ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
« jan   mar »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  

  • Ўш қирғини: тарих ва сабоқлар

    osh uzbek1990 -2010 йилларда Қирғизистонда бўлиб ўтган мудҳиш воқеалар инсоният тарихидаги энг қора кунлар ўлароқ ҳеч кимнинг хотирасидан ўчмаса керак. Йигирма йил ичида қирғиз газандалари томонидан икки марта қирғинга дучор бўлган маҳаллий ўзбеклар бу фожеаларни қандай эслашади? Қирғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва даҳшатли оқибатлари ҳақида биз Қирғизистонлик мустақил журналист Мухтор Алиев билан суҳбатлашдик.

    Юсуф Расул: -Биринчи қирғин амалга оширилган 90 йилда ахборот олиш имкониятлари чеклангани боис, бу даҳшатли воқеа ҳақидаги маълумотлардан дунё ҳамжамияти деярли хабарсиз қолганди. Орадан йигирма йил ўтиб такрорланган кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликлар миллионлаб инсонларни даҳшатга солди. Тириклайин ёқилган, сўйилган, майдаланган инсон таналари, қоринлари ёриб ташланган ҳомиладор аёллар, ҳали туғилмасдан тиғга санчилиб, улоқтирилган, таҳқирланган чақалоқлар… Оммавий Ахборот Воситалари, интернет орқали тарқатилган бу каби манзараларни шунчаки кузатиш, томоша қилиш жуда оғир эди. Ёдимда бор, қирғиз фашистлари томонидан тириклайин ёқиб юборилган икки ўзбек йигити ҳаётининг сўнгги онлари акс этган видео лавҳани ”Янги Дунё” саҳифаси орқали эълон қилганимда, кўплаб кишилар ўкинч билан менга хат ёзиб, уларни олиб ташлашни илтимос қилишган эди. Бу лавҳаларни кўришнинг ўзи осон эмас эди…

    Йигирма йил орасида уюштирилган икки қирғин маҳаллий ўзбеклар турмуш тарзига, маънавий ҳаётига қандай из қолдириб улгурди? Бундан кейин миллатдошларимиз ўзларини руҳан қайта тиклаб оладиларми?

    Мухтор Алиев: -Аввало, Қирғизистонда бўлиб ўтган 1990 ва 2010 йилги қирғинларнинг моҳияти, келиб чиқиш сабаблари ҳақида фикр юритилса, мақсадга мувофиқ бўлса керак. 1990 йилдаги ўзбеклар қирғини бу Советлар мамлакатини парчалаб ташлаш учун ҳаракат қилган катта сиёсий кучлар томонидан ташкиллаштирилган. 2010 йилдаги қирғин эса Марказий Осиёда ўзининг мавқеини мустаҳкамлашни режалаштирган Россия томонидан уюштирилди ва Қирғизистонда Муваққат ҳукумат, деб номланган Р. Отунбаева ҳамда А. Атамбаев бошлиқ жиноий тўда раҳбарлигида миллатчи- фашистлар томонидан амалга оширилди. Ҳар иккала қирғинда ҳам ўз манфаатларини кўзлаган бир гуруҳ амалдорлар асосий роль ўйнаганлар. Улар оддий халқдан қурол сифатида фойдаланганлиги турли ташкилотлар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида бутун дунё ҳамжамиятига аён бўлди. Бугунги кунда Қирғизистонда совет давридаги бошқарувни қўмсаган бир гуруҳ сиёсатчилар билан миллатчиликни ўзларига байроқ қилиб олиб, жоҳил омманинг кўр-кўрона мададига суянган ва ўзларини сиёсатчи, деб ҳисоблаган “янги қирғиз”лар ўртасида аёвсиз кураш кетмоқда.

    Ўш ва Ўзганда бўлиб ўтган 1990 йилдаги қирғин, аслида, фитна бўлса ҳам, миллий низо сифатида баҳоланган ва унинг ҳақиқий айбдорлари СССР тарқаб кетганлиги сабабли жазоланмаган. Ана шунинг учун ҳам фитна давомининг бўлиши мумкинлиги ўзбекларни доимо хавотирга солиб турган. 2010 йилдаги ўзбеклар қирғинини уюштиришга қатнашганлар орасида 1990 йилдаги Ўш ва Ўзган воқеаларини уюштирганларнинг борлиги фикримизнинг далилидир.

    Мустақилликнинг илк йилларида қирғизистонлик ўзбекларга ҳам Конституция асосида тенг ҳуқуқлик ҳаракатдаги ҳокимият томонидан таъминланди, десак хато бўлмайди. “Туркистон – умумий уйимиз” шиори остида туркий халқларнинг ҳамжиҳатлигини таъминлашга бўлган ҳаракат қирғизистонлик ўзбеклар ҳаётига ижобий таъсир қилди. Ҳокимиятнинг бу йўналишдаги сиёсати 2000 йилгача давом этди. Бу даврда ўзбек жамоатчилигида ҳам иқтисодий жиҳатдан бир қадар ривожланиш юз берди. Нафақат Қирғизистонда, балки бутун Марказий Осиёда кўзга кўринган ўзбек тадбиркорлари пайдо бўлди. Ижтимоий ҳаётда эса бир қанча янги ўзбек арбоблар етишиб чиқди. Ўшда Ўзбек-қирғиз университети, Жалолободда О. Ботиров номли Халқлар дўстлиги университети очилди ва бу университетларда ўзбек ёшларининг билим олиши учун шароитлар яратилди. Ўзбек-қирғиз университети қошида ўзбек мактаблари учун дарсликлар тайёрлаш маркази уюштирилди ва бу ташкилот саъй-ҳаракати билан ўнлаб дарсликлар яратилди. Наврўз байрамларини ўтказишда бир қатор ишлар қилинди.

    Қирғизистонлик ўзбекларнинг урф-одатларини сақлаш ва тилини ривожлантириш учун ҳар йили фестиваллар, конкурслар ташкил қилинди. Ўзбек тилида “Ўш садоси” ва “Жалолобод тонги” каби ҳокимият уюштирган газеталардан ташқари “Мезон”, “Ахборот”, “Ёғду”(Бу газета кейинчалик “Дийдор” номини олди.) каби газеталар мунтазам нашр қилинди. “ЎшТВ” ва “МезонТВ” каби шахсий телевидениелар ташкил қилинди ва улар ўзбеклар учун кўрсатувлар олиб борди. Ўшдаги З. М. Бобур номли ўзбек театри мунтазам иш олиб борди. Шунингдек, 2009 йилнинг июль ойида Жалолободда режиссер Набижон Сабр бошчилигида ўзбек театри ташкил қилинди. Унинг биринчи спектакли 2009 йил октябрь ойида Барпи номли область театрида қўйилди.

    2000 йилдан бошлаб ҳокимиятда ўзбекларга нисбатан муносабат ўзгарганлигини кузатиш мумкин. Шу вақтдан бошлаб, ҳокимият идораларидаги ҳамда ишлаб чиқариш корхоналаридаги ўзбек кадрлар аста-секинлик билан сиқувга олина бошланди. Жогорку Кенешга ўзбек депутатлар камроқ ўтиши учун сайлов округлари сунъий равишда ўзгартирилди. Ўзбеклар яшайдиган аҳоли пунктлари турли округларга бўлиб ташланганлиги оқибатида бир қишлоқ аҳли турли депутатликка номзодларга овоз берадиган бўлди. Умуман олганда, ҳокимият ўзбекларни давлатнинг сиёсий ишларига аралаштирмаслик учун бутун имкониятларни ишга солди. Ўзбек мактаблари учун ўқув дастурлари, дарсликлар Таълим ва фан вазирлиги томонидан назоратга олинмай қўйди. Ўзбек тилини ривожланишига тўсиқ қўйила бошлади. Ўзбек мактабларини қирғизлаштириш сиёсати кун тартибига чиқди. Ер ислоҳоти ҳам пала партиш ўтказилди. Ислоҳот натижасида одамлар турли ер майдонларига эга бўлишди. Айниқса, ўзбеклар ер улушини оз олдилар. Сабаби, улар яшаган жойлардаги колхозларнинг экин майдонларига нисбатан аҳоли кўп эди. Натижада, ўзбекларга қирғизларга нисбатан 10 бараваргача кам ер улуши тегди.

    Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларидаги ўзбек кадрлар ҳеч қандай сабабсиз бошқа ишларга ўтказилди ёки ҳайдаб юборилди. Титулли миллатни биринчи даражали қилиб кўрсатиш давлат сиёсатига айлантирилди. Оқибатда, қирғизлардан бошқа миллат вакиллари, жумладан, ўзбекларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳар қадамда оёқ ости бўлиши фактлари одат тусига кирди.
    Юқоридаги ҳолатлар ўзбек жамоатчилигида турли хил фикрлар ва қарашларни юзага келтирди. Бир гуруҳ ўзбеклар бу ҳолатлар билан келишиш йўлини тутди. Ҳатто улар бу ҳолатлардан фойдаланишга интилдилар. Бир гуруҳ ўзбек билармонлари эса ўзларининг тутган мавқеларидан фойдаланиб, ҳаракатдаги ҳокимиятга сидқидилдан хизмат қилган ҳолда ўз бизнесларини ривожлантиришга ўтиб кетдилар. Улар учун миллат тақдири ҳеч қандай аҳамият касб этмади. Аксинча, титулли миллат вакили билан ўзбеклар ўртасида ўртамчилик қилиш соҳасини яратдилар. Шу йўл билан қирғиз амалдорларини порага ўргатишди, ўзбекларнинг пули эвазига уларнинг бойишига йўл очди. Миллат тақдири учун қайғурган ўзбеклар эса ҳаётнинг бу найрангларга тўла гирдоби ичида кўзга кўринмай қолди. Улар, ҳатто ўзбек миллатининг айрим “ ясама арбоб”лари томонидан ҳаракатдаги ҳокимият вакилларига рақиб сифатида кўрсатилди.

    Қирғизистонда яшаётган қирғизлар ва ўзбеклар икки қирғин орасида мамлакатдаги сиёсий вазиятни яхшилашнинг энг тўғри омили бўлган миллатлараро дўстликни бой бердилар.

    Ю.Р.:-Шу йиллар давомида сиз айтганингиздек, Қирғизистонда ўзбек тилидаги кўплаб газета ва журналлар, радио ва телевидениялар фаолият кўрсатиб келди. Ўзбек миллий маданият марказлари ташкил этилди. Бу матбуот нашрлари ёки маданият марказлари ўз мақсад ҳамда вазифаларини қай даражада амалга ошира олдилар деб ўйлайсиз?

    М.А.:-Аввало, ўзбек миллий-маданий марказлари нима учун тузилган эди ва у ўз олдига қўйган мақсадини амалга ошира олдими, деган саволларга жавоб бериш керакка ўхшайди.

    1990 йилдан кейин тузилган Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий марказлари республикада яшаётган ўзбекларнинг маданияти, тили, урф одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу билан бирга миллий-маданий марказ демократик жамиятда ўзбекларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашдек мураккаб вазифани амалга ошириш зарур эди.

    Таҳлиллар шуни кўрсатадики, совет даврида олиб борилган коммунистик партия сиёсати қирғизистонлик ўзбеклар табиатида “Ўзингни бил, ўзгани қўй” қабилидаги характерни тўла шакллантирган. Улар қачон ўзининг бошига иш тушсагина, ўзига паноҳ излайди. Унгача фақат ўзи ва оиласининг тинчлигини ўйлайди. Ҳатто умумий хавф-хатар туғилганда ҳам ўз бошини қутқаришни ўйлаш кўпчиликка хос одат. Шунинг учунми, уларнинг бирон бир жамиятга бирикишлари ва бир йўналишда ҳаракат қилишлари жуда қийин. Тўй-ҳашамга ўн минглаган АҚШ доллари сарфлаган ўзбек миллий марказга аъзо бўлиб, йилига 20-30 сўм аъзолик бадалини тўлашни мутлақо хоҳламайди. Ёки уларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган ўзбек газеталарига обуна бўлмайдилар. Бу унинг табиатига ёт тушунча. Шундан хулоса қилиш мумкинки, қирғизистонлик ўзбеклар ижтимоий фаол эмас. Эҳтимол, бундай фаолликнинг шаклланиши учун вазият ва вақт керакдир. Ана шунинг учун ҳам 1990 йилдаги воқеа Ўш ва Ўзгандан бошқа жойда яшайдиган кўпчилик ўзбекларнинг ёдидан кўтарилди. Миллий марказлар 2000 йилдан кейин давлатнинг миллий сиёсати ўзгарганлигига эътибор бермадилар. Миллатни бу ҳолатдан тўла огоҳ қила олмадилар. Ўзбек кадрларни турли хил ноқонуний тазйиқлардан мудофаа қила олмадилар. Хулласи калом, миллий марказлар ўзбекларнинг бошини қовуштиришда миллий марказнинг ишини чиппакка чиқариши мумкин бўлган хатоларга йўл қўйдилар. Айниқса, оддий қирғиз халқи билан ўзбекларнинг орасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга деярли эътибор берилмади. Тадбирларнинг кўпчилиги байрамлар, ёки маълум бир саналарни нишонлаш учун ўтказилди. Қирғизча чиқадиган оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилинмади. Натижада, қирғизлар Қирғизистонда ўзбеклар ҳам яшашини унутиб қўйганидек, ўзбеклар ҳам қирғизлар билан бирга яшаш кўникмаларини эсдан чиқараёзди.

    Ю.Р.: – Қирғизистонда фаолият кўрсатиб келган маданият марказлари раҳбарлари амалга оширган ишлар ҳақида турли фикрлар, мулоҳазалар билдирилмоқда. Сиз уларни муҳим сиёсий жараёнларда йўл қўйган асосий хатолари нималардан иборат деб биласиз?

    М.А.: -Сўз хатода эмас, балки тажрибасизликда. Қолаверса, миллий марказларнинг иш фаолиятида барча ҳолатлар биринчи марта ҳаётга татбиқ қилинишида. Гап шу ердаки, миллий марказлар жамоат ташкилотлари сифатида фаолият кўрсатган. Уларда ҳокимият идоралари каби ижроия ваколатлари йўқ эди. Ҳар қандай ҳолатларда ҳаракатдаги ҳокимият идораларига бирор масалани ҳал қилиш учун маслаҳат, таклиф сифатида мурожаат қилинган. Миллий марказлар тузилгандан кейин давлат идораларидан ўзларининг шикоятларига жавоб топа олмаган ўзбек фуқаролар уларга мурожаат қилиши одат тусига кира борди. Натижада, миллий марказ ўз фаолиятини шу йўналишда ривожлантирди. Бу эса уни асосий вазифадан четлаштирди.
    Энди нима қилиш керак? Фикримча, биринчи галда ёпилган газеталарни қайта тиклаш зарур. Уларнинг саҳифаларида миллий озчиликнинг ҳақ-ҳуқуқларини оммага кенг миқёсда баён қиладиган мақолалар эълон қилиш керак. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар билан биргаликда ўзбеклар орасида тушунтириш ишлари юргизилиши муҳим. Шу билан бирга қирғизлар билан ўзбеклар қадимдан буён бирга яшаб келишларини, қуда-анда эканликларини мисоллар билан кўрсатиш керак. Ўзбек кадрларни тарбиялаш ишига жиддий кўнгил буриш зарур. Замон шу бўйича қолмайди. Тарихдан маълумки, миллатчилик охир-оқибатда мағлуб бўлади. Қаерда интернационализм руҳи бўлса, ўша ерда тинчлик ва ривожланиш бўлади. Ана шунинг учун ҳам ҳокимият идоралари орқали ўзбекларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун халқ дипломатияси йўлидан бориш фойда берса керак. Аммо бугунги кундаги Атамбаев бошчилигидаги ҳокимият бу масалада қаршилик кўрсатиши аниқ. Шунга қарамасдан, бу йўналишдаги ишлар аста-секинлик билан давом эттира берилса, натижа, албатта, бўлади.

    Ўзбеклар Жогорку Кенешда ўз вакилларининг бўлишига эришмоқлари лозим. Бусиз ўзбекларнинг мамлакатдагиг сиёсий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаб бўлмайди. Бунинг учун “Родина” партиясининг ишини жонлантириш, ёки бошқа партиялар орқали ҳаракат қилиш талаб қилинади. Агар сайлов тизими ўзгарса, унда ўзбеклар яшайдиган аҳоли пунктларига бошқа жойларни қўшмай сайлов округлари ташкил қилинишига эришишлари керак.

    Ўзбекларнинг янги лидерлари ҳаракатдаги ҳокимиятнинг ва сиёсатчиларнинг алдовларига учиб кетмасликлари керак.

    Ю.Р.: – Шу кунларда Қирғизистондаги кўплаб ўзбекча илм даргоҳлари қирғиз тилидаги мактабларга айлантирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбеклар бундан кейин шароитга қараб иш тутишлари керакми ёки мамлакатда миллатлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар янада кучайиб бораверадими?

    М.А.: – Ўзбеклар қадимдан буён Ўш,Ўзган, Жалолобод, Сузоқ ва Бозорқўрғонда ўтроқ яшаганлар. Қирғизлар эса Фарғона водийсига XVI асрнинг охирларида қалмоқлар зулмидан қочиб келган. Бу ҳақда ёзма тарихий маълумотлар керагича топилади. Бугунги кунда ўзбеклар ва қирғизлар аралашиб яшаётган территория Сталиннинг кўрсатмаси ва ўша давр ўзбек сиёсатчиларининг ҳайбаракаллачилиги билан 1924 йилда ташкил бўлган Қора Қирғиз автоном области террирориясига қўшилиб қолган. Ташкил қилинган республикалар қандай сиёсат асосида ушлаб турилганлиги кейинги даврда очилган тарихий маълумотлардан билсак бўлади. Илгари нима бўлса ҳам, ҳозир тарих ғилдирагини орқага қайтариб бўлмайди. Шунинг учун бу территорияда ўзбеклар билан қирғизлар бундан кейин ҳам бирга яшайдилар. Оддий халқ орасида келишмовчилик йўқ. Келишмовчилик аслида ҳокимият эшолонларида.

    Қирғизистонда деярли беш йилдан буён барқарорлик йўқ. Ана шунинг учун бу мамлакатда мустақил давлат бошқаруви ҳали тўла шаклланмагандек кўринади. Шунингдек, ўша сиз айтган қирғиз жамияти, бугунги кунда аслида, қонунлар асосида яшашга эмас, балки уруғ-уруғ бўлиб яшаш қоидаларига мослашган. Бунга уларнинг кўчманчи бўлиб яшаганлиги, Наливкиннинг фикрича, қирғиз оиласидаги эркакларнинг фойдали меҳнат билан кам шуғулланиши ва босқинчилик қилишга мойиллиги ҳамда ўз уруғининг манфаати ҳар қандай ҳолатдан устун туриши, қолаверса, бугунги кунда аҳоли ўртасида иқтисодий таъминланганлик нуқтаи назардан синфий табақаланиш жараёни юз бераётганлиги сабаб бўлса керак. Қирғизларнинг бугунги кунда шимол ва жанубликларга бўлинишида диннинг ҳам таъсири бор. Республиканинг шимолида яшаган қирғизларнинг кўпчилиги ислом динига бефарқ қарайди, жанубдагиларнинг эса исломга муносабати яхши. Пойтахтнинг шимолда жойлашганлиги ва совет даврида шимолликлар раҳбарлик лавозимларини жанубликларга бермаганлиги сабабли улар ўртасида зиддиятлар бор. Бу муаммо ҳали бери ўз ечимини топишига ишониш қийин. Ечимнинг йўқлиги эса ўзбекларнинг республика сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги тутадиган ўрни масаласини чигаллаштиради.

    7 апрелда бўлиб ўтган давлат тўнтаришидан кейин қирғизларнинг орасидаги сиёсий қарама-қаршилик янада кучайди. Бир фактга эътибор бериш керак: 2005 йилда бўлган давлат тўнтаришида ва ундан кейинги бўлган воқеаларга мухолафатдагилар таклиф қилсалар ҳам, ўзбеклар қатнашмаган. Бакиевчилар ҳокимиятга келгандан кейин бу учун ўзбеклар таъна ва дашномларни керагича эшитишди. Ўзбек кадрларни ҳам шу баҳона ишдан бўшатишган. 2010 йилдаги давлат тўнтаришидан кейин эса ўзбеклар ҳокимиятга келган Муваққат ҳукуматга яқиндан ёрдам берди ва бунинг оқибатида “сепаратистлар” деган тавқи лаънатга эга бўлдилар. Демак, қирғиз элитаси ҳокимиятга фақат ўзлари эгалик қилишни ўйлайдилар ва ўзаро талашадилар. Бошқалар аралашса, ўзаро бирикиб, аралашганни ўйиндан чиқарадилар. 2010 йил июндаги бўлган воқеа бунга яққол мисол. Демак, интеграция масаласи қийин. Қирғизистондаги бошқа миллатларнинг, айниқса, ўзбекларнинг ўзлигини сақлаб яшашга интилиши эса сепаратизм сифатида баҳоланмоқда. Ўрта йўлни излаш керакмикин?

    Ю.Р.: -У ҳолда Қирғизистондаги ўзбеклар қандай йўл тутишлари керак деб ўйлайсиз?

    М.А.: -Биринчи галдаги вазифа ўзбеклар ўзларининг мавқеини тиклаш учун курашишлари зарур. Улар 2010 йил июндаги воқеаларда айбдор эмасликларини исботлашлари керак. Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бунга катта моддий ва маънавий сарф-харажат кетади. Шу ишларни амалга ошириш жараёнида қирғизистонлик ўзбекларнинг бошини бириктириш ва мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқаролари эканлигини ҳаётда кўрсатиш талаб қилинади. Мамлакатдан чиқиб кетган ўзбекларни Қирғизистонга қайтариш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласини ҳал қилиш керак. Бунинг учун эса мамлакат ичкарисида қонунларнинг бажарилишини фуқаролар назоратига олиш талаб қилинади. Бу учун эса жон фидо қилиб ишлаш зарур бўлади.

    Суҳбатдош: Юсуф Расул.

    www.yangidunyo.org

    Published on februari 28, 2013 · Filed under: Ўш қирғини;
    1 Comment

One Response to “Ўш қирғини: тарих ва сабоқлар”

  1. Кирзачь гастарбайтер-девушке:” Почему,ну,почему вы,не разрешаете мне переспать. Может вы считаете это унижением национального достоинства?”