-
Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига учинчи очиқ хат
Ўзбек мухолифатининг етакчиларига:
“Бирлик”Халқ ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатовга,
Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар кенгаши раиси Муҳаммад Солиҳга,
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати раиси Баҳодир Чориевга
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовдан3-ОЧИҚ ХАТ
Ҳурматли ўзбек мухолифати етакчилари!
Мен сизларга 2 марта очиқ хат билан мурожаат қилдим. “Энди 3-сига бало борми, жуда жонга тегдику” десаларинг керак. Лекин мен 3-очиқ хатни ҳам ёзишга қарор қилдим. Буни қуйидаги фикрларим билан асосламокчиман. Менинг 2-очиқ хатим, 1-очиқ хатим ҳам “Бирдамлик” халқ ҳаракати сайтида чоп этилди. Лекин “Бирлик” халқ ҳаракати партияси ва ЎХҲ сайтида чоп этилмади. Нима учун охирида номлари келтирилган 2 сайтда чоп этилмагани сабаблари ҳалигача менга номаълум. 2- очиқ хат қуйидаги сайтларда чоп этилди.
1. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти сайтида. 29.10.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/4506 ).
2.”Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати сайтида. 30.10.2012.(http://birdamlik.info/?p=24995 ).
3.”Замондош” интернет портали сайтида. 29.10.2012.(http://zamondosh.blogspot.ie/2012/10/2_29.html#comment-form ).
4.”Янги дунё” сайтида. 29.10.2012. (http://yangidunyo.org/2012/10/29).
Мен мақоламни ўзларининг сайтларида чоп этганлари учун “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати мухарририятига, “Замондош” интернет порталининг мухаррири Ризо Обидовга, “Янги дунё ” интернет-сайти мухаррири Юсуф Расулга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Мен яна таъкидлаб ўтмокчиманки, ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши керак. Ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши учун мухолифат кенгаши ва мухолифат маблағи шакллантирилиши керак. Мухолифат кенгаши қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириши зарур:
1. Ифодалаш эркинлигига, йиғилишлар эркинлигига, ташкилотларга уюшиш эркинлигига эришиш;
2. Сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, интернет эркинлигига эришиш;
3. Мустақил, адолатли суд тизимини яратиш, қисқача айтганда Одил суд тизимини яратиш;
4.Эркин демократик сайлов тизимини шакллантириш.
Бу вазифаларни тарқоқ, заиф, ўзаро даҳанаки жанглар билан банд бўлган мухолифат амалга ошира олмайди. Фақатгина сиёсий кучга эга бўлган, кучли ғоявий асосга эга бўлган, сиёсий-иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар программасига эга бўлган, етарли маблағ билан таъминланган, қўлни-қўлга бериб елкадош бўлган, иттифоқ бўлган мухолифатгина амалга ошириши мумкин. Бунга Болтиқ бўйи республикаларидаги халқ фронтларининг, Польша, Чехословакия, Германия демократик республикаси, қолаверса Грузия, Украина, Қиргизистондаги демократик кучларнинг тарихий тажрибаси бизга ўрнак бўла олади. Ўзбек мухолифатининг баъзи хатолари, камчиликлари, нуқсонларини қуйида келтирмокчиман:
1.”Бирлик” халқ ҳаракати, “Бирлик” халқ ҳаракати партияси етакчиси Абдураҳим Пўлатов бу ташкилотларни 1989 йилнинг 28 майидан бери бошқариб келяпти. Бу ташкилотда 5 йилда, 10 йилда рахбар алмашмади, наҳотки 15 йилда ҳам алмашмади. Наҳотки, наҳотки 20 йилда ҳам алмашмади. Қачон алмашади?;
2. Муҳаммад Солиҳ жаноблари “Эрк” демократик партиясини 1990 йилнинг апрелидан бери бошқариб келмоқда. Бу партияда ҳам 5 йилда, 10 йилда рахбар алмашмади, наҳотки 15 йилда ҳам алмашмади. Наҳотки, наҳотки 20 йилда ҳам алмашмади? Бу партияда рахбар қачон алмашади?;
3. Ислом Каримов Ўзбекистонни 1989 йилнинг июнидан бери бошқариб келмоқда. Ислом Каримов эркин, демократик бўлмаган сайловда 1991 йилнинг декабрида мустақил Ўзбекистонннинг биринчи президенти бўлиб сайланган эди. Ўзбекистон президенти 5 йилда, 10 йилда алмашмади, ҳаттоки15 йилда ҳам алмашмади. Ҳаттоки, яна бир бор ҳаттоки 20 йилда ҳам алмашмади. 2015 йилда алмашиши кутиляпти. Бу пайтга келиб Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқараётганига 26 йил тўлади. Ислом Каримовнинг ёши 77 да бўлади;
4.Баҳодир Чориев “Бирдамлик” халқ ҳаракатини 2004 йилдан бери бошқариб келмоқда. Бу ташкилотда 5 йилдан кейин рахбар ўзгармади, 10 йилдан кейин 2014 йилда ёки 15 йилдан кейин ўзгарадими?;
5.1989 йилнинг 28 майида Абдураҳим Пўлатов “Бирлик” халқ ҳаракатининг раиси этиб сайланганидан сўнг 3 ой ўтмасдан Муҳаммад Солиҳ бошчилигида 14 кишилик гуруҳ Абдураҳим Пўлатовни раисликдан олиб ташлаш бўйича кампания бошлади. Ҳолбуки соғлом ақлга кўра, раисга камида 1-2 йил ишлашга имконият берилиши керак эди, 1-2 йил давомида майда хато-камчиликларга кўз юмилиши керак эди;
6.Муҳаммад Солиҳ Абдураҳим Пўлатов такрор-такрор айтиб келганидек, ўша пайтдаги оммавий митингларни кўча чангитиш деб баҳолаб, биз парламент демократияси йўлидан борамиз, маданий тарзда фаолият олиб борамиз деб “Эрк” демократик партиясини тузди ва мухолифатни 2га бўлиб юборди. Ваҳоланки, митинглар ўтказиш асосий эркинликлардан биридир. Бунинг демократияга, бошқаришга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Парламент демократияси эса бу эркинлик эмас, бошқарувнинг бир усулидир.
7. Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда асосий эркинликларга эришилмаганига қарамасдан , одил суд тизими яратилмаганига қарамасдан, “Бирлик” халқ ҳаракати рўйхатга олинмаганига кўз юмиб, Ислом Каримов билан бирга 1991 йилда ўз номзодини Ўзбекистон президентлигига кўрсатди;
8. 2011 йилнинг майида ЎХҲи тузилди. Ҳолбуки бу пайтда Ўзбекистонда “Бирдамлик” халқ ҳаракати фаолият олиб бораётган эди. ЎХҲни тузишдан қандай мақсад кўзланган эди? Муҳаммад Солиҳ бу ҳаракатнинг раислигига 1 муддатга сайланди. 2012 йилнинг июнида Муҳаммад Солиҳ ЎХҲининг раиси этиб яна 3 йил муддатга сайланди. Бошқача айтганда, Муҳаммад Солиҳ ЎХҲи раислигини узурпация қилиб олди.
9.Ўзбекистонда дин давлат ва маорифдан ажратилган. Динни сиёсий мақсадларда ишлатиш мумкин эмас. Бу масалада Абдураҳим Пўлатов ва Баҳодир Чориевларнинг позициясини ижобий деб ўйлайман. Лекин Муҳаммад Солиҳнинг позицияси ҳалигача мен учун ноаниқ бўлиб қолмоқда.
(Ўзбекистон конституцияси:
41-модда. Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир.
61-модда. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди).
Мен ўзбек мухолифати етакчиларининг демократик принциплардан чекинганлигини, ўз ташкилотларининг низомига амал қилмаганликларини, уларнинг хатоларини айтиб ўтишдан мақсад уларни обрўсизлантириш учун ёки бошқа мақсадларда келтириб ўтганим йўқ. Аксинча, ўзбек мухолифати лидерлари ўз хатоларини тан олишса, бу хатоларни ўзбек мухолифати келажакда такрорламаслиги учун ёшларга сабоқ беришса, келажакда ўзбек мухолифати катта муваффақиятларга эришиши мумкин, Ўзбекистон жамиятининг ҳам, ўзбек миллатининг ҳам, қолаверса дунё ўзбекларининг ҳам келажаги порлоқ бўларди.
Шу сабабли ўзбек мухолифати етакчиларини “Озодлик” радиостанциясининг Озодлик-онлайн эшиттиришида юқоридаги саволларга ўз муносабатларини билдиришларини сўрайман.
Озодлик-онлайн эшиттиришини олиб борувчи “Озодлик” радиосининг ходимлари Алишер Сиддиқ ва Замира Шукурлардан ўзбек мухолифатининг етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларни ўз эшиттиришларига таклиф қилишларини умид қилиб қоламан.
4 ноябрь. 2012 йил.
Абдужалил Бойматов.
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.
Дублин Ирландия.
Published on november 4, 2012 · Filed under: Абдужалил Бойматов;
2 Responses to “Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига учинчи очиқ хат”
-
davron said on november 4th, 2012 at 6:01 e m
qaysi sayt chop etdi etmadi…. nima qizig’i bor. Siz 4- ochiq hatingizni ham tayyorlayvering.
-
Abdujalil sin inson huquqi bilan shugullanishingiz kerak,siz yuridik hato qilyabsiz. Siz UIHJ. ni nizomini buzayabsiz. Siz boshqa qaytib muholifat ishlariga aralashmang. Sizning kalta fahm tushunchangiz buyica hamma Liderlar muholifatchi, ularning ayrimlari qalbaki.
Охирги изоҳлар