-
Рутубатли кунлар (2)
Юракдаги фарзанд доғи
Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факултетида ўқиб юрган кезларимизда Обидхон қори Назаров имомлик қиладиган Тошкентдаги “Тўхтабойвачча” масжидига ҳар жума куни борардик. Мақсадимиз жума намозини жамоат билан бирга ўқиш ва халқ ичида машҳур бўлиб кетган “Обидхон Собитхон ўғли” маърузаларини тинглаш эди.
Обидхон қори ислом дини ва мусулмонлар хулқу одоблари ҳақида сўзлар экан, бутун вужудимиз билан, тош қотиб эшитар, гўёки қандайдир сеҳрли дунёга кириб қолгандек сезардик ўзимизни.
Жума кунги амру маъруфга узоқ – яқиндан юзлаб одамлар оқиб келар, масжиднинг ичи, айвонлар, ҳатто кўчаларгача намозхонлар билан лиқ тўларди.
Бир гал Обидхон қори масжидга кираётган пайтда беихтиёр кўзларимиз тўқнаш келиб қолиб, салом бердим. Саломимига алик олар экан, у кишининг кўзларидаги сокинлик эътиборимни тортди. Бу кўзлар эзгулик, ҳалоллик, меҳр – мурувватга тўла эди.
Кейин узоқ вақт Обидхон қорининг ўша оний лаҳзалардаги нигоҳи кўз ўнгимдан нари кетмай юрди.
95 йилардан кейин “Тўхтабойвачча” масжидидан файз, тароват йўқолгандек бўлди. Обидхон қори Назаров имомликдан кетгани, “ваҳобийлар” уя қуриб олгани боис ҳукумат масжидга келиб- кетиб юрган кишиларни қаттиқ назорат остига олгани ҳақидаги гап- сўзлар халқ орасида кенг тарқалган эди.
Бу вақтга келиб мен ҳам турли юмушлар, тирикчилик ташвишлари билан бўлиб, масжидга қатнамай қўйган, турли газеталарда ишлаб, рўзғор тебратиш билан оввора эдим.
Мана бугун Обидхон қори Назаров билан яна учрашдим. Намоз вақти тугаган, ўша сокин, меҳрга тўла кўзлар менга самимий, синчковлик билан тикилиб турарди.
Ватандан узоқда, олис шимол ўлкасида узоқ вақт кўришмаган биродарлардек қучоқ очиб кўришамиз.
“Бизни шаҳримизга хуш келибсиз. Мен сиз ҳақингизда эшитганман. Сизни интернет саҳифангизни доимо ўқиб бораман” дейдилар Обидхон қори.
Самимий айтилган бу сўзлар билан ўртамиздаги қандайдир кўринмас тўсиқ олиб ташлангандек эди.
Зиёратга келган кишиларни кутиб олиш, албатта меҳмон қилиб, хушкайфият билан кузатиб қўйиш, бу ерда жуда яхши йўлга қўйилган экан.
Стромсундда совуқ ҳавони ҳисобга олмаса, худди Тошкентдаги маҳаллалардан бирида юргандек ҳис қиласиз ўзингизни.
Масжидга кириб чиқаётганларнинг барчаси ўзбеклар. Кўча – куйда бизга салом бериб ўтаётганлар ҳам, мусулмонча кийиниб, ўзаро гаплашиб турган аёллар ҳам ўзбеклар эди.
Ёнимиздан ўтиб кетаётган икки аёл эътиборимизни жалб қилди. Улардан бири ёши 60 лардан ошган, исломий кийимдаги ўзбек онахон, иккинчиси ўрта ёшлардаги швед аёл эди. Онахон швед тилида ўз суҳбатдоши билан шу қадар равон сўзлашар эдики, рости мен бундан ҳайратга тушдим.
Обидхон қори бизни режаларимиз ҳақида сўраб, билгач,”Биз ҳар шанба куни тўпланиб, турли тадбирлар уюштирамиз. Бугун ҳам бир тадбиримиз бор. Қарши бўлмасангизлар нонуштадан кейин бизни йиғилишимизда иштирок этсангизлар” дея лутф қилдилар.
Биз бажонидил рози бўлдик.
Қори ака масжидга яқин, кўп қаватли уйлардан бирида яшар эканлар. Уйда ўзлари ва ўғиллари Довудхондан бошқа ҳеч ким йўқдек туюлди менга. Кейинчалик ҳам Обидхон қори ва у кишининг шогирдлари уйларида бўлганимизда, уларнинг аҳли аёлларига кўзимиз тушмади. Аёллар ҳеч қачон уйга келган эркак меҳмонлар истиқболига чиқишмас, ўзларини олиб қочишар, уй эшиклари ва деразаларга тутилган пардалар ортида хизмат қилиб юришар экан.
Меҳмонхона анча шинам эди. Ерда тўшалган оҳорли қалин гилам устига соф ўзбекча қилиб кўрпачалар солинган. Ўртадаги дастурхонда эса нонушта учун барча таомлар муҳайё эди.
Асалдан тортиб, писта бодомгача, мева- чевалар, сут, қатиғ, тухум, ўзбекча ширмой кулчалар, ҳозиргина пиширилган сомсалар, турли яхна ичимликлар, чой, кофе, дейсизми, хуллас ҳамма нарса муҳайё эди.
Ўнг томондаги шкафда териб қўйилган китобларга кўз югуртираман. Турли диний адабиётлардан ташқари, китоб жавонида Ўзбекистонда нашр этилган ҳуқуқшуносликка оид китоблар, Жиноят Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Юридик атамалар луғати, барча- барчаси бор эди.
Нонушта қилар эканмиз, “Бу китоблар бежиз бу ерда турмаган бўлса керак. Қори ака ҳуқуқшуносликка қизиқар эканларда” деган ўй кечади хаёлимдан. Кейин Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганча, ном- нишонсиз йўқолган ўғиллари Ҳусниддин ёдимга тушади. Балки, ўғилларини излаб топиш, ўз ҳақ – ҳуқуқлари учун курашиш учун бу китоблар керак бўлгандир. Қайдам, яна ким билади?
“Ўғлингиз, Ҳусниддиндан дарак борми, қори ака? “ сўрайман Обидхон Назаровдан.
“Суриштираяпмиз. Ҳусниддинни ҳозир қаерда эканлигини ҳеч ким айтиб беролмайди” дейдилар қори ака.
Ўғиллари ҳақида гапирар экан, Обидхон қорининг овозлари титраб чиқаётгандек туюлади менда. Ўз фарзандини қаерда эканлигини билмай яшаш, ота учун қанчалик оғир эканлигини юрак – юрагимдан ҳис қиламан.
Кейинги 20 йил ичида Ўзбекистонда изсиз йўқолган диндорлар сони қанча эканлигини ҳеч ким ҳисобини олмаган. Ўғирлаб кетилган ва ҳанузгача қаерда сақланаётгани маълум бўлмаган диний уламолардан бири Абдували қори Мирзаев эди. 2001 йилдан изсиз йўқолганлар сафига Ҳусниддин Назаров қўшилди.
“Ҳусниддинни излаб топиш бўйича бирор ҳаракатлар қилаяпсизларми?” сўрайман суҳбатдошимдан.
Обидхон қори бу масалада халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ёрдам сўраб мурожаат қилганликларини айтадилар. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Ҳусниддинни қаердалигини аниқлаб беришни талаб қилишаётган экан.
Лекин, ҳеч қандай натижа йўқ эди.
“Кўплаб биродарларимиз Ўзбекистон қамоқхоналарида қийналиб яшашаяпти. Уларга қандай ёрдам берсак бўлади?” дея мендан маслаҳат сўрайдилар Обидхон қори.
Мен суҳбатдошимга ва даврада биз билан бирга нонуштага йиғилган қори аканинг укалари ва шогирдларига, маҳбус диндорларга ёрдам бериш бўйича мунтазам иш олиб борадиган, мусулмонлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган алоҳида бир гуруҳ ёки ташкилот тузиш кераклигини айтаман.
“Биласизлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бевосита Инсон Ҳуқуқлари билан шуғулланадиган Қўмитаси бор. Бу қумита БМТга аъзо бўлган давлатларда инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича ҳар йили ҳисобот эълон қилади. Бу ҳисоботда негадир Ўзбекистондаги диндорларга қилинаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида деярли маълумотлар йўқ экан. Кам сонли ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатаётган хабарлар уларга етиб бормайди. Жабрланган кишиларнинг ўзлари бу қўмитага ариза билан мурожаат қилишлари керак. Шундан кейингина қўмита Ўзбекистон ҳуқуматидан бу аризада номлари келтирилган кишилар ҳақида сўровнома юборади. Ҳукумат эса БМТ қўмитаси сўрвономасига жавоб беришга мажбур.”
Обидхон қорига яна БМТ, ОҲХТ (ОБСЕ), Ўзбекистон элчихоналари ва бошқа жойларда тинч намойишлар ўтказиш орқали ҳам ўз норозиликларини билдиришлари мумкинлигини айтаман.
“Қамоқда қийналиб ётган биродаримизни қутқариш учун биз Аллоҳ йўлида барча ҳаракатларни қилишимиз керак. Аввало Худо, лекин сиз айтган имкониятлардан фойдаланмай, қўл қовуштириб ўтирсак, биз катта гуноҳ иш қилган бўламиз”, дейдилар қори ака.
Ва бу масалага албатта яна қайтишга келишиб оламиз.
Қори ака пахта гулли пиёлада менга чой қуйиб узатадилар. Беихтиёр қаҳратон қиш забтидан қорайиб, терилари кўкимтир тусга кира бошлаган қўлларига кўзим тушади.
Швециянинг совуқ ҳавоси ўз ишини қила бошлаган эди.
Иссиқ, гармселли Тошкент ҳарорати бу ерда йўқ. Зах ва намчил шимол табиати иссиқ ўлкалардан келиб қолган муҳожирларга аста- секин таъсир эта бошлайди. Ватан соғинчи, сурункали деприссиялар, совуқ иқлим билан қўшилиб иродаси бўш инсонни адои тамом қилади.
Болалар организмлари ёш ва айни ўсиш жараёнида бўлгани боис, улар янги иқлимга тез кўникиб кетишлари мумкин. Бироқ, ёши катта, кексая бошлаган, касалванд кишиларга жуда қийин.
Стромсундда тўпланган бу аҳил диний жамоа ҳамма жойни Аллоҳнинг ери деб билишар эди.
Уларни бу қадар аҳил эканлиги, тўғриси мени ҳайратга солди. Ҳамма нарсани фақат Аллоҳ йўлида қилишади. Уларнинг дўстлиги, ўзлари айтганларидек биродарликлари, ўзаро борди- келдилару, меҳмондорчилик, савдо -сотиқ ишлари, ҳамма -ҳаммаси Аллоҳнинг розилиги йўлида бажарилади. Қолган барча нарсалар иккинчи даражали.
Ҳафтанинг шанба кунлари Стромсунддаги “Халқ Уйи” маданият бўлимининг ўртачароқ зали Обидхон қори бошлиқ ўзбек мусулмонлари ихтиёрига бериб қўйилган. Улар бу ерда турли йиғилишлар, дин тўғрисида, диний тарбия, мусулмонларнинг ахлоқ- одоблари, уларнинг ўзга юртларда ўз динлари, тиллари ва урф одатларини қандай сақлаб қолишлари ҳақида ўзаро маслаҳатлашиб олишади.
“Икки соатдан кейин йиғилишимиз бошланади, унгача саволларингиз бўлса бажонидил, жавоб беришга тайёрман” дейдилар Обидхон қори.
Мен қори ака билан “Янги Дунё” саҳифаси учун алоҳида суҳбат қилишга келишиб олган эдим.
Обидхон қори қандай оилада таваллуд топганлар?
Қайси олий ўқув даргоҳларида таҳсил олганлар?
Кўзга кўринган диний уламо бўлиб етишишлари омиллари нимада?
Тошкентдаги фаолиятлари…
Қозоғистондаги, сўнгра Швециядаги ҳаётлари …
Швециядаги мусулмонлар ҳаёт тарзи қанақа?
Аксилислом кайфияти боиси нимада?
Фикрлар, муносабатлар…Саволларни хаёлимда қайта – қайта такрорлаб, суҳбат учун бўшатилган алоҳида хонага кирар эканман, негадир ҳаяжонлана бошлаганимни ҳис қилдим.
(Давоми бор)
www.yangidunyo.org
Published on oktober 23, 2012 · Filed under: Юсуф Расул;
Охирги изоҳлар