-
АбдуМанноб Пўлат: “Мухолиф фикрловчилар доимо бўлган… ”
АбдуМанноб Пўлат – таниқли мухолифат фаоли, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи, АҚШ.
АбдуМанноб Пўлат 1988-йилдан миллий-уйғониш, демократик ҳаракат ташаббускорларидан бири. “Бирлик” халқ ҳаракатининг асосчиларидан.
1991-2000 йилларда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти асосчиси ва етакчиси.
1992-2003 йиллар – Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари Ахборот Маркази Директори.
2003 йилдан бери Мустақил Таҳлилчи, Консультант ва Таржимон.
Америка, Русия, яна бир қанча мамлакатларда Инглиз, Рус ва Ўзбек тилларида нашр этилган Ўзбекистон ва Марказий Осиёда сиёсат, демократия ва инсон ҳуқуқлари, Американинг минтақадаги ташқи сиёсати, Ўзбек-Америка муносабатлари ҳақида юздан ортиқ таҳлилий мақолалар, ҳамда 1 китоб ва 3 китобда алоҳида боблар муаллифи.
Америка, собиқ Совет Иттифоқи ва Оврупо мамлакатлари, Хиндистонда ўнлаб университетлар ва тадқиқот марказлари, давлат ва нодавлат ташкилотларида, конференцияларда маърузалар билан иштирок этган.
1992-йил ёзида “Ўзбекистон Президентини ҳақорат қилиш”да айблангач, Москвага кетишга мажбур бўлган. У ерда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва сиёсий вазият ҳақида ўндан ортиқ мақолалар чоп этган.Шу йилнинг декабрида Бишкек шаҳрида Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари бўйича йирик халқаро конферeнция ташкил этган. Конференция тугаши билан, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш тезкор гуруҳи томонидан ўғирланиб, Ўзбекистонга олиб келинган ва қамоққа ташланган. Устига қуйилган “айблар” бутунлай асоссиз эканлиги суд жараёнида ошкор бўлишига қарамай, Ўзбекистон Олий Суди томонидан, мамлакат раҳбарини ҳақорат қилишда “айбдор” топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва афв-амнистияга биноан суд залидан озод қилинган.
1993-йил мартидан Америка Қушма Штатларида яшайди, 2001-йилдан Америка фуқароси.
1951-йил Декабрида Тошкент шаҳри яқинида туғилган. Ўрта мактабни Олтин Медал билан тугатгач, Тошкент, Ленинград (хозир Санкт Петербург) ва Москва Университетларида таълим олган. Физика-математика фанлари номзоди, 1975-92 йилларда 30 дан ортиқ илмий мақолалари Москва, Минск ва Тошкентда нашр этилган. Уларнинг бир қисми Америка ва Олмонияда Инглиз тилида таржима қилиб, босилган.
1979-93 йиллар Тошкент Давлат (хозир Миллий) Университетида математика факультетида дарс берган ҳамда илмий тадқиқот билан шуғулланган. Бевосита илмий рахбар сифатида бир фан номзоди тайёрлаган. Оилали. 3 фарзанди, 3 невараси бор.
АбдуМанноб Пўлат: -Саволларга жавоб беришдан олдин бир неча изоҳ:
1. Назаримда, Ўзбек мухолиф манбаларининг ўқувчилари орасида обрў орттириш учун, Ислом Каримов ва унинг ҳукумати, сиёсатини кескин танқид қилиш, гап билан уларнинг “пўстагини қоқиш”, “дабдаласини чиқариш” керак. Ҳамда, бу манбаларнинг кўп ўқувчилари мухолифат арбоблари орасидан ҳам ўзи ёқтирмаган киши танқид қилинганида кўнгли ором олади шекилли. Лекин, мени мақсадим бошқа – қўлимдан келганича холис, асос билан, ва жиддий таҳлил. Сабоқ чиқариш. Фақат “оқ” ва “қора”, “Демократ” ва “Диктатор”, “Адолат, Хақиқат” ва “Зулм” каби сўз ўйинига берилмасликка ҳаракат қиламан. Мени назаримда, ҳаёт, бўлиб ўтган жараёнлар, ҳозирги вазият ҳам жуда зиддиятли, кўп қиррали ва мураккаб, ҳамда шунинг учун – қизиқарли.
2. Мухолифатнинг 21 йиллик ишлари, ютуқлари ва хатолари, арбоблари ҳақида, кенгроқ олганда Ўзбекистоннинг шу даврдаги тарихи ва бугунги куни хақида, афсуски, ўта бир томонлама ва юзаки, “аравани куруқ олиб қочувчи” гаплар жуда кўп айтиб ва ёзиб келинаяпти. Баъзан, ёлғон, туҳмат, уйдирмалар ҳам учрайди. Чиқарилаётган сабоқлар ва бугун нима қилмоқ кераклиги ҳақидаги чақириқларнинг ҳам кўпчилиги – афсуски, назаримда, aчинарли хомхаёл.
3. Мен ўз жавобларимда, “Эрк” ҳақида гапирганда, 2-3 гуруҳга бўлиниб кетган бу партиянинг Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги бўлагини назарда тутаман. Чунки, “Эрк”нинг бошқа гуруҳлари фаолияти ҳақида, уларнинг раҳбарлари эркин давлатларда бўлмагани, Ўзбекистон ва чет элларда уларнинг номи жуда кам доирада маълум эканлиги, натижада моддий тарафдан жуда оғир шароитда эканлиги ва баъзи бошқа сабаблар билан, деярли маълумот йўқ.
4. Ҳамда, жавобларимнинг баъзилари жуда узун эканлиги учун узр сўрайман.
1- савол: – Ўзбекистондаги мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?
Жавоб: -Давлат сиёсати, жамиятга ё раҳбарларга мухолиф фикрли инсонлар ҳар бир мамлакатда бўлади, Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонда ҳам бўлган. Агар шакланган, фаолияти унча-мунча маълум бўлган мухолифат ва фақат охирги бир ярим аср ҳақида гапирсак, ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Туркистон миллий истиқлоли ва юртда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар хамда дин учун курашган гуруҳ, ташкилот ва арбобларни ёдга олиш зарур. Жумладан, “Дукчи Эшон” ва унинг сафдошлари, ҳамда жадидлар ҳаракатининг “сиёсий қаноти”.
1917-йил инқилобидан кейин жадидлар ҳаракати иккига бўлинган. Бир қисми коммунистларнинг мустамлака халқларга озодлик, камбағалларга яхши ҳаёт ва илммаърифатга, тараққиётга йўл очиш каби ваъдаларига ишониб, уларнинг тарафига ўтган. Давримизда анти-коммунизм ҳукмpон бўлишига қарамай, коммунистлар, гарчи жуда кўп қурбонлар ва қийинчилилар хисобига бўлса-да, иқтисод, маориф, илм ва фан тараққиёти, ўрта ҳол ва камбағал учун ҳам нисбатан тузук ҳаёт ҳақидаги ваъдаларининг устидан қисман бўлса ҳам чиқишганини эслатиб ўтиш керак.
Бундан 20-25 йил аввал, ҳозир кўплар қоралаётган коммунизм даврида, юз минглаб, балки бир неча миллион Ўзбекистонлик, жумладан Советлар даврида етишган ўқимишли кишилар ҳозиргидек чет элларда хор-зор ва мардикор бўлиб юришмас эди. Мамлакатда иш, одатда текинга тузук маълумот, нисбатан тузук тиббий ёрдам олиш имкониятлари мавжуд эди – барча қийинчиликлар ва камчиликларга қарамай ўша вақтда вазият кўп йўналишларда бугунгидан кўра тузукрок эди.
Коммунистлар тарафига ўтган фаоллар ва aрбобларнинг баъзилари шахсий манфаатдан келиб чиқиб, ҳокимият учун бўлган сиёсий курашда қўли баланд келаётганлар, ғолибларлар тарафига ўтган, ёки улар бунга мажбур бўлишган дейиш ҳам мумкин. Бу – табиий жараён: барча юртларда ва ҳар доим шундай бўлиб келган, фақат Ўзбекистонда эмас. Иккинчи қисми – миллатнинг Руслардан мустақиллиги ҳамда дин учун, бой ва кўплаб ўрта ҳолларнинг мол мулкларини давлат ва камбағаллар фойдасига мусодара қилинишига қарши курашган. Иккала гуруҳ орасида бир-бири тарафига ўтиб кетишлар ҳам учраган. Яъни, мухолифатчиларнинг баъзилари ҳукумат тарафига, ҳукуматдагиларнинг баъзилари – мухолифатга ўтиши.
Охирги 20 йилда ҳам шундай жараёнлар кузатилганидан ажабланиш керак эмас. Бу мухолиф гуруҳлар 1930-йилларнинг ўрталарига келиб бостирилгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа юртларида, менимча, 1988 йилгача ошкор ва маълум мухолифат гуруҳи пайдо бўлмаган.
Юқорида таъкидлаганимдек, мухолиф фикрловчилар доим бўлган – жумладан, ўша даврда ҳам. Мeн шахсан бир қанча шундай кишиларни билар эдим. Лекин, менимча, бу даврда шаклланган ва фаолияти маълум гуруҳлар пайдо бўлмаган.
2-савол: -Ўзбек мухолифатининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда “Бирлик” ҳаракати ташкил топиши билан боғлайдилар. Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларнинг пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?
Жавоб: -”Бирлик” ҳаракати 1989-йилда эмас, ундан 1 йил олдин – 1988-йилдан бошланган. Бу ташкилот пайдо бўлишининг асоcий сабаблари – халқнинг ўз хуқуқи, озодлиги, адолат учун интилишларини бир гуруҳ зиёлийлар томонидан ифодалашга уриниш. Бундай интилиш, истак доим бўлган, лекин Совет давлатининг охирги раҳбари Михаил Горбачёв ўша вақтда олиб бораётган ошкоралик, халққа эркин фикр айтишга имконият бериш, “қайта қуриш” сиёсатисиз бундай истак яна анча йиллар хом-хаёл бўлиб қолиши мумкин эди.
3-савол: – 90 -йиллар бошида пайдо бўлган Ўзбек мухолифати мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?
Жавоб: -1980-йиллар охирларида пайдо бўлган Ўзбек мухолифати халқнинг кўзини очишда катта хизмат қилди, ўз ҳақ-ҳуқуқини очиқ айтиш, шу максадда уюшиш мумкинлигини кўрсатди.
“Бирлик” амалга оширган бошқа кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган амалий ишлар орасида кўп минг кишилик тинч намойишлар, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун курашдаги бу халқ ҳаракатининг жуда катта хизмати, харакат нисбатан қисқа вақт ичида анча оммавий тус олишига эришилганини айтиш зарур.
“Бирлик”нинг ўша даврдаги ижобий ишлapи ва ютуқлари орасида биринчи навбатда ва асосан Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун кураш, оммавий, ўн минглаб кишилар қатнашган намойишлар тилга олинади. Лекин, бу муҳим ишлардан ташқари 1989 ва 1990 йилда “Бирлик” маҳаллалар, мактаб ва бошқа ўқув юртлари, ишхоналарда халқ билан жуда кўп учрашувлар ўтказгани, одамларнинг фикр, ташвиш ва таклиф, орзу-умидларига қулоқ солгани, ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат, адолат, озодлик ғояларини кенг оммага ёйишда анча жиддий муваффақиятларга эришгани, сайловлар билан жуда фаол шуғуллангани ҳақида жуда кам гапирилади, деярли гапирилмайди деса ҳам бўлади.
1989-йил баҳорида СССР (Совет-Шўролар Иттифоқи) Халқ Вакиллари-Депутатлари сайлов жараёнида “Бирлик” ташаббуси ва ҳатти-ҳаракати билан Тошкентда ўнлаб иш ва ўқиш жамоаларида, ҳамда сайловчиларнинг яшаш жойларида “ҳудудий” йиғилишлaр ўтказилган, ҳаракатнинг 2 номзоди депутатликка кўрсатилган.
Эслатиб ўтай. 1988 йил. Декабр ойининг охирлaрида собиқ Советлаp-Шўролар Иттифоқи тарихида биринчи марта нисбатан эркинроқ умумхалқ сайлови жараёни бошланди. СССР, яьни Союз Советских Социалистических Республик (Рус тилида) – Шўролар (Совет) Социалистик Жумҳурриятлар Иттифоқи Олий қонуни – Конституциясига ўзгартишлар киритилди. 2250 СССР халқ вакили депутати сайланиладиган бўлди, улардан 1500 вакил бевосита Иттифоқ аҳолиси томонидан , қолган 750 вакилни ҳукумат расмий рўйхатдан ўтказган жамоат ташкилотлари сайлайдиган бўлди. 1500 халқ вакилининг 81-тасини Ўзбекистон сайловчилари танлашлари керак эди: Иттифоқнинг аъзоси (“Иттифоқ”чи Жумҳуррият) сифатида – 32 ва аҳолиси-сайловчилари сонига асосланиб – 38, ва Қоpа-Қалпоқ Мухтор Жумхурриятидан яна 11 вакил.
Cайлов эълон қилинганида, “Бирлик” ошкора фаолият бошлаганига энди 1 ой бўлган эди. Сиёсий фаол ташкилот сифатида, сайловда фаол иштирок этиш учун жиддий ҳаракат бошлaдик. Ҳаракатнинг кўзга кўринган кишилари тезда маслаҳатлашиб сайловда фаол қатнашиш ва биринчи навбатда 2 номзодни кўрсатиш ҳақида бир фикрга келдик. Номзодларимиз Мухаммад Солиҳ ва АбдуРаҳим Пўлатов (Пўлат) эди. Номзод кўрсатиш тартиби жуда мураккаб ва бир неча поғонадан иборат эди. Ҳар бир меҳнат жамоаcи ё ўқув муассасaси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирокида (ёки вакиллар конференцияси-қурултойи-йиғилишида) халқ вакиллигига “номзод бўлиш учун номзод” кўрсатиш мумкин эди. Худди шундай хуқуқ яшаш жойларида камида 500 сайловчининг йиғилишига берилган эди.
Биз иккала имкониятдан ҳам иложи борича кенг фойдаланишга киришдик. Муҳаммад Солиҳ ва АбдуРаҳим Пўлат номзодини кўрсатиш учун Тошкентда тегишли сайлов округи-ҳудудида яшайдиган сайловчиларнинг 3 йиғини ташкил қилдик – Тошкент давлат (ҳозир – Миллий) университетида 2 марта, яна бири – шаҳaр марказидаги Офицерлар (Ҳарбий -Зобитлар) Уйида. Ҳар бир йиғилиш кўп марта тегишли давлат идораларига мурожаат, улар билан тортишиш, ўз қонуний ҳуқуқимизни талаб қилиш натижасида ўтказилди. Бу 3 йиғилишнинг ҳар бирида тегишли сайлов округида яшайдиган 500 дан ортиқ сайловчи иштирок этди. Ҳукумат вакиллари ҳар бир сайловчидан паспортлаpини талаб қилиб, улар тегишли сайлов округида яшаши (”прописка”сини) текширишди. Бу мажлислар номзодлaрни муҳокама қилиш ва кўрсатиш билан бирга, Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш таклифи, бошқа кўплаб муаммолар ҳақида бўлди. Халқнинг эркин минбарларига айланди. Иш жамоалари ва ўқув муассаларидан бизни номзодларимиз кўрсатилиши ҳам жуда катта ютуқ бўлган.
Тошкент давлат университети меҳнат жамоаси конференцияларида 2 марта Муҳамамад Солиҳ номзодини кўрсатишга эришдик. Бир нeча мактабларда, Ёзувчилар Уюшмасида, “Ёш Гвардия” (ҳозир “Ёшлик”) театрида, Маданий-Оқартув техникумида (ҳозир колледж) бўлган йиғилишлар – ҳаммаси ёдимда йўқ.
Номзод кўрсатиш ҳаракатларимизда “Бирлик”нинг ўнлаб фидоий фаоллари жиддий ҳиссаларини кўшишган эди. Бу ерда биринчи навбатда Шуҳрат Исматуллаевнинг хизмати, билими, ҳам босиқлик, ҳам изчиллик билан қилган хизматини тилга олиш зарур.
Шуҳрат Исматуллаев, гарчи “Бирлик”нинг 1988-йил 11-ноябрдаги биринчи йиғилишида иштирок этмаган бўлса ҳам, ҳаракат тузилишидан олдин (1988-йил ёзидан) ва ундан кейин бу ташаббуснинг фидоий тарафдори ва фаоли эди. 1989 – йил ноябридан 1994-йил майигача “Бирлик”нинг Pаисдошлaридан бири сифатида Ўзбек мухолифати, демократик ҳаракати учун жуда кўп хизмат қилди. 1993-йил майида унинг бошини ёришди. Бу ҳаракатлар, мажлис ўтказиш тараддуди, ҳамфикрлар билан мулоқот, келишувлар, тайёргарлик, йиғилишларни ўтказиш ва ундан кейинги қоғозбозлик ишларида қонуннинг мураккаб талабларига изчиллик билан риоя этиш – булар жуда кўп меҳнат ва билим талаб қилар эди.
Агар “Бирлик”даги бир неча фаолларимиз бўлмаганида, бу ҳаракатларимиз кенг халқ ҳам, хукумат хам сезмайдиган, эшитмайдиган даражада заиф бўларди. Мен бунга аминман. Чунки, жумладан шу бир неча “Бирлик”чи фаол аралашмагани учун, ҳаракатимиздан 1989-йил охирларида чиқиб кетган собиқ сафдошларимиз кейинги сайловларда биздан кўра унумсиз ва заиф ҳаракат қилишгани кўринди. Жумладан, 1989йилдаги номзодларимиздан бири – Муҳаммад Солиҳ. Келаси йилги (Ўзбекистон Олий Совети-Кенгашига) сайловда у ягона номзод сифатида, ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши билан сайланди. 1991-йил декабридаги президентлик сайловида ҳам “Эрк” партияси, менимча, жуда заиф ва суст иштирок этди. Лекин, тақдир тақозоси билан, худди шу сайлов Муҳаммад Солиҳ номини халқнинг анча қисмига танитди – бутун Ўзбекистон унинг номини эшитди. Чунки, Ислом Каримов бу сиёсатчига ўзига муқобил номзод бўлиш хуқуқи, имкониятини беришни лозим топган, “совға” қилган, эди.
Бу иккала сайловдаги иштироки ҳам Муҳаммад Солиҳ ва унинг тарафдорларининг кураши натижаси бўлмади. Назаримда, энг катта ютуқлардан бири – Фанлар Академиясининг Кибернетика Институти (ҳамда шу номдаги Илмий Ишлаб Чиқариш Бирлашмаси)да бўлди. “Бирлик”нинг бу институтдан ташқаридаги фаоллари иштирокисиз қуйидаги катта ютуқларга эришилди. Кибернетика институти ва шу номдаги бошқарма жамоасининг конференцияларида бу ташкилотнинг Бош Директори, академик Восил Қобулов номзоди кўрсатилиши режалаштирилган эди. Табиийки, бу режа амалга ошишига институт- бошқарма раҳбарининг ҳам, ҳукумат вакилларининг ҳам шубҳаси йўқ эди. Лекин, жамоа вакилларининг кўпчилиги муқобил номзод – “Бирлик” ташаббус гуруҳининг раиси, фан доктори ва институтда лаборатория мудири Абдураҳим Пўлат учун овоз беришди. Бундай ютуқ 2 ойдан кейин яна қайтарилди. Лекин ҳукумат “Бирлик” номзодларини расмий рўйхатга олмади, уларни сайлов жараёнининг кейинги босқичларига қўймади. Сайловга 3-4 кун қолганида, “Бирлик”чи талабалар иккала сайлов округининг ҳар бирида ҳукумат маъқуллаган расмий 2 тадан номзодга қарши овоз беришга чақириб, кўчаларда, “Эски шаҳар” бозорида плакатлар билан юришди ва варақаларимизни тарқатишди. Юзлаб варақaларимиз турли жойларга “кўчириб ё юлиб олиб бўлмайдиган” қилиб ёпиштирилди – жумладан, ҳукумaт идораларининг эшик ва деворларига ҳам. Уларнинг баъзилари бир неча ой, ҳатто 1-2 йил, давомида бу сайловдаги курашларни эслатиб, девор ва “столба”ларда турди. Натижада иккала сайлов округида ҳам ҳукумат ижозат берган 2 тадан номзод орасидаги кураш “дуранг” билан тугади. Иккала сайлов округида ҳам ҳеч ким ютмади. Cайловчиларнинг сезиларли қисми иккала номзодга қарши овоз беришганини ўша ошкоралик кунларида ҳатто “Правда Востока” газети ҳам тан олди.
Мен ўша кунларда сайловнинг расмий натижаларига асосланиб, Муҳаммад Солиҳ номзодини биз кўрсатишга уринган сайлов округида 25 минг киши унга муқобил иккала расмий номзодга қарши овоз берганлигини ҳисоблаган эдим. “Бирлик”чиларнинг чақириқлари ва халқ орасида ташвиқоти, фаоллиги бўлмаса, 25 минг киши иккала расмий номзодга қарши овоз бериши амалга ошмас эди, бунга мен аминман. Иккала сайлов округида ҳам қайтадан сайлов эълон қилинди. Натижада биз ўз номзодларимиз ва ғояларимиз учун курашни янада жадаллаштирдик. Олдингидан ҳам кўпроқ мажлислар ўтказиб, номзодларимизни кўрсатишга эришдик.
Юқорида тилган олганларим – Тошкент давлат университети ва Кибернетика Институти Бошқармаси, яна бир қанча жойларда номзод кўрсатишларимиз 1 марта эмас, 2 марта бўлганининг сабаби ҳам шунда.
“Бирлик”даги бўлинишдан кейин, 1990-йил бошида Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлисига сайловлар бўлди. Сиёсий муҳит ҳалиям “ошкоралик” шиори таъсирида бўлса ҳам, Ислом Каримов ҳукуматининг “Бирлик” номзодларини сайловда иштирок этишига қаршилиги бир йил аввалги, Рафиқ Нишонов даврига қараганда янада кучайди. Биз ҳам заифлашган эдик – сайлов жараёни олдидан бўлинган икки гуруҳ орасида “даҳанаки” жанг кетаётган, “Бирлик”чилар таъқибда эди. Бир қанча фаолларимиз Ўзбек тили давлат тили бўлиши талаби билан ўтказган намойишларимизда калтакланган, яна кўпларга маъмурий жазолар берилган, жарима солинган эди. Ўнга яқин фаолимиз 3-5 кунга, икки фаолимиз – АбдуЛазиз Маҳмудов ва Анвар Усмонов – 9 ва 10 кунгача қамалди. Бир қанча киши ишдан ҳайдалди.
Бундан бир неча йил кейинги ва бугунги кун учун, бу таъқиблар “майда” кўринади, албатта. Лекин, ўша давр учун, бу сиқув барчанинг кўзида жиддий таъқиб эди… “Бирлик” Ёзувчилар Уюшмасидан анча вақтга қувилди. Ҳаракатимизнинг ўндан ортиқ кўзга кўринган раҳбарлари ва фаоллари “қора рўйхат”га киритилиб, уларнинг Ўзбекистон халқ депутатлигига номзоди руйхатга олинмади. Булар орасида АбдуРаҳим Пўлат, Бек Тошмуҳаммедов, Зоҳид Ҳақназаров, Шуҳрат Исматуллаев, Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Ҳасан, АбдуЛазиз Маҳмудов, Анвар Усмонов, МирОлим Одилов, Норбой Худойберганов, Пирмат Шермуҳамедов, мен ва яна бир неча киши бор эди.
Ҳукумат “Бирлик”чиларни сайловга қўймаслик учун энг қаттиқ чораларни Тошкентда амалга оширган эди. Лекин, ҳатто Тошкенда хам бир “Бирлик”чи сайланишига эришилди. Раҳматли Тоиба Тўлаганова, ўзи ва бир неча яқинларининг ҳаракатлари ҳамда “Бирлик”чиларнинг ёрдами, ҳукуматнинг ҳам сайловга 1-2 ҳафта қолганида унинг номзодини расмий рўйхатга олиши натижасида ғалабага эришди. Олий Мажлиснинг 1-йиғилиши (сессияси)да Толиба кун тартиби ва бошқа муҳим масалалар бўйича ўзининг пишиқ тайёрланган чиқишлари ва таклифлари билан танилди.
“Бирлик” 1989-91 йиллардаги сайловларда ютқазди, лекин курашди, тобланди, сиёсий тажриба орттирди. Ҳаракатимизнинг Тошкентдаги раҳбарларидан ҳеч ким Жумҳуррият Олий Мажлисига киритилмади. Лекин, виоятлардан бир неча “Бирлик”чи ё унга хайрихоҳ фаоллар паpламент аъзоси бўлишди. Жумладан, раҳматли Шовриқ Рўзимуродов. Толиб Ёқубов ва мен Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманига бориб, Шовриқнинг сайланиш жараёнида анча иштирок этган эдик.
“Бирлик”ни тарк этган Муҳаммад Солиҳ ва Эркин Воҳидовлар эса ҳукуматнинг ягона номзодлари сифатида Ўзбекистон халқ депутати бўлишди. Муҳаммад Солиҳ Олий Мажлиснинг 1-йиғилиши (сессияси)да иштирок ҳам этмай, Америкага сафарга кетди. Ислом Каримов шу мажлисда Президент этиб сайланди, унинг номзодига қарши гапирган ягона халқ вакили – раҳматли Шовриқ Рўзимуродов бўлди.
Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари 1990 йилдаги бу сайлов жараёнида бирор жиддий фаолият ҳам кўрсатишмади – ҳукуматнинг очиқ қўллаши натижасида бунга зарурият ҳам йўқ эди. Xалқ депутатлаpидан бир нечтаси бу сайловлардан оз вақт ўтгач тузилган “Эрк” партиясига кирди. Афсуски, бу тажриба ҳозир деярли унутилган.
“Бирлик”нинг ўша даврдаги бошқа муҳим ишлари қаторида Совет Армиясидаги ҳарбий хизматдан Ўзбек аскарларининг жасади келаётганига норозилик тадбирлари, намойишлар, ҳукумат ва жамиятни ушбу муаммони ҳал этишга ундаш, муаммони ечишда иштирок этиш бўлди. “Эрк” ҳам бу ишлар билан анча шуғулланди.
4-савол: – Сизнингча Ўзбек мухолифатининг ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди – мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?
Жавоб: -Эришилган ютуқларни юқорида тилга олдим. Менимча, Ўзбек мухолифатининг ўша пайтдаги энг катта хато ва камчиликлари – 1989 йилдаги оммавийликни, тинч намойишларда ва бошқа фаолият, тадбирларда қатнашган юз минглаб ўз тарафдорларини сақлаб қола олмаганлигида. Шунингдек, 1989-йил октябрида бошланган бўлиниш жуда хунук шaкл олгани, ҳаракатнинг бир неча раҳбари, биринчи навбатда Муҳаммад Солиҳ, қанчадир вақтга Ислом Каримов ва унинг ҳукумати тарафига “сал кам” ўтиб кетиши бўлди. Бундай баҳо беришимга сабаблар: Муҳаммад Солиҳ 1989-йилдан 1992-йил баҳоригача бирор марта Каримов ва унинг сиёсатини танқид қилмаган. Ҳатто 1991-йил 30-сентябрида Каримов кескин танқид қилинган ва ҳатто уни ишдан олиниши мумкин бўлган Олий Кенгаш сессиясида ҳам у “бетараф” бўлиши, Каримовни танқид қилган Шухрат Нусратовга жавобан, “қачoндан бери бу киши демократ бўлиб қолди”, дейиши.
Лекин, мухолифатдаги асосий хатолар фақат Муҳаммад Солиҳ тарафидан бўлди дейиш ҳам адолатсиз ва асоссиз баёнот бўлади. Агар мухолифатнинг биринчи йиллари ҳақида гапирсак, мен 1989-йил, кейин 1991-йилда ҳам, бир неча марта ўта ҳиссиётга берилганим, нисбатан кескин, “радикал” (гарчи доим зўрaвонликка қарши бўлсам ҳам!) сиёсат тарафдори бўлганим, “Бирлик”даги бўлинишда ҳам нисбатан кескин гаплар айтганим – булар мени хатоларимнинг бир қисми бўлган. “Бирлик” ва мени акам – АбдуРаҳим Пўлатнинг ҳам анча хатолари бўлди. Бўлинишда ҳам, кейинги ўзаро “даҳанаки жанг”ларда ҳам. Баъзан заруриятсиз кескин танқидда ҳам (кечаги сафдошларга, ҳамда ҳукумат ва Каримовга нисбатан).
Xатолар рўйхатини давом эттирсак… Оммавий халқ ҳаракати мавқеини сақлаб қола олмаганимиз, халқнинг катта қисмидан узоқлашиб қолиш, ўз халқини, вазиятни етарли даражада тушунмай, “худди Москвадаги” каби ўзгаришларга интилиш, “бошни деворга уравериш” … “Бирлик”да ҳам, “Эрк”да ҳам, кейин пайдо бўлган мухолиф гурухлар, фаоллар орасида ҳам бир камчилик, афсуски, кенг тарқалган: дўстни кўпайтириш ўрнига, аксинча душман сотиб олиш… Ўзаро муроса, ҳамкорликсиз, “бўлинганни бўри ейиши”ни унутиш. Бу билан мен ўзаро танқид бўлмаслиги керак демоқчи эмасман. Аксинча, танқид керак. Лекин танқид, иложи борича, одоб, маданият доирасида, ва албатта асосланган, холис, “конструктив”, дўстона бўлиши, муҳокама, мулоқот, муросага йўналтирилиши керак.
Ўзбек мухолифатида мана шу хислатлар деярли йўқлиги – катта муаммо, балки фожеадир ҳам. Мени бу ердаги баъзи танқидий мулоҳазаларим ҳам балки ўта кескиндир… Мақсадим кимларнидир мақташ ва бошқаларни қоралаш эмас. Аксинча, мен ушбу сатрларни ўқийдиганлар, биринчи навбатда ёшлaримиз, бизни хатолардан хулоса чиқаришларини истардим.
Марказий Осиёда демократик мухолифат заиф эканлигининг анча чуқур, тарихий сабаблари хам бор. Москвада, Совет Итифоқининг бошқа Ғарбий минтақаларида, ҳатто Горбачёвнинг ошкоралик сиёсатидан анча олдин ҳам нисбатан кучли мухолифат гуруҳлари бўлган. Болтиқбўйи Жумҳуриятлари ва ғарбий Украинада ҳатто Сталин даврида ҳам ва 1956 йилларгача қуролланган мухолифат бўлган! Қисқароқ ифодалашга интилиб, Советлар даврининг 1960-70 йилларидаги фақат жуда муҳим ва таниқли мухолифатчи инсонлар ва гуруҳларнинг баъзиларини тилга олай: (Раҳматли арбоблар) Александр Солженицин, Андрей Сахаров, генерал Пётр Григоренко, Анатолий Марченко, Абулфаз Элчибей, Звиад Гамсахурдия, Георгий Чантурия ва Тенгиз Гудава, Вячослов Чорновил ва яна кўплаб (юзлаб, хатто минглаб!) мухолифат арбоблари, демократлар, ўзгача фикрловчилар. Ҳаётда бўлган арбоблар орасида Сергей Ковалёв, Лариса Богораз, Владимир Буковский, Сергей Григорьянц, Валерия Новодворская, Александр Подрабинек, Людмила Алексеева ва яна юзлаб кишиларни тилга олиш мумкин ва керак.
Инсон ҳуқуқлари ва мухолифат гуруҳлари ҳамда тегишли фаолиятларнинг баъзилари: Москва, яна бир қанча Рус шаҳарларидаги, ҳамда Литва, Украина, Гуржистон Хелсинки Гуруҳлари ва уларнинг нашрлари. Ўнлаб яширин журналлар, диний гуруҳларни ҳимоя қилиш ташкилотлари, Қрим Татар, Месхет Турк, Немис, Яҳудий ва яна бир қанча халқларнинг миллий ҳаракатлари, бир неча жумҳурриятлардаги миллий-истиқлол учун курашган гуруҳлар…
1960-70 йилларда Совет Итифоқининг Ғарбий минтақаларида “самиздат” ва “тамиздат” кенг тарқалган эди – ҳукумат тарқатишга йул бермайдиган ахборотлар, маълумотлар, журналлар, китоблар яширинча тайёрланар, тарқатилар эди… Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа юртларида бундай ҳаракат жуда кам, заиф, деярли йўқ бўлган. Бизга нисбатан анча кучли мухолифат ва демократия тарафдорлари, ҳамда кураш тажрибасига эга бўлиши, ўзгача фикр ва хабарлар нисбатан кенг тарқатилганига, мухолифат учун фаолият имкониятлари нисбатан анча кенглигига қарамай, ҳатто Русия ва Қофқозда ҳам, эркин сиёсий жамият, демократия соҳасида кутилган ютуқларга эришилмади – охирги йилларда ҳатто ортга қайтишлар ҳам кузатилаяпти. Қиргизистонда ҳам қисман шундай бўлди, гарчи уларда 1990-йилларда, айникса биринчи 5 йилда, эркинлик даражаси жуда юқори бўлган бўлса ҳам! Бу соҳаларда янада орқада бўлганимиз учун, Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда очиқроқ, демократикроқ жамият қуриш, бунга эришиш анча, янада қийин вазифа эканлигини биз, Ўзбек демократик мухолифатини бошида турганлар eтарли даражада таҳлил қилмадик, тушунмадик. Кўпинча эзгу ниятлар билан хомхаёлга берилдик. Сиёсий кураш ва тарихий жараёнлар гирдобида булар ҳақида ўйлашга, уларни жиддий муҳокама қилишга вақтимиз ҳам бўлмаган, сиёсий ва ҳатто ҳаётий тажрибамиз, билимимиз етишмаган.
Советлар давлатининг Ғарбий минтақаларида 1960-70 йиллардaги “чегараланган” қатағон йиллари мухолифат олиб борган хавфли курашни биз 1980-йилларнинг охирида, ошкоралик ва анча эркинлик даврида бошладик ва ҳoзирги бутунлай бошқа вазиятда, жумладан ривожланган демократик давлатларнинг жиддий ёрдами билан, бу кураш давом этаяпти. Биз олдимизга катта мақсадлар қўйдик, уларни амалга ошириш қанчалик мураккаб ва оғир эканлиги анча вақт ўтгач ошкор бўлди.
Бундай хатолар – табиий. Мухолифат эришган ютуқлар орасида “Бирлик”нинг биринчи 4-5 йиллик фаолиятида ички демократия ва Низомга риоя қилиш тузук даражада бўлганини айтиб ўтиш мумкин. “Бирлик”да ички демократия, баҳс-мунозара, раҳбарларни танқид қилиш ва натижада яккаҳокимлик ва “доҳийлик”ни олдини олиш, муҳим қарорларни муҳокама қилиб, кейин қабул қилиш – гарчи мукаммаликдан узоқ бўлса ҳам – “Эрк”ка нисбатан анча юқори даражада бўлиб келган эди. Айниқса, 1989-93 йилларда, раҳбарларнинг бир қисми чет элга кетишга мажбур бўлишидан аввал. Лекин кейинчалик қатағонлар ва ўзаро алоқа ва учрашиш, йиғилишлар жуда қийинлашгани (ҳатто бир неча йил давомида умуман иложи бўлмагани сабаб), табиийки, Низомга риоя қилиш имкони кескин даражада камайди. Шу ва бошқа кўп камчиликларга қарамай, охирги ўн йилда “Бирлик” бир неча Қурултойлар ўтказди ва ўз раисини ҳар гал қайта сайлади. Лекин, амалда, мени назаримда, охирги йиллларда бу ташкилотда ҳам – худди “Эрк” каби – асосий масалаларни бир киши ҳал қилади.
“Эрк”да эса ички демократия ва Низомга риоя килиш умуман йўқ. Авваллари ҳам бўлмаган. Мисол учун, партия Бош Котиби Самад Муродни Муҳаммад Солиҳ “ишдан олиб”, унинг ўрнига Отаназар Ориповни тайинлаши. Бу партия мамлакатда очиқ фаолиятда бўлган 1990 .92 йилларда ҳам, бирор марта унда жиддий муҳокама, раҳбарни танқид қилиш кузатилмаган. Лекин, “Бирлик” ҳеч бўлмаса, асримиз бошида бир неча марта расмий руйхатдан ўтиш ва 2004 йил Олий Мажлис сайловларида иштирок этиш учун уриниб, курашиб келди. Имзолар тўплаб, мажлислар ўтказиб – вилоятларда, кўп шаҳарларда ва Тошкентда бир неча Қурултойлар ўтказди – натижада жонланди ва фаоллашди. Андижон фожеасидан кейин бу ишлар ҳам деярли тўхтаган. Лекин, “Эрк”да ҳатто шу ҳам йўқ. “Аъзоларимиз рўйхатини ҳукуматга тақдим қилсак, улар таъқибга учрайди” деган даъво-изоҳ, назаримда партия мавжуд эмаслигини, ёки унинг раҳбарлари ташкилий ишларда қанчалик суст эканлигини, амалда тасдиқлайди. Чунки, фаол “Эрк”чилар шундай ҳам ҳукуматга маълум. Унча фаол бўлмаган аъзолар эса, одатда, таъқиб қилинмайди.
Мен ўз жавобларимда, “Эрк” ҳақида гапирганда, 2-3 гуруҳга бўлиниб кетган бу партиянинг Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги бўлагини назарда тутаман. Чунки, “Эрк”нинг бошқа гуруҳлари фаолияти ҳақида, уларнинг раҳбарлари эркин давлатларда бўлмагани, Ўзбекистон ва чет элларда уларнинг номи жуда кам доирада маълум эканлиги, натижада моддий тарафдан жуда оғир шароитда эканлиги ва баъзи бошқа сабаблар билан, деярли маълумот йўқ “Бирлик” ва “Эрк” (МС) раҳбарларини ўз ташкилотлари Низомига риоя қилмасдан узоқ йиллар лавозимидан кетмасликда танқид қилиб келаётган мухолифатчиларнинг гапида жиддий асос бор, албатта. Лекин, бу танқидчиларнинг баъзилари ўзлари ҳам баъзан кўзгу ойнага қараб туришса тузук бўлармиди? Жумладан, бу йил Францияда Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг Овруподаги 8-9 аъзоси ва шу мамлакатдан янги аъзо бўлган 8-9 киши йиғилишиб, Жамият Низомига ўзгартиришлар киритишди ва янги рахбарлар сайлашди. Бу мажлисни, жуда борса “Жамият Оврупо бўлими”нинг йиғилиши деб аташ мумкин эди. Лекин, Жамиятнинг Қурултойи дейиш мумкин эмас…. АбдуЖалил Бойматов жамият раҳбарлигига балки жуда лойиқ арбобдир. Қолаверса, бу Жамият ва ДЎК иккаласининг собиқ раҳбарлари Толиб Ёқубов ва Жаҳонгир Маматов ўз хоҳишлaри билан лавозимларидан кетиб, ибратли иш қилишди. Шунга қарамай, Жамиятнинг Франциядаги бу кичик йиғилиши Қурултой ваколатига эга бўлмаганини хам эътироф этиш зарур.
“Бирлик”нинг, мени назаримдаги камчиликлари қаторида жуда катта вақт, эътибор Ўзбек мухолифати, жумладан хориждаги мухолифат орасидаги майда гаплар ва ўзаро даҳанаки жанг, иккинчи даражали сабаблар билан кимларгадир “ҳужум”, ҳукуматни танқид қилишда ҳам майда гапларга сарфланганидир. Фикримча, бу хатолар жуда кўп тарафдорларни бездирган.
Яна бир хато ББС, “Озодлик” ва “Америка Овози” радиолари билан ҳамкорлик қилиш масаласи билан боғлиқ. Баъзи ҳолларда уларни танқид ҳам қилиш керак. Лекин, “Бирлик” ва “Бирдамлик” каби фақат “ҳужум” ва “бойкот” – жиддий хато. Назаримда, бунинг ўрнига, ҳамкорлик қилиб, бу минбарлардан унумли фойдаланишга интилиш керак. Бу масалада Муҳаммад Солиҳ ва унинг тарафдорлари, назаримда, “Бирдамлик” ва “Бирлик”ка нисбатан камроқ хато қилишаяпти.
5-савол:- – Каримов ҳукуматининг мухолифатга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу ҳаракатлар қанчалик ўзини оқлайди?
Жавоб: -Каримов ҳукуматининг мухолифатга қарши аёвсиз кураши 1992-йилнинг ёзи ва кузидан бошланди. Унгача, ҳатто ўша пайтда дунёвий-демократик йуналишдаги энг “радикал”, кескин мухолифат гуруҳи – “Бирлик” ҳаракати ва унинг ўзаги (”Бирлик” партияси) ҳам ҳали аёвсиз таъқиб остида эмас эди.
Мухолифатга қарши қатағон бошланган 1992-93 йиллар ҳақида гапирсак, мухолифатнинг бунчалик кескин даражада сиқувга олинишининг асосий сабаблари, назаримда, қуйидагилардан иборат:
1. Қўшни ва қардош Тожикистонда 1991-йил кузида бошланган кўп минг кишилик тинч намойишлар 1992-йил май ойига келиб қуролли туқнашувлар ва фуқаролар урушига айланди. Бу курашда Тожик миллий-дунёвий-демократик мухолифати (“Растохез” миллий уйғониш харакати ва ўша пайтдаги Демократик партия, яна бир қанча кичикрок гуруҳлар) “Исломчилар” (Ислом Уйғониш партияси, ўша пайтда Тожикистон диний назорати раҳбари – таниқли уламо ва арбоб СаидAкбар Тўражонзода ва унинг тарафдорлари) билан бирга бўлди. Лекин, “бирлашган” мухолифатда асосий куч “Исломчилар” эди. 1992-йил майида Тожик бирлашган мухолифати ҳокимиятда ўз вакиллари бўлишига эришди. Сентябр ойига келиб эса, халқ сайлаган Президент раҳматли Раҳмон Набиев бир гуруҳ автоматчилар томонидан ўраб олиниб, истеъфога чиқишга мажбур этилди ва яқингача мухолифат бўлганлар ҳокимиятда асосий кучга айлана бошлади.
2. Ўзбекистонда ҳам, жуда кўплар худди шу йўлдан бориш, “Исломчилар” билан бирлашишни талаб эта бошлашди. Жумладан, ҳурматли ҳофизимиз, озодлик ва миллий истиқлолнинг оташин куйчиси Дадахон Ҳасан “Бирлик” халқ ҳаракатини “Бирлик Исломий Халқ Харакати”га айлантиришни ва намоз ўқимайдиганларни ҳаракатдан ҳайдашни кескин шаклда талаб қила бошлади. 1992-йил май ойидаги “Бирлик” Қурултойида бу таклиф кенг муҳокама қилиниб, рад этилганида, Дадахон Ҳасан сафимизни тарк этди. Баъзилар Тожик мухолифати каби қуролланишни ҳам таклиф этишди, уларнинг таклифи ҳам рад этилгани, назаримда, тўғри иш бўлди. Тожикистонда мухолифат деярли ҳокимиятга келиши Ислом Каримовни жуда хавотирга солди, албатта. Табиийки, у Ўзбекистонда бундай инқилобни олдини олиш ҳаракатига тушди.
3. “Эрк” ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ 1992-йил баҳоридан Ислом Каримов ва унинг ҳокимиятига қарши бўлиб, мухолифатга қўшилди. У бир неча мухолиф арбобларни жалб этиб, Демократик Форум тузди. Бу арбоблар орасида Каримовнинг энг жиддий рақиби – собиқ Бош Вазир ва Вице-Президент Шукрулло Мирсаидов, Олий Кенгаш (Парламент) аъзоси Жаҳонгир Маматов, “Эрк”чилар, “Бирлик”нинг бир неча таниқли раҳбарлари ва яна бир қанча мухолиф фикрдаги арбоблар бор эди. Лекин, Муҳаммад Солиҳ бунда – “табиийки” – ака-ука Пўлатовлар ва “Бирлик”нинг яна бир неча муҳим вакилларини (адашмасам, жумладан Шуҳрат Исматуллaев, Толиб Ёқубов, раҳматли Мадамин Нарзиқулов) таклиф этмаган – ўртадаги адоватдан юқори бўлолмаганлиги натижасида бўлса керак.
Бу ерда Ўзбек мухолифатининг йирик арбобларидан бири Жаҳонгир Маматов ҳақида қисқа маълумот, фикримча, фойдадан холи эмас: бу киши Олий Кенгашнинг, Каримов кескин танқид қилинган ва уни ҳатто ишдан олиши мумкин бўлган 1991-йил 30-сентябр йиғинида Президент ҳақида қаттиқ гаплар айтган. Лекин бир неча кундан кейин Каримовнинг маслаҳатчиси бўлиб ишга ўтган, 1992 йил баҳорида яна қайтадан мухолифатчи бўлган. Бу маълумотларни эслатишдан мақсадим Жахонгир Маматовни танқид қилиш эмас. Ҳурматли ўқувчилар эътиборини деярли барча сиёсатчи фаолиятида учраб турадиган зиддиятли ва мураккаб қадамларга қаратмоқчиман холос. Мен ўзим ҳам, мана 10-12 йилдан бери “марказчиман” – Ислом Каримов тарафдори ҳам эмасман, унга кескин, муросасиз, “радикал”, ашаддий мухолифатда ҳам эмасман. Баъзи кескин мухолифатчилар назарида хатто “Каримов тарафдори” ёки унинг “адвокати” ман.
4. Бир неча мухолифатчи фаоллар “Миллий Мажлис” тузмоқчи бўлишди. Бу ташаббусга Бобур Шокиров, Ҳазратқул Худойберди, раҳматли Олим Каримов, Салават Умурзоқов, “Бирлик”нинг таниқли ва энг фидоий раҳбар ва фаоллариларидан АбдуЛазиз Махмудов (Ўзбекистон ва минтақадаги муҳим сиёсий воқеалар, жумладан “Бирлик”нинг кўп минг кишилик намойишлари ҳамда бўлиниши, 1989-1990 йиллардаги Қўқон ва Фарғона, Ўш Ўзген фожеалари ҳақида ва ҳаракат тарихини ажойиб ҳужжатли филмларда акс эттирган инсон) бош бўлишди. Эзгу ниятлар билан “жамоатчилик, “давра” кенгаши – парламенти” сифатида таклиф этилган бу гуруҳ Низомининг лойиҳасида ҳукумат мухолифатни “давлат тўнтаришга уриниш”да айблашига жиддий баҳона – сабаб бўладиган хато бўлган. Бу ачинарли хато кимларнингдир эътиборсизлиги, кимларнидир сиёсий тажрибаси йўқлиги, кимларнидир сиёсий чаласаводлиги ва ўжарлиги натижаси эди. Гуруҳ ҳужжатлари лойиҳасида у қонунлар чиқариши ва уни имзолаш учун Президентга юбориши, агар Президент 1 ё 2 ой ичида “қонун”га имзо чекмаса, уни амалга ошириш йулларини муҳокама қилиши ва излаши кўзда тутилган эди. Яъни, халқ томонидан сaйланмайдиган ва жамоат ташкилотлари вакилларидан тузиладиган бу гуруҳ ўзини камида “қoнун чиқарувчи парламент”, балки ҳатто ундан ҳам юқори даражада олий ҳокимият деб эълон қилмоқчи эди.
Бундай уриниш ҳар қандай мамлакатда, ҳатто сиёсий эркин давлатда ҳам, “конституцион тузумни қонунсиз йўл билан ағдаришга интилиш” деб баҳоланади. Тўғри, демократик, барқарор сиёсий-ижтимоий вазиятда ёки ҳукумат заиф бўлган шароитда, бундай ташаббус билан чиққан фаоллар конституцион ҳокимиятни қонунсиз йўл билан ўзгартиришга чақириқ ё шу йўналишдаги фаолият жиноий жавобгарликка олиб келиши ҳақида жиддий шаклда огоҳлантирилади холос. Лекин, Ўзбекистон шароитида бундай ташаббус асосий мухолифат ташкилотлари (”Бирлик” ва “Эрк”) ни йўқ қилиш учун баҳоналардан бири сифатида ишлатилди. “Миллий Мажлис” ташаббускорларининг кўпчилиги қамалди. Сталиндан кейинги, 1960-80 йиллар Шўролар Совет даврида Ўзбекнинг сал кам ягона (балки ягонадир!) шак-шубҳасиз сиёсий маҳбуси бўлган Бобур Шокиpов (1970-80 йиллар Совет давлати ва тузумига туҳмат қилиш ва Совет тузумига қарши ташвиқот деган икки “машҳур” сиёсий айблар билан 10 йил қамоқда ўтирган инсон) 11 ой, Ҳазратқул Худойберди 9 ой, Oтаназар Орипов (”Эрк” Котиби; “айби” – “Миллий Мажлис лойиҳасини таҳрир қилган), раҳматли Олим Каримов, ҳамда Салават Умурзоқовлар бир неча ойга қамалишди. Судда уларнинг барчаси ва АбдуЛазиз Маҳмудов “айбдор” топилиб, шартли равишда озод қилинди. “Миллий Мажлис” ҳужжатлари “Эрк” компютерида тайёрланганлиги, ҳамда Муҳаммад Солиҳ ҳам унинг баъзи ҳужжат лойиҳаларини бироз таҳрир этганлиги, бу ташаббусда бир неча “Бирлик”чи ва “Эрк”чилар бўлганлиги учун – булардан ҳукумат “фойдаланди”. “Бирлик”нинг Раисдоши Шуҳрат Исматуллaев уларнинг йиғилишига бориб, “Миллий Мажлис” ҳужжатлари лойиҳасида мен юқорида айтиб ўтган жиддий сиёсий хато ва нодемократик режалар ҳақида огоҳлантириб, уларни бу йўлдан қайтишга, хатони тузатишга чақирган. Шунга қарамай, у киши ва Муҳаммад Солиҳ устидан ҳам “Миллий Мажлис” “иштирокчи”си, “ташаббускор”и сифатида жиноий иш очилди.
Қатагонлар (давоми): 1992-93 йиллар “Бирлик”нинг етакчи арбоблари ва фаоллари (АбдуРаҳим Пўлат, Шухрат Исматуллаев ва раҳматли АбдуРашид Шарипов, яна бир неча киши), “номаълум кимсалар томонидан” шафқатсизларча боши ёрилиб, калтакланди; Бир қанча етакчи арбоб ва фаолларлар қамалди. Жумладан, Пўлат Охунов, Нозир Зокир, “Миллий Мажлис”чилар (Бобур Шокиров, Ҳазраткул Худойберди, раҳматли Олим Каримов, Отаназар Орипов, Салават Умурзоков), қисқа вақтга (2 ой) – мени ўзим ҳам. Кейинчалик, “Эрк”дан Сафар Бекжон ва Абдулла Абдураззоқ, яна бир неча “Эрк” ва “Бирлик” фаоллари, 1990-92 йилларда Ўзбекистон халқ депутати ва Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар кенгаши раиси Мурод Жўраев, ўнлаб “Исломчилар” қамалди. Васила Иноятова мен каби “Президентни ҳақорат қилиш”да айбланиб, судланди ва шартли жазо олди. Тергов вақтида қамалган ва кейин озод этилганлар орасида Дадахон Ҳасан, Мухтабар Аҳмедова, раҳматли Иброҳим Бўриев ва яна бир қанча мухолифат фаоллари бўлди. Шукрулло Мирсаидов “давлат мулкини талон-тарож қилиш”да айбланиб суд қилинди ва шартли жазо берилиб, квартираси олиб қўйилди. У киши ҳам “номаьлум кимсалар” томонидан шафқатсизларча калтакланди.
Ўша вактда дунёвий-демократик, миллий мухолифат фақат тинч йўллар билан курашгани ҳамда Исломчилар билан бирлашмагани, ҳукуматнинг қаттиққул сиёсати ва таъқибқатағонлари, ҳукмдор доираларда бўлиниш ва маҳаллийчилик кам бўлгани – барчаси биргаликда Ўзбекистонда фуқаролар урушини олди олишга хизмат қилди. Албатта, бунда бир қанча мухолифатчилар азоб чекишди – боши ёрилганлар, қамалганлар, хорижга кетишга мажбур бўлганлар, ишдан ҳайдалганлар… Лекин, Тожикистондан фарқли ўлароқ, уруш – ўн минглаб кишилар ўлиб кетиши, юз минглаб кишилар ўз шаҳар-қишлоғи, хатто юртини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлиши, мамлакат ривожланишида кескин орқага кетиш юз бермади. Фикримча, бунда мухолифатнинг тинчликсеварлиги ҳам, Каримовнинг қаттиққўллиги, балки баъзан шафқатсизлиги ҳам асосий сабаблар қаторида бўлди.
6-савол: – Ўзбек мухолифатининг хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?
Жавоб: -Ўзбек мухолифатини хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини қисман оқлайди. Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз-моз таъсирини ўтказа олади. Лекин Ўзбекистон Шимолий Корея эмас, Туркманистон ҳам эмас. Ўзбекистонда кескин бўлмаган мухолифат ишлаши мумкин – гарчи шароит қийин бўлса ҳам. Шунинг учун, асосий фаолиятнинг четда эканлиги Ўзбек мухолифатининг жуда жиддий муаммоси.
7-савол: – Бугун мухолифатнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга урунмоқда. Дунёвий мухолифатнинг исломлашиши мамлакат ва халқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?
Жавоб: -Бу ерда “диндор” деганда кимлар назарда тутилиши муҳим. Ўзбекистонда динлар орасида фақат Ислом муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун мен ҳам фақат “Исломчилар” ҳақида гапираман. “Диндорлар” ёки “Исломчилар”, худди дунёвий давлат тарафдорлари ва демократлар каби, мақсадлари, уларга эришиш учун кураш йўллари билан бир-биридан анча фарқ қилади. Демократлар тинч йул билан Исломий қонун-қоидага асосланган жамият қурмоқчи бўлганлар билан, менимча жуда эҳтиёт бўлиб ҳамкорлик қилиши керак. Ўз мақсади йўлида куч ишлатиш, зўравонлика чақирувчилар, ё қулига қурол олиб курашаётганлар билан ҳамкорлик бўлмаслиги керак. Туркия, Малайзия, Эрон ва бошқа бир қанча давлатлардаги каби, диндорлар орасидан демократик ва дунёвий қоидалар тарафдорлари пайдо бўлиши мумкин. Ўзбек Исломчилари орасида мана шу йуналишни рағбатлантириш жуда мухим. Яъни, “Исломий демократлар” оқими, ҳаракати пайдо бўлишига ёрдам бериш, улар билан ҳамкорлик керак. Ҳозирча мен Ўзбек Исломчилари орасида демократик қадриятларни ҳурмат қиладиган, ўз дини ва замонавий демократик қадриятлар орасида жиддий муроса тарафдорларини билмайман – балки Исломчилар билан яқиндан гаплашмаганлигим учундир.
Шу муносабат билан қизиқарли кузатув: ўзини дунёвий-демократик мухолифатчи деб ҳисоблайдиган танишларим орасида эса, мени назаримда “Ислом демократи” деса бўладиган фаолларни биламан. Яъни, дунёвий-демократик мухолифатда “Исломлашиш” бошланганига анча вақт бўлган. Бу – табиий жараён, лекин унга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошмоқ лозим. Мен шахсан 7-асрда яратилган қонун-қоидалар, агар улар жиддий ислоҳ қилинмаса, замонавий жамиятга мосланмаса, тараққиётга эмас, жаҳолатга олиб келади деб ўйлайман. Ўзбекистонда очиқроқ ва сиёсий эркинроқ давлат тузуми яратилса, нафақат Исломий Демократлар, балки мўътадил ва ҳатто “радикалроқ” Исломчилар ҳам, жамиятда ва сиёсий саҳнада ўз ўрнига эга бўлади. Буни тўхтатиш, олдини олишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам, демократик-дунёвий мухолифат мўътадил Исломчилар билан ҳамкорлик қилиши керак.
8-савол: – Халқимиз қарийб 18 йилдирки деярли мухолифат фаолиятидан бехабар ҳолда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифат пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифат пайдо бўлса, у 90 йиллардаги мухолифатнинг қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?
Жавоб: -Менимча, мамлакат ичида мухолиф фикрловчи инсонлар кўп – бунинг сабаблари айтиб келинади: иқтисодий вазият оғирлиги, ишсизлик, адолатсизлик, ҳуқуқсизлик, амалдорлар ва уларга яқин ишбилармонлар билан камбағалнинг яшаш даражасидаги “ер билан осмон” каби фарқ. Лекин, шаклланган мухолифат жуда заиф ва кўпчилик учун номаьлум. Ҳозирги тузум яна неча йил сақланади – буни айтиш қийин. Яқин орада жиддий ўзгариш бўлмаса керак. Демак, ёки шу тузум доирасида сабр-тоқат билан халқ орасида ишлайдиган, мўътадил, “конструктив”, “марказчи” мухолифат гуруҳлари керак, ёки бугунги мавжуд йўл: асосан чет элларда кескин танқид қилиш, “қоралаш” – бунинг натижасида мамлакат ичида бирор жиддий фаолият бошланишига умид қилмаса ҳам бўлади.
Мамлакат ичида жиддий фаолиятга нафақат “Бирлик”, балки “Эрк”, “Бирдамлик” ҳам, “ДЎК” ҳам, бошқалар ҳам эриша олмаяптилар. Бу икки йўлдан бошқаси (”учинчиси”) – Тоҳир Йўлдош, ЎИҲ ва уларга ўхшаш кучлар йўли, лекин бу йўл ҳам тўғри эмас. Хорижда, эркин мамлакатда яшаб, Каримов ва унинг оиласи, сиёсати, зулми ҳақида истаганча кескин гаплар гапириш, ёзиш мумкин. Жумладан, ҳар қандай уйдирмани ҳам. Бунинг учун қаҳрамон, ё мард бўлиш ҳам, билим ҳам керак эмас. Лекин, бу гапларни айтиб, “ичини бўшатиб олаётганлар” Ўзбекистондаги ўз тарафдорлари бошига калтак олиб келаётганини, мухолифат учун мамлакатда ишлаш имкониятларини янада торайтиришга ҳисса қўшаётганлигини тушунишмайди шекилли.
Қайтараман: “мўътадил” дунёвий-демократик мухолифат пайдо бўлиши учун, назаримда, бугунги Ўзбекистонда шароит ва имконият бор. Гап фақат ташаббус ва йўлбошчи йуқлигида – бунга мен аминман.
Янги мухолифат 90-йиллардаги мухолифатнинг қуйидаги хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардим: Изчиллик билан, “мўътадил”, “марказчи”, сабр-тоқатга эга бўлган, “конструктив” йўлдан оғмасдан бориш муҳим. Жумладан, “Бирлик”нинг 20 йиллик “радикал”лигини қайтармаслик. Муҳаммад Солиҳ ва унинг “Эрк”и каби, олдин “ювош қўзичоқ”, четдан туриб эса – сал кам энг ашаддий мухолифатчилик” – буни ҳам қайтармаслик керак. Бошқа мухолиф гуруҳлар ва арбоблар билан “даҳанаки” жангдан узоқ бўлиш зарур. Асосан чет элдан моддий, маънавий, сиёсий-дипломатик ёрдам сўрайвермай, ўз халқига (биринчи навбатда ва иложи борича “ўрта ҳол” табақага) суяниш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва натижада ундан ёрдам олишга интилиш муҳим.
Ўзбек мухолифати олида турган жиддий муаммолардан биттасида унинг бирор арбобини айблаш қийин: юқорида мен тилга олган ва мухолифатчилар йиллар давомида айтиб келаётган сабаблар натижасида, Ўзбекистонда кўплар Ислом Каримов ва унинг ҳукуматидан норози. Кескин норозилар ҳам кўп. Демак, кескин танқидчилар учун норозилар орасидан тарафдор ва ёрдам йиғиш осонроқ. “Юмшоқроқ”, “мўътадил”, “марказчи” мухолифат учун эса – қийинрок. Лекин, кескин, радикал мухолифатчилар бугунги кунда мамлакат ичида ҳеч бир жиддий иш олиб бориша олмайди. “Мўътадил”лар учун эса, мамлакат ичида ишлаш мумкин бўлади. Назаримда, “мўътадиллар” бирор ижобий натижага эришишига умид кўпроқ. Янги мухолифат мана шу икки йўл орасидан қайси бирини танлаш ҳақида жуда жиддий ўйлаши керак.
20 йиллик ва бугунги дунёвий-демократик мухолифатнинг яна бир хатосини қайтарилмасликни тавсия қилар эдим: турли фикр, ғоя, таклифга зудлик билан “ҳужум” қилиш олдидан бироз ўйлаш ҳам керак.
9-савол: – Сизнингча, Ўзбек мухолифатининг бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?
Жавоб: -Бу саволга юкорида қисман жавоб бердим. Мухолифатчилар бир-бири ҳақида туҳмат, уйдирма, бўҳтон, иғво тарқатаётган, “тирноқ ичидан кир қидираётган” фаоллар ва раҳбарлардан янада узоқ юриши керак. Ўзбекистон муаммоларининг фақат бир қисмида Каримов ва унинг сиёсати, ҳукумати айбдор эканлигини тушуниш ҳам зарур. Ҳокимиятга бошқа кучлар келиб қолган тақдирда ҳам (буни яқин орада эҳтимоли деярли йўқ бўлса ҳам, бир дақиқа фараз қилайлик), мавжуд муаммоларни 1-2 йилда ҳал этадиган “сеҳрли таёқча” мавжуд эмас. Tашқи алоқаларда ҳам, ички ишларда ҳам, Каримов олиб бораётган сиёсатнинг сезиларли қисмини ҳар қандай раҳбар жиддий ўзгаришсиз олиб боришга мажбур бўлади – айниқса ташқи сиёсатда, лекин минтақавий ва ички ишларда ҳам. Жуда кўплар, агар адолатли ва уддабурон кишилар ҳокимиятга келса, меҳнаткаш халқи ва улкан табиий бойликлари бўлган Ўзбекистон жуда тезлик билан ривожаниб кетади, фарoвон ҳаёт тезда бошланади деб ишонишади. Содда кишилар орасида бу умид-истакларни тушунса бўлади. Лекин, бу гапларни айтаётган сиёсатчилар, менимча, ёки “кўкнори хаёл” кишилар ёки улар билиб, тушуниб туриб, алдашади… Ҳақиқатда эса, Ўзбекистон Туркманистон ёки Қозоғистон эмас, унинг табиий бойликлари анча кам, аҳолиси анча кўп – айниқса сал ярми чўл ва саҳро бўлган ҳудудига солиштирилса. Ҳамда, жуда кўп муаммоларга эга.
Менга “Туркманистон ҳам асосан саҳродан иборат“ деб эътироз билдиришлари мумкин. Бу ерда, Туркманлар (агар аҳолиси ва ҳудудига солиштирилса) худди Саудия Арабистони каби улкан табиий бойликларга эга эканлигини ёдда туриш керак. Кучли раҳбар етакчилигида Ўзбекистон, албатта, оёққа туриши керак. Лекин бунга бир қанча йил ва балки анча машаққатли ислоҳотлар ҳам керак бўлади. Dавлат бошқарувида, ҳукумат идораларида фақат ўғрилар, порахўрлар, жиноятчилар деган маънодаги бемаъни ва масъулиятсиз баёнотлар билан бу табақани янада ўзига қарши қўйишга ҳеч бир эҳтиёж йўқ. Aксинса – бундай баёнотларни мухолифатнинг ўзи учун зарари кўпроқ. Мухолифатчилар орасида ҳам ҳамма тўғри, ҳалол ёки пок эмас.
Мен Америка фуқаросиман, Ўзбекистон мухолифатида катта арбоб, ёки мамлакатда кaтта сиёсатчи, амалдор бўлиш режам йўқ. Ўзбекистон ҳукумати ёки мавжуд мухолифат гуруҳчаларидан ҳам менга ҳеч нима керак эмас. Жумладан, шунинг учун, мен холисроқ фикр юрита олишимга ишонаман. Ҳамда, сиёсий ва таҳлилий тажрибам, билимимдан Америкага ҳам, Ўзбекистонга ҳам фойдам тегиши мумкин деб ҳисоблайман. Мен ҳақимда “ҳар йили Ўзбекистонга боради” деган гапларга ишонувчиларга эслатма. Агар 1996-98 йилларни назарда тутилса, бу гап тўғри. Лекин, 1998-йил ёзидан бери Каримов ҳукумати менга ўзим туғилиб ўсган, мени улғайтирган (ва умид қилaманки мен ҳам унга оз моз хизмат қилган) тарихий Ватанимга боришга ижозат (виза) бергани йўқ. Ҳар бир ҳукумат, чет эллик – ё фуқаролиги йўқ кишига – ўз мамлакатига келишга ижозат бериш ёки бермаслик ҳуқуқига эга. Буни фақат баъзи чаласавод ҳуқуқ ҳимоячилари ва қонунларни билмайдиган содда одамлар тушунишмайди. Халқаро шартномаларда ҳам, Ўзбекистон (ва бошқа жуда кўп давлат, жумладан, Америка) қонунларида ҳам бундай “хуқуқ” йўқ. Шунинг учун ҳам, жуда кўп Ўзбекистонлик ва бошқа юртликлар Америка ёки Оврупо давлатларига келишга ижозат (виза) олишлари мушкул. Ўз мамлакатидан чет элга сафар қилиш учун “чиқиш” хуқуқи – бу бошқа гап: бундай хуқуқ бор. Менга 1998-йил ёзидан бери Каримов ҳукумати Ўзбекистонга боришга рухсат бермаётганлигини шикоят сифатида айтаётганим йўқ. Бу – шунчаки билдириш холос. Ҳар қандай масалада ҳам, мен иложи борича шикоят қилмасликка ҳаракат қиламан. Лекин, ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилишим мумкин.
10-савол: – Сиз ўз ҳаётингизни кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ёки афсусдамисиз?
Жавоб: – Мамнунман, афсуслигим йўқ. Лекин агар фаолиятимни қайтадан бошласам, кўп ишларни анча бошқача қилган бўлардим. Булар ҳақида юқорида бироз гапириб ўтдим
Суҳбатдош: Юсуф Расул.
Швеция, 2009 йил.Published on november 21, 2016 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
Охирги изоҳлар