дўконга бориб лойиғидан топса бўлади, аммо кино чўзилиб кетади-да. Чунки олдинда томошабинни қизиқтирадиган қанчадан-қанча саргузаштлар бўлиши мумкин ҳали. Қуда томонлар фарзандларига яхшилаб гап ўргатишганларидан кейин, хотин қудалар фарзандларини эргаштириб учрашувга йўл олишди.
Куёвнинг қўлида бир даста гул. Бўлажак келиннинг онаси қизи билан уларни кутишаяпти. Куёвнинг онаси ўғлига, “ ҳов анову қизга (Жамилага) гулни берасан,” -деди. Иккала қуда уларни ёлғиз қолдириб кетишди.
Экранда катта ҳовуз бўйида қурилган емакхона намоён бўлди. Стол атрофида келин ўтирибди. Калта костюм-шим кийган “куёв” музқаймоқ олиб келиш учун навбатда турибди. Шу пайт катта гулдаста кўтарган пакана бир йигит оқсоқланиб пайдо бўлди. Бошмолдоғига чипқон чиққан шекилли, товони билан юриб келарди. Йигит кела сола қизнинг рўпарасига чўкиб, мулозимат билан унга гул узатди. Шу пайтда ликопчада музқаймоқ кўтарган куёв пайдо бўлди. У бегона йигитга таажжуб билан қараб стулга ўтирди. Пакана йигит безбет чиқиб қолди. Ҳе йўқ –бе йўқ, куёвнинг олдидаги ликопчани олдига суриб, музқаймоқни тушира кетди. Ҳали ҳам ҳайрон бўлиб қараб турган куёвга, “музқаймоқ егинг келса бор ўзинга опке, ”- қабилида гап қилди.
Тоғлик куёвнинг орияти қўзғади. Жойидан шартта туриб пакананинг олдига бордида, уни улоқдек кўтариб олиб, коптокдек қилиб ҳовузга улоқтирди. Пакана ошиқ ҳам бўш келадиганлар хилидан эмас экан, ҳовуздан бир амаллаб чиқиб, сувга бўккан мушукдек товони билан юриб яна столга яқинлашди. Барча мижозлар ҳайрон. Пакана столга икки қадам қолганда тўхтади. Каратечиларга ўхшаб қўлларини мушт қилди, бошини у ёқ-бу ёққа қимирлатди, аммо “ия-я” деб бақиришга улгурмади. Тоқати тоқ бўлган куёв яна пакананинг ёнига бориб, уни даст кўтариб, ошхона олдидаги дарахт шохига кийимидан илиб қўйди.
Воқеа хонадонга кўчди. Қудалар ўтиришган хонадонга ўғил кириб, отасининг рўпарасига ўтириб, сув ичгим келаяпти деди. Ўғил отаси узатган идишдаги сувни бир ҳўплашда бўшатди. Оғзи очилиб қолган қизнинг отаси, “и-и-и, бунинг оғзи ғорми, нима бало”,- деди.
Куёв қизнинг ота-онасига ёқмайди. Бунинг устига куёв, “шаҳарлик қизларда шарму-ҳаё кам,” – деган гапни қилди. Куёвнинг ана шу гапи қизга ботди шекилли, қандай бўлмасин йигитнинг юрагидан жой олишни мақсад қилди. Ҳаракатини бадан тарбияга ўхшаш машғулотдан бошлади. Шўх мусиқа янграб, қиз мусиқага монанд ҳаракат қилиб, “белингизни қимирлатиб, кўзларимга тикилинг,”- деб, йигитни машғулотга чорлади.
Тоғлиқ куёвнинг ҳамияти қўзғади, иккала қўлини тепага кўтарди, белини билтанглатиб, қизга тақлид қилганича ўзини у ёққа – бу ёққа ташлаб, маком қила бошлади. Қиз қўшиқ куйлб юборди. Иккалаласи ҳовли бўйлаб зир югургилаб гоҳо рақсга, гоҳо бадан тарбияга ўхшаб кетадиган ҳаракатларни шиддат билан адо эта бошладилар.
Қиз боланинг жони қирқта бўлади деган гап тўғрига ўхшаб қолди. Чунки тоғда ўсган, булоқ сувидан қониб-қониб симирган “тоғ чемпиони”нинг ҳоли тобора танг бўлиб борарди. Шунда бир воқеа эсимга тушди. Уч ёшар боланинг ҳаракатларини такрорлашга жазм қилган профессор, бола ўтирса ўтиради, турса туради, ётса ётади, хуллас, у нима қилса шуни такрорлайди, аранг икки соатга чидаб, сўнгра ҳушидан кетади. Бўлғуси келин бу борада болакайдан ҳам ошиб тушди. Чунки келин чарчаш нималигини билмас, ҳаракатларини тинимсиз давом эттирар, алп қомат “куёвнинг эса тобора суроби тўғриланиб, охир-оқибатда бошига профессорнинг куни тушди, йўлакка бўй-басти билан чўзилиб ётиб қолди.
Ичкаридан чувуллашиб ота-оналари югуриб чиқишди. Воқеалар гирдобига шунақанги шунғиб кетган эканман шекилли, кутилмаганда лоп этиб ўчган светдан биров бошимга тўқмоқ билан туширгандай бўлди, эсим тескари бўлиб кетди. Светнинг тусатдан ўчиб қолгани руҳимга ёмон таъсир қилди. Бутун вужудим билан кинога берилиб кетганимнинг касофати эди бу.
Қаҳрамонларнинг тақдири нима бўлди экан, тўй бўлдимикин, чимилдиққа кирдимикин? –деб, ўйлайвериб томим кетиб қолди.
Озиб-ёзиб бир ўзбек киносини ҳам кўрай дегандим-а. Қайси канални очсам, корейс сериаллари билан ҳинд кинолари… Улардан яхши муомалани, овқат ейишни, оғзимизни қийшайтириб очиб-ёпишни, ўликка ҳам, тирикка ҳам ашулани ванг қилишни ўргандик. Свет яна ярим соатгина ўчмай турганида эди…****
ЭЙ, ШУ ИРИМ, ФОЛНОМА, БАШОРАТ ДЕГАНИНИНГ ОНАСИНИ…
Янги йил остонасидан ҳатлаб ўтгандан кейин
“кўнглимнинг кўчасидаги гаплар”2012 йилнинг 20 декабрида жияним Жонзоқ уйимга ташриф буюриб қолди. Зерикиб ўтирган эдим, дарров олдига “дўқ” этказиб, зормандани қўйдим. Жиян кунгабоқардек яшнаб, иккита пиёлага “шайтоннинг суви”ни қулқиллатиб қўйди-да, қани тоға бир қадаҳ сўзини айтиб юборингчи деб, илтимос қилди. Пиёлани қўлга олар эканман, виқор билан нутқ ирод қилдим:
-Қани жиян, шу қадаҳни қиёмат дегани учун кўтарарсак!
Бу гапимдан жияннинг ранги қув учиб кетди, юзи қийшайиб, довдираб қолди. Мен эса арақни симириб бўлиб, юзимни бужмайтирганича янада дабдабалироқ гап қилдим.
-Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, қани ич ароғингни.
Жияннинг қумдек бўлиб кетган лаблари ҳаракатга келди:
-Шунақа ҳам тилак тилайсизми, тоға?
Мен эса пинагимни бузмай бамайлихотир жавоб бердим:
-Жиян мен етмишдан ошдим, сен олтмишга бораяпсан. Айтчи, дунёга келиб нима ҳам кўрдик. Одамлар дунё кезиб юрибди, Болгариянинг қумлоқ соҳиллари-ю, Гавая оролларида ўзини офтобга тоблаб ётибдилар. Қўша-қўша уйлари, машиналари, ўйнашлари бор. Давлат мулкини сичқондек кемираётганлар уруғи тобора кўпаймоқда. Фоҳишалик касбга айланиб улгурди. Уларга қиёматдан бошқасининг бас келиши қийин-ов.
Жяннинг гезарган лаблари яна қимирлади:
-Қиёмат қойим бўлса сиз тирик қоламан деб, ўйлаяпсизми?
-Ундай деятганим йўқ. Фақат бир нарсага ҳайронман, нега Россия телеканаллари “21 дакабр – охирги замон” деб, тинмай жар солаяпти. Бошқа давлатларда ҳам шундай ҳодисалар юз бераётган бўлишлари мумкин. Шуниси қизиқки, ўзлари тирик қоладигандек, овозларининг тетик, бардам жаранглаганини айтмайсизми. Бу беъмани қиёмат тарғиботи инсонлар учун қанчага тушаркан ҳали.
Гапимиз бошқа қовушмади. Жиян жойидан турар экан, менинг совуқ гапимдан ранжигани юзидан сезилиб турарди. Мен эса жиянга яхши бор дейиш ўрнига антрактиданинг совуғидан ҳам ўтиб тушадиган гап қилдим.
-Бўпти, жиян! Бугун кечаси бўладиган қиёматдан эсон –омон ўтиб олайлик, кейин тоға-жиян каллани -каллага қўйиб яна бир бор отамлашамиз.
Жиянинг ичган бир қултум арағи заҳарга айланиб, елкасини қисганича қийшайиб жўнаб қолди. Ўзимча ҳазил тариқасида айган гапларим миямга урилиб, юрагимга ғулғула туша бошлади. Ростдан ҳам қиёмат қойим бўлиб қолса нима бўлади-я. Ахир, телеканаллар бу ҳақда бекорга вайсамаётган бўлсалар керак. Уларнинг оғзини ёпиб қўйишга қодир бўлган раҳбарларнинг мум тишлаб ўтиришгани бежиз эмасга ўхшайди. Демак, қиёмат бўлиши аниқ. Бутун умрим бўйи меҳнат қилдим, пешонамга битган яккаю-ягона бошпанам – уч хонали “Дом”им билан шу касофати қиёмат деб осмону-фалакка учиб кетсам эди ҳали. Мен ўзимни ўйлаганим йўқ, қиёмат қойими мени Марсга улоқтириб, қизил Сайёрага шалоплаб тушишга ҳам розиман. Аммо бола-чақа нима бўлади. Ёлғиз ўғлимни бир амаллаб зўрға уйлантирган эдим, худога шукур неварали бўлдим. Неварамни коинотнинг қайси бурчагидан излайман энди. Ишқилиб, оғзим ошга етганида, бурним қонаб қолмаса гўрга эди.
Соат миллари эса тунги 21 декабрь томонга чопқилоб, пириллаганича 21 декабрга ҳам ўтиб олди ва титраб-қақшаб олдинга интила бошлади. Соат милларининг қалтираётганига қараганда қиёматдан қўрқаяпди-ёв. Худо сақласин, бу қиёмат дегани немиснинг бомбасидан даҳшатли портлаб гаранг қилса керак ҳали.
Гапнинг уруғи қуриб кетгандек, кўнглимнинг кўчасига бирданига лоп этиб ўтган йилги ногиронлар кунидаги даҳмазалар келиб қолди. Ҳар йили 3 декабрда туманлардан келган ногиронларга Жиззах шаҳридаги муҳташам тўйхонлардан бирида, бир пиёла чой устида уларга байрам совғалари улашиларди. 2011 йилда бу тадбирлар туманларга юкланиб, шунда ҳам фақат 1-гуруҳга мансуб ногиронларга байрам қилиб бериш белгиланибди.
Ногиронлар куни арафасида Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Зарбдор туман бўлими раиси Пўлат Раҳматов газета дўкони дарчасидан катта калласини чиқариб, мени имлаб чақириб шундай деганди:
-Бу йил Сизни табриклаш Зарбдор туман Агробанк ОАЖга юкланган, совға зўр бўлади…
Совға –повға бўлмади, аммо ташвиш, ваъдабозлик зўр бўлди. Туман Агробанк ОАЖ бошқарувчиси туман ҳокимининг қарорини бажармади. Пўлат Раҳматов эса гоҳ телефонда, гоҳ катта калласи деразам олдида намоён бўлиб, қуюқ ваъдаларини 25 декабргача аччиқ ичакдек чўзди. Кейин билсак, ногиронлар жамияти раиси ҳокимиятга ўзининг иши учун бориб-келаётган экан.
2012 йилнинг 3 декабри арафасида Пўлат Раҳматовга ҳазиллашб қўнғироқ қилдим.
-Чўлоқлар, томи кетганлар калларнинг бу йилги байрами яна ўтган йилдагидек, “Ади-бади- ла-дай” бўладими?
Изоҳ: камина чўлоқларданмиз, раисимиз каллар тоифасидан.
Гўшакдан бардам овоз келди.
-Бу йил байрам зўр бўлади. Каттамиз, (Вилоят ногиронлар жамияти раисини кўзда тутаётган эди). вилоят ҳокимига шу масалада кирибди. Кеча йиғилишда шундай деди.
Шундай деган Пўлат Рахматов сувга тушган тошдек жимиб кетди. 3 дакабрь куни раисимизнинг қўл телефонига қўнғироқ қилган эдим, хотини овоз берди. Раисни сўраган эдим, “Жиззахга кетган,”- деди.
Яна ўтган йилгидек, “Ади-бади -ла-ла-лай,” бўлади-ёв деб ўйладим. Йўқ, ундай бўлмади. Елим халта кўтариб биттаси кириб келди.
-Раисимиз ўзи келмоқчи эди, йиғилишга чақириб қолишди,- деди у.
-Кўзимга иссиқ кўринаяпсан, светда ишлайсан шекилли.
Коммунал тўловларни вақтида тўлаб қўймаганлар кўзига ажалдек кўринадиган газ-свет назоратчилари бўлади. Улар лаънати телеканалларга ўхшаб вайсаб юришмайди, газ-светингизни шартта узишиб, хонадонингизда қиёматни қойим қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
-Мен маҳалла котибиман, исмим Илҳом. –Бу йил сизларни табриклаш маҳаллаларга юкланди.
Танидим. Бўстон шаҳарча сув тўплагич иншооти бошлиғи. Пирназарнинг укаси бўлади бу. Акаси жуда саховатли инсон-да. Шаҳарчанинг бир четидаги ҳовлиларда шу саховатли инсон туфайли тоза ичимлик суви фантон бўлиб отилиб ётган бўлса, шаҳарчанинг иккинчи четида пақирини кўтарганича Пирназарни қарғаб, сув излаб юрган одамларни учратиш мумкин.
Илҳомжон икки баклашка писта мойи. Тўтта кичкинагина кир совун, иккита қўл ювадиган восита олиб келибди.
“Текин кафан топилса ўлмоқ керак!” –деган буюк шиоримни баланд овозда ўртага ташладим:
-Ҳой, хотин, писта мойга дамланган ош бўлсин, о-о-ш-ш!
Шу пайт эшик очилиб, ваҳиманинг уяси, иккинчи қаватда яшайдиган қўшнимиз Ойниса пайдо бўлди. У юзини аянчли тарзда бужмайтириб, гап қотди:
-Ака, итингиз кечаси ув тортди.
-Ит бўлганидан кейин ув тортади, вовуллайди, подъездга келиб қолган бегоналарнинг сонидан бир парча этини узиб олади. Бу, Бобигимизнинг жонажон вазифаси киради.
-Ака, тушунмадингиз гапимга. Бобигингиз осмонга қараб улиди, бу ёмон аломат.
-Нимаси ёмон аломат? 21 декабрь куни қиёмат қойим дегани осмондан бошланишини билмайсанми ҳали. Исрофил сурнайини ўша томондан бобиллатиб келиши ҳақида Бобигимиз балки огоҳлантириш берган бўлиши мумкин-да.
Э-э, қиёматлаб жуда жонга тегдингиз-ку. Итингизинг улиши бошингизга бирон фалокат келади, деган гап.
Жон-поним чиқиб кетди. Дарҳол келинимни чақирдим.
-Ит ув тортса нима бўлади?
-Ёмон бўлади дейишади, яна билмадим.
Ойниса эса қўлини пахса қилиб, вайсай кетди.
-Итингиз ярим кечаси увуллаб юборди. Шаҳло иккаламиз отилиб подъездга чиқдик. Шаҳло, “Худога шукур-ей, менинг итим эмас экан,”- деб, уйига қайтиб кириб кетди. Мен эса дилдираб ташқарида анча турдим.
Улар билан битта подъездда яшаймиз. Икки қаватли уйнинг биринчи қаватида яшовчи Шаҳлонинг Қоравой деган қоп-қора ити бор. Қоравой Бобигимиз билан қадрдон жўра. Иккаласи подъездимизга келиб қолган бегоналарга биргалашиб ҳужум қилишади. Совуқ кунлари кичкина ҳовлимиздаги сўрида бирга қучоқлашиб ётади. Фақат улар овқат масаласида очкўзик қилишиб, итлигига боришади.
Таъбим хуфтон бўлиб кетди. Ҳовлига чиқа сола ҳассам билан Бобикнинг нақ белига туширдим. Бундай муомалани кутмаган Бобик мансабидан айрилган раҳбардай довдираганича кўзи мўлтираб менга бир қаради-да, қаёққадир қочиб қолди. Ош ҳам заҳар бўлди.
Энди ҳар куни эрталаб подъездга калламни чиқараман-да, Ойнисага бақираман:
-Ҳой, Ойнис, бугун Бобик увилламадими?
Подъезднинг иккинчи қаватидан овоз келади.
-Увилламади. Бобигингизга эс кирганга ўхшайди.
Ўртамиздаги диалог 21 декабргача давом этди.
21 декабрь куни саҳардан кейин “қиёмат қойим ана бошланади – мана бошланади,”- деб, ўйланавериб, ҳаром қотишимга сал қолди.
Лаънати қиёмат қойим бўлиш у ёқда турсин, ҳатто жиндек белги ҳам кўрсатмади.
Шу вақтгча жим турган ОАВлари, “отдан қолма байталим,” қабилида иш тутиб, ким ўзарига қиёматни ташқиқот қилганларга балчиқ чаплай бошлади.
Бу ҳақда “Даракчи” газетасида босилган катта таҳлилий мақолани ўқиб юрагим увишди. Қанча одам васвосга тушиб ўлиб кетибди. Яна қанчаси…
Хитойнинг саккизта провинциясида “21 декабри куни охирги замон бўлиши шубҳасиз” деган –миш-мишларни тарқатиш билан шуғулланган юздан зиёд киши қамоққа олинган.Улар Хитойда фаолият юритиши таъқиқланган –“Барчасига қодир Худо черкови” аъзолари бўлиб, улар варақалар, башоратлар битилган дисклар тарқатиб келишган.
“Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган” бу ахмоқхона таъкидлар инсониятга қанчалик руҳий зарба берди экан?
Худо яратган мукаррам зот –инсоннинг тафаккури билан яралган техникалар коинот қаърида кезиб юрибди, нигоҳи юлдузларга қадалган, қадами Ойга етди.
Шоир Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, инсон ўзини самога “юлдуз қилиб отган” бўлсада, аскар елкасидаги юлдузни ўрнидан қўзғатишга ожизлик қилди. Жаҳолат ботқоғига ботди, инсоф-диёнатдан, меҳр –муҳабатдан путур кетди. Бойлик кетидан қувиш одатий ҳолга айланди. Ўз вақтида буюк Фаранг башоратчиси Настрадамус, “Биз Худога қайтишимиз керак!”- деб, хитоб қилган эди.
Инсон тафаккури қанчалик кенг, билими нақадар юқори бўлмасин, табиат жумбоқлари, унинг сир-синоатлари олдида шунчалик нотавон ва ожиз эканлигини тан оладиган вақт келди. Худо зотидан сўз очган не-не файласуфлар азал сирларини билишга ақли ноқислик қилиб, охир-оқибатда алжираб-валжираб ҳаётдан кўз юмганларича ҳоки-туроб бўлдилар.
“Бир инсон кўнглини овласанг, Каъбани обод қилгандай бўласан, агар кўнглини вайрон қилсанг, Каъбани вайрон қилгандай бўласан,”-деган эди бир донишманд.
Барчамиз эртами-кечми яратган Эгамнинг ҳузурига равона бўламиз.
Ўлим – Худонинг берган буюк неъмати эканлигини, абадий ҳаётга қадам қўяр эканмиз, қилмишларимиз учун рўзи-Машҳарда ҳисоб-китоб борлигини унутмаслигимиз лозим, отингдан айланай, Инсон!Абулфайз БАРОТОВ.
www.yangidunyo.org
Published on februari 9, 2013 · Filed under: Ҳажвиялар;
Охирги изоҳлар