ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

december 2014
M T O T F L S
« Mar   Nov »
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031  

  • Ўзбекистон ва Ирландия. Олий ўқув юртларига кириш тартиблари бўйича айрим кузатишларим

    salomatoy boymatovaСаломатой Бойматова

    Ўзбекистонда яшаган пайтимда барча соҳаларда порахўрлик, коррупциянинг юқорилиги, айниқса таълим системасидаги порахўрликлар, кўпчилик қатори мени ҳам ташвишлантирарди. Ўзбекистондан бошқа мамлакатларда порахўрлик, коррупция даражаси қандай экан деб ўйлардим. Мана Ирландияда тўрт йилдан ортиқ яшаётган бўлсам, бирор соҳада пул таъма қилган ҳолатни ёки бўлмаса кимдир пора бериб ўқишга кирганини ёки пора бериб бирор ишини битирганини умуман учратмадим, ўзим бундай ҳолга дуч келмадим хам. Ирландияга келганимда интернет орқали ҳеч қандай тўсиқсиз, Ирландия эркин,демократик давлат бўлгани учун интернет ҳам эркин, ҳоҳлаган веб-сайтларга кириб, дунё мамлакатларида ҳар қайси йўналиш бўйича кўрсаткичлари қайси даражада эканлиги тўғрисида керакли маълумотни бемалол топиш имконияти туғилди. Жумладан олий таълим соҳаси бўйича ҳам дунё давлатларининг тутган ўрни ҳақида айрим маълумотлар тўпладим ва шулар асосида Ўзбекистон билан таққослашга ҳаракат қилдим. Бошқа давлатлардаги таълим системаси қандай йўлга қўйилган экан деган савол жавобини қисман топгандайман ва шу ўрганганларимнинг айримларини сизлар билан баҳам кўришни истадим.

    Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан бери собиқ Совет Иттифоқи давридагига қараганда ҳам, олий ўқув юртларига киришда порахўрлик авж олганлиги кузатилади ва билим сифати ҳам анча пасайган. Собиқ Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистонда олий маълумотлилар 14 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб 9 фоизни ташкил этади.

    Ўзбекистонда олий маълумотлилар сони камайганини қуйида

    Россия Миллий Тадқиқот Университети – Иқтисодиёт Олий мактаби ходими Анна Смоленцеванинг олиб борган тадқиқотлари асосида ёзганларидан ҳам кўришимиз мумкин.

    1991-2010 йилларда Ўзбекистон ташқари, Собиқ Совет Иттифоқи Республикаларида олий ўқув юртлари сони қарайб икки баравар ва ундан ортиқ кўпайган, .

    Масалан:

    Ўзбекистонда институтлар сони 1991 йилда 52 та , 2010 йилда эса 63та,

    Белоруссияда институтлар сони 19991 йилда 33та, 2010 йилда эса 55 та,

    Қозоғистонда 1991 йилда 61та институт бўлган бўлса, 2010 йилга келиб 149 тага етган,

    Қирғизистонда институтлар сони 1991 йилда 12 та бўлган бўлса, 2010 йилда 56 тага етган,

    Россияда институтлар сони 1991 йилда 519 та, 2010 йилда 1115 тага етган,

    Туркманистонда институтлар сони 1991 йилда 9та, 2010 йилда 18 тага етган,

    ҳаттоки, Туркманистонда институтлар сони кам бўлса ҳам икки баравар ошганини кўриш мумкин(http://www.salzburgglobal.org/fileadmin/user_upload/Documents/2010-2019/2012/495/Session_Document_AccesstoHigherEducation_495.pdf) .

    Менимча Ўзбекистонда собиқ Совет Иттифоқи даврида олий ўқув юртларига киришда пора, таниш-билишчилик деган гаплар бирмунча кам эди. Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан бери бу иллатлар кескин кучайди.

    Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширишдан бошлаб қийинчиликка дуч келадилар. Ҳоҳловчиларга бу мавзуда Озодлик радиосининг веб сайтидаги “Олийгоҳларга ҳужжат топшириш киришдан ҳам қийин бўлмоқда”, мақоласини ўқишни тавсия қиламан(http://www.ozodlik.org/content/article/25452500.html). Атайлабдан узун навбатлар, ур-йиқитлар келтириб чиқарилади. Бу навбатларнинг асл моҳияти эса пул ундириш, яъни кимдир узундан-узоқ навбатда тургиси келмасдан, қандай килиб бўлсаям ҳужжатини осонроқ топшириб олиш йўлини қидиришга мажбур бўлади. Шу пайтда пул берсангиз ёрдам таклиф қилиб ишингизни битириб берадиганлар топилади. Шундай қилиб ҳали институт талабаси бўлмасдан туриб пора бериш бошланади.

    Ўзбекистонда ўз билими билан ўқишга кириб битирганлар ҳам бор, лекин жуда кам, таниш-билиш орқали пора бериб ўқишга кирувчилар кўпчиликни ташкил этади.

    “Озодлик” радиосида (http://www.ozodlik.org/content/article/25477417.html)абитуриентларнинг ўқишга кириш учун пора, ўқиш давомида яхши баҳо олиш учун яна ўқитувчиларга пора бериши тўғрисида шикоят қилиб гапирганларини кўп эшитганман. Булар ҳаммаси ўзбек жамиятини орқага тортадиган иллатлар-ку ахир, ҳаммасини пул билан ҳал қилган студентдан қанақа соҳа мутаххасисини кутиш мумкин? Собиқ Совет Иттифоқи даврида ҳам, ҳозирги мустақиллик даврида ҳам ҳуқуқшунос (юрист)лар, прокурор, судьялар, милиция ходимлари пора билан ўқишни битиради, битиргандан кейин сарфлаган пулларининг ўрнини тўлдириш учун инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўрнига уларнинг пулларини ҳар қандай йўл билан тортиб олиш пайида бўлади. Порахўрлик, коррупция тараққиётни бўғади. Қолган бошқа соҳаларда ҳам билими бўлмаса, қанақа ривожланиш бўлиши мумкин? Пора билан ўқишни битирган, етарли билимга эга бўлмаган ўқитувчи ўқувчиларга сифатли билим бера олмайди, малакасиз врач бўлса беморни тўғри даволай олмайди, чаласавод сиёсатчи бўлса қайси жойда нима қилиш кераклигини билмайди ва ҳоказо.

    Ўзбекистонда 2013-2014- ўқув йилида Ўзбекистон олийгоҳларидаги 56 минг 722 ўрин учун 543 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширибди. Бу йил олийгоҳларда ҳар бир ўрин учун даъвогарлик қилувчилар сони 9 киши (аниқроғи 9,36)дан ошади.

    2013-2014 йилги ўқув йили учун бир йиллик шартнома пули 4 миллион

    600 минг сўмдан (қора бозор курси бўйича 1400 АҚШ доллари) 6 миллион 640 минг сўмгача ( қора бозор курси бўйича 2000 АҚШ доллари) белгиланган. (http://www.ozodlik.org/content/transcript/25470344.html).

    Жаҳон Банкининг ёшидан қатъий назар ўрта мактабни тугатгандан сўнг олий маълумотли бўлиши аҳоли умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида берган маълумотига кўра:

    АҚШда 94%,

    Белоруссияда 91%,

    Украинада 80%,

    Россияда 76%,

    Ирландияда 71%,

    Туркияда 69%,

    Қозоғистонда 45%,

    Қирғизистонда 41%,

    Тожикистонда 22%,

    Озарбайжонда 20%,

    Угандада 9%,

    Ўзбекистонда ҳам 9%,

    Туркманистон тўғрисида эса умуман маълумот берилмаган.

    (http://data.worldbank.org/indicator/SE.TER.ENRR).

    Ўзбекистон олий маълумотлилар сони бўйича собиқ Совет Иттифоқи республикалари билан таққослаганда ҳам, Марказий Осиё давлатларига таққослаганда ҳам энг охирги ўринда. Майли Қозоғистонни гапирмайлик, ҳатттоки, аҳолиси 5 миллионли Қирғизистонда ҳам олий маълумотлилар сони 41 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида таълим соҳасида қанчадан-қанча ислоҳотлар ўтказилган, лекин натижаси Ўзбекистон Африка давлатларидан бири Уганда билан бир қаторда.

    Ирландияда олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топшириш учун ҳеч қанақа навбатларда туриш, ур-йиқитлар йўқ, ҳаммаси студентлар учун қулай қилиб йўлга қўйилган. Ирландияда олий ўқув юртларига кириш учун аризани интернет орқали Аризаларни Қабул Қилувчи Марказий Офис(Central Applications Office)га жўнатилади. Аризалар ҳар йили 5-ноябрдан 1-февралгача жўнатилади. Шу вақт оралиғида ҳар ким ўзига ёқадиган олий ўқув юртларидан 10 та 4 йиллик курс(факультет), 10 та 2-3 йиллик курсларни танлаб, рўйхатини жўнатади. Агар фикри ўзгариб қолса, 5-майдан 1- июлгача танлаган курсларини бошқасига ўзгартириш ҳуқуқига эга. Август ойининг бошларида аттестат (Leaving Certificate) учун топширилган имтиҳон натижалари маълум бўлади. Ҳар кимнинг олган баллига қараб олий ўқув юртларининг 4 йиллик курсларидан битта таклифнома, 2-3 йиллик курсларидан битта таклифнома келади. Ҳар бир студент ўзига энг маъқулини танлайди. Масалан, менинг ўғлим 410 балл тўплаган эди, ўғлимга Бланчардстовн Технология Институти (Institute of Technology, Blanchardstown)нинг 4 йиллик курсидан ва яна 3 йиллик қайсидир курсдан таклифнома келган эди. Ўғлим Бланчардстовн Технология Институтини танлади ва ҳозирги кунда шу институтда таҳсил олмоқда.

    Ирландияда аттестат(leaving certificate) олиш учун топширилган имтиҳон натижалари 13 август 2014 йил кунида эълон қилинди. Эълон қилингани бўйича менинг 1995 йилда туғилган ўғлим Мустафо ҳам 13 август куни бир йил давомида таҳсил олган коллежи(Pearse College of Further Education)га бориб имтиҳон натижаларини – аттестатини олиб келди. Ўғлим 410 балл тўплабди. Аттестатда қайси фандан қандай натижа олганлиги кўрсатилган, бу ерда балл(point) билан ҳисобланади. Ирландияда студентлар(мактаб ўқувчиларини ҳам студент дейилади) аттестат олиш учун энг ками 6та фандан, энг кўпи 9та фандан имтиҳон топширилади. 9 та фандан имтиҳон топширган бўлса ҳам фақат 6 та фандан олган натижалари ҳисобга олинади. Яъни 9 та фандан имтиҳон топширса юқори балл олиш имконияти кўпроқ бўлади, яъни 9 танинг ичидан энг юқори балл олинган 6 та фандан олинган натижалар танлаб олиб ҳисобланади. Энг юқори балл 600 балл, яъни ҳар битта фандан 100 баллдан тўпланса, умумий йиғинди 600 баллни ташкил этади Ҳамма учун асосий фанлар инглиз тили ва математикадан ташқари нечта фандан ва қайси фандан имтиҳон топширишни ҳар бир студент ўзи танлайди. Ирландияда ўрта мактаб ёки бир йиллик коллежларда топширган имтиҳони натижалари олий ўқув юртларида таҳсил олиш ҳуқуқини беради. Олий ўқув юртларига алоҳида кириш имтиҳонлари топширилмайди.

    Имтиҳонлар жуда холис ва ҳаққоний ўтказилганига ўғлимнинг ўрта мактаб ва коллежни битираётганда имтиҳон топширгани мисолида яққол гувоҳи бўлдим.

    Биринчиси:

    имтиҳон варақасида ҳар бир студентнинг исм-фамилияси эмас имтиҳон рақами ёзилган бўлади, яъни бунда имтиҳон натижаларини текширувчилар кимнинг натижаларини текшираётганини билмайди, яъни таниш-билишчиликка йўл қўйилмайди.

    Иккинчиси:

    ким бўлишидан қатъий назар олий ўқув юртига кириш учун етарли балл тўпламаган бўлса, бирорта коллежга бориб қайтадан тайёрланиб, келгуси йили қайтадан имтиҳон топширади.

    Ўғлим 2012- 2013 ўқув йилида Дублин шаҳридаги ўрта мактаб (Pobalscoil Rosmini School)нинг юқори синфида битириш имтиҳонлари топширган эди, лекин натижалар қониқарли чиқмаган, 155 балл тўплаган эди, яъни олий ўқув юртларига киришга етарли баллни тўплай олмаган эди. Бунга сабаб Ўзбекистондан Ирландияга келиб, инглиз тилини яхши ўрганиб улгургунча, бошқа фанлардан яхши ўзлаштира олмай қолган эди деб ҳисоблайман. Олдинги хато ва камчиликларини тушуниб етиб, бу йил қайтадан тайёргарлик кўришига тўғри келди. Олдинги йили олий ўқув юртига кира олмаган бўлса-да, 2013-2014 ўқув йилида, яъни бир йил давомида коллежда қайтадан таҳсил олди ва дадаси уйда ўғлим билан математикадан қўшимча шуғулланди. Мана меҳнат натижаси бу йил ўз мевасини берди ва ўғлим Бланчардстовн Технология Институти (Institute of Technology, Blanchardstown)га ўзи танлаган компьютер йўналиши бўйича ўқишга кирди. Эндиги мақсади институтда 4 йил астойдил ўқиш ва келажакда Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳиссасини қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш.

    Ирландияда имтиҳон натижаларини ҳеч қанақа муаммосиз олинади, студент ўзи бориб олиши мумкин ёки жўнатма почта орқали олиши мумкин, Давлат Имтихон Комиссияси(SEC) сайти орқали хам олиш мумкин, бунинг учун Давлат Имтиҳон Комиссиясининг сайтига (https://www.examinations.ie/index.php?l=en&mc=ex&sc=er) кирилади, студент ўз имтиҳон рақамини ёзиб, ўз натижаларини кўра олади.

    Ирландияда имтиҳонлар ўтказиш жуда аъло даражада йўлга қўйилган десам адашмайман. Имтиҳон хонасига кираётганда студентларга сумкаларини ичидаги нарсалари билан имтиҳон топшириладиган хонанинг орқа бурчагида қолдирилиши айтилади, студентлар ҳам тартибга ўрганган, белгиланган жойда нарсаларини қолдирадилар, ўзлари билан фақат ручка, ҳаво иссиқ бўлса сув оладилар. Шпаргалка ёки телефондан фойдаланиш бирорта студентнинг хаёлига ҳам келмайди, фақат олган билимлари асосида имтиҳон топширади.

    ,

    Яна эслатиб ўтаман, Ирландияда ўрта мактаб ёки коллежни битираётганда топширилган имтиҳон натижалари олий ўқув юртига кириб ўқиш ҳуқуқини беради.

    Ўғлимнинг айтишича аттестат, яъни Leaving Certificate олиш учун биринчи марта имтиҳон топшираётган студент имтиҳон ўтказиш харажатлари учун 120 евро, агар қайтадан имтиҳон топширадиган бўлса 300 евро пул тўлар экан. Ўғлим кам таъминланган оиладан бўлганлиги учун, медицина карточкаси(medical card) бор бўлганлиги учун бу тўловлардан озод бўлганини айтди. Ирландия эркин-демократик давлат бўлиши билан бирга ижтимоий ҳимоя жуда яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳам кам таъминланган оила фарзандлари барча қатори билим олиш ҳуқуқига ва имкониятига эга.

    Барча давлат фуқаролари учун тўлов бадали (взнос) 2750 евро. Бу тўлов бадали пули студентларнинг рўйхатдан ўтиши, йил давомида ўқиётган олийгоҳида компьютердан фойдаланишига, имтиҳон харажатларига ишлатилади.

    Бундан ташқари бир йиллик ўқиш учун тўлов Ирландия ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун 2868 евро, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари учун 8,760 евро. Бу тўловлар Ирландиянинг ҳар бир олий ўқув юртларида ҳар хил, бу маълумотлар Бланчардстовн Технология Институтига тегишли. Айтишингиз мумкин, чет давлатларда ҳам ўқиш нархи жуда қиммат экан-ку деб, тўғри ўқиш нархи қиммат, лекин кам таъминланган оила фарзандларига давлат томонидан грант берилади, ўқиш ҳақини тўлашига ёрдам беради.Тўланган пуллар кассага тўланади ва нималарга сарфлангани тўғрисида барча студентлар ва уларнинг ота-оналари хабардор қилиб борилади.

    Ирландияда 2013-2014 ўқув йилида 57 минг студент аттестат(Leaving Certificate) учун имтиҳон топширибди.

    46 минг студент олий ўқув юртларига кириш учун ариза берган.

    Ирландия бўйича 64 та студент энг юқори 600 балл тўплабди(.http://www.rte.ie/news/2014/0813/636771-leaving-cert/).

    Мен Ўзбекистонда олий ўқув юртига кирадиганлар сонини камида икки бараварга кўпайтириш,студентларни мажбурий меҳнатга жалб қилинишини тўхтатиш керак деб ҳисоблайман. Бу уларнинг билими сифатини яхшиланишига олиб келади. Агар мажбурий меҳнатга жалб қилиш давом этар экан, бу билим сифатининг пасайишига ва малакасиз касб эгаларининг кўпайишига олиб келади. Сифатсиз билим билан институтни битириб чиққанлардан қайси соҳада бўлмасин, сифатли, яхши хизматни кутиб бўлмайди.

    Саломатой Бойматова

    Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси

    Дублин, Ирландия.

    29-декабрь, 2014-йил

    Published on december 29, 2014 · Filed under: Тадқиқот;
    Kommentarer inaktiverade för Ўзбекистон ва Ирландия. Олий ўқув юртларига кириш тартиблари бўйича айрим кузатишларим

Comments are closed.