-
Табрик ва тилак
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жорж Крол ”Бирдамлик” фаоллари билан.
Бугун,7 ноябрь куни Тошкент вақти билан эрта тонг соат 6.00 дан то 12.00 га қадар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2012 – йил – Америка президентлик сайловларини биргаликда нишонлаш мақсадида мамлакатда фаолият юритаётган жамики мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, мухолифат вакилларини пойтахтдаги ”Миран” меҳмонхонасига таклиф этди.
Тадбирда сўзга чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Жорж Крол келганларга ўз миннаддорчилигини билдираркан, айни дамда бўлиб ўтаётган сайловларнинг мазмун моҳиятига, президентликка номзодларнинг таржимаи ҳолига батафсил тўхталиб ўтди.
Америка президентлик сайловларини биргаликда нишонлаш мақсадида тўпланган ҳамюртларимиз ҳам АҚШ президентлигига номзоди кўрсатилган жанобларга рамзий маънода овоз бериб, сайлов варақаларини белгиланган қутиларга ташлашди.
Ниҳоят, тадбирнинг сайлов натижалари эълон қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама рақибига қараганда кўп сонли овоз олишга муваффақ бўлганлиги аниқланди.
Мазкур “сайловда” “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари ҳам иштирок этишди.
-Сир бўлмаса, сиз кимга овоз бердингиз?, –савол билан мурожаат қилдик Ҳаракатнинг Андижон вилоят бўлими етакчиси Саиджаҳон Зайнобиддиновга.
– Менми? …Мен ҳозирги, амалдаги АҚШ президентига овоз беришни маъқул топдим, – танловини ошкор қилди мухолифат етакчиси.
– Мен ҳам айнан Барак Обама жанобларига овоз бердим. Менга Обаманинг иш услуби ёқади, уни тўла қўллаб- қувватлайман, –суҳбатга қўшилди “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова.
Ҳали тадбир ниҳоясига етмасданоқ АҚШдаги президентлик сайловлари натижалари ҳам эълон қилинди.
2012 йил Президентлик сайловларида яна омад ва бахт Барак Обамага кулиб боққанлиги маълум бўлди.
Ҳақиқий демократик руҳда ўтган мазкур сайловлар натижаси Барак Обама жаноблари қайта АҚШ президентлигига муносиб деб топилганини кўрсатди. Демакки, АҚШ халқи Обамага ишонади, халқ ўз тақдирини, мамлакат эртасини унинг қўлига ишониб топширишга тайёр. Халқнинг ҳақиқий эътирофига эришиш, ишончига сазовор бўлиш, нақадар олий бахт!
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг барча фаоллари Халқининг ишончига кириш ва мамлакат аҳолисининг ишончини оқлай олиш каби энг олий бахтга мушарраф бўлган Барак Обамани чин қалбдан самимий қутлайди.
АҚШ президентининг келгусидаги сиёсий фаолиятига каттадан-катта зафарлар тилайди.
“Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати матбуот хизмати
Published on november 8, 2012 · Filed under: "Бирдамлик" ҳаракати;
Охирги изоҳлар