ЯНГИ ДУНЁ www.yangidunyo.org янги дунё www.yangidunyo.com

Саҳифаларимиз

Филмлар

Ҳамкорларимиз:

Рукнлар

Календар

mars 2013
M T O T F L S
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031
  • Ёдгор Обид: “Ҳеч қачон умидсиз бўлманг…”

    yodgor obidЎзбек мухолифати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан ”Янги Дунё” саҳифасида уюштирилган суҳбатларни эътиборингизга ҳавола этишни бошлаймиз. Бу суҳбатлар Канадада яшовчи журналист Фахриддин Худойқулов ўғирлаб кетган ва ҳозир Қудрат Бобожонов юритиб келаётган www.yangidunyo.com саҳифасида 2009 йилда эълон қилинган эди.

    Таҳририят!
    ****

    Ёдгор Обид – ўзбек мухолифати фаоли, шоир – диссидент, Австрия.

    Юсуф Расул: -Ўзбекистондаги мухолифат тарихи ҳақида нималарни биласиз? Бурунги замонларда ҳам бизда мухолифат бўлганми?

    Ёдгор Обид: -Бу ерда гап сиёсий мухолифот ҳақида кетаябди. „Мухолифот“ бизнинг тилимига четдан кириб келган сўзлардан бири. Табиатан одамлар ва ҳалқлар орасида бўлгани каби, уларнинг тилларини ҳам бир- бирларига таъсирлари ўтиб туради. Тарихда асрлар давомида ўз асосий тилларини йўқотган ва бошқа ҳукмрон тилларни бутунлай ўзлаштириб олган ҳалқлар ҳам йўқ эмас. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бизнинг ҳалқимиз тилини, она тилимизни ўзгартириш учун ҳам кўп уринишлар бўлди. Жумладан- араблар босқинидан кейин араб тилини зўрлик билан тарғиб қилдилар. Кўплаб олим, ёзувчи ва шоирлар араб тилида ёза бошладилар. Афсуски, кўплаб олимларимиз, шоирларимиз асарларини бугунги кунда фақат таржима орқалигина ўқий оламиз.Мавлоно Аҳмад Яссавийнинг буюкликлари шундаки, биз Ислом динида бўлишимиз билан бирга, ўз она тилимизга эга ҳалқ эканимизни исботлади ва соф туркийда ижод қилди. Шеърларининг юксак бадиийлиги, таъсирчанлиги ўз кучини кўрсатди, туркистонликлар орасида кенг эътибор қозонди. Тархий манбааларда кўрсатилишича, Соҳибқирон Темур Йилдирим Боязид билан жанг пайтида Оллоҳдан мадад илтижо қилиб, Яссавий ғазалларини ўқиб турган.

    Руслар босқинидан кейин ҳам шунга ўҳшаш ҳодисалар юзага чиқа бошлади. Яъни, кейинги пайтларда рус тилида ёзадиган ёзувчи ва шоирлар пайдо бўла бошлади. Уларни, турган гапки, ҳукмдор давлат маркази ҳам қўллаб- қувватлаб турди. Қизиғи шундаки, улар ҳам „биз жаҳон тилида, яъни- рус тилида ижод қилиб, ҳалқимизга ҳизмат қилаябмиз. Ҳалқимиз обрўсини кўтараябмиз“ деб даъво қилишарди. Гўё ҳалқимиз бундай обрўга муҳтождай…

    Уларнинг кўплари ҳозир ҳам ҳаёт, кўпчилик зиёлилар танийдилар. Ҳукмрон тузум биз учун дунё йўлларини беркитиб, фақат рус тили орқалигина кичкина эшикча қолдирганди. Тил мустақиллиги учун кураш даврида, бир неча кўзга кўринган ўзбек ёзувчилари, ўзлари ўзбек тилида ижод қилиб элга танилганларига қарамай, „ўзбек тили давлат тили бўлолмайди“ деб даъво қилгандилар. Ҳатто матбуотда ҳам катта- катта мақолалар билан чиққанлар. Масалан-Ўлмас Умарбеков, Жамол Камол ва бошқалар. Табиийки, уларнинг бошида ўша пайтда Ислом Каримов турганди…

    Яратганга минг қатла шукрлар бўлсинки, бундай тарихий жараёнлар қаърида ҳам ҳалқимиз ўз тилини сақлаб қола олди. Зеро халқимизнинг тарихий илдизлари чуқур ва бақувватдир.

    Бир неча бор буюк империялар яратган, ўз давлатчилигига эга бўлган Туркистон турклари учун буни табиий ҳол деб тушуниш керак. Унинг таркибига кириб келган баъзи сўзлар эса умум табиий ҳолат- тилларнинг ўзаро таъсири, интеграцияси масаласидир.

    Мухолифот сўзи европаликларда лотин тилидан олинган „оппозиция“ шаклида ишлатилади. „ Позиция“- эгаллаб турилган жой ёки мавқеъ, „О“ ҳарфи қўшиб ёзилса, „оппозиция“ шаклида акс маънони билдиради. Бу эса биз қабул қилган ва ишлатаётган „мухолиф“ ёки „мухолифот“ сўзларининг бошқа тилдан кириб келган шакли. Қоидага кўра „мухолиф“ бирликни, „мухолифот“ кўпликни билдиради. Киши- кишига қарашлари, фикри, ҳаракати орқали мухолиф бўлиши мумкин. Яъни, қарама- қарши қарашлари, қарама- қарши фикри, қарши ҳаракатлари билан. Шахсий ва сиёсий мухолифлик ҳам шу сирада.

    „Неки қилдим- кенгаш билан қилдим“ деган сўзлари бор Соҳиқирон Темурнинг. Демак, кенгаш даврида бошқалар билдирган турли фикрларга қулоқ солган. Албатта, турли бўлгандан кейин, маълумки, мухолиф фикрларни ҳам тинглаган ва эътиборга олган. Кенгашиш талаби Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ҳам келади.

    Сиёсий мухолифот асосан давлатчилик билан боғлиқ. Давлат ва у давлатнинг хокимияти бор ерда албатта хокимият сиёсатига мухолиф сиёсий фикрлар бўлади.Туркистон ҳалқлари бир неча минг йиллик давлатчилик тарихига эга экан, демак қадимда ҳам мухолифот бўлган.

    Хокимият сиёсати ва мухолифот фикри, қарашлари, харакати эгиз туғилади ва ёнма- ён яшайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
    Бутун умрини жиноят ва хатолар ичида ўтказаётган Ислом Каримовнинг „бизда мухолифот йўқ“ дейиши унинг қанчалар ҳам сиёсий, ҳам фикран кўрлигини, ақли ноқислигини кўрсатади. У фақат „одамларни қўрқитиб олсам бас, ҳаммаси
    қўлимга қараб қолади“ деб ўйласа керак. Бу ҳам ниҳоятда ақли ноқислигини билдиради.

    Ҳалқни бир марта алдаш ёки қўрқитиш мумкин. Нари борса икки ёки уч марта… Ҳалқ қўрқишдан чарчайди.

    Демак, Туркистонда мухолифот тарихи унинг давлатчилик тарихи қадар узун. Маҳмуд Торобий оддий элакчи бўлган. Афсуски, тарихи чуқур ўрганилмаган. Лекин ҳалқни мўғул босқинчиларига қарши бирлаштира олди ва биринчи жангдаёқ ҳалок бўлди. Аммо унинг сафдошлари ғалаба қозондилар. Тарихда бундай мисоллар жуда кўп. Тарихимиз ҳали очилмаган қўриқ.

    Охирги мухолифотчиларни олайлик. 1920 йилларга қадар жадидлар ҳаракати билан баробар „Туркистон бирлиги“ партияси фаолият кўрсатган. Бошқарув ҳайъатида кимлар бўлгани, қандай йўналишда харакат қилганлари ҳақида маълумотлар фақат Москва КГБси архивида сақланади. Мағжон Жумабоев, Шокарим каби қозоқ шоирлари шу партия таркибида бўлганлари ҳақида маълумотлар бор. Масалан, Мағжоннинг „Туркистон“ шеъри ўша йиллари оммавий қўшиққа айланиб кетган.

    Советлар даврида мухолифот бўлмаганлиги ҳам тўқима афсонадан бошқа гап эмас. Машҳур қўрбошилардан бири Иброҳим Қўрбошининг ( Иброҳим Лақай номи билан ҳам машҳур) 1939 йили қўлга олинганини ҳисобга олсак, мухолиф сиёсий харакат шу йилга қадар тўхтамаганини кўрамиз. Мустафо Чўқай, Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайитларнинг курашларидан кўз юмиш – гумроҳлик бўлар эди. Кўриниб турибдики, сиёсий мухолифот ҳаракати иплари бирон қатимда узилиб қолган эмас. Раҳматлик Боймирза Ҳайит ўлимидан бир ҳафта олдин телефон қилиб: „Ёдгорбек, сиз билан бизни фақат умид асрайди. Ҳеч қачон умидсиз бўлманг“ деганди. Дарҳақиқат, умидсизликка тушган мухолифот –мухолифотлигини йўқотади.

    Бугунги сиёсий мухолифот ҳам аслида осмондан тушгани йўқ. Олдингиларнинг узвий давоми деб қараш керак. „Бирлик“ харакатига ҳам, ким нима деса десин, аслида талабалар асос солганди. Ҳозирги пайтда йўқ обрўни талашиб, мухолифотнинг ривожига тўсқинлик қилаётганлар кейин, раҳбарликка таклиф қилинганлари учунгина пайдо бўлишди.Уларнинг орасида ҳаракатга астойдил, сидқидилдан ҳизмат қилганлар ҳам бўлди, вазиятдан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш мақсадида кириб келганлар ҳам бўлди. Бу- энди бошқа масала. Кейинги воқеъалар жараёнини ўрганганлар буни яхши биладилар.

    Хуллас, сиёсий мухолифот ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор ва бундан кейин ҳам бўлади.

    Ю.Р.: -Ўзбек мухолифотининг пайдо бўлиши ва шаклланиш жараёнини 1989 йилда „Бирлик“ ҳаракати билан боғлайдилар. Сизнингча Ўзбекистонда мухолифат ва мухолифатдаги сиёсий ҳаракатларни пайдо бўлиши сабаблари нималар билан боғлиқ эди?

    Ё.О.: -Гарчи „ Бирлик“ халқ харакати фаолияти Ўзбекистондагина эмас, балки бутун Туркистон тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлсада, умуман сиёсий мухолифотнинг пайдо бўлиши ва шаклланишини фақат „Бирлик“нинг пайдо бўлиши билан боғлаш унчалик тўғри бўлмайди. Мухолиф фикр, мухолиф қарашлар ва мухолиф харакатлар Туркистон миқёсида доим у ёки бу шаклда мавжуд эди. Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайитлар ташкил қилган Туркистон Легиони юз минглаб одамларни гитлерчилар крематориясидан асраб қолгани ва уларнинг Ватан озодлиги ҳақидаги шиорларини, ҳимнларини, қўшиқларини олиб кўрайлик.
    Бу-ҳалқимиз тарихининг катта бир бўлаги ва уни унутишга ҳаққимиз йўқ. Легиончилар билакларига „ ОЛЛОҲ БИЗ БИЛАН“ сўзлари ёзилган лахтакларни тақиб юришган. Ҳимн сифатида Абдулҳамид Чўлпоннинг „Гўзал Фарғона, сенга не бўлди…“ шеърини куйга солишган ва биргаликда куйлашган. Бу ҳаракатнинг иштирокчиларидан кўплари бу дунёни тарк этган бўлсаларда, баъзилари ҳаёт, табаррук ёшга етиб юрибдилар. Уларнинг хотиралари- ҳалқимиз тарихининг катта бойлиги, ҳаммамиз учун ғанимат.

    Бу – муҳолифат тарихининг бир қаноти бўлса, яна бир қаноти- қўрбошилар харакатининг иштирокчилари хотираларидир. Бу харакатнинг сардорларидан бири- Шерматбекнинг оламдан ўтганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо у кишининг фарзандлари, яқинлари, сафдошлари бор. Менда Шерматбекнинг ва у кишининг ўғли овози сақланиб қолган. Шерматбек: „ Биз Ватан озодлиги учун курашдик, жанг қилдик.“ дейди. Кўп жангларда ғалабага эришганлари ва оқибатда сотқинлар сабаб мағлуб бўлганларини айтади.

    Қозоғистонда Мустафо Чўқай ҳаёт йўлларини ёритувчи филм яратишибди, Китобларини чиқаришибди. У расман тан олинган Туркистон Мухториятининг биринчи президенти эди. Унинг овози қайд этилган кассетада шу сўзлари сақланиб қолган: „Биз Буюк Туркистон учун курашдик. Лекин хато қилдик. Душманнинг сўзига ишониб қўйдик“. Шу сўзлардан кейин у шоир Мағжоннинг „Туркистон“ шеърини жуда ўрнига қўйиб, чиройли ўқийди. Буюк курашчи Мустафо Чўқай Уруш бошланган йилнинг ярмида тиф касалига йўлиқиб, дунёдан кўз юмади. Афсуски унинг кўрсатган фаолияти, ҳаёт йўллари, асарлари ўрганилмаган ва ўрганиш, сиёсий мухолифот тарихи билан янги авлодни таништириб бориш учун бугунги Ўзбекистонда шароит йўқ. Ҳатто давримизнинг улуғ муттафакирларидан бири Боймирза Ҳайит ҳақида ҳам, агар Туркияда нашр қилинган баъзи китобларини ҳисобга олмасак, келаётган авлодга тавсия қилгудек бирор маълумот йўқ. Ҳеч бўлмаса у одам ҳақида бир ҳотиралар китоби тайёрлаш, бир вақтлар радио орқали қилган чиқишларини йиғиб, нашр эттириш мумкин эди. Лекин ким бўйнига олади бу бироз маблағ талаб қиладиган ишларни…

    Боймирза Ҳайит – олдинги бўғин сиёсий мухолифотнинг буюк вакили эди. Булардан ташқари ҳам кўплаб мухолиф партиялар, харакатлар, гуруҳлар фаолият кўрсатганлар. Ҳали тарихимиз харитасида ўрганилмаган оқ доғлар жуда кўп.Буларни юзага чиқариш, ўрганиш ва ўргатишни йўлга қўйишдан халқимиз фақат катта манфаат кўриши мумкин. Ҳозирги жинояткор ҳукуматнинг бундай савобли ишга тиш- тирноғи билан қаршилик кўрсатиши табиий ҳол. Фақат жинояткор ҳукуматгина муҳолифотдан мутлоқ юз ўгириши, Ислом Каримов айтганидек „бизда мухолифот йўқ“ деб, кўриб- кўрмаганга олиши мумкин, Зеро табиатан жиноятчилар ҳақиқатнинг юзига қарашдан қўрқадилар. Жиноятга қўл урганларини, қўллари қонга ботганини, энди бу жинояларни ҳеч ким кечира олмаслигини жуда яхши биладилар…

    Хуллас, кўрганимиздек, „ Бирлик“ ва „ Эрк“ партиялари осмондан узилиб тушганлари йўқ. Уларнинг пайдо бўлишларида асос мавжуд эди. Қолаверса, Советлар ҳукмдорлигининг бир неча ўн йиллик умри давомида мамлакат катта жазо лагерига айланган эди. Мен умумий қабул қилинган гапни такрорлаш учун бу сўзларни айтаётганим йўқ. Фараз қилиб кўринг: Сталин ўлиб, Никита Хрушчев хокимиятга келган олтмишинчи йилларнинг биринчи ярмига қадар қишлоқ аҳлига паспорт берилмаган эди. Бу майда – чуйда гап эмас. Чунки паспортсиз одам аслида шу мамлакатнинг ватандоши (граждани) ҳисобланмайди. Чет элга чиқиш у ёқда турсин, ҳатто ўз мамлакатлари шаҳарларига ҳам бемалол бориб келолмасдилар. Асосий ҳужжатлари- колхоз берган меҳнат дафтарчалари эди.

    Мен ўзим қишлоқда туғилиб ўсганим учун яхши эслайман: одамлар кечалари колхоздан қочиб кетмасликлари учун қишлоқ четларига милиционер бошчилигида кўнгилли комсомоллардан иборат қўриқчилар қўйиларди. Егулик етишмасди. Йўл устида очликдан ўлиб қолганларни кўп кўрганман. Етти ёшдан етмиш ёшгача пахта теримига мажбуран олиб чиқиларди. Чиқишдан бош тортган одамнинг эшиги олдида эртасигаёқ милиция гуруҳи пайдо бўларди. Уларда бўйин товлашга журъат қилган одамни уришга, ҳеч қандай суд ҳукмисиз қамаб қўйишга, ҳар ҳил баҳоналар билан йўқ қилишга ҳуқуқ берилганди. „ За сопротивление представителью власти“ моддаси уларнинг ҳар қандай ваҳшийликларини оқлай оларди. Пахта теримига чиқа олмаган ҳомиладор аёлни бир милиционер отиб ташлаганининг гувоҳи бўлганман. Ўша милиционер ҳеч қандай жазо олмаган, аксинча, янги лавозимга тайинланган эди. Ватанпарварлиги учун!

    Бу даҳшатли аҳволнинг охири кўринмайдигандек эди. У пайтларда инсоннинг инсоний ҳуқуқлари ҳақида ким ҳам ўйларди дейсиз! Айниқса солиқларнинг кўплиги, одамларда солиқ тўлаш имконларининг йўқлиги, ҳалқ ибораси билан айтганда, чипқон устига чипқон бўлди. Уй солиғи, томорқа солиғи, гўшт солиғи, сут солиғи, жун солиғи, тухум солиғи, сув солиғи, тутун солиғи, ҳатто қишдан омон- эсон чиққанлиги учун деган солиқ ҳам бор эди. Уйланмаган ёшлардан эса фарзандсизлиги учун ҳар ойда бир солиқ олинарди. Ҳукуматнинг мантиқ билан иши йўқ, Масалан, уй эгасининг моли, товуғи бор ё йўқлигидан қатъий назар гўшт, сут, жун, тухум солиқлари тўлаши шарт эди.

    Ҳудди шу ҳолат турли кўринишларда Михаил Горбачев даврига қадар давом этиб келди. Ҳолдан тойган, пичоқ бориб суягига қадалган ҳалқ, табиийки, нажот йўлини излай бошлайди. Аввал Болтиқбўйи республикаларида, кейин Озарбойжон ва бошқа Кавказ республикаларида мустақиллик учун курашлар бошланди. Қозоғистонда, 1966 йил Чимкент қўзғолони ҳақида ҳали кўпчилик билмайди. Биз Чимкентга олиб борадиган йўл ёқасида яшардик. Кечаси билан Чимкент томон ўтиб бораётган танклар овози уйқу бермасди. Баъзи тафсилотлардан фақат миш- мишлар орқали хабардор бўлардик. Орадан кўп вақт ўтмай Олма отада „ Желтўқсон“ қўзғолони бошланди. Кўп қон тўкилди. Кўп ёшлар қамоққа олинди. Бу воқеа шоир Мухтор Шахановнинг „Адашган цивилизация“ шеърий китобида яхши аксини топди. Бундай воқеалар кўп бўлган, лекин Совет даврида информация воситалари қаттиқ назорат остида бўлгани учун кўпчилик бехабар қолар эди. Ҳозир Олма отада „Желтўқсон“ майдони бор. Шунинг ўзи ҳам Қозоғистондаги бугунги сиёсий вазият Ўзбекистондагидан фарқ қилишини кўрсатади.
    Михаил Горбачев даврига келиб информация тўғонлари дарз кета бошлади. Бошқа халқларнинг сиёсий чиқишларидан хабар топган Ўзбекистон аҳолисида ҳам қўзғолишга тайёр ҳолат пайдо бўлди.

    Бир неча сиёсий ташкилотлар, партиялар, харакатлар, жумладан „ Бирлик“, „ Эрк“ ҳаракатларининг пайдо бўлиши ҳудди шу даврга тўғри келади. “Бирлик” халқ харакатини дастлабки даврида бир неча раисдошлар бошқара бошлади. Улар орасида таниқли бастакор Зоҳид Ҳақназаров, олим ва профессор Шуҳрат Исматуллаев, Бек Тошмуҳаммедовлар бор эди. Учалалари ҳам ҳалқ орасида танилган, илмлик етук сиёсатчилар эдилар. Зоҳид Ҳақназаровни ва Шуҳрат Исматуллаевнинг халқ орасидаги обрў- эътиборлари Абдураҳим Пўлатовга тинчлик бермай қўйган эди. Мустақиллик учун кураш жараёни яқинлашган даврда „аввал демократия, кейин мустақиллик“ шиорини дастак қилиб олган А.Пўлатов ўз сафдошлари бўлмиш Зоҳид Ҳақназаров билан Шуҳрат Исматуллаевни сафдан сиқиб чиқариб юборишга зўр бериб урина бошлаганига гувоҳман. У кўтарган шиор аслида мустақилликка қарши эди. Чунки, ҳаёт қонуниятига асосан демократия йўли оғир ва узоқ.

    Мустақиллик- бугунги долзарб масала. Шиор – Каримовга маъқул келадиган шиор эди. Ҳуллас унинг ҳудбинларча қилган уринишлари устун келди ва Ҳаракатнинг бошида бир ўзи қолди. Шу даврдан бошлаб мухолифот ўз мухолифотлигини йўқота бошлади.

    Ю.Р.: -90- йиллар бошида пайдо бўлган Ўзбек мухолифоти мамлакат ва халқ учун асосан қандай кўзга кўринарли, тарих учун эслаш мумкин бўлган ишларни амалга оширди?

    Ё.О.: – Асосан раисдошлар бошқараётган даврда “Бирлик” халқ ҳаракати ўз номини оқлай оладиган даражада фаолият кўрсата олди дейиш мумкин. Яъни, халқнинг сиёсий фаоллиги ошди. Бу жуда муҳим ютуқлардан бири эди. Ундан ташқари тилимизнинг қадри учун курашди ва тил ҳақида қонуннинг пайдо бўлишига катта ҳисса қўшди. Мен ҳисса қўшди деябман. Зеро, бу фақат “Бирлик” ташкилотининг эмас, балки она тилимиз ҳимояси учун майдонга чиққан халқнинг ва бошқа кўплаб демократик руҳдаги партияларнинг ютуғи деб қараш керак. Экология масаласида ҳам кўп фаол ҳаракатлар бўлди. Тўғри, бу ҳаракатлар Орол денгизини тўлдириб бера олгани йўқ. Лекин эзгу ният билан ҳаракатга тушишнинг ва бу масалага ҳалқ эътиборини жалб қила олишнинг, қолаверса, муаммонинг муҳимлигини жаҳон жамоатчилигига кўрсата билишнинг ўзи кўзга кўринарли, сўралганидек, тарих учун эслашга арзирлик иш эди.

    Ю.Р.: -Сизнингча ўзбек мухолифотининг ўша пайтда йўл қўйган энг катта хато ва камчиликлари нималардан иборат эди? Мухолифат нималарга эришди-ю, нималарни бой берди?

    Ё.О.: -Тўғри, камчиликлар, хатолар, ҳатто хоинлик даражасида жиноий харакатлар ҳам кўп бўлди. Мен буларни умуман мухолифотга мансуб деб ўйламайман. Мухолифотнинг асосий ўзаги -ҳалқимизнинг илғор қисми эди. Бошқарув ташкилотларига суқулиб кириб олган баъзи шахслар айнан шу ўзакка захм етказа бошладилар. Халқнинг кўзи очиқ, ҳамма нарсани кўриб, билиб туради. Бошқарувдаги баъзиларниг худбинликлари, мунофиқликлари кўзга ташлангач, халқ улардан юз ўгира бошлади. Фақат сўзамоллик, уста нотиқ бўлиш билан иш битмайди. Халқни алдашга уриниш эса – жиноят. Эслаб кўринг: Мусо саллолоҳу алайҳи вассалом туғма дудуқ бўлганлар, ҳар бир сўзни қийналиб гапирганлар. Шунга қарамай Оллоҳ пайғамбарликни шу кишига муносиб кўрди. Қалб ва тил бирлиги эътиборга олинди. Қуръони каримда мунофиқлик қаттиқ қораланади. Ҳозирги кунда баъзи бировларнинг қуръони каримни ислоҳ қилиш даъвосида юрганлари сабаби ҳам шунда бўлса ажаб эмас. Чунки улуғ китоб уларга кўзгудек ўз башараларини кўрсатиб қўйди. Агар имкон топсалар ҳудди шу мунофиқлик ҳақидаги оятларни ислоҳ қилсалар керак…

    Мисол сифатида бир воқеани айтай: Халқ харакати штаби ёзувчилар союзининг биринчи қаватида эди. Штабда Абдураҳим Пўлат ва яна уч- тўрт киши бор. „Бирлик“нинг ўша пайтдаги фаоли ҳисобланган бир шоира ёнимга келиб (ҳурмат юзасидан исмларини айтмай қўяқолай ) : „ Ёдгоржон, эртага бир норозилик намойиши ўтказсак нима дейсиз?“ деди. Мен „яна нимага норозилик билдирамиз? “дея сўрадим. “Абдураҳимжонни партияга тиклашларини талаб қилсак…“ Мен Пўлатовнинг коммунистик партиядан ўчирилганидан бехабар эдим. Ҳайрон бўлдим. Ҳозир кўпчилик ўзлари коммунистлар партиясини тарк этиб
    турган пайтда биз уни партияга тикланишини талаб қиламизми? Қолаверса, бу унинг шахсий иши эмасми?“

    Ҳуллас мен бундай норозиликка норозилик билдирдим. Абдурахим Пўлат бу суҳбат давомида орқамизда қулоқ солиб турганди. Бир нарса демади. Эртаси кун, эшитишимча, намойиш ўтказилган. Намойишга ўша шоира раҳбарлик қилган. Бир неча одам калтакланган, кўплар қамоққа олинган. Бу воқеанинг энг қизиқ томони кейин бўлди. Паркент фожеъалари юз берган кунлар эди. Қон тўкилди. Коммунистлар партиясига ( Ўзбекистон ком.партияси биринчи секретари Ислом Каримов) ишончнинг сўнгги томчилари ҳам тўкилиб бўлди. Бир неча киши партия билетларини компартия марказий биноси олдида намойишкорона улоқтиришга келишдик. Адашмасам, еттинчи март куни эди. Оқ уй олдида одам кўп. Кинооператорлар суратга олиб турибди. Абдураҳим Пўлатов ҳам шу ерда. Ҳамма партбилетларини ташлади. Мени ҳайрон қолдирган нарса шуки, Пўлатов ҳам кўп қатори „партбилетини“ улоқтирди. Ахир унинг партия билети йўқ эди-ку?!… Кейин маълум бўлишича, у шу ерда ҳам мунофиқлик қилиб, партия билети ўрнига билет қопламасини улоқтирган экан. Бу ҳодисани, майли, бир тадбир деб, оқлашга уриниб кўрайлик. Лекин бундай „ тадбирлар“ кетма- кет, сўнгсиз давом этса-чи? Уларни санаб саноғига етолмайсиз.

    Зарурат пайдо бўлса вақти билан айтармиз. Лекин ҳозир бир нарсани айтмай иложим йўқ. Харакат сайтида „53- 54“ ни, яъни Муҳаммад Солиҳни камситиб, обрўсини туширишга мўлжалланган мақолалар пайдо бўлиб туради. Рақамлар- квартираларнинг кўрсаткичлари. Шоир, „Эрк“ партиясининг раиси, ўша вақтларда олий мажлис депутати бўлган Муҳаммад Солиҳ фарзандлари вояга етиб қолгани сабабли, қонуний равишда қўшимча квартира олган. Маълумки, оиласи кенгайган ҳар бир одамнинг бундай қилишга ҳаққи бор. Ҳалқимизда „ иштони йўқ- тиззаси йиртиқдан кулибди“ деган гап бор.

    У вақтлар ёзувчилар уюшмасида шеърият бўйича адабий консултант бўлиб ишлардим. Кабинетимда кўпинча “Бирлик” фаоллари йиғилиш ўтказиб туришарди. Бир куни икки аёл кириб келди ва бирданига менга таънали гаплар қила бошлашди: „Сизлар ўзларингча адолат учун курашаябсизлар. Демократия деб жон куйдириб, жар соласизлар. Бошлиқларинг эса бир бева бечорнинг уйини тортиб олса, бу қанақа адолату, қанақа демократия бўлди!“ Мен аввалига тушунмадим. „Нима гап? Нега унақа дейсиз? Биздан бирор хато ўтдими?“ Аёллар яна хуноб бўлиб, тушунтиришди. Маълум бўлишича, Абдураҳим Пўлатов доим соясида юрадиган адвокат Миролим Одилов ёрдамида бир бева, серфарзанд аёл оладиган квартирани ноқонуний йўллар ишлатиб, тортиб олган экан. Тўғри, Бокуда учрашганимизда Абдураҳимнинг ўзи шу ишидан афсусланиб, „ ўшанда Миролимнинг ёрдамига суяниб, нотўғри иш қилган эканман“ деганди. Тан олиш -мардлик белгиси деб ўйлагандим. Лекин қонуний йўл билан кватирасини кенгайтирган Муҳаммад Солиҳни камситишга уринишлари, квартира рақамлари билан аташи, ўзи ҳаром йўл билан ҳудди шундай квартира олган одамнинг ўта пасткашлигини, мунофиқлигини кўрсатмайдими? Мен бу билан Муҳаммад
    Солиҳнинг ёнини олмоқчи, паришта қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Фақат ҳақиқатни, юз берган ҳодисани айтаябман. Агар кишини квартираси рақами билан аташ керак бўлса, нега Пўлатовни ҳам ноқонуний йўллар билан бир бечора аёлдан тортиб олган квартираси рақами билан аташ мумкин эмас. Лекин ишонаманки, шоир Муҳаммад Солиҳ бундай пасткашликка бориб ўтирмайди.

    Пўлатов билан кўп суҳбатлардан келиб чиққан ҳолда айтишим керакки, унинг асосий даъволаридан бири ҳалққа сидқидилдан, халол ҳизмат қилиш эмас, амаллаб халқ эрки учун курашган қаҳрамон сифатида тарихга кириб олиш. Нима ҳам дердик, марҳамат, кираберинг. Тарихнинг даргоҳи кенг. Унга ҳатто ғозлар ва чўчқалар ҳам кирган.

    Ташкилотдаги аҳволни кўрсатувчи яна бир сурат: Ҳаракатнинг Бишкек кўчасидаги қароргоҳи. Мен у ерда кун- кун ора навбатчилик қилиб турардим. Қиш кунларининг бирида фарғонадан ўн киши келиб, мен билан суҳбатлашиш истаклари борлигини айтишди. Кўплари анча ёшга бориб қолган, жиддий одамлар. Харакатнинг дастури, курашдан кўзланган мақсадлари қизиқтирарди уларни. Суҳбатимиз қизиган вақтда харакатнинг ўша пайтдаги котибаси шиддат билан кириб келди- да, кутилмаганда ҳаммага қараб ўшқира бошлади: „Сейфнинг калити йўқолди. Қани, ким олди? айтсин, бўлмаса ҳаммангни обиска қиламан!“ Шундан кейин чиндан ҳам ҳаммани турғизиб, ёнларини, халталарини титкилай бошлади. Табиийки, топилмади. Меҳмонлардан бири ўрнидан туриб, „Энди бизга руҳсат берсангиз… “Бирлик” нималигини кўрдик. Бошқа қайтиб келмаймиз“ деди ва ҳаммалари ҳайрлашиб, чиқиб кетишди. Мен оғир ҳижолат остида бир нарса дея олмай қолабердим.

    Эртасига ўша котибани йўлда учратдим: „ Вой Ёдгор акажон, мени кечирасиз. Калитни топдим!“ „Қаердан топдингиз?“ сўрадим мен. „ Вой, билсайиз… Йўқолмасин деб иштонбоғимга боғлаб қўйган эканман. Эсимдан чиқиб қолибди.“.Бу ерда келтирилган воқеада ҳам, айтилган сўзларда ҳам бирон уйдирма ёки қўшимча йўқ.

    Мен бу мисолни ўша пайтларда ҳукм сурган умумий муҳитдан бир кичкина мисол сифатида келтирдим. Бу аёлнинг айби, аслида, водийдан намойиш ўтказиш учун келган ўн олти аёлни ўз акаси уйига бошлаб келиб, кейин махфий хизмат бўлимига хабар қилган ва тутиб берган бошқа бир „бирлик“чи котибанинг айблари, жиноятлари билан уйқаш. Ўша бечора ишонувчан аёлларнинг кўплари балки ҳозир ҳам ҳибсхоналарда азоб чекиб ётган бўлса ажаб эмас.

    Пўлатовнинг „Харакат“ номли сайти бор. Асосий хабарларни турли бошқа сайтлардан ва ёки газеталардан кўчириб қўя қолади. Қолган барча ёзувлари эса бошқаларни иғвосидангина иборат. Ўз сайтидан бошқа сайтларни „ мазохист сайтлар“ ёки „ мазохистларнинг сайтлари“ атаб, ерга уришга харакат қилади. Шу маънодагина „харакат“ ўз номини оқлаябди дейиш мумкин. Қизиғи шундаки, бу одам, кўринишидан ўзи тиним билмай ишлатаётган „Мазох“ атамасининг асл маъносини билмаса керак. Граф де Мазох ўзига хос усулда ижод қилган ва шу билан тарихдан муносиб ўрин олган буюк француз ёзувчиси экани, милионлаб одамлар дунёнинг барча нуқталарида унинг асарларини севиб ўқишларини ёш бола ҳам билади. Демак у танлаган атама унга бировларни камситиш қуроли бўла олмайди. Бу қилиғи билан у ўзининг саводсизлигини яна бир бор намоён қилаябди холос…

    Пўлатов ўзининг бутун фаолияти давомида ўз ташкилотини ҳукумат рўйхатидан ўтказишга сарф қилиб келаябди. Андижон фожеалари бошланган, бутун дунё қулоғига етиб борган кунлари „ Харакат“ сайти “Бирлик”нинг котибаси Васила Иноятованинг Ўзбекистон прокуратурасига бориб, “Бирлик”ни рўйхатга олишни илтимос қилиб, кун бўйи прокуратура эшиги олдида ўтиргани ҳақида хабар берди. Кейинроқ эса Пўлат Охуновнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан ва шу сабаб шаҳидлик топган Андижонликларни қоралаб ва ҳукумат жиноятларини оқлаб ёзган мақоласи эълон қилинди. “Бирлик”ни жиноятчи ҳукумат рўйхатидан ўтказиш нима учун шунчалик зарур бўлиб қолди? Ҳамкорлик қилиш учунми?

    Ахир ўзинг бўлмасанг ҳам котибанг ҳамкорлик қилиб турибди-ку, шу етмайдими? Дарвоқеъ, халқ ҳаракати сифатидаги “Бирлик” ташкилоти тугаганига анча бўлди. Энди тан олиб қўябериш керак. Бир марта ҳудди шу ҳолга тушганда, Исмоил Дадажон қайта жонлантириб, анчагина йўлга солгани кўпчилкка аён. Аммо шундан кейин Исмоил Дадажоннинг юрт орасида кундан кунга ошиб бораётган обрўси яна Пўлатовнинг тинчини бузабошлади ва уни ҳам даврадан сиқиб чиқаришга уринабошлади. Қўлидан келмади. Зеро ҳалқнинг кўзи кўр эмас, ким- ким эканлигини яҳши билади. Ҳозирги кунда Исмоил Дадажон атрофида “Бирлик”чиларнинг кучли гуруҳи бирлашган ва имкони борича сиёсий мухолифот ишларини йўлга қўябошладилар. Уларга омад тилаймиз.

    Албатта, бўлиб ўтган ва ўтаётган жараёнлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Иншоолоҳ, вақти билан буни ҳам айтармиз. Ҳозир эса, шуни таъкидлаш мумкинки, сиёсий мухолифот давр талаблари кўринишида юзага келди. Баҳоли- қудрат фаолиятини давом эттираябди. Раҳбар сайлашда ҳам, ташкилий масалаларда ҳам хатолар бўлди. Натижада, аввало, қулай вақт ва кўп имконлар бой берилди.

    Ю.Р.: -Каримов ҳукуматининг мухолифотга қарши аёвсиз кураши сизнингча нималарга асосланган эди ва бу харакатлар қанчалик ўзини оқлади?

    Ё.О.: -Шу ерда савол берувчи мен бўлсам, „оқлади“ сўзини қўштирноқ ичига олган бўлардим ёки „ у бу харакатлари билан нималарга эришди?“ шаклида қўйган бўлардим. Фақат шундагина савол ўз мазмунини топган бўларди. Аслида, инсон руҳий дунёси ва характери билан боғлиқ яхши савол. Қонун бўйича, депутатлар ва президентни ҳалқ сайлайди. Тўғрироғи, сайлаши керак. Мамлакат ва халқ манфаатлари аксини топган, ҳалқ маъқуллаган, президент томонидан тасдиқланган конституция бор. Асосий қонунлар мажмуаси. Бу қонунларга мамлакатниг барча ватандошлари ( гражданлари), жумладан- президент ва бошқа ҳалқ томонидан сайланганлар ҳам амал қилиб яшашлари, ишлашлари керак. Халқ ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар ва бошқа бойликлар ҳисобидан солиқ тўлайди, ўзи сайлаб олган парламент, президент, шу билан бир қаторда бошқа давлат ҳизматчиларининг мамлакат, ҳалқ манфаатлари йўлида хизмат қилишлари учун шу йўл билан имкон яратиб беради. Демак, ҳар қандай хукумат- мамлакат аҳолиси ҳисобига яшайди, ишлайди. Оддий сўз билан айтганда, уларнинг барчасини ҳалқ боқади. Шуни тушунмаган одамнинг боши тўнкадан бўлиши керак.

    Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди: Президент янги сайланган даврлар эди. Иш кабинетимга оппоқ сочли бир нуроний одам, кейин билишимча, тупроқшунос олим кириб келди ва мендан „ руҳсат берсангиз, бир телефон қилиб олсам“ деди. (Афсус, ҳозир шу одамнинг исмини эслай олмайман). Мен „марҳамат, бемалол…“ деб телефон аппаратини унга яқин суриб қўйдим. „ Мен президентимиз билан зарур иш юзасидан учрашишим керак“ дегани эсимда. Демак президент қабулхонасига. Анча вақт илтимос қилди. Бўлмади шекилли, телефон қулоғини жаҳл билан жойига қўйди. Эртаси куни яна келди. Бўлмади. Хуллас бир ҳафта менинг ёнимга қатнади. Охири мендан ҳижолат тортди чоғи, узр сўраб, нима гаплигини сўрамасам ҳам, ўзи тушунтира кетди. „ Қаранг бу номарднинг гапини! Эмишки, „ Президент занят кормлением народа…“.Қайси дунёда, қайси замонда президентлар ҳалқни боқадиган бўлиб қолибди. Кабинетида ўтириб ош- нон ишлаб чиқарадигандай…бу гапни айтаётган – президентнинг энг ишонган одамларидан бири, Краснов деган одам… Демак, бу гап унинг ўзидан чиқиши мумкин эмас, президентнинг оғзидан эшитган гапини айтаябди.“ Бу гапга ишонмаслигингиз мумкин. Лекин ўзингиз президент нутқларига диққат қилиб кўринг, китобларини кўздан кечиринг, бундан баттар ибораларга дуч келасиз…

    Фикрлаш даражаси шу аҳволда бўлган одам давлатни бошқараётган бўлса, яна қандай қўшимча керак? У йигирма йилдан ортиқ шу ҳолда давлат тепасида ўтирибди ва айтиш мумкинки, тўла маънода ўтириб қўйди… Шу йилларнинг ҳар бири мамлакат ва ҳалқ учун ҳалокат, ҳар ойи- фожеъа, ҳар куни- бахтсизлик бўлди. Ахир ҳалқ уни шундай қилсин деб ўз бошига сайлаб қўйибдими?

    Аслида, ҳалқ сайлаган ҳукумат бошлиғининг фақат ҳуқуқлари эмас, вазифалари ҳам бўлиши керак. Ҳалқ тасдиқлаган қонунлар мажмуасини ҳурмат қилиш, шу йўналишда иш олиб бориш, ўз ватандошларининг моддий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳукумат раҳбарларининг асосий вазифалари эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаса керак. Ривожланган ва ривожланаётган барча мамлакатларда шундай. Иш жойлари ташкил қиладилар, Иш жойлари етишмаса, бу- давлат бошлиқларининг айби. Шунинг учун иш билан таъминланмаганларга ишсизлик пули тўланади ва улар иш топгунларига қадар
    тирикчиликларини ўтказиб турадилар. Мен мисол тариқасида бир кичкина воқеъани айтиб ўтдим холос. Ҳатто шундай мамлакатларда ҳам мухолифот мавжуд ва у мамлакат аҳволини янада мукаммаллаштириш учун курашади.Ўзбекистонда эса, президент таъбири билан айганда, „мухолифот йўқ“…

    Бундай сўзларни айтишга унинг қандай тили борди, нимага асосланиб ва нима мақсадда айтди. Ишончим комилки, мухолифот борлиги ва тобора кучайиб бораётганини у жуда яхши билади. Сўнгги фожеалардан бири- Андижон фожеаси бунинг яхши исботидир. Яъни, ҳозирги кунда ҳалқнинг ўзи асосий сиёсий мухолифга айланиб бораябди. Ислом Каримов президентлигини бошлаган йилларда „ балки…“ дея иккиланиб турганлар ҳам энди ёвузлик манбаи қаерда эканлигини тушуниб қолдилар. Саволнинг биринчи қисмида айтилганидек, у чиндан ҳам мухолифотга қарши қаттиқ курашди. Фақат мамлакатга, ҳалққа хизмат қилиш йўлида эмас, аксинча, ҳалқни қай йўл билан бўлмасин, эгиб олиш, ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш, мамлакат бойликларидан эса шахсий мулки сифатида ҳеч бир тўсқинликсиз фойдаланиш, дунё миқёсида эътибор қозониш, тарихда ном қолдириш йўлида курашди.

    Энди тарих масаласини қўйиб турайлик. бу ҳақда юқорида бошқа бир тарихга кириш даъвогари бўлган одам ҳақида тўхталганимда таъкидлаб ўтдим. Тарих дунёси кенг, ит ҳам, бит ҳам кириши мумкин. Ҳар ҳолда шунча курашиб, ҳеч нарсага эришмади десак ҳам унча тўғри бўлмас. Йигирма йилдан ортиқ миршаблар, армия, МХХ ва бошқа ўзи ташкиллаштирган кучларга суяниб, сурбетлик билан хокимиятни эгаллаб турибди. Бу давр ичида у ўз худбинлиги ва ёвузлиги билан умумҳалқ нафратига, ҳалқнинг умуммухолифотга айланишига эришди. Табиий, „ҳўш, халқ мухолифотга айланган бўлса, нега курашмаябди?“ деб сўрайдиганлар кўп. Сабр қилинг, саволингизнинг жавобини оласиз. Ҳалқимиз- доно ҳалқ. Шафқатни ҳам, шафқатсизликни ҳам вақти- соати етганда ўрнига қўяди. Ўйлайманки, ҳал қилувчи кураш бешафқат бўлади. Президент ва унинг ҳукумати эришган сўнгги нарса ҳам шу бўлади. „мухолифот йўқ“ дейиши эса, ўз юрагидаги ваҳмани хаспўшлашдан бошқа нарса эмас.

    Ундан ташқари кўпгина мухолиф партиялар бор ва янги- янги партиялар пайдо бўлаябди. Гарчи ҳаммасини ҳам чин маънода мухолиф дейиш қийин бўлса ҳам, ҳар ҳолда нималардир қилишаябди. Ҳеч бўлмаса ҳақиқатни айтиб туришибди. Бу ҳам катта гап. Лекин, очиғини айтадиган бўлсам, кўпчилигининг „тинч йўл билан кураш“, „демократик йўл билан кураш“ каби шиорларини унчалик тушунмайман. Мантиқ йўқдай кўринади. Уларнинг бу шиорлари Ислом Каримов ва унинг яқинларини тинчлантирса керак… Балки мақсад ҳам шудир!

    Тинчлик йўли- тинч юриш йўли деган гап. Кураш йўли эмас. Махатма Ганди ҳам ўз ҳалқини курашга чорлаган. Кураш ва бўйсунмаслик, норозилик намойишлари ва бошқалар. Бунинг турли усуллари бор. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, Паркент намойишлари, Наманган намойишлари, Тошкент талабалар шахарчасидаги намойишлар ва ниҳоят- Андижон намойишлари қонга ботирилди. Ҳўш, энди қандай кураш йўлини танлаш керак? Ёки демократия йўли билан курашни олайлик. Демократик давлатларда сайловлар вақти демократик йўл билан курашадилар. Бу бошқа масала. Фашизмга қарши бутун жаҳон кучлари қандай йўл билан курашганларини кўрмадикми? Бошизмнинг фашизмдан фарқи- фақат бир ҳарф экан. Буни ҳам кўриб турибмиз. Менимча, бу қадар ёвузликка қарши курашнинг ҳамма йўллари ҳалол. Президент ва унинг ҳукумати ўз саъй- ҳаракатлари билан шунга эришдиларки, бизнинг бу фикримизни оқлайди.

    Ю.Р.: -Ўзбек мухолифотининг хорижда туриб амалга оширган ишлари ўзини оқлайдими? Хориждаги фаоллашув мамлакат ички ҳаётига оз бўлсада ўз таъсирини ўтказа олдими?

    Ё.О.: -Аввал, келинг бир жиддий ўйлаб кўрайлик. Ўзбек мухолифоти хорижда туриб қандай ишни амалга оширдики, биз уни ўзини оқлайдими ёки йўқми деб фикр юритсак? Агар шунга муносиб бирор ишни амалга оширганда, мамнунлик билан ҳисоб- китоб қилиб кўрган бўлардик. Афсуски, бундай ҳисоб- китобга лойиқ иш қилинганини кўрмаябман. Тўғри, анчагина яхши китоблар пайдо бўлди. Лекин улар Ватанга кириб боргани йўқ. Ҳалқ билмайди. Кўплаб яхшигина мақолалар ёзилди ва ёзилаябди. Ҳалқимиз уларнинг қайси биридан хабардор? Сайтлар ишлаб турибди. Улар мамлакатнинг ички ҳаётига таъсир ўтказаябди деб айтаоламизми? Бу сайтларни қанча одам ўқий олади. Борди-ю, бир неча одам ўқиди ҳам дейлик. Шу билан олам гулистонми? Ўқиган одамлар оғиз очиб, ўқиганларини бошқаларга гапириб бера оладими? Билишимча ҳукумат сайтларга ҳам тўсиқлар қўябошлаган. „озодлик“, „БбС“, “Америка овози“ радиоларининг эса аҳволи маълум.

    Шу ерда бир мисол айтай: Яқинда „Озодлик“ радиоси ўзбек тўйларига бағишланган бир Қурултой ўтказди. Мени ҳам таклиф қилишди. Суҳбат давомида сўзингизни кесиб қўйишларига, фикр билдириш имконини бермасликларига чидаш мумкиндир. Лекин айтган гапингизни ҳам радио сайтида ўқиб, таний олмай қоласизки, бунисига чидаб бўлмайди. Мен суҳбатда „Кўплаб ўзбек ёшлари тўй қилиш учун чет элларга бориб, ишлаб юришибди” деган эмишман. Ахир мен бунинг аксини айтган, „улар тўй қилиш учун эмас, оилаларига, фарзандларига бир бурда нон топиб бериш дардида ёт элларда жонларидан кечиб бўлса ҳам
    сарсон- саргардон бўлиб юрибдилар“ деган эдимку! Оқибатда, барча бу бахтсизликларга бугунги жинояткор ҳукумат ўрнатган режим эмас, каримовча бошизм сиёсати эмас, ўзбекона тўйлар айбдор бўлиб чиқаябди. Журналистлик маъсулияти шунақа бўладими? Қолаверса, Абдураҳим Пўлатовнинг сайтига ўхшаш сайтлар мухолифот орасига иғво уруғини сочишдан нарига ўтмаябди. Бу эса мухолифотни ичидан емиришга уринишдан бошқа нарса эмас.

    Кўриб қоларсиз, менинг бу гапларимдан кейин ҳам менга қарши кўплаб иғволар ёғила бошлайди. Асабимни тарозига қўйиб кўрсалар керак. Лекин аччиқроқ бўлса ҳам , бор гапни айтдим. Истаганларича иғво қилаберсинлар. Зора гуноҳларим бироз енгилласа…

    Кейинги йиллар давомида Европада кўплаб ўзбек оилалари пайдо бўла бошлади. Айтиш мумкинки, ўзбек диаспораси шаклланиши даври яқинлашаябди. Фақат сиёсий мухолифот курашида тажрибаси борлар, ёшми ё кексами, фарқи йўқ, бу шаклланиш жараёнини тезлаштиришга қўлларидан келганча ҳиссаларини қўша олсалар, ҳақиқатдан ҳам улуғ иш қилган бўлардилар. Албатта, ташкиллаша олган ва шаклланган мухолифот вужудга келса, у , табиийки, мамлакат ички ҳаётига таъсир кўрсата олади. Бунга дунё тарихида мисоллар анчагина.

    Ю.Р.: -Бугун мухолифатнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга уринаябди. Дунёвий мухолифатни исломлашиши мамлакат ва ҳалқимиз келажагига қандай таъсир этиши мумкин?

    Ё.О.: -Доим менга савол берсалар аввал шу саволни туғдирган манбаъни излашга ҳаракат қиламан. Бу савол ҳам кишини бироз ўйлантириб қўядиган савол экан. Демак, саволнинг биринчи қисми: „ Бугун мухолифотнинг бир қаноти диндорлар билан ўз фаолиятини кучайтиришга уринаябди.“ Мухолифотнинг бошқа қанотларичи? Улар диндорларсиз, яъни, мусулмонларсиз иш кўрмоқчиларми? У ҳолда мухолифот йўқ экан, деган мазмун келиб чиқмайдими? Ёки мадрасаларда ўқиган, Қуръони каримни бошдан оёқ ёд биладиган, эрта-ю, кеч зикр тушиш билан банд бўлганлар билангина ишласалар мухолифот кучайган бўладими?
    Фақат ўшаларгина мусулмонми? Ўшалар билангина иш олиб борилса мухолифот кучаядими? У ҳолда мухолифот деярли йўқ экан…

    Энди саволнинг иккинчи қисмига ўтайлик: „ Дунёвий мухолифотнинг исломлашиши…“ Яна савол устига савол туғилади. Дунёвий мухолифот исломдан, яъни, ислом динидан, мусулмончиликдан шу қадар узоқми? Ёки масалани бошқа томонидан назар ташлаб кўрайлик: Ислом дини- дунёвий дин эмасми? Ёки дунё ислом динидан айрими? Наҳотки динимиз – биз яшаётган дунёдан шу қадар узоқ ёки узоқлашиб кетган, ё узоқлаштириб юборганлар? Кимлар? Қандай қилиб? Нима учун?…

    Кейинги пайтларда чиндан ҳам барча веб. сайтларга қарасангиз ёки радиоларга қулоқ солсангиз, ҳаммасида Ислом дини ривожига жон куйдираётгандай одамларнинг гапларига рўпара бўласиз. Айниқса „ диндорлар ва демократлар“, „ сиёсатчилар ва диндорлар“, „мухолифотчилар ва мусулмонлар“, ва ҳатто менга таниш бўлган бир ҳурматли аёлнинг (исми- шарифларини айтмай қўяқолай. Кўпчилик, менимча, шундай ҳам яхши танийди) мақолаларида „мусулмонлар ва оддий ҳалқ…“ деган жумлаларини ўқиб, ҳайрон қолмай иложингиз йўқ.

    Энди масаланинг бошқа томонидан назар ташлаб кўрайлик: демократия тарафдорлари мусулмон бўлолмайдиларми ёки мусулмонлар демократия тарафдори бўлолмайдиларми?

    Маълумки, баъзи „диндор“ ниқобини кийиб юрган мунофиқ хурофотчилар Қуроъни каримни демократияга қарши қўйишга уриниб келадилар. Негалигини, имоним комилки, ўзлари ҳам тушунмайдилар. Эслатиб қўйиш керак бўлади: хурофот билан эътиқоднинг орасида жуда катта фарқ бор. Имом Бухорийнинг „ҳадиси саҳиҳ“ ларида бир ҳадис ўқигандим.Шуни сизга ҳам айтиб берай. Албатта, сўзма- сўз эмас, чунки у китоб ҳозир қўлимда йўқ. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи вассалам саҳобалари билан йўлда кетаётганларида, йўл устида бир одам атрофига ўнтача одамни йиғиб олиб,шундай эҳтирос билан ваъз ўқиётган эмишки, оғзидан кўпиклар сачраб кетаётганмиш. Яъни ислом дини афзалликларини гапираётган эмиш. Саҳобалар муҳтарам пайғамбаримизга юзланиб: „Қаранг, бу одам динимизнинг нақадар жонкуяри экан“ деганда Пайғамбаримиз у саҳобаларига қараб, „Йўқ, бундай одамлардан қўрқинглар“ деб жавоб берибдилар. Сохта жонкуярлик- мунофиқликнинг кўринишларидан бири. Биз чин эътиқодни сохта „жонкуяр“ликлардан фарқлай олишимиз керак.

    Менинг наздимда динимиз- руҳ ва тан поклигини талаб қиладиган энг дунёвий диндир. Уни дунёвийликдан ажратиб кўрсатиш- одамларни динимиздан узоқлаштиришга уриниш билан баробар. Соқоли кўкрагига тушган, одамларни эртадан кечгача зикр тушишга чақираётганлар менга доим ўша, ҳазрати пайғамбаримиз „ йўқ, бундай одамлардан қўрқинглар“ деб огоҳлантирган „ваъзхон“ни эслатади. Улар учун гўё Оллоҳ бизга насиб этган ақл ҳам, онг ҳам, иймон ҳам фақат соқолда… Қуръони каримда мен „ҳаёлпараст бўлманглар…“ жумласини ўқидим. “Ҳаёлпарастлик“ни ҳозир кўпчилик „фанатизм“ деб ишлатади. Кўриниб турибдики, Буюк китоб бизни ҳаётга очиқ кўз билан қарашга ундаябди. „ Эй инсонлар, дарҳақиқат биз сизларни бир эркак( одам) ва бир аёл ( ҳаво) дан яратдик. Ҳамда бир- бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни ( турли- туман) ҳалқлар ва қабила- элатлар қилиб қўйдик. . „Хужурот“ сураси. Шу сурани ўқиб ва билиб туриб ҳам биз дунёмиздаги бошқа ҳалқлар, қабила- элатларга душман кўзи билан қарайликми? Баъзи сайтларда Европада яшаб туриб, уларни „кофирлар юрти“ деб аюҳаннос солаётган, ҳалқларини эса „кофирлар“ деб ерга уришга уринаётган „ваъзхон“ларнинг чиқишларини ўқиб, ёқа ушлайман. Ҳай , кўзи сўқир, қалби сўқир, ақли қусур бандалар, агар виждонингизни мутлоқ ютиб бўлмаган эсангиз, ўша кемтик виждонингиз билан бир ўйлаб кўрмайсизми! Сиз ўз Ватанингизда тазъйиқларга учрадингиз, ҳатто намоз ўқишингиз сабабли ҳам жонингизни ҳатарларга солдилар. Мана шу энди „кофирлар“ деб атаётганингиз ҳалқлар юртидангина бошпана топдингиз. Таъминлангансиз, Бемалол тоат- ибодатингизни қилаябсиз. Шукроналигингиз қаерда? Тўғри, қуръони каримда „ демократия“ сўзи йўқ. Бу билан биз Қуръони карим демократияга қарши, ёки демократиядан узоқ деган хулоса чиқаришимиз керакми? Эътибор берган бўлсангиз, Улуғ Китоб қайта- қайта кенгаш билан иш юритишга ундайди. Эл-юртга зулм қилганларга қарши турли йўллар билан курашишга ундайди. Ҳатто дастлабки „очилиш“ „ Фотиҳа“ сурасининг ўзиёқ таъкидлаганидек, инсон -инсонга қул бўлаолмайди ва фақатгина яратган Оллоҳнинг қулидир. „… Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас.“ Раъд сураси.11 оят. Демак биз ўз аҳволимизни ўзгартириш учун ўзимиз курашишимиз, бир кенгаш билан иш юрита оладиган ҳокимиятга, яъни ҳалқ хокимиятига, ҳозирги тил билан айтганда- демократик хокимиятга эга бўлишимиз керак. Қуръони каримни демократияга қарши қўйишдан аввал, уни диққат билан, ақл югуртириб, ўқиб кўрсангиз яхши бўларди. Ундан тўғридан- тўғри „ демократия“ сўзини кўр- кўрона излаш ҳам ақли қусурликдан ва онгсизликдан дарак беради. Сиз уни мазмундан изланг. Яна: „ Бас, албатта ҳарбир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллк ҳам бордир. Албатта, ҳарбир оғирлик- машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир.“ Шарх сураси.5-6 суралар. Жумла муҳимлиги сабаб икки бора такрорланаябди.

    Биз улуғ Китоб талаб қилганидек, адолат учун зулм қилгувчиларга қарши яхши умидлар билан курашга бел боғладикми, демак, ярим йўлда тушкунликка тушиб, ноумид бўлмаслигимиз керак. Ўзбек оилаларида фарзанд туғилса, қулоғига азон айтадилар. Демак, фарзанд дунёга келиши биланоқ Яратган Оллоҳ номини эшитди. У- Мусулмон фарзанди. Тилга киргач, калима келтиришни ўрганади ва калима келтиради. Сидқи дилдан калима келтирган одам- мусулмондир. Ундан кейин қилган барча гуноҳлари ҳам бандаи- мусулмоннинг гуноҳларидир. Бегуноҳ- парвардигор. Мен бу гапларни ўзимдан айтаётганим йўқ.Туркиянинг Арзрум шаҳрида машҳур „ Салимия“ мадрасаси бор ва ўша пайтларда Мехмет Қирқинчи исмли бир доно, олим ва элликдан ортиқ диний китобларнинг муаллифи муддарислик қиларди, Мен бир неча муддат ўша мадрасада истиқомат қилдим, Бўш пайтларим Мехмет Қирқинчи билан Ўзбекистонда дин ҳолати юзасидан суҳбатлар қилардик. Мен кўпларнинг амалларида муаммолари борлигини айтганимда, у киши: „Динимизнинг амалларини Оллоҳ бизга қулай қилиб берган. Калима келтирган одам- мусулмондир. Гуноҳлари ҳам динсизнинг эмас, мусулмоннинг қилмиш гуноҳларидир“ деганди. Бу фикрни мен кейин бошқа уламолар суҳбатларида ҳам кўп марта эшитдим. Шундан келиб чиқадиган бўлсак ва умуман Ватанимиз аҳолисининг 80- 85 фойизи маҳаллий ҳалқ, ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, қорақалпоқлар дини исломдадирлар. Мен, „ Мусулмонлар ва оддий ҳалқ“ иборасини ишлатиб, ҳалқимизни ҳақорат қилган аёлга қарата, бир ҳалқ эмас (гарчи бу ҳалқларнинг тарихий илдизлари бир бўлса ҳам, бугунги ҳолатни эътиборга олиб) ҳалқлар ҳақида айтаябман. Халқимизни динсизликда айблаш ҳуқуқини сиз қаердан ва кимдан олдингиз? Қуръони каримданми ёки ўзингиз ҳимоя қилаётган Сталинданми? Динимиз бизни, юқорида айтиб ўтганимдек, руҳий ва вужудий покликка ундайди. Биз бунга қўлимиздан келганча интиламиз. Яъни, динимиз қалбимизда ва тозаланган руҳимизда мавжуд бўлиши лозим. Биз уни бошқаларни камситиш, қўрқитиш, ҳақоратлар қилиш учун дастак қилиб олмаймиз. Аксинча, агар динимиз тарғиботи билан шуғулланишни истасангиз, марҳамат, биз ҳам сизни мамнунлик билан тинглаймиз ва ўрганамиз.

    Энди юқорида санаб ўтган даъвогарларнинг даъволарига қайтсак: 1. Диндорлар ва демократлар. Улар, сиз бошқа- бошқа дунёмилар. Мусулмон одам – демократ, бошқача айтганда, адолатли ҳалқ ҳокимияти тарафдори бўлолмайдими? Ёки аксинча, Демократ ёки демократия тарафдори бўлган одам мусулмон бўлолмайдими? Адашмаябсизми? Унда, юқоридаги қисқача таҳлилимизга яна бир кўз ташлаб, ўйлаб кўринг.

    Яна бир тоифа билимдонлар „ сиёсатчилар ва диндорлар“ жумласини қайта- қайта такрорлайди. „Уят эмасми!“ дегим келади. Сиз сиёсат йўлида адолатли кураш олиб бораётган биродарларимизни динсизликда айблаябсиз! Ёки бошқа томондан олиб кўрайлик. Диндор сўзи „ дини бор одам маъносини беради. дини, иймони бутун одам сиёсатчи бўлолмайдими, сиёсат билан шуғуллана олмайдими, адолат, озодлик, фаровонлик йўлида курашмаслиги керакми? Менимча, бу йўлда қўлидан келганча курашмаган, аксинча, бутун умрини эртаю- кеч зикр билан ўтказувчининг иймони бутунлигига шубҳа қилса бўлади.зеро: „ Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга роҳиб бўлишларини ёзганимиз – буюрганимиз йўқ. Лекин улар ўзлари оллоҳнинг ризолигини истаб, роҳибликни одат қилдилар-у, сўнг унга тўғри- тўла риоя қилолмадилар“ Ҳадид сураси.27 оят. Яна: „ кимки покдомон бўлса у фақат ўз фойдаси учун покдомон бўлур“ Фотир сураси. 18 оят. Яна Олий китобнинг кўп сураларида зулм қилгувчиларга қарши курашга чорловчи даъватлар кўплаб учрайди. Динимиз билағонлари у сураларни мендан яхшироқ англатиб бераоладилар. Фақат яна икки сурага ўқувчилар диққатини тортмоқчиман: „ Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли жанг қилиш изни берилди. Албатта, Оллоҳ уларни ғолиб қилгувсидир.“ Ҳаж сураси. 39 оят. Яна: „ Оллоҳ зулм қилгувчиларни севмайди“. Олий имрон сураси. 57 оят. Кўрганимиздек, Динимиз – энг дунёвий диндир ва мухолифот ҳам дунёвий ва ўз динларидан чиқиб кетган одамлар эмаслар. Шундан келиб чиққан ҳолда исломлашиш масаласини муаммо сифатида кўтариш у қадар мантиқли бўлмайди. Битта муаммо шуки, зулмга қарши курашиш йўлида ҳамма бир ёқадан бош чиқараолмай турибди. Агар “ваъзхон“ларнинг провакацияларига учмасдан, зийраклик билан бирлашиб, харакат қилинса, мамлакат ичига ҳам таъсир ўтказиш, натижаларга эришиш йўллари кенгроқ очилган бўларди.

    Ю.Р.: -Ҳалқимиз қарииб 18 йилдирки, деярли мухолифот фаолиятидан бехабар холда яшамоқда. Мамлакат ичида янги мухолифот пайдо бўлишига қандайдир сабаблар, белгилар ёки асослар бор деб ўйлайсизми? Агар янги мухолифот пайдо бўлса, у 90- йиллардаги мухолифотнинг қайси хато ва камчиликларини такрорламаслигини истардингиз?

    Ё.О.: -Албатта умумлаштирган ҳолда шундай ҳулосага келиш ҳам мумкиндир. Ҳалқимизнинг асосий қисми ташкиллашган мухолиф партиялар, харакатлар, гуруҳлар фаолиятидан деярли бехабар. Ҳолбуки, бу ниҳоятда муҳим нуқталардан бири. Мен мамлакатдан чиқиб кетганимга йигирма йилдан ошди. Яқин мамлакатларда эканимда ичкаридан баъзи хабарларни олиб турардим. Австрия элчихонасининг таклифи Европага келиб қолганимдан кейин анча узилиб қолдим. Ҳатто оилам билан боғланишга ҳам имконим бўлмади. Бунга амаллаб имкон топганимга кўп вақт бўлагани йўқ. Бошқалар ҳам шу аҳволда бўлсалар керак. Лекин ҳозирги кунларда ҳам мамлакат ичида сиёсий мухолиф кучлар йўқ деб ўйламайман. Яқинда қандайдир ёшлар гуруҳлари мушт белгиси чизилган ва „ биз қул эмасмиз!“ сўзлари битилган варақалар тарқатганлари ҳақида хабарлар эшитдим. Европадаги ташкилотлар эса асосан шаклланиш жараёнида. Умид бор. Энди ичкарининг ташқари билан ва ташқариниг ичкари билан боғланаолиши муаммоси бор. Бу эса ўта муҳим ва доларб масала. Ташқаридагилар демократик тузум асослари билан яқиндан танишдилар, шу шароитда яшаб кўраябдилар. Кўп ёшлар олий ўқув юртларида таълим ола бошладилар. Бу ҳам яхши ва муҳим. Улар ўз илмларини вақти келиб Ватан манфаати йўлида ишлатарлар деб умид қиламан. Агар Ватанлари борлигини унутиб, Европалашиб кетмасалар… Мамлакат ичида мухолиф сиёсий кучлар пайдо бўлишига эса, сабаблар ҳам, белгилар ва асослар ҳам кўп вақтлардан бери бор.

    Буларнинг ҳаммаси мамлакат ва ҳалқимиз ҳаётининг, кун ба кун юз бериб турган фожеъаларнинг ўзи. Бундан ортиқ асос, сабаб ёки белги бўлмайди. Мантиқан мамлакатни зўровонлик билан узоқ бошқариб туриш имконсиз. Оқибат Руминия фожеъасига ўхшаш фожеъага олиб келиши мумкин. Мен буни истамаган бўлардим. Лекин бугунги жиноятчи ҳукумат ҳалқ олдидаги жиноятлари учун жавоб бериши керак. Бунинг учун ташқи ва ички мухолифот , таъбир жоиз бўлса биргаликда, яқин ҳамкорликда иш олиб боришлари керак. Шундай бўлишига ишончим бор ҳарқалай. 90- йиллардаги сиёсий мухолиф партиялар, харакатлар ва гуруҳлар катта хатоларга йўл қўйдилар. Қулай вазиятлар вужудга келган эди. Вақтида фойдалана олмадилар. Баъзилар курашни кескин давом эттиришдан чўчидилар. Баъзилар хукумат билан хамкорлик қилиш фойдалироқ бўлар деган
    шайтоний умидларга бордилар. Баъзилар эса очиқдан- очиқ махаллийчилик йўлига ўтиб, шахсий манфаатлари йўлида кураша бошладилар. Ҳалқ орасида иш олиб боролмадилар, Тўғрироғи, мухолиф кучлар бошқаруви худбин манфаатпарастлар қўлига ўтиб қолди. Улар халқ тилини ва дардини тушунмайдиган, мухолифот бошқарувига тасодифий келиб қолган одамлар эдилар. Ишонаманки, И. Кармов ўша йиллари бироз ақл юритиб, масалан, Абдураҳим Пўлатов ва унинг укасига ҳокимиятдан бирор лавозим берганда, албатта мухолифотни тарк этган ва вақтинчалик амалидан фойдаланиб, ўзи ишлаган институт олимларидан, раҳбарларидан қасос олабошлаган бўларди. Чунки уни институт парткомлигидан, кейинроқ эса умуман партиядан ҳайдаганларида, у ҳали мухолифот ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасди. Сиёсий мухолиф кучларни бошқариш- ўзига хос истеъдод,фидойилик, поклик ва кучли ирода, малакат, унинг аҳолиси эҳтиёжларини билишгина эмас, ҳис этабилишини ҳам талаб қилади. Фақат гапдонлик билан иш битмайди. Умид қиламанки, албатта янги сиёсий мухолиф кучлар келади ва бундай хатоларга йўл бермайди.

    Ю.Р.: -Ўзбек мухолифотининг бугун амалга ошириши зарур бўлган муҳим ишлари нималардан иборат бўлиши керак?

    Ё.О.: -Агар тўғри маънодаги сиёсий мухолиф ташкилотларни назарда тутиб айтадиган бўлсак, албатта, уларнинг олдида жуда катта, маъсулиятли ва оғир вазифалар бор. Бу ишларни кенгашсиз, ўзаро ҳамкорликсиз амалга ошириб бўлмайди. Аввалао ҳамкорлик қила билишни ўрганиш керак. Табиий, сиёсий кучлар ҳеч қачон мутлоқ бирлашиб кетолмайди. Лекин мамлакат олдидаги умумий муаммоларни бартараф қилишда кучлар ва харакатларининг йўналишини бирлаштиришлари керак. Бу- амалга оширилиши мумкин бўлган масала. Назаримда, бирлашишга чақираётганлар кўп ва улар фақат „ менинг атрфимда
    бирлашинг!“ деб қичқиришни биладилар. Ҳолбуки, унинг кимлиги аллақачон ҳаммага маълум бўлиб қолган.

    Тасаввур қилинг, бир тўда одам йиғилиб олиб, ҳаммаси бир- бирига „ Бирлашинг! Бирлашайлик!“ дея бақира бошлайдилар. Кейин қандай бирлашиш ҳақида савол ташланганда яна ҳаммалари „ Фақат менинг атрофимда! Фақат мен билан!“ дея яна бақиришда давом этаберадилар. Бу- аслида мухолифот эмас, худбинлар тўдасига ўхшайди. Ҳеч қачон бирлаша олмайдилар ҳам. Асосий мақсади жиноятчи ҳокимиятга қарши курашиш бўлган сиёсий кучлар, исломий ёки дунёвийликларга ажратмасдан, умумий ҳаракат программасини ишлаб чиқсалар ва мамлакат ичкариси билан яқин алоқага кириб, иш олиб борсалар, ҳар қандай худбинлик асоратларидан ўзларини тозалаб олсалар мақсад қилинган манзил сари тезроқ етишган бўлардилар. Бу- ҳозирги куннинг муҳим ва асосий масаласи.

    Ю.Р.: -Сиз ўз ҳаётингининг кўп қисмини мухолифатга бағишлаганингиздан мамнунмисиз ва ёки афсусдамисиз?

    Ё.О.: –Мен етим ўсганман. Эсимни танигандан бошлаб ўз нонимни ўзим топиб еганман. Нони ҳалол одам бошқалар олдида қўрқиб, қалтираб турмайди. Оила тарбиясини кўрмаганим учун бўлса керак, интизом масаласи ҳозирга қадар чатоқроқ. Мухолифлик, ўйлашимча, отамнинг қони ва онамнинг сути билан кириб, қонимда қолган. Шунинг учун мухолифотга келишимни фавқулодда ҳодиса деб ўйламайман. Эшитган бўлсангиз, бир вақтлар яширин „ етимлар бирлиги“ ташкилоти ҳам бўлган.

    “Бирлик” Ҳаракати бўлмаганда балки бошқа номдаги сиёсий мухолифот юзага келган бўларди. Болалигим оғир кечди, Ҳозир ҳам оғир. Гулдек оилам, икки қиз, олти набирам бор. Уларни йигирма йилдан бери кўрганим йўқ. Мен ҳам одамман. Отаман. Кўргим, бағримга босгим келади… Лекин афсусланганим йўқ. Фақат бир нарсадан афсусланаман. Ҳукумат менинг қоғоз қоралашларимга шу қадар катта эътибор бердики, ўн икки марта қамалдим ва бошқа турли жазоларини ҳам аямади. Мен нодон эса бу ҳукуматнинг шунчалар эътиборига лойиқ бир иш қилолмадим. Лекин ҳали умидим ўлган эмас. Иншооллоҳ, юртимиз, ҳалқимиз ёруғ кунларга етишса, бу афсуслар ҳам барҳам топар.

    www.yangidunyo.org

    Published on mars 2, 2013 · Filed under: Суҳбатлар;
    Kommentarer inaktiverade för Ёдгор Обид: “Ҳеч қачон умидсиз бўлманг…”

Comments are closed.