-
Ўзбек мухолифати етакчиларига очиқ хат
Ўзбек мухолифатининг етакчиларига:
“Бирлик”Халқ ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатовга,
Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар кенгаши раиси Муҳаммад Солиҳга, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати раиси Баҳодир Чориевга Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовдан
Очиқ хат.Ҳурматли ўзбек мухолифати етакчилари!
Барчага маълумки, 2014 йилнинг кузида Ўзбекистонда парламент сайловлари, 2015 йилда эса президент сайловлари бўлиб ўтади. Бу сайловларда ўзбек мухолифати фаол қатнаша оладими ёки йўқми, албатта ўзбек мухолифатининг сиёсий кучга айлана олиши ёки олмаслигига боғлиқ?!
1989-91 йилларда “Бирлик” халқ ҳаракати сиёсий кучга айланган эди .Лекин афсуски, ўша пайтда ўзбек мухолифати иккига бўлиниб кетиб, сиёсий куч сифатида ўзининг мавқеини йўкотган эди.
Болтиқ бўйи республикалари, Германия, Чехославакия мухолифати бўлинмасдан, бу мамлакатлар эркин демократик сайловлар ўтказишгача эришиб, бу сайловларда ғолиб чиққан эди.Ўзбек мухолифати бўлиниб кетганидан бери орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. 30 миллионлик Ўзбекистон учун халқ ҳаракати номидаги 3 ташкилот бор.Ўзбек мухолифати ҳамон тарқоқ, кучсиз, ўзаро даҳанаки жанглар билан овора. Бирок, бу вазиятни ўзгартиришнинг охирги имконияти сизларнинг қўлингизда. Зеро, 2015 йили Ислом Каримов 77 ёшда бўлади, Абдураҳим Пўлатов 70 ёшда, Муҳаммад Солиҳ 66 ёшда бўлади. Баҳодир Чориев эса 46 ёшда бўлади.
Кўриниб турибдики, бу парламент ва президентлик сайловида Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳлар қатнашишлари учун охирги имконият. Мен ўйлайманки, ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши мумкин ва президентлик сайловларида қатнашиши мумкин. Бунинг учун ўзбек мухолифати етакчилари ўзаро гина-қудуратларни, адоват, душманликни унутиб, мухолифат кенгаши тузишлари зарур.
1.Бу мухолифат кенгашига “Бирлик” халқ ҳаракати партиясидан 3 киши, ЎХҲидан 3 киши, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатидан 3 киши ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, кўзга кўринган интернет-сайтларининг муҳарририятидан 1 кишидан вакил киради.
2.Мухолифат маблағи шаклантирилади. Бу маблағЎзбекистон ичкарисидаги мухолифатнинг сиёсий фаоллигини кучайтириш учун сарфланади.Мухолифат кенгаши ўзбек мухолифатининг кичик мини-парламенти десак ҳам бўлади. Мухолифат кенгашининг асосий вазифаси, ўзбек мухолифатини сиёсий куч ҳолатига келтириб, Ўзбекистондаги парламент ва президентлик сайловларини эркин-демократик ўтказишга эришишдир. Бу осон иш эмас, чунки эркин-демократик сайловлар ўтказиш учун қуйидаги ишларни бажаришга тўғри келади:
1.Йиғилишлар эркинлигига эришиш,яъни ёпиқ ва очиқ биноларда оммавий тўпланиш эркинлиги имкониятига эришиш. Бунга оммавий норозиликлар уюштириш эркинлиги имконияти ҳам киради[1];
2.Ташкилотлар эркинлиги ҳуқуқига эришиш. Бунга сиёсий партия ва ҳаракатларни рўйхатга олдириш,инсон ҳуқуқи ташкилотларини рўйхатга олдиришга эришиш;
3.Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги,интернет эркинлигига эришиш.
4.Ўзбекистонда прописка системасини йўқ қилиб,фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишини таъминлаш. Чиқиш визасини йўқ килиш;
5 Эътиқод эркинлигига эришиш, бунга бирор динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмаслик ёки атеист бўлиш ҳуқуқи киради. Дин давлатдан ва маорифдан ажратилган бўлиши керак.Сайлов олди платформаси сифатида мен қуйидагиларни таклиф қилардим:
1.Ерларни фермерларга хусусийлаштириб бериш[2,3,4];
2.Ўзбекистонда пахта етиштиришни 3,5 миллион тоннадан 1 миллион тоннага камайтириш[5,6,7];
3.Ўзбекистонда коррупция даражасини кескин камайтириш. Яъни, коррупция рейтинги бўйича Ўзбекистон 182 мамлакат ичида 177-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистоннинг коррупция бўйича рейтингини Грузия(64) ёки Туркия(61) давлатлари қаторига тушириш[8,9];
4.Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳитини кескин яхшилаш. Яъни, Ўзбекистон бизнес муҳити бўйича 183 мамлакатлар орасида 166 ўринни эгаллаб турибди. Бизнес муҳитини яхшилаш бўйича Ўзбекистонни Қозоғистон(47) даражасига етказиш[10].Мен ўзбек мухолифатига йўл харитаси сифатида қуйидагиларни таклиф қилардим.
1.Мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар мухолифат кенгашини навбатма навбат бир йилдан бошқаради;
2.Мухолифат парламент сайловларида қатнашиб,парламентга сайланишга эришса, Ўзбекистонда президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтишни таклиф қилиш;
3.Ўзбекистон конституциясига парламент бошқаруви киритилгандан кейин, Ўзбекистонда ҳам Қирғизистондагидай 2 йил муддатга ўтиш даври президенти (Роза Отунбаева каби) сайланади;
4.Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилади,(2016 йилга тўғри келади);
5.Президент сайловлари ўтказилади (2017 йил).Президент бир муддатга 5 йилга сайланади, 2-3 марта эркин-демократик президентлик сайловлари ўтказилгандан кейин, президент 2-муддатга ҳам сайланиши мумкин.Шу президентлик сайловларида (2017 йил) мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар ўз номзодларини қўйишлари мумкин.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қилинадиган ишлар жуда кўп ва Ўзбекистон шароитида амалга ошириш амри-маҳолдай бўлиб кўринади. Лекин, Мўғулистон (1992), Қирғизистон (2011), Грузия (2012) каби собиқ коммунистик давлатларда эркин-демократик сайловлар ўтказилиб, парламент бошқарувига ўтиб бўлинди, наҳотки биз ўзбек халқи бунинг уддасидан чиқа олмасак?!
Ўзбек мухолифатининг энг кучли ресурсларидан бири мухолифатнинг интернет-сайтлари, инсон ҳуқуқи ташкилотларининг интернет-сайтлари, мустакил интернет-сайт, интеренет-порталлар “Замондош” Радио, “Замондош”ТВ, “Туркистон” Радио, “Туркистон” ТВ ва қолаверса Uznewsnet, Озодлик, ББС, Америка овози радиолардир. Мухолифат кенгаши мини-парламент йиғилишларини ооVоо, Skype орқали конференция шаклида ўтказиши мумкин. Яъни, бошқача айтганда мухолифат кенгаши тузиш учун кўп харажат ва ташкилий ишларни сарф қиладиган қурултой ўтказишнинг кераги йўқ.
Ўзбекистондаги оғир ижтимоий иқтисодий аҳволга дунёнинг кўзга кўринган ўзбек ўта бой миллиардерлари Алишер Усмонов, Искандар Маҳмудов,Фаттоҳ Шодиев,Олимжон Иброҳимов ва бошқа бой ўзбеклар ҳам бефарқ караб тура олмасалар керак. Улар ҳам мухолифатнинг таниқли лидерларидан бири Пўлат Охун умид қилганларидек Ўзбекистондаги ўтказилажак сиёсий, иқтисодий ислоҳотларга ҳам ўзларининг улкан имкониятларидаги ҳиссаларини қўшишсалар керак[11,12].
22 октябрь. 2012 йил.
Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон ҲуқуқлариЖамияти президенти.
Дублин. Ирландия.
Очиқ хатни ёзишда қуйидаги адабиётлардан фойдаланилди:1. Жин Шарп. Диктатурадан демократияга.(http://muxlis.at.ua/kitoblar/Huquq/d.pdf).
2.На ТВ-радио Замондош Ахтам Шаймарданов и Абдужалил Бойматов.11.05.2012.(http://zamondosh.blogspot.ie/2012/05/uzbekistan-green-party-community.html).
3. Ахтам Шаймарданов: Призываю правозащитников Узбекистана добиваться частной собственности на земли дехканских и фермерских хозяйств страны !09.06.2012. (http://ru.hrsu.org/archives/3472#more-3472).
4.Ахтам Шаймарданов.Комментарии по дискуссии на Uznews.net «Общество гумманистов» – об Андижанской трагедии. 18.05.2012. (http://zamondosh.blogspot.ie/2012/05/blog-post_6312.html).
5. Акбар Саидзода: Узбекистан – расточительное использование воды. 04.07.2011. (http://www.ca-news.org/news/725921, http://khovar.tj/rus/society/34564-uzbekistan-rastochitelnoe-ispolzovanie-vody.html , http://ru.hrsu.org/archives/3926#more-3926).
6.Кристофер Мартиус:’Ўзбекистон пахтадан воз кечса, қишлоқ хўжалигида дунёда етакчилардан бўлади’.30.01.2012.(http://www.bbc.co.uk/uzbek/interactivity/2012/01/120130_cy_talkingpoint_martius.shtml),(http://uz.hrsu.org/archives/3407).
7. Депутат Европарламента сравнил Центральную Азию с кипящим экологическим котлом. 17.07.2012.(http://www.ca-news.org/news:1022731/),
(http://ru.hrsu.org/archives/3677#more-3677).
8.Corruption Perceptions Index 2011.(http://cpi.transparency.org/cpi2011/results/).
9.Узбекистан – самая коррумпированная и “прогнившая” страна в мире, по версии популярнейшего американского издания The Daily Beast. 10.02.2012.( http://ca-dialog.org/uzbekistan-most-corrupt-countr/ ).
10.The World Bank.Doing business.2012.(http://www.doingbusiness.org/rankings,
http://www.doingbusiness.org/data/exploreeconomies/uzbekistan/ ).
11.Пулат Ахунов: Узбекистан: Кто займется реформами? 01.10.2012.(http://www.fergananews.com/articles/7504, http://ru.hrsu.org/archives/3922#more-3922).
12.Россиянинг бой озорбайжонлилари Илҳом Алиевга қарши бирлашмоқда, ўзбек бойларичи? 21.10.2012.(http://www.harakat.net/el_news.php?id=12469, http://uz.hrsu.org/archives/4452#more-4452 ).www.yangidunyo.org
Published on oktober 22, 2012 · Filed under: Абдужалил Бойматов;
One Response to “Ўзбек мухолифати етакчиларига очиқ хат”
-
halil said on oktober 22nd, 2012 at 9:43 e m
ABDUJALIL, BU AHMOQ FIKRDI SIZGA KIM JUNATDI ?
Охирги изоҳлар