ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

februari 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728  
  • Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (1)

    01Исмат Хушевни Тошкент аэропортида кутиб олиш ҳаяжонлари

    Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди,
    Ўн йил қишлоғимдан юрибман узоқ.
    Мен юрган йўлларда ўтлар унибди,
    Кўмилиб бўлибди мен кезган сўқмоқ…

    (Абдулла Ориповдан)

    Ватанга сафар…

    “Нью Йорк – Тошкент” йўналишидаги самолётга чиққанингиздан Ўзбекистон бошланади. Йўловчилар, асосан ўзбек қизларидан ташкил топган дилбар ва нозанин стюардессалар, ўзбекча калом ва газеталар Сиз серқуёш ва меҳмондўст Ўзбекистонга бораётганингиздан далолат бериб туради.

    Ўн йил муқаддам бу самолётларда бундай ўзбекона ва миллий ҳолат кўзга ташланмасди.

    Самолёт учишга тайёрланаркан, соф ўзбек тилидаги каломдан дилингиз илк бор она юрт соғинчидан энтикиб кетади:

    “Ассалому алайкум азиз йўловчилар. Кема сардори Бахтиёр Қодиров бошчилигидаги экипаж аъзолари ва парвоз бекалари Сизларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси номидан қутлайди ва Сизларга ёқимли парвоз тилайди…

    Кўп ўтмай айни қутлов рус ва инглиз тилларида ҳам такрорланади. Қалбингизда узоқ айрилиқдан сўнг она Ватан томон учишда ҳамроҳ бўладиган ҳис ва ҳаяжонлар бош кўтаради…

    Ўзбекистон Президенти номига Ватанга қайтиш учун рухсат сўраб ёзилган мактубимга ижобий жавоб олган куннинг эртасигаёқ йўлга чиқдим. Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консуллигида керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, аэропортга чиқарканман, ўн йил ичида хориж элларда кўрган кечирганларим бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади…

    Салом Ўзбекистон – она Ватаним,

    Сенга фидо бўлсин жон бирла таним.

    Нега юртбошига хат ёзганимни,

    Англаб етолмайди ҳеч қачон ғаним…

     

    Парвоз…

     

    “Нью Йорк”дан Тошкентга парвоз қилган самолёт роппа-роса тўққиз соатдан сўнг Ригада тўхтаб, нафас ростлаб олади. 10 000 метр баландликда, ташқаридаги ҳаво ҳарорати 50 даража совуқда океан узра осмону фалакда учиб бораркансиз, умр ва ҳаёт мазмуни ҳақида истайсизми йўқми, ўйлашга мажбур бўласиз.

    Бундай дейишимга сабаб шуки, агар самолёт эсон омон манзилга етиб, ерга қўнса, ҳаётингиз яна давом этади. Умрингизни яшаб юраверасиз. Мабодо, худо кўрсатмасин, бирор кор ҳол рўй бериб, остингиздаги беҳудуд денгизга қулаб тушсангиз, умрингиз ҳам, ҳаётингиз ҳам якун топади…

    Эҳтимол, шунинг учунми билмадим, ҳар гал самолётга чиқарканман, турли-туман бемаъни хаёллардан чалғиш учун коньяк ёки виски ичиб, ўзимни овутишга ҳаракат қиламан.

    Парвоз чоғи Сизга иссиқ овқат, турли хил ичимликлар ва нонушта берилади. “Боинг 767” русмли самолётларда парвоз қилиш жуда қулай ва ёқимли. Кенг ва юмшоқ ўриндиқлар, оёқ остидаги гулдор гиламлар Сизни худди уйингизда ёки меҳмонхонадаги каби ажиб ва дилхуш бир кайфиятга ҳамроҳ қилади.

    Фақат иллиминатордан ерга қарамасангиз, бас. Акс ҳолда яна умр ўткинчилиги ҳақида ўйлаб, хаёлларингиз фаромуш бўлиши турган гап.

    Рўпарангиздаги телеэкрандан истаган фильмингизни томошо қилишингиз мумкин. Кинолар ўзбек, рус ва инглиз тилларида нмойиш этилади. Мен Тошкентга парвоз чоғи “Телба” фильмини кўриб, бир оз таскин топдим. Фильм қаҳрамонларининг фожеали қисматидан эмас, йўқ, “Ўзбекфильм” ҳам нияҳоят яхши ва дуруст кинолар ярата олиши мумкинлигидан таскин топдим десам тўғрироқ бўлар…

    Ва ҳар гал самолётда учарканман, осмону фалакдаги парвоз чоғи битилган Абдулла Ориповнинг қуйидаги дилбар сатрларини қайта ва қайта ёдга оламан:

    Чарх урар эрдим фазода, юлдузим йўлдош эди,

    Юлдузимга термулиб юлдуз кўзимда ёш эди.

    Дер эдим: Жон юлдузим васлингга бир етказ мани,
    Ул деди: Кўк севмагай сандай гуноҳкор бандани…

     

    Салом Ўзбекистон, азиз Ватаним!

     

    …Ригадан яна кўкка парвоз қилган самолёт роппа роса беш соат учиб, Тошкентга қўнади.

    Ўн йиллик айрилиқ азоблари беш соат ичида тамомила унутилиб, Сизни мутлақо бошқа бир одамга айлантириб қўяди. Беш соат умрингиз мазмуни ва моҳияти ҳақида ўйлаб, бор ҳаётингиз бирма бир кўз ўнгингиздан ўтаркан, ўн йиллик айрилиқдан сўнг Ўзбекистонга қадам қўйгандаги ҳис ва ҳаяжонлар сизни ўзига тамомила асир қилиб олади…

    Қизиқ, бир пайтлар Сиз амалингиздан олишгани учун бу давлатга, ҳукуматга аччиқ қилиб, ўзга давлат ва ҳукуматдан паноҳ истаган эдингиз. Бугун эса яна шу Ватанга, Сиз бир пайтлар юзсизлик ва шаккоклик қилиб, дарвозасини қаттиқ ёпиб чиқиб кетган она Ватанга бош эгиб, қайтиб келяпсиз. Ватан, барибир Ватан-да. Яхшимки, у Сизни кечирди. Кечирмаслиги ҳам мумкин эди-ку…

    Ниҳоят самолёт оёқлари Ўзбекистон ерига оҳиста қўнаркан, салон узра беихтиёр қарсак садолари янграйди. Юрагингиз қинидан чиқиб, ташқарига отилай дейди. Беихтиёр кўзларингиз ёшга тўлади…

    “Боинг 767” секин аста ўз тўхташ бекатига буриларкан, беихтёр иллиминатордан “Тошкент-2” деган ёзувга кўзим тушиб, юракларим жимирлаб кетди. “Бош муҳаррир” мақомида Ислом Каримовга яқин бўлиб, гуриллаб юрган пайтларим расмий ҳукумат аъзолари учадиган бу манзилдан дунёнинг жуда кўп нуқталарига парвоз қилардим.

    Орадан роппа роса ўн йил ўтиб, мана энди яна шу жойдаман. Лекин энди расмий ҳукумат мақомига эга мулозим сифатида эмас, балки ўзга юртдан бошпана олган сиёсий муҳожир сифатида…

    Тошкент аэропорти бу гал бизни бизни ўзига хос сокинлик ва синчковлик билан кутиб олди. Миллий Хавфсизлик Хизмати назорати ва Божхона ходимлари кўригидан ўтарканмиз, “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” деган самимий каломдан кўнглимиз ёришиб, ташқарига чиқдик.

    Бу ерда бизни ўн йил кўрмаган қариндошларимиз кутиб туришарди…

    Агар таъбир жойиз бўлса, истеъдодли шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги шеъри бизнинг ўн йиллик айрилиқдан сўнг Ватанга қайтгандаги ҳолатимизни қайсидир маънода ифода этгандек бўлади:

    Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,

    Қанча манзилларда туздим ошиён.

    Ва ажиб ҳикматга охир юз бурдим:

    Сийланган жойида азиздир инсон.

    Юртим, сенда экан насибам тугал,

    Сен ўзинг номусим, шавкатим, шоним.

    Сен онам, сен синглим, ёримсан азал,

    Эй, жоним жаҳоним – Ўзбекистоним.

    Иста, қисматимга ўзинг бер берҳам,

    Иста, яхши кунда номим этгил ёд.

    Менсиз ҳам мукммал экан бу олам,

    Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзот…

    (давоми бор)

    www.dunyouzbeklari.com

    Published on februari 17, 2013 · Filed under: Қувғиндаги ижодкорлар;
    Kommentarer inaktiverade för Исмат Хушев: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (1)

Comments are closed.