ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
  • Ҳайдарқул Шарипов: Беназир (ҳикоя)

    Шарипов суратиТожикистонлик истеъдодли ёзувчи Ҳайдарқул Шариповнинг ушбу ҳикоясини ўқиш жараёнида кўнглингиз тўлиб йиғлайсиз. Инсон ҳаёти нақадар мураккаб ва сирли, кутилмаган воқеаларга тўла эканлигини ҳис қиласиз. Хатолардан тақдирлар яралиши нақадар тўғри эканлиги ёдингизга тушади. Ҳаёт жумбоқлари ва мураккабликлари ичида яшаб, ўзини йўқотмаган инсонлар барибир бир кун келиб ўз мақсадларига эришишларига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
    *****

    Тошкентдай шаҳри-азимдан ҳозирги мўъжазгина шаҳарчага хизмат топшириғи билан келганимга бор-йўғи бир ҳафта бўлди. Янги жой, барибир янги жойда… бегона муҳит, бегона одамлар… Ётсираб, ўзингни чеккага тортиб турасан… Ҳайқириб оқаётган дарёнинг шиддатли оқимига қўшилолмай, чекка-чеккада сарсон-овора хас-чўпакка ўхшайсан, гўё… Бу йилги тирамоҳ ёғин-сочинсиз, офтобли кунларга бой келди. Қиш кириб унинг ҳам сафари яримлаб қолдики, ҳали осмон бир парча булутни кўргани йўқ. Қирчилллама чилла маҳали бундай тафтли-ҳароратли кунларни кутмаганмиди, ёки шу сабаб, қишки уйқудан адашдими, шафтоли ва ўрикнинг қизғич новдаоарида лабга тошган учуқдек куртаклар бўртиб қолди. Тоғда эса бодом қийғос гуллаб берди. Қир-адирларни, тепаликлар бағрини ҳали нимжон, офтоб нурига қониб-қонмаган яшил майсалар қоплади. Қишлоқ кўчаларида гуруҳ-гуруҳ бўлишиб, бойчечак айтувчи болалар кўпайиб қолди.
    Бир кунлик ҳаққи қолса ҳам қиш барибир қишлигини қилади. Пешиндан сўнг, аллақаёқдан пайдо бўлган дайди шамол бир зумда ҳаммаёқни тўс-тўполон қилиб юборди. Боягина чарақлаб турган офтоб юзини чанг-тўзондан иборат хира парда тўсди-ю, теварак-атроф бир зумда зулмат ичида қолгандек бўлди. Кечга бориб қор учқунлай бошлади. Тун ярмидан оққанда йирик-йирик узилган хамир зуваласидек лайлак қордан ер юзи из босар бўлди. Тонгга бориб, ҳаво шунақаям совиб кетдини… Йўлакларда қор-яхмалакка айланиб ойнадек ялтирарди. Қарияларнинг гапига қараганда, яқин йигирма йил орасида бундай қаҳри-қаттиқ қиш бўлмаган. Шу қорли-қировли кунларда мусофирхонадан жой олиб, кўнгил тўлармиди?… Бундай пайтларда, унинг қайси бурчаги иссиқ бўлса, тўри ҳам ўша ер бўлади. Шуларни ўйлай-ўйлай, меҳмонхонадан кўра, хусусий уйларни маъқул топдим. Қўним топганим кўп қаватли бинолардан биридаги Марфа холанинг уч хонали уйи бўлди. Шу ерга келганимдан буён, деярли ҳар куни ҳар тонг бир хил манзарадан уйғонаман. – Ма-ла-кўўв!… Ма-ла-кў-ўў-ўв… Ғира-шира субҳидамда баолконимиз этагидан ана шу хитоб янграйди. Ма-ла-кў-ўў-ўв… овоз дастлаб узоқ-узоқлардан, заиф, худди тушдагидай қулоққа чалинади. Бора-бора жуда яқиндан, аниқ-тиниқ эшитила бошлайди. Аввалги яккам-дуккам янграган садо, кейинчалик ёш болаларнинг , аёлларнинг, ўспиринларнинг паст-баланд, мулойим ва дўриллаган овозига қоришиқ ғала-ғовурга айланиб кетади. Шаҳар эса, ширин уйқуда. Айниқса дам олиш кунлари тамоқ йиртиб бақиришар, чираниб қичқиришлар тонгги уйқунинг ширин таъмидан қониб-қонмаган шаҳарликларга малол келади чоғи, ғашларини келтира бошлайди. Қайсидир қаватдаги уйнинг балкон ойнаси зарда билан очилгани, сўнг мудроқ босган эркак кишининг хирилдоқ овозда ўшқиргани эшитилади.
    Ҳей, укағарнинг боласи, ухлагани қўясанлами, йўғми? Силадаям
    уй борми, ё кўчада ётасанларми? Қайси тентак ярим кечаси сут ичади. Тур-э, ҳамманг қорангни ўчир…
    Бу таҳдид сабр-косаси тўлиб, турган яна қайси бир олифта шаҳарликка далда бўлди, шекилли, бу сафар рўпарадаги бинодан хотин кишининг жаврагани қулоққа чалинди…
    Вой, -воей. Дунёни сут босиб кетибдими дебман… Топиб олганлари
    бизнинг дом, топиб олганлари бизнинг дом… нарироқ борсанг бутинг йирилмас… одам кўрганим ёлғон экан-ей… на ўзлари ухлайди, на бировга уйқу беради.
    Овоз эгасининг ҳансирай-ҳансирай бобиллаши, бурни қолиб, зотдор байталларникидек селкиллаган корсонидан нафас олишидан бесўнақай семизлиги шундоқина сезилиб турибди… Оғзининг шалоқлиги, қулоқни қоматга келтирар даражада шанғиллаши эрта тонгдан шом қоронғусигача бозорда тарвайиб ўтириб олиб, олди-сотди қилувчи савдогар хотин эканлигидан нишона. Пулнинг ҳадисини олиб ўрганган бундай эркаксабзи хотинлар уйларига бўйнидан арқон солиб судрагудек, мажбуран, фақат тунагани келишади. Таҳдидли ўшқиришидан, аламзада овозидан бевалиги, эрга ёлчимагани, тўғрироғи муқим эр кўрмагани ҳатто оми одамга ҳам шундоққина аён. Сут сотувчилар эса, бунқа хархашани биринчи марта эшитаётганлари йўқ. Ҳатто пашша чаққанчалик ҳам таъсир қилмайди. Аксинча, атайлаб ўчакишгандек, бири қўйиб, иккинчиси айюҳаннос солишади, оғизларидан бол томиб, сутларини мақтай бошлайди.
    – Ма-ла-кў-ўў-в…, ма-ла-кў-ўў-в… Дераза ойналари қандай зарб билан очилган бўлса, яна шундай зарда билан ёпилади. Кўпинча бу зарда тагида, “юзинг қургур, бетасирлар” деган маъно бўлади.
    “Бунчалар нон емас бўлмаса, бу шаҳар одамлари, гоҳида ички бир алам билан ижирғниб қўйишади сут сотувчилар. Ҳам бурнининг тагида тайёргина сут келтириб берсанг, ғафлат уйқусидан уйғотсанг. Ношукур бандалар, -раҳматўрнига-туҳмат-а”…
    Гоҳида карвонидан адашган бўалоқдек ҳали қулоқларга “малакўв” чалик қуйилиб ўрганмаган, сал бегонароқ, овоза қилишдан қўра, кўпроқ тавсияга ўхшаб кетадиган бошқа бир ҳайқириқ ҳам садо беради…
    -Яйца… яйца… яйца… қаймоғ…
    Табиийки, “яйца” билан “қаймоқ” эгалари чор атрофга қанчалик айю-ҳаннос солишмасин, барибир “малакўв” чалик жарангдор чиқмайди. Жарангдорки чиқмайди, демак нарҳи ҳам ҳаминқадар…
    Бу бақириқ-чақириқлар, офтоб илк қизғиш ва нимжон шулаларини тоғ ўркачларига инъом этар маҳалгача давом этади. Сўнг, унинг заррин кокилларидаги ҳарорат ўз тафтани атроф-жавонибга ёя бошлагач “малако” ҳам “яйца” ҳам, ва ўз-ўзидан равшанки, “қаймоқ” ҳам бир зумда жимиб қолади. Гўё чидаб бўлмас ёлқинда эриб кетгандай…
    Ана шундай кунларнинг бирида, феруза тонг кумушранг пардага ўранган маҳал бўлса бордир, деярли ҳар сафар такрорланверганидан, миямга азбаройи қўрғошиндай қуйилиб қолган бақир-чақирлар орасида жудаям озурда, хафаҳол бир овозни илғандай бўлдим. Устимдан кўрпани интиқиб ташлаб, бутун вужудум қулоққа ай айланган куйи яна ўша сасни кутдим. Овоз шунчалар журъатсиз, ортиқча эҳтирослардан бегона ва ишончсиз эдики, мобода қаттиқроқ қичқирса, овозидан ажралиб қоладигандай ёки ундан ҳам даҳшатлироқ воқеа рўй берадигандай…
    -Ма-ла-кооо… Ма-ла-ко-ооо!…
    -ярим синиқ овозда харидорларни чорларди халиги овоз… Унинг ниҳоятда ғариблиги, шу билан бирга самимийлиги ва поклиги, қолаверса, юзсизлиик ва бетгачопарлигидан кўра, уят ва андешага йўғирилган оҳанглари, эҳтимол мени ўзига жалб этгандир. Апил-тапил тўнни елкага ташлаш дераза ёнига келдим. Пастга қарасам, ғира-шира қоронғуда улкан чинор остида (ўғлими-қизми) ажратиб бўлмасди. 10-12 ёшлар чамасидаги боланинг гавдаси кўзга ташланарди. Бир учи ёғоч тўсинга, иккинчи томони чинор танасига михланган қўлбола скамейка устидаги сумкасини биринчи қаватдаги ёритиб турибди. Ёлғиз ўзи… Атрофида бошқа ҳеч ким йўқ… Аҳён-аҳёнда, ўша синиқ овозда харидорларни чақириб қўяди.
    -Ма-ла-коо… М-а-ла-коо-в:
    Қизиққонлигим устун келиб, унинг ёнига тушиб бордим. Қиш куни эмасми, ҳали тонг юз кўрсатишга анча маҳал бор. Уч кун илгари ёққан қор, ҳали эриб улгурмаган, аксинча, тунги аёздан яхмалакка айланибди. Аччиқ совуқ қулоқ ва бурунларини чимдим олгандек булади. Унга тузукрок разм солдим. Эгнида опасиникими, хар калай жиккаккина гавдасида беухшов осилиб турган, хийлагина уриниб колган кишлик пальто, бошига ката аёллар урайдиган кора жун румолни ташлаб, ияклари остидан тангиб боглаб олган, оёгида резина этик. Пойафзалининг торлигидан дакика сайин забтига олаётган аёвсиз игна санчишиданми, токатсизланиб оёкларини галма-гал бир-бирига ишкаб куяди.
    – Сут сотасанми, -қизим, -унга берган биринчи саволим ҳам, суҳбатимизни қовуштирадиган дастлабки сабаб ҳам шу бўлди. Харидор гумон қилди шекилли, ялт этиб мен томонга ўгирилди. Шунда… шунда унинг сўлғин, ғамгин нигоҳлари менга қадалди. Нари борса, худди ўзим тахмин қилгандек 9-10 ёшлар чамасидаги қизалоқ… Юз ифодаси худди катта одамлардай.. Ўйчан боқишлари, маъсум нигоҳлари-ю, сўлғин чеҳраларидан мурғаккина боши билан ҳаётнинг анчагина залворли юкини елкасига опичлаб тургандай…
    – Олинг тоға, тоза сут, ҳечҳам сув қўшмаганман.
    Ўзимнинг сигирнинг сути… Гарантияси билан…
    – Гарантиянг нимаси қизим… Кизалоқ беозоргина елка қисиб қўйди.
    – Билмасам ҳамма шундай дейди-ю…
    Унинг тўтиқушдек бидирлашага дилдан яйраб кулгим кеса, рўзғор тебратиш деб аталмиш ютоққанюҳонинг ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган маъсума гўдакнинг қувноқ ва бахтли болалигини олганига ич-ичимдан эзиламан.
    – ҳали сутга сув ҳам қўшишади дегин, -хайратланган бўлиб сўрайман ундан.
    – Кўплар шунақа қилишади де, анқа… сутим кўпайсин деб…
    – Кейинчи, ўшани ҳам сотишадими, сут деб!
    – Кўпроқ сув қўшса, кўпроқ пул бўлади.
    – Нега сен қўшмадинг, ёки қўрқдингми, билиб қолишади деб…
    – Йўқ қўрқмадим! Энам уришади, озгина сотсанг хам ҳалолгина сотиб кел дейди…
    Тоға, ўзи сут оласизми?
    қизча менинг сут олиш ўрнига уни бемаъни саволлар билан чалғитганимга, вақтини қизғангандек ғалати қараш қилиб қўйди.
    – Ваҳ, эсим қурисин, менинг…
    Шунда аллақаердан бир тўда сут сотувчилар олдимиздан ўтиб қолишди.
    Ёш болалар ёши анчага бориб қолган хотинлар, ўспиринлар. Бири қўйиб, бири сутини мақташди.. Бақир-чақир авжига чиқади…
    – Кун борми, йўқми силарнинг дастингдан… ҳе, энағарди..
    Кизалок билан бир пайтда, тепага, овоз келган томнга қараймиз. Бизнинг нигоҳларимиз қадалган жойда-дераза ойнаси ёнида, ҳумдек бошини ойнадан чиқариб, ёлдор кўкракларини балкон тўсинига тираганча, тепакал бир киши турган бўлади.
    – Боланику- бола деса бўлади, кап-катта одам Сизам уларни тинчитиш ўрнига қўшилиб бақирасиз-а, уйқйнинг ҳаромини чиқариб…
    Тепакал нусха мени ҳам сут сотивчилар қаторига қўшиб қўйганига унчалик хафа ҳам бўлмайман. Шунда ҳалитдан буён электр чироқда офтобдек чарақлаётган ялтирбош ёнида, тирсиллаб сутга тўлган говмиш сигирларникидек селкиллаган сийналарини осилтирганча ярим яланғоч жазмани пайдо бўлади. Ул ноёб зот, пастдагиларга гап ўқтириш билан бефойда эканлигини ўз «жуфти-ҳалолига» тушунтирди шекилли, ҳеч кимдан тап тортмасдан намойишкорона бир-бирларини ялаб-юлқаб, ичкарига ғойиб бўлишди.
    Бундай пайтларда инсон танасига фақат она сути билан кириб, унинг онги ва рухиятига қадар сингиб кетган уят, ибо ва шарм-ҳаё каби виждон кўзгусининг бир парчаси, ҳали сен билан бирга барҳаёт эканлигидан дарак бериб қўяди. Ўзининг мутлоқо сезмаган ҳолда, забонига беихтиёр «шарманда вой шарманда» деган иборалар бетўхтов айланади, нигоҳингни қаерларга бекитишни билмай қласан… Идиш баҳонасида тепага югуриб кетаман. Суҳбатимизни узилиб қолган жойидон давом эттирмоқ учун, яна луқма ташлайман.
    – Мактабда ҳам ўқийсанми?
    – Ўқийман, учинчида, – қиз менинг идишимга сут қуя туриб жавоб беради
    – Бу аҳволда қандай ўқийсан, ҳар куни сут сотсанг…
    – Сутни саккизгача сотиб бўламан. Кейин заводнинг автобусига улгуришим керак. Дарсга кечикиб бораман, ленин, муаллимиз индамайди. Тушунади.
    – Нима унда бошқа киши йўқми сут сотадиган?
    – Нега, энам бор, қариб қолган, юролмайди. Бувамни кўзи кўрмайди.. етакламаса, ўзи йўл тополмайди.
    қизча сутни қуйиб бўлиб, қаддини ростлади. Юзини тўсиб қўйган рўмолини ортга суриб қўйди. Шунда кўзим дафъатан унинг ияги остидаги нўхатдек холига тушди.
    Баданимга муз югургандек бўлиб кетди. Хаёл қурғур бир зумда қаерларга олиб бориб, қаерларга олиб келмади.
    — Икки юз сўм тоға.
    — А нима дедеинг?!
    — Икки юз деяпман, сутнинг пули-де?
    — ҳа, пулми, ҳамён уйга қолганлиги эсимга тушиб, яна тепага югурама. қиз менинг паришонхотирлигимдан нашъа қилиб, қотиб-қотиб кулади.унинг қўнғироқдек кулгуси тонгги сукунатда анчагача акс-садо бериб туради.
    Кун бўйи хаёлим унда бўлди. Бир бечора ночорликдан, куни қаттиқлигидан, гулдай боласини совуқда қақшатиб, рисқ топиб келиш учун кўчага чиқариб қўйган бўлса? Боласи ўз оёғи билан уйга кириб боргунча юраклари туз сепгандай ачишиб ўтиргандир?
    қўлларим бирор юмушга бормас, ўтирсам ҳам, турсам ҳам, ўша қизалоқнинг сўлғин юзи, ўйчан нигоҳлари кўзолдимга келаверади. Айниқса ияги остидаги қоп-қора холи.. Демак исми Холида, ёки Холдорхон, зҳтимол Холинисодир … Каллайи саҳарлаб уни подъезд этагида яна ўзим кутиб олдим.
    — Бугун ҳам сут олвсизми тоға, кечагисини ичиб кўрдингизми, ширинмикан? – Кизалоқ қўлимдаги идишни кўриб сўради.
    Менинг эса томоғимдан сут ўтармиди? Кеча музхонага қўйганимдан буён хаёлимга ҳам келмабди.
    — Ширин бўлмаса, сени кутиб турармидим қизим…
    Шундай қилиб бир-биримизга эл бўлиб кетдик. Уэринмасдан ҳар тонг сут келтиради, мен эса унинг доимий харидори… энди бурунгидай «малакоо»деб қичқирмайди, балки уйимиз рўпарасида туриб олиб, дераза тагида мени чақиради.
    — Шоир тоға…
    Кизалоқ мени шундаай деб чақиради. Мен ҳам шунга кўникиб қолганман, гўёки туғилганимдан менга шундай исм қўйишгандай.. Мен эса уни Холида деб чақираман. Холида ҳам шу пайтгача бирон маротиба бўлсин, «Шоир тоға менинг исмим Холидамас, фалончи» демаган. Бизнинг муносабатимизни четдан кузатган киши, узоқ йиллардан буён бир-бирларини яхши биладиган эски қадрдонларга қиёслаши табиий…
    Негалигини билмайману, Холидага фақат яхшилик қилгим, иложи борича оғирини енгил қилгим ваш у баҳонада юзларида севинч, хушнуд бир кайфиятни кўргим келаверади. Гоҳида уни уйга ўтқазиб қўяманда, Марфа холадан унга чой тайёрлаб беришини илтимос қилиб, ўзим сут тўла бидонни кўтарганча, қўшниларникига югуриб кетаман. Холижонларига қўявермагач, уйларида сут бўлсада, чор-ночор сотиб олишга мажбур бўлишади, уйинг нурга тўлгурлар.. Шу билан қизчани ортиқча ташвишдан, кўчада беҳуда саргардон бўлишдан халос этаман. Бу хатти-ҳаракатим билан унинг ҳам кўча-куйдабошқа болалардек шўх-шодон чопқиллаб юришини, боларга хос соддалик ва ўйинқароқлик билан болаликнингтакрорланмас маъсум ва беғубор онлари оғушида бўлишини юрак-юрагимдан истагандирман, балким…
    Холида Марфа холага ёқиб қолди. Энди у биз билан бемалол, тортинмасдан, бир дастурхон атрофида чой ичар, дам олиш кунлари мен унинг сут тўла идишларини бўшатиб келгунимча, чой ичиб, исиниб ўтирарди.
    — Шоир тоға сизга доля берай, – деб қолди у бир куни дабдурустдан… Марфа холла ҳам тушунманди чоғимда, менга қарада…
    — Долянг нимаси қизим…
    — Сиз менга кўп ёрдам бераяпсиз. Ўшанга анақаде, нима… процент…
    — Хизмат ҳаққи демоқчимисан… дедим, унинг нима демоқчи бўлганин тушунгандай бўлиб…
    — ҳа-аа… Холида унинг тили учида турган жумбоқни билағонлик қилиб тезда топганимдан яйраб кетди. Мен ва Марфа холла эса, унинг муштдек боши билан «доля» ва «процент» била ниш юритишига завқимиз келиб, қотиб-қотиб кулдик.
    — Холида, -даданг ҳам бормидилар?
    — Бору,.. йўғлар, у хомуш тортиб жавоб беради.
    — Нега йўқ дейсан, -ё… -Марфа холла «ўтганларми» демоқчи бўлди-ю назаримдашу сўзни айтишни ўзига эп қўрмади.
    — Мен дадамни кўрмаганман. Бувам айтадики, даданг ўзи туғилган юртига ишлагани кетган дейди.
    Унинг сўзларини тинглаб туриб алланечук бўлиб кетаман. Ўн йилдан зиёд вақт ўтибдики, дадсига интизор. Демак онаси дадаси ҳақида бирон марта бўлсин ножўя гап қилмагандирки, падари бузрукворига меҳри беқиёс. У гапираверади… гапираверади. Мен эса ҳайратдан ёқа ушлайман. Ёпирай! Дунёда бир-бирига қуйиб қўйгандай ўхшаш одамларнинг борлигига иймон келтирмоқдан ўзга чора йўқ. Бунчалар ўхшаш. Муниснинг ўзгинаси-я. қош-кўзлар, бурун, қимтинган лаблар… Бир вақтлар бизнинг ҳам арзанда, эркагина фарзандимиз бор эди.
    Худо кўп кўрди. Йўқ! Йўқ! Яратганнинг олдида гуноҳга ботмайин! Менинг ўзим кўп кўрдим. Туғилганда, худди Холиданикига ўхшаш ияги остида холи бор эди. ҳозиргача ақлим етмайди, хотиним туғруқхонага тушди-ю, балога гирифтор бўлди.эрта индин жавоб берамиз деб турганда, бош оғриғига йўлиқди. Аввал интенсив палатага, у ҳам наф қилмагач реанимация бўлимига ўтқазишди. Шу-шу аҳволи баттар бўлса бўлидки, бери томон ўзгарай демади. Бу ёқда ойга етиб, етмаган чақалоқ чирқиллайди, эмизадиган одам йўқ. Дунё кўзимга тор кўриниб кетди. Барибир кўнглим аввалдан сезиб юрган иш бўлди.
    – Энди ука, бизнинг ишимиз авваламбор даволашга молик бўлсада, лекин табобат натижа бермагач, беморни ҳам , унинг орқасида турган қариндош уруғларни ҳам умидвор қилмасдан, бор гапни айтиб қўйиш ҳам, хизмат доирамизга киради – деди реанимация бўлими мудирииенга иш кабинетида. Мен эса, доктор ўша «боргапни» ни айтмасдан бурун, совуқ бир нафасни сезгандай адойи-тамом бўлгандим.
    – Хотинингиз менингитнинг энг оғир формасига йўлиққан. Бундай беморлар юздан бир фоиз ҳолатда, тасодиф туфайли тирик қолади. Тирик қоганлари ҳам, бир умр ногирон, ёки шал, ёки кўр бўлиб қолади. Ўшандан буён духтурни курсам, юрагим орқамга тортиб кетади. Гўё улар эгнида оқ халати бўлгани билан инсон боласига фақат совуқ хабар тарқатиш учун яралгандай…
    Докторнинг уша совқ гапидан сўнг, бир-биридан даҳшатли, айқаш-уйқаш фикирлардан миям ғовлаб кетди. Биринчи фарзандимиз қиз туғулгани учун менинг йигитлик нафсониятим ҳақоратлангандай, бунинг учун эса шак-шубҳасиз хотиним гуноҳкордай эди. Ўнинг устига менга елимдек ёпишиб, буйнимга осилиб олаётгандай… Бу бало-қазодан энди ҳечам қутилишнинг иложи йўқ, аксича, бир бир умр ногирон хотиннинг чўрисига айланиб қолаётгандай эдим. Тенқурларим малоҳатга тўлиқ, бир қултим сув билан ютгудек хурилиқолари билан қўлтиқлашиб кўча-куйда сайр-томоша қилиб юрса-ю, мен эса ожиз заифамни етаклаб, унга йўл кўрсатувчи йўловчи юлдуз бўлиб қолавераманми? Бундан чиқди, йигитлик, ёшликдаги давру-даврон уволгина кетарканда?!
    Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб ўрганган мен, табиийки ҳаётнинг бу аёвсиз ҳукуми билан муроса қилолмас эдим. Энди ўша пайтдагиваҳшийлигимни, пасткашлигимни эсласам, узимдан-ўзим жирканиб кетаман.Бечора Мунисгинам… Уволгина Мунисим.. ўзи нима аҳвода ётибди-ю, мен нима дедим…
    – Мунис, мени ҳар ҳолда туғри тушунарсан, -мен бошқа бир қизни яхши кўриб қолдим. Икковимиз менинг юртимга кўчиб кетиб, ўша ерда яшашга аҳду-паймон қилдик. Мени кечиргин… Эҳтимол, мен шу аҳволга тушгандан сўнг, эрим айнигандир, деб ўйларсан. Йўқ. Ундай эмас мен уни аввал, сендан ҳам аввал яхши кўрардим…
    ҳа. Шундай дедим, айнан шундай дедим. Энди билсам,гулдай хотинимни шакардек қизимни дўзах оташига ташлаб, бошқа бир қизни яхши кўриб қолган кўзларим оқиб тушса, адолатдан бўларкан.. Билмадим нега ундай қилдим экан. Эҳтимол, шундай десам. Менга булганмуҳаббат ўрнини нафрат эгаллаб, мендан тезроқ совиса керак, деб ўйлагандирман. Мен бутунлай безиб кесин дегандирман. Аслидачи, аслидачи,… ҳеч кимни севмагандимку? Кўз очиб курганим ҳам, биринчи муҳаббатим ҳам тахтим ҳам Мунисим эдику-ку?!
    Бечора Мунисгинам!… Уволгина Мунисим!.. Бир оғиз ҳам гап қайтармади-я.. Тақдиридан нолиб, ўксинмади-я…
    – Майли дадаси… Йигит моли ерда, мендек бир нотовон, яримжон билан ёш умрингизни елга совурманг… Аслида бу гапни олдинроқ мен сизгаайтишим керак эди… У дунё-ю, бу дунё мен сиздан розиман, фақат ҳам васиятим, ҳам илтимосим.. – қизимни эҳтиёт қилинг. Менику ожиз, лекин, ёдгорлик бўлиб қолаётган ёлғизгина зурёдимнинг бахту-иқболини ўз кўзингиз билан кўринг…
    Менчи? Мусофирчилик баҳона, Оллоҳ-таоло ризқ-насибамни узга юрт тупроғига сочиб қўйган экан, шукроналар қилиб, шуни териб емадим. Ўз юртимни одамлари дея уларга талпиндим… Оқибатчи? Ўзга юртда эркин қуш эдим, ўз юртимда мусофир бўлдим. қиз туғулди деб нонкўрлик қилувдим. Эндичи? Энди қизга ҳам зорман. На рўзғоримда хайру-барака бўлди, на биримда икки қўшилди. Икки бегуноҳни тақдир ҳукмига чирқиллатиб ташлаб келаверганимдан сўнг, бундан зиёда нима кутиш мумкин эди. Холида-чи? Кўча-куйда тирикчилик ғамида улоқиб юргани билан барибир кимнингдир арзандаси, кимдир болам деб, хавотир тўла кўзлари билан кутиб туради…
    Менинг қизимчи? Менинг Беназиримчи? қаердайкин? Тақдирнинг палаҳмон тоши уни қайси гўшаларга улоқтириб ташлайдийкин? Ёки, анаву сут сотувчи қизалоққа ўхшаб, бир бурда нон топиш илинжида қайси кўчаларда хор –зор бўлиб юрганикин?
    Лекин кўнглим хийлатаскин топкандай, гўё узоқ қидириб юрганим- азиз кишимни топганману, шу боис қалбим тўрини хотиржамликка ўхшаш аллақандай туйғулар эгаллагандай…
    Ана шундай кунларнинг бирида Тошкентдан бирҳафтага келиб-кетишимни сўраб телеграмма аелиб қолди. Тошкентда ҳам хаёлимда ўша қизалоқ. Айниқса сафарнинг сўнгги кунлари роса тоқатим тоқ бўлаёзди, назаримда унга бирор нарса бўлгандай, уни йўқотиб қўйгандай бўлавердим. Кўнглим негадир ғаш еганим ҳам, ичганим ҳам татимайди. қишнинг охирги кунлари бўлишига қарамасдан, бўралаб қор ёғар, паға-паға қорлар уюми бир зумда ҳаммаёқни оққа ўраб ташлабди. Уйга тушга яқин кириб келдим. Эшикни Марфа холанинг ўзи очди.
    — Соғ келдингми болам, -у менинг юз-кўзларимни ўпиб куришди.
    — қизалоқ қандай, соғ юрибдими, -холанинг саволига савол билан жавоб қайтардим. Менинг безовталигимни сездими, ортиқча индамади. Жимгина қўлимга буклоғли қоғоз тутқазди. Шундоқ йўлакда кийимимни ҳам, пояафзалимни ҳам ечиб улгурганим йўқ, хатни ўқимоққа тутиндим.
    — Салом шоир тоға! Деб бошланарди хат. Мен сизни кўп кутдим, кўп соғиндим, келмадингиз. Сизга деб ҳар саҳар сут келтирдим. Энди келолмайман. Бувам оғирлашиб қолди. Энамга ҳам, бувамга ҳам ўзим қарраяпман. Сизга салом билан Беназир…
    Бошим ғувиллаб кўз олдим қоронғулашиб кетди. Дармоним қуриб, шилқ этганча деворга суяниб қолдим. ҳушим ўзимга келгач, шитоб билан ташқарига отилиб чиқдим. Орқамдан ҳой-ҳойлаганча қолган Марфа хола, деразадан бошини чиқариб мени чақирди.
    — Каерга к, қаерга кетаяпсан Вафо! Уни қаерда туришини биласанми?
    Дарвоқе, қаерда туради, у? Гандираклаб қаерга кетаяпман ўзи? Аҳволимни тепадан туриб тушинди шекилли, Марфа холаяна қичқирди:
    — қоракўзда тураман деди, ўшаёқда уйимиз деган.
    Дуч келган биринчи таксини кира қилиб қоракўз томонга ўқдек учиб кетяпмиз.
    — Тезроқ ҳайдасангизчи ака, бунча иммилладингиз, -сабрим чидамасдан ҳайдовчини қистовга оламан.
    — Бунча ичингиз тор иним, нима мен самолёт ҳайдаб кетачпманми, айтганингизданоқ учириб кетсам…
    ҳайдовчи эҳтимолшамолдек елгандир. Лекин менинг назаримда бир йил йўлда юргандек туюлди. Кела-келгунча ўзимни еб қўйдим, ҳисоб…
    «Галварс» ўласанми, шунча кундан буён бир оғиз исмини сўрасанг? Сендан ош-нон сўраётганмиди? Ақлингни моғору, кўзингни шира босганмиди? Афт ангори, юз-кўзлари худди Муниснинг ўзгинасику, шундан ҳам кўнглинг бирон нарса туймадими? Ияги остидаги холл-чи?
    Оҳ, Беназир, она қизим, ишқилиб бахтимга омон бўлгинда…
    Сўроқлаб суриштириб, керакли уйни топдим.сабрим чидамай, темир дарвозани қўш-қўллаб ура бошладим.
    — Беназир, Беназир, мен ткелдим онажоним, мен келдим, асалим…
    Мен талпинаётган дарвоза қолиб, қўшни эшикдан бошқа бировнинг боши кўринди.
    — ҳой биродари азиз. У уйда ҳеч ким йўқ. Кўрмайсизми, дарвозаларида қулф осиғлиқ-ку?
    Ростданам, қарамаган энканман. Каттакон бесўнақай қулф дарвоза тутқичида осиғлиқ турарди.
    – Жуда безовта кўринасиз, кимни қидириб рибсиз биродар…
    – Беназирни, ҳалиги сут сотадиган қизни…
    – Эҳа, худо раҳматли Мунисни қизин айтяпсизми?
    – Худо раҳматли, дедингизми, – рангим бўздай оқариб, қулоқларимга ишонмиган куйи, – суҳбатдшимга термулдим.
    – Шундай биродар, мунис қазо қилган. Куни кеча еттиси эди. Маъракасини ўтқазишди-ю, тоғасими, амакисими, кампир билан Беназирни кўчириб олиб кетди.
    Каерга кетишди билмадим. Кампир ҳам пишиб қолган. Бояқиш Муниснинг қзидан ҳам қизига жабр бўладида. Икки касалванд онани боқаман деб, ёш боши билан аёзни кунида йўлларда тутдай тўкилиб кетди-я… Бошида дадаси бўлганда ҳам, бунчалар ғариб бўлмасми-ди? Дадаси бо деб эшитамиз-у, лекин ўзини кўрамганмиз. ҳозарги эркакларга ҳайронман биродар. Шунчаям худодан жиловингни узганмисан қизтолоқ, совға – саломинг бошингни есин, ҳеч бўлмаса ўзингни кўрсат , бола бечора ичикиб кетди-ку:
    Юрагим бир зумда ҳувуллаб тап-тақир даштга айланди қолди. Мен истаган қайноқ дидорлашув, Ширин орзуларнинг саробга айланиши, мени адойи-тамом қилганди.
    Ўзлари ким бўладилар биродар… – ҳалиги кипши мендан сўраб қолди.
    – Менми… мен… ҳалиги, шундай ўзим сутга…
    – ҳа-ҳаҳа… шунақа денг…
    – Уй эгасининг ким билан бунчалар эзилиб гаплашаётгани билан қизиқишди, чоғимда, хотиними, болаларими, кўча тарафдаги дераза қанотларини ланг очиб юборди. Ичкарида телевизорданми, радиоданми хонанданинг дардли хониши қулоғимга чалинди.

    Неча кун кўнглим ёришмас,
    Шам чироғим қайдасан.
    Кўзларимдан қочди нур,
    Гавҳар қароғим қайдасан.

    қор шамол аралаш бўралаб ёғар, ҳайҳотдек кимсасиз йўлда бир ўзим маъносиз, мақсадсиз тентирардим…
    қайдасан Беназир, – асал қизим?!… Гавҳар қароғим, жону-жаҳоним қайдасан?!…
    Йўлда кетяпмиз-у ичимда чироқ ёқса ёришмайди. қанақа уйдим-чуқур йўллардан келганимизни энди фаҳмлай бошладим.
    -Бу оворагарчилигимизга қараганда, биронтасига қарз берганмисиз дейман? Бу ерга қарз бериб, ололмай оёғи куйган товуқдай югургилаб юрганларни кўп олиб келганман – ҳайдовчи гап бошлади.
    – Йўқ аксинча, мен қарз олганмдим… Жуда катта қарз. Умуман, бу ерларда хийла қарзим катта, -дедим хўрсиниб. ҳайдовчи зерикмаслик учун менга яна икки-уч луқма ташлаб кўрди. Менинг эса қулоғимга гап кирармиди. Кўзим очиқ тургани билан ҳеч нарсани кўрмас, мендан бирор садо чиқавермагач, у ҳам чакагини оғритиб ўтиргиси келмади чоғи, то манзилгача етиб кегунимизга қадар миқ этмади. Йўллар музлай бошлаган, атроф зулмат… Шамол худди дашту биёбонда увиллаётган чиябўрининг овозини эслатарди. Устига-устак бизга қарши эсар, паға-паға қорларни шитоб билан учириб келиб, машинанинг олд ойнасига қалаштириб ташларди. Шусиз ҳам зўриқиб ишлаётган ойна тозалагич, намчил қорнинг оғирлигидан, чириллаб қоларди. ҳайдовчи ахён-аҳёнда тишини ғичирлатиб ярим ошкора, ярим пинҳона сўкиниб қўярди. Сезиб турибман, бу томонларга келишга рози бўлганидан ич этини еяпти. ҳозир бемаврид бир оғиз сўз отсам, керасинга гугурт чақиб ташлаш билан баробар. Менинг дардим эса, уникидан ўн чандон залворли. Шундай бўлса-да, унга ўғринча қараб қўяман. Юз-кўзларини кўриб турмасам-да, унинг қай алфозда эканлиги, аниқ-тиниқ кўз олдимда намоён бўлади. Шаҳарга ярим тунда кириб келдик. ҳайдовчи, мен ва машина – ҳаммамиз бирдек чарчаганмиз. Машина худди ўша жойда Беназирни илк бор топганим, қадрдон скамейка ёнида тўхтади. Ўзим учун азиз бир нарса ёдимга тушгандек, юрагим алланечук бўлиб кетди. Машина эшигини ёпишни ҳам унутиб, қўлбола ёғоч ўриндиқ сари талпиндим. Устини катталар ковушини кўмар-кўммас қор қоплабди. Уларни қўллрим билан сидириб ташладиму, беихтиёр тикилиб қолдим.
    Гўёки шундай қилсам ҳали замон беназир келадию, сут тўла бидонларини шу ерга қўйиб, харидорларни чақира бошлайди.
    – Мала-кўв, малакўв! Шоир тоға сизга сут олиб келдим!…
    – Иним борор нарсангизни унутиб қолдирдингизми? – бир оз кечикиб бўлса-да, бу савол менга тегишли эканлигини англадим.
    – А, лаббай, бир нарса дедингизми? – ҳайдовчининг саволига савол билан жавоб бердим.
    – Кетишдан олдин бирор зарур нарсангизни қолдирганмидингиз, – девдим, – у ҳайрат билан ҳануз менга тикилиб тутарди. –Эшикни оча солиб, қор титкилаётганингизга айтяпманда?!
    -ҳа ака, – дедиа охри, тўғрисида кўча қолиб. қолдирибман, энг азиз нарсамни, юрагимнинг бир парчасини. Менинг учун жон қадар ширин ва азиз бир кишининг дийдорини, изларини… Энди бу ерлардан то топмаганимча, кетолмасам керак. Сўнг унга мўлтираб боқдим. Унингҳеч қандай маъно ўқиб бўлмайдиган нигоҳларидан икки нарсани ил ғаб олдим. «Ё тилла буюм, ё унданда қимматроқ ниманидир унутиб қолдирган. Бўлмаса, қор титкилаб, ярим тунда изиллаб ахтармасди. Демак, киройи қидиришга арзигулик нарса… -Бундай алжойи – салжойи гапларни чўнтагида ҳемири йўқ, бошмоғининг тучи тешик, лекин, бўйнидан бўйинбоғ тушмайдиган ҳаёлпараст шоирлар гапиргувчи эди. Ишқилиб, кира ҳақимни беришга қурби етармикан?» – деган ҳадик ҳам соя ташлаб турарди унинг қароқларида.
    Келишилган хизмат ҳақини икки баробар зиёда этиб тўлаб, ҳайдовчи билан хайру хушлашдик. Кира ҳақимни олгунча роса эсим кетса керак, деган ваҳимада эканми, кўзлари чақнаб кетди. қайта-қайта миннадорчилик билдириб, моторни ўт олдирди. ҳуллас, мижози шоирмиди, хаёлпарастмиди ёки савдогарми, билолмасдан доғда кетди. Скамейканинг бир четига омонатгина ўтириб, азим чинорнинг ҳўл танасига беҳолгина суяндим. Кўз олдимда юпунгина кийинган, резина этикчасининг учи билан совқатган оёқларини ишқалаганча тепага жовдираб қараб турган Беназирнинг ғарибгина сиймоси гавдаланади. Томоғимга бир нарса тиқилгандек, кўкрак қафасим торлик қилаётгандай нафас олишим оғирлашди.
    – Беназирим!.. Менинг тутдек тўкилган, сочқидай сочилган бечорагинам… – кузларимда ёш ҳалқаланди. Бир оздан сўнг, тепага қарасам, хонмиз чироғи ҳануз ёниқ. Демак, Марфа холла ухламаган, мени илхақ кутган. ҳадемай, балкон пардалари сурилиб, холанинг суврати кўринади. Энди уйга кирмасам бўлмайди, дедиму подъезд зинапоясидан юқориладим.
    – Топдингми уни? – марфа холанинг меникидан кам бўлмаган ташвиш аралаш биринчи саволи шу бўлди.
    – Йўқ, топмадим, тополмадим… Бошқа жойга – тоғасиникига кўчиб кетибди. Лекин, барибир топаман, топмасам бўлмайди уни.
    Ўзиям, жуда ёқимтой қизда, сенинг ўрнингда бўлсам, мен ҳам шундай қилган бўлардим. Етимга қайишсанг, Худо ҳам сенга қайишади.
    – Роса овора бўлибсан-да, на кийимингга, на аҳволингга қараб бўлади. Хонанга ўт, исинақол, ҳозир овқатингни олиб кираман.
    – Йўқ! Овора бўлманг, овқат егим йўқ. Бир пиёла қайноқ чой бўлса кифоя.
    Ўша кеча тунни минг азоблар билан ўтказдим. Кўзимни юмдим дегунча, нигоҳим қаршисида Беназир пайдо бўлаверади. Хуллас, на ётишимда, на туришимда ҳаловат бўлди. Тонга яқин асабларим толиқиб, кўзимга энди уйқу инган экан таниш ғала-ғовурдан сапчиб уйғондим. Устимдаги кўрпани итқитиб ташлаб, қиш куни майкачан балконга югурдим. Пешонамни балкон деразаисининг муздек ойнасига тираган куйи, бутун вужудим кўзга айланиб қуйига боқаман. Аҳён-аҳёнда икки, баъзан, уч –тўтр киши бўлиб, сут сотивчилар ўтиб қолишади. Лекин, улар орасида, мен учун жондан азиз ўша қизалоқ йўқ… Ўа каттакон бесўнақай жун рўмоли елкаси аралаш ўраган, пальтоси осилиброқ турган, оёғида сариқ резина этикли қиз кўринмайди. Скамейка ҳам бўм-бўш… Ма-ла-коов, Каймоқ, яйца, -деган қоришиқ овозлар ҳам уникига ўхшамайди.Уникидек маҳзун, синиқ ва журъатсиз эмас… Бир уйга кириб, бир балконга чиқиб, қанча фурсат ўтганини ҳам билмайман. Тонг анча ёришиб қолган, атроф жавониб кумуш ранга бурканган сари, сут сотувчилар сафи тобора сийраклашиб борарди. Мен эса умидимнинг сўнгги лаҳзалари увол кетишини сира-сира истамадим. Эгнимга тўнимни апил-тапил ила солиб, кичик бир бидончани олганча пастга югураман. Энди сут сотувчилар кетиб бўлган, овозлари ҳам эшитилмас… Пастда, йўлакда, ёшлари ўтинқираган бир аёл ҳам, қўлида идиш, ниманидир илинжида бесаранжом боқарди.
    – Сиз ҳам сутга чиқдингизми, қўшни? – рости гап, аянинг мени ўзига яқин олиб қўшни дейиши хуфтон дилимга бир тутамгина нур олиб киргандай бўлди.
    – Сутни бир кишидан олиб ўрганиб қолибмиз, айланай. Эндигина каттадан кичигимиз сутнинг таъмига ёлчигандек. Берганнинг бетига қарама деб, олишга олаверибмиз, на отини сқрабми-у на жойини-жалолини… Уволгина қиз, ёш боши билан покизагина савдо қиларди-я,. Рўмолига ўралиб, сут қуйиб бергандан сўнг, одамнинг кўзига жовдирабгина қараб турар эди. Бирам рамҳмиларим келиб кетарди, бирам меҳрим товланиб кетарди-ей, шу жафокашга. Бирда-яримда ўзига билдирмай бир сўм, ярим сўм зиёдроқ бериб юборардим, сутниҳаққи деб. Шундан бери йўлини пой лайман, дом-дараксиз. Сут келтирмаса ҳам, майлига эди, ўзи омон бўлсин, бояқиш. Бир бошқача яхши кўувдим-а, шўрликни… Ая гапираверади. Мен эса ич-ичим куйишиб, жим туравераман. Сўнг, уйга қуруқ қайтмаслик учун, дуч келган биттасидан сут сотиб олади-да уйга йўл олади.
    – Ноиложликда болам, -деб қўяди менга кетаётиб. Мен эса қалбим каби бўм-бўш идишниолиб, ортга қайтаман.
    – Марфа холла, -дедимэртаси кун нонушта маҳали уй эгасига. Манна кўрасиз, у албатта келади. Сизни ҳам, мени ҳамизлаб келади. Лекин, сиздан илтимос, ўша заҳотиёқ унинг хабарини менга етказинг. Иложи борича телефонга олиб боринг. Бирга Кўнғироқ қилинглар… Турар жойини, кимникида туришрни ипидан-игнасигача сўраб олинг.
    Сўнг кампирга ижара ҳаққини тўлаб, ишхонамнинг манзили, ўзимникидан бошлаб, бошлиғимизнинг телефон рақамларигача ёзилган қоғозни у кишига тутқаздим. –Ўла-ўлгунча миннатдорман сиздан, Марфа холла! ҳамма умидим сиздан! Илтимос қиламан, бир кўзингиз ўшанинг йўлида бўлсин! Менинг эса иккала кўзим ҳам сизларнинг йўлингизда нигорон бўлади. Иккимиз она-болалардек хайирлашиб, мен сафарга отландим. Тошкенга келдим-у, ишга шўнғиб кетдим. Лекин, бирон лаҳза бўлсин, Беназирнинг хаёли мени тарк этган эмас.
    Бу орада қиш тугаб, баҳорнинг илк нафаси сезилиб қолди. Тоғларда бодом қийғос гулга кириб, эртапишар ўриклар пуштиранг либосга бурканган чоғлар…
    Тушлик танаффусдан олдин, икки-уч ҳамкасблар даҳлизнинг бир бурчагида кимдир гурунглашиб, кимдир сигарета тутатиб турувдик. қайси бир бўлимдан «Вафони чақиринглар, телфонга, Вафони чақиринглар, Тожикистондан сўрашяпти» деган овоз қулоғимга чалинди. қўлимдаги сигаретани ҳам ташлашни унутиб, даҳлиз бўйлаб чопиб кетдим.
    -қаёққа кетяпсиз, қайтинг орқага, қўнғироқ бу кабинетга бўляпти, котиба қиз анча жойдан ортимга қайтарди. Трубкани олганману, лаббай дейишга ҳолим йўқ, ҳансираганим- ҳансираган…
    -Эшитяпман, эшитяпман, Марфа холла,-ўзимни анчайин тутуб олдим.
    -Яхшимисан болам, соғлигинг яхшими, суюнчи бер ўғилгинам, анави сут сотадиган қизалоқ бор эдию, ўша бугун уйимизга келди. Сени кўп сўроқлади.
    -Йўғе, наҳотки, қулокларимга ишонмайман, хола. Айтувдим-ку, сизга барибир бир кун келади деб…
    -Ўзим билан олиб келавердим. Гаплашасанми?-ҳеч кутилмаган бу таклифдан юрагим така-пука бўлиб кетди. На, говори с ним, погромче говори,-деган сўзни элас-элас эшитиб қолдим.
    -Ассалом шоир тоға, бу мен Беназирман…-овоз шунчалар жарангдор, жозибали эдики, кўзларим беихтиёр ёлқинланиб кетди.
    -Шоир тоғанг садқа бўлсин, сенга Беназир қизим,-дея олдим. Сени кўп соғиндим, сут келтиришингни жуда интиқлик билан кутдим.
    -Мен ҳам сизни соғиндим, шоир тоға, мени излаб келасиз деб қаттиқ ишонардим. Аямга сиз ҳақингизда кўп гапириб берардим, аям ҳар сафар «яна айт, яна айт» деб қистайверади. Бир сафар шоир тоғангни хислатлари дадангга жуда ўхшаб кетаркан деди.
    -Сени қидириб бордим. Лекин, қўшниларинг сизларни кўчиб кетганларингни айтишди. Аянгни қазо қилганини ҳам ўша ерда эшитдим.
    -Шоир тоға, аяммас, аямнинг оналари оламдан ўтганлар.
    -Нима аянг тирикми, қизим, Мунис ҳаётми?!
    -Шоир тоға, аямни танирмидингиз?
    Шу ерга етганда алоқа узилиб қолса бўладими?
    Тўлғонган илондек, у бурчакдан бу бурчакка бориб келаман, телефон гўшагини ютиб юборгудек «алло» деявериб, кабинетни бошимга кўтарибман. қани энди алоқа ўлгур тиклана қолса?! қўлим бирон юмушга бормай кечгача ҳатто ҳамма ходимлар уй-уйига кетиб, шом тушар маҳалгача ҳам қўнғироқ кутиб ўтирдим. Ўзим қўнғироқ қилай десам рақамини билмайман. Марфа холанинг уйида эса телефон йўқ. Хуллас шунча кутганларим беҳада кетди бир ҳафтадан сўнг, яна қўнғироқ бўлди. Энди эса ишхонамда йўқ. ҳамкасбларимдан бу хабарни эшитиб, нақд дод деворай дедим. Бошқа сабру бардошим етмаслигига кўзим етиб бошлоғимимз ҳузурига кирдим.
    -Хўжайин, иложи бўлса, мени бир оз муддатга Тожикистонга хизмсат сафарига юборсангиз.
    -Менга қаранг укам, бу тинчликми ўзи, нимо бало Тожикистонда хазина тоопганмисиз?! Бошқаларни юборадиган бўлсам, бормаслик учун минг баҳона қидиришади. Сиз эса учиш учун қанот боғлаб турасиз!
    -Ундай бўлса майлига, маошсиз отпуска берсангиз ҳам розиман. Лекин бормасам бўлмайди.
    -Камандировка масаласида муаммо йўк. Лекин, сиз хохлаган ва тушингизга кирган жойга эмас, айнан Регарга, алюминий заводига борасиз. Биласиз-а, у ерда катта бир иншоот қурилишини бизнинг трест зиммасига олган. Агар рози бўлсангиз, тушдан кейин киринг ҳамма хужжатларингизни расмийлаштириб беришади. ҳалиги суҳбатимиз тугамаган эдики, бошлиқнинг телфони жиринглаб қолди.
    -Ким дейсиз? қаердан келяпсиз? Тожикистондан? Ким керак? ҳа, ҳа, шу ерда, мана ўзлари… Бошлиқ гўшакларини менга узатди.
    -Шоир тоға бу менман, Беназир, ассалому алайкум…
    -Беназир, менга қулоқ сол қизим, худди ҳозир алоқа узилиб қоладигандай, апил-тапил сўзларни қалаштириб ташладим.
    -Ачм тирик дедингми?
    Кандай қилиб тирик бўлади?
    Нега тирик?
    -ҳа тоға, аям ҳаётлар.
    ҳозир ҳам аввалгидек кўзлари кўрмайди. Бувим беҳос жуда оғирлашиб қолди. Тоғам ҳаммамизни йиғиштириб уйига олиб кетди. Бувам тоғамникида уч кун ётиб, узилди. Тоғамникидан чиқардик. ҳамма маъракалари шу ерда ўтди аям билан мени аёл бошларинг билан ҳеч қаерга юбормайман деб рози бўлмадилар. Оч бўлсам оч, тўқ бўлсам тўқсанлар, деди.
    Ёпирай! Гангиб қолдим!
    қай бири ҳақиқат! қўшнисининг гапимип ёки Беназирнинг? Аслида мўҳими бу эмас, муҳими тезроқ Тожикистонга етиб бориш. Беназирни топиш.
    -Беназир мен эртага йўлга чиқяпман, қизим…
    -Ростданми ростданам келасизми? –унинг қувончдан яшнаб кетгани шундоққина овозидан сезилиб турарди.
    -Келишингизга пиширилган сут олиб борайми, шоир тоға…
    -Албатта, сени ҳам, сутни ҳам жуда-жуда соғинганман.
    Икки кун орасида уларни топиб, Марфа холаникига олиб келдим. То бошқаишларимни битказгунимга қадар, шу ерда туришди. Кейин эса ҳаммамиз биргаликди Тошкентга қайтдик.
    Мунисни нуфузли клиникаларда даволатганимиз, таниқли шифокор – олимларга кўрсатганимиз самарасиз кетмади. Бемалол бировларнинг ёрдамисиз йўлида юрадиган, атрофдагиларни танийдиган бўлди. Ишхонамдан унга муносиб иш топиб, жойлаб қўйдим эрталаб ўзим билан ишга келади, кечқурун биргаликда яна уйга қайтамиз.
    Буь орада ўртамизда яна бир фарзанд дунё юзин кўрди. Шукурли кунларимизга шукрона дея исмини Шукри Оллоҳ қўйдик. Бу йил биринчи синфга қадам қўйди. Беназир эса, Халқаро дипломатия университетида энг аълочи талаба. Ўша сиз таниган, менинг сут сотувчи қизим – узоқ йиллар мен дийдорини соғиниб яшаган бебаҳо ва безавол Беназирим!

    www.yangidunyo.org

    Published on mars 23, 2013 · Filed under: Хориждаги ўзбек адабиёти;
    1 Comment

One Response to “Ҳайдарқул Шарипов: Беназир (ҳикоя)”

  1. Аббосхон said on

    ҳикояни қўйишдан олдин, ҳеч бўлмаса бир марта ўқиб, хатолари тузатилмабдида. қаерга шошилдингиз?