-
Овознинг узун умри
Қоронғу водийда шамоллар увлар
Булбул қафасинда сайрайдир ёлғиз
Кўмилган кундузнинг мозори ухлар
Бу ҳаёт лақабли ўлимдир ҳофиз.Амин ар-Райхоний
Дадахон Хасан ижодий фаолиятининг илдизлари Туркистон пири Ахмад Яссавий йўлига, унинг қутлуғ шеъриятига бориб уланади. Жахон маданияти, мусиқа санъати тарихида жуда кўп улуғ ўзанлар , бахшилар, шоирлар ўтган. Турк дунёсининг Юнус Эмро, Воқиф, Ошиқ Умар, Махтумқули, Машраб , Мулло НАфас, Бердақ, Аваз Ўтар, Турди Фароғий, , Гулханий, Тўхтағул, Худоберди Бахши, Эмин Юртақул, Нихол Отсиз , Чўлпон, Тавалло, Абдулла Авлоний, Хамза, Абдулла Тўқай, Мағжон каби халқнинг фарёдига айланган, такрорланмас, халқ-овоз, шоир санъаткорлари бор. Лекин бутун умр-муттасил бир халқнинг аччиқ тақдирини, қувонч-у аламини Дадахон Хасанчалик куйлаган шоир-хофиз йўқдир дунёда.
Хофиз-муғанний кимдир? – деган саволга хазрат Навоий “Махбуб ул-қулуб” асарида бундай дейдилар: “Улки кўргизгой мулойим, таронау нағам агар эшитгувчининг хаёти нақди анга фидо бўлса не ғам”. Яна хазрат мана шундай давом этадилар: “Кўнгул қуввати –хушнавоздин рух қути-хушовоздин. Хушхон муғаннийдир дард ахлининг ўти тездир, агар малохати бўлса, хол ахлига рустохездир. Хар муғаннийки дардмандонороқ нағма чекар анинг нағмаси захлиқ юракка ковгарроқ тегар. Мулойим мутрибки, табъ ва фахм анга ёр бўлғай хусусанки хам айтгай хам чолғай, кўнгул мулкига не қўзғолонларки солғай”.
Дадахон Хасаннинг ижодий фаолияти ўзбек мусиқаси тарихи билан муайян боғлиқ холда шаклланди ва улғайди. Бу кунга келиб ўзига хос Дадахон Хасан мактаби намоён бўлмишдир. Мусиқанинг оммага таъсири маъносида Дадахон Хасан қўшиқларини тахлил этиш, унинг ижодиётини илмий ёритиш закий адабиётшунослар ва санъатшуносларлиримизнинг зиммасида турган қарзларидир.
Дадахон Хасан ижодиётининг маънавий тадрижини ўрганиш учун бутун 20-аср Туркистон тарихини, ижтимоий-маънавий жараёнларини чуқур билиш, ўтмишнинг муқаддас устунлари- буюк инсонларимизнинг ичкин дунёларини, моддий мароқларини кенг идрок этиш керак бўлади.
Кўз ўнгимизда подшохчалар, жаллодчалар айғоқчилар қуллар, хўрланганлар сўйилганлар, отилганлар…
50-60-70-80-йиллар кўз ўнгимизда кечган бу қонли манзаралар Дадахон Хасан мақоматида тажассум топди. Бу миқёсли мискин кўриниш мусиқага, товушга, харакатга айланди.
Бу йилларни қисқа бир сўз билан ифодалаш мумкинми? Яна тарихни варақлаймиз, у шу қадар теран, инсон ақли бовар қилмас даражада қамровсиз. Бу борада бизга мусиқа, хофизнинг қўшиқлари ёрдамга келади. Энди биз тарихнинг сўнмас мусиқасини, рангин товушини идрок эта бошлаймиз.
Дарвоқеъ 50-60-70-йиллар дедик. Бир сўз билан айтганда улуғ инсонларимиз йўқотилди. Динимиз расман таъқиқланди. Тилимиз хўрланди. Хур фикр ўчирилди. Қадриятларимиз, дилимиз вайрон бўлди. Хукмрон салтанат мана энди бу халқнинг дили дан тилидан Туркистон Истиқлол, турк бирлиги инсон эрки деган нарсаларни таг-томири билан суғуриб ташлади, деб ўйлади ва атрофига ёлланган лаббайчиларни излаб сарқит-у совғатлар ташлаб йиғди. Халқимизнинг ичинда улар хам омон-омон юрган эканлар. “Лаббай” деб чес бериб шапка кийиб ўринларидан турдилар. Улар- шахссизликнинг аянчли намоёндалари эдилар.
Кўргиликни кўрингки, кечаги буюк адабиёт ўрнига ўртача адабиёт, ўртача санъат майдонга сахнага чиқди. Тобейинлар ўртача, жўн кимсалар эди. Улар қадимиятимизни унутдилар. Мустамлакачиликни мустахкамлаш учун бел боғладилар. Улар кимлар эканини адабиётимизнинг, санъатимизнинг зукко мухлислари яхши илғаб оладилар.
70-80-90 –йиллар халқимизнинг бошига тушган кулфатларни гирясиз, мусиқасиз ифодалаб бўлмас. Орага янада таъмагир, янада ўртача адабиёт ўртача санъат кириб келди. Биз шўро билан, Москов билан абадий биргамиз, бизни ажратолмайсиз деб чирпиниб жавлон урди. Ўртачалик оламшумил муаммоларни қабул қилолмас эди. Ўртачалик-Туркистон истиқлолини, турк бирлигини инсон эркини химоя қилишга қодир эмас эди. Ўртачалик фақат ўртачаликни химоя қилади холос. Ўртачалик давлат миқёсида меъёрга, қонунга эврилди. Ўзининг мудхиш кепатасини очиб ташлади. Ёвузлигини аниқ кўрсатди. – Хали сенларга кўрсатиб қўяман, деб унингсиз хам хўрланган халққа юзланди.
Бу талотун жараёнлар, ёвуз кирдикорлар Дадахон Хасан мақомотининг мағзини ташкил этади.
Дадахон Хасан тийран шоир. Дадахон Хасан турк фарзанди ўлароқ Туркистоннинг озодлиги, миллий бирлиги учун курашиб яшаётган букилмас ШАХС. Дадахон Хасан турк дунёсининг халқ хофизидир. Ўзбек туркларининг мулойим, инжа, кароматли калималари ила юрагимизга кириб борган бир жасур ва майин товуш у хеч кимга халал бермасдан, уйқунгиздан малолсиз уйғотадиган мўжизий- ботиний овоздир. Бу овознинг умри ғоят узундир.
Дадахон Хасаннинг ердаги хаёти, ижодий ва ижтимоий фаолияти мана шундай шовуллаб кечмоқда, нурланмоқда. Хали у янада порлаяжак.
Дадахон Хасан 1989-йили “Ёш ленинчи” газетасининг сўровига биноан Ўзбекистоннинг энг машхур кишиси бўлиб тан олинди.
1990-йилда Дадахон Хасан “Турк дунёси вақфи” томонидан Туркистон булубли деб эълон қилинди.
Дадахон Хасан 1992-йил халқаро Ахмад Яссавий мукофоти билан тақдирланди. Тақдир ушбундай олий ва қутлуғ сийловлар узатди хофизга.
Дадахон Хасан ижодиёти улуғ бобомиз Ахмад Яссавий ришталарига янада қаттиқроқ боғланди.
Бу – сўнгсўз эмас. Сўнгсўзни биз эмас келгуси замонлар ёзажакдир.16. 12. 2002.
www.yangidunyo.org
Published on november 11, 2012 · Filed under: Ўзбек мухолифати;
Охирги изоҳлар