ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
« jan   mar »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  

  • Ёшлик наволари

    чарос-раъно-ва-шаҳло...Карим Баҳриев

    ЧАРОС, РАЪНО ВА ШАҲЛО

    Бу дунё шу экан – розим қоладир,
    Кўпим кетиб борар, озим қоладир.

    Бобом шароб ичиб, пиёла қўйган
    Токчада мунғайиб созим қоладир.

    Вақт отлиғ бешафқат юлиб кетажак –
    На кибр, на қадди ғозим қоладир?!

    Ҳар тулки қошида турланганим йўқ,
    Этим қолмаса ҳам, юзим қоладир.

    Бу бўз кўйлагимни эгнимдан ечдим,
    Эрта мени ечиб, бўзим қоладир.

    Қалбимга етмади васлимга етган,
    Дилимда тахланиб сўзим қоладир.

    Юрагим ёнадир. Кетар нурларим.
    Ёшлар оқиб тугар… Кўзим қоладир.

    Тизимда чўкмадим ҳеч бандага тиз,
    Товонимда босган изим қоладир.

    Изимда ўт унар… Балким, мен оққан –
    Ариқлар сувида тузим қоладир.

    Агар мендан ҳеч не қолмаганда ҳам,
    Шу учта хаёлчан қизим қоладир…
    2003


    ЧАРОСНИНГ ҚЎЛИДА ЎЙИНЧОҚ КЎРИБ…

    Қизим, чарос кўзларинг ҳайрон,
    Термуласан ўйинчоқларга –
    Гарчанд чиқди забонинг бийрон,
    Лол боқасан қўғирчоқларга.

    Мана – “бешик”, буниси – “қарға”,
    Улари – “от”, “машина”, “жайрон”.
    Болаларга ўйинчоқлар ҳам –
    Жаҳон ичра бир мўъжаз жаҳон.

    Болам, бугун томошагоҳда
    Яшамоқни машқ айлагин, бас –
    Тепмас ҳали бу “ёғоч от”лар,
    Қўғирчоқлар қувликни билмас.

    Ҳали ҳаёт синовлари бор,
    Ўрган чидаб, туриб, йиқилиб…
    Ўрган, токим улғайсанг, дунё –
    Ўйнатмасин ўйинчоқ қилиб.
    1995

    РАЪНО

    1.

    Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор…
    Қоғозларни тешган мунглиғ уним бор,
    Йўлларда тўкилган синиқ кунларим,
    Ялмоғиз ғорида ўтар туним бор –
    Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!

    Онам кетган эди… Сенга суяндим.
    Ўлиб ётган эдим. Севиб уйғондим.
    Юрагимдан бошқа ҳаммадан тондим –
    Дилимда сен дея ёнган хуним бор,
    Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!

    Гарчанд тўкилса ҳам хазон – шалдироқ,
    Оний чечакларда – азалий титроқ.
    Борми жаҳон аро мендан ғамгинроқ –
    На кечам, на эртам, на бугуним бор…
    Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!

    Гуллари очилиб ҳам сўлиб ётган,
    Одамлар туғилиб ҳам ўлиб ётган,
    Ҳаттоки тоғлари емрилаётган –
    Дунёда илиниб турган жоним бор.
    Раъно, сендан бошқа менинг кимим бор?!

    2.

    Қизим, сен ҳадемай учга тўласан,
    Йиғлайсан – ёшингда кипригинг сузган,
    Куласан, дунёни очиб куласан…
    Бир четда ненидир чизганинг чизган.

    Қачон қўлларингга тушди ранг, қоғоз –
    Ёзувинг гоҳ ҳарфга кетади ўхшаб,
    Бир қушча сингари қилади парвоз,
    Бир илон сингари буралар, қақшаб.

    Ҳали кўзларингда барқ урар ишонч,
    Ҳали нигоҳингда олам – фақат боғ.
    Кун келар қайғуга қоришар қувонч,
    Хазонга айланар яшнаган япроқ.

    Минг турда товланар фикр ва хаёл,
    Дилдан жой талашар армон ва ҳасрат.
    Болам, ёзувингни тўхтат, қўя қол…
    Ўзингни асра.

    Отанг ёзар эди… Жон талошида,
    Ўттизга кирмасдан сочлари оппоқ.
    Қизим, ёзувингни қўя қол энди,
    Ўйна, қизалоқ.

    Кун келар… Англарсан элни ва дилни,
    Қалбингда қадимий ўчга тўласан.
    Ҳозирча ёзмагин – ўйнагин, кулгин…
    Қизим, сен ҳадемай учга тўласан.

    3.

    Раъно, Раъно, жуда гўзалсан,
    жуда ёшсан, қўрқаман, Раъно.
    Секин келдинг-у сокин ҳаётим
    бўлди пурмаъно.

    Бу дунёнинг тарихи қадим,
    дунё – кўҳна, сен гулсавсан.
    Дунё – дағал, сен – жуда инжа,
    кўз ёшимдай тиниқсан, софсан.

    Кўзинг – сеҳр, кипригинг ўқдир,
    овозингдан эриб оққанлар –
    гул олиб, пул олиб чопганлар
    ниятидан хабаринг йўқдир.

    Олам – гулзор, ҳам олам – саҳро,
    осон эмас яшамоқ, Раъно.
    Боғда қайчи ушлаб кезарлар
    ва энг гўзал гулни узарлар.

    Одамзодда кўпдир жумбоқлар,
    оҳуларни излар ва отар.
    Тўрт томонда изғийди зоғлар,
    сайроқилар қафасда ётар.

    Гўзалликка қийиндир аслан,
    мен қошингда ёшдай қалқаман.
    Раъно, Раъно, жуда гўзалсан,
    жуда ёшсан, Раъно, қўрқаман…

    1994-2003


    КУЗ СЕЗИМЛАРИ

    Дунё, дунё – кўҳна тегирмон,
    ун каби элайди ҳар биримизни.
    Нафасимиз – азон, танимиз – ларзон,
    ёвшангуллар эзар изларимизни.

    Рақсга тушади инжа япроқлар,
    ададсиз самога кўзимни тикдим.
    Нафармон майсалар титраган чоғлар
    осмонга талпиндим. Куйдим… Кўникдим.

    Соҳир нигоҳларнинг милтироқ чўғин
    еллардан авайлаб, кўмиб ташладим.
    Валийлар фикратин кўнгилга тугиб,
    дарвишлардай сокин яшай бошладим.

    Сокинлик истадим. Хаёлим – ҳамроҳ.
    Ерларга эгилдим. Кўклардан қўрқдим.
    Ва лекин ҳовуздан термуларди моҳ,
    ариқларда осмон аксини кўрдим.

    Яшил олам оқди нигоҳга ногоҳ,
    ширин ифорлардан тирилдим чоғи.
    Ақиқ товушлардан қулоғим – уйғоқ,
    йилт этиб қошимга тушди бир сочим.

    Лабимни ютоқиб босдим шохларга,
    илдизларни силаб ўсди бармоғим.
    Кўнглим, кўнглим энди тенгдир тоғларга,
    керак яшамоғим, севмоқ, кўрмоғим…
    2002

    ШАККОКЛИК

    Чилвир сочларингни қўлим топади,
    Лабингни қонталаш тилим топади.

    Севгилим, оёғим толди ахтариб,
    Энди изларингни йўлим топади.

    Сен бировга зорсан, мен ҳам – сенга зор,
    Кўзларим топмаса, дилим топади.

    Ҳамма бир-бирини ахтарар – топмас,
    Ҳаммамизни бир-бир… Ўлим топади.

    1992

    ЧЎЛПОН ДАРДИ

    Сен «Ватан» деб туриб овқат ютарсан,
    Мен ютарман қон.
    Тамаки чекарсан “Элим” деб сўзлаб,
    Мен чекдим афғон.
    Сен “Халқим” деб тошиб
    Осмонга учдинг,
    Мен ерга тушдим.
    Сен “Юртим” деганда рақсга тушдинг,
    Мен терга тушдим.
    “Комил Ватаним” деб мақтайсан тинмай,
    Безайсан либос.
    Туркистонни комил кўрайин дея
    Сўзлайвердим рост.
    Сен «Ватаним» дея яшардинг шодмон,
    Кўзимда — ёшим.
    Сенинг кўкрагингга қадашди нишон,
    Менинг кўкрагимда эса…
    Қўрғошин.
    1987

    ЎЛИМ

    Хавфли мавзу

    Очилади гуллар… Сўлади.
    Сувлар тиниб адо бўлади.
    Бир кун инграб туғилган одам
    Бирор кеча сассиз ўлади.

    Ҳамма билар – аниқ келадир!
    Ҳеч ким билмас – келадир қачон?
    Одамзодга олам тўладир –
    Эртагача ким қолар омон?!

    Ҳамма унинг қошида тенгдир,
    Ҳамма ожиз келганда очқин.
    Бемор узра минг киши йиғлар –
    Ўлолмайди ўрнига ҳеч ким.

    Қарамайди пулинг, молингга,
    Даргоҳида тенгдир ҳар бир жон.
    Бу дунёда шудир – адолат,
    Ҳақиқат шу, қолгани – ёлғон!

    Гапирмайди биров бу ҳақда,
    Гарчанд ҳеч ким қутулиб қолмас.
    Тирик айтмас – ўлиб кўрмаган,
    Ўлган билар – аммо айтолмас…

    2002


    ОДАМ

    Бўғиламан, дунёда борми –
    Бўғилмаган одам,
    Дарду ғамдан сувдай тўкилиб,
    Ёғилмаган одам?!

    Бойи улкан уйда ториқар,
    Гадо саҳро кезиб зўриқар.
    Шоир кенг дунёда зерикар.
    Борми бир юраги ситилиб,
    Соғилмаган одам?!

    Дилим, оғриқ хаёлдан чекин,
    Аллоҳ раҳмин тилагин ичкин.
    Кетарсан, ҳамма кетар бир кун,
    Фақат ўлмаслиги мумкин –
    Туғилмаган одам…

    1996

    КУТМОҚ…

    Ё Аллоҳ, ҳар нега ўзингсан қодир,
    Менинг қисматим шу – кутмоқдир мудом.
    Кутаман – нимадир бўгуси содир,
    Кутаман – келгуси илоҳий пайғом.

    Тоғларнинг пойидан ўтдим ҳалиқиб,
    Дарёлар бўйидан шошиб ўтаман.
    Кутаман – келиши керак аллаким,
    Изиллаб ненидир мудом кутаман.

    Ё Аллоҳ, шу ернинг, шу бир кўчанинг,
    Шу овлоқ ерида турибман ғариб:
    Ненидир кутаман – сўздан ҳам азиз,
    Ненидир кутаман жондан ҳам ширин.

    Ненидир кутаман изиллаб, изчил,
    Кутаман хокисор, нигорон, абгор…
    Саҳро сув кутгандай ташна, қонбағир,
    Ошиқ ёр кутгандай қақшаб, интизор.

    Бу кутмоқ ёндирар, жондан тўйдирар,
    Қибла томонларга юзни тутаман:
    Агар айтиб қўйсанг – тилни куйдирар,
    Айтмасанг – дил куяр Сўзни кутаман.

    Кутаман – келмагай, излайман – топмай,
    Осмонга чўзилган шу озғин қўлим.
    Аллоҳ, жамолингни жонда топсайдим,
    Токим мени бунда топмасдан Ўлим…
    1998

    Карим БАҲРИЕВ

    www.karimbahriev.com

    Published on februari 15, 2013 · Filed under: Шеърлар;
    Kommentarer inaktiverade för Ёшлик наволари

Comments are closed.