ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

november 2012
M T O T F L S
 1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930  
  • Рауф Парфи хотираларимда

    Дадахон Ҳасан

    Биринчи учрашув

    1960-йилнинг июль ойи бошлари эди. Биз абитуриентлар ТошДУ нинг ҳуқуқшунослик факультети ҳовлисидаги майдонда ёш дарахтлар соясида каравот қўйиб тунар эдик. Қабул имтиҳонларига тайёргарлик кўрар эдик. Биз тунаётган майдоннинг четроғида “домдеҳқон” деган чойхона бўларди. Биз ўша ерда ҳар куни чой ичардик. Радио тинглардик. Менинг ёнимда Фарғона вилояти Бешариқ туманидан келган бир йигит ётар эди. У билан таниш эдик. Исми эса ёдимда қолмади. Унинг ёнида Тошкент вилояти Янгийўл туманидан келган паст бўйлик бир йигит ҳам бор эди. У бу ерга камроқ келарди, шу боис унинг исмини сўролмаган эдим.

    Кунлардан бир куни чойхонада чой ичиб ўтирган эдик. Чойхона радиоприёмнигида Алижон Ҳасановни “Йиғлади”, “Маъракада ўтириб туришин кўринг” деган қўшиқлари янгради. Биз бир-биримизга тикилиб, қўшиқни мароқ билан тингладик. Қўшиқ битгач Янгийўллик йигит “Бу ҳофиз қаерлик экан, ашулани зўр айтди?” деб сўради. Биз унга Фарғоналик, Фарғонанинг Олтиариғидан деб тушутирдик ва мен Алижон Ҳасановнинг укаси эканимни айтдим.

    -Мен ҳам асли Фарғонанинг Водил деган жойиданман, ота-онам Янгийўлга келиб қолган, деб тарихини сўзлаб берди. Ўшанда у йигит ўзини Турсунбой деб таништирган эди. Мен унга Турсунали деб мурожаат этардим.

    Шу кундан бошлаб Янгийўллик бу йигит билан ҳамсуҳбат бўлиб кетдик. Кунлардан бир куни у билан “ОДО”нинг кинозалида Бразилиянинг “Поезд ўғрилари” деган кинофильмини томошо қилдик.

    Бир куни у бизни Янгийўлдаги қишлоғига таклиф этди. Биз учовлон унинг туғилиб ўсган қишлоғига бордик. У қишлоқ “Шўрали сой” дейилар экан. Қишлоқ ўртасидан оқиб ўтган сойда чўмилдик ҳам. Ниҳоят қабул имтиҳонлари бошланиб кетди. Ўшанда бизнинг группамиздан ёзма иншони Саида опа Назруллаева олган эдилар. Ёнимда Оллоназар Эгамназаров исмли бола мен билан ёнма-ён ўтириб иншо ёзган эди. Саида опа Назруллаева унинг ёзган иншосини мақтаган эдилар. Мен биринчи имтиҳондан ёмон баҳо олиб уйга қайтиб кетдим. Шу бўйи Турсуналини ва Бешариқлик болани ҳам қайтиб кўрмадим.

    Орадан бир йил ўтди. 1961-йил ёзида ҳужжатларимни яна учинчи марта журналистика бўлимига топширдим. Худо йўлимни равон қилиб, бу сафар университетнинг студенти бўлдим. Биринчи ёки иккинчи сентабр куни Янгийўллик, асли Водиллик бўлган Турсуналини факултетнинг иккинчи курс талабалари сафида кўрдим. У мени талаба бўлганлигим билан қутлади.

    Рауф менга Чўлпонни таништирган эди

    1961-йилнинг охирлари эди. Ўша пайтларда мен билан яқин дўст, ҳамшаҳар бўлиб юрган Турсин Парпиев кунлардан бир куни қўлимга машинкаланган хира тортиб кетган бир даста шеърлар тутқазди. “Буни Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон дейдилар” деди у ғурур билан. Мен бу номни сира ҳам эшитмаган эдим. Уни ўқий бошладим. “Кўнгил сен мунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг”… “Бу шеърлар бошқачароқ-ку!  Уйғун, Ҳамид Олимжонларга ўхшамайди-ку!”, дедим Турсуналига қараб. “Шунинг учун Чўлпон-да…”  деб мийиғида кулиб қўйди Турсунали.

    Ўша куниёқ шеърларни факултет кутубхонасига кириб қайта – қайта ўқидим. Шеърларни ўқиган сарим уларнинг оҳанги қулоғимда янграй бошлади. Шеърлар мени ўзига ром этди. Шеърлар машинкадан чиқарилган, аммо у жуда хира тортиб кетган эди. Машинка ёзувининг 3-нусхаси эди. Шеърлар битилган варақлар пўлат сим билан тикилган эди. Бу шеърларни ўша кунлариёқ қўшиқ қилиб айта бошлаганман. Бу шеърларни факултетимизда ҳар турли учрашувларда, кечаларда қўшиқ ҳолида куйлар эдим. Буларнинг муаллифи ким, деб ҳеч ким сўрамас эди. Фақат кунлардан бир куни адабиёт ўқитувчиси Аҳмад Алиев домламиз “Додохон, бу шеърларнинг автори ким, биласизми?”  –деб сўраган эдилар. Мен домлага “билмайман”, деб жавоб берган эдим. Ўшанда у киши менга қараб “Майли, билмаганингиз яхши!”- дедилар. Ўша машинкадан учинчи нусха бўлиб чиққан пўлат сим билан тикилган тўплам ҳануз архивимда сақланмоқда. Чўлпоннинг ўша гўзал шеърларини ҳануз куйлаяпман.

    “Лайло”нинг туғилиши

    1963-йилнинг бошида факультетимиз қошида моҳир рубобчи созанда Қобил Усмонов раҳбарлигида бадиий ҳаваскорлик тўгараги иш бошлади. Тўгаракнинг машғулотларига Турсунали ҳам қатнашиб турарди. У рубоб чалишга ишқибоз эди. Мен унга “Муножот” куйини чалишни ўргатган эдим.

    Кунлардан бир куни у менга “Пайдо бўлдим йўлингда” сарлавҳали шеър бериб, “Шуни қўшиқ қилса бўладими?” деди. Мен у шеърни олиб ўша ернинг ўзида куйга солдим ва бироз хиргойи ҳам қилдим. 2-3 кундан сўнгра Турсунали билан биргаликда бу қўшиққа “Дилнавозим, дилафгорим ёнингга учай Лайло” деган 4 қатордан иборат нақорат қўшдик. Факультетда бўлиб ўтган ёзувчи шоирлар билан учрашувларда ҳар турли кечаларда бу қўшиқни айта бошладим. Шеърнинг муаллифини Турсин Парпиев деб эълон қила бошладик. Ўша йили кузида Гулистон шаҳар четидаги “Коммуна” колхозига пахта теримига бордик. Пахтазорда ҳам, ётоқхонада ҳам бу қўшиқни айтиб турардим.

    Кўплар айта бошлади бу қўшиқни. Факультетда туғилган қўшиқ универститет бўйлаб, студентлар шаҳарчаси бўйлаб қанот ёзди. 1964-йили Бўка тумани Мичурин номидаги колхозга пахта теримига борганимизда, у ерда лирика кечалари уюштирардик. Шоирлар шеър ўқирди. Мен “Лайло”, “Мен сени тинчитмайман”, “Бормисан?” деган лирик қўшиқларимни ижро этардим. Ўша кечаларни Тошкент радиоси қошида янги ташкил этилган “Ёшлик” радиостанциясининг бошлиғи Рустам Раҳмонов овоз ёзиш жиҳозларига ёзиб оларди ва уни эртанси куни “Ёшлик” эшиттиришларида эфирга узатар эди.

    Шу тарзда “Лайло” қўшиғи Ўзбекистон бўйлаб, балкида бутун Туркистон бўйлаб янграй бошлади. Бу қўшиқни нафақат студентлар, ҳаваскорлар, ўзбекнинг барча катта-кичик хонандалари, Таваккал Қодиров, Комилжон Баратов, Фахриддин Умаров ва ҳаттоки энг катта ҳофизимиз, устозимиз Расулқори Мамадалиев ҳам тўй-тўйчиғларда, концертларда ижро этдилар.

    Ўша 64 йилнинг ноябр ойида пахтадан қайтдик. Менга Тошкент радиосида муҳаррир бўлиб хизмат этувчи шоир Анвар Исроилов мурожаат этиб “Лайло” қўшиғимни радио студиясида унолғи тасмасига ёзиб олишни таклиф этди. Мен рози бўлдим. Ўшанда бу қўшиқни радио қошидаги Дони Зокиров раҳбарлигидаги халқ чолғу асбоблари ансабли созандалари Қобил Усмонов, Шавкат ака исмли ғижжак чолғувчиси ва универститет студенти Ғофуржон деган йигит жўрлигида овоз оператори Наби Ҳасанов томонидан ёзиб олинди. Ўшанда қўшиқни ёзилган нусхасини эшитганимда ижро менга ёқмаган эди. “Бу қўшиқни эфирга берманглар, мен уни қайта айтиб бераман” дегандим. Мендан рухсат олмай шоир акамиз Анвар Исроилов бу қўшиқни 1965-йил январъ ойида эфирга бериб юборган.

    Қўшиқ ҳақиқатдан ҳам тез орада машҳур бўлиб кетди. Ҳаммани дилида тилида шу қўшиқ бўлди. Қўшиқнинг душманлари ҳам кўпая бошлади. “Лайло” қўшиғи ҳиндча оҳангда, гуржиларнинг “сулика” қўшиғидан олинган деган иғво ва туҳматлар тўқилди. Аммо бу қўшиқни ҳамма –ҳамма ижро эта бошлади. Боғча болалари, мактаб ўқувчилари, ёш ва қари машҳур ва машҳур бўлмаган хонандаларнинг қўшиғига айланди. Японияда япончага таржима қилиб куйлашди, Алмонияда ижро этилганлигини ҳам эшитган эдим. Афғонистонда Латофат исмли санъаткор қиз “Лайло”ни куйлаган эди. Бу қўшиқ шу қадар оммалашдики, кунлардан бир кун Ўзкомпартия марказкўмининг биринчи котиби Шароф Рашидов ҳузурига бир нечта композитор ва бастакорлар кириб “Лайло” қўшиғини ҳамма эшитаётгани натижада уларнинг асарлари четда қолиб кетаётганлиги хусусида арз қилишган экан. Шароф Рашидов уларга “Сизлар хам “Лайло” даражасидаги машҳур бўладиган қўшиқ яратинглар” деб танбеҳ берган эканлар.

    Ана шу қўшиқ мени ва Рауф Парфини элга танитди, машҳур қилди. “Лайло” ҳақида шов-шувлар, ҳар турли афсоналар, миш-мишлар тарқала бошлади. Шунда Рауфни телевизорга таклиф қилиб, “Лайло” қўшиғимнинг шеърини ёзган шоир мана шу йигит бўлади” деб кўрсатган эдим телетомошабинларга.

    Шу йиллари Турсун Парпиев деган шоир Рауф Парфи деган катта шоирга айлана бошлади. Эл уни шоир сифатида таниди ва севди. “Лайло”нинг 1964 йил ноябр ойида унолғи тасмасига ёзилган нусхаси менинг ва Рауфнинг душманлари томонидан радио фонетикасидан олиб ташланди. Орадан 22 йил ўтгач 1986 йили “Лайло” қўшиғимни радио унолғи тасмасига қайтадан ижро этиб бердим. Бугун радио архивида сақланиб ҳавога чиқолмай диққи нафас бўлиб қамалиб ётган “Лайло” унинг иккинчи нусхасидир.

    Рауф ҳали шоир эмас эди

    1979-йил май ойидан бошлаб мени Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Бадиий адабиётни тарғиб қилиш шўъбаси”га Тошкент вилояти бўйича вакил қилиб ишга олишди. Уюшма бўйича раҳбаримиз Акмал Пўлат эди. Тошкент вилояти бўлимига эса Туроб Тўла бошлиқ эди. Менинг вазифам вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ, “колхоз”лар ва завод-фабрика ҳамда бошқа корхоналар билан шартнома тузиш, ёзувчи, шоирлар билан жойларда учрашувлар ўтқазиш эди. Шартнома тузган “колхоз”, “савхоз”, корхона раҳбарларининг истаган шоир ва ёзувчиларни  олиб борардим. Улар шеър ўқирди. Мен қўшиқ айтар эдим. Ҳамма хурсанд эди. Мен ана шу учрашувларга кўпроқ Рауф Парфи, Муҳамммад Юсуф, Абдулла Ориф, Сафар Барно, Қуддус Муҳаммадий, Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Комил Яшин, Эркин Воҳидов, Омон Матжонларни олиб борардим. Ўша учрашувларда ҳамма ўз шеърларини ўқир эди. Рауф эса ўз шеърларидан ўқимас эди, фақат Самад Вурғуннинг “Агар сендан тонар бўлсам” деб бошланувчи шеърини ўқир эди. Кейинроқ менинг қистовим билан у ўзининг итлар хақида ёзган шеърини ўқийдиган бўлди.

    Рауфнинг шоирликка унчалик даъвоси йўқ эди.

    80 йилларнинг ёзи эди. Рауфнинг курсдоши Шароф Убайдулло “Тошкент оқшоми” газетаси бош муҳаррири эди. Мен унга Рауфнинг қора муқовада китобат қилинган шеърлар тўпламини кўтариб бориб, “Мана шу ерда 200 дан ортиқ шеър бор. Шуларни ичидан биргалашиб танлаб газетангизда берсангиз бўлмайдими?” деб унга зардали қараш қилдим. “Ҳай, қани кўрайликчи” деб шеърларни кўра бошлади. “Танлаб берсак бўлар экан” деб менга таскин берувчи жавоб берди. Ўша куни 2-3 соат Шароф икаламиз шеър ўқидик ва энг “яхши”ларини ажратдик. Биз танлаган шеърлар орадан 3-4 кун ўткач бир саҳифа бўлиб чиқди. Ҳамма ҳайрон бўлди бу воқеага. Рауфнининг газета саҳифасида ана шу улгуржи чиқишига ўшанда “юқори”да хизмат этувчи Аҳмаджон Мелибоев анчагина тутун қайтарган экан. Бироқ мухаррир Шароф Убайдуллонинг зарбасига учраб тинган экан у. Чунки ўша пайтларда Рауфнинг шеърлари маҳаллий матбуотларда чиқмас эди. Тўпламлари нашр этилган эди-ю, аммо матбуот саҳифаларида бу қадар салмоқли бўлиб нашр этилмаган эди. Шундан кейин Рауф шеърларини “Шарқ юлдузи”, ”Ёшлик” “Гулистон” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бирин – кетин нашр эта бошлади. Рауф катта шоир сифатида оммага танила бошлади.

    “Лайло”билан учрашув

    80-йилнинг ёзи эди. Мен, Рауф, Иброҳим Ҳаққул, Мирза Кенжабоев тўртовлон Аҳмад Яссавийни зиёрат этмоққа Туркистон шаҳрига бордик. Яссавий мақбарасини зиёрат этгач, Рауф менга “Сенга Лайлони кўрсатайми?” деди. Мен “қанийди…” дедим. Шерикларни марказдаги бир чойхонага қолдириб Рауф иккаламиз Лайлонинг хонадонини излаб кетдик. Тездагина топдик. Бизга чой бериб, Рауф билан алоҳида салом -алик қилган оқ-сариқдан келган, ўрта бўйлик аёлга қараб, “Мана шу аёл сен куйлаган Лайло бўлади” деди.

    Рауф у билан Шўралисойда бир синфда бирга ўқиб, унга меҳри тушган экан. Унинг асл исми Тамара экан. Шундоқ қилиб биз ўшанда тингловчилар оммасини меҳри муҳаббатига сазовор бўлган севимли “Лайло” қўшиғимнинг тирик қахрамонини ўз кўзим билан кўрган эдим. У айтарлик чиройлик эмас эди. Ўшанда Рауфни диди -фаросатига қойил қолмаган эдим. “Шуми мен куйиб – ёниб куйлаган Лайло!” деган эдим Рауфга аччиқ аралаш.

    Туркистон сафаримиз давомида Рауф “Туркистон ёди” шеърини ёзиб, уни Миртемир домлага бағишлаган. Мирза Кенжабоев эса “Келди Туркистон” деган ғазалини битган эди.

    Рауф Парфи танқид қилинган эди

    80- йилларнинг бошларида машҳур аскиячи Муҳаммаджон ака вафот этганликларини эшитиб, Андижоннинг Қорасувига, у кишининг хонадонига шоир Рауф Парфи билан Фотиха ўқишга бордик. Муҳаммаджон акага Фотиҳа ўқиб чиққач, Абдулҳай Махсумни ҳам зиёрат этмоқни истаб, у кишининг хонадонига кириб бордик. Абдулхай ака Туркистонимиздаги барча аскиячи, санъатчиларнинг устози саналарди. У киши бизни яхши кутиб олдилар. Даврага шогирдларидан Ҳасанбой акани ҳам таклиф этдилар. Албатта, ўтириш давомида аския қизиб кетди. Кулавериб жағларимиз оғриб кетди. Қайнатма шўрва, паловхонтўра тайёр бўлгунча фақат аския бўлди. Бироқ, бу қутлуғ хонадонга кирганимиздан то чиқиб кетгунимизча даврада ўтирган шоир Рауф Парфи бирор марта ҳам кулмади. Ҳатто кўнгил учун ҳам. Шунча ичак узилди аскияларга ҳам пинагини бузмади. Чунки дастурхонда “шиша”лар йўқ эди. Ниҳоят суҳбат охирлаб, дастурхонга Фотиха ўқилгач, биз ўрнимиздан турдик. Ташқарига чиқиб йўлга отланганимизда, Абдулхай ака мен билан хайрлашаётиб, қўлларимни тутиб Рауфга ишора қилиб:

    -Дадахон, янаги келишингизда манави оғайнингизнинг парписини очиб келинг-эй, деди. Кулги яна авжига чиқди. Махсум аканинг кузатувдаги Рауф Парфига қарата қилган аччиқ аскиясига Олтиариққа етиб келгунча кулиб келдик.


    Рауф Парфи-раққос

    1980 йилнинг май ойи бошларида Рауф Парфи, Машраб Бобо, Ёқубжон Хўжамберди Фарғонани сайр этиб юрганимизда 9-май куни Нўъмон қассоб исмли дўст акахонимиз бизни Олтиариқдаги ўз хонадонига мехмонга таклиф этган эди.

    Тушдан кейин Нўъмон қассобнинг меҳмонхонасига кириб бордик. Хонтахта усти турли нозу неъматлар: нон, қаймоқ, мева-чева, бодринг ва турли ширинликлар билан секин-аста тўлиб борарди. Айниқса, дастурхонга писта, бодом, ёнғоқлар бирин-кетин кела бошлади. Дастурхон тўлиб борган сари Рауф Парфининг қовоғ ва лунжи ҳам тобора осилиб борарди. Билдимки, дастурхон нозу неъматлар билан тўлиб-тошиб кетса-да, бундай ҳол Рауфга ёқмаяпти. Унинг асосий кутган “неъмати” эса кўринмаяпти. Рауф тобора қимтиниб хонтахта ортида йўқолиб кетарди. Ундан ҳеч садо чиқмас эди. Орадаги сукунатни бузиб мен хонадон соҳибига луқма ташладим:

    – Нўъмон ака, Рауф Парфи деганлари олмахон эмас. Писта-бодом, ёнғоқ чақмайди. Мабодо, анави шайтон сувларидан бўлса, бирортасини олиб келинг, кўрманага бўлса-да турсин, томоша қилиб ўтирайлик,-дедим.

    Шунда Нўъмон ака: – Мен ўшани қўйсамми, қўмасамми, деб хижолатда эдим, дея ташқарига чиқиб кетди. Орадан беш дақиқа ўтгач, оқ, қизил рангдаги шишалар хонтахта устига кириб кела бошлади.

    Шишаларни кўрган Рауф Парфи: “Ҳаёт энди бошланди, ҳақиқат бор экан-ку, яшасин Олтиариқнинг бодринги!”,-деб ҳаяжонланди. Унинг рангига қизил югурди. Бир-икки ютум ютгач эса Рауф одамга айланиб, тилга кирди: “Дунёда Нўъмон акага ўхшаган яхши инсонлар мавжуд экан, бизнинг келажагимиз порлоқ бўлажак, деди у”, деб сайраб кетди. Орадан бирон соат ўтгач эса телевидениедаги берилаётган уруш йиллари қўшиқ ва музикалари ҳар қанча мунгли ва оғир бўлмасин, Рауф Парфи Машраб Бобо билан ўртада рақс тушиб жавлон қила бошладилар. Биз Ёқубжон, Нўъмон ака учовлон шишаларнинг фазилатларига таҳсинлар айтиб, томошабин бўлиб ўтирардик..

    Биз мулзам бўлган эдик ўшанда

    1986-87 йиллардан бошлаб биз миллиятчиларнинг “кураш”лари қизғин паллага чиқа бошлади. Ёзарлар уюшмасининг йўлланмаси билан жойларда тузилган шартномаларга асосан Рауф иккимиз водий бўйлаб жавлон ура бошладик. Рауф шеър ўқирди, мен озодлик ҳақида кўп гапирардим ва исёнкор қўшиқларимни куйлар эдим. Ҳатто тўй-маросимларда ҳам шу ҳол такрорланарди. Гоҳо-гоҳо биз билан Муҳаммад Юсуф ва вилоятлардаги маҳаллий шоирлар ҳамнафас бўлишарди.

    Йўлимиз Андижонга тушганида Рауф иккимиз мулзам бўлганимиз сира эсимдан чиқмайди. Кундузи шаҳардаги пахта толасидан газламалар тўқиш комбинатида катта учрашув бўлиб ўтди. Шомда эса шаҳардаги энг катта жомеъ масжидига бизни таклиф этишди. Масжид ҳовлисида имом Абдували Қори ёрдамчиси Муҳаммадий Қори ва бошқа Андижоннинг энг катта қори ва муллолари бор эди. Икки соатча давом этган қизғин сухбатдан кейин масжид муаззини азон чақирди. Ҳамма масжид ичкарисига кириб кетиша бошлади. Рауф иккимиз эса ҳовлида сўппайиб қолдик. Ҳовлидаги барча йиғилганлар бизга қараб-қараб ичкарига кириб кетишаверди. Орадан ярим соатча ўтгач, улар яна пайдо бўлишди, аммо, улар энди бизга аввалгидай илиқ эмас, совуқроқ назар билан қарашар эди. Суҳбатимиз ҳам аввалгидай илиқ давом этмади. Абдували қори томонидан бизнинг адресимизга анча-мунча қочириқ ва гинавозлик гаплар бўлиб ўтди. Биз билдикки, мезбонлар биз меҳмонларнинг намоз ўқимаганлигимиздан ранжишган экан. Биз ўшанда меҳмонлик мақомимизни анчагина йўқотганлигимизни англадик. Биз анча мулзам бўлган эдик.

    Рауф мени лақиллатган эди

    1993-йил ёзида Ўзбекистон ҳукумати менга чиқиш визасини бермагач, мен бошқа йўллар орқали Туркияга бориш чорасини излай бошладим. Ўшанда Туркияни бир кўриш ишқи билан девона бўлган эдим. Дардимни Рауфга айтганимда у “Эй бу ишни оппа -осон амалга оширамиз” деб мени қувонтирди. “Олмаотага борсак бас. У ердан Бакуга учиб борамиз, шоир Тўра Мирзо бизни кутяпти. ЯК-40 самолётининг трапи ёнида ёшгина стуардесса қиз бизни кутяпти, тўппа тўғри Бакудан Туркияга учамизда” деб менга “кийдира” бошлади. Мен ҳам “кия” бошладим шекилли. Ҳаяжонлангандай бўлиб таваккал қилиб қани кетдик деб йўлга тушдик. Биз билан шоир Муҳаммад Ҳайдар ҳам бирга эди..

    “Муҳаммад Ҳайдар нима қилади Бакуда?” десам, Рауф менга қараб кескин бир ҳолатда “Раҳбарлик қилади” деди. Биз Чимкентга етиб бордик. Бир кеча Султонробод қишлоғидаги Турсунмурод исмли дўстимизнинг хонадонида қўноқ бўлдик. Эртаси куни Олмаотага қараб учдик. Бакуга учиб борганимизда эса Тўра Мирзонинг ҳам, ЯК-40 самолётининг ҳам, ёшгина стуардесса қизнинг хам дараги кўринмади. Рауфда шунақа баъзида “кийдириб”, одамларни лақиллатадиган фазилатлар бор эди. Баку меҳмонхонасида 3 кеча тунадик. Муҳаммад Ҳайдар ҳам “раҳбар” сифатида “синди” шекилли, Тошкентга қайтди. Атоқли шоиримиз Рауф Парфи эса Бакудаги дўсти Ориф Ажал билан топишиб қолиб ароқ ичишдан бўшамай қолди. Мен уни йўқотиб қўя бошладим.

    Мен зерика бошладим. Ниҳоят Бакунинг қоқ ўртасидаги президент қароргохи ёнида давом этаётган намойишларда қатнашиб, нутқ сўзлашни бошлаб юбордим. Ўшанда Ганжа шаҳрида полковник Суръат Ҳусайнов бошлиқ армия қўзғолон кўтарган кунлар эди. Бакуда эса ўша қўзғолонга қарши Азарбайжон халқ жабҳасининг чиқишлари давом этар эди.

    Мен чиқиш визасини оламан деб кўп урундим. Барча ҳаракатларим бесамар бўлди. Баку идоралари хам менга чиқиш визасини бера олмади. Ўн кунлар ўтди. Бу орада Азорбайжон президенти Элчибей Урдиботга қочиб кетди. Бакуга Хайдар Алиев етиб келди. Ниҳоят 15 кунлик сарсон-саргардонликдан кейин Тошкентга қайтиб келдим. Рауф эса Бакуда бир ойча айш – роҳат қилиб юрди. Ниҳоят Ориф Ажални ҳам қатрон қилди шекилли, у ҳам Тошкентга сўлжайиб қайтиб келди.

    “Мени Бакуга ёлғиз ташлаб кетиб қолдинг, хоинлик қилдинг” деб олти ойлар чамаси мен билан гаплашмай, мендан аразлаб юрди. Мен эса ўз хатоимни бўйнимга олиб, “Туркияга борамиз, ЯК-40 тайёр, деб мени лақиллатдингку” деб унга иддао қилмадим. 100 грамм ароқ воситачилигида яна ярашиб кетдик, “опоқ-чапоқ” кунлар бошланди.

    Рауфнинг хурмача қилиқлари

    Рауф ҳамма шоирларни ҳам ёқтирмас эди. Ёзувчилар билан ҳам ҳисоб-китобли суҳбатлашарди. Мен Рауфни баъзи ижодкорлар билан ғижиллашганини кўп марта кўрганман ва албатта қозичилик ролини бажарганман. Биз ижод аҳли 12 та жўра бўлиб, 1987-88 йилларда менинг жўрабошлигимда гап еган эдик. Ўшанда Шавкат Раҳмоннинг навбати келгандаги ўтиришда суҳбат айни авжига чиққанда Рауф бироз қизишди шекилли ватан ҳақида қадаҳ кўтариб нутқ ирод этди. Туркистон калимасини бот-бот қайтарганида ёзувчи Эркин Аъзамнинг пешонаси тиришди шекилли “Рауф ака, ватан, ватан, дейсиз, вақти келганда ватанни 100 грамм ароққа сотасизку” деди.  Шунда Рауф “Ҳа, сотар бўлсак ҳам ватанимиз бор, ватансизларга эса қийин, жуда қийин. Шўринг қурсин Ватансизлар…” деганида орага Шавкат Раҳмон тушган эди. Мен уларга одатдагидай қозилик қилиб тинчлантирган эдим. Рауф Шавкатни ҳам хуш кўрмас эди. Бу икки ижодкор у дунёда қандай муроса қиляпти экан, ҳозирча менга номаълум.

    Рауф Мухаммад Юсуфни шоирлигини тан олмас эди. “Томга қўйдим шотини, анов кимни хотини”… Шу ҳам шеър бўлибдими?” деб мазах қиларди уни. Рауф ароқни кўп ичарди, аммо секин майдалаб ичарди. Шу боисдан айниб алжилламасди. Маст бўлиб ухлаб қолмасди. У ҳар гал қадаҳ бўшатганида газагига фақат нон ҳидлар ва уни майдалаб ер эди. Даврада ким гапирса ерга қараб диққат билан тинглар эди ва албатта сўзловчига луқма ташлар эди. Кайф устида “кетдик”, десам, Ҳиротга ҳам кетаверарди. Йўлга чиқмасдан олдин қаерга деб сўрмасди. Нечта шишалик йўл деб сўрарди. Фарғонага десам “Ҳа 2 шишалик йўл экан” деб ҳаяжонланарди. Менга қараб кўзларини муғомбирона қисар эди. Озиқ-овқат дўконидан шишалар харид қилингач, “Мана энди ҳаёт бошланди, мен энди сен билан Африкага ҳам кетишга тайёрман” дерди. Фарғонага етгунча 2 шиша бўшар эди. “Ҳа, энди бу ёғи қоронғуликми?” деб менга чилпия гап қиларди. Мен уни бу аскиясини дарҳол англаб, “Сабр қил, бироздан кейин ёруғ дунёга кириб борамиз” дер эдим ва ароқ сотиб олардим. Рауф ҳар қандайин меҳмондорчиликда кўп овқат емас эди. Гап- гаштак ўтиришларимизда ким биландир албатта ғижиллашарди, айтишарди. Уни доимий рақиблари пошшопараст ижодкорлар эди. Бундай гап-гаштак ўтиришлар жонимга теккач, гап ейишни тўхтатган эдим. Рауф гап ер эди-ю, аммо гап бермас эди.

    Рауф сўз қидирар эди

    Рауф сўз қидирарди, дуч келган ёки учраган сўзни шеърга солавермасди. 1988-йили Усмон Носир юбилейи муносабати ила Фарғонага кетаётганимизда Оҳангаронда “Менга иккита сўз керак” деди. Иккита сўзни қидира бошладим. Рауф қанақа сўзни излаётганлигини билардим. У ҳеч ким ишлатмаган “оҳари тўкилмаган” сўзни қидираётган эди. Фарғонага боргунча Усмон Носир кечалари тугаллангунича ҳам Рауф тилаган иккита сўзни тополмадим.

    Фарғонадан бир хафтадан кейин қайтдик. Қамчиқ довонининг қоқ ўртасига етиб келганимиздагина мен унга “Топдим, топдим…” деб, “мунаввар, мукаррам” деган жуфт сўзни айтдим. У дарҳол ҳаяжонланиб “Топдинг, топдинг…” деб қувониб кетди. Шу икки сўзни Чўлпоннинг “Кўнгил, сен мунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг” деган шеърига боғлаган мухаммасида ишлатган эди.

    Фарғонада юрганимизда мен унга “Муҳаммад Юсуф менга 3-4 та шеър берганлигини, буларнинг ичида “Нега индамайсан, аҳли Андижон?”” деган шеъри менга маъқул бўлди, “Нега индамайсан аҳли Андижон” деган қаторни ўзгартиришимиз керак”,  деганимда “Нега йиғламайсан она туркистон” деб куйлагин” деди. Мен уни шу тарзда куйга солдим. Шу бир қатор шеър қўшиққа қанот боғлаган эди. Бу қўшиқ айниқса хориждаги Туркистонликларнинг орасида машҳур бўлди. Ҳатто, уларнинг мадҳиясига айланди.

    Туркистонликларнинг 1989-йилги Истамбул қурултойида мадхия бўлиб куйланди. Жумладан, она қишлоғим “Қайриғоч”га Рауф билан борганимизда маҳаллий шоир Маъмур Ҳамид менга “Бизни йўқлаб Андижонга Бобур келмоқда” сарлавҳали шеър берган эди, Рауф уни ўқиб чиқиб “Бизни йўқлаб Фарғонага Бобур келмоқда” деб куйлагин деган эди.

    www.yangidunyo.org

    Published on november 12, 2012 · Filed under: Дадахон Ҳасан;
    Kommentarer inaktiverade för Рауф Парфи хотираларимда

Comments are closed.