ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Асқар Маҳкам: Адабиёт ибодати

    asqar mahkam(Шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар)

    Эй, гулим,
    Кўзларга ёшлар тўлганда
    Соямиз қўшилган дамларни эсланг!

    Шавкат Раҳмон

    … У юзини терс ўгирди.
    – Нимага келдингиз?
    Нафаси сиқилиб, бутун вужуди бўғриққан, юз томирларигача таранглашиб, тобора қорайиб бораётган дарё тошларидек захали, уйдум-чуқур юзи энди бурунгидек қоя тошни эслатмас; ўшлик мусаввир полотносидан боқиб турган бургут нигоҳлардан асар ҳам қолмаган; аёвсиз дард билан олишавермоқдан тинкаси батамом қурғаган; кетмончиникига ўхшаш бақувват қўлларига ботган игналарнинг сон-саноқсиз излари ўрнида кўкиш-қора доғ билакларига ёйилиб, ток зангига ўхшаёзган; қадимги юнон ҳайкалтарошларининг ҳавасини келтирувчи мардонавор ва асл ўзбекона қиёфадан бир бурда эт қолган; қаттиқ ва тиғиз сочларига сўнгги пайтларда туйқусдан ёғилган оқ қировлар энди қирқ олти ёшни қоралаган забардаст шоирни етмиш яшар мўнкиллаган мўйсафидга айлантирган эди. «Мўйсафид» нафас ололмасди. Кўкраги тобора сиқилиб борар, унинг бошида изиллаб турган аёлига хона ҳавосизликдан портлаб кетадию деразада турган ва гази чиқариб юборилган минерал сувнинг идиши қаёққадир улоқиб кетадигандек туюларди. Нафсиламрини айтганда, аёлнинг назарида ҳаво фақат хонада жон талвасасида ётган беморнинг кўксидагина эмас, бутун коинотда тугаб қолгандек, энди ўзи ҳам бу кўзга ташланмайдиган тансиқ неъматга тўймаётгандек эди.
    – Нимага келдингиз?..
    Мен руҳонияти чўққилардек ўктам ва қайсар, ҳеч қачон ҳеч кимнинг наздида бош эгмаган, жисмининг ҳар заррасида мардлик, ҳалоллик, тўғрилик, содиқлик, эътиқод, номус ва гўзаллик яшаган шоир айни пайтдаги ҳолатига тоқат қилолмаётганини ҳис қилардим. У бундай бўлиши мумкин эмасди. Дард номардларча уни оёқдан олганига, бир қултум ҳаво учун бутун вужудини қон қақшатаётганига чидаёлмасди. Йўқ, ўлимдан қўрқадиганлардан эмасди. У бошқача ўлимни истарди ва ҳатто ўшандек бир ўлимни яширин орзу қиларди. Дейлик шеърларига ўхшаш гўзал, аёвсиз, аччиқ, фожиали ва кутилмаган ўлимни… Мен ҳеч нарса демадим. Ҳаммаси кундек аён эди. Сўлғин кўзларининг тубида қотиб қолган «туркона» (бу унинг ибораси) битиклар ўзбек шеъриятининг Алп Тегини умрининг охирги лаҳзарини яшаётганини тасдиқларди. Бу битикларда миллат қисматининг бор фожеъ ва мусибатлари, Ташқи душманлар қутқусига учиб бир-бирини аёвсиз қирғин қилган жигарлар, Помир-Олой тизмаларида қолиб кетган беғубор болаликнинг учқур хаёллари, Ўш остонасида унинг йўлларига кўз тикавермоқдан қорачиғлари йўлларга тўкилган ва ниҳоят довон оша Тошкентга келиб, жон талашаётган боласининг ҳолсиз вужуди ёнида Худога нола қилаётган онаизор лабларининг пичир-пичирлари, самбит қоматли сулув қизларининг бўйига боқиб, уларга каҳкашондек бахт орзу қилган аёлининг маъюс хаёллари, ягона Шоҳруҳнинг беғубор ва содда нигоҳлари… ва яна кўп нарсалар ифодаланаётгандек эди. «Туркона» қарашлар чўғидан кул тўкилиб борар, асл «туркона» зарбдан шукуҳ кетиб бормоқда эди. Сўз айтиш, кўнгил кўтаришдек бемаънилик хаёлимга ҳам келмади. Жим унинг нигоҳларига боқдим ва хонани тарк этдим. Қайтиб бормадим. Энди бориб бўлмасди. Ростини айтганда, ўзим ҳам уни бу ҳолда кўришни истамасдим.
    Тошкентнинг талаблар шаҳарчаси ён бошидаги онкология маркази биноси жойлашган дарахтзор ҳовлида юрган одамларнинг қиёфасида ҳам алланечук мунг бор эди. Асосан, саратон касалига чалинганлар билан шуғулланувчи духтурларнинг аҳволини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Улар беморларга қандай қилиб умид бағишлашар экан? Нега чорасиз бу дард қошида ожизлигини тан олмаган табибу табобат деярли қолмади? Наҳотки, саратон ўз чангалига олган ва олаётган кишиларнинг кўз ўнгида фақат саратонда қуриб-қақшаб қолган биёбондан бошқа ҳеч нарса бўлмаса?.. Бу нарсаларга ақлим етмаслигини билардим. Мен тобора бу дунёдаги ризқи қирқилиб бораётган «ўжар шоир»нинг қисматини ўйлай бошладим. Ажал одам танламаслигига ишонсам-да, аммо бундай одамга ақалли бир оз шафқат қилиш лозим бўлган кучлар бордек туюларди. Ахир, шундай буюк қалбни яратиб, уни қандай қилиб қайтариб олиш мумкин? Унинг борлиққа ҳали қониб тўймаган нигоҳи, райҳон бўйларига бўлган гўзал соғинчи, ҳамма-ҳамма нарсага чексиз муҳаббати, қиличдек кескир орияти, ватан ва эл-юртга бўлган буюк муҳаббати ҳаққи-ҳурмати уни асрагувчи кучлар бор деб ўйлардим… Аммо, ҳамма ва ҳамма нарса саратоннинг қаршисида ожиз эканлигини ошкор тан олдилар.
    Шеърни том маънода ҳар нечук тутқунликдан озод қилган, ҳар қандай зоҳирий сарҳадларни бузиб ташлаган, сўзга жон бағишлаш санъатини яратган, сафсата, қасидавозлик, маддоҳлик ва қуруқ баёнчилик, арзон панд-насиҳат, маталнамо сўзамоллик, файласуфлик, риторика ва ҳайқириқлар карнай-сурнайларини адабиёт майдонидан ҳайдаб солмоқчи бўлган, янги ўзбек шеърияти мактабини бунёд этган, жонли тилнинг бор имкониятларини амалда қўллай олган, рамзий ифоданинг қироли, мажоз танлаш, жиловсиз эҳтиросни сўз билан бўйинсундиришни илк бор жорий қилган ва яланғоч ҳақиқат туйғусига илоҳийлик либосини кийдирган сўз сеҳргари омонсиз дард чангалида сурункасига уч юз олтмиш олти кеча-кундуз олишиб, ҳали тугалланмаган шеъридек жон таслим қилди. Балки Паганини шундай жон бергандир, балки Машраб ҳам шундай ҳолатда дор остига боргандир. Балки Лорка… Аммо улар ўз аҳволидан «хижолат чекмаган». Дор тўшак эмас. У буни яхши биларди ва қачонлардир, жангда қурбон бўлиш ҳақида сўйлаганди. Энди эса, бир қултум ҳаво ҳам йўқ, борлиқ олам гулдираб, айқириб, қутуриб нафас олиб ётибди, ҳатто унинг Аравонида, Новқат ва Сулаймон тоғларида тошлар ҳам нафас оляпти. Дарёлар шовиллаб, мирза тераклар Ўш кўчалари бўйлаб солланиб, ютоқиб нафас олмоқда, майса ва гиёҳлар, қурту қумурсқалар, илону чаёнлар ҳам нафас олаяптилар. Фақат у… бир қултум нафас олиш учун бутун вужуди билан тиришиб, зўриқиб азоб чекади.

    Нодиражон, Шоиражон,
    Танам қимир этмайди,
    олис-олис воҳалардан
    тоғларимни чақиринг
    осмон тўла ҳаволар
    фақат менга етмайди.

    Нодиражон, Шоиражон,
    Танам қимир этмайди,
    кўзимда бир томчи ёш,
    сойлар ювса кетмайди.

    Нодиражон, Шоиражон,
    Танам қимир этмайди,
    Пешонамнинг шўридан
    Бино бўлган бу дарё…
    Осмон тўла ҳаволар
    Фақат менга етмайди.

    Нодиражон, Шоиражон,
    Танам қимир этмайди,
    Боринг, қорли тоғларга:
    Бир шоир ётибди денг
    Худонинг ҳовлисида…
    Осмон тўла ҳаволар
    Фақат менга етмайди…

    У атрофида саркаш анҳорлар бўйидаги худрўй гулларга қўниб юрган ниначилардек қизларига нима демоқчи? Наҳот «осмон тўла ҳаволар» фақат уларнинг отасигагина етмайди? Нега фақат у бутун борлиқда сиқилиб ётган ҳавога тўймайди ва ҳансираб нафас олмоқчи бўлади. Ололмайди. Бўғриқади. Йўталади. Ҳаво жон бўлганда эди, ҳаво ҳаётнинг ўзи бўлганда эди, уни бермоқ осонроқ кечарди, аммо ҳаммага етган ҳаво фақат унгагина етмайди. «Худонинг ҳовлиси» қаер? Дунёми? Касалхонами? Худонинг кенг даргоҳига сиғмаётган шоир энди унинг «ҳовлиси»да ётибди. Бу даргоҳ эмас, қўрғон эмас – ҳовли. Бу ҳовлидаги дарахтлар шохидан чарсиллаб узилаётган япроқлар қисмат фаррошининг супургисига илашади ва ҳовлидан четга супурилади. Кимдир унга ўт қўяди. Бурқсиб ёнаётган баргларнинг аччиқ тутуни «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этади. Аслида ҳаммамиз бу «фаррош» оёқлари остидаги суприндилармиз. У бизни ўзининг аёвсиз қўллари билан улоқтириб ташлайди. Бироқ ҳаётбахш нигоҳларидан сўнмас ишқ нурлари таралган, юрак-бағри гўзалликка тўла, азалдан зил-замбил қисмат юкини ўз елкасига олиш масъулияти билан яралган, одамларга фақат яхшилик тилаган, ҳамма нарсага шафқат ва муҳаббат билан муносабатда бўлишга буюрилган, ягона илоҳий имконият – сўз қудрати билан инсонлар ҳаётига мазмун бахш айлаган шоир шу кўйга тушадими? Наҳотки ундан ҳавони қисинишди? Наҳотки…

    Манзура опа, бирор нафаси ҳалол дуохон бўлсайди, деди овози титраб. У кейинги кунларда қарийб эрининг аҳволига тушиб қолганга ўхшарди. Ўшандек эти бориб суякка ёпишган, ўшандек юз-кўзлари куюк ва дардли, ўшандек синиқ. Хаёлимдан Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ўтди. Шогирди. Даланинг одами. Нафас ололмаётган устозига Кўктош томонлардан, Рангон тоғларидан, азиз-авлиёларнинг марқаду мазорларидан, Иброҳимбекнинг тулпорлари кишнаган дала-даштлардан устози учун тоза ҳаво олиб келади, ўйладим мен. Аммо…
    Уч юз олтмиш олти кеча-кундуз энг аламли шеърга айланди ва назаримда, ўтган асрнинг энг фожиали мусибати содир бўлди. Бир қучоқ устухонга айланган шоирга дунё нафас бермади. Энди қирқ олти ёшга тўлган забардаст чинорнинг улкан япроқлари бир-бир узилди ва қалқиб-қалқиб ерга тўшала бошлади.
    Коридорда дуч келган Тоҳир ака «Шавкат ўтибди», деди. «Шоира кетди…»
    Мен Ҳофизга қўнғироқ қилдим.
    – Кўчага чиқиб туринг. – Доимий асабий овоз титради.
    Кўча. Одамлар ўша-ўша шўх-шодон. Қаёққадир шошган, қаёқдандир шошиб келаётган. Кимдир редакцияларга шеър элтяпти ва энг буюк шеър жон таслим қилаётганини билмайди. Кимдир мақоласи қаҳрамони билан суҳбат қурмоқда. Мошиндан тушиб таҳририят биносига йўл олган машҳур танқидчи қатағон қилинган адиблар ҳақида мақолалар ёзади ва у ҳам қаердадир Сибир ёқда, қандайдир ГУЛАГларда эмас, бир чақирим наридаги касалхонада буюк ўзбек шоири жон узаётганини билмайди. Қаёқдан ҳам билсин?
    Есениннинг бир ҳолати эсимга тушди. 1922 йил. Берлин. Есенин Ойдинбоғда М. Горький билан учрашади. Ойдинбоғ айқириб ётибди. Одамларнинг бахтиёр кулгулари атрофни тутган. Ким музқаймоқ шимади, ким алвон пуфагининг бандидан тутиб чопади. Ошиқ-маъшуқларнинг қайноқ бўсалари.
    – Менга, – дейди М. Горький мутлақо руҳсиз Есенинга, – анови ит ҳақидаги шеърингизни айтиб берсангиз. Кучуклари нобуд бўлган ит…
    Есенин «Қуёш ўйнар жавдар хирмонда…» деб бошланувчи ва шафқатсиз соҳиби етти нафар кучугидан жудо қилган она итга бағишлаган маъюс шеърини ўқийди. Россияни ларзага солган шоир мана бу сатрларни ўқиётиб беихтиёр Горькийга назар ташлайди. Буюк пролетар адиби йиғлаётган эди.

    Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
    Оёқлари толди, уринди.
    Том устида қалқиб турган ой
    Боласига ўхшаб кўринди…
    Шўрлик яна боласин сўраб,
    Кўкка боқиб увлади хаста.
    Янги ой ҳам аста ғилдираб,
    Тушиб кетди уфқдан пастга.
    Бечорга эрмаклаб, кулиб
    Нон ўрнига отишгандек тош,
    Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
    Қорга оқди томчи-томчи ёш…

    (Эркин Воҳидов таржимаси).

    Есенин шеърни тугатиб, Горъкийга юзланди:
    – Нима дейсиз, шеърият, умуман, менинг шеърларим керакми? Ойдинбоғ Шиллерсиз ҳам маза қилиб яшаяпти?..
    Буюк пролетар адиби Есенин нималарни назарда тутаётганини биларди. Ҳали шеър таъсиридан қутулмаган адиб ҳеч нарса демади.
    Машина йўл четида тўхтади. Орқа ўриндиқда чопон, ҳаракат маромини ўзгартирадиган дастак ёнида бир даста пул.
    – Қутилибди, – деди Ҳофиз паришон. – Мен ҳаётимда бунақа тўғри одамни кўрганим йўқ. Тўғрилик фақт Худога хос экан, бандага эмас…
    Шавкат Раҳмоннинг ўлими ҳақида Тоҳир Маликка етиб келган хабар бемаҳал бўлиб чиқди. Ўшанда Шоира (шоирнинг ўртанча қизи) «Робита» журналида ишлар, Тоҳир Малик журнал бош муҳаррири эди. Шоир оғирлашиб қолган кун кимдир Шоирани зудлик билан касалхонага чақирган. Эҳтимол бояги совуқ хабарнинг тарқалишига Шоиранинг таҳририятдан йиғлаб чиқиб кетаётгани сабаб бўлгандир?..
    Биз касалхонага кириб борганимизда аллақачон дўстлар ўша ерда жам эдилар. Мирза Кенжабек калима қайтарар, Манзура опа бутун жисмига турли хил тиббий воситалар боғлаб ташланган умр йўлдошининг бошида нима қиларини билмай жонҳалак айланар, қизлар бир бурчакда мунғайиб туришар, духтурлар, дўст-ёрлар, қариндош-уруғлар… Ҳофиз ич чўнтагидан мўъжаз Қуръонни олди ва менга узатди. Мен уни варқаладим ва «Ёсин» сурасини топиб, тиловат қила бошладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, духтурлар беморнинг аҳволи бироз ўнгланганлигини айтишди ва иёдатга келганларга рухсат беришди. Соат кеч ўнлар эди. Биз қайтдик. Йўл-йўлакай Набижон Боқий аллақандай ноёб дори ҳақида гапира бошлади. Энди қулоқларимга на дори, на дармон кирмас, назаримда шоир энг сўнгги нафасларини олаётгандек туюларди. Менга сакарот лаҳзалари таниш эди. Бундай пайтда одамнинг нафаси ғарғарага айланади. Жон ҳалқумга келиб, қалдирай бошлайди. Юрак уриб туради, жон томоқ остида лаҳзаларни санайди. Умр чегарасига довур қалдираб овоз чиқаради. Руҳ танадан жудо бўлиб, мия фаолияти тўхтайди. Жон ўлчаб берилган нафас тугамагунча чиқмайди.
    Эрта тонг, соат бешларда телефон жиринглади. Набижон Боқий Шавкат Раҳмоннинг оламдан ўтганлигини айтди. Шоирнинг Қорасув даҳасидаги бешинчи қаватда жойлашган квартирасида одам гавжум эди. Хона тўрига ётқизилган шоир жасади ниҳоят Ҳофиз айтганидек, бу дунёнинг бор ғам-ғуссаларидан қутилиб осуда ва тинч ором оларди. Кимдир айтганидек буюк тўфон тинганди. Энди ҳаммаси тугади. Ҳаммасига нуқта қўйилди. Бир чеккада Набижон Боқий ва Иқбол Мирзо қон бўлиб йиғлар, бир чеккада Мирза Кенжабек шоир жисмини Тошкентга дафн этиш ёки Ўшга олиб кетиш тўғрисида баҳслашар, дераза ёнида ётган шоир гўё мана бу сатрларини ўқиётгандек, аммо ҳеч ким бу сатрларни эшитмаётгандек эди.

    Айт, эй хаста булбулим,
    Ўшга қачон етамиз?
    Яшил боғлар сарғарди,
    Мағиз бўлди гужумлар.
    Оҳ, вой мунча йўл оғир,
    Булбулим…
    Улкан соат ўртасида
    Мадорим йўқ юрмоққа,
    Қашқирлар даврасида
    Судраламан турмоққа.
    Шунда қолиб кетсам гар
    Нетамиз?
    Абадият оралаб
    Ўшга қачон етамиз?
    Қорли тоғлар бағрида
    Бегим – Ўшим кўринди,
    Султон – Ўшим кўринди…

    Бу унинг энг сўнгги васият шеъри эди. Аммо ҳозир ҳеч ким шеър ҳақида ўйламас, «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этган бетакрор ўзбек шоирининг бемаҳал ўлими барчани эс-ҳушдан жудо қилганди..
    Шоир Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги Яланғочота мазорига дафн этилди. Бутун аҳоли кўчиб чиққандек, одамлар кўчаларга сиғмас, мошинлар саф-қатор бўлиб, Яланғочотага томон йўналди. Гўё осмон, гўё борлиқнинг ўзи мотам тутаётгандек, гўё у севган япроқ ва гиёҳлар, қушлар ва еллар, жажжи-жажжи болалар, тупроқ ва тошлар, бутун борлиқ мотамга чулғанган, одамлар сафига ошиқаётган, жаноза намозини адо этиш учун масжид саҳнига жам бўлаётгандек туюларди. Муҳташам қабристон улкан музейни эсга солар, турли ёшда дафн этилган марҳумларнинг бюст ва ҳайкаллари, анвойи тусдаги мармарларга ўйиб солинган тасвирлари, сердарахт қабристонни марҳумлар галереясига айлантиргандек эди.
    Шавкат Раҳмон оламдан ўтди. Қорасувни бошига кўтариб, «Ўғлимни Ўшга олиб кетаман», деб йиғлаган она охир қизларнинг раъйига қарши боролмади. Рози бўлди… Не-не улуғларни бағрига олган Тошкент шоирни ўзига чорлади.
    Ҳали шоир тириклигида Ёзувчилар уюшмаси ҳавоси тоза, тинч деган мақсадда Дўрмон боғидан дала-ҳовли ажратган эди. Вафотидан кейин дала-ҳовли қандайдир вазирга бўшатиб берилди. Ниҳоят, шоир ўлимидан бир йил ўтганидан сўнг чоп этилган «Сайланма»сини тушларида кўра-кўра охират диёрига сафар қилди…

    Адашмасам, 1986 йил эди. «Шарқ» матбаа уйига қарашли муҳташам бинонинг олтинчи қаватига адабиётимиз келажагига сидқидилдан хизмат қилган давлат раҳбари ва адиб Ш. Рашидовнинг шахсий ташаббуси билан ташкил қилинган, қисқа муддатда ўзбек матбуотининг кўзгусига айланган «Ёшлик» журнали кўчиб келди. Журналнинг шеърият бўлимини бошқариш ёшлар адабиётининг энг пешқадам вакили, саксонинчи йиллар шеъриятига тоза ҳаво олиб кирган ва ҳақиқатда бадиий ислоҳот дейишга лойиқ кашфиётлар яратаётган Шавкат Раҳмоннинг зиммасига юклатилди. Журнал бош муҳаррири, мумтоз ўзбек шоири Эркин Воҳидов адашмаганди. Устоз шоир ортидан келаётган навқирон авлоднинг ҳамма ҳавас қиладиган бетакрор вакилига бежиз тўхтамаганди. Журнал саҳифаларида ўша пайтда бадиий ислоҳотчилик йўлига тушган шоирлар ижодига, жаҳон шеъриятининг энг нодир намуналари, янги серреалистик оқимнинг турли шакл ва услублари, умуман, янги ўзбек шеъриятига кенг ўрин берила бошлади. Француз, Болтиқбўйи адабиёти, испан ва япон шеъриятидан амалга оширилган энг охирги таржималар ҳам журнал саҳифалари орқали кенг китобхонларга етиб борди. Бугун бордию «Ёшлик» журнали бўлмаганда саксонинчи йиллар адабиёти нақадар ғариб бўлиб қолишини тасаввур қилиш қийин эмас.
    Тошкентга янги келган кезларимиз. Шеърдан бўлак дардимиз йўқ. Қишлоқда қолиб кетган бола-чақа, эшик-элик, мол-ҳол, азизлар, эл-уруғ – тақдирга ҳавола қилинган. Улар нима билан яшаб, қандай кун кўраётганини Худонинг ўзи билади…
    «Ёшлик» журнали ёшлар адабиётининг меҳробига айланди. Журналнинг талаби қаттиқ. Қилни қирққа ёрадиган нуктадон муҳаррирлар, сўзни минг кўйга соладиган шоирлар, шеърият ҳақидаги мунозара ва баҳслар, давра суҳбатлари… Эҳтимол етмишинчи-саксонинчи йиллар адабиётининг энг сара намуналари, умуман, мустақиллик учун кураш даври адабиётининг оёққа босиши, ҳеч бир қолипга тўғри келмайдиган исён тўла шеърлар, насрий асарлар ва ўнлаб истеъдодли ёшларнинг адабиётга кириб келишида ҳеч бир нашр «Ёшлик» журналичалик катта рол ўйнамагандир. Ҳамма ана шу «меҳроб»га бош урган. Шеър ва шоирликнинг мақоми ҳам «Ёшлик» журналининг мезони билан ўлчанади. Тожикистондан келган биз каби мусофир қаламкашларга бу қадар нуфузли журнал эшигига бориш нима эканинни тасаввур қилиш қийин эмас. Қайси эшикка бош суқсангиз ҳеч қур бир марта «Қаердансиз?» деб сўраш, албатта, бор. «Ҳаҳ, – дейди қаерданлигингизни билган шўринг қўрғур ичида, – ўзимизникилар етмай турганди…» Сира эсимдан чиқмайди. Тошкентга келганимнинг тўртинчи йили эди, чамаси. Шундай тоифа адиблар пайдо бўлдиларки, улар ўзбек адабиётини, албатта, Ўзбекистонда туғилган адибларгина яратиши керак, деб даъво қила бошладилар: «Поездга осилиб келганларга йўл йўқ!» Улар ҳатто ҳазрат Навоий қаердадир Афғонистонда яшаб ўтганлиги ва Ҳирот Тошкентдан хийла узоқ бўлса-да, у зотга бутунтуркий адабиётнинг тамал тошини қўйишларига монеълик қилмаганини тушуниб етишмасди. «Маҳаллий қаҳрамон»лар сирасидан, ўнлаб китоблар муаллифи бўлмиш адиблардан бири кўзларимга тик боқди ва ашаддий душмани билан ниҳоят юзма-юз келгандек: «Қачон кетасан?» – деди нафрати ичига сиғмай. Мен «Қаёққа?» дедим унинг мақсадини сезиб турсам-да. «Ватанингга!..» – деди адиб ҳеч андиша қилмай. У негадир ҳатто ижара уйи ҳам йўқ, бола-чақасини қишлоққа қийратиб ташлаб келган мендай бир нотайиннинг сиймосида гўёки унинг ўтирган ўрнини торайтириб қўяёзган оддий мусофирни эмас, нақ босқинчини кўриб тургандек эди. Бунга ўхшаш «Қачон кетасан»ларни кейинчалик яна кўплаб адиб ва шоирлардан эшитдик. Тафаккури маҳаллий доирадан тажовуз қилмаган бундай кимсаларнинг уруғ-аймоқчилиги, «ўзиники»ни кўтар-кўтар қилиб, «бегона»ларни оёқ остишга олиб эзғилашлари оддий ҳол эканлигини англаб етиш учун ҳали йигирма-ўттиз йил «бегоналарча» яшаш керак эди. Ва шундай яшадик ҳам… Сут билан кирган бу мудҳиш фожиа – касалликнинг даво топишига менинг кўзим етмайди. Эҳтимол жисму жони, руҳонияти пок, ўзлигини англаган, ақалли, ҳаммамиз бир Ота, бир Онанинг фарзанди эканлигимизни тушунадиган насллар келар, улар тили бир, наслу насаби бир, ирқи бир, аммо тарих тақозоси билан бошқа-бошқа сарҳадларда яшаётган миллатдошларини юзига тупурмас, уларнинг бетига эшикларини қарсиллатиб ёпмас, кўкрагидан итариб юбормас. Бизнинг ягона миллий фожиамиз худди ана шу – айни зиёлиларнинг маҳаллийчилиги эканлигини англаб етмагунимизча.

    www.kh-davron.uz

     

    Асқар Маҳкам: Адабиёт ибодати

    Published on februari 14, 2013 · Filed under: "Янги Дунё" кутубхонаси;
    Kommentarer inaktiverade för Асқар Маҳкам: Адабиёт ибодати

Comments are closed.