-
Исмоил Дадажонов: “Қўлимиздан келгани шу экан…”
”Янги Дунё” архивидан.
Исмоил Дадажонов – таниқли мухолифатчи, “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари, Швеция.
Юсуф Расул: -Ўзбекистондаги мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?
Исмоил Дадажонов: -Ўзларини ривожланган мамлакатлар қаторида кўраётган баъзи давлатларнинг сиёсатдонлари “ўзбеклар демократиядан бехабар”, деб қилаётган даъволарини инкор қилиб, уларга 1918 йилги Қўқон Мухторияти республикасини эслатиб ўтмоқчиман.
Баттол Лениннинг ёлғон ваъдаларига ишонган соддадил ўзбеклар ўшанда Мустақил Туркистон республикаси тузганликларини эълон қилган эдилар.
Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда “Бирлик” ҳаракати ташкил топиши билан боғлайдилар. Сизнингча, Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларнинг пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?
И.Д.: -1987 йил бошларида Совет империяси ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда яна Қўқонда “Одамийлик ва инсонпарварлик” уюшмаси тузилди. Бу уюшма 5 йил мобайнида фаолият қилиб жамиятда адолат ўрнатишга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшди. Ўзбек тилига давлат мақомини бериш, бир неча кимёвий заводларни ёпиш ва экалогик муоммоларни ҳал қилишда жонбозлик кўрсатишди. Уюшма Ўзбекистон Олий Советига ўз номзодини кўрсатди ва сайловда ғолиб чиқди.
Олий Советга депутат бўлиб сайланган Садирали Умаров ўз муддати тугагандан кейин ҳам халқ манфаати йўлида кўп ишлар қилишга улгурди.Каримовнинг репрессив машинасининг биринчи қурбони “Одамийлик ва Инсонпарварлик” жамияти бўлди. Жамият раҳбари ва 15 аъзоси қамоққа ташланди. Жамият раиси Қаҳрамон Ҳамидов ҳибсхонада қийноқларга солинди ва ўша ерда вафот этди. Ҳозирги кунгача Ҳамидовлар оиласи куч ишлатар тизимлари тақиби остида яшамоқда. Демак, “Бирлик” Халқ Ҳаракати билан бир қаторда бошқа кучлар ҳам Ўзбекистонда илк демократик ҳаракат асосчиларидирлар,
Ю.Р.: -90 -йиллар бошида пайдо бўлган ўзбек мухолифати мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?
И.Д.: – 90 йиллар бошида пайдо бўлган ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган ишларидан бири ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришганидир. Тилимизга давлат тили мақоми берилиши халқимизни умидлантирди, бирлашиб маълум мақсадлар сари бориш мумкинлигига ишонч пайдо қилди.
Ю.Р.: -Сизнингча ўзбек мухолифатининг ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди – мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?
И.Д.: -Ўша пайтларда “Бирлик” сафларида жуда ҳам ҳурматли ва машҳур инсонлар бор эди. Гўёки бугун эрта ҳокимият “Бирлик” қўлига ўтадигандек кўриниб қолган эди. Эришилган ютуқлардан ҳаволаниб кетган лидерлар кетма – кет хатоларга йўл қўя бошладилар. Ҳозир жуда кўп манбаъларда мухолифатни бўлинишида “Эрк”чилар айбдор деб айтишади. Бўлса бордир. Лекин бўлиниш муҳитини яратганлар ўша пайтдаги ҳаракат лидерлари десак адолатдан бўлар эди..
Мухолифатни бўлиниб кетишига сабаб бўлган ўша пайтни раҳбарлари ҳали ҳам доҳийликка даъво қилиб юришибди. Улар жуда яхши билишади даврлари ўтганини, лекин ўзларини борликларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Ҳаракат қилганда ҳам энг ифлос усуллар билан.
Нимагадир мухолифат ичида қўрқув бор. Куни кеча бир биродаримиз Ўзбекистон махфий хизматлари “Бирдамлик” ташкилотини Европадаги аъзоларини рўйхатини олишга ҳаракат қилаётганини ёзди. Ватандаку майли энди ватандан минглаб километр жойга келиб олиб ўзини мухолифатчи эканлигини яшириб қўрқиб юрганларга қойил. Нима қиласиз бунчалик қўрқсанггиз мухолифатга қўшилиб. Мухолифатга бугун Юсуф Жумадек, Мўътабар Тожибоевадек мардлар керак. Агар биз қўрқувимизни билдирсак қолганлар нима қилсин?
Шоир айтганидек:
Ҳали кетгани йўқ қўрқув, таҳлика,
Ҳали қутилмади қафасдан ишонч.
Шубҳа – қора кўнгил, ағёр малика,
Гумон – дил ўйгучи занглаган омоч.Агар хатоларимиз булмаганда биз хозир хорижларда сарсон булиб юрмаган бўлар эдик.
Албатта иш бор жойда хато ҳам бўлади. Лекин баъзи хатолар борки уларга йўл қўймаслик мумкин. Бунинг учун нафсга жиҳод қилиш керак эди. Фақат мен Подшоҳ бўлсамгина курашаман, деб кўкрагига ураётганлар миллат учун ўта хатарликдирлар. Эй, номард, сен подшоҳ бўлишни хоҳлашингни ўзи кифоя эмас, халқ ҳам сени хоҳлаши керак, деб бақиргим келади.
Мендан илгари чиқиш қилган Тулқинжонни бирлашиш тўғрисида уйламасликка даъватига қўшилмайман. Биз Украинада гувоҳ бўлдик. Кучма режимини ағдариш учун кўп гина – кудуратлар унутилди. Кўчмага ўзини мухолиф билганлар бирлашдилар ва куч бўлиб шаклландилар. Уларни куч эканлигини кўрган Ғарб дунёси қўллади. 90 йиллар хатоларидан хулоса чиқариб курашни давом эттирабериш керак эди. Афсуски хато қилганлар хатоларини тан олгилари келмади. Қолганлар эса унутишни билмади.
Ю.Р.: -Ўзбек мухолифатининг хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?
И.Д.: -Шу ўринда мен сафдошим Васила Иноятованинг ватандан чиқиб кетганлар ҳақида айтган фикрларига ўз мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Ҳа, мен ватанни ташлаб чиқиб кетдим. Бунинг сабабларини аксарият сафдошларим билишади. Лекин ҳар сафар ватандаги биродарларим билан гаплашганда улардан кечирим сурайман. Бугун дунёда 47 миллион қочоқ бор экан. Демак, бизгача ҳам, биздан кейин ҳам бўлар экан.
Ватанни ташлаб чиқиш осон бўлмаган бизларга ва ҳар куни ватанга қайтиш орзуси билан яшаймиз. Тўғри, ичимизда ҳозир яшаётган мамлакат фуқоролигини олишга тайёр турганлар бор. Бундайларга ватанга қайтиш тўғрисида гапирсангиз том бўйи сакраб олишади. Оллоҳга шукрким бундайлар гурунч курмагидек оз. Ана шуларга инсоф берсин.
Хорижда ҳам курашса бўладими, деган саволингизга жавобим – курашса бўлади. Фақат ўзаро келишиб ҳаракат қилсакгина. Буни мен Украина тажрибасида кўрганман. Мисол учун ҳозир Европа Иттифоқини бошқариш шведларни қўлида. Агар бир ёқадан бош чиқариб Стокҳолмда Шведсия ҳукуматини Юсуф Жума, Санжар Умаров ва бошқаларни озод қилишга даъват қилсак бирор бир натижа бўлиши мумкин. Фақат астойдил қўрқмасдан, тибетликлардек жон- жаҳдимиз билан ҳаракат қилсак. Бунинг учун ўзаро келишмовчиликларга барҳам бериш керак. Ватанни 15 йил – 20 йил олдин тарк этган даҳолар бош бўлишса…
Ю.Р.: -Каримов ҳукуматининг мухолифатга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу ҳаракатлар қанчалик ўзини оқлайди?
И.Д.: -Ислом Каримовнинг мухолифат билан курашаётгани табиий ҳол деб ўйлайман.
Салтанат қанчалик ширинлиги ва ундан ажралмаслик учун ҳар қандай жиноятга қўл уришини ҳам исбот қилишга зарурат йўқ. Фақат ўзбекларда бир мақол бор – зўрдан зўр чиқса, деган. Биз ундан кучлироқ, ақллироқ бўлишимиз керак, ана шунда ғолиб чиқамиз.
Ю.Р.: -Бугун мухолифатнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга урунмоқда. Дунёвий мухолифатнинг исломлашиши мамлакат ва халқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?
И.Д.: -Мухолифатни исломлашуви деган савол нотўғри тузилган. Чунки мухолифат исломлашуви деганда “Ислом уйғониш партияси” ёки “Ҳизб ут таҳрир” партияларини тушунаман. Ҳозирги ҳолатда эса эътиқодли одамлар мухолифат сафларига қўшилмоқчи экан, буни қутлаш керак.
Ислом бу – ўзи буюк сиёсат, у ҳеч қачон дунёвий партиялар билан уйғунлашиб кетмайди, чунки ислом ҳар қандай сиёсий партиялардан юқоридир. Оллоҳни таниган инсон ҳеч қачон ёмонлик қилмайди, ғийбат ва бўҳтонлардан узоқ юради.Агар кимки мусулмончиликка даъво қилиб туриб юқорида айтилган гуноҳга йўл қўйса, у даъвогарлигича қолади ва албатта жазо олиши муқаррардир. Бугун дунёнинг Оллоҳ ҳаром қилган нарсаларидан ўзларини тия олмаганларгина мухолифатга тақволи кишиларни қўшилишларидан қўрқишади.Улар исломни террор билан боғлашга ҳаракат қилишади. Мисол тариқасида, шу кунларда Хитойда бўлаётган тўполонларда яна мусулмонларни айбдор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Бу тўполонларни бошланишига икки уйғур
миллатига мансуб мусулмон йигитларни ўлдирилиши сабаб бўлгани тўғрисида лом – лим дейилмайди. Яна бир мисол: Атом энергиясидан тинч йўлда фойдаланаман деб тадқиқотлар олиб бораётган Эронни шу бугуноқ ер юзидан супуриб ташлашга тайёр турган зўровон мамлакатлар бутун араб дунёсини қақшатаётган Исроил давлати аллақачонлар атом бомбасига ноқонуний эга бўлганлиги ҳақида сукутдалар.Демократик жамиятнинг қанчалик афзалликлари бўлмасин биз ватанимизга уни тўла -тўкис олиб бора олмаймиз. Демократияни тўлалигича халқимиз ҳеч қачон қабул қилмайди. Чунки, европаликлар учун оддий бир ҳол бўлган нарсалар биз учун мутлақо ётдир. Эркакни эркакбилан, аёлни аёл билан никоҳи ёки бесоқолларни жамиятда ҳамма билан тенг ўрин олишини биз ҳеч қачон қабул қила олмаймиз.
Бугун Ўзбекистонда халифалик ёки ислом давлати қуриш мумкин эмас. Бундан қўрқмасаларинг ҳам бўлади. Лекин 100 йиллардан кейин жамиятда исломий қонунларга амал қилиб яшашга эҳтиёж туғилиб қолса ва сайловларда исломий партиялар ғолиб келса, унда нима қилиш керак? Сайловларни бузиб қайтадан сайловлар белгилаймизми ёки демократик принсипларимизга содиқ қоламизми?
Бугун мусулмонларни мухолифатга яқинлаштирмаслик диндорларни радикаллашувига олиб келади. Мухолифатчи булиш учун номоз ўқимаслик, тақво қилмаслик керак демаганларингга ҳам раҳмат. Сафларимиз ҳамма учун очиқ бўлиши керак. У ёғига кимнинг ғояси кучли бўлса халқ ўша томонга овоз беради. Сиёсий майдонни хусусийлаштириб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ю.Р.: -Халқимиз қарийб 18 йилдирки деярли мухолифат фаолиятидан бехабар ҳолда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифат пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифат пайдо бўлса, у 90 йиллардаги мухолифатнинг қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?
И.Д.: -Халқимиз мухолифат фаолиятидан бутунлай бехабар эмас. Жуда кўпчилик ватандошларимиз четда юрган мухолифат нималар билан машғуллигидан хабардор. Кўплар умид – ишончларини оқлай олмаган мухолифатдан умидларини узганлар. Бугун бўлмаса эртага ёшлар сиёсий майдонга келадилар, деб ишонаман. Умид қиламанки улар бизни йўл қуйган хатоларимизни такрорлашмайди. Бизни йўл қўйган асосий хатоимиз – ғоя атрофида бирлашиш ўрнига шахслар атрофида ўралашиб қолганимиздир.
Ю.Р.: -Сизнингча, ўзбек мухолифатининг бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?
И.Д.: -Ўзбек мухолифатининг бугунги қилиши керак бўлган иши – ёшларга йўл бериши керак. Ёшларимиз биздан кўра хушёрроқ, ақллироқ ва покизароқдирлар.
Ю.Р.: -Сиз ўз ҳаётингизнинг кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ёки афсусдамисиз?
И.Д.: -Ўтган давр ичида кўп нарса йўқотдик ва эвазига жуда кам нарсага эришдик.
Қўлимиздан келгани шу экан, тақдирга тан берамиз-да. Яратгандан қўллашини сўраймиз.
Швеция – 2009 йил.
www.yangidunyo.org
Published on november 30, 2016 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
Охирги изоҳлар