-
Миқдор ва сифат ёхуд дунёга нима бўлмоқда ўзи?
Толиб Ёқубов
19 ноябрь, 2012 йилМақоламнинг бошида мен муҳтарам ўқувчи билан келишиб олмоқчиман: мен келтирган мисоллар кимга ножиддий туюлса ёки ундан кўнгли тўлмаса, мақолани ўқимай қўяқолсин. Айтишим керак-ки, мен мақолани энг содда, махсус билимга эга бўлмаган ватандошимиз учун ҳам ёзмоқдаман ва у ҳам мен келтираётган оддий мисоллар орқали масала моҳиятини англашини истайман. (Тамом).
Асримизнинг бошида, яъни бундан 2000 йил илгари Ер юзида аҳоли сони 300 миллион атрофида бўлган, Чингизхон (1155 – 1227 йиллар, яъни XII-XIII асрлар) даврида эса бу рақам тахминан 400 миллионни ташкил қилган. Амир Темур (1336 – 1405 йиллар, яъни XIV-XV асрлар) даврига келиб дунёдаги аҳоли сони бироз камайган ва тахминан 350 миллион бўлган.
Наполеон Бонопарт (1769 – 1821 йиллар, яъни XVIII-XIX асрлар) пайтига келиб бу рақам 900 миллионга етган. Расмий статистика бўйича 1804 йилда одамизод 1 (бир) миллиардга етган, иккинчи миллиард – 1927 йилда, учинчи миллиард эса 1960 йилда юзага келган. 1974 йил – 4 миллиард, 1987 йил – 5 миллиард, 1999 йил – 6 миллиард ва 2011 йил – 7 миллиард! Ер шарида аҳолининг ўсиши тезлигига қаранг!
“Миллиард”га кўпайиш статистикасига эътибор беринг: аҳоли сони 1 миллиарддан 2 миллиардгача ошиши учун тахминан 1, 25 (биру чорак) аср, яъни 125 йил вақт кетган, 3 миллиардга етиши учун 33 йил, 4 миллиардга 14 йил, 5 миллиардга 13 йил, 6-чи ва 7-чи миллиардларнинг ҳар бири учун бор-йўғи 12 йилдан вақт кетган. 2-чи ва 3-чи миллиардлар орасида инсоният ўз бошидан катта кулфат, яъни 2-Жаҳон урушини ўтказган ва бу қирғинда камида 40-50 миллион одам ҳалок бўлган. Ундан 30 йилча олдин бўлган 1-Жаҳон урушида ҳам тахминан 10 миллион одам ўлдирилган.
Одамларнинг ўлиши фақат “катта” урушларда эмас, балки “ҳар қадамда” содир бўлади: табиий офатлар, XX-XXI асрлар техник тараққиёти натижаси ўлароқ автомобиль, авиация, кема ва темирйўл транспорти ҳалокатлари, дунёнинг турли жойларида юз бериб турган маҳаллий (локал) урушлар, жанжаллар, босқинчиликлар, касалликлар, наркоманлик, ичкиликбозлик, стресс-депрессиялар ва ҳатто тасодифий ўлимлар [кимнингдир бошига тепадан ғишт тушиб кетган, кимдир билмасдан қудуққа тушиб кетган ва ҳ.] қанчадан-қанча одамнинг умрига зомин бўлмайди, дейсиз! Биргина Камбоджада Пол Пот бошчилигидаги мустабид ҳукумат ўз халқидан 2,5 миллион одамни қатл қилган, Хитойга ўхшаган давлатларда эса бола туғилишни камайтириш мақсадида ҳукумат қаттиқ чегаралашларни жорий қилишгани ҳам диққатга сазовордир. Шунга қарамасдан кейинги йилларда ҳар 12 йил ичида дунё аҳолиси миллиардга ошмоқда.
Ҳайвонот дунёсида ўз-ўзини қирадиган ҳайвонлар (ва ҳатто ҳашаротлар) 2-3 та бўлиши мумкин [буни зоологлардан сўраш керак – улар буни яхши билишади]. Бироқ одамизоддек ўз-ўзига ўта душман мавжудод бўлмаса керак. Уламо-фузалоларнинг айтишича, биринчи одам ўлдириш Одам Ато пайғамбар даврларида содир бўлган экан: бул зотнинг бир ўғиллари иккинчисини ўлдиргани тарихда биринчи одам ўлдириш деб ҳисобланар экан. Энг йиртқич ҳисобланмиш арслон, йўлбарс ва бошқалар ўзини-ўзи оммавий қирғин қилмайди.
Эшитганим (рост-ёлғонлигини билмайман, уни лондонликлардан сўраш керак): Лондондаги ҳайвонот боғида бир қатор қафаслар ташкил қилиниб, уларга ваҳшийлиги ортиб боришига қараб мавжудодлар ўрнаштирилган экан. Биринчи қафасда мушук юрганини кўрар экансиз, иккинчи қафасда яна бир алланима, …, -чи қафасда йўлбарс, …, -чи қафасда арслон, …, охирги қафаснинг ҳамма томони ёпиқ, ичи кўринмас, бироқ унинг бир кичик тешиги бўлиб, ҳар бир қизиқувчи одам ундан қафас ичига қараса ўзини кўрар экан. Яъни, йиртқичлар қаторини ташкил қилган мутахассислар: “Одам – дунёда энг йиртқич мавжудод” деган фикрга урғу бермоқдалар экан! (Тамом).
Мальтус назариясиТомас Мальтус (1766 – 1834 йиллар) машҳур инглиз руҳонийси ва олими, иқтисодчи ва демографи (халқшуноси) бўлиб, у ўзининг назарияси [“Дунёаҳолиси қонуни ҳақида тажриба” китоби]да дунёда аҳоли сонининг назорат қилинмас ҳолатда ошиб бориши охир-оқибат умумий очарчиликка олиб боришини башорат қилган. Унинг айтишича, дунёда одамлар сони геометрик прогрессия, ҳаётий воситалар (озиқ-овқат) ҳажми эса арифметик прогрессия тартибида ўсар экан. Арифметик ва геометрик прогрессиялар ҳақида маълумотга эга бўлмаган ўқувчиларга эслатаман:
Арифметик прогрессия – бу а1, а2, а3, …, аn, an+1, … сонлар кетма-кетлиги бўлиб, иккинчиси (а2)дан бошлаб ушбу қатордаги ҳар бир сон ўзидан олдин келган сонга прогрессиянинг қадами деб аталадиган d сонини қўшиш натижасида ҳосил қилинади. Мас., прогрессиянинг биринчи ҳади а1=5, прогрессия қадами d=2 бўлсин; у ҳолда, ушбу арифметик прогрессия 5, 7, 9, 11, …, яъни 5 дан бошлаб барча тоқ сонлар (чексиз узун) кетма-кетлиги келиб чиқади. Арифметик прогрессияда умумий қонун: an+1= аn+ d формула билан аниқланади [бунда d қадам 0 дан фарқли сон бўлиши керак].
Геометрик прогрессия – бу b1, b2, b3, …, bn, bn+1, … сонлар кетма-кетлиги бўлиб, иккинчиси (b2)дан бошлаб ушбу қатордаги ҳар бир сон ўзидан олдин келган сонни прогрессиянинг маҳражи деб аталадиган q сонига кўпайтириш натижасида ҳосил қилинади. Мас., геометрик прогрессиянинг биринчи ҳади b1=5, прогрессия маҳражи q=2 бўлсин; у ҳолда, ушбу геометрик прогрессия 5, 10, 20, 40, …, 160, 320, … кўринишда бўлади. Геометрик прогрессияда умумий қонун: bn+1= bn q формула билан аниқланади [b1 ва q лар 0 дан фарқли сонлар бўлиши керак].
Сезиш қийин эмас-ки, геометрик прогрессия арифметик прогрессияга қараганда тез ўсувчи сонлар кетма-кетлигидир [албатта ГПнинг маҳражи q каср (1 дан кичик) сон бўлмаса].
Дунё аҳолисининг ўсиши тезлиги ҳақиқатан геометрик прогрессия каби эканлигини юқорида келтирилган статистика яққол кўрсатиб турибди.
Т.Мальтус ўзининг “Тажриба”сида учта асосий тезис [илмий асардаги асосий фикр]ни муҳокама қилган:
– инсоннинг биологик қобилияти ўз авлодини давом эттиришга қаратилгани сабабли, унинг жисмоний қобилияти ўзи ва оиласи эҳтиёжи учун озиқ-овқат (ва б.) ресурсларини кўпайтиришга қаратилган бўлади;
– Дунёаҳолиси ҳаётий восита (озиқ-овқат ва бошқа ашъёлар) билан қатъий чегаралангандир;
– Дунё аҳолисининг ўсиши фақат қарши сабаблар, яъни ахлоқий ўзини тийиш ёки кулфатлар (урушлар, оммавий эпидемия (касаллик)лар, очарчилик) билан тўхтатилиши мумкин.Миқдор ўзгариши сифат ўзгаришига, сифат ўзгариши миқдор ўзгаришига олиб келиши қонуни ҳақида
Дунёмизда (ва ҳатто коинотда) нима моддий нарса бор-ки, у миқдор ва сифат билан боғлиқ. Ҳар бир моддий нарсада – хоҳ у одам бўлсин, хоҳ у дарахт ёки сув бўлсин, хоҳ у чанг зарраси ёки атом ичида айланаётган электротон бўлсин – миқдор ва сифат бир-бири билан чамбарчас ва узвий боғлангандир. Мас., одамнинг ёши, бўй узунлиги, вазни, панжалар сони (ва ҳ.), яъни сон билан ўлчанадиган жиҳатлари унинг миқдорий характеристикаларидир. Одамнинг миллати, бўйининг баландлиги, оёғининг оқсоқлиги, овозининг йўғонлиги (ва ҳ.) унинг сифат белгиларидир. Нарса (предмет)нинг баъзи миқдор ва сифат характеристикалари ўзгарувчан бўлиши мумкин: [Сифатлар] ўсиш, улғайиш, камайиш, ёшариш, қариш (ва ҳ.) шулар жумласидандир.Бироқ, инсон табиатининг ва руҳиятининг баъзи жиҳатлари миқдорсиз бўлиши ҳам мумкин: мас., “ўй-хаёл” шундай жиҳатлардан биридир. “Оғир ўй-ҳаёл”, “Енгил-елпи ўй-хаёл” тушунчаларда иштирок этаётган “оғир” ва “енгил-елпи” тушунчалар ҳам сифатдир, бу каби тушунчаларга ҳеч қандай сон (миқдор, ўлчов)ни тиркаб бўлмайди.
Бизнинг биринчи қадамимиз табиат ва жамиятдаги кўп нарсаларнинг икки асосий характеристикаси бўлишини кўрдик: сифат ва миқдор. Эндиги қадамимиз эса бу икки жиҳат ўзаро қандай боғлиқ эканини тушунишдир: файласуфлар буни “Миқдор ўзгариши сифат ўзгаришига, сифат ўзгариши эса миқдор ўзгаришига олиб келиши қонуни” деб аташган. Муҳтарам ўқувчи фалсафани ўрганмаган бўлса, яхшиси бу қонуннинг моҳиятини оддий мисолларда тушунтириш маъқулроқдир. Мен келтирган мисолларим ҳаётдан олинган ва баъзиларга ножиддий туюлиши мумкин, бироқ мен ўқувчини тишни-тишга қўйиб ўқишни давом эттиришга ва ҳаётдан шу каби мисолларни мустақил топишга чақираман.Миқдор ўзгаришининг сифат ўзгаришига ўтишига мисоллар
1-чи мисол: Қишлоқ жойларида, ёзда қора пашша жуда кўп бўлади, дастурхонни очиб бўлмайди – ёпирилиб келишади, озиқ-овқатга қўниб одамнинг кўнглини хира қилишади; сочиқ билан ҳайдасангиз, бир дув этиб қочишади-да, секунд ўтмасдан яна ёпирилишади; қанча ҳайдасангиз ҳам негадир уларда қўрқув кўринмайди; ётиб дам оламан десангиз, юз-кўзга қўнавериб тинчлик беришмайди. Мен бир кун тажриба ўтказдим. Катта хона, дастурхон озиқ-овқатга тўла, хонада камида 100-200 пашша йиғилган. Мен эшик-тешикни бекитиб, эринмай, қўл билан уларни тутиб ўлдира бошладим. Пашшалар қанча камайса, уларнинг “фаоллиги” шу қадар пасая борди. Сезилди. Хонада 5-6 та пашша қолганда уларнинг бирортаси дастурхонга ўзини урмай қўйди. Мен кутдим. Йўқ, уларнинг фаоллиги бутунлай басанда бўлди. (Тамом).
Менинг ҳатти-ҳаракатим пашшалар тўдасида миқдорни ўзгартирди, натижада уларнинг “фаоллиги ўзгарди, яъни сифат ўзгариши юз берди.2-чи мисол: Менинг ёшлигим йилларида (тахминан 60 йиллар илгари) Жиззах музофотила булдуруқ деган [чумчуқдан каттароқ] қуш беҳисоб эди. Улар учганда баҳайбат булутдай бўлиб кўринарди. Булдуруқ гўшти жуда маззали бўлгани учун милтиғи бор одамлар ёзда эрмакка булдуруқ отишар ва қовуриб тановвул қилишар эди. Кўп йиллардан бери биз томонда ёз давомида бирорта булдуруқ кўринмайди. Овчиларнинг отиши, пахталарга дефолиант дориларнинг бемеёр сепилиши булдуруқларга қирон келтирди, яъни уларнинг синфида миқдор ўзгариши ҳосил қилди; бу эса ўз навбатида сифат ўзгаришига олиб келди – уларни одамлар тамоман қириб битиришган эмас, улар ўзларининг табиий яшаш ҳудудини тарк этишди, уларда сифат ўзгариши юз берди. (Тамом).
3-чи мисол: Тинч оқаётган сувнинг бирор нарсани бузиш (яксон қилиш) қобилияти, яъни сифати, деярли йўқ. Бироқ сувга бирнеча атмосфера босим берилса, у ҳолда у ерни кавлай бошлайди. Босимни бирнеча ўн атмосферага чиқарилса сув кўп нарсаларни тешиб ўтиш қобилиятига эришади. Сувга берилаётган босимни 2000 атмосферагача кўтарилганда сув тошни кеса бошлайди, у ҳатто гранит тошни ҳам йўнаверади. Оқувчан сувга берилаётган таъсир кучи миқдори ўзгарган (ошган) сари сувда сифат ўзгариши юз бермоқда (Тамом).
4-чи мисол: Сибирь ўрмонларида қон сўрувчи майда чивин (комар)лар бениҳоя кўп бўлгани учун бу ҳудудларда ишлайдиган геологларнинг катта норозилигини келтириб чиқарган. Нима қилиш керак? Геологларнинг иши мамлакат учун ўта зарур: нефть, олтин ва бошқа табиий ерости бойликларини излаш ўта муҳим. Бир гуруҳ олимлар ўрмонлар устидан одамлар оддийгина қилиб “дуст” деб атайдиган [ҳашаротларга қарши ишлатиладиган] дорини самолетлар ёрдамида сепишни таклиф этишган. Биринчи йил бу усул катта самара берган – чивинлар кескин камайган. Кейинги бир неча йилларда бу усул геологларнинг жонига ором берган – чивинлар мутлоқ камайиб кетган. Бироқ кейинчалик негадир улар яна кўпая бошлаган ва бу суръат тез орта борган. Академик Шульцнинг ёзишича, натижада дустни озуқа сифатида истеъмол қиладиган чиқинлар пайдо бўлган, яъни чивинларда сифат ўзгариши юзага келган. Ҳозирги пайтда дустдан фойдаланиш бутун дунёда тақиқланган. (Тамом).
Ва, ниҳоят, 5-чи мисол: 1973 йил мен Кишинёв шаҳри (Молдавия)да аспирантурада ўқиб юрганимда МССР Фанлар Академиясида “Хитой узра тун” [“Ночь над Китаем”] номли бир ҳужжатли фильмни кўрганман. Баъзи хитойлик олимлар ўзича ҳисоб-китоб қилиб чиқишган: агар битта чумчуқ ҳар куни 50 та гурунч еса, у ҳолда бир ойда шунча, бир йилда эса мана бунча бўлади. Чумчуқлар миллионлаб бўлгани учун, ўҳ-ҳў, улар минг-минглаб тонна гурунчни еб тугатар экан, деган хулосага келинган. Нима қилиш керак? Охири бир тўхтамга келишган: ҳамма чумчуқларни ўлдириш учун халқни сафарбар қилиш лозим! Хитойда нима кўп – одам кўп. Миллионлаб одамлар далаларга, майдонларга, томларга, дарахтларга чиқишганини фильмда кўрасиз. Одамлар тинимсиз, қўлларида ечилган кўйлак, костюм ва бошқа нарсалар билан чумчуқларни қувишмоқда, уларга соатлаб, тиним бермай, бирор жойга қўниб дам олишга қўймай ҳайдашмоқда. Юраги чидамаган чумчуқлар бирин-кетин ўлган ҳолда ерга йиқилиб тушмоқда. Финал: юзлаб (балки минглабдир?) юк машиналари, кузовлари ўлик чумчуқлар билан тўла ҳолда колонна бўлиб кетмоқда. Чумчуқлардан холос бўлган Хитойда биринчи йили мисли кўрилмаган катта ҳосил йиғиштириб олинган. Иккинчи, учинчи йиллар ҳам худди шундай. 4-5 йилдан сўнг негадир ҳосил камайган, кейинги йилларда эса кескин камая борган. Ҳаммаёқни қурт босиб кетган, уларни йўқ қилишнинг иложи бўлмай қолган. Хитой раҳбарлари хатони тушунишган ва зудлик билан Австралиядан соф олтинга 2 миллион чумчуқ сотиб олишган. (Тамом).
Сифат ўзгариши миқдор ўзгаринини келтириб чиқаришига мисоллар
1-чи мисол: Ўтган асрнинг 20-чи йилларида маданиятли, ривожланган ва турли миллат вакилларига чидамли Германияда Адольф Ҳитлер бошчилигида нацизм [национал-социализм] ғоясини тарғиб қилган одамларнинг кичик бир гуруҳи пайдо бўлади. Бу гуруҳ сафи кенгая бориб, бора-бора улар Германия парламенти Рейхтагни эгаллашади. Нацизм ғояси бора-бора немис халқи онги ва юрагини эгаллайди. Кичик бир гуруҳ миясида шаклланган нацизм ғояси, яъни сифати, Германияда улкан миқдор ўзгаришини юзага келтирди – нацизм ғояси немис халқи онгини эгаллади.(Тамом).
2-чи мисол: Ўзбекистонда эканлигимда тез-тез милиция ходимлари одамларга: “Сиёсатга аралашма!” дея дўқ-пўписа қилишларини эшитганман. Менинг ўзимга ҳам шу талабни қўйишган пайтлари бўлган, бироқ мен Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг: “Халқ – давлат ҳокимиятининг ягона манбаъсидир” дейилган 7-моддасини эслатганимдан сўнг талаб қилувчиларнинг овози ўчган. Сийсатга халқни аралаштирмаслик авторитар тузумлар олдидаги асосий “вазифа”лардан биридир. Буни икки йўл билан амалга ошириш мумкин: 1) жамиятни фаравон қилиш; 2) жамиятни қашшоқликда тутиш. Фаровон жамият одамлари учун сиёсатнинг қизиғи йўқ – ҳамма нарса етарли, яъни “егани олдида, емагани ортида”. Қашшоқ жамиятда одамлар асосан: “Қандай қилиб қора қозонни қайнатсам экан?!” дея шу ўтаётган бир кунни ўйлайдиган ҳолатга туширилади. Сиёсат билан шуғулланишга инсоннинг на имкони, на вақти ва на хоҳиши қолади. Ўзбекистонда сиёсат билан шуғулланиши лозим бўлган миллионлаб одамлар иш излаб ташқарига чиқиб кетишди. Мамлакатда “қашшоқлик” сифати миллионлаб одамларга “юқтирилди”, яъни сифат ўзгариши амалга оширилди. Бу эса миқдор ўзгаригига, “мардикор” дея аталувчи катта қатламнинг пайдо бўлишига олиб келди.(Тамом).
Хулоса: Миқдор ўзгаришининг сифат ўзгаришига, ва аксинча, сифат ўзгаришининг миқдор ўзгаришига олиб келиши ҚОНУНИ нимани англатади? Миқдорий ўзгаришлар арзимас ва яширин ҳолда ҳамда аста-секинлик билан юз берса-да, унга жавобан сифат ўзгаришлари тасодифан ва аста-секинлик билан эмас, балки очиқ ва тубдан асосли ҳамда бирданига сакраш йўли билан юз беради.
Мавжудодлар қандай кўпайишади?
Бу мавзуни биологлар яхши билишади, менга маълуми эса учта: иккига бўлиниш, уруғ (тухум) қўйиш ва жинсий алоқа. Баъзи инфузория типли, деярли кўзга кўринмайдиган мавжудодлар маълум ривожланиш даврини ўтаб бўлгач, иккига бўлинади ва натижада икки янги инфузория пайдо бўлади. Баъзи денгиз ҳайвонлари (мас., китлар) тирик бола туғишса-да, кўпчилик балиқлар уруғ (икра) қўйиш йўли билан кўпайишади. Қурбақалар ҳам шу тахлитда насл орттиришади. Табиий, бу ҳолларда, уруғ қўйишдан олдин бу жонзодларнинг эркаги ва урғочиси жинсий амалиёт қилишади. Паррандалар ҳам кўпайишнинг шу йўлини танлашган. Мавжудодлар дунёсида кўпайишнинг бошқа йўлларини билмасам, мен муҳтарам ўқувчидан узр сўрайман.
Бўғдой заминга ташлангач, у замин қўйнида ривожланиши, ўсиб чиқиши ва янги авлод учун дон тугишига ўхшаш мавжудод, жумладан инсоният оламида ҳам эркак ва урғочисининг жинсий алоқаси туфайли уруғ заминга ташланади ва у заминда қўйнида ривожланади. Қизиғи шунда-ки, ҳайвонот ва одамизод оламларида бу ўзаро (эркак ва урғочи орасидаги) муносабат бир-биридан кескин фарқ қилади. Мас., жинсий алоқадан сўнг қорамол урғочиси эркагини мутлақо қизиқтирмайди, уларда бир-бирига талпинишга ундайдиган бирорта жиҳат – на “гўзаллик”, на тана формаси, на товуш ёки “табассум” – ўзига тортмайди. От уюри (эркаги) байтал гуйга келганини сезсагина бесаранжом бўла бошлайди ва ҳатто “жиннига” айланади – бу фақат бир йилда бир марта юз беради, холос. Инсоният учун озиқ-овқат вазифасини ўтовчи маҳлуқларнинг кўпайиши арифметик прогрессия тартибида бўлишини тушунтирадиган омил шу эмасмикин?Ҳайвонот дунёсидан фарқли ўлароқ инсоният онг билан тақдирланган. Онг берилмаган мавжудод олдида фақат иккита вазифа-амалиёт туради, холос: еб-ичиш ва насл қолдириш. Одамизодда эса ўз аёли ва бошқа аёлларга бўлган эркак эътиборини бугун ҳам, эртага ҳам, эртадан кейин ҳам ўзига тортаверади. Аёлларда ҳам эркакларга нисбатан эътибор мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Бошқача айтганда, одам зоти ҳайвонот дунёсида кузатилган каби фақат еб-ичиш ва насл қолдириш билан чегараланмайди. Онг туфайли аёлу-эркак гўзаллик, куч, жозиба, матонат, бўйи-баст, сеҳр, табассум, қилиқ, кўз сузиш ва бошқа беҳисоб инсонга хос жиҳатларни фарқлайди ва шулар оғушида бўлади. “Оғу” аслида заҳарни билдиради ва, демак, инсон ўзи билган-билмаган ҳолда муттасил заҳарланган муҳитда яшамасмикин? Шу оғулар инсониятни геометрик прогрессия тезлигида кўпайишга ундамасмикин? Т.Мальтуснинг гапини эслайлик: “Дунёаҳолисининг ўсиши фақат қарши сабаблар, яъни ахлоқий ўзини тийиш ёки кулфатлар [урушлар, оммавий эпидемия (касаллик)лар, очарчилик] билан тўхтатилиши мумкин”. Ахлоқий ўзини тийиш! Исломда ҳам шу таъкидланади-ку! Одамизоднинг геометрик прогрессия бўйича кўпайиши инсон ўзини ахлоқий тия олмаслигига боғлиқ эмасмикин? Яратган бандасига онг ато этатуриб, уни синаш учун [ўзини тия оладими-йўқми?] кўпайиш қоидасини атайлаб геометрик прогрессия каби шиддатли қилиб қўймадимикин? Ё мен хато қилаяпманми? Кулфатларнинг олдини оладиган бирдан-бир восита банда ўзини тийиши эмасмикин?
Инсониятни нималар кутмоқда
Инсоният дунёсида шиддатли миқдор ўзгариши кечмоқда ва, демак, у сўзсиз унинг онгида қандайдир сифат ўзгаришларига олиб келади. Бу иддаони бошқача айтиш ҳам мумкин: инсоният дунёсида маълум сифат ўзгаришлари содир бўлди ва бўлмоқда, демак уларнинг натижаси ўлароқ дунёаҳолиси сони шиддат билан ўсмоқда. Буни фақат бир ҳовуч мутахассислар ҳамда мутахассис бўлмаса-да, бироқ “кўрадиганлар” [менинг “Кўрадиганлар, кўрсатсанг кўрадиганлар, кўрмайдиганлар” номли мақоламга қаранг] сезиб-билиб туришибди, холос. Бу муаммо билан Осиё даштларида мол боқиб юрган чўпоннинг, Россияда мардикорчилик қилиб юрган ўзбекнинг, Африка ва Лотин Америкаси ўрмонларида умргузаронлик қилиб юрган қабилаларнинг, бой мамлакатларда ва ҳатто Ўзбекистондек қашшоқ мамлакатларда миллиардлаб доллар бойлик тўплаётган шахсларнинг нима иши бор? Бири демократик, иккинчиси исломий, учинчиси монархия (подшоҳлик) тузуми ҳақида бахслашаётган сиёсатчиларни бу улкан муаммо қизиқтирадими-йўқми?
Кейинги 30-50 йил ичида яшаш учун кураш кескинлашди. “Эшакнинг юки енгил бўлса ётоқ бўлади” деганларидай, кўп техник ихтиролар одамларнинг меҳнатини кескин енгиллаштирди, одамлар беҳад катта масофаларда осонликча ҳаракат қила бошладилар, “фалончани кўриб келай, бир мириқиб сўҳбатлашай” деб минглаб километр йўл босиб бориш зарур бўлмай қолди – бу сўҳбатни скайп орқали уюштирса ҳам бўлар экан, одамлар Ер-заминни тарк этиб Ой ёки Марс каби фазовий объектларда яшашни орзу қила бошлашди. Бироқ, инсоният ҳали нефть ва газга альтернатив бўлган, улар тугагач инсоният учун узлуксиз энергия манбаъи бўладиган бирор нарсани ўйлаб топган эмас. Атом энергияси хавфли, у инсониятни бутунлай йўқ қилиб юбориши мумкин. Инсониятнинг кўр-кўрона, бемеёр фаолияти туфайли иқлим ўзгариши хавфи ҳам туғилди. Айни пайтда исрофгарчилик чўққисига чиқди, экологик ҳолат ёмонлашгандан ёмонлашиб бормоқда. Дунёда ҳукм сураётган маънавият, тўғрироғи маънавиятсизлик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
2024-чи йилга етмасдан Ер юзида 8 миллиард одам яшай бошлайди, 10 миллиард одам 2048-чи йилда эмас, балки ундан анча илгари пайдо бўлишига шўбҳа йўқ, яъни яқин 30 йил ичида инсониятга яна икки Хитой қўшилиши турган гап. Бундай ваҳимали миқдор ўзгаришга инсоният чидай олармикин? Инсоният онги ва тафаккурида қандай сифат ўзгаришлари кутилмоқда? Инсоният ўзини ахлоқий тия олмаса, уни қандай кулфатлар кутади? Т.Мальтус айтганидай урушларми? Эпидемияларми? Очарчиликми? Инсоният ўз олдида турган глобал муаммоларни ечишга қодир бўлармикин?
“Қиёмат қойим куни яқинлашган сайин дунёни кўзи қисиқ одамлар босади” каби фикрлар қадимги китобларда ёзилиб кетилган, деган иддаоларни бундан 60 йилча илгари бир неча уламолардан эшитганман ва салкам 1,5 миллиардлик Хитой бу иддаони тасдиқламоқда. У буни фақат аҳоли сони билангина эмас, балки иқтисод занжирини бир қатор давлатлар ва халқлар бўйнига ташлаш билан ҳам урғуламоқда. Бир ярим миллиард аҳолига эга бўлган бу давлат ҳали уруш билан бирор давлатга кириб борган эмас, бироқ кириб бориш арафасида тургандай. Кириб бориш ҳам шарт эмас – 3-чи жаҳон урушида 2-чисидагидек юзминглаб аскар минглаб километр йўл юриб душман ҳудудига бостириб бориши шарт бўлмай қолди, бу ишни тезучар ва баландучар минглаб ракеталарни бошқарув пульти олдида ўтирган бир гуруҳ одамлар қилаверади.
Муҳтарам ўқувчига мурожаат
Менинг ёшим 70 дан ошиб кетган. Бу ёшда инсон майдагап бўлиб қолади, дейишади баъзилар. Ушбу мақолани ўқиб Сиз муҳтарам зотларда ҳам мен ҳақимда шундай фикр пайдо бўлар. Аслида ундай эмас. Юқорида келтирилган дунёаҳолиси муаммоси кўп йиллардан бери менинг диққат марказимда бўлган. Мен бу муаммо билан жиддий шуғулланишни бир неча таниш-билишларга таклиф ҳам қилганман. Ушбу мавзуни мен 10-20 йил илгари ёритганимда мақоланинг руҳи бунчалик тушкун бўлмас эди, балки. Агар менинг бу мақолам кимдадир тушкунлик уйғотса, мен улардан кечирим сўрайман. Айни дамда мен ҳурматли ўқувчиларни шундай масалалар устида ўйлашга чақираман.
http://www.ishr.com
Published on november 20, 2012 · Filed under: Толиб Ёқубов;
2 Responses to “Миқдор ва сифат ёхуд дунёга нима бўлмоқда ўзи?”
-
zhangjin said on november 20th, 2012 at 5:08 e m
Maqola yaxshi yozilgan, lekin sal eskicha ruxda. Masalan, oldingi asrlada Marks va Engels shunaqa digan: bir kunmas bir kun odam extiyoji shu qadar kòpayadiki, buni orqasidan ishlap chiqarish va ishchilani ekspluatatsiya qilish ortadi, natijada bir kunmas birr kun bunga chidolmagan butun dunyo xalqlari qòzğolon kòtarip ekspluatatorlarni ağdarip tashiydi, kapitalizm tugiydi, xalq xokimiyatni qòliga oladi dib bashorat qilishgan, lekin mana kòrip turipsizki òsha paytda Marks va Engels bitta narsani xisobga olishmagan, bu siz yuqorida etgan ilm texnikaning rivojlanishidir. Texnika rivojlanib, odamlarni ishi kamydi, ish unumdorligi bir necha òn barobar ortti. Xuddi shunday, Maltus ham eski zamon odami. Vaqt òtgan sari energiyaning alternativ turlarini ishlab chiqiladi, oziq ovqatni orttirish yòllari topilmoqda, Xitoyda ham 20 yil oldingi holatmas, xozir 2-bola tuğilishi uchun 1500 AQSh dollari tòlasa kifoya, Xitoyda eng kam ish xaqqi 300 dollarligini hisoblasek, va oilada er xotin birga ishlashini ham hisobga olsak, 2- bola uchun tolanadigan soliq hech narsamas. Cheklov faqat Han millatida bor. Uyğur ,dungal va shunga òxshash kamchilik millatlarda umuman bolaga cheklov yòq, cheklovlar borligi uydirma. Xitoyning eng kotta muammosi bu faqat sharqi hududlardagina ishlash imkoniyatlari yuqori, markaz va ğarb dengizdan uzoq bòlgani uchun u yer biroz sust. Lekin Xitoy hukumati buni ilojini topdi, yani xozitlrda òrta osiyo boylab eronga va erondan turkiyaga, turkiyadan yevropaga olib boradigan temir yòl qurish arafasida. Bu amalga oshsa, sharqqa ishlashga ketgan aholi yana markaz va ğarbga qaytip balans hosil bòladi. Man òzim shu yerda aynan shu ish bòyicha Xitoyliklar bilan izlanish olib bormoqdaman. Xitoyda aholi kòpligi haqida muammo yòq hozirgi kunlarda
-
Ulmasjon. said on november 21st, 2012 at 8:53 e m
Tolib aka siz nega maqola yozayabsiz ? Esingizdami Toshkentda aytar edingiz, ; tinson hukuklari azolari faqat himoya bilan shugullaninglar deb ? Nega uzingiz uz gapingizga rioya qilmayabsiz ?
Охирги изоҳлар