-
Бир қўшиқнинг рост ва ёлғон тарихи
ЁКИ БИР МИШ-МИШНИ “ҲАҚИҚАТГА”ГА АЙЛАНТИРГАНИМ ХАҚИДА
Бўлган воқеа
1964-65 йиллар эди. Рауф Парфи шеъри билан айтиладиган «Лайло» қўшиғи ниҳоятда машҳур бўлиб кетган… Қўшиқ тарихидан эса кутилмаганда воқиф бўлганман. Тошкентдан Самарқандга поездда келардим. Рўпарамдаги ўриндиқда ўтирган сариқ плашчли қиз мендек поезд деразасидан узоқларга тикилиб борарди. Вагоннинг шифтига ўрнатилган радио аввал бир оз қитирлаб турди-да, сўнг қўшиқ бошлаб юборди. Дастлаб, билмадим, қандай қўшиқ ижро этилди. Сўнг «Лайло» янгради. Иккимиз ҳам ялт этиб, радиокарнайга қарабмиз. Дадахон Ҳасан фарёд солар, биз эса қўшиқнинг залворли юки остида сув бўлиб, эшилиб ўтирардик. Қўшиқ тугади. Гўё қўшиқ бизнинг айбимиз билан тугаб қолгандек, иккимиз ҳам ўнғайсизландик.
Сиз бу қўшиқ тарихи ҳақида бирон нарса биласизми? – сўраб қолди қиз.
Билмайман. Умуман, қўшиқнинг қандай тарихи бўлиши мумкин. Рауф Парфи ёзган, Дадахон Ҳасан айтаяпти. Тўғри, жуда таъсирли қўшиқ.Бу қўшиқ унинг ўз ҳаёти ҳақида, – деди қиз ишонч билан. – Рауфнинг иккала оёғининг ҳам тиззасидан пасти ёғочдан. У Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. Бу қўшиқни биринчи марта ўзи куй басталаб ижро этган.
Миямга чақмоқ урилгандек бўлди. Демак, қўшиқдаги сўнгсиз илтижолар бежиз эмас экан-да.
– Лайло унинг севган қизими? Уни ташлаб кетганми?
– Йўқ, улар бирга яшашяпти, – дея бухоролик Сайёра исмли йўлдошим менга Рауф ва Лайло ҳақидаги қайғули, айни пайтда қўшиқдек жарангдор муҳаббат қиссасини айтиб берди… Кейинчалик уларнинг машаққатли саргузаштларини ҳикоя қилиш мақсадида бир неча марта қўлимга қалам олдим. Ниҳоят ёздим ҳам. Бу менинг ҳикоячиликдаги дастлабки тажрибаларим эди. Кейин яна ҳикоялар ёздим. Лекин оғирлик қилди, шекилли, бу ташвишни бошимдан соқит қилдим. Хуллас қизиғи шундан кейин бошланди.
Ҳикоя «Севган қалб жасорати» сарлавҳаси остида 1965 йили ўзим ишлаётган Пайариқ туман «Коммунизм байроғи» газетасида босилиб чиқди. Ҳикоядан вилоятдагилар ҳам хабар топишипти. Газетанинг қишлоқ хўжалик бўлими мудири Нормўмин Эгамназаров ҳикояни қозоқ тилига ўгирди-да, Қозоғистоннинг қай бир газетасига жўнатиб юборди.
Ҳикоя биринчи шахс тилидан баён қилинган эди. Челак шаҳарчаси марказидаги 25-ўрта мактаб ўқитувчиси Эркин Музаффаров ҳикоям асосида икки пардали тўрт кўринишли пьеса ёзди. Пьеса Челакдаги маданият уйида муҳокамага қўйилди. Зал одамга тўлиб кетган. Эркин Музаффаровга аввал сўз берилди. У саҳнага чиқиб, пьеса менинг ҳикоям асосида ёзилганини айтиб, чучук тил билан, «бу пьесани азбаройи ҳурмат билан дўстим Рауф Парфига бағишлайман», -деди. Рауф узоқда, ҳеч нимадан хабари йўқ, биз эса уни пеъса килиб мухокама килардик.
Кейин менга сўз беришди. Нима ҳам дердим, қўшиқ таасуроти, бухоролик Сайёра исмли қиз ҳақида нималардир дедим-у, жойимга чўкдим. Хуллас, пьеса қўйиладиган бўлди.
Бу орада мен янада машҳурроқ бўлишни истаб, ҳикоядан нусха қўчирдим-да, «Шарқ юлдузи» журналига юбордим. Яхши эсимда, журналнинг ўша йилги қайсидир сонида Асқад Мухтор Рауф Парфига оқ йўл тилаган эди. Журнал саҳифасидан бизларга мўйлов қўйган, муғулбашара йигит тикилиб турарди. Эркин Музаффаров суратга тикилиб турди-да, тўнғиллади: «Бу иккала оёғидан ҳам ажраган одамга сира ўхшамайди». Кейин «Шарқ юлдузи»дан жавоб келди: «Ҳикоянгиз анча эҳтирос билан ёзилган. Аммо Рауф Парфининг иккала оёғи ҳам бор-ку. Уни оёқсизга чиқариб, хафа қилиб қўйиш мумкин… Салом билан Носир Фозилов». Хатни олиб, Эркин Музаффаровга бордим. Пьеса қолдирилди.
Кейин кутилмаганда Рауф Парфидан хат келди. «О дўстим! – деб ёзарди Рауф. – Соғлигингиз, ишларингиз жойидами? Сиз ҳақингизда менга Носир Фозилов гапириб берди. Ҳикоя эҳтирос билан ёзилган, деди. Агар малол келмаса, ҳикоя эълон қилинган газетадан бир нусха юборсангиз. Мендан аҳвол сўрасангиз, о, мени биргина умид сақлаб турибди. Кўпдан кўп қарзлар… Нима қилишимни ҳам билмайман…»
Рауф Болтиқбўйилик мен билмаган қандайдир нотаниш ёзувчиларнинг асарларини номма-ном айтиб, уни ўқиб чиқишимни тавсия этар, негадир сизнинг истеъдодингизга ишонгим келади,- деган гапларни айтарди.
Унинг манзили аниқ ёдимда қолган: Янгийўл тумани, Ҳамроқул Турсунқулов номли колхоз. Мен унга жавоб ёздим. У қанчалик илтижо қилмасин, газетани юбормадим, хафа қилиб қўйишдан чўчидим. Хуллас, биз хат ёзишиб турдик. Унинг хатларига қараганда яшаш шароити оғир эди. Эркин Музаффаров иккаламиз, пул йиғиб унга юбормоқчи бўлдик. Унинг сурати ва шеърлари босилган журнални кўтариб олганимизча, кўпроқ Челак шаҳарчасидаги савдо дўконларига, буфетларга кирамиз. Журнални очиб, тушунтиришга ҳаракат қиламиз: «Мана бу расмдаги чиройли йигитга қаранг. Келажакда дунёга машҳур шоир бўлади. Лекин бечоранинг ҳозир аҳволи чатоқ. қарз бўп қопти. Агар уни шу қарздорликдан қутултириб олмасак, келажакда Ўзбекистон бизларни кечирмайди…” Сотувчи расмга калласини қийшайтириб бир оз қараб туради-да, хохолаб кулади: «Оббо, азаматлар-эй, яримта ичишнинг йўлини зап топибсизлар-да. Ҳой, Уммат, мана бу акаларингга яримта оч…»
Хафа бўлиб жўнаб қоламиз. Шундай қилиб пул йиғиш ҳам чала қолиб кетди.
Челаклик ўқитувчи Толиб Раҳматовнинг бир гапи эсимда: «Самарқанд Давлат университетининг тарих факультетида сиртдан ўқирдим. Филология факультетида Тошкентдан келган ёш шоирлар билан учрашув бўлади, шоир Рауф Парфи ҳам келган, дейишди. Уша ёққа чопдим. Зал лиқ тўла. Навбат Рауфга келганда залда ўтирганларнинг ҳаммаси гувв этиб унинг оёғига қарашди. У эса ҳеч нарсадан бехабар, минбарга чиқа солиб, шеър ўқий кетди. Учрашув тугаб, ҳамма чиқаётганда мен эшик олдида Рауф Парфини пойлаб турдим-да, қўлтиғидан ушлаб қаттиқ силкитдим. Унинг эсхонаси ўйнаб кетди, лекин оёғида маҳкам турди…»
Кейин ҳикоя таҳрир қилиниб, «Бир севги қиссаси» номи остида Самарқанд вилоят газетаси «Ленин йўли»да босилди. Унда Рауфни Илёс деб ўзгартирганман.
Ўша йилларда Самарқандда ишлаган драматург Машраб Бобоев бир куни Тошкентдан қайтишида, Рауф Парфининг шеърга тўла, қалин кўк жилдли дафтарини олиб келиб қолди. Мен Рауфнинг «Абдуллажон марсияси», “Қрим бору, қримликлар йўқ» ва бошқа кўплаб ажойиб шеърларини ўша қўлёзмада ўқиганман. Кейин шумлигим тутиб, дафтарнинг биринчи бетига, «дўстим Абулфайз Баротовга камоли эҳтиром билан ушбу дафтаримни ҳадя этдим. Рауф Парфи», деб ёзиб қўйдим. Машраб бу ёзувни кўриб, жинни бўлай деди, мени сўка-сўка, хонадан отилиб чиқиб кетди…
Орадан йиллар ўтди. Пеъсачи Эркин Музаффаров вафот этди. Йигирма йиллар муқаддам “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасининг маданият бўлими мудири (эндиликда марҳум) Суръат Орипов бу саргузаштларимини эшитиб, Рауф Парфи 50 ёшга тўлганда ёзса арзийдиган воқеалар экан деган эди.
Рауф Парфи билан учрашиб, суҳбатлашиш менга насиб этмади. (Илоё унинг руҳи шод бўлсин). Марҳум дўстим Машраб Бобоев ҳар гал Самарқандга келганида, Рауф сизни кўп эслаб туради,”- деб айтарди. Ким билади, иккала оёғи ҳам йўқ, бунинг устига рубоб чалиб, бўтадай бўзлаб ашула айтади деб, ўзи ҳақида ҳикоя ёзган мендек бир ҳаваскор қаламкашни, бу воқеани менга чиндек қилиб гапириб берган бухоролик Сайёрани Рауф кечирдимикин, деган армон орадан йиллар ўтса ҳамки мени қийнаб келади.
х х х
«Халқ сўзи»нинг 1991 йил 8 феврал сонида «Мен Рауф Парфи ҳақида нималарни биламан!» номли хотираларим босилиб чиққандан сўнг шу газетанинг 1991 йил 6 июн сонида Қутби Носир қизининг «Овоз бер, ёшлик!» мақоласи эълон қилинди. Қутби Носир қизининг эслашича, Рауф Парфининг «Лайло» қўшиғи талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонада яралган. Рауф шеърга мослаб рубобини тинғиллатиб, ўзича хиргойи қилиб юрарди. Сўнг куйга Фозилжон Усмонов қўшилди. Унинг овози чўзиқ, ёқимли, дардли эди. Дадахон Ҳасан эса унга профессионал ёндашиб, куй-қўшиқни авж нуқтага олиб чиқди. Кейин бу қўшиқни кўплар айтди. Аммо ҳеч бири Фозилжон ва Дадахончалик меъёрига етказа олмади, – деган эди Рауфнинг курсдоши Айдер Осман.
Ким нима деса десину, биз бу қўшиқни илк бор курсдошимиз Фозилжон Усмонов ижросида эшитганмиз, – деб хотирлайди Қутби Носир қизи. – Фозилжон қўлтиқтаёққа суянган барваста йигит эди. Аммо… биз ундан ногиронлиги сабабини сўрамасдик, сўрай олмасдик. Шўх, йўқ ердан кулги топа оладиган хушчақчақ, қизларга ҳазиллашадиган йигит эди. Қизлар ҳам унинг қўпол ҳазилларини кўтаришарди. У файласуф эди. Тенгдошларига мавлоно деб мурожаат қиларди. Самимийлиги сабаб кўплар билан тил топишиб кета оларди. Гоҳо асабий эди. Шундай пайтлари курсдошлар иложи борича уни хафа қилмасликка тиришиб, кўнглига қарашарди.
Фозилжон қўшиқ айтармиш, шундай айтармишки… – дея хотирлашда давом этади Қутби Носир қизи. – Курсдошларимдан бу таърифни кўп эшитганман. Аммо ўзим гувоҳи бўлмаган эдим. Учинчи курсда Сирдарёга пахтага чиқадиган бўлдик. Автобусда ўтирган Фозилжон Усмоновни кўриб ҳайронмиз. «У ҳам пахтага борармиш…» Автобус талабаларнинг қий-чувини ортмоқлаб, йўлга тушди. Фозилжон Усмонов қўлтиқтаёқларига таяниб, ўрнидан турди. «Лайло» янгради.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзлади-и-им.……………
Ҳисларимни йўлларингга маржондек сочай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло!Қутби Носир қизи бухоролик Сайёранинг гапида жон борлигини айтиб, аммо у Рауф билан Фозилжонни адаштирганини таъкидлайди. «Лайло» бор овози билан, бор қисмати билан Фозилжон Усмоновники эди. Бу қўшиқда дард бор эди, ва бу дард Фозилжоннинг дарди билан ҳамоҳанг эди. «Лайло» ўша йиллари ёшларнинг севимли кўрсатуви “Студентлик олтин даврим”да биринчи марта Фозилжон Усмонов ижросида янграб, ёшларни энтиктирган, афсоналар яратган эди. Ўша йиллари «Лайло» ёшларнинг энг севимли қўшиғига айланган эди».
Қутби Носир қизи менинг мақолам сабаб кўплаб курсдошларини хотирлаган: Эркин Комилов, Санжар Содиқов, Бойбўта Дўстқораев, Умрзоқ Ўлжабоев, Ойдин Ҳожиева, Жуманиёз Ниёзметов…
Умр оқар дарё. «Лайло»нинг кучли таъсири сабаб биринчи фарзандим қиз туғилганда исмини Лайло қўйганман. Мен мазкур мақолада тилга олган аксарият кишилар бугун бу фоний дунёни тарк этишди. Уларни яратган эгам ўз раҳматига олган бўлсин Аммо «Лайло» ёш санъаткорлар тилида қайта –қайта жаранглашини, ёшларнинг севимли қўшиғига айланишини жуда-жуда истардим.
Абулфайз БАРОТОВ
Published on oktober 28, 2012 · Filed under: Абулфайз Баротов;
Охирги изоҳлар