ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

RSS Аҳмад Аъзам

  • Ett fel har uppstått, vilket troligen innebär att flödet är nere. Försök på nytt senare.

Рукнлар

Календар

december 2012
M T O T F L S
« Nov   jan »
 12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31  

  • Янги Дунё тафаккури

    nazar eshonqulНазар ЭШОНҚУЛ

    Ёзувчи қобилияти ва маҳорати унинг қанча ёзгани билан ўлчанмайди. Қобилият ўзига хос дунё ярата олиш санъатидир. Ҳақиқий ёзувчининг адабий дунёси ўз “мени” каби тугал, тўлақонли бўлади. Ёзувчи дунёси билан “мен”ни қўпол қиёслаганда тана ва юракка ўхшатиш мумкин. Бироқ бу ўхшатиш ҳам тугал эмас.
    “Мен” фақат юрак эмас, у шу дунёнинг асосчиси ва маънавий ҳокими ҳамдир. Ташқи муҳит, ташқи олам “мен”га таъсир қилиб, унда аксланади. Аммо “мен” яратган дунё — бу ташқи оламнинг шунчаки инъикоси эмас, балки у қайта ишланган, қайта яратилган дунёдир. Ташқи оламни ўзига қабул қилган “мен” уни ниҳоятда индивидуаллаштиради, ўзига бўйсундиради, унга ўз изтиробидан, азоб-уқубатидан замин яратади, ташқи оламдан ўзгача, бошқа бир дунё пайдо қилади. Ташқи олам ва бу “дунё” ўртасидаги фарқ ёзувчи маҳорати, савияси, мақсади ва идеали билан ўлчанади.
    Гўзалликни қабул қилиш ҳар қандай ғайрати сўнмаган одамнинг қўлидан келади, гўзаллик ҳаммани ҳайратга солиши мумкин, бироқ уни яратиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
    Гўзаллик ва “мен” ўртасидаги муносабат воқеликни тасвир этиш даражаси билан эмас, воқеликни ўзгартириш, уни ўзига ва ўз идеалига мослаштириш, ундаги инсон ҳақидаги изтироблари даражаси билан ўлчанади. Воқеликни тасвир этиш бу қобилият эмас, воқеликни яратиш қобилиятдир.
    Бугун Шахсга нисбат беришга қурбимиз етадими? Шахснинг қандай фазилатлари бор ва уни биологик инсондан қандай фарқлаш мумкин, деган саволга жавоб топиш пайти келди. Илғор адабиётларда бу ҳақда баҳс аср бошларидаёқ тўхтаган, гарчи ҳозир ҳам олисдан келаётган қўнғироқ сасидек ўша баҳсларнинг садоси эшитилиб қолса ҳам, кўпгина адабиётларда бу ҳақда аллақачон баҳс юритмай қўйишган. Зеро, маълум нарса ҳақида баҳс қилиш вайсақиликдан бошқа нарса эмас.
    Шахсни йўқ қилишга қаратилган ва узоқ давом этган коммунистик мафкура тан олиш керакки, фақат ҳаётдагина эмас, адабиётдаги шахсларни ҳам йўқ қилаёзди. Яқин ўтмишда биз бошдан кечирган маънавий таназзул нособит эътиқод, турланиш — барчаси шахссизлик оқибатидир. Ўша йиллар ички дунёмиз ҳам худди атайлаб вайрон қилинган шаҳардек эди. Сўзлар қайси бири самимий, қайси бири ночин ажратиш қийин эди. Шахс йўқ жойда биз ҳамиша маънавий харобликка, турланиб-тусланишларга дуч келдик.
    Дарвоқе, шахсда фазилат бўлмайди, шахсда худди улкан иморатни кўтариб турган устундек улкан “Мен” бўлади. Балким, ана шунинг ўзи фазилатдир. Бугунги адабиётимизга энг зарур нарса, ана шу “Мен” керак! “Мен” йўқ жойда биологик махлуқ бўлади, деган эди Фрейд. “Мен”сиз адабиёт қуруқ ғоявий, мафкуравий либосдан бошқа нарса эмас.
    Энди “Мен” ўз ғалабаси томон бораяпти. Шу сабабли ҳам адабиётда сукунат ҳукмрон. Шу сабабли ҳам, “Адабиёт ўладими?” деган мунозаралар бўлиб ўтди.
    Чўлпондан сўнгги адабиётда бизни ўзига “Мен”ининг кучлилиги ва қатъияти билан ром қилган, ҳурмат уйғотган асар ва шахсни орзу қилдик. Чинакам ёзувчи қандай бўлади, қандай бўлиши керак? — деган савол бизни ҳеч тарк этмади. Балки худбиндирмиз, бор нарсаларни тан олишни истамаётгандирмиз. Гар ёзувчини тан олиши ҳақида эмас. Гап ёзувчининг қандай шахс бўлиши кераклиги устида.
    Ўтган шўро даври адабиёти ҳақида баҳс қилиш мумкин бўлган мавзу шунчалик кўпки, баҳслашаверсангиз, қизиқишингиз сўниб қолиши турган гап. Аммо бу давр фожиаси сўз санъати, адабиёт пайдо бўлган кундан бошлаб сўзнинг бош ва мангу интилиши бўлиб келган олий ҳақиқатдан инсонни таҳлил қилишдан юз ўгирганида, бўлди. Ғарб файласуфлари ва олимларининг аниқлашича, одамдаги энг заиф туйғу унинг адолатпарастлигидир. Жамиятда адолат ва тенглик ўрнатиш учун одамларни табақаларга, ижобй-салбийларга бўлиш учун асарлар ёзилди. Лекин охир-оқибат бу асарларнинг аксарияти ўқувчилар савиясини туширдигина эмас, айнан адолатсизликка ва тенгсизликка хизмат қилди, натижада А.Рюнноскэнинг “Жаҳаннам” ҳикоясидаги рассом чол ҳолига тушилди (Ғикояда ўтда ёнаётган ва ўзи суратини чизаётган қиз ўзининг қизи эканлигини кейин англаб етади). Ўтмиш совет адабиётининг моҳияти шундай бўлганлигини бугун кўплар тан олади, тўғри, эътирофлар ҳам тўлиқ самимий эмас. Лекин ҳарқалай, шундай бўлса-да, бу даврда чинакам адабиёт яратиш ғоятда оғир бўлгани ва унга имкон берилмаганлигини онда-сонда бўлса ҳам ўзимизга ўзимиз эслатиб қўяпмиз.
    Адабиёт инсон руҳиятини таҳлил қилувчи фан экан, тоталитаризм ҳеч қачон ўз қуллари — фуқаролар руҳиятини таҳлил қилишга йўл қўймасди ва қолипга солинган адабиёт руҳида тарбия олган, суякларимиз шу руҳда қотган бизлар ҳам инсондан холи этилган адабиётдан ва унинг асоратидан ҳали-бери воз кечолмасак керак. Энг оғир томони шундаки, собиқ совет адабиётидаги ҳукмрон тушунчаларнинг емирилиши ва ҳақиқий сўзга қайтиш даврида — “перестройка”да адабиётга сўзбозлик, “жўн ватанпарварлик” кириб келди-ки, бизга бирмунча вақт ана шу касалликларни даволаш учун овора бўлишга тўғри келади.
    Шахсан менга шундай туюлдики, ҳозир яратилаётган “сўфийлар” ва “тарихчилар” баъзан шу даражада яланғочки, ўқиб туриб, ўзингиз худди кийимсиз кўча кезиб юргандай хижолатда қоласиз. Бу ҳол бор-йўғи яланғоч мавзупарастликдир. Мажбур бўлганда собиқ замон билан мослашдик, унинг ноғорасини чалдик, адабиётнинг олий вазифасидан воз кечдик, қарор ва қоидаларга мослаб асар ёздик. Бироқ мен ҳали бирор ёзувчининг бундан чинакам хижолат бўлганини, чин дилдан тазарру қилганини кўрганим йўқ: хавотирли жойи шундаки, кечаги баъзи мавзупарастлар, кечаги қарорпарастлар бугуннинг мавзусига мослашмоқда ва адабиёт яна чеккада қолиб, роману ҳикоялар бугуннинг мавзуси — “сўфипарастлиги” билан тўлмоқда. “Мен”сизликнинг қобилияти шундаки, у ҳар қандай замонга тез мослашади ва унинг ноғорасозига айланади.
    Яқинда телевидениеда бир шоир узундан-узун шеър ўқиди. Шоирга қараб туриб бу шеър гарчи “авангард” йўлида тўқилган бўлса-да, лекин кечаги кунларнинг латталарга ёзиб идора пештахталарига осиб қўядиган шиорларида ҳеч фарқи йўқ эди. Шунда “мен” адабиётга қанчалар зарурлигини яна бир карра англадим.
    Жойсдан кейин ўтган авлоднинг таниқли ёзувчисини Жойснинг “Мен”и сезилиб туради. Буни барча машҳур ёзувчилар эътироф этганлар. Ёки туркий адабиётларда Чингиз Айтматовнинг таъсирини сезмаган ким бор? Бизда Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғуломнинг шундай таъсири ҳақида сўйлаш мумкин. Ўз эътиқоди, қатъияти, сўзга содиқлиги билан ўзидан кейинги авлодга ўрнак бўладиган ёзувчи-миллатнинг, унинг маданиятининг бахти.
    Психоаналитикларнинг аниқлашича, “кўмир”, яъни идеал дея билиш ва интилиш гарчи бу инсон онгли фаолиятининг дастлабки босқичига хос бўлса-да, инсон фаолиятини фаоллаштиради, маълум мақсадга йўналтиради. Шарқда эса ўз илоҳий қудрати, билими билангина эмас, яшаш тарзи, эътиқоди билан ҳам сабоқ бўлган кишиларни “пир” деб, уларга қўл берганлар. Ўз эътиқоди йўлида ўлимга тик борган пирлар ҳақида биз бугун уйғониш даврида ўйлаяпмиз, улар эришган ёки эришиши мумкин бўлган фаолият кўламларини чамалаб кўраяпмиз. Беҳбудий, Мунаввар қориларни мутолаа қилаяпмиз. Бўшлиқлар тўлиб боргандек бўлаяпти.
    Коммунизм берган, “Олий мақсадлар” ва “йўлбошчилар” қулади. Тарихимиз саҳнасига асл шахслар кўтариляпти.
    Ф.Кафка аср бошида сиёсий алғов-далғовлар, ҳокимият талашишлар, инсоннинг қадри бўлмаган қонунлар, инсонни ҳақорат қилишга қурилган матбуот, қулликка асосланган система, инсондан махлуқ яратадиган мафкурадан қочиб, бир умр ёлғизликда, деярли узлатда яшади. Фолкнер ўзининг ички “Мен”ини сақлаб қолиш, жамиятга хос бўлган ифлосликлардан, фаҳшдан ўзини ҳимоя қилиш учун умрини отлар, ҳайвонлар, табиат билан бирга ўтказди. Пруст ташқи шовқинлардан ҳоли бўлиш учун уйини қалин пардалару, деворлар билан ўраб олди. Сартр, Камю… ўз қалблари, шуурларига, ички “Мен”ларига ёлғонни киритмадилар. Зеро чинакам ёзувчи ёлғонни фош этиш учун, ундан инсонни ва унинг қалбини асраб қолиш учун ўз умрини сарфлайди. Ёзувчи қалби бекорга юнон нотиқлари тилида илоҳият нури тушган қалб деб аталмаган. Бу илоҳий қалб озгина нопоклик, озгина хиёнат, озгина адолатсизлик, озгина алдов юз бериши билан титраб кетади ва ўзининг изтироб рамзи бўлган сўзлари билан бузилган, алданган дунёни поклашга киришади. Шунинг учун ҳам, Фолкнер “Ёзувчининг орзуси — унинг озодлигидир”, — деган эди. Бу орзуни худди Исо ўз эътиқодини ҳаётга алмашмаганидек, ҳеч нарсага алмашмайди.
    Қодирий ва Чўлпонда ҳам ҳеч нарсага алмашмайдиган нималардир бор эди. Улар қаттол коммунистик мафкура тазйиқида турланиб, тусланишдан воз кечдилар. Шахсларини таназзулдан асраб қололдилар.
    Биз уйғониш пирлари билан фахрланамиз. Эҳтимол вақти келиб улар таъсирида эндиги замонларнинг улкан “Мен”лари пайдо бўлар — бу орзумизга бугунги озодлик замин яратмадими? Атрофимизда қанча ажойиб номлар бор. Уларнинг ижтимоий фаоллиги, истиқлолий етуклиги ШАХСлар пайдо бўлишининг гаровидир.
    Ҳаёт ва адабиёт биздан чинакам истеъдодларни ва “Мен”ларни талаб қилмоқда. Чунки у бизнинг “Мен”имизга қараб эртанги кунини яратади. “Мен”га ва шахсга ташналик бугун — ўз ичимизни тозалаш, поклаш даражасига етди. Бу кураш абадийдир. “Мен” ички дунёнинг тўлиқлигидир. Фақат бўш идишгагина хоҳлаган нарсани солишингиз мумкин. Ички бўшлиқ — маънавий таназзулнинг майдони. Ичкариси бўш одам… — жуда хатарли. Унинг нималарга тайёрлигини билиш қийин эмас. Бу шахс шаклланмаганлиги оқибати.
    Ўз кучига ва ўзига ишонмасликдан заифлик пайдо бўлади. “Мен” шу маънода ўзига ишонч ҳамдир.
    Ўзига ишонмаган одам, ёхуд “Мен”и шаклланмаган одам — ичкариси забт этилган, ҳеч бўлмаса забт этилиши арафасидаги одамдир. Ички дунёнинг мустамлакаси қулликнинг, нари борса мутеликнинг ички кўринишидир. Шунинг учун “Мен” ва мустамлака, “Мен” ватоталитаризм, “Мен” ва ёлғон келиша олмайди. Фақат мустаҳкам “Мен”гина
    Реал воқеликни ёзувчининг маҳорат олами билан боғлай олади. Юзакиликка ўрганган тасаввурларни ёриб ўтиб, ўзининг эътиқод, гўзаллик дунёсини яратади. Дард ва изтиробдан, инсонга бўлган шафқатдан юзага келган бу дунё янги адабиётга, янгиланажак адабиётга хос дунёдир. Янги дунё “Мен” янгиланган сайин Сўз ҳам, Адабиёт ҳам, Одамлар ҳам янгиланиб боради.
    Янгиланаётган дунё — покланаётган дунёдир. Янги адабиёт — янги сўз, янги тил деганигина эмас, балки янги дунё, янги изтироб, янги тафаккур дегани ҳамдир.


    http://www.facebook.com/jabbor.eshonkul

    Published on december 19, 2012 · Filed under: Тадқиқот;
    Kommentarer inaktiverade för Янги Дунё тафаккури

Comments are closed.