-
Тарих, мухолифат ва бугунги кун
Бу суҳбат 2008 йилнинг 30 апрелида ”Бирдамлик” саҳифасида эълон қилинган. Бугун ҳам эскирмаган фикрлар борлиги учун уни қайта эълон қилишга жазм этдик.
Таҳририят.Қувғиндаги ўзбек ижодкорлари уюшмаси раиси, журналист Юсуф Расул www.birdamlik.info саволларига жавоб берди.
Birdamlik.info: Ассалому алайкум ҳурматли Юсуф ака. Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталиб ўтсангиз.
Жавоб: Мен 1971 йилнинг 24 апрелида Тожикистоннинг Панжикент туманидаги Сўжина қишлоғида оддий ўқитувчи оиласида таваллуд топганман. Отам тарих фани, онам – адабиёт ўқитувчиси. Бобом, тоғаларим ҳам адабиётдан дарс беришарди. Хуллас, адабиётчилар оиласида улғайганман.
Онам – Садбарг Абдураҳмон қизи ўзбек халқ эртаклари, афсоналарини жуда яхши билар, халқ қўшиқларини маромига етказиб куйлар эдилар. Айниқса, Юсуф пайғамбар қиссаси ҳақида менга кўп гапириб берар эдилар. ”Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар, Чоҳга ташлаб, бўри еди дедилар” каби мисралар ҳамон ёдимда сақланиб қолган. Юсуф сиймоси онамда катта қизиқиш уйғотган бўлса керак, ”Шоҳ Юсуфдек гўзал, оқил бўлиб юрсин” деб, менга Юсуф деб от қўйган эканлар.
Ота боболаримиз ўзларини барлос уруғи вакиллари деб ҳисоблашади. Айтишларича 14 асрларда соҳибқирон Амир Темур авлодидан бўлган тўрт оила Шайбонийхон зулмидан қочиб, Шаҳрисабз томонлардан Ургут тоғлари орқали Панжикентга қочиб келган экан. Ҳозирги кунда қишлоғимизда 16 мингдан ошиқ аҳоли бор, уларнинг ҳаммаси шу тўрт оиладан кўпайган дейишади.
Болалигим оддий қишлоқ болалари каби қир ва адирларда мол боқиш, копток тепиш, тамакидек заҳарли ўсимликни етиштириш, чопиқ қилиш, териб олиш, тунлари битталаб ипга тизиб чиқиш каби машаққатли ташвишлар ичида ўтди. Болалик хотираларини кўпинча ғам-ҳасрат билан, баъзида қувонч билан эслайман.
Тўртинчи синфда ўқиб юрган пайтимдан туманимиздаги ”Зарафшон” газетасида шеърларим чиққан эди. Аста – секин шеър, мақолаларим вилоят ва республика газеталарида босила бошлади.Мактаб даврида менга адабиётдан таълим берган устозларим – Абдулҳошим Абдураҳмонов (тоғам), шоир Ҳаким Бозор, адабиёт ўқитувчимиз Ҳамроқул Примовлар ёрдами билан шеъриятдек фусункор бир дунё остонасига қадам қўйдим. У пайтларда адабиёт, шеърият нима эканлигини тушуна олмасдим, ҳозир ҳам бу илоҳий туйғулар нима эканлигини англаб етганимча йўқ.
1988 йилда қишлоғимиздаги 2 -сонли мактабни битириб Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетига ўқишга кирдим. 5 йиллик таълим мени ҳаётимда жуда катта из қолдирди. Бу ерда кўплаб ижодкорлар билан танишдим, адабиётшунос олимлардан сабоқ олдим. Раҳматли домлаларимиз Талъат Солиҳов, Ғайбулла Саломов маърузалари ҳамон қалбимда, хотирамда сақланиб қолган. Университетда ўқиб юрган пайтимда шарқ тасаввуф адабиёти билан қизиқиб қолдим, илмий раҳбарим, профессор Нажмиддин Комилов бошчилигида ”Абдураҳмон Жомийнинг ”Юсуф ва Зулайҳо” достони тасаввуфий маънолари таржимаси” мавзусидаги диплом ишимни ҳимоя қилдим. Илмий Кенгаш бу мавзуни номзодлик диссертациясига тавсия этди. Афсуски, журналистик фаолиятим устун келиб илмий ишимни охирига етказа олмадим. Олдин Ўзбекистондаги ”Хабар”, ”Ватанпарвар” каби газеталарда, кейинроқ республика радиосида фаолият кўрсатдим. 1998 йидан ББС, 2001 йилдан то 2004 йилнинг кузигача ”Америка овози” радиолари билан ҳамкорлик қилдим.
Андижон воқеаларига қадар Британиянинг ”Уруш ва Тинчликни ёритиш институти” мухбири эдим. Андижон қирғини ҳақида интитутимиз жуда кўп хабарлар, маълумотларни ёритди. Ўша пайтларда мустақил журналистларга нисбатан босимлар жуда кучайган эди. Ортимиздан узлуксиз кузатувчилар юрар, ваколатхонамиз иши тўхтаган, ҳаётимиз хавф остида қолганди. Шу сабабли 2005 йилда бу институтда ишлаган ҳамкасбларим – Галима Бухарбаева, Матлуба Азаматова, Қудрат Бобожон, Тўлқин Қораев, Зокиржон Ибрагимов ва бошқалар каби мен ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим.Birdamlik.info: Сиз қайси мухолифат гуруҳини кўпроқ қуллаб- қувватлайсиз ва нима учун?
Жавоб: Бу саволга жавоб бериш учун аввало мухолифат ва мухолифатчи деган калималарга изоҳ берсам. Мухолифат – оппозиция латинча оppositio «қарши туриш» сўзидан келиб чиққан. Сиёсатда — ҳукмрон партия ёки қарашлардаги гуруҳларга қарши бўлган партия ёки гуруҳлар мухолифат ҳисобланади.Мухолифат ёки мухолифатчи мамлакат ичида, ташқарисида, халқни, жамиятни ёки ҳукуматни ичида ҳам бўлиши мумкин. Биз фақат мухолифатдаги ”Эрк”, ”Бирлик” партияларига аъзо кишиларни мухолифат вакиллари дея олмаймиз. Ҳукумат ичида ҳам Каримов яратган режимдан норози одамлар кўп ва улар ҳам мухолиф қарашга эга инсонлардир.
Ўзбек жамиятини Каримов яратган тузумга хайрихоҳ деб бўлмайди, бутун жамият бугунги кунда мухолифатга айланиб қолган. Демак, Ўзбекистонда айни пайтда икки қудратли куч тўқнаш келиб турибди, булар- тиш-тирноғигача қуролланган, яккаҳокимлик ва диктатурани ўзига касб қилиб олган ҳукумат ва унга қарши бўлган мухолифат – халқ. Бу кучлардан биринчиси ўзини ҳимоя қилиш, яшаб қолиш учун қаттиқ кураш олиб бормоқда, иккинчиси эса бу қаттиқ режимга қарши курашда ожиз қолмоқда.
Мухолифатдаги халқ изланишда, жабҳаланишда ва уйғонишда. Мухолифатдаги халқ турли диний ёки сиёсий гуруҳлар атрофида уюшишни истайди. Айрим халқ вакиллари диний гуруҳлар билан бирлашиб диктатурага қарши пинҳоний (яширин) ва ошкора кураш олиб бормоқда. Жуда ҳам кам сонли кишиларни дунёвий мухолифат сафларида кўриш мумкин. Нега? Сабаби диний мухолифат ҳаракати у қадар кўзга ташланмайди. Дунёвий мухолифат аъзолари эса мамлакат ичида ”оқ қарғалар”га ўхшаб тезда маълум бўлиб қолишади. Шу сабабли уларнинг фаолиятига тўсиқ ўрнатиш жуда ҳам осон. Тасаввур қилинг, бугунги кунда 27 миллион ададли бутун бир мамлакатда Елена Урлаева, Васила Иноятова, Сурат Икромов каби саноқли ҳуқуқ ҳимоячилари иш олиб бормоқда. Дунёвий мухолифат фаолияти эса йўқ ҳисобида.
Баъзи кишилар мамлакат ичида диний мухолифат фаолияти анча фаол деган фикрда. Дунёвий мухолифат эса мамлакатдан ташқаридаги меҳнат муҳожирлари ҳисобига ўз аъзоларини кўпайтирмоқда.
Айни пайтдаги сиёсий ҳаётимиз манзарасига назар ташланг:
Биринчи томонда -1989 йилда Ўзбекистон КПМК бош котиби ўлароқ иш бошлаган, ҳозиргача ўз мансабига қаттиқ ёпишиб олган Ислом Каримов бошлиқ эски коммунистлар, коррупция, мафия ботқоғига ботган ҳукумат.
Иккинчи томонда – мамлакатда ислом давлати, халифалик ўрнатамиз дея ҳаракат қилаётган диний-сиёсий гуруҳлар.
Учинчи томонда эса – жуда ҳам кучсизланиб қолган мухолифатдаги сиёсий ҳаракатлар.
Тасаввур қилиб кўринг, шу кетишда орадан 10 йил ўтгач вазият қайси томонга ўзгариши мумкин?
Каримов режими аста – секин юмшаб, эркинликларга йўл бўшатадими?
Диний сиёсий кучлар халқ ва жамият қўлловига эга бўладими?
Ёки дунёвий мухолифат сафлари янги кучлар ҳисобига кучайиб, ҳукуматга келиши ёки ҳукумат билан келишувга бориши мумкинми?
Булар келажак кўрсатадиган ишлардир.Бугунги кунда дунёвий мухолифат ичида ҳукумат билан муносабатда радикал қарашдаги кишилар ва гуруҳлар бор. Улар Каримов режими билан умуман мулоқот қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашади. Баъзи гуруҳлар эса Каримов ҳукумати билан муносабатларини тиклашга урунмоқда. Ҳукумат эса ўзини мухолифат вакилиман деб ҳисоблайдиган партия ва ҳаракатлар билан муросага келишни истамайди. Бунинг сабаби ҳукумат ва дунёвий мухолифат ўртасида катта жарлик юзага келган. Мухолифат нариги томонда қолиб кетар экан, ўртага кўприк солишни ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Ҳукуматда эса бунга хоҳиш йўқ.
Европа ва ғарб давлатларини кўя туринг, Марказий Осиёда, Туркманистондан ташқари қолган барча республикаларда мухолифат мамлакатнинг ичида-ку! Нега Қирғизистон ва Қозоғистондаги мухолиф кучлар ўз ватанларини тарк этишмади? 1991-1994 йилги фуқаролар уруши пайтида ҳар икки томондан 50 мингдан ошиқ одам қурбон бўлганига қарамай Тожикистон мухолифати ҳукумат билан яраш битимини тузишга эришди. Фақат Ўзбекистон ва Турманистон мухолифати ҳамон мамлакатдан ташқарида. Бунинг боиси мазкур давлатлар режимининг қаттиқлиги билан боғлиқми ёки мухолифатни қўрслиги, гўллиги биланми?
Қарсак фақат икки қўл билан чалинади.Birdamlik.info: Бу саволни ҳар бир суҳбатдошимизга берамиз. Сабаб, ҳар бир инсон ўз шахсий фикрига эга. Маълумки, Ўзбек мухолифати бирлашишини истовчиларнинг кўп маротаба мурожатномалари эълон қилинди. Лекин мухолифат ҳозирги кунга қадар бирлашгани йўқ. Сизнингча бунинг сабаблари нимада?
Жавоб: Юқорида айтганимдек мухолифат умумий тушунча. Мухолифатни бирлашиши ҳам нисбий тушунчадир. Мухолифат ”қарши туриш” дегани экан, ҳар бир гуруҳлар ўз йўлида мавжуд режимга қарши кураш олиб боради. Мухолифатдаги гуруҳлар ҳеч қачон бир партия ёки ҳаракат атрофида бирлаша олмайди. Ўз фаолиятини, ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириши мумкин холос. Бу йўлда бир неча марта ҳаракат қилишганига ўтган яқин тарихимиздан мисоллар кўп. Бу мақсадда олдинига ”Ўзбекистон демократик кучлари форуми” ва кейинроқ ”Давра Кенгаши” ташкил этилди. Лекин бу урунишлар самара бермади, қайтанга имкониятлар бой берилди.
Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, ўзбек мухолифати ҳали тўла шаклланмаган. Иккинчидан, озми – кўпми мухолифат номидан иш олиб бораётган партия ва ҳаракатларга аниқ ғоялар эмас, балки шахслар таъсири кучли.
Мухолифат фаоллари буни эътироф эта бошлашгани қувонарлидир. Яқинда ”Бирлик” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов интернет саҳифаларида эълон қилинган мақоласида буни очиқ тан олди: ”1980 йилларнинг охири, 1990 йилларнинг бошида бизга ишонган, бизни қўллаб- қувватлаган ва бизга эргашган халқимизнинг ишончини оқлай олмадик. Биз халқ дардини аритувчи ғоялар атрофида эмас, балки халқ манфаатидан ўз шахсий манфаатларини устун қўйган шахслар атрофида ўралашиб колдик. Натижада куч қудратимиз бўлган халқ биздан юз ўгирди”, деб ёзган эди И.Дадажонов.
Нақадар аччиқ эътироф бу.Birdamlik.info: Сиз ташкил қилган www.isyonkor.ucoz.ru ўз вақтида мухолифат вакилларининг энг севимли ва холислиги билан барчанинг назарига тушган веб-саҳифалардан бири эди. Нима сабабдан бу сайт фаолиятдан тўхтатиб www.isyonkor.info ташкил этилди?
Жавоб: Бунинг сабаби ”Исёнкор” учун янги домен сотиб олинди, олдинги саҳифа Россиядаги ucoz сервери кўмагида ташкил этилгани учун ўзини оқламади.
Birdamlik.info: www.yahgidunyo.com веб-саҳифасининг ривожи учун кимдир ёки қандайдир мухолифат ташкилоти иқтисодий кўмак кўрсатмоқдами?
Жавоб: Йўқ, бу интернет журнал мени шахсий ташуббусим ва маблағим асосида ташкил этилган.
Birdamlik.info: Ҳозирги жамиятимизда идел бўлган ҳеч нарса йўқ. Шунингдек идеал инсонлар ҳам йўқ. Сизнингча Юсуф Расулнинг асосий камчилиги нимадан иборат?
Жавоб: Ҳар бир инсоннинг ичида ”Мен” деган ўжар, такаббур бир махлуқ бор. Сиз ўзингизни англаб етмас экансиз бу ўжар махлуқ измида яшашга маҳкум бўласиз. Инсоннинг жисмоний ва маънавий дунёси жуда ҳам мураккаб. Инсон жисми (организми) ҳар хил касалликларни қабул қила олмайди, уларга қарши курашувчан бўлади. Инсоннинг ақли, шуури ва маънавияти ( руҳияти) ҳам ахлоқсизлик, такаббурлик, манманлик, жоҳилликка қарши курашувчан. Ҳар бир киши ўз жисми ва маънавиятига бу йўлда ёрдамчи, бошқарувчи бўлиши керак. Жисм ва маънавият дунёсини бир от деб тасаввур қилсак, уларни бошқарадиган чавандоз инсон қалбидаги фитрат, ботиний шуурдир. Муқаддас китобларда Тангри инсонни яратгандан кейин уни қалбига ўз руҳини пуфлаб киритгани айтилади. Ўзини англаган албатта Тангрини англайди, деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Мен доимо ўзимни тафтиш қиламан. Бирор иш қилишдан олдин уни оқибатларини ўйлайман. Маънавиятсизлик ва жаҳолат инсонни босиб турган оғир юк эканлигини ҳис қилиб яшайман. Инсон бу оғир юкдан қутулмас экан, ҳеч қачон озод бўлмайди.
Менинг энг катта камчилигим бу юкларни елкамдан итқитиб ташлашда йўл қўйган сусткашлигимдир. Кимнидир камчилиги ва хатоларини яланғоч ҳолда, очиқ шаклда баён этган пайтларим кўп бўлди ва бунинг учун ўзимни айбдор ёки хато қилган деб ҳисобламайман.”Инсон-инсон учун кўзгу” деб бежизга айтишмаган. Мени хатоларим сизга, сизни хатоларингиз менга аён кўринади.
Birdamlik.info: Бугунги кунда ватандошларимизнинг аксари Совет даврини қўмсашаётганини яширишмайди ва СССРни яхши хотиралар билан ёдга олишади. Ўша кунлар қайтиб келишини ошкора айта олишмасада, пинҳона орзу қилишади. Ҳўш нега бундай? Ахир совет даврида одамларнинг қорни тўқ бўлгани билан сиёсий эркинлик йўқ эди-ку. Ёки ўзбеклар фақат қорин ғамида юрадиган ҳалқми?
Жавоб: Тўғри таъкидлабсиз, совет даврида одамларни қорни тўқ бўлгани билан сиёсий эркинлик йўқ эди. Совет пайтида таълим олган ва ўша замонга ўрганган одамлар табиийки бугунги иқтисодий ва сиёсий қийинчиликлар заҳматларини кўриб ўз ўтмишларини қумсайдилар. Ўша замонларга қайтиб боргилари келади. Лекин вақт ўтган, орқага йўл йўқ. Яккаҳоким, коммунистик-фашистик режим ҳеч қачон қайтиб келмайди. Олдинда – янги бир иқтисодий-сиёсий тузум турибди. Бу янги тузумга ўтиш қийинчиликлар, тошбақа юриш билан амалга ошмоқда. Чунки, аравани судраб кетаётган отлар чарчаган. Улар билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаслиги кундай равшан бўлиб қолган. Отларни алмаштиришни эса аравада кетаётганлар чин дилдан исташмайди. Улар фақат орқага қайтишни орзу қиладилар…
Қорни оч одамга сиёсий эркинликлар ҳақида гапирсангиз қулоқ солмайди.Birdamlik.info: Анча вақтдан буён ватандан йироқда ҳаёт кечирмоқдасиз. Ватандан ташқаридаги ҳаётнинг қайси томонлари сизга кўпроқ маъқул бўлди, қайси томонлари сизга маъқул эмас?
Жавоб: Ватан ташқаридан яққолроқ кўринар экан. Ватан ичида туриб ватан қадрини билмайсиз. Ватандан ташқаридаги ҳаёт сизга ватанни севишга, қадрлашга ўргатади.
Швецияда яшаётганимизга ҳам икки йилдан ортиқ вақт ўтди. Икки йил ичида Европа ҳаёти билан яқиндан танишдик. Швед тилини ўргандик. Икки ўғлим бор, улар швед ва инглиз тилларини яхши ўзлаштириб олишди. Рафиқам – ўзбек халқ достончлик мактаби асосчиларидан бири, Пўлкан бахшининг набираси Саодат Пўлканова швед тилидан таржималар қилмоқда. Бу ердаги ижтимоий -сиёсий ҳаёт мени таажжубга солади. Шу жамиятни ҳам одамлар яратган. Ҳамма нарса жой -жойида. Бирор камчилик сезмайсиз. Қанийди Ўзбекистонда ҳам бу ердаги шароитни ҳеч бўлмаса юздан ўн фоизини жорий қила олсак! Халқимизни турмушнинг зил -замбил юкидан халос қила олармиканмиз? Қашшоқлик, маънавиятсизлик ва жаҳолат ботқоғидан қутқара оламизми? Сиёсий ҳаётини ўзгартиришга қурбимиз етадими? Мен кўпинча шулар ҳақида ўйлайман. Бир пайтларда АҚШда яшаб келган ёш французлар ўз ватанларида демократик инқилобни амалга оширган эдилар. Вақти келиб, ҳозир ғарб ва европа давлатлари яшаб юрган ватандошларимиз Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий тараққиётига катта ҳисса қўшадилар деб умид қиламан.
Birdamlik.info: Сизни кўплаб шеърларингиз интернетда нашр этилган ва мақолаларингизни ўқувчилар катта қизиқиш билан ўқишади.Юсуф Расул муаллифлиги остида китоблар нашр эттириш ҳақида ўйлашни мавриди келмадимикин?
Жавоб: Албатта, хорижда яшаётган ўзбек ижодкорлари, демократлар ва мухолифат вакилларини китобларини тайёрлаб чоп этишни орзу қиламан. ”Янги Дунё” саҳифасида эълон қилинаётган бадиий асарларни ҳам келажакда китоб шаклида ўзбек китобхонларига етказиш ниятимиз бор. Бу борада ҳомийлар кўмагига муҳтожмиз. Ўтган йили ЭРК партияси раҳбариятига бу фикрни айтгандим, улар рози бўлишди. Шу боис Баҳодир Файзининг ”Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асарини ва хориждаги ўзбек ижодкорлари мақолалари жамланган ”Ўлмаган умидлар” тўпламини нашрга тайёрладим. Афсуски, бу тўпламлар нашр этилмай қолиб кетди. Балки бу эзгу ишлар келажакда амалга ошар… (Изоҳ: Бу икки китоб ҳам кейинчалик Туркияда нашр этилди. Таҳр.)
Birdamlik.info: Ўзбекистон ичкарисида, қийинчиликлар ва қийноқлар остида ҳаёт кечираётган ватандошларга айтар гапингиз?
Жавоб: Мен эртага ёки индинга албатта ҳаётимиз яхши бўлади деб башорат қила олмайман. Ҳар бир халқлар ўз ҳаётларини ўзлари қуришган, ўз фарзандлари келажаги учун ўзлари кураш олиб боришган. Уларга Америка ёки Европаликлар тўкин ҳаёт туҳфа этишмаган. Ҳаётимизда, турмуш тарзимизда ва маънавиятимизда ўзгаришлар ясамас эканмиз, халқимиз ичидан чиққан раҳбарлар диктаторларга айланишда давом этади, ҳамма нарсани сотиш ва сотиб олиш мумкин бўлади, ҳақ-ҳуқуқларимиз поймол бўлаверади.Ўз фарзандларимиздан диктаторлар ва уларга қарши террорчи жиноятчилар ясамайлик, ўзимизга, ўз нобоп феълимиз ва қусурларимизга қарши ўзимиз кураш олиб борайлик. Зеро, инсоннинг ўзига қарши курашидан ўзга муқаддас кураш йўқ.
Birdamlik.info: “Бирдамлик” ҳаракатининг фаолиятини қандай баҳолайсиз?
Жавоб: ”Бирдамлик” ўзининг кураш усулига эга, молиявий манбаълари бор, мўътадил ҳаракат сифатида шаклланиб бўлди.Шу сабабли кўпчилик мухолифат фаоллари ва оддий халқ вакиллари ҳурматини қозонган. Мен ҳам бу ҳаракат фаолиятига умид билан қарайман.
Birdamlik.info: Сўнгги сўз ўрнида айтар гапингиз?
Жавоб: Бу каби суҳбатларни кўпроқ ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Халқимиз шу йўл билан ўзига керакли маълумотни олади. Ўзбек мухолифати лидерлари фаолияти, бошқа мамлакатлардаги демократик ҳаракатлар фаоллари тажрибалари ҳақида суҳбатлар уюштирилса фойдадан холи бўлмасди.
Лойиқ кўриб мулоқотга чорлаганингиз учун сизга ҳам катта раҳмат!Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош: Тўрабек Сано.
www.birdamlik.info
www.yangidunyo.org
Published on januari 16, 2013 · Filed under: Юсуф Расул;
Охирги изоҳлар