ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
« feb   feb »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

  • Алибой Йўляхшиев: ”Ёшлар турмушда фаол бўлишга интилишлари, бунинг йўлларини излашлари керак”

    aliboy_yulyaxshiyevБи-би-си меҳмони – таниқли сиёсий арбоб, ўзбек мухолифатининг асосчиларидан бири Алибой Йўляхшиев.

    У 2011 йилдан бери Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Туркия бўлими раиси, ҳамда Ўзбеклар Бирлиги уюшмасининг фаолларидан биридир.
    Жаноб Йўляхшиев 1938 йилда Самарқанд вилоятининг Ғаллаорол туманида дунёга келган.

    Математика бўйича олий таълим олган олим Самарқанд Университетида 30 йилдан ошиқ дарс берган, 11 йил давомида кафедра мудири вазифасини ўтаган.

    У 1989 йилдан бошлаб Ўзбекистонда куртак отаётган сиёсий мухолифатнинг энг фаол аъзоларидан бири бўлиб танилди ва Бирлик Халқ Ҳаракатига қатор сафдошлари билан бирга асос солди.

    Жаноб Йўляхшиев Бирлик Халқ Ҳаракатининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари бўлган.

    У Ўзбекистон ҳукумати томонидан қаттиқ таъқибга олиниши туфайли 1993 йилда ватанни тарк этган. Фаол 1997 йилда Туркияга кўчиб ўтган, сўнгра 1999 йилда БМТнинг Қочқинлар агентлиги унга Норвегиядан сиёсий бошпана олишига ёрдам берган.

    Фаол ўтган икки йил давомида Туркиядаги ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда таъқиб остига олинган ва Туркияда ҳибсга олинган ватандошлари ҳимояси билан шуғулланади.

    Алибой Йўляхшиев тингловчиларимиз ва саҳифамиз ўқувчиларидан келган саволларга жавоб берди.

    Салом, Алибой ака, сўнги замонлар унчалик фаол кўринмай қолдингиз, бунга сабаб нимада? Ва Ўзбекистон халқини И.А. Каримов қайси томонга сурикламоқда деб ўйлайсиз? Бу кетишда Халқ тақдири нима бўлади? Ҳа айтганча, ЎХҲнинг Туркияда фаоляти қандай бормоқда?

    Али

    Йўляхшиев: Ва алайкум ассалом, адаш. Камнамолигим сабаблари ҳақида тўғрисини айтсам, харакатларимиздан қаноатланмаяпман. Бугунги кунларда қаерда, қайси мақсадда ва кимлар билан фаол ҳаракат қилиш зарурлигини билолмай қолдим. Шунинг учун яхшиси бир мунча вақт жим туриш керак деган хулосага келдим. Ислом Каримовнинг сиёсатига келсак, унда сирли ёки ниқобли жойлари қолмаган деб ҳисоблайман. Ҳамма нарса ўртада. Ўзбекистонда сиёсат бугунгидек давом этадиган бўлса, унинг оқибати ҳақида илиқ фикр айтишга қийналаман. Бироқ, Ўзбекистонда дарҳол ҳар тарафлама жуда жиддий ислоҳотлар ўтказилиши зарур ва шундай қилишга ҳали бироз вақт бор. Шунинг учун ана шундай ислоҳотларга бугунни эртага қўймай киришиш лозим. Каримов бошлиқ Ўзбекистон ҳукумати ўшандай ислоҳотларни бошлаб, уларни ўринли, самарали ўтказа олса, иншооллоҳ Ўзбекистон дунёда ўз муносиб ўрнига кўтарилади ва у ниҳоят ҳақиқий қуёшли Ўзбекистон номини тиклайди. Ана шундай қилинса, Каримов ва унинг ҳукумати мустақил Ўзбекистоннинг илк президенти ва унинг ҳукумати мустақил Ўзбекистоннинг илк ҳукумати номи билан тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади. Акс ҳолда, аниқ бир нарса дейишга, масалан, мен қийналган бўлардим. Агар ўшандай ислоҳотлар ўтказилмаса, ўтказа олишмасалар, Ўзбекистоннинг ичидаги ва атрофидаги бугунги вазият, бизнинг севимли ватанимизни истаган ҳунук воқеаларга рўпара қилиши мумкин бўлади, деб ҳисоблайман. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Туркия бўлими фаолияти ҳақида ҳам сўрайсиз. Оллоҳга шукурки, ЎХҲ Туркия бўлими ҳам баҳоли қудрат ишлаб турибди. Менимча, ЎХҲ Туркия бўлимини унинг энг самарали фаолият кўрсатаётган қисми, деса бўлади.

    Алибой ака, мана 75га кираяпсиз экан, аввало соғлик ва узоқ умр тилайман. Ёш мухолифатчилар ҳақида фикрларингиз қандай? Ҳозир аксарият мухолифат етакчилари 80-90 йиллардаги Эрк ёки Бирлик билан боғлиқ, ва ёшлари камида 50дан ўтган. Ёшлар билан ишлайдиган фаолларингиз борми? Ёшларни ЎХҲга жалб этиш учун қандай ғоялар устида ишлаяпсизлар?

    Само, Фарғона

    Йўляхшиев: Менга узун умр тилаганингиз учун сизга миннатдорлигимни билдираман. Оллоҳу таоло барчамизга узун, хайрли умрлар насиб айласин. Узр, исмингиз ҳам менга бироз табиий бўлмагандек туюлди. Нима ҳам деймиз, демак сиз, Самобексиз. Саволингиз эса, жуда тўғри қўйилган ва долзарб бир масалани очгансиз. Ҳа, албатта келажак ёшларники. Борди-ю орқамиздан ёшларимиз тақиб етиб келаётган бўлмасалар, бу жуда аянчли бир ҳолдир. Агар мен ўз ҳаётий йўлимга қараб, менинг ёшимдагиларнинг ўсмирлиги, талабалиги даврларга қараб, бугунги ёшларга баҳо берадиган бўлсам, улар кўзимга биздан анча суст кўринадилар. Бошқа тарафдан биз кексалар ҳам уларнинг тарбияси, кенг қамровли етук кишилар бўлиб етишишлари билан талаб даражада шуғулландик ва шуғулланаяпмиз деб айтишимга дадил асослар йўқ. Бу биз кекса авлоднинг жуда жиддий камчиликларимиздан бири ҳисобланади. Мен бундан анча илгари интернетда бир китобча эълон қилгандим. Унда ёшлар ҳақида жумладан шу сўзлар келтирилади: ”Бирор халқнинг келажагини билмоқчи бўлсангиз, уларда ёшларни тарбиялаш ва таълим-тарбия қандай йўлга қўйилганини кўринг. Ҳар бир халқнинг илғорлиги ва ривожланиши унинг ёшлари олаётган тарбияга чамбарчас боғлангандир. Бирор халқнинг яшаш муҳитини, яшаш ҳаётини ўрганмоқчи бўлсангиз, уларнинг ёшлари ҳаётига, яшаш ва ўй-фикрлари, тушунчаларига боқинг.”
    Ўша китоб ва ундаги фикрлар билан тўла танишиш учун http://samarkanduz.narod.ru/kitob1.htm адресига мурожаатда бўлиш лозим бўлади.
    Аммо шуни ҳам айтишим керакки, орамизда, жумладан ЎХҲ таркибида ҳам бир қатор келажагига умид қилиш мумкин бўлган навқирон ўғил-қизларимиз ҳам бор. Уларнинг сонини янада кўпайтириш учун ҳам ҳаракатдамиз. Бироқ шуниси ҳам борки, ёшлар ҳам ўз навбатида турмушда фаол бўлишга интилишлари, фаол бўлишнинг йўлларини излашлари керак бўлади. Ўзбекларда бир мақол бор, унда ”Чақалоқ йиғламаса, онаси эмизмайди”, дейилади.

    Assalomu aleykum otaxon. Mani sizga savolim nima uchun barcha xalqparvarlar chet elda. Balkim shuning uchun namozxonlar ta’qib ostida qolyapti, Uzbekistonda xaqiqat uchun turib berolmaysizlami? Javobingiz uchun oldindan raxmat. Allox umringizni ziyoda qilsin.

    Шер

    Йўляхшиев: Ва алайкум ассалом Шерхон ука! Менга узоқ умр тилаганингиз учун кўп миннатдорман, раҳмат. Сиздан Оллоҳ таоло рози бўлсин. Сизга ва радио тинглаётганларга, барчага хайрли, баракали узун умрлар насиб қилсин. Саволингизга келсак, мантиқан жуда тўғри тузилган деб бўлмайди. Чунки халқпарварларнинг жуда кўпчилиги ватаннинг ичидадир. Ўзбекистоннинг ҳақиқий халқпарвар, ватанпарварлари, ҳар қандай вазиятда тўғрисини сўзлашдан қайтмайдиган жасурларининг анчагинаси бугун унинг қамоқхоналарида заҳмат чекмоқдалар. Қамоқда бўлмай ватан ичида яшаётганларнинг орасида ҳам жуда кўп она тупроқнисевар, халқсеварлар бор. Ватандаги таъқибларга, қама-қамаларга келсак, уларнинг сабаблари биз ватандан ташқарида юрганларга ва бизнинг қаерда, қандай фаолият кўрсатаётганимизга унча ҳам боғлиқ деб бўлмайди. Бошқа тарафдан, биз-чет элларда юришганларнинг ”Ўзбекистонда ҳақиқат учун туриб бермаслик” масаласи, сиз ўйлаётгандан бир мунча мураккаб. Унга жавоб бериш, бугунгидек қисқа муддатли суҳбатда тўла қонли бўлмас каби андишам бор. Биз, чет элларда юрганлар ва ўзларини ватанпарвар, Ўзбекистоннинг мавжуд ҳукумати сиёсатига мухолиф ҳисоблаганларнинг нима учун ватанда қолиб, у ердаги ҳақсизликларга қарши ”туриб” бермасдан, уни тарк этишгани масаласи эса, бир қатор субъектив ва объектив сабабларга эга. Афсус, ундай сабаблар бугун ҳам бартараф бўлмади. Ўша сабаблардан иккитасини келтиришим мумкин. Биринчиси, айниқса 1992 йилдан сўнгра ватанда бизнинг жонимиз-ҳаётимиз, ҳатто бутун оила аъзоларимизнинг ҳам ҳаёти таҳликада қолаётган эди. Ватанга, халқимиз, миллатимизга фойдали бўлишимиз учун эса имкони қадар жонимизни сақлаш тадбирларини кўришга мажбур бўлиб қолган эдик. Бунинг бирдан бир йўли ватанни тарк этиш эди. Иккинчиси, ташкилотимизнинг (у замонлар ”Бирлик” халқ ҳаракати ва ”Эрк” партияси бор эди) фаолиятини давом эттириш ҳам Ватандан ташқарида эркинроқ ва дурустроқ, самаралироқ бўлар деб ҳисобланганди. Масалан, шахсан мен, ватандан ташқарида 2-3 йилдан кўпроқ қолмасмиз деган ҳисобда ватандан чиққан эдим. Аммо афсуслар бўлсинким, ризқимиз узун йиллар учун дунё бўйлаб сочиб юборилган экан. Мана бугунгача ватанга қайтиш мумкин бўлмаяпти.

    Muhtaram Aliboy aka! O’zbeklar Birligi uyushmasi a’zosi sifatida aytingchi, bundan uch yil avval Qirg’iziston janubida o’zbek vatandoshlaringiz bu hududlarda genotsidga uchragan edi va hamon shu zayilda davom etmoqda. Siz Qirg’iziston hududidagi o’zbek millatdoshlaringizga uyushma faoli sifatida shu kungacha nima qila oldingiz?

    Одилжон Махдумий, Ўш

    Йўляхшиев: Қимматли Одилжон! Ҳаммасидан аввал ўша хунрезликни кескин қоралашимни, бир ўзбек фарзанди сифатида Ўшдаги ўзбекларнинг фожиасидан жуда афсусдалигимни, чин юракдан ачинишимни; ўша жоҳил, инсонлик қиёфасини йўқотган йиртқичлардан ўта нафратланишимни алоҳида таъкидлашни истайман. Ўшанда жабрланганларга ва энг азиз қадрдонларини, яқинларини йўқотганларга Оллоху таоло сабр берсин деб дуода бўламан. Иккинчидан, 2010 йилда бизнинг жамиятимиз ҳали тузилмаган эди. Шунинг учун унинг номидан бирор ҳаракат қилишнинг имкони йўқ эди. Бироқ, мен оддий якка шахс сифатида ўша хунрезликлар давом етиб турган пайтларда, иссиқ устида Туркиялик баковул қардошлардан Ўшга ёрдам сўраб мурожаатда бўлдим. Ўшга бориб жабрдийдаларга моддий, маънавий ёрдам кўрсатадиган, фожианинг дарҳол тўхталишига кўмакчи бўла оладиган Туркиядан бир делегация юборилишини илтимос қилдим. Аммо туркиялик қардошлар, ”бизнинг ҳукуматимиз воқеаларни яқиндан кузатаяпти, Туркия ҳукумати зарурий чора-тадбирларни кўради, ҳозироқ кўришаяпти. Бошқачаси самара бермайди”, дейишди. Шу сабаб, имкони борича Туркия ҳукуматининг масъул идораларига мурожаатда бўлиб турдим. Ўша замонда менинг қўлимдан келгани шу бўлганди. Аслида, ҳақиқатан ҳам бундай воқеа ва можароларда якка шахсларнинг ёки бугун мавжуд бўлган бизнинг жамиятимиз каби ташкилотларнинг аралашишидан кўра, ҳукуматларнинг аралашиши кўпроқ самара беради. Айниқса Ўзбекистон ҳукуматининг ўша воқеаларда ўзбекларни ҳимоя қилишда ўзини кўрсатиши зарур ва шарт эди. Афсуски, ундай бўлмади. Ваҳоланки Ўзбекистон давлати ва унинг номидан иш бажарувчи ҳукумат, бутун дунёдаги ўзбекларнинг ҳам давлати ва ҳукуматидир. Шу сабаб, Ўзбекистон аталмиш давлат ва унинг ҳукуматининг бутун дунёдаги ўзбек диаспорасини ҳимоя қилиш каби энг муҳим ва жуда зарурий мажбурияти бордир. 2010 йилда Ўшда содир этилган ваҳшийликлар вақтида эса, Ўзбекистон ва унинг Ислом Каримов бошлиқ ҳукумати қасам ичиб зиммасига олган халқ олдидаги мажбуриятини бажармади, ҳатто бажаришни истамади, дейиш тўғрисидир. Шу билан улар қасамларига хиёнат қилди дейиш керак. Ҳа, ўша йилги воқеаларга фашистикми, жоҳилликми, йиртқичликми – ҳар хил исм қўйса бўлади. Оқибатда, кимларнингдир хатоси ёки душманлиги, ўзбеку қирғизнинг жоҳиллиги, билимсизлиги ва бошқа хил тушунмовчиликлар ҳам қўшилиб, жуда кўп бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилди. Аммо дўстлар, тўкилган қонни яна қон билан ювиш ҳақида ўйлаш ҳам жоҳиллик ва хатодир. Ҳа, албатта, ўша ваҳшийликларга йўл қўйишган, уларни бажаришган жиноятчилар қонунлар асосида муносиб жазоларини олишлари шарт. Бунда икки хил фикрга мутлақо ўрин йўқ. Аммо шуни ҳам билишимиз лозимки, бутун бир миллат, бутун бир элат жиноятчи бўлиши мумкин эмас. Яна бир масала, ҳурматли Одилжон, 2010 йилги Ўш хунрезликларига тўғри баҳо бериш, ўша ҳодисаларнинг ҳақиқий жиноятчиларини тўғри аниқлаш учун ўша фитнани ким ва қандай мақсадда ясаганини жуда яхши белгилаб олиш керак. Уларнинг оқибати кимларга фойда ва кимларга зарар бўлганлигини тушуниш ҳам жуда муҳимдир. Ўш жиноятини эса, менимча, Шимол ва Жануб ўзаро келишиб тайёрладилар. Шимолнинг мақсади, Ўрта Осиёда маконлашган турк қавмларининг орасида давомли низо ясаб қўйишдан иборат бўлган бўлса, жанубнинг мақсади Қириғизистондаги нисбатан эркин ва бадавлат яшаётган ўзбекларнинг шаштини қайтариш, шохини синдиришдан иборат эди. Шунинг учун Ўш қирғинликларининг ҳақиқий жиноятчиларини шимол ва жанубда ҳам излаш керак деб ўйлайман.

    Assalomu aleykum. Domla, hozirgi uzbek hukumati Masonlikka buyin sunadimi? Мasonlar haqidagi ma’lumotlaringiz bilan tanishtirsangiz. rahmat.

    Муҳаммадазим, Ўш

    Йўляхшиев: Ва алайкум ассалом, Муҳаммадазим. Менинг билишимча, масонлик билан ҳукуматлар эмас, якка-якка олинган шахслар боғлиқ бўлишлари мумкин, шекилли. Масонлар ҳақидаги менинг билимимга келсак, узр ука, масонлар ва масончилик ҳақида жуда оз билимга эгаман, балки ҳеч нарса билмайман десам тўғрироқ бўларди. Менинг улар ҳақида билганларим сизни қаноатлантирмас деб қўрқаман. Бугунги бизнинг замонимизда масонлар ва масончилик ҳақида маълумот топиш қийинчилик туғдирмайди, деб ҳисоблайман. Улар ҳақида интернет саҳифаларида жуда кўп маълумотлар топиш мумкин. Ўзбекистон ҳукуматининг масонлик билан боғлиқлиги масаласига келсак, бу ҳақида мутлақо маълумотга эга эмасман. Бу ҳақда, ҳатто ўйламаган эканман.

    Assalomu alaykum, Ўзбеклар Бирлиги уюшмасининг faoliyati nimalardan iborat, yani Turkiyadagi kup minglab yurgan vatandoshlarga hujjat qilish, ish topish, huquqlari kabi masalalarda. Turkiya fuqaroligini olish uchun nimalar qilish kerak va sizning tashkilot bu ishga xam yordam bera olasizlarmi?

    Исахон

    Йўляхшиев: Ва алайкум ассалом Исохон! Биринчидан, жамиятнинг низоми Интернетда www.ozbeklerbirligi.org саҳифасида эълон қилинган ва унинг фаолияти ҳақида у ерда тўла маълумотлар келтирилгандир. Шунга қарамасдан шуларни айтиш мумкин. Жамиятимизнинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистонни, Ўзбекистон исмли мамлакатнинг мавжудлигини дунёга яхшироқ танитиш; Иккинчиси, жаҳоннинг афгор оммаси диққатига унинг ичида, атрофида содир этилаётган ижобий ва салбий ҳодиса, воқеалар ҳақида тўғри хабар етказишдан иборатдир. Учинчиси, ҳа, албатта, турли хил сабаблар билан Туркиягача етиб келишган ватандошларимизга ҳам, уларнинг сиёсий-ижтимоий аҳволига қараб, жамиятимиз имкони даражасида ёрдам ташкил қилишга аҳамият беради ва шундай ёрдамлар ташкил қилинди ва қилинмоқда. Ўзбекистон ёки бошқа бир жойда ҳақиқатан жиноятга аралашган кишилар бундан мустасно. Туркия фуқаролигини олишга ёрдам бериш жамиятнинг вазифасига кирмайди. Биз, Ўзбеклар Бирлиги жамияти сифатида ўзбекистонликларнинг бошқа мамлакатлар фуқаролигини олишларига қўшилмаймиз. Улар ва жумладан биз, яъни мен каби узоқ йиллардан буён чет элда яшаётганлар ҳам имкони борича тезроқ ватанимизга қайтиш учун ҳаракатда бўлишимиз лозим, деб ҳисоблаймиз. Чет элларда юришимиз ва яшашимиз вақтинчалик бўлиши, ватанда бизга нисбатан ишлатилган адолатсизликлар, жонимизга бўлган таҳликалар бартараф бўлганича яшаб туришни истовчилар тарафдоримиз.

    BBC

    Published on mars 2, 2013 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
    Kommentarer inaktiverade för Алибой Йўляхшиев: ”Ёшлар турмушда фаол бўлишга интилишлари, бунинг йўлларини излашлари керак”

Comments are closed.