-
Рутубатли кунлар
2012 йилнинг феврал ойида таниқли имом Обидхон қори Назаровга суиқасд қилган қотилининг орадан кўп вақт ўтмай, ўтган йилнинг 11 октябрь куни Россия хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабар кўпчилик каби бизда ҳам адолат қарор топишига, қотил ва унинг буюртмачилари албатта жазога тортилишига ишонч уйғотди.
Яна бир хушхабар, шу пайтгача хушсиз ҳолда ётган Обидхон қорининг соғлиги яхшилана бошлаганини шифокорлар имомнинг ўғли Довудхонга маълум қилишибди. Демак, умидлар ўлмаган, Обидхон қори албатта соғайиб, яна шогирдлари, уни интизорлик билан кутаётган мухлислари сафига қайтади.
Камина 2008 йилдан 2010 йилгача Обидхон қори Назаров билан бир неча марта учрашиб суҳбатлашганман. Учрашувлар давомида олинган суратлар, аудио ёзувлар ҳамон архивимда сақланади. Учрашувлар ва суҳбатлар давомида Обидхон қори софдил, тўғрисўз, самимий, маърифатли бир инсон ўлароқ менда жуда яхши таассурот қолдирган эди.
Бугун бу азиз инсон ҳақидаги эсдаликларимни сиз мўътабар ўқувчилар билан бўлишгим келди.
Хотираларда баъзи ўринсиз атамалар, кимларгадир ёқмайдиган иборалар қўлланилган бўлса, каминани айбга буюрмайсиз, деб умид қиламан.
Муаллиф.
****
Обидхон қори билан дастлабки учрашув
2009 йилнинг қаҳратон қиш кунларидан бирида Афғонистондан Швецияга яқиндагина келган ўзбек асллик тилшунос олим Абдулла Тошқин билан мамлакатнинг шимолий ҳудудларига сафарга чиқадиган бўлдик. Сафаримиз давомида Швеция шимолида яшаётган кўплаб ўзбеклар, жумладан машҳур имом Обидхон қори Назаров ва унинг жамоаси билан учрашишни режалаштирган эдик.
Биз яшаб турган Тимра шаҳридан мамлакат шимолидаги Обидхон қори Назаров яшайдиган Стромунд шаҳарчасигача тахминан 150 километрлик йўл.
Швеция шимоли қишда жуда совуқ бўлиши кўпчиликка маълум бўлса керак. Айниқса, кеч кириб, оламни қоронғулик пардаси қоплагач, атроф жуда қўрқинчли бўлади.
Қиш пайтларида эрталабки соат тўққизларда эринибгина атроф жавониб ёришиб, кечки пайт соат тўртга етмай оламни қоронғулик босиб олади. Шу боис қишда кўпроқ қоронғу пайтда юришга тўғри келади.
…Стромсундга кеч тушганда етиб бордик. Бизни Обидхон қорининг шогирдларидан бири, биз билан олдиндан телефон орқали гаплашган Абдулла ака исмли киши кутиб олди.
“Бугун кеч бўлиб қолди, қори ака билан эртага учрашасизлар” деганча бизни икки хоналик, бўш уйлардан бирига олиб бориб меҳмон қилди.
Ўша куни биз билан учрашишга Обидхон қорининг укалари Абдумалик ака ҳам ҳозир бўлган эдилар.
Стромсундда Обидхон қорининг оила аъзолари билан бирга икки укаси ҳам ўз оилалари билан яшашар экан. Укалари жуда самимий, хушфеъл кишилар эди. Айниқса, Абдумалик аканинг самимий ва очиқ кўнгилликлари менга маъқул бўлди.
Стромсунд Швеция шимолидаги жуда гўзал табиатли кичкина шаҳарча. Бу ер баҳор ва ёз ойларида жуда чиройли бўлади, дейишади.
Обидхон қори Швецияга келган дастлабки ойларда унга Стокҳолмга яқин бўлган Оребро шаҳри яқинидаги Ҳеллефорш коммунасидан жой беришган экан. Лекин шогирдлари бу ер хавфсиз ва тинч жой бўлгани учун имомни оила аъзолари, укалари билан бирга Стромсундга кўчириб келишган.
Стромсундга келган бегона кишилар тезда ажралиб қолади. Сабаби шаҳар кичкина бўлгани боис кўпчилик бир -бирини яхши танийди. Айниқса, Обидхон қорини сўраб келган кишилар ҳақидаги маълумотлар жуда тез тарқалади. Қори аканинг изнларидан чиқмайдиган укалари, шогирдлари ёки маслакдошлари шаҳарчага ташриф буюрган меҳмонларнинг шахсиятини яхшилаб ўрганганларидан кейин, меҳмонни имом билан учрашишига имконият яратиб беришади.
Шогирдлар мени “Янги Дунё” саҳифаси муҳаррири ва журналист сифатида яхши билишлари боис, эрталаб бизни Обидхон қорининг уйларида бўладиган нонуштага ҳеч қандай монеъликсиз таклиф қилишди.
Стромсундда тонг отгач, эрталабки бомдод номозини шу ердаги ўзбеклар очган кўп қаватли уй ертуласидаги масжидда ўқиб, ундан сўнг Обидхон қори билан учрашишга келишиб олган эдик.
Ҳаво жуда совуқ эди. “Бугун ҳаво ҳарорати минус 40 даражага чиқди” деди бизни кузатиб борган Абдулла ака.
Ҳақиқатдан бу қаҳратон совуқда кўчада узоқ вақт туриб қолиш жуда хатарли эди. Атрофда бирор кимса кўринмайди. Ҳамма иссиқ уйдан чиққиси келмасди шекилли.
Тез фурсатда масжидга етдик. Масжидда бомдод номозига ҳозир бўлган мусулмонларнинг деярли барчаси ўзбеклар эди.
Стромсундда тахминан 200 га яқин ўзбек оилалари яшашар экан. Уларнинг аксарияти Тошкентлик ва деярли барчалари Ўзбекистонда ваҳобийлик диний -сиёсий оқимига алоқадорликлари учун таъқибга олинган кишилар.
Улар ҳар куни беш вақт кундалик намозларини тўрт қаватлик уй ертўласида ташкил қилинган шу масжидда ўқишар, ҳар куни кечки пайтда ўзаро йиғилиб, турли тадбирларни муҳокама қилишар экан.
Айтишларича, Обидхон қори раҳбарлигида, бу ердаги мусулмонларнинг озиқ- овқатлари, кийин -бошлари ва бошқа зарурий ишлари пухта ишланган режа асосида қойилмақом қилиб ҳал қилинади.
Стромсунддан тахминан 800 км узоқликдаги Гётеборе шаҳридан ҳалол озиқ- овқат маҳсулотлари, кийим -бошлар ва бошқа кундалик эҳтиёж молларини олиб келиб, тарқатиш учун алоҳида кишилар масъул қилиб тайинланган. Ҳар ойда бир марта ўртадаги харажатлар учун маблағ тўпланади ва ой охиригача бу пуллар истифода этилади.
Ҳукумат “Акромийлар” деб билан диний гуруҳга алоқадор икки оила ҳам шу шаҳарчада, улар билан бир маҳаллада яшашар экан.
Эътиборимни тортгани “Акромийлар”нинг “Ваҳобийлар”дан ажратиб турадиган жиҳати, уларда узун соқол йўқ эди. “Ваҳобийлар”нинг айримлари (биз шартли равишда уларга шундай ном бердик) нақ киндикка келадиган узун соқол қўйиб олишган, улар ўз соқоллари билан фахрланишар, Пайғамбаримиздан қолган суннат бу, деб мақтаниб ҳам қўйишар эди.
“Акромийлар” уларнинг узун соқолларини ёқтирмаслиги ўзаро суҳбат асосида бизга маълум бўлди. Улар қандай қилиб бўлса ҳам бу ердан ўз маслакдошлари яшайдиган Швециянинг Калмар шаҳрига кўчиб кетишни исташар эди.
“Уларнинг соқолларига қаранг, жуда беўхшов. Булар шведларга жуда ёмон таъсир қилади. Ўтган йили мана шу масжидни ҳам миллатчи шведлар ёқиб кетишди”, деганди кейинчалик ўзаро суҳбатимиз давомида “Акромийлар”дан бири.
Соқол ва ҳижоб Европада кучайиб бораётган аксил мусулмон кайфияти учун асосий сабаб бўлиб хизмат қилаётган бўлса не ажаб. Лекин ҳеч ким бу каби мусулмонларни ўз диний одатларидан воз кечишга мажбурлаши мумкин эмас.
”Соқолли мусулмонлар” ва ”ҳижобли аёллар” мамлакат тинчлиги, давлат хавфсизлигига таҳдид солмаса, бунинг нимаси ёмон?
Шуни айтиб ўтиш лозимки, ”соқолли мусулмонлар” орасида ҳам ўта радикаллари учраб туради.
Дилмурод Худойқул исмли Норвегияда яшаб юрган ўта радикал қарашдаги бир ўзбек киши бўларди. Ўзига ярашмайдиган узун соқол қўйиб олган бу кимса дин учун ҳар қандай жойда ўзини портлатиб юборишга тайёр эканлигини айтиб баёнот берган ва бу ахмоқона фикрлари учун кўпчилик мусулмонлардан таъна – дашном эшитган эди. У билан ҳатто Норвегия ва Швеция хавфсизлик хизматлари шуғуллана бошлаганига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Гап шундаки, Дилмурод Худойқулнинг баъзи бир мақолаларини “Янги Дунё” саҳифасида эълон қилганим боис Швеция хавфсизлик хизмати – “Сэпо” ходимлари менга қўнғироқ қилиб, бу одамни қаерда яшашини сўрашган, мен бу ҳақда билмаслигимни айтган эдим.
Дилмурод Худойқул ўша воқеадан кейин Швеция жанубига қочиб келиб яшриниб юрганини ва кейинчалик дом- дараксиз кетганини эшитдим.
Хуллас, ўша куни биз Обидхон қори билан учрашиш ниятида имом асос солган Стромсунддаги масжидда бомдод намозини ўқиш учун йиғилган эдик.
Масжидда Ўзбекистондан келтирилган диний, бадиий адабиётлардан ташкил топган кичкина кутубхона ҳам бор экан. Уларга разм солиш, баъзи ўзбеклар билан суҳбатлашиш асносида бироз вақт ўтди. Намоз вақти ҳам бўлиб қолганди.
Бомдод намози ўқиладиган вақт етганда масжидга Обидхон қори кириб келдилар. У киши салобат билан юриб имом учун тайёрланган жойнамозга бориб, ибодат учун шайланган кишиларга бир қараб қўйдилар ва “сафларни тўғрилаб олинганлар” дедилар.
Меҳмон бўлганимиз боис ҳурматимизни жойига қўйиб, бизни биринчи қаторга ўтказишган, биз эса айни пайтда, кўпчиликка яхши таниш бўлган, машҳур имом Обидхон қори Назаровнинг шундоққина ёнларида турардик.
****
Юракдаги фарзанд доғи
Тошкент Давлат Университетининг Журналистика факултетида ўқиб юрган кезларимизда Обидхон қори Назаров имомлик қиладиган Тошкентдаги “Тўхтабойвачча” масжидига ҳар жума куни борардик. Мақсадимиз жума намозини жамоат билан бирга ўқиш ва халқ ичида машҳур бўлиб кетган “Обидхон Собитхон ўғли” маърузаларини тинглаш эди.
Обидхон қори ислом дини ва мусулмонлар хулқу одоблари ҳақида сўзлар экан, бутун вужудимиз билан, тош қотиб эшитар, гўёки қандайдир сеҳрли дунёга кириб қолгандек сезардик ўзимизни.
Жума кунги амру маъруфга узоқ – яқиндан юзлаб одамлар оқиб келар, масжиднинг ичи, айвонлар, ҳатто кўчаларгача намозхонлар билан лиқ тўларди.
Бир гал Обидхон қори масжидга кираётган пайтда беихтиёр кўзларимиз тўқнаш келиб қолиб, салом бердим. Саломимига алик олар экан, у кишининг кўзларидаги сокинлик эътиборимни тортди. Бу кўзлар эзгулик, ҳалоллик, меҳр – мурувватга тўла эди.
Кейин узоқ вақт Обидхон қорининг ўша оний лаҳзалардаги нигоҳи кўз ўнгимдан нари кетмай юрди.
95 йилардан кейин “Тўхтабойвачча” масжидидан файз, тароват йўқолгандек бўлди. Обидхон қори Назаров имомликдан кетгани, “ваҳобийлар” уя қуриб олгани боис ҳукумат масжидга келиб- кетиб юрган кишиларни қаттиқ назорат остига олгани ҳақидаги гап- сўзлар халқ орасида кенг тарқалган эди.
Бу вақтга келиб мен ҳам турли юмушлар, тирикчилик ташвишлари билан бўлиб, масжидга қатнамай қўйган, турли газеталарда ишлаб, рўзғор тебратиш билан оввора эдим.
Мана бугун Обидхон қори Назаров билан яна учрашдим. Намоз вақти тугаган, ўша сокин, меҳрга тўла кўзлар менга самимий, синчковлик билан тикилиб турарди.
Ватандан узоқда, олис шимол ўлкасида узоқ вақт кўришмаган биродарлардек қучоқ очиб кўришамиз.
“Бизни шаҳримизга хуш келибсиз. Мен сиз ҳақингизда эшитганман. Сизни интернет саҳифангизни доимо ўқиб бораман” дейдилар Обидхон қори.
Самимий айтилган бу сўзлар билан ўртамиздаги қандайдир кўринмас тўсиқ олиб ташлангандек эди.
Зиёратга келган кишиларни кутиб олиш, албатта меҳмон қилиб, хушкайфият билан кузатиб қўйиш, бу ерда жуда яхши йўлга қўйилган экан.
Стромсундда совуқ ҳавони ҳисобга олмаса, худди Тошкентдаги маҳаллалардан бирида юргандек ҳис қиласиз ўзингизни.
Масжидга кириб чиқаётганларнинг барчаси ўзбеклар. Кўча – куйда бизга салом бериб ўтаётганлар ҳам, мусулмонча кийиниб, ўзаро гаплашиб турган аёллар ҳам ўзбеклар эди.
Ёнимиздан ўтиб кетаётган икки аёл эътиборимизни жалб қилди. Улардан бири ёши 60 лардан ошган, исломий кийимдаги ўзбек онахон, иккинчиси ўрта ёшлардаги швед аёл эди. Онахон швед тилида ўз суҳбатдоши билан шу қадар равон сўзлашар эдики, рости мен бундан ҳайратга тушдим.
Обидхон қори бизни режаларимиз ҳақида сўраб, билгач,”Биз ҳар шанба куни тўпланиб, турли тадбирлар уюштирамиз. Бугун ҳам бир тадбиримиз бор. Қарши бўлмасангизлар нонуштадан кейин бизни йиғилишимизда иштирок этсангизлар” дея лутф қилдилар.
Биз бажонидил рози бўлдик.
Қори ака масжидга яқин, кўп қаватли уйлардан бирида яшар эканлар. Уйда ўзлари ва ўғиллари Довудхондан бошқа ҳеч ким йўқдек туюлди менга. Кейинчалик ҳам Обидхон қори ва у кишининг шогирдлари уйларида бўлганимизда, уларнинг аҳли аёлларига кўзимиз тушмади. Аёллар ҳеч қачон уйга келган эркак меҳмонлар истиқболига чиқишмас, ўзларини олиб қочишар, уй эшиклари ва деразаларга тутилган пардалар ортида хизмат қилиб юришар экан.
Меҳмонхона анча шинам эди. Ерда тўшалган оҳорли қалин гилам устига соф ўзбекча қилиб кўрпачалар солинган. Ўртадаги дастурхонда эса нонушта учун барча таомлар муҳайё эди.
Асалдан тортиб, писта бодомгача, мева- чевалар, сут, қатиғ, тухум, ўзбекча ширмой кулчалар, ҳозиргина пиширилган сомсалар, турли яхна ичимликлар, чой, кофе, дейсизми, хуллас ҳамма нарса муҳайё эди.
Ўнг томондаги шкафда териб қўйилган китобларга кўз югуртираман. Турли диний адабиётлардан ташқари, китоб жавонида Ўзбекистонда нашр этилган ҳуқуқшуносликка оид китоблар, Жиноят Кодекси, Фуқаролик Кодекси, Юридик атамалар луғати, барча- барчаси бор эди.
Нонушта қилар эканмиз, “Бу китоблар бежиз бу ерда турмаган бўлса керак. Қори ака ҳуқуқшуносликка қизиқар эканларда” деган ўй кечади хаёлимдан. Кейин Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганча, ном- нишонсиз йўқолган ўғиллари Ҳусниддин ёдимга тушади. Балки, ўғилларини излаб топиш, ўз ҳақ – ҳуқуқлари учун курашиш учун бу китоблар керак бўлгандир. Қайдам, яна ким билади?
“Ўғлингиз, Ҳусниддиндан дарак борми, қори ака? “ сўрайман Обидхон Назаровдан.
“Суриштираяпмиз. Ҳусниддинни ҳозир қаерда эканлигини ҳеч ким айтиб беролмайди” дейдилар қори ака.
Ўғиллари ҳақида гапирар экан, Обидхон қорининг овозлари титраб чиқаётгандек туюлади менда. Ўз фарзандини қаерда эканлигини билмай яшаш, ота учун қанчалик оғир эканлигини юрак – юрагимдан ҳис қиламан.
Кейинги 20 йил ичида Ўзбекистонда изсиз йўқолган диндорлар сони қанча эканлигини ҳеч ким ҳисобини олмаган. Ўғирлаб кетилган ва ҳанузгача қаерда сақланаётгани маълум бўлмаган диний уламолардан бири Абдували қори Мирзаев эди. 2001 йилдан изсиз йўқолганлар сафига Ҳусниддин Назаров қўшилди.
“Ҳусниддинни излаб топиш бўйича бирор ҳаракатлар қилаяпсизларми?” сўрайман суҳбатдошимдан.
Обидхон қори бу масалада халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ёрдам сўраб мурожаат қилганликларини айтадилар. Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Ҳусниддинни қаердалигини аниқлаб беришни талаб қилишаётган экан.
Лекин, ҳеч қандай натижа йўқ эди.
“Кўплаб биродарларимиз Ўзбекистон қамоқхоналарида қийналиб яшашаяпти. Уларга қандай ёрдам берсак бўлади?” дея мендан маслаҳат сўрайдилар Обидхон қори.
Мен суҳбатдошимга ва даврада биз билан бирга нонуштага йиғилган қори аканинг укалари ва шогирдларига, маҳбус диндорларга ёрдам бериш бўйича мунтазам иш олиб борадиган, мусулмонлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган алоҳида бир гуруҳ ёки ташкилот тузиш кераклигини айтаман.
“Биласизлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бевосита Инсон Ҳуқуқлари билан шуғулланадиган Қўмитаси бор. Бу қумита БМТга аъзо бўлган давлатларда инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича ҳар йили ҳисобот эълон қилади. Бу ҳисоботда негадир Ўзбекистондаги диндорларга қилинаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида деярли маълумотлар йўқ экан. Кам сонли ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатаётган хабарлар уларга етиб бормайди. Жабрланган кишиларнинг ўзлари бу қўмитага ариза билан мурожаат қилишлари керак. Шундан кейингина қўмита Ўзбекистон ҳуқуматидан бу аризада номлари келтирилган кишилар ҳақида сўровнома юборади. Ҳукумат эса БМТ қўмитаси сўрвономасига жавоб беришга мажбур.”
Обидхон қорига яна БМТ, ОҲХТ (ОБСЕ), Ўзбекистон элчихоналари ва бошқа жойларда тинч намойишлар ўтказиш орқали ҳам ўз норозиликларини билдиришлари мумкинлигини айтаман.
“Қамоқда қийналиб ётган биродаримизни қутқариш учун биз Аллоҳ йўлида барча ҳаракатларни қилишимиз керак. Аввало Худо, лекин сиз айтган имкониятлардан фойдаланмай, қўл қовуштириб ўтирсак, биз катта гуноҳ иш қилган бўламиз”, дейдилар қори ака.
Ва бу масалага албатта яна қайтишга келишиб оламиз.
Қори ака пахта гулли пиёлада менга чой қуйиб узатадилар. Беихтиёр қаҳратон қиш забтидан қорайиб, терилари кўкимтир тусга кира бошлаган қўлларига кўзим тушади.
Швециянинг совуқ ҳавоси ўз ишини қила бошлаган эди.
Иссиқ, гармселли Тошкент ҳарорати бу ерда йўқ. Зах ва намчил шимол табиати иссиқ ўлкалардан келиб қолган муҳожирларга аста- секин таъсир эта бошлайди. Ватан соғинчи, сурункали деприссиялар, совуқ иқлим билан қўшилиб иродаси бўш инсонни адои тамом қилади.
Болалар организмлари ёш ва айни ўсиш жараёнида бўлгани боис, улар янги иқлимга тез кўникиб кетишлари мумкин. Бироқ, ёши катта, кексая бошлаган, касалванд кишиларга жуда қийин.
Стромсундда тўпланган бу аҳил диний жамоа ҳамма жойни Аллоҳнинг ери деб билишар эди.
Уларни бу қадар аҳил эканлиги, тўғриси мени ҳайратга солди. Ҳамма нарсани фақат Аллоҳ йўлида қилишади. Уларнинг дўстлиги, ўзлари айтганларидек биродарликлари, ўзаро борди- келдилару, меҳмондорчилик, савдо -сотиқ ишлари, ҳамма -ҳаммаси Аллоҳнинг розилиги йўлида бажарилади. Қолган барча нарсалар иккинчи даражали.
Ҳафтанинг шанба кунлари Стромсунддаги “Халқ Уйи” маданият бўлимининг ўртачароқ зали Обидхон қори бошлиқ ўзбек мусулмонлари ихтиёрига бериб қўйилган. Улар бу ерда турли йиғилишлар, дин тўғрисида, диний тарбия, мусулмонларнинг ахлоқ- одоблари, уларнинг ўзга юртларда ўз динлари, тиллари ва урф одатларини қандай сақлаб қолишлари ҳақида ўзаро маслаҳатлашиб олишади.
“Икки соатдан кейин йиғилишимиз бошланади, унгача саволларингиз бўлса бажонидил, жавоб беришга тайёрман” дейдилар Обидхон қори.
Мен қори ака билан “Янги Дунё” саҳифаси учун алоҳида суҳбат қилишга келишиб олган эдим.
Обидхон қори қандай оилада таваллуд топганлар?
Қайси олий ўқув даргоҳларида таҳсил олганлар?
Кўзга кўринган диний уламо бўлиб етишишлари омиллари нимада?
Тошкентдаги фаолиятлари…
Қозоғистондаги, сўнгра Швециядаги ҳаётлари …
Швециядаги мусулмонлар ҳаёт тарзи қанақа?
Аксилислом кайфияти боиси нимада?
Фикрлар, муносабатлар…Саволларни хаёлимда қайта – қайта такрорлаб, суҳбат учун бўшатилган алоҳида хонага кирар эканман, негадир ҳаяжонлана бошлаганимни ҳис қилдим.
****
Ёшлик дунёсига сафар
Ўзбекистонда ҳукумат тазйиқига учраган, кўзга кўринган дин арбобларидан бири Обидхон қори Назаров билан биринчи марта учрашиб, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлиб турардим.
Обидхон қорининг ҳукумат билан келиша олмай, мусофир ўлкаларда, Швециядек зах ва мунтазам қиш фасли ҳукмрон бўлган мамлакатда яшашга маҳкум этилгани, балки бу инсоннинг тақдирига ёзилган азалий қисматдир. Начора қисматдан ҳеч ким қочиб қутила олмайди.
Ҳиндларнинг муқаддас китоби “Веда”ларда инсон тақдирининг қандай кечиши унинг табиати, феъл – атворига чамбарчас боғлиқлиги айтилади. Инсон характери қандай бўлса, унинг тақдири ҳам шунга мос бўлиши ҳақиқатдан тўғримикан? Ёки, ижтимоий муҳитнинг, оиланинг таъсири каттами инсон ҳаётига? Қайдам, бу азалий саволлар жумбоғини Яратувчидан ўзга Зот билмаса керак.
Суҳбатдошим Обидхон қорининг қандай оилада камол топгани ҳақида кўпчилик билмаслиги табиий. Шахсан мен ҳам, тўғриси, бу ҳақда бирор манбаъларда ўқимаган эдим.
“Обидхон Собитхон ўғли номи билан машҳур диний уламо қандай оилада таваллуд топганлар? “ дея биринчи саволимни бераман суҳбатдошимга.
“Сизнинг иборангиздан келиб чиқадиган бўлсам, мен уламоларга бериладиган унвон ва сифатларга муносиб эмасман, деб ўйлайман” дейдилар Обидхон қори камтаринлик билан.
Камтаринлик инсоннинг энг яхши фазилати эканлигига кўп бора иқрор бўлганман. Бу илоҳий хислат одам боласини юксакка кўтаради. Ғурурга берилиб, такаббурлик қилиб юрганлар аҳволи қанчалик ачинарли эканлиги кўпчиликка аён.
Обидхон қорини худди шу хислати, худди шу инсоний фазилати сарбаланд этмадими? Каттаю кичикка бирдек яхши муамалали бу инсонни нега халқ ичида шу қадар олабўжи қилиб кўрсатишлари сабабини сира тушуна олмайман. Ёки бу самимият, бу тавозеълар замирида мен англаб етмаган бошқа маънолар борми?
Обидхон қори Наманган шаҳридаги олдинги “Галақозон”, ҳозирги “Тахтакўприк” маҳалласида оддий диндор ишчи оиласида туғилганликларини айтадилар.
Оталари Собитхон Абдуназар ўғиллари диний илмлари бўлмаса ҳам, қаттол советлар ҳукмронлиги йилларида ислом талабларига амал қилиб келганлар. Оналари Муҳаррамхон Абдусалом қизи ҳам ибодатли аёл бўлган эканлар.
“Биз оилада тўрт ўғил ва уч қизмиз. Ота- онамиз бизларни мана шундай эътиқодли қилиб тарбиялашди. Доимо илм олишга, ибодатларни ўз вақтида қилишга, инсонларга хуш муамалали бўлишга даъват қилишди. Ҳамиша одамларга яхшилик қилишга ўргатишди. Аллоҳ умрларини узоқ қилсин, ҳозир ҳам улар ҳаётлар” дея ўз сўзида давом этади суҳбатдошим..
Тақдирнинг шафқатсизлигини қарангки, Обидхон қорига суиқасд уюштирилган ўша машъум 2012 йилнинг феврал ойида волидаи муҳтарамалари Муҳаррамхон аянинг кутилмаганда вафот этганликларини эшитдим. Ая севимли ўғилларининг жонига қасд қилишганини билмасдан, бу фоний дунёни тарк этибдилар. Ўғиллари эса ҳамонки азиз онаи зорлари вафотлари ҳақида билмасликлари табиийдир.
Биз эса келажакда юз бериши мумкин бўлган бу кўргуликлардан хабарсиз, олис Швециянинг қор босган узоқ бир шаҳарчасида қори аканинг болалик кунлари ҳақида суҳбатлашиб ўтирардик.
Обидхон қори Намангандаги “Тахта кўприк” маҳалласи ҳудудидаги 16- ўрта мактабда ўқиганликларини, ўн йиллик таҳсилдан сўнг икки йил шаҳардаги атлас тўқиш фабрикасида ишлаганликларини ҳикоя қилиб берардилар.
Болалик орзулари инсонга руҳий қувват бағишласа керак.
“Болалик кезларимдан Бухородаги “Мирараб” мадрасасига ўқишга боришни орзу қилардим. Шунга ҳаракат қилиб Тошкентдаги диний идорага келиб, ўқишга киришга ариза бермоқчи бўлдим. Лекин муддаом ҳосил бўлмади – ўша йили қабул йили эмас экан”, дея олис хотираларини мен билан баҳам кўра бошлайди суҳбатдошим.
Бу воқеа 1979 йилнинг айни ёз пайтида содир бўлган эди. Ҳали келажакда ўзини нималар кутаётганидан хабарсиз ёш Обидхон ўша пайтда Ўрта Осиё Мусулмонлар идорасининг муфтийси бўлган раҳматли Зиёвуддин қори Бобохон ўғли билан учрашиб, суҳбатлашишга муяссар бўлади. Узоқни кўра билувчи закий инсон, дастлабки учрашувдаёқ бу йигитнинг онгу шуурини, қалб кенгликларини тушуниб етгандек бўлади.
“Сиз Бухорода эмас, Тошкентдаги олий ислом маъҳадида ўқишингиз керак” дея маслаҳат берган Зиёвуддин қори, уни кейинги йилда бўладиган қабул жараёнларига қадар Тошкентдаги “Тилла Шайх” масжидида хизмат қилиб туришни тавсия қилади.
Обидхон қори Зиёвуддин Бобохон ўғлидек таниқли киши кўмагида масжидда хизмат қилиш билан бирга, Олий Ислом институтидаги дарсларда ҳам қатнашиб туриш имкониятига эга бўлади.
Орадан бир йил ўтгач, 1980 йилда Обидхон Назаров Имом Бухорий номидаги Ислом институтида ўқишга қабул қилинади.
Ҳали совет тузуми ҳукм сурган йиллар эди. Институт талабалари Давлат Хавфсизлик Хизматининг қаттиқ назорати остида яшашарди. Масжидларга кириб чиқувчилар мунтазам кузатув остида эдилар. Қуръон ва Ҳадисшунослик, ислом дини тарихи, ислом қонунчилиги, шариат илмлари коммунистик мафкура манфатларига хизмат қилдирилган замонлар эди. Бундай шароитда тўлақонли илм олиш қийин. Ўзинг эътиқод қўйган муқаддас нарсалар учун бутун борлиғинг билан кураша олмайсан. Қалбинг, иймонингни саломат сақлаб яшашнинг ўзи бир нав қаҳрамонликка айланади.
Инсоннинг ички дунёси, ботини мўъжизадан бошқа нарса эмас. Яратган эгам ҳар лаҳза қалбингга назар ташлайди. Бир дам бўлсин бу мунис нигоҳдан мосуво ҳолда яшашни тасаввур қилолмайсан.
Ҳа, кўнгил дунёси, инсоннинг илоҳиёт билан боғловчи қалб саломатлиги бу дунёда ҳар нарсадан муҳимдир.
Тўрт йиллик таҳсил, устозлар ўгити Обидхон Назаровни тинимсиз айланиб турган бу дунёда ўз меҳварини топиб олишига катта ёрдам берди. Наинки ёрдам берди, балки ўзини ўзига танитди. Бу ҳаётдаги асосий бурчи, вазифаси нима эканлигини англатди.
Кўнгилдан ташқарида эса бошқа бир дунё мавж урарди. Шўро салтанати томирлари чирий бошлаган пайтлар эди. Қарийб етмиш йил ҳукмронлик қилган худосизлар тузуми сўнгги йилларини яшаётган эди. Шунга қарамай коммунист фашистлар диндорларга зуғум қилишда давом этишарди. Улуғ азиз авлиёлар хоку пойларига ҳужум уюштиришар, муқаддас жойларни тинимсиз топташар, халқ онгу шууридан динни батамом йўқотишга астойдил киришишган эди.
Бундай шароитда диний ақидалар билан яшаш жуда оғир. Айниқса, дини ислом йўлида юрганлар учун.
1984 йилда Тошкент олий Ислом институтини муваффақиятли тугаллаган Обидхон қори Тошкентда қолиб, ўзи таниган, яқиндан билган инсонлар билан бир сафда ўз фаолиятини давом эттиришни ният қилганди.
Шу боис ўзи олдин хизмат қилган “Тилла Шайх” масжидига қайтиб боришни истаётган эди. Нияту истаклари яхши инсонлар кўмагида ижобат бўлди. Обидхон қори 1985 йил бошидан бу мўътабар даргоҳга имом ноиби вазифасида ишлай бошлайди.
Тошкентдаги “Тилла Шайх” масжидида кечган беш йиллик фаолият ўзига хос синов, тажриба ошириш, ўқиш, изланишлар палласи эди.
Шу давр ичида совет тузумининг бетон қўрғони дарз кетиб қулайди. Пролетариат диктатурасини ўрнатиб олган коммунистлар партияси инқирозга юз тутади. Совет Республикалари бирин- кетин озодликка чиқиб, ўз мустақилликларини эълон қиладилар.
Барча мустақил давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам миллий ўзликни англаш, халқимизнинг минг йиллик диний қадриятларини қайтадан тиклаш даври бошланади.
Жамиятда маънавий покланишга бўлган интилишлар кучайгандан кучайиб борарди. Бу жараёнларда ота -боболаримиз амал қилиб келган ислом динини қайта тиклаш масаласи устувор вазифага айланади.
Халқимиз ўзининг узоқ йиллар давомида йўқотган беқиёс маънавий бойлигини қайта қўлга киритишга жазм қилган эди.
Бундан кейинги воқеалар Обидхон қори Назаров Тошкентдаги “Тўхтабойвачча” масжидига имом этиб тайинланган 1990 йилдан эътиборан шиддат билан ривожлана бошлайди.
(Давоми бор)
www.yangidunyo.org
Published on februari 19, 2013 · Filed under: Дин ва жамият;
Охирги изоҳлар