ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
« feb   feb »
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

  • Соҳиба Ҳайитбоева: Индамай севаман (янги шеърлар)

    sohibaСаҳифамиз меҳмони – айни пайтда Москвада яшаётган юртдошимиз Соҳиба Ҳайитбоева.
    Соҳибанинг шеърларида туйғулар жилоси бор.
    Бу шеърларда самимият, муҳаббат ва садоқат ҳислари гўзал оҳанглар билан қоришиб кетади.
    Ҳаққа талпинган кўнгилнинг бу ҳазин наволари руҳий дунёнгизга сокинлик ва фарах бахш этгусидир.
    ****

    Соҳиба Ҳайитбоева

    Мусофирликда

    Умр йўли узун, манзили олис
    Шукрки, сафарда эмасмиз ёлғиз.
    Қўлимиздан тутиб, ишониб холис,
    Овуниб юрибмиз мусофирликда.

    Ўрганиб ҳам қолдик асли фироққа,
    Кўнгил тутмай қўйди бизни сўроққа,
    Топган бахтимизни яқин-йироққа
    Илиниб юрибмиз мусофирликда.

    Дийдоринг қувнатар дилим ҳар сафар,
    Яхшиям, йўлимда бўлдинг ҳамсафар.
    Салга кўринмасак излаб шом-саҳар
    Бўлиниб юрибмиз мусофирликда.

    Асли ҳаёт бошқа, хаёллар бошқа,
    Муҳаббатга ташна, меҳрга ташна,
    Бир юрт илинжида кўз тўлиб ёшга,
    Соғиниб юрибмиз мусофирликда.

    Бизларга ёр бўлар илоҳимиз деб,
    Еру кўкни тутар бу оҳимиз деб,
    Ишқимиз энг гўзал гуноҳимиз деб,
    Сиғиниб юрибмиз мусофирликда…

    хххх

    Изн берса

    Изн берса Ҳақ бизга, кезсак дунё-дайрини,
    Олис сафарда сизга тоқат бўлсам майлими?
    Умримиз гўзал бир туш, тотиб васл сайлини,
    Сизга энг зиёду хуш соат бўлсам майлими?

    Йўл босиш қолди холос, қалб сафарга шайлими?
    Кўнглингиздаги ихлос, тоат бўлсам майлими?
    Муҳаббатга ташнадир, сездирсам дил майлини,
    Иштиёққа ошна бир роҳат бўлсам майлими?

    Руҳдир сизга чорлаган, таним руҳдан айрими?!
    Кўзингизда порлаган ҳайрат бўлсам майлими?
    Нурга тўлар бу очун, берса Худо хайрини
    Икки дунё сиз учун жаннат бўлсам майлими?


    Ҳаққа ошиқликни кимдан ўргандим

    Ҳаққа ошиқликни кимдан ўргандим?
    Яралгандан буён қонимда борми?!
    Ўзидан туганмас меҳр сўргандим,
    Менга учратдими сиздайин ёрни?

    Битта сўзингиздан илиқлик туйдим,
    Ошуфта дилимда ёнгандай чақин.
    Аслида мен сизни кўрмасдан суйдим,
    Ҳис қилдим: руҳимиз қанчалар яқин…

    Ҳаққа ошиқлигим – илоҳий наво,
    Номин такрорласам, юрак тўхтайди.
    Сизга атаганим ишқ эмас, аммо
    Уни севишимга жуда ўхшайди…

    Ботинда туфондай, зоҳирда жиму,
    Сўнгсиз саволларга тошиқ бўлганман.
    Тушуниб-тушунмай яшайвердиму
    Таниган кунимдан ошиқ бўлганман.

    Ҳаққа ошиқликни кимдан ўргандим?
    Уйимни ҳайратга белади Эгам.
    Эсладим, мен сизни тушда кўргандим,
    Кафтимдаги гавҳар сиз бўлган экан…

    Балки Ўзи менга етказди сизни,
    Йўлга тушаяпмиз йилларни босиб.
    Бир жойдан қорганми тупроғимизни,
    Ҳамроҳлик бахтини кўрдингиз насиб.

    Меҳру муҳаббатим ортар тобора,
    Илоҳим, манзилга бирга етайлик.
    Қалбларни Ўзига тортар тобора,
    Руҳимизни кўкка бирга элтайлик.

    ххх


    Қувват ҳақида

    Ўзгаради кунда ўйларим,
    Манзил сари шундай бораман.
    Туҳфа этиб сизга куйларим,
    Завқингиздан қувват оламан.

    Умр – баҳор, ҳаёт – бетакрор,
    Яшаш қадрин куйга соламан.
    Ҳисларингиз уйғотиб минг бор,
    Шавқингиздан қувват оламан.

    Севиламан, юракдан суйиб,
    Бу оловда кунда ёнаман.
    Яйраяпман ишқингиз туйиб:
    Меҳрингиздан қувват оламан.

    Гоҳ феълимдан кетасиз тўйиб,
    Ҳануз гўё бебош боламан.
    Жаҳлингизни чиқариб қўйиб,
    Заҳрингиздан қувват оламан.

    Тутмоқ учун қўлларингизни,
    Бир умрга сиз-ла қоламан.
    Туташ қилган йўлларимизни
    Дилингиздан қувват оламан.

    Дунёларни этсангиз ҳисоб,
    Сизга яхши ҳамроҳ бўламан.
    Ниятимиз каби ёруғ, соф
    Йўлингиздан қувват оламан.

    Шукр, Аллоҳ дил бериб қўйган,
    Мен кўнглимга қулоқ соламан.
    Тушларимни яхшига йўйган
    Сўзингиздан қувват оламан.

    Олис кетманг, мендан илтимос,
    Айрилиқдан гоҳо толаман.
    Ожизлигим – бандаларга хос:
    Ўзингиздан қувват оламан.

    Ҳам иштиёқ, таянчдир қувват,
    Қудрат борки, аланга-чўғмиз.
    Менга аён этилган суҳбат:
    Биз қувватсиз аслида йўқмиз!

    Билиб мени Сизга топширган:
    Асли жуда нозик толаман…
    Ҳар дам ёниб қалбим тоширган
    Асл кучни Ҳақдан оламан.

    ххх

    Сўнгги шеър

    Айтиб қўйдим суйганимнинг отини,
    Айтиб қўйдим ағёримдан олдинроқ.
    Бу дунёда ҳаммаси ҳам ўткинчи,
    Балки ўтгум ул ёримдан олдинроқ,
    Айт, видо!

    Ҳижрон – бизнинг пешонамиз ёзуғи,
    Ғанимлардан кун йўқ бизга, дер дилим.
    Ҳаққим йўқ ҳеч учрашмоққа фанода,
    Қиёматда кўришамиз, севгилим
    Алвидо!

    ххх

    Ҳаввонинг наслиман

    Ҳақнинг заррасиман, Ҳаввонинг насли,
    Сийланганим шу-да, аёлман бекам.
    Бахт шудир иккала дунёда асли –
    Пойимга жаннатни тушаган Эгам.

    Яратгач, Ўзидан берди қатра нур,
    Қалбимга оташдай меҳрни қўшган.
    Аёллигим ўзи – энг олий сурур,
    Томирда қониммас, муҳаббат жўшган.

    Тўртта унсур билан вужуд жамланса,
    Руҳим чексизликдан бўлгандир бунёд.
    Бутун Ер титрайди кўзим намланса,
    Битта кулгум этар оламни обод.

    Ниятларим етар йўғрилиб нурга,
    Ҳамиша дуога очилган кафтим.
    Бу қандай иноят, Ўзи-ла бирга
    Инсон яратишим илоҳий бахтим!

    Кўкдан сал пастдаю, заминдан баланд,
    Аллоҳим жойлаган ўрнимни билиб.
    Мени яратдими фаришта монанд,
    Дунёни енгаман табассум қилиб…

    ххх

    Кўзимни юмсаму, очсам март бўлса

    Қиш бўйи дилимнинг ғуборин ювдим,
    Ҳаққа етолмайди зарра гард бўлса.
    Баҳорни шунчалар интиқиб кутдим,
    Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

    Умрим тушдай ўтар бу туйғулардан,
    Кечаман, муҳаббат шундай дард бўлса.
    Тезроқ халос бўлсам шу уйқулардан,
    Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

    Рангимни сўлдирди кун сайин ҳижрон,
    Наҳотки, бахт учун муддат шарт булса!
    Баҳоргача менинг етмоғим гумон,
    Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

    Энди совуқларга кўниксам керак…
    Ёнида бўлардим қатъий-мард бўлса.
    Қорлар эригунча унутсам керак,
    Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

    Буни бир лаҳзага тўхташ дейдилар,
    Нетай, қисматимда шундай хат бўлса!
    Жаннатни баҳорга ўхшаш дейдилар,
    Кўзимни юмсаму очсам, март бўлса…

    ххх

    Ҳаввога ҳавасим келади

    Бу ишқ ёндиради мени кун сайин,
    Ахийр айроликда ўлмоғим тайин.
    Ҳар кун юзларингиз силаган майин
    Сабога ҳавасим келади…

    Оёғимни ерга боғлаган гумон,
    Ҳижронларда ўтди бу умрим тамом.
    Қўлингиз чўзасиз менмас, кўк томон
    Самога ҳавасим келади…

    Қалбимни узатдим куйимга қўшиб,
    Дарди тингланмаган девона-ошиқ.
    Кўнглингиз овутган ўша бир қўшиқ,
    Навога ҳавасим келади…

    Ҳавасда яшашни ўзи ҳам бир бахт,
    Ниятимга қараб Ўзи берар нақд.
    Сизга шундай зарур бўлсам ҳамма вақт:
    Ҳавога ҳавасим келади…

    Тинчимни бузади ҳар турли хаёл,
    Кўринмай кетсангиз олислаб хиёл
    Рашкда қоврилмаган ягона аёл –
    Ҳаввога ҳавасим келади…

    ххх

    Кимга ёқмайди

    “Қанийди шу сўзим унга ёқсайди –
    Севиб қолгандайман, севиб қолгандай..
    .” У.М.

    Табассум чеҳранинг кўрки, чиройи,
    Нур устига феъл ҳам бўлса киройи,
    Қалбларнинг тўридан эгаллар жойи,
    Меҳр-ла очиқ юз кимга ёқмайди?!

    Юракда борини кўзлар сўзлайди,
    Сўзсиз англамоқни дилдан кўзлайди.
    Инсон зоти борки, меҳр излайди,
    Муҳаббат тўла кўз кимга ёқмайди?!

    Дунёда чинакам изҳорлар қаҳат
    Дилдан тилга кўчса туйғулар фақат.
    Эримаса тошлар айтилса наҳот,
    Севаман деган сўз кимга ёқмайди?!

    ххх

    Аслида битта-ку бизнинг жонимиз

    Умрнинг ярми туш, ярми ҳайратдир,
    Шукримизни Борар Ерга айтамиз.
    Яралган жойимиз асли жаннатдир,
    Келинг, шу ватанга бирга қайтамиз!

    Кўнгилда ёмон ўй бўлмайди асли
    Ҳаёлдаги ёмон фикрлар – шайтон.
    Ким кўрган инсону фаришта васлин
    Келинг, одамзотни қилайлик ҳайрон.

    Қайтадан ёзилар аъмолимиз ҳам,
    Вақт етди қалбларни тавоф қилишга.
    Соф ўтсин иккала дунёимиз ҳам,
    Келинг, висолни ҳам савоб қилишга.

    Меҳрдир томирда жўшган қонимиз,
    Ўзидан оламиз бу руҳнинг кучин.
    Аслида битта-ку бизнинг жонимиз…
    Келинг, шу ҳикматни уқмоқлик учун.

    Булутлар айланиб қолди теграмда
    Бир нафас тин олай, ёзилсин тугун.
    Бирга бахтли эдик боғи Эрамда,
    Келинг, мен отландим шу йўлга бугун.

    Бекиниб севишни жиним суймайди,
    Туйғуларим очиқ-ошкора ҳар дам.
    Чекиниб яшашга дилим қўймайди,
    Келинг, ташлаш учун олдинга қадам

    Бу кунлар узун туш: қизиқ, сеҳрли
    Уйғонгач таъбирин бирга ечамиз.
    Қалбларимиз ҳамон ишқли, меҳрли
    Келинг, бу рўёдан бирга кечамиз…

    ххх

    Мен сизни шунчаки севмайман,
    Таним айрилса хам руҳ тортаверар.
    Гарчи сизга очиқ бир суз демайман,
    Кундан кунга дилда чуғ ортаверар.

    Ҳар кун гумонларда минг бор ўламан,
    Аммо ишқ дилимда, кўнгил ўлмайди.
    Излагандан асло наф йўқ, биламан:
    Сиздан яхшисини топиб бўлмайди.

    Дилларни боғлаган тақдирнинг ўзи,
    Сиздан кечиб ахир борардим қаён.
    Англолсак, бу тушлар – Аллоҳнинг сўзи
    Бизни бирлигимиз тушимдан аён.

    Кафтимни кўк томон чўзар бир тилак,
    Қани, ҳижронларга бера олсам чап.
    Мен учун дунёсиз, қадрингиз бўлак,
    Сиз-ла яшамоқни ўзи катта гап.

    Салга олисласа ёнар бу бағир,
    Билмайман, бунчалар боғланиб қолдим?!
    Қисматимни ўйлаб тан олдим ахир,
    Ростдан ҳам сиз учун занжирман олтин…

    Мен сизни шунчаки севмайман,
    Таним айрилса ҳам руҳ тортаверар.
    Гарчи сизга очиқ бир сўз демайман,
    Кундан кунга дилда чўғ ортаверар…

    ххх

    Кимим бўлманг, дилга яқинсиз

    Кўнглим билан ўйнаша кўрманг,
    У сизга шунчаки эрмакмас.
    Сўнг пушаймон бўлиб юрманг,
    Менга бундай ўйин керакмас.

    Сизни қайта учратиш асли
    Кирмай ҳаёл кўчаларига,
    Бедорликни ҳазонлар фасли
    Ҳадя этди кечаларимга.

    Бунга жиддий боқмадим аввал,
    Ҳаммасини ҳазилга йўйдим.
    Ҳар келганда шеър ила хабар
    Кейин мутлақ ишонмай қўйдим.

    Муҳаббатдан қўлим ювганман,
    Ишқ мен учун эртак туюлди.
    Бу телефон ёзишмалари
    Ўзимга ҳам эрмак туюлди.

    Жуда қизиқ табиатингиз,
    Дилга не ўй-гумон соласиз.
    Ойлаб жимиб кетасиз яна,
    Билмам нега йўқлаб қоласиз.

    Шусиз ҳам кўп парвоналарим,
    Сизга жуда эмасдим кўп зор.
    Менга бўлган қарашингизга
    Рости, бермай қўйдим эътибор.

    Шу тариқа ойлар ўтдилар,
    Фасллар ҳам бир-бирин қувди.
    Дилимдаги ишқ армонларин
    Кўкламларнинг ёмғири ювди.

    Осмон йиғлар кўнглим сўроқлаб,
    Менинг дардим ўз дардиммикан?.
    Кейин нега кетди йироқлаб,
    Секин-секин… ўзгардиммикан?!

    Ҳа, ўзига тортмай ҳам қўйди,
    Ёрсиз келган баҳорим сира.
    Мавҳумликдан юрагим тўйди,
    Барисидан дил бўлар хира.

    Энди- янги юпанч изладим,
    Сиз томонга бурилди йўлим.
    Таскин излаб юрган кезларим
    Бағрингиздан топганман қўним.

    Асли талпинганим сиз эмас, бошқа,
    Қалбимни соғинчлар қийнарди.
    Тўғрисин айтаман, чорам йўқ бошқа,
    Ёнингизда туриб уни ўйлардим.

    У – кечам, сиз менинг бугунги куним,
    Ширин ёлғонлардан топмайман ҳузур.
    Эртага кимимсиз, рости номаълум,
    Кўнглингиз ранжитсам, минг бора узр.

    Бугун ҳаётимни қўйиб паллага,
    Ўтмишимдан зўрға бурдим юз.
    Энди не чоғ, қайси паллада
    Кимим бўлманг, дилга яқинсиз

    Сизга бўлган туйғуларимни
    Ишонсангиз хаттоки билмай,
    Ахийр, иқрор бўлдим, мен сизга
    Ўрганиб қолибман, ҳарқалай…

    Сиздан илтимосим фақат биргина,
    Кўнглим ҳеч кимсага овунч, эрмакмас.
    Менинг дилим билан ўйнашманг сира
    Энди менга бундай ўйин керакмас…

    ххх

    Йўлларингга кўзим тўшалди,
    Бир ёш қотди қароғларимда.
    Айтилмаган орзум ушалди
    Лек жавоб йўқ суроғларимга.

    Аросатнинг йўллари узун
    Чайқалади девона дилим.
    Қаро тунлар бунчалар маҳзун,
    Мен тун бўйи бағримни тилдим.

    Кутаяпман ҳануз йўл пойлаб,
    Тўлдирмайин сабрим косасин.
    Бардош бергум ҳафтаю ойлаб
    Кутаяпман дилнинг тозасин.

    Тангрим, Унинг кўнглига солгин
    Ҳажрида хўп куйганим билсин.
    Йўлларини мен томон солгин,
    Келса, менинг қошимга келсин!

    ххх

    Мен Худодан сизни сўрадим

    Ёнингизда тинчдир юрагим,
    Ҳавотирлар топар ниҳоя.
    Агар бўлса сизга керагим,
    Ҳижронлардан қилинг ҳимоя.

    Ҳар ҳаёлдан бузилар тинчим,
    Рашкдан бўлар ангорим ҳас ранг
    Жоним, сиздан битта ўтинчим:
    Гумонлардан сиз мени асранг.

    Ошиқ қалбим дарёи-денгиз,
    Мусаффо дил тортмасин хира.
    Агар чиндан бўлса меҳрингиз,
    Шубҳаларга йўл берманг сира.

    Сиз-ла кўнглим топар халоват,
    Бағрингизда ухлай хотиржам.
    Бир умрлик роҳат фароғат,
    Ором билан яшайлик, эркам.

    Ёнингизда хотиржам қалбим,
    Яшаш завқин кўрайлик баҳам.
    Агар бўлса заррача қадрим,
    Ҳижронларга бергайсиз барҳам.

    Умр ўтсин осуда-сокин,
    Юраклар тинч, қалбларимиз жим.
    Сиз ҳам олиб ташвишлардан тин
    Бахтимизни қўриқланг, жоним.

    Келдим, сизни танлаб муқаррар
    Боғланяпман кун ўтган сари.
    Бир кун шу ишқ кунимга ярар,
    Ўзингиздан кетказманг нари.

    Айрилиқдан безди юрагим,
    Билмоқ учун дилга қўл солди.
    Мен Худодан сизни сўрадим,
    Энди фақат гап сизда қолди…

    ххх

    Хазонлар фасли

    Азизим, андуҳга тўлди юрагим,
    Сарғайиб боряпман япроққа ўхшаб.
    Бағри ҳувиллаган боғлардай кутдим,
    Пойингга тилларанг гиламлар тўшаб.

    Туйғулар кўнгилдан тўкилар бир-бир,
    Шамоллар супурар телба ҳисларни.
    Мезонга айланган дилимга бир кир,
    Кўргил, юрагимда қолган изларни.

    Энди куз. Аслида севмоқ пайтимас,
    Ерда ётган дилни хазонлар эзар.
    Сенга атаганим ишкнинг байтимас,
    Аммо кунглимда ёт туйгулар кезар

    Бегона, девона ҳисдан карахтдай
    Хижроннинг тафтида куйган қалбимни.
    Япроқларин ерга тўккан дарахтдай
    Баҳоргача асраб турар сабримни.

    Ўшанда сенинг ҳам бағринг бўлар бут,
    Маҳзун нигоҳимга кўникиб кетса.
    Қайтадан барг ёзиб гуллашимни кут,
    Агар баҳоргача тоқатинг етса…

    Бўғзимдан ўт бўлиб чиқади сўзлар,
    Иситмоқчи бўлиб салқин кунларни.
    Балки эслагаймиз куз ўтган кезлар
    Ишқимиз ёритган ойдин тунларни.

    Кузда севмок оғир, севилмоқ оғир,
    Ёмғиру дўлларда қолиб кетар ишқ.
    Куз видо куйини чалганда ахир
    Хазонга қўшилиб ёниб кетар ишқ.

    Азизим, куйларга айланди кўзим,
    Дилимда ишқ эмас, мезонлар васфи.
    Кечагача қаёқдайдик иккимиз,
    Бизни учраштирди хазонлар фасли…

    ххх

    Очилмади кўкнинг қовоғи,
    Булутларнинг ипи бўшалиб.
    Уч кундирки, эзилиб-ўксиб,
    Йиғлайверди менга кўшилиб.

    Кел-эй ёрим, айрилиқ ёмон,
    Йиғлоқ мену ва кўкда абр.
    Соғинганлар бўлса офтобни
    Қарғишига колмайлик, ахир!

    ххх

    Ҳадичага тортдим шекилли

    Атай кейин ясаганмикан,
    Ҳисоб қилиб саралаш вақтин.
    Ўзи бизга атаган экан
    Аёл бўлиб яралиш бахтин.

    Қадимдами, ҳамма замонда
    Аёл малак, ҳилқат аслида.
    Ўхшаганман асли момомга
    Ахир қоним Ҳавво наслида.

    Энди аврай олмайди илон,
    Руҳим нафсни ҳам банди этган.
    Ватанидан ажралиш билан,
    Дунё кезиш момомдан ўтган.

    Аёл бўлиб яшаш завқлироқ,
    Бизда имкон ҳаммавақт бўлган.
    Ҳаммамиздан Ҳавво бахтлироқ:
    Яралганда ёри нақд бўлган.

    Шу он кўнглим қилди эътироз:
    Балки омад чопиш бошқача.
    Ёрни орзу ўйларингга мос
    Ўзи танлаб топиш бошқача!

    Ҳавво бирдан насиб Одамга,
    Тушида кўрмаган, ният этмаган.
    Мендек севиб ёниб, отамга
    Ягонам деб шеърлар битмаган…

    Ҳар гал инсни ясаганда Қўл,
    Қилар экан яна мукаммал.
    Ишқ – Ўзига элтувчи бир Йўл,
    Меҳр – фарзга қилмоқлик амал.

    Муҳаббатга умримни бердим,
    Ҳаловатим бир Одам олди.
    Ҳавво бу мен, мен Ҳавво дердим
    Энди эса ўй босиб қолди:

    Кимга ширин ҳаёллармизу
    Бизнинг севган Атомиз бошқа.
    Фариштадай аёллармизу
    Қилган гуноҳ хатомиз бошқа.

    Яралгандим Ҳаввога ўхшаб,
    Ишқда ундан ортдим шекилли.
    Муҳаммадга эргашиб яшаб,
    Ҳадичага тортдим шекилли…

    ххх

    Шукрона

    Яшаяпман, шукр, сог-омон,
    Юзимда нур, қалбимда кўклам.
    Босган изим, пойим гул-чаман,
    Соф умримга ҳавасда кўк ҳам.

    Субҳ самони ёритмай туриб,
    Дилим равшан этади тонгим.
    Офтобимнинг заррин нуридан
    Ҳар саҳарда меҳр-ла қонгум.

    Оҳ, бунчалар мусаффо ҳаво,
    Тўйиб-тўйиб оламан нафас.
    Шу лаҳзанинг ўзи бир сафо,
    Шу тўйишнинг ўзи бир ҳавас.

    Юргандайман жаннатни кезиб,
    Сочларимни силайди еллар.
    Дилим шавқин ҳар саҳар сезиб
    Янги кунинг муборак, дерлар.

    Яшаш ишқи солар қалбга чўғ,
    Дилни ёқар иштиёқ бирам.
    Ҳа, умрдан буюк неъмат йўқ,
    Тирикликнинг ўзи бир байрам!

    Ҳар кунимга шукрлар бўлсин,
    Синовлардан ўтганим бахтим.
    Ўзи менга куч-қудрат берсин,
    Яна дадил, ўзгача шахтим.

    Қадрлидир ҳар лаҳза, ҳар чоғ
    Завқим куйлар дилда баётни.
    Мени яна сийлади Аллоҳ,
    Қайта совға қилди ҲАЁТни!

    хххх

    Индамай севаман

    Ноқулай вазият. Ортиқча севгим,
    Юрагим ҳадяси сиз учун малол.
    Гарчи гуноҳлар ҳам эмасдир тенгим,
    Аммо ишқ мен учун ҳалолдан ҳалол.

    Индамай севаман. Қилмайман ҳам арз,
    Лаб очсам бу ишқмас, миннат бўлади.
    Меҳр-муҳаббатим ўзим учун фарз,
    Индамай севганим суннат бўлади..

    Асли билмай йўлим тўсади ғурур,
    Қалбнинг очилгани айбмас, роз бўлар.
    Ўчирмаса бу ўт ёнганча турур,
    Қанча суйсам сизни шунча оз бўлар.

    Бир қадам ташлайман. Сизни кутаман,
    Умид ҳам, илинж ҳам ҳатто мубоҳмас.
    Соғинчни қийнайман, ичга ютаман,
    Бекитиб севиш ҳам хато, гуноҳмас.

    Дилдан меҳр тошар, кўзларимдан чўғ,
    Ўзимни йиғидан тияман аранг.
    Сиз эса ҳали ҳам сезганингиз йўқ,
    Билмоқчи бўлсангиз… кўзимга қаранг!

    Ҳижрон ҳар сония олади қасдин,
    Ҳар куни интизор сизни йўқлайман.
    Дийдорнинг умиди қалбимга таскин,
    Соғинчни бағримга босиб ухлайман.

    Муҳаббат жон билан этилган ато,
    Билмам, қайга бошлар бу кўнгил майли.
    Сизнинг қалбингизга киришим хато,
    Сиз менинг дилимга кирсангиз майли…

    Кутаман. Бир куни йўллар туташар,
    Ахир бораётган манзилимиз бир.
    Кўнглим тўқ, руҳимиз дунёлар ошар,
    Аллоҳ учраштирар бизни барибир!

    Москва.

    www.yangidunyo.org

    Published on mars 17, 2013 · Filed under: "Янги Дунё" кутубхонаси;
    Kommentarer inaktiverade för Соҳиба Ҳайитбоева: Индамай севаман (янги шеърлар)

Comments are closed.