ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

januari 2013
M T O T F L S
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031  
  • Бобой Каримов ва МХХ қилмишлари

    shuhrataШуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

    Шунча пахта, шунча олтин қайга кетди, ё фалак?!
    “Нега қашшоқмиз ахир”, деб лолу ҳайрон ўзбегим.
    Қишда газсиз, таппи бирлан ўт ёқиб кун ўтказиб,
    Нефту газни сув текинга қилди эҳсон ўзбегим.
    Пул тополмай зўрғалатдан тебратар рўзғорини,
    Ўйланиб чеккай хижолат келса меҳмон ўзбегим. [1]

    ХОЛДОР ВУЛҚОН

    КИРИШ СЎЗИ

    2013 йил 30 январ куни бобой Ислом Каримовнинг 75 йиллик юбилейи бўлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Мустақилликка эришгандан кейин бобой Каримов ва МХХ деярли 22 йиллик раҳбарлиги давомидаги ишларга, аниқроғи қилмишларга қисқача назар ташласак.

    Мен ушбу мақоламни 2012 йил 1 сентябрда www.yangidunyo.com сайтида чоп этгандим ([2]-га қаранг). Канадада яшаётган журналист Фахриддин Худойқулов сайтда мақолалари чоп этилган муаллифларга, унинг бугунги ва эртанги ўқувчиларига нисбатан ҳурматсизлик ва фаросатсизлик қилиб, сайтни 2012 йил 4 октябр куни гум қилди. Мен бу ҳақда [3]-мақоламда ёзгандим.

    2013 йил 30 январ куни бобой Ислом Каримовнинг 75 йиллик юбилейи нишонланиши муносабати билан ушбу мақолани озроқ тузатиш ва қўшимчалар билан ўқувчилар эътиборига ҳавола қилмоқдаман.

    1. ЎЗБЕК СЎМИНИНГ ҚАДРИ

    1994 йил 16 июн куни ЎзР Президенти И.Каримов “Ўзбекистон Республикаси миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди [4, 1-ж., 141-б.]. Шу фармонга асосан 1994 йил 1 июлдан бошлаб 1000 сўм-купон 1 сўмга алмаштириш жараёни бир ой давом этди ва 1994 йил 1 августдан ўзбек сўми муомалага киритилди.

    ЎзР Марказий банки 1994 йил 1 июлдан бошлаб ЎзР ҳудудида хорижий валюталар, жумладан АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини 1 АҚШ доллари = 7,09 сўм деб белгилаганди [5].

    Бугунги кунда – 2013 йил 29 январ куни расмий курс 1 АҚШ доллари = 1985 сўм (www.centrasia.ru 29.01.2013). Демак, ўтган деярли 19 йил давомида ўзбек сўми дунёнинг асосий обрўли валюталаридан бири бўлган АҚШ долларига деярли 280 (!) марта, яъни деярли 28000 (!) фоизга қадрсизланган.

    Агар АҚШ долларининг ҳақиқий қийматини “қора бозор” белгилаши ва 2013 йил 29 январ куни 1 АҚШ доллари 2820 сўм бўлганини ҳисобга олсак (www.uzmetronom.com 29.01.2013), 1994 йил 1 августдан бери ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан деярли 398 (!) марта, яъни 39774 (!) фоизга қадрсизлангани маълум бўлади.

    Мен бу борада “Ўзбек сўмининг қадри» номли мақоламда батафсилроқ ёзгандим ([6]).

    2. ЕР ИСЛОҲОТИ

    Ер ислоҳоти адолатсиз ўтказилди. Миллионлаб деҳқонлар бир ўзулушини ололмади. Бугунги кунда миллионлаб деҳқонларимиз ихтиёридаги қўй ва/ёки молини боқиш учун ем-ҳашак етиштирадиган ери йўқ.

    Шаклланган фермер хўжаликлари ҳам ерга ва ердан олган ҳосилига тўлиқ эгалик ҳуқуқига эга эмас. Шу сабабли фермер устидан буйруқ берувчилар ва тазйиқ қилувчилар кўп.

    3. ҚУРОЛ-ЯРОҒ ЗАВОДЛАРИ

    И.Каримов деярли ҳар йили ўзбек халқининг миллиард-миллиард доллар валютасига турли давлатлардан қурол-яроғ ва бошқа унча кераксиз товарлар сотиб олиш билан овора.

    Ақлли давлат раҳбари шу валюта маблағларига катта ҳарбий заводлар қурдирарди ва қурол-яроғни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўярди. Қурол-яроғни тўлиқ, яъни бошдан охиригача ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун замонавий металлургия корхоналари ҳам ривожлантириларди.

    Конларда турли хил металларни қазиб чиқариш учун кон саноати ҳам ривожланарди. Бугунги кунда кон саноати ҳам жуда кам ривожланган.

    Шундай ўнлаб корхоналарда минг-минглаб иш ўринлари очиларди.

    75 ёшга етиб қариб қолган, фикрлаш қобилияти заифлашган Ислом Каримов ва унинг раҳбарлигидаги МХХ эса тайёр қуролларни сотиб олишни афзал кўрмоқда.

    Таққослаш учун битта мисол. Ён қўшнимиз – жон қўшнимиз Қозоғистонга эътибор беринг. Нурсултон Назарбоев металлургия корхоналарни ҳам, қурол-яроғ заводлари қурилишини ҳам параллел олиб бормоқда. Натижада Қозоғистон халқи Ўзбекистон халқидан яхши яшамоқда ва кенг тараққиёт йўлига чиқиб олди.

    Мен бу ҳақда [7]-мақоламда ҳам ёзгандим.

    4. АВТОМОБИЛЬ ЗАВОДИ

    1996 йилнинг 19 июлида Фарғона фодийсидаги Асака шаҳрида Uz-Daewoo Auto заводи (ҳозирги GM Uzbekistan) Nexia, Damas ва Tico автомобилларини серияли ишлаб чиқариши, аниқроғи йиғиш цехлари ишга тушди.

    2008 йил ноябрь ойида эса Асака автомобиль заводида йиғиш конвейеридан миллионинчи автомобиль тушди: Lacetti.

    2010 йилнинг августида GM Uzbekistan корхонасида Chevrolet Spark модели йиғила бошланди. 2012 йил февралида эса қўшма корхона Malibu автомобиллари йиғишни йўлга қўйди. [8]

    2011 йил октябрида АҚШ билан биргаликда бунёд этилган “GM Powertrain” номли Тошкент Мотор заводи ишга тушди. [9]

    Лекин 16 йил ўтган бўлса-да, Ўзбекистонда автомобилнинг барча деталларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмади. Агар бошқа давлатдан олиб келинаётган бирорта детал ёки йиғув бўлаги бирор сабаб билан келмай қолса, завод тақа-тақ тўхташ хавфи бор.

    Автомобилнинг кўпчилик деталлари Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда, минг-минглаб иш ўринлари очилган бўларди.

    5. ОЛТИН ЗАҲИРАЛАРИ

    Халқаро мутахассисларнинг 2000 йил арафасидаги ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистондаги олтин заҳиралари 3000-3500 тонна деб баҳоланган эди. Ўзбекистонда ҳар йили 85-90 тонна олтин қазиб олинмоқда.

    Демак, олтин заҳираларимиз ярмидан кўпи қазиб олиб тугатилди. Шу аҳволда яқин 15-20 йилда олтин заҳираларимиз тугаш хавфи бор.

    Олтинларни сотишдан келган миллиард-миллиард долларлар қайга кетди, кимларнинг жиғилдонига сарф қилинди? Бу савол очиқ қолмоқда.

    6. КОРХОНАЛАР ВА КОНЛАРНИНГ ХОРИЖЛИКЛАРГА СОТИЛИШИ

    Бобой И.Каримов ва МХХ Ўзбекистон Мустақилликка эришган дастлабки ойларидан бошлаб хорижга нимани сотиш мумкин бўлса ҳаммасини сотишди ва ҳамон сотишда давом этмоқда. Сотувга қўйилаётган конларга доир охирги маълумотлардан бирини келтириб ўтай.

    “2012 йил 6 ноябр куни Тошкентда “Қаттиқ фойдали қазилмаларнинг инвестицион салоҳияти” деб номланган халқаро конференцияда таркибида металл ва маъдан хом-ашёси мавжуд фойдали қазилма конлари, шунингдек мармар тош ҳамда бошқа тур қурилиш материаллари олиш мумкин бўлган конлар сармоядорларга таклиф этилди.

    Ўзбекистонда чиқадиган “Econews” нашри хабарига кўра, Ўзбекистонда жами инвестициялаш объекти сифатида тавсия қилинган майдонлар сони 38 тани ташкил этди.

    Шунингдек, 159 та йирик кон геология-қидирув ишларини йўлга қўйиш учун сармоядорларга таклиф қилинди” [10]

    7. НЕФТЬ ВА ТАБИИЙ ГАЗ

    Нефть ва газга доир 2010 йилги маълумотни келтириб ўтай.

    ““Регнум” ахборот агентлигининг Ўзбекистон расмийсига таянган ҳолда хабар қилишича, 226 манбадан 177 тасида газ, 118 тасида нефт ва 138 тасида эса конденсат заҳиралари борлиги аниқланган.

    Расмий маълумотларга кўра, бу манбалар Фарғона, Сурхондарё, Ҳисор, Бухоро-Хива ва Устюрт минтақаларида жойлашган. Шунингдек, Хоразм ва Сирдарё вилоятларидаги газ ва нефт борлиги тахмин қилинган янги манбалар ҳам аниқлангани айтилмоқда.

    Агентлик хабарига кўра, ҳозир Ўзбекистонда сармоя киритиш учун қайд этилган жами 47 та коннинг 26 тасида хориж компаниялари ишламоқда. Иккитасида эса “Ўзбекнефтгаз” холдинг компанияси хориж компаниялари билан ҳамкорликда ишлаяпти. Яна олтитаси бўйича эса хорижий ширкатлар билан музокаралар бормоқда” [11]

    Бобой И.Каримов ва МХХ газни асосан хорижга сотиб, миллиардлаб доллар фойда кўрмоқда. Ўзбек халқининг катта қисми қишда уйлари на электр, на газ билан иситилмаётганлиги туфайли совуқдан азоб чекмоқда.

    7. ТАШҚИ ҚАРЗ

    Ўзбекистон Мустақилликка эришган 1991 йил 1 сентябр куни бирор давлатдан бирор доллар қарзи йўқ эди. Бобой И.Каримов ва МХХ ўтган 21 йил давомида кўп давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан 20, 30, 40 йилга деб миллиард-миллиард доллар қарз олди ва олмоқда.

    Одатда қарз дастлабки беш йилда кам фоизда, кейинги йилларда эса камида 10-12 фоиз устама фоизда берилади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг ташқи қарзи йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

    Оқибатда уларнинг 21 йиллик раҳбарлигидан сўнг давлатимизнинг ташқи қарзи кўп миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу рақамни бобой Каримов ўзбек халқига айтмай, атайлаб сир тутиб келмоқда. Ушбу маълумот Ислом Каримов ўз маърузаларида айтмайди, айтолмайди.

    Ислом Каримов 2011 йил 19 апрелида Хитойга сафар қилди. Унинг натижасига доир маълумот.

    “Умуман, ташриф асносида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги 25 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Эришилган келишувлар доирасида бир қатор сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларидан ошади” [12]

    Мен Ўзбекистоннинг ташқи қарзига доир 2000 йилда “Қарз балосидан огоҳ бўлгин халқим!” номли [13]-китобни ёзиб, юзтага яқин нусхасини Тошкентда зиёлиларга ва Ўзбекистон Олий Мажлисининг айрим депутатларига тарқатдим. Шунингдек www.harakat.net сайтида ва “Harakat” журналида 2000 йил 5-6-сонида чоп эттиргандим ([13]-га қаранг).

    Шу китобим сабабли МХХ буйруғи билан Терроризмга қарши кураш бўлимидагилар мени 2001 йил 30 октябрида Тошкентда тутиб, 5-10 йилга қамаб юборишга ҳаракат қилишди. Мени 2001 йил 4 декабр кунигача қамоқда тутиб, 36 кунлик қамоқдан сўнг жавоб беришди. Мен бу ҳақда [14]-китобим 1-иловасида ёзгандим.

    8. КУЧИШЛАТАР ОРГАНЛАР

    Кучишлатар органлар бўлмиш армия, Ички ишлар вазирлиги (милиция), Миллий хавфсизлик хизмати, Прокуратура, Солиқ хизмати, Божхона хизмати ходимлари сони Мустақиллик йилларида жуда кўпайтирилди ва уларга “отнинг калласидек” ойликлар берилмоқда. Улар бунга ҳам қаноат қилмай порахўрлик, коррупция билан шуғулланишмоқда.

    9. МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ

    Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни диктатор сифатида Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ёрдамида бошқармоқда.

    Мен Ўзбекистон МХХ ва унинг ноқонуний ишларига доир 50 тага яқин мақолалар ва китобларимда ёзгандим. Улардан биттасини – [15]-мақоламни эслатиб ўтай.

    Мен бу ерда “Озодлик” радиосида 2011 йил 30 сентябр кунги эшиттиришида МХХ ҳақида берилган айрим маълумотларни келтирмоқчиман.

    “1991 йилнинг 1991 йил 26 сентябр куни қабул қилган фармони билан президент Ислом Каримов нафақат СССРдан қолган КГБ  номини  МХХ га айлантирди¸ балки бу қудратли тизимни тўлиғича ўз назоратига ҳам олди.

    Аҳолиси қарийб 30 миллионга етган Ўзбекистонда фақат бир шахс – Ислом Каримовгагина ҳисоб бериб¸ фақат унгагина бўйсунадиган Миллий хавфсизлик хизмати орадан 20 йил ўтиб¸ нафақат постсовет¸ балки бутун дунëдаги энг ëпиқ¸ энг шавқатсиз идоралардан бирига айланди.

    Нафақат мустақил таҳлилчилар¸ балки хавфсизлик хизмати мутахассислари ҳам¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ўз асосий вазифаси – давлат ва миллат манфаатлари ҳимояси учун разведка ва контразведка фаолияти билан шуғулланиш ўрнига¸ мамлакат аҳолисини қўрқувда ушлайдиган жазо машинасига айланганини айтмоқдалар” [16]

    “1991 йилнинг 26 сентябри¸ Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан 27 кун ўтиб, Ислом Каримов “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги фармонга имзо чекди.

    Атрофда ҳали мустақиллик эйфорияси босилмаган бўлса-да¸ бу фармон Ўзбекистон Олий Кенгашининг 11-чақириқ навбатдан ташқари 7-сессиясида жилла қурса битта депутатни ҳушëр торттирди ва Тошкент шаҳар Куйбишев (ҳозирги Мирза Улуғбек, А.Ш.) туман Халқ депутатлари кенгаши раиси Шуҳрат Нусратов бу фармонни бекор қилишни сўраб ўшанда Ўзбекистондаги олий ҳокимият идораси бўлган парламентдаги халқ вакилларига мурожаат қилди.

    ”Ҳурматли депутатлар! Ўзбекистон Олий Советининг навбатдан ташқари 7-сессияси кун тартибига қўшимча масалалар муҳокамасини киритишни таклиф этаман.

    Биринчиси – Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябр кунги “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги фармони¸ хусусан бу хизматни Олий кенгашни четлаб ўтиб¸ шахсан президентга бўйсундириш ҳақидаги қисмини халққа қарши¸ демократияга қарши¸ конституцияга қарши¸ диктатурага элтувчи  фармон сифатида бекор қилиш. Бу фармонннинг иккинчи моддасини ўқиб бераман: “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил этилсин ва унинг фаолияти президентга бўйсундирилсин”. Бунақа қоида дунëнинг бирор демократик давлатида йўқ, ҳатто дунëнинг бирор тоталитар ва бирор диктатор мамлакатида ҳам хавфсизлик хизмати расман, қоғозда битта одамга бўйсундирилган эмас!

    Ўртоқлар¸ бу фармон билан мамлакатнинг разведка, контрразведка идоралари барча техник асослари ва барча эски ишлари билан бирга олий халқ вакиллик идораси назоратидан чиқарилиб, фақат бир одам қўлига топширилмоқда! Бу ақл бовар қилмас иш! Бунга йўл қўйиб бўлмайди¸ ўртоқлар! Бунга йўл қўйсак¸ бизни 37-йиллар тақдири кутмоқда¸ бунинг узоқ муддатли оқибатларини бугун ҳатто башорат қилиш ҳам мумкин эмас. Айниқса¸ президентимизнинг бошвоқсиз табиатини инобатга олсак¸ бунинг оқибатларини тасаввур қилиш ҳам қийин!” [16]

    “Озодлик” радиосидан 2011 йил 30 сентябрида [14]-мақолада келтирилган маълумотлар эшиттирилди ва унда Шуҳрат Нусратовнинг 1991 йил 26 сентябр кунги Ўзбекистон Олий Советининг навбатдан ташқари 7- сессиясида рус тилида сўзлаган нутқи эшиттирилди.

    МХХнинг прокуратура орқали олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Шухрат Нусратов 2011 йил октябрь ойида ҳибсга олинди ва адолатсиз суд ўтказилиб, 2012 йил августида етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. [17]

    “Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилгунга қадар¸ бирорта ўзбек Москванинг Тошкентдаги асосий таянчи ҳисобланган бу идора раҳбарлигига келтирилмаган. Ўзбекистон КГБ сини Брежнев замонида Мелкумов Леон Николаевич (1978-1983 йиллар)¸ сўнгра Головин Владимир Александрович (1983-1986 йиллар) ва Моргасов Анатолий Сергеевич (1986-1991 йиллар) бошқарган. Бу идора тепасига биринчи ўзбекни 1991 йилда Ўзбекистон Коммунистик партиясининг 1-котиби Ислом Каримов олиб келади. Бу вазифага Каримов Қашқадарëда обком бўлиб юрган пайтида унинг ишончига кирган Қашқадарë КГБси раҳбари Ғуломжон Алиев тайинланади.

    1995 йилда Алиев пенсияга чиқарилади ва шу йилнинг 27 июнида МХХ раислигига Ислом Каримов асли Сурхондарëнинг Шеробод районидан бўлган шарқшунос¸ форс тили ва адабиëти бўйича етук мутахассис¸ 1976-81 йилларда дипломатик ниқоб остида СССРнинг Афғонистондаги резиденти бўлган Рустам Иноятовни тайинлайди.

    2011 йил сентябрига келиб, Рустам Иноятов нафақат КГБ/МХХ¸ балки мустақил Ўзбекистон ҳокимият тизимлари тарихида ўз курсисида энг узоқ ўтирган амалдор бўлиб қолмоқда. Вазни 140 килога бориб қолганидан қийналиб ҳаракатланиши¸ қандли диабетдан азият чекишига қарамай Рустам Иноятов¸ Ўзбекистон ҳукумати ичидаги манбаларнинг Озодликка айтишича¸ бугун мамлакатда Ислом Каримовдан кейинги иккинчи қудратли шахсга айланган.  Мустақил Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятининг 16 йили бир шахс раислиги остида ўтгани боис¸ Рустам Иноятовни ўзбек хуфя хизматининг ”отаси” ва бу идора фаолияти йўналишлари муаллифи дейиш мумкин” [16]

    “Шуҳрат Нусратовнинг қўрқинчли башорати¸ ҳатто собиқ кгбчиларнинг эътироф этишича¸ тўлиқ амалга кўчди. СССР КГБ си – Давлат хавфсизлик қўмитаси сафида 26 йил ишлаб¸ 1988 йили истеъфога чиққан Мели Қобилов¸ Ўзбекистон МХХ си қонун ва назоратдан ташқаридаги тизимга айлангани¸ оқибатда 2011 йил сентябрига келиб халқ бошига яна 37-йиллар даҳшати тушганини айтади:

    – MXXчиларнинг қилаëтган ишлари ҳозир бебошликдан бошқа нарса эмас. Ҳозир бебош бўлиб кетган, контрол йўқ. 1937 йилда ҳам партиянинг контролидан чиққандан кейин ўша репрессиялар бўлиб кетган эди. 1937 йилларда бебошликлар бўлиб кетган эди. Ҳозир ҳам худди шундай¸ дейди ëши 70 дан ошган собиқ кгбчи Мели Қобилов” [16]

    “Айнан 1999 йил 16 феврал Тошкент портлашларидан сўнг¸ МХХ фаолияти тўлиғича Ўзбекистон ичкарисидаги мухолифатчилар¸ айниқса¸ диний мухолифатни овлаш¸ Каримовнинг хориждаги демократик ва диний мухолифларига заррача алоқаси бор фуқароларни тутиш¸ қийноқ остида уйдирма айбларга иқрор қилдириш ва узоқ йиллик қамоқларга ташлашга айланади.

    Бу ишни қилиш учун Каримов МХХ га чекланмаган ҳуқуқ берди¸ деган эди 2008 йил ëзида Озодлик радиоси мухбирлари билан суҳбатда бу идоранинг хориждан бошпана топган хизматчиси Икром Ëқубов.

    – Оддийгина хавфсизлик хизматининг яширин бўлинмалари бор. Бу бўлимларни энг оддий ходимларига ҳам ўлдириш ҳуқуқи берилган. Давлат уларнинг фаолиятини ҳуқуқ билан кафолатлаб қўйган. Улар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди¸ деган эди Икром Ëқубов” [16]

    Ўшлик журналист Алишер Соипов 2007 йил 24 октябрда ([16]), Россиядаги Иванова шаҳрида яшаётган Фуад Рустамхўжаев 2011 йил 24 сентябрда махсус хизмат ходими ёки ёлланган киллер ёрдамида отиб ўлдирилди ([19]). 2012 йил 22 феврал куни таниқли имом Одиб қори Назаров Швециянинг Строумсунд шаҳрида отиб кетилди. У шу кун – 2013 йил 28 январга қадар кома (беҳуш) ҳолда касалхонада ётибди. ([20]).

    Бу ва шунга ўхшаш бошқа суиқасдлар илдизи, ташаббускори МХХ деган фикр менда ва бошқа кўпчилик ватандошларимизда бор.

    МХХнинг энг катта жинояти – ўзбек халқининг энг яхши фарзандлари бўлмиш талантли кадрларни ўзи ва прокуратура, милиция, суд органлари орқали қўрқитиш, турли хил тазйиқ қилиш, ишдан ҳайдаш, қамаш ва ҳатто ўлдиришгача усуллар қўллаб ўзи режалаштирган йўлдан давлатни олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Натижа эса жуда ачинарлидир. Йўл қўйилган қўпол хатолар давлатимизнинг эртанги кунига ҳам қаттиқ таъсир ўтказади.

    10. СИЁСИЙ ВА ЭЪТИҚОД МАҲБУСЛАРИ

    Ҳақиқатни айтганлардан анчаси туҳмат уюштирилиб кўп йиллик қамоққа тиқилди. Улардан айримларини эслатиб ўтсам: Ҳабибулла Акпулатов (1950), Муҳаммаджон Бeгжанов (1954), Исроилжон Холдоров (1951), Азам Фармонов (1978), Абдурасул Худойназаров (1956), Насим Исақов (1966), Мурод Жўраeв (1952), Ҳазрат Ахмeдов (1940), Жамшид Каримов (1967), Мамадали Махмудов (1940), Самандар Қуқонов (1945), Исоқ Абдуллаeв (1935), Солижон Абдурахмонов (1950), Азам Турғунов (1952), Юсуфжон Рўзимуродов (1958), Ғайрат Мeхлибоeв (19 ), Руҳиддин Фаҳруддинов (1967.8.8), Жамол Қутлиeв (19 ), Зафар Рахимов (19 ), Юлдош Расулeв (19 ), Дилмурод Саидов (1962), Мамадали Қорабоeв (19 ), Хайрулла Ҳамидов.

    Президент Ислом Каримов бош раҳбар бўлган МХХ провокациялар уюштириб, минг-минглаб оддий намозхонларни кўп йилга қамади. Қама-қамалар ҳамон давом этмоқда. Ушбу эътиқод маҳбусларидан юзларчаси қамоқларда қийноқлар қўллаб ўлдирилмоқда.

    11. МХХ ВА ЛОНДОНДАГИ ҚИММАТЛИ УЙЛАР

    Энди ушбу маълумотга эътибор беринг.

    “Лондондаги 3-10 миллион долларлик уйлар янги соҳиблари – ўзбеклар.

    2010 йил давомида Лондоннинг энг ҳашаматли районларидаги кўп миллион долларлик уйларни сотиб олаëтган хорижийлар 61 давлат фуқаролари бўлса¸ бу рўйхатнинг биринчи поғонасини испанияликлар¸ иккинчисини эса ўзбекистонликлар эгаллади¸ дейди Knight Frank LLP ширкатининг турар-жой бинолари бўйича тадқиқот бўлими раҳбари Liam Bailey Озодлик билан суҳбатда” [21]

    Булар кимлар ва МХХ нега уларни фош қилиш билан шуғулланмади? Сабаби – ушбу ўзбек харидорларининг кўпчилиги МХХ билан боғлиқ кишилардир.


    12. ТАШҚИ СИЁСАТДАГИ ҚЎПОЛ ХАТОЛАР

    Ташқи сиёсатда ҳам қўпол хатоларга йўл қўйилди. Қўшни Қирғизистонга сотиладиган газ ва бошқа товарларни арзонлаштириш ҳисобига у ердаги бир миллиондан ортиқ ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқларини халқаро қонунлар даражасида ҳимоя қилинишига келишиши керак эди.

    Шу кунларда Қирғизистондаги Сух анклавидаги ўзбекларнинг қамал қилинган ҳолда қолаётгани ҳам Ислом Каримов сиёсати камчиликларининг натижасидир.

    Бу борада ҳам Қозоғистон Ўзбекистон раҳбариятига ўрнак бўларли ишларни қилди ва ҳамон қилмоқда.

    13. ЧЕГАРАЛАР

    Қирғизистон билан чегаралар тўлиқ демилитация (белгилаб) қилиб, шартнома имзоланган эмас. Оқибатда чегарада кескинлик сақланмоқда, ҳатто отишмалар бўлиб, фуқаролар ва чегарачилар ҳалок бўлмоқда. Бу эса икки қардош халқ тинчлиги учун жуда хавфлидир. Бунга Сух анклавининг қамал қилиниши туфайли қалтис вазият ва у ерда яшаётган 60 минг ўзбекларнинг қиш совуғидаги аҳволи мисол бўлаолади.

    Ёзаман десангиз факт кўп. Вақт ва имконият кам.

    Хуллас калом, Ўзбекистон тарихида бобой Ислом Каримов Миллий хавфсизлик хизмати ёрдамида Ўзбекистон Конституциясини бузиб, 22 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган, Ўзбекистоннинг барча бойликларини сотиб, яна ўзбек халқини кўп миллиард доллар қарзга ботирган, шахсан ўзига бўйсундирилган Миллий хавфсизлик хизмати ёрдамида ўзбек мухолифати ва айбсиз намозхон дирдорларни ноҳақ тазйиқ ҳамда қувғин қилган ва ҳоказо камчиликларга йўл қўйган Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти ва диктатори сифатида қолади.

    Ушбу мақолам охирида таниқли ўзбек шоири, ёзувчиси Холдор Вулқоннинг яхши ёзилган “Ўзбегим” шеърини келтираман.

    Дилда армон, қўлда кетмон, бўлди сарсон ўзбегим,
    Қадру қиммат растасида нархи арзон ўзбегим.
    Сочди оғу боши узра чарх уриб тайёралар,
    Дори-дармон қилмагач кор ичди айрон ўзбегим.

    Шунча пахта, шунча олтин қайга кетди, ё фалак?!
    “Нега қашшоқмиз ахир”, деб лолу ҳайрон ўзбегим.
    Қишда газсиз, таппи бирлан ўт ёқиб кун ўтказиб,
    Нефту газни сув текинга қилди эҳсон ўзбегим.
    Пул тополмай зўрғалатдан тебратар рўзғорини,
    Ўйланиб чеккай хижолат келса меҳмон ўзбегим.

    Террористга айланар масжидга кирса ногаҳон,
    Чўнтагидан ўқ “чиқар” мент қўйса қопқон ўзбегим.
    Тинч намойишларда арзин айтса, қирғиндир жавоб –
    Кимга айтсин арзу додин қалби вайрон ўзбегим.

    Бош кўтарса, бирни Ҳизбут, бирни Ваҳҳобий атаб,
    Урдилар Жаслиқда қийнаб, бўлди қурбон ўзбегим.
    Қайга борса, бошда шапка, ишлагай жим, мунғайиб,
    Сўз деёлмас, лиқ тўла оғзида талқон ўзбегим.

    Қувлагай думсиз шақоллар тишларин такиллатиб,
    Дашт аро жон қутқазиб чопгувчи жайрон ўзбегим.
    Қоп кўтарган қиз-жувонлар мардикор бозорида
    Иш тополмай шер йигитлар тўзди ҳарён ўзбегим.

    Дўппи кийса ҳамма ҳайрат ичра: “Ҳа, тинчликми?” – дер,
    Киймасинми дўппи, яхтак бирла чакмон ўзбегим.
    Ёши ўтган ўғли бирлан қари қиз қайғусида –
    Шайланар осмоққа ўзни гоҳи пинҳон ўзбегим.

    Нола қилса оҳидин зир титрагай сайёралар,
    Парча-парча йиртилиб кетгуси осмон ўзбегим.
    Ёндашиб Эркин Воҳидга сўйласа, айб этмангиз,
    Хақ йўлинда тўғри сўзни ёзди Вулқон ўзбегим! [1]

    ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

    1. My Uzbek. – http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=934:2010-05-19-19-12-01&catid=35:11&Itemid=59 (www.muvozanat.info Last Updated (Thursday, 20 May 2010 20:18) Xoldor Vulqonning ”Мувозанат” сайти).

    2. АХМАДЖОНОВ Ш. Бобой Каримов ва МХХ қилмишлари. – http://yangidunyo.com/?p=2336 (www.yangidunyo.com 2012.01.09).

    3. АХМАДЖОНОВ Ш. МХХнинг очиқ хат орқали провокацияси. – http://yangidunyo.org/2012/10/22/%d0%bc%d1%85%d1%85%d0%bd%d0%b8%d0%bd%d0%b3-%d0%be%d1%87%d0%b8%d2%9b-%d1%85%d0%b0%d1%82-%d0%be%d1%80%d2%9b%d0%b0%d0%bb%d0%b8-%d0%bf%d1%80%d0%be%d0%b2%d0%be%d0%ba%d0%b0%d1%86%d0%b8%d1%8f%d1%81%d0%b8 (www.yangidunyo.org 2012.22.10).

    4. ТЮРИКОВ В, ШАГУЛЯМОВ Р. Независимая Республика Узбекистан: Памятные события и даты (Мустақил Ўзбекистон Республикаси: Унутилмас воқеалар ва саналар) (1991-1998). В 2-х томах. – Т.: Узбекистон, 1997-1998.

    5. Ўзбекистон валюта биржасида. – “Халқ сўзи”, 1994 йил 1 июл.

    6. АҲМАДЖОНОВ Ш. 2011: Ўзбек сўмининг қадри. – http://yangidunyo.com/?p=21587 (http://yangidunyo.com/?p=21587 2011.28.08).

    7. АХМАДЖОНОВ Ш. 2012 йил июн: саволларга жавобим. – http://yangidunyo.com/?p=1537 (www.yangidunyo.com 2012.19.06).

    8. Ўзбек автомобили 16 ёшга тўлди. – http://fikr.uz/posts/Tahnologiyalar/8379.html (www.fikr.uz 2012.19.07).

    9. АҚШ Давлат котиби “Женерал Моторс” заводини бориб кўрди. – http://uzbek.uzbekistan.usembassy.gov/pr102711_uz.html (www.uzbek.uzbekistan.usembassy.gov 2011.28.10).

    10. Ўзбекистон конлари сармоядорларга таклиф этилмоқда. – http://www.ozodlik.org/content/article/24765229.html (www.ozodlik.org 2012.08.11).

    11. Ўзбекистон давлат балансида 226 та нефт ва газ манбаси бор. – http://www.ozodlik.org/archive/uz-news/20101024/402/402.html?id=2199633 (www.ozodlik.org 24.10.2010).

    12. Xitoy Xalq Respublikasi. Pekin. Davlat tashrifi. – http://press-service.uz/uz/news/show/viziti/kitayeskaya_narodnaya_respublika._pekin./ (www.press-service.uz/uz/ 2011.19.04).

    13. ШУҲРАТ ЮСУФ АҲМАДЖОН ўғли (Аҳмаджонов Ш.). Қарз балосидан огоҳ бўлгин халқим!– http://www.harakat.net/harakat.php?id_harakat=26 ( www.harakat.net «Ҳаракат» журнали, 2000 йил, 5- ва 6-сонлари).

    14. АҲМАДЖОНОВ Ш. «Бирлик»чилар, аскарлар тобутлари ва Орол денгизи муаммолари. – http://www.turonzamin.org/ddkitob/birlik.html (Китоб www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2007 йил сентябрида чоп этилганди. Сайт раҳбарияти уни кейинчалик сайтдан йўқ қилган).

    15. АХМАДЖОНОВ Ш. МХХ ўзбек халқининг асосий душманидир. – http://yangidunyo.com/?p=603#more-603 (www.yangidunyo.com 2012.01.02).

    16. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 20 ëшга тўлди. – http://www.ozodlik.org/content/article/24345273.html (www.ozodlik.org 2011.30.09).

    17. ХУШЕВ И. Собиқ депутат Шуҳрат Нусратов етти йилга ҳукм қилинган… – (www.dunyouzbeklari.com сайти Вирджиния штатида ва Вашингтондаги кутубхонада очиб бўлмаганлиги сабабли мақоланинг ушбу сайтдаги аниқ манзилини кўрсата олмадим);
    http://yangidunyo.com/?p=2316#more-2316 (www.yangidunyo.com 2012.28.08).

    18. АХМАДЖОНОВ Ш. Убийство журналиста Алишера Соипова: Кто заказчик? (Журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилиши: Буюртмачи ким?) – http://yangidunyo.com/?p=1391 (www.yangidunyo.com 25.04.2008);
    http://yangidunyo.org/?p=638 (www.yangidunyo.com 09.06.2012).

    19. УМИДБЕК. Фуад Рустамхўжаев ўлими билан боғлиқ икки версия кўриб чиқилмоқда. – http://www.ozodlik.org/content/article/24341714.html (www.ozodlik.org 2011.27.09).

    20. АХМАДЖОНОВ Ш. Обид қори Назаровга бўлган суиқасдга доир. – http://yangidunyo.com/?p=1121 (www.yangidunyo.com 2012.18.04).

    21. Ўзбек бойлари Лондонда уй сотиб олишда рекорд қўймоқда. – http://www.ozodlik.org/content/article/2324637.html?s=1&page=3 (www.ozodlik.org 2011.01.03).

    E-mail: jiz54@mail.ru , tohir1953@mail.ru , ergash1955@yahoo.com

    Тел: 1-202-341-4028.

    2013 йил 29 январ.

    АҚШ, Вашингтон шаҳри.

    www.yangidunyo.org

    Published on januari 29, 2013 · Filed under: Шуҳрат Аҳмаджонов;
    2 Comments

2 Responses to “Бобой Каримов ва МХХ қилмишлари”

  1. Abdullajon said on

    Shuhratjon siz hadeb uzingizni jonkuyar muholifatchiman deb odamlarni aldamang. Firibgarlikni bas qiling. Rost gapirishga urganing. Yolgon uzoqqa bormaydi.

  2. Шуҳратжон Аҳмаджонов said on

    Abdullajon!

    Men 250 taga yaqin maqola yozib saytlarda chop ettirdim. Yolg’on joyi bo’lsa aniq ko’rsatsangiz.

    Ismi sharifingizni to’liq yozsangiz yaxshi bo’lardi. Toki bu ism orqasida haqiqiy Abdullajon turibdimi, yoki boshqa maqsadni ko’zlagan insonmi?

    Shuhratjon Ahmadjonov

    2013 yil 1 fevral

    AQSh, Washington shahri.