-
Алишер Соипов ўлимидан 5 йил ўтиб…
2007 йил 24 октябрь куни Ўш шаҳридаги офиси яқинида 26 ёшли ўзбек журналисти Алишер Соипов отиб кетилди.
2007 йилнинг 24 октябри.
Кечаги кундан фарқ қилмаган бир тонг. Доимгидек иш куни. Аввал, “Сиёсат” газетасинининг офисига бир бош суқиб, бугунги ишларни режалаштирдик. Сўнг университетга, талабаларга дарс бериш учун ўтдим. У ердаги майда деталлар умуман эсимда йўқ. Умуман олганда одатий эди…
Тушга яқин таҳририятга қайтдим. Офисда мен таниган, танимаган меҳмонлар бўлиб, умумий залда ниманидир муҳокама қилишарди. Газета эгаси, бош муҳарир эса ўз хонасида тамаки тутунига тўлган ҳонада асабий ҳолда ўтирарди. Мен уни бош муҳаррирдан кўра кўпроқ дўст сифатида қабул қилардим. Муаммоларини бўлишиб енгиллармикин деган мақсадда гапга солдим. Аммо очиқ гаплашмади. Характери шундай эди уни. Гапиришни хоҳласа ҳеч бир нарсани яширмай айтар, истамаса бирор гапни суғириб ҳам ололмасдим. Аслида унинг асабий ҳолда биринчи марта кўраётганим йўқ эди. Бироқ бу сафар кўнглим жиддий муаммо чиққанини сезгандек эди.
Мен яна факультетга қайтдим. Ишдан сўнг эса аёлим билан бозор ўчар қилдик. Газета офисининг ёнидан ўтаётганимизда соат кечки олти бўлган эди. Унинг хонасида чироқ ёниқ эди. Мен унга учраб кетмоқчи бўлдим, аммо аёлим сумкаларни уйга қўйгач қайтарсиз деди. Менинг ижарага олган уйим офисдан унчалик узоқ эмасди. Уйимиз олдида эса бизни қишлоқдан келган бир қариндошим кутиб турарди. Бирор соат ўтиб ўтмай уни кузатиб қайтдим. Тўртинчи қаватга кўтарилиб улгурмай хотиним қўл телефонимга тинмай қўнғироқ бўлаётганини айтди.
– Алло
– Давронбек мен бир гап эшитдим… Шу ростми…
– Нима гап… тинчликми?
– Алишерни отиб кетишибди….
– Йўўўқ…. мен боя кўрдим ишхонасининг свети ёниқ эди…
…..
– Мен ҳозир ишхонага телефон қиламан….
– Таҳририятнинг “домашний” телефонига қайта қайта қўнғироқ қилдим. Бироқ ҳеч трубкани ҳеч ким кўтармади.
– Бу орада қўл телефонимга яна бир қўнғироқ келди.
– Алло…
– Эшитдингизми….
– Бу қаердан чиққан гап ўзи? Ростми?
– Рост. Бир милиция ходими хабар берди…
Авзойимни кўрган хотиним қўрқувдан титрай бошлади. Мен эса ўлмабди, ўлмабди, касалхонада экан, деб уни хотиржам қилмоқчи бўлдим. Балки ўшанда кўпроқ ўзимни алдамоқчи бўлгандирман….
Ўшанда соат еттидан тахминан беш дақиқа ўтган. Ўш шаҳрини шом қоронғуси эгаллаган эди…
Ҳар доимгидек, биноидек бошланган кун мана шундай, ҳеч кутилмаган айрилиқ билан тугади…. Менинг дўстим, журналист Алишер Соипов ёлланма қотилларнинг уч ўқидан халок бўлди….
Энди унинг менга қилган яхшиликларини қайтариш учун қўлимдан биргина нарса келади. Уни яхши хислатлар билан ёд этиш ва унинг ҳаққига дуо қилиш!
Дўстим, Аллоҳ бизларни ўз жаннатида йўлиқтирсин!Даврон Хотам
2012 йил 24 октябрьwww.yangidunyo.com
Published on oktober 24, 2012 · Filed under: Алишер Соиповни хотирлаб;
Охирги изоҳлар