ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Дадахон Ҳасан – ягона сиёсий қўшиқчи

    dadaxon hasan1Ботир Норбой, Филология фанлари доктори.

    1985-86 йиллардан бошлаб Ўзбекистонни ўша пайтда бошқараётган мафкурачиларнинг адабий-маърифий сиёсатига, бадиий асарларни атеистларча цензура қилишларига, истеъдодли адибларни компартиявий руҳда танқид қилинишига, айрим маънавиятсиз қаламкашларнинг ношаръий қилмишларига қарши уюшиб маънавий кураш бошладик: норозилигимизни йиғинларда, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг қурултойларида кескин шаклда билдирдик, жамоа бўлиб мурожаатномалар ёздик…

    Республиканинг ўша пайтдаги мафкурачилари ҳам ёш бадиий зиёлиларга қарши яширин жанг эълон қилишди: чиқаётган китобларимизни тўхтатиб қўйиш, ишдан бўшатиш билан биздан ўч олишга ҳаракат қилишар, орқамиздан Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) ходимлари тинимсиз таъқиб этарди. Кўп ўтмай, ёзувчилар уюшмаси қошида ”Оролни асраш қўмитаси” тузилиб, экология, болалар ўлими, пахта монокультураси бўйича митингнамо мажлислар бўлиб ўта бошлади, бадиий зиёлилар, олимлардан аксарияти бу хил мажлисларда қатнашиб, кескин чиқишлар қилишди.

    Бу пайтга келиб, Республикада олиб борилган сиёсатдан, тузимдан норозилар сафи олимлар, экологлар, оддий ватанпараварлар ҳисобига кўпайиб борарди. Шу орада, Болтиқбўйи, Кафказортида халқ фронтлари тузилиб, зиёлилар ўзаро суҳбатларда Ўзбекистонда ҳам шу хил ҳаракат бошлаш кераклиги ҳақида гапира бошладилар. Уларнинг олдинги сафида ўша пайтда биринчи тўпламини чоп эттирган бўлсада, қўшиқчи сифатида ҳали минглаб мухлислар орттиришга улгармаган Дадахон Ҳасан ҳам бор эди. У ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги ёш зиёлилар кураши туфайли кўтарилган раҳбарларига,(ўзининг айтишича, Муҳаммад Солиҳга), халқ фронти тузиш масаласида кўп бора мурожжат қилган. Ўша пайтда, кўпчиликнинг кўнглида бу ишга бош қўшиш иштиёқи бўлсада, амалий курашга журъат етишмаётганди…

    Ва ниҳоят, 1988 йилнинг11 ноябрида Дадахон Ҳасан шу атрофда юрган бадиий зиёлилар, олимлардан иборат бир гуруҳни,(15-16 кишини) туғилган куни баҳонасида уйига йиға олди. У ерда йиғилганлар кейинчалик “Бирлик халқ ҳаракати”га асос бўлган “Ўзбекистон табиати, моддий ва маънавий бойликларини асраш жамияти” деб номланган жамиятнинг ташаббус гуруҳи тузилганини эълон қилишга келишиб олишди. Гарчи бу ерда йиғилганлардан анча-мунчаси кейинчалик кураш йўлларидан тойиб кетган, айримлари очиқдан-очиқ ҳукумат ишларига ўтиб кетган бўлишсада, 12 ноябрдан бошлаб, бу жамиятнинг ташаббус гуруҳи Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг 26 хонасида иш бошлади.

    Юқорида айтилган компартия мафкурасига қарши курашганлардан, ”Оролни асраш қўмитаси” раҳбарияти ва бу мажлисларда қатнашиб юрган фаоллардан аксарияти бу жамиятнинг биринчи аъзолари бўлишди. Албатта, агар Дадахон ака бу амалий қадамни ташламаганда, кимдир 5 – 6 кун кечикиб бўлсада, бу ғояни амалга оширишга киришиши мумкин эди. Аммо факт шуки, Дадахон Ҳасан ўша куни унинг ховлисига йиғилган Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим ва Абдуманноб Пўлат, Миразиз Аъзам, Зоҳир Аълам, Қаҳрамон Ғулом, Фахриддин Худойқул… кабилар иштирокида бу қадамни ташлай олди. Айни замонда, ҳозирда, бу йиғинда қатнашганлардан баъзилари “Бирликни мен тузганман”, “Бирлик номини мен берганман”, деб (20-йилларда шу номдаги ташкилот ҳам бўлган) гап сотиб юрибди. Хуллас, шу хил ташкилот тузишга шароит туғилган ва бунга журъат қилганлар ўша йиғинда қатнашганларнинг ҳозирда ҳам курашдан тоймаган қисмидир. “Мен-мен”лашнинг, айниқса кураш йўлларидан четга чиқиб кетганларга, ҳеч кераги йўқ…

    ”Бирлик” тузилгандан кейин Республика пойтахтида, кўп ўтмай деярли барча вилоятлар ва катта шаҳарларда ”Бирлик” халқ ҳаракати тузилди ва унга юз минглаб кишилар келиб қўшилишди… Аммо булар ўз ўзидан бўлгани йўқ. ”Бирлик” раҳбарияти ҳар бир вилоятга мутасаддилар тайинлаб, улар фаол иш олиб борган жойларда халқ ҳаракатининг ишлари юришиб кетди. Дадахон Ҳасан ”Бирлик”нинг Фарғона водийси буйича мутасаддиси булди. Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари, шаҳарлари, қишлоқлари бўйлаб туну кун юриб ”Бирлик”нинг таянч гуруҳларини тузди, таъсис қурултойигача ишлаб турадиган раҳбарлар тайинлади…

    “Халқ фронти” ташаббус гуруҳи тузилганидан кейин менда алоҳида куч пайдо бўлди. Завқ-шавқим янада кучайди. Фронт менинг юрагимга куч қувват бағишлаган эди”, дейди Дадахон Ҳасан. “Фронт бизни озодликка олиб чиқади, деб ишонган эдим. Балки биз оламдан ўтиб кетармиз, аммо кейинги авлодлар бизнинг ишимизни давом эттиради ва ниҳоят бу фронт бир улуғ кунда миллий озодлик ҳаракатига айланиб кетажак ва Туркистон халқлари шаксиз Истиқлолга эришажак, деб ишонган ва бу фронтга албатта, Чингиз Айтматов раис бўлади, деб умид қилган эдим”, дейди сиёсий қўшиқчи Дадахон Ҳасан. ”Бирлик” халқ ҳаракатига қадим Туркистонда яшаётган барча халқларнинг вакилларидан анча мунчаси аъзо бўлишди. Аммо, бу ҳаракат ўша пайтлари Дадахон Ҳасан орзу қилгандай барча туркий халқлар орасида машҳур бўлсада, барча туркий халқлар қўшилмади. Чингиз Айтматов бу ишга бош қўшмади, ҳатто Одил Ёқубов ҳам оддий аъзолардан бири бўлган (ёзувчилар уюшмасининг раҳабри сифатида ҳаракатга бавосита ёрдам бериб турган бўлсада) бу ҳаракатга раҳбар бўлишга кўнмади…

    Гап келганда, гувоҳ сифатида айтиб кетишим керак,раҳбар бўлишга, ўша пайтлари Муҳаммад Солиҳ ҳам, Бек ака Тошмуҳамедов ҳам кўнмаган. ”Бирлик” ҳайъатининг вақтинча ишлаб турадиган раис сайланиши лозим бўлган мажлисида Бек аканинг номзодини айтганимда, у кўнмади, ўзи эса, Муҳаммад Солиҳнинг номзодини илгари сурди. Бироқ Соли бу ишга орқадан туриб, ёрдам беришини айтди ва Абдураҳим Пўлатнинг номзодини айтди. Абдураҳим ака эса,бажонидил рози бўлди.

    Хуллас, Ўзбекистон ҳудудида кенг қулоч ёя бошлади. Дадахон Ҳасаннинг Ўзбекистонда, айниқса, водийда бирликчи ва қўшиқчи сифатида обрўси кўп баравар ортиб кетди. Илгари уни танимаганлар ҳам тўйларига айтар, тўйларда эса у қўшиқ айтиш билан бирга юрагидаги дардларини, миллий озодлик харакатининг мақсад ва вазифаларини, Тошкентда бўлаётган ташкилий ишларни жўшиб-ёниб сўзларди… “Тўйларга айтилмаган одамлар ҳам келишаверарди, ора-чорада: “Қўзғалинг эй, аҳли мўмин, ёвга қарши қўзғалинг”, Нега йиғламайсан, она Туркистон”, “Қарзинг бормиш давлатдан”, “Ўзингга ўт қўйма, фақат сингилжон”, “Халқ тўлқиндир, халқ кучдир”… сингари исёнкор қўшиқлар айтардим. Тумандаги тўйларда бутун бир туман аҳолиси, қишлоқлардаги тўйларда эса, қишлоқ аҳолисининг барча ёшу қариси…келарди. Тўй сайилга айланиб кетар ва митинг тусини оларди. …Бироқ эртасига тўй эгаси КГБ идорасига ёки ички ишлар бўлимига таклиф этилиб, у ерда сўроқ -жавоб давом этарди”, дейди Дадахон Ҳасан ўз эсдаликларида.

    Айни замонда шуни ҳам айтиш керакки, Дадахон Ҳасан, халқ озодлиги йўлидаги маънавий-ташкилий курашга талабалик йилларида ҳам уриниб кўрган. У ўзининг юқорида айтилган эсдаликларида, дўстлари ёрдамида ТошДУнинг филология факультетида “Ёш ҳамзачилар” номли адабий тўгарак тузишгани ва тез орада Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) уларни қувғинга олиб,бу тўгарак ёпиб ташланганини ҳикоя қилади. Кейинчалик ҳам у ҳофиз сифатида концертларда, тўй ва йиғинларда ўша давр мафкураси рухсат бермаган Туркистон бирлиги, Амир Темурнинг шон-шавкати ҳақида 70-йиллардаёқ:

    Икки дарё бoйларин ёв қилганда ғорат,
    Юртга ҳоким бўлганида малъун касофат,
    Мен бош эгиб, ҳузурингга келдим, ниҳоят,
    Темур бобом, жаҳонгирим, байроғингни бер,
    Сабру қарорим қолмади, яроғингни бер,-

    дея қўшиқлар куйлаган. Албатта,байроқ, яроғ атамалари – бу ўринда шеърий тимсоллар… Яъни,Д. Ҳасан қаҳрамони қурол олиб ҳеч кимни яраломоқчи эмас, У сўзлари орқали халқни уйғотмоқчи.

    80 йилларнинг охирларида “Оганёк” журналида А. Минкиннинг “Пахта қули” (Хлопкараб) мақоласи босилиб чиқди. Бу мақолани Ҳамроқул Асқар таржима қилиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бостирди ва ўзбекзабон газетхонлар уни ўқиш имкониятига эга бўлди. Дадахон Ҳасан ўша мақола мазмунини шеърий мисраларда кескинроқ йўсинда акс эттириб, куй басталаб, концертлар ва тўйларда куйлай бошлади.

    Мен пахта қулиман, довруғ таратган,
    “Оқ олтин”дан улкан тоғлар яратган,
    Фармонлар олдида тош бўлиб қотган,
    Аламлар ичида қоврулган қулман,
    Ризқу насибаси соврилган қулман.

    Дадахон Ҳасан ўз шеърларинигина эмас, Рауф Парфи, Абдулла Ориф, Ёдгор Обид, Юсуф Жума каби шоирларнинг халқни уйғотувчи асарларини ҳам қўшиқ қилиб айтар,оломон кўнглида зулмга нафрат уйғотарди.

    1989 йилнинг 7-8 июн кунлари Қўқонда майдонга чиққан оломонни шўро ҳарбийлари қонга ботирди. Шунда Дадахон Ҳасан: “Қардошликни унутдилар, пайдар-пай ўққа тутдилар, Эссизгина ёш йигитлар, “дод” деб дунёдан ўтдилар” деб шеър ёзиб давраларда куйлади. Қўйингки, Дадахон Ҳасан фақат шу мавзуларда эмас,Месхети турклари билан ўзбеклар орасида,ўзбек ва қирғизлар орасида қон тўкилганда, Анжон қирғини рўй берганда бу воқеъаларни қоғозга туширди ва ашула шаклида халққа етказаолди.

    Дадахон Ҳасаннинг омади шуки, унга Аллоҳ шоирлик таланти билан бирга буюк ҳофизлик ва бастакорлик салоҳиятини ҳам берган. У ашула куйлаганда оналар, сингиллар сел бўлиб йиғлайди, катталар бошини қуйи солади, ёш йигитлар беихтиёр муштларини тугишади… Ўзбекистонда юзлаб эмас,минглаб қўшиқчилар бор,аммо сиёсий қўшиқчи ДАДАХОН ҲАСАН –битта. Дадахон Ҳасаннинг 80-90 йилларда ва ундан кейин куйлаган қўшиқлари –ўзбек халқининг қалб қаъридан отилиб чиққан ўтли лаъвалардир. Бу лаъвалар чинакам озодликка, ҳақиқий мустақилликка ташна қалбларни ҳали кўп йиллар иситиб туражак.

    www.yangidunyo.org

    Published on februari 1, 2013 · Filed under: Ботир Норбой;
    Kommentarer inaktiverade för Дадахон Ҳасан – ягона сиёсий қўшиқчи

Comments are closed.