ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
« jan   mar »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  

  • Саиджаҳон Равоний: АРУЗНИ МУСТАҚИЛ ЎРГАНАМИЗ

    saidjahon ravoniyАруз вазнини ўрганишнинг энг осон усулларидан бири, ёпиқ ҳижоларни ва васл бўлмас ёпиқ ҳижоларни яхлит санашдир.

    Эслатаман: масалан, “мустақил” сўзида “мус” ва “қил” ҳижолар ёпиқ ҳижолар, “та” очиқ ҳижо. Агар, “мустақил халқ”, деб ёзилган бўлса, “мустақил” сўздаги ҳижолар ўзгармайди. Агар, “мустақил ахоли”, деб ёзилган бўлса, “мус-та-қи- ла-хо-ли”, деб ўқилиб, “кил” ҳижо ўзидан кейин келувчи “а” ҳарфига васл бўлиб, очиқ “қи” ҳижога айланниши мумкин.

    Демак, ёпиқ ва васл бўлмас ёпиқ ҳижоларни санаб, арузни ўрганамиз. Бу усул билан биз, бир йўла, арузда ёзилган, ёки арузда ёзилиши керак шеърий асарларни, техник жихатдан, тахлил қилишни ҳам ўрганиб оламиз.

    Ўрганиш учун Алишер Навоийнинг “келмади” радифли ғазали ва ўзбек адабий нашриётининг эталони ҳисобланмиш – “Шарқ юлдузи” журналининг 2011 йил 2 сонида чиққан Жўра Маҳзунийнинг бир ғазалини оламиз.

    Усулимиздан фойдаланиш учун, қилиш керак иш шундан иборат-ки, аввал ғазални тўла ёзиб, сўнг барча мисраларда ёпиқ ва васл бўлмас ёпиқ ҳижоларни санаб, рақамлаб чиқамиз. Санашда, очиқ ва васл бўлувчи ҳижолар ҳам саналади, лекин улар рақамланмайди:

    ***

    АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ғазали:

    Кеча келгумдур дебон ул сарвви гулрў келмади,
    Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

    Лаҳза-лаҳза чиқтиму, чектим йўлида интизор,
    Келди жон оғзимғаю ул шўхи бадҳу келмади.

    Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
    Рўзигоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

    Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
    Кимса бормуким они кўрганда кулгу келмади.

    Кўзларингдин неча су келгай деб, ўлтирманг мени,
    Ким бори қон эрди келган, бу кеча су келмади.

    Толиби содиқ топилмас йўқса ким қўйди қадам,
    Йўлға ким аввал қадам маъшуқи ўтру келмади.

    Эй Навоий бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
    Не учунким, бода келган уйга қойғу келмади.
    ***
    Энди бу ғазални ҳижоларга бўлиб, куйидагича рақамлаб чиқамиз:

    3 4 5 7 8 9 11 13
    Ке-ча кел-гум-дур де-бон ул сар-ви гул-рў кел-ма-ди,
    1 3 7 8 9 11 13
    Кўз-ла-рим-га ке-ча тонг от-қун-ча уй-қу кел-ма-ди.
    1 3 4 7 8 13 15
    Лаҳ-за – лаҳ-за чиқ-ти-му, чек-тим йў-ли-да ин-ти-зор,
    1 3 4 5 8 11 13
    Кел-ди жон оғ-зим-ға-ю ул шў-хи бад-ҳу кел-ма-ди.
    4 5 7 8 9 11 13 15
    О-ра-зи-дек ой-дин эр-кан-да гар эт-ти эҳ-ти-ёт,
    4 5 7 8 11 13
    Рў-зи-гор-им-дек ҳам ўл-ғон-да қа-рон-ғу кел-ма-ди.
    1 4 5 7 8 9 11 15
    Ул па-ри-ваш ҳаж-ри-дин-ким йиғ-ла-дим де-во-на-вор,
    1 3 5 8 9 11 13
    Ким-са бор-му-ким о-ни кўр-ган-да кул-гу кел-ма-ди.
    1 3 4 8 9 11 12 13
    Кўз-ла-ринг-дин не-ча су кел-гай деб, ўл-тир-манг ме-ни,
    1 5 7 8 13
    Ким бо-ри қон эр-ди кел-ган, бу ке-ча су кел-ма-ди.
    5 7 8 9 11 12 15
    То-ли-би со-диқ то-пил-мас йўқ-са ким қўй-ди қа-дам,
    1 3 5 7 8 11 13
    Йўл-ға ким ав-вал қа-дам маъ-шу-қи ўт-ру кел-ма-ди.
    1 4 7 9 11 12 13 15
    Эй На-во-ий бо-да бир-ла хур-рам эт кўнг-лунг у-йин,
    3 4 7 8 9 11 13
    Не у-чун-ким, бо-да кел-ган уй-га қой-ғу кел-ма-ди.
    ***
    Кўриб турибмиз-ки, бирорта мисрада ҳам 2, 6, 10 ва 14 рақамлар йўқ. Яъни, шу ҳижолар очиқ, ёки васл бўлиб очиқ ҳижога айланган ҳижолар. Мисраларнинг шартли тизими куйидагича бўлиб:

    – V – – – V – – – V – – – V –

    Рукнлари куйидагича бўлиб:

    фоилотун фоилотун фоилотун фоилун

    Рукнларга бўлиниши куйидагича бўлиб:

    Кечакелгум / дурдебонул / сарвигулрўк / елмади,

    Кесилиши ва васл бўлиши куйидагича бўлади:

    Кеч А кел гум дур ДЕ бон ул сар ВИ гул рўк ел МА ди,
    ***
    Энди, иккинчи ғазалга ўтамиз (албатта, биз буни ўрганиш учун олдик, танқид қилиш учун эмас):

    ЖЎРА МАҲЗУНИЙ ғазали

    Қўшиб нозингга ишқингни, эй кўрсат жамолингни,
    Сарви гулларга монанди, эй қадди ниҳолингни.

    Истарман тоза чаманни жилваси сарв сумандек,
    Қайси бир порлаган юлдуз банд этмиш хаёлингни.

    Сухбатинг нози бор гўё шарм, ҳаё, одобингда,
    Сенга муносибдир иқбол, кўрмайин заволингни.

    Гул ҳусн бермиш ажаб ошиқлар орзу қилгандек,
    Кибрсиз меҳрингни кўрсат, мен тилайман қамолингни.

    Олам аҳли йиғлар, гул юзингда ғам кўрса агар,
    Қиров қўнгай юзингга, сочма чашми зилолингни.

    Олур андоза шодликлар сенинг гулчеҳрангдан ёр,
    Умрим авжида боқарман, тополмай мисолингни.

    Висолига етарман, деб, сабрли бўл Махзуний,
    Тилдан қўйма: “Сабр таги олтин” дер мақолингни.
    ***
    Энди, бу ғазални ҳам, аввалгидек, ёпиқ ва васл бўлмас ҳижоларини рақамлаб чиқамиз:

    2 4 6 7 9 10 11 14
    Қў-шиб но-зинг-га иш-қинг-ни, эй кўр-сат жа-мо-линг-ни,
    1 3 4 7 9 10 14
    Сар-ви гул-лар-га мо-нан-ди, эй қад-ди ни-ҳо-линг-ни.

    1 2 3 7 9 12 14 15
    Ис-тар-ман то-за ча-ман-ни жил-ва-си сар-в су-ман-дек,
    1 3 4 6 7 8 9 10 11 14
    Қай-си бир пор-ла-ган юл-дуз бан-д эт-миш ха-ё-линг-ни.
    1 3 6 9 14
    Сух-ба-тинг но-зи бор гў-ё шар-м, ҳа-ё, о-до-бинг-да,
    5 7 8 9 11 14
    Се-нга му-но-сиб-дир иқ-бол, кўр-ма-йин за-во-линг-ни.
    1 2 4 9 11 13 14 15
    Гул ҳус-н бер-миш а-жаб о-шиқ-лар ор-зу қил-ган-дек,
    1 3 4 5 7 8 9 11 12 15 (1 ҳижо ортиқча)
    Киб-р-сиз меҳ-ринг-ни кўр-сат, мен ти-лай-ман қа-мо-линг-ни.

    О-лам аҳ-ли йиғ-лар, гул ю-зинг-да ғам кўр-са а-гар,
    2 3 4 6 8 10 14
    Қи-ров қўн-гай ю-зинг-га, соч-ма чаш-ми зи-ло-линг-ни.
    3 6 7 8 10 11 12 13 14 15
    О-лур ан-до-за шод-лик-лар се-нинг гул-чеҳ-ранг-дан ёр,
    1 2 3 7 8 10 11 14
    Ум-рим ав-жи-да бо-қар-ман, то-пол-май ми-со-линг-ни.
    6 7 8 9 12 13 15
    Ви-со-ли-га е-тар-ман, деб, саб-р-ли бўл Мах-зу-ний,
    1 2 3 5 9 10 11 14
    Тил-дан қўй-ма: “Саб-р та-ги ол-тин” дер ма-қо-линг-ни.
    ***
    Кўриб турибмиз-ки, мисраларда 1-дан 15-гача ёпиқ ҳижолар мавжуд. Яъни, ҳеч қандай рукн(устун)лар йўқ, ва дадил айтишимиз мумкин, бу ғазал арузда ҳам, туроқда ҳам ёзилмаган. Бу шеъриятнинг иккала вазн тизимларининг бузилиши. Биз ғазал муаллифига ҳурмат сақлаган ҳолда, “Шарқ Юлдузи” тахририяти ҳам мумтоз шеъриятимзинг асоси бўлмиш – аруздан бехабарликларидан, афсусланамиз.

    Асли, бу ғазалнинг ҳижоларини 7-чи мисрадаёқ санашни тўхтатсак ҳам бўларди. Чунки, 1-да 15-гача ёпиқ ҳижолар аниқланган эди. Лекин биринчи марта қўрсатилишда, яхшироқ тушуниб олишларимиз учун, охиригача санадик. Кейинги, мустақил ўрганишларингизда, охиригача санаш шарт эмас.

    ***

    Ҳурмат ила, С.Равоний

    www.yangidunyo.org

    Published on februari 24, 2013 · Filed under: Тадқиқот;
    1 Comment

One Response to “Саиджаҳон Равоний: АРУЗНИ МУСТАҚИЛ ЎРГАНАМИЗ”

  1. Эмайлимга бир хат келиб, муаллиф Навоийнинг 6-чи ва 13-чи мисраларида, 6-чи ва 10-чи ҳижолар ёпиқ турибди-ку, деб ёзибди. Тўғри, ”… ҳам ўлғонда…” ва ”… хуррам эт…” ёзилса-да, булар, ”… ҳа – мўлғонда…” ва ”… хур- ра – мэт…”, деб ўқилади.
    С.Р.