-
Кечиккан дил изҳори: Етмиш ёш муборак, Тошпўлат ака!
…Мен Тошкентда Бош муҳаррир бўлиб, осмону фалакларда учиб юрган мулозимлик йилларимда бу дунёда “Тошпўлат Йўлдошев” деган бир дипломат борлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Одатда шунақа бўлади. Сиз амал ва шон-шуҳрат оғушида қолсангиз, атрофингиздаги кўп одамларни пайқамайдиган “сармаст” ҳолда бўласиз.
Атрофдагиларни пайқаш, бу дунёда Сиздан ҳам ақллироқ ва жамият учун кераклироқ инсонлар борлигини англаш учун эса Сиз сал “ерга тушишингиз” ёки “оёғингиз остини ҳис қилиб туришингиз” керак экан.
Исмат Хушевга бу “ақли расолик” ва “оёғи остини ҳис қилиб яшаш” бахти Президентга яқин бўлиб гуркираб юрган йилларда – Ўзбекистонда эмас, муҳожир ва ёт элларда – аниқроғи Канадада насиб этди.
Шунисига ҳам шукр. Оллоҳ ҳижратни ҳаммага эмас, балки суйган бандаларигагина лойиқ кўради дейишгани шудир эҳтимол…
Тошпўлат аканинг ёзган мақолаларини илк бор ўқиганимда бу одам кўпни кўрган, тажрибали журналист бўлса керак ўйлаган эдим. Йўқ, янглишган эканман. Тошпўлат ака Шарқшунослик институтини битирган дипломат экан, холос.
Лекин ҳар икки тилда ҳам яхши ёзади. Унинг танқидий мақолаларини ўқиб, факт ва далилларнинг жой-жойида ишлатилганини кўриб, бирор бир фикрига қўшилмасликнинг ҳеч иложи йўқлигига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Тошпўлат ака узоқ йиллар аввал СССРнинг, сўнгра Ўзбекистоннинг чет эл ваколатхоналарида ишлаган. Дунё кезган, кўпни кўрган тажрибали одам.
Лекин минг афсуски, шундай тажрибали ва истеъдодли дипломат шу соҳанинг баъзи бир тутуриқсиз ва узоқни кўра олмайдиган раҳбарлари туфайли ўз касбидан ноҳақ узоқлаштирилди…
Мен яқинда Тошкентда у кишининг оиласи билан учрашиб, Тошпўлат аканинг совға саломларини топширдим.
Тошпўлат аканинг бир ўғиллари Москвада, яна бир қизлари эса Олмонияда оилалари билан яшашини биламан.
Ноҳақлик ва талантли одамларни ўз касбига сиғдиролмаганликлари туфайли Тошкентдаги бир оила бугун ер юзига тариқдай сочилиб кетди.
Кейинги йигирма йиллик тарихимизда Ватанидан ноҳақ қувғин қилинган бундай оилалар камми?
Майли, Оллоҳ Сиз билан бизнинг ризқу-насибамизни шу хориж элларга сочиб қўйган экан, балки бунда ҳам бир ҳикмат бўлса не ажаб, Тошпўлат ака!
Етмиш ёшингиз муборак бўлсин!
Ҳамиша биз билган, ҳавас қилган, қалами ва сўзи ўткир инсон бўлиб қолишингизни тилаймиз!
1 март, 2013 йил. Канада.
www.dunyouzbeklari.com
Published on mars 2, 2013 · Filed under: Табрик ва қутловлар;
Охирги изоҳлар