-
Гувоҳлар йўқотилмоқда
(ёки навбатдагиси С. Омурзаковми?)
Куни кеча Қирғизистондаги жиноятчилар орасида “Бока братан” лақабли бандит, Жалолободдаги жиноий тўданинг бошлиғи Болот Маматов отиб ўлдирилганлиги ҳақида хабар тарқади. Жалолобод область ички ишлар бошқармасидаги мутахассисларнинг фикрича, бу криминалларнинг ўзаро “разборка”сининг натижаси. Лекин фактлар бутунлай бошқа хулосаларни чиқаришга мажбур қилади.
Сабаби, “Бока братан” оддий бандит эмасди. У “сиёсийлашган” бандит бўлган, яъни у ҳокимиятга интилган сиёсатчиларнинг топшириғини бажарган. Апрель воқеаларидан олдин “Ата Мекен” партиясининг Жалолобод вилояти бўйича куратори Асилбек Текебаев билан “Бока братан” жуда иноқ эди ва унинг ҳар қандай топшириғини бажарарди. “Бока братан”нинг одамлари Жалолободнинг турли жойларида жанжаллар чиқариш йўли билан Бакиев ҳокимиятининг обрўсини кетказиш бўйича Омурбек Текебаевнинг укаси орқали берган топшириқларини мунтазам бажариб турган. 2009 йил март ойида Жалолобод области Сузоқ райони Қизил Байроқ қишлоғидаги ўзбеклар яшайдиган уйларнинг тошбўрон қилиниши, деворларига ўзбекларни ҳақоратлаб ёзилган сўзлар, ўша йили август ойидаги Жалолобод шаҳар марказий шифохонасининг ёнидаги бозорчадаги тартибсизликлар шу бандит бошлиқ бўлган одамларнинг ишидир.
Апрель тўнтариши “Бока братан” учун айни муддао бўлди. Унинг одамлари Жалолободнинг ҳақиқий хўжайинларига айландилар. У областдаги ички ишлар бошқармасининг каттаси Суюн Омурзаковга суянган ҳолда кундузи бўладими, кечаси бўладими, барибир, одамларни талай бошладилар. Шуниси қизиқки, улар фақат ўзбек миллатига мансуб бўлган тадбиркорларни талашарди. Бу ҳолатга Муваққат ҳукумат вакиллари мутлақо эътибор беришмаган. Сабаби, “Бока братан” шахсан О. Текебаевнинг топшириғини бажараётганлигини С. Омурзаков билган.
“Ата Мекен” партиясининг лидерлари Бакиевнинг мулкини тўлиғи билан ўзлаштириб олишни мақсад қилиб олган. Бишкекдаги Бакиевлар оиласига қарашли мулк “Ата Мекен”чи Р. Тологонов, Т. Мадилбеков, Болот Шер каби партия босслари бошлиқ А. Юсупов, А. Акжолов, Д. Орозов, А. Шералиев каби ижрочилар воситасида талангангандан кейин Жалолободдаги мулкларни ўзлаштиришга киришилган.
2010 йил 14 май куни автоматлар билан қуролланган ва ҳарбий камуфляж кийиб олган Асилбек Текебаев бошлиқ “Ата Мекен” партиясининг аъзолари Жалолободдаги ўзбекларнинг лидери Қ. Ботировдан область ҳокимияти биносини босиб олган бакиевчиларни ҳайдаб чиқаришда ёрдам сўраб келади. “Ата Мекен”чилар билан 100 га яқин ёлланган бошқа одамлар ҳам бор эди. Қ. Ботиров Муваққат ҳукумат бошлиқларига ёрдам беришга ваъда берганлиги учун ўз тарафдорлари билан “Ата Мекен”чиларга қўшилиб, область ҳокимияти биноси томон йўл олади. Йўлда уларни бакиевчилар ўққа тутадилар. Биринчи ҳужумдаёқ “Ата Мекен”чилар ўзларини панага оладилар. Ёлланганлар эса тум-тарақай бўлиб қочиб кетишади. Майдонда Қ. Ботиров ва унинг одамлари қолади. Худди шу пайтда А. Текебаев ва “Бока братан” бошлиқ одамлар ҳамда “Юг-сити” бозорининг эгаси Э. Мирзабековнинг одамлари Тейитга йўл оладилар. Қ. Ботировнинг одамлари эса бакиевчиларни область ҳокимияти биносидан ҳайдаб чиқаради. Шундан сўнг бакиевчиларнинг бошлиқларини тутиб, ҳокимиятга топширмагунча вазият ўнгланмаслигини ўйлаган Қ. Ботиров ҳам ўз тарафдорларини Тейитга бошлайди. Улар борганда Тейитдаги Бакиевнинг уйи таланган ва ёнаётган эди. Бакиев ва унинг укалари эса қочиб улгурган эди. Муваққат ҳукумат бошлиғи Р. Отунбаева томонидан Бакиев ва унинг тарафдорларини йўқотиш учун юборилган генерал А. Медетбеков бошлиқ махсус гуруҳ ҳам ўша ерда бўлган ва бўлган барча ишларни кўрган. Бу ҳақда генерал А. Медетбеков судда гувоҳлик ҳам берди.
“Бока братан” бошлиқ бандитлар гуруҳи 2010 йил 13 июнь куни Жалолобод шаҳри ёнидаги Хўжа маҳаллага ҳужум қилиб, ўзбекларни талон-тарож қилган ва уйларига ўт қўйган. Маҳалла аҳлининг жипслиги туфайлигина бандитларнинг ҳужуми қайтарилган. Июнь воқеаларидан кейин “Бока братан” ва “Ата Мекен” партиясининг аъзоси, ҳозир Жогорку Кенеш аграр комитетининг раиси Сайдулла Нишановнинг фаол иштирок билан тоғолди қирғиз қишлоқларидан ўзбекларни босиб олиш учун жалб қилинган қирғиз ёшларига тадбиркор А. Бурхонов масъул бўлган давлат резервидаги беш минг тонна буғдой С. Омурзаковнинг кўрсатмаси билан “Бока братан” назорати остида тарқатиб берилган. Бунга қарши турган Абдукарим Бурхонов эса хақоратланиб, калтакланган. Ҳеч қанча ўтмай А. Бурхонов бандитлар етказган оғир жароҳатдан Москвада вафот этди. Бу жиноят учун ҳозиргача ҳеч ким жавоб бергани йўқ.
“Ата Мекен”чиларнинг талончиликка алоқадорлигини айтиб чиққан Абдулла Юсупов ва унинг шерикларининг даъвосини йўққа чиқариш О. Текебаев учун жуда қимматга тушди. Сабаби, гувоҳларни йўқотиш зарурати туғилди. Аввало,кўп нарсани билган ва ўзи жиноятларга бевосита иштирок этган ўз укасини йўлдан олиб ташлаш керак бўлди. Билганларнинг айтишича, Асилбек ўз ажали билан ўлган эмас. Уни заҳарлаб ўлдиришган деб айтишади. Кейин эса президент А. Атамбаевнинг маъқуллигини олган О. Текебаевнинг бевосита таъсири остида “Ата Мекен”чиларни “сотган” ижрочи “мародерлар” А. Юсупов, А. Акжолов, Д. Орозов ва А. Шералиев суд томонидан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. “Бока братан” эса ўлдирилди. Эртасига парламентда “Бакиевнинг уйига Қ. Ботиров ўт қўйган”, деб аталган монтажланган видео намойиш қилинди. Бу ишларнинг ҳаммасини О. Текебаев ўзининг гуноҳсиз эканлигини исботлаш учун қилмоқда. Лекин Текебаев ва унинг гумашталарининг кирдикорларини биладиган одамлар ҳали жуда кўп. Улардан бири Ички ишлар вазирлигининг Ўш области ва Ўш шаҳри бўйича Бош Бошқармасининг бошлиғи Суюн Омурзаковдир. Агар унга бирор кори-ҳол бўлса, бу ишни ҳам “Ата Мекен”нинг шоввозлари амалга оширган бўлади. Кутиб турайлик-чи, нима бўларкин?!
Воҳид Собиров
www.yangidunyo.org
Published on mars 8, 2013 · Filed under: Ўш қирғини;
2 Responses to “Гувоҳлар йўқотилмоқда”
-
Бахром.Ушлик said on mars 16th, 2013 at 5:11 e m
Суюн Омурзоковни Жалол Обода нима ишлар килгани билмайману,бирок у Ушга начальник булиб келгандан кейн ахвол хила тинчиб колди.У узи узбеклар яшаган махаллаларга бориб халк билан учрашиб,проблема булса телефон килилар деб визиткаларни берди.Шунга карамасдан итлар бари бир итлигни килаверар эканда.
-
zayniddin said on mars 17th, 2013 at 2:11 e m
санга охшаган лаганбардонлар болгандайди солткинлархам кам болардию
Ошдаги ахволни вактича тинчлик эканини хамма билади
Охирги изоҳлар